Faqat Litresda o'qing

Kitobni fayl sifatida yuklab bo'lmaydi, lekin bizning ilovamizda yoki veb-saytda onlayn o'qilishi mumkin.

Kitobni o'qish: «Эртаклар: Тилла хумча, Шчелкунчик ва сичқон қироли», sahifa 2

Shrift:

ТИЛЛА ХУМЧА: ЯНГИ ЗАМОНЛАР ЭРТАГИ
Рус тилидан Эркин Эрназаров таржимаси

БИРИНЧИ ВИГИЛИЯ 10

Талаба Ансельмнинг 11 мусибатлари… – Конректор 12 Паульман тамакиси ва заррин-яшил илончалар

Меърож13 куни, тушликдан кейин соат учлар чамаси, ёш йигит Дрездендаги Қора дарвозалар орқали шитоб билан келаётиб, тўппа-тўғри хунукдан-хунук кампир савдо қилаётган олма ва гумма солинган саватга шу қадар омадли йиқилдики, саватдаги нарсаларнинг бир қисми янчилди, бундай кўргиликдан бешикаст қолганлари ҳар томонга сочилиб кетди ва кўча болалари бу абжир йигитча уларга совға қилган ўлжага шодон отилишди! Кампирнинг чинқиришидан гумма ва ароқ сотаётган аёллар пештахталарини тарк этиб, ёш йигитни ўраб олишди ва уни шу қадар қўпол ва жазава билан сўка бошлашдики, у алам ва уятдан карахт ҳолатига тушиб, фақат кичкинагина ва у қадар тўла бўлмаган ҳамёнини чўнтагидан чиқара олди, холос; кампир кармонни очкўзлик билан юлиб олиб, дарҳол яшириб қўйди. Шунда сотувчи аёлларнинг зич давраси сурилди; лекин йигитча бу жойдан жуфтагини ростлаб қолганида кампир орқасидан қичқириб қолди: «Шайтон боласи, қочавер, ишқилиб тўзиб кетгин; шиша остига тушасан, шиша остига!..» Бу манжалақи кампирнинг кескин, қулоқни тешадиган чинқириғида қандайдир даҳшат яширинганди, шунинг учун сайр қилаётганлар ажабланганидан тўхташар ва аввал бошда эшитилаётган кулгу бирдан ўчганди. Талаба Ансельм (у худди ўша йигитча эди) кампирнинг ғалати гапларини умуман тушунмаган бўлса ҳам беихтиёр титраб кетганини ҳис этди ва текин томошабинларнинг ўзига қаратилган нигоҳларидан қочиш учун қадамини янада илдамлатди. Энди у башанг кийинган шаҳарликлар оқимидан ёриб ўтар экан, ҳамма ёқдан «Эҳ, бечора йигитча! Эҳ, лаънати манжалақи кампир!» деган ғўнғир-ғўнғирни эшитарди. Кампирнинг сирли сўзлари кулгули можарога ғалати тарзда қандайдир фожиона тус берганди, шу сабаб ҳамма олдин умуман назарига илмаган кимсага ҳамтақдирлик билан боқаётганди. Аёл зотига мансублар ўспирин дарозлиги ва истараси иссиқлигини яширин ғазаби янада алангаланаётганлиги боис унинг бесўнақайлигини, шунингдек, кийимининг ҳар қандай урфдан олис бўлганлиги кўзга ташланишини бажонидил кечиришарди; яъни, бевосита унинг шўртан-кулранг фраки шундай бичилган эдики, гўё буни тиккан чевар замонавий андозалар ҳақида орқаваротдан эшитган бўлиши керак, яхши сақланган қора атлас шими эса юриши ва бўй-бастига мутлақо мос тушмайдиган қандайдир магистр услуби тусини берарди.

Талаба Линковлар чўмиладиган жойига14 олиб борадиган хиёбон охирига етиб келганида деярли димиқиб кетганди. У одимини секинлаштириши керак эди; у кўзини хиёл кўтара оларди, чунки атрофида ҳамон олма ва гуммалар рақсга тушаётгандек туюларди ва йўловчи қизнинг ҳар бир дўстона нигоҳи унинг учун фақат Қора дарвозалар олдидаги заҳарханда тиржайиш аксидек кўринарди. Шу тарзда у Линковлар чўмиладиган жойига кираверишгача етиб келди; байрамона кийинган одамлар сафи у ерга бетўхтов йўл олаётганди. Духовой оркестр мусиқаси ичкаридан тараларди, қувноқ меҳмонларнинг сурони тобора ва тобора кучаяётганди. Бахтиқаро талаба Ансельм сал бўлмаса йиғлаб юбораёзди, зеро, у ўзи учун алоҳида байрам ҳисобланган Меърож кунида Линковлар жаннатининг шоду хуррамлигида иштирок этишни хоҳларди: ҳа, у ишни ром қўшилган ярим стакан қаҳва ва икки ҳиссали пиво шишасигача етказмоқчи бўлганди ҳамда чинакамига базм қуриш учун пулни керагидан кўпроқ ҳам олиб олганди. Ва мана, бир сават олма билан машъум тўқнашиш ёнидаги ҳамма нарсадан жудо қилди. Қаҳва тўғрисида, икки ҳиссали пиво тўғрисида, мусиқа тўғрисида, ясан-тусан қизларга маҳлиё бўлиш тўғрисида, лўнда қилиб айтганда, роса гашт қилиш тўғрисидаги ширин хаёлларни унутса бўлаверарди; у бу ердан секин ўтиб, Эльба ёқалаб ўтган мутлақо хилват йўлга чиқди. У қулаган девордан ўсиб чиққан маржон мевали бута остидаги майсада дилкаш жойни қидириб топди ва ўша ерда чўкиб, дўсти, конректор Паульман совға қилган тамаки билан сархонали мундштукини тўлдирди. Ёнгинасида латофатли Эльбанинг заррин тўлқинлари гувиллаб қирғоққа урилиб чайқаларди; дарё ортида шонли Дрезден ўзининг оппоқ минораларини яшнаб турган ўтлоқлар ва баҳридилни очадиган яшил дарахтзорга туташган тиниқ гумбаз сари дадил ва мағрур кўтарарди, улар ортида, кўз аранг илғайдиган ғира-ширада тишсимон тоғлар узоқ Богемиядан дарак берарди. Аммо, талаба Ансельм атрофга тунд боқар экан, ҳавога тутун булутини бурқситарди ва ниҳоят унинг ўкинчи ушбу сўзларда овозасини топди: «Дунёга турлитуман синовлар ва кулфатлар учун келганим, ахир, рост-ку! Ҳеч қачон менга туз қартаси чиқмаслигини, бирор марта жуфт ва тоқни топа олмаганимни, ҳамиша ноним ерга сариёғ суртилган томони билан тушишини гапирмай қўя қолай – бу кўргиликларимни дастурхон қилиб ўтирмайман; бироқ ҳамма иблисларга қасдма-қасд ниҳоят талаба бўлганимда, барибир, тасқаралигимча қолишим расво тақдир бўлмасдан – нима? Ахир, янги камзулни кийган заҳотимдаёқ бирор марта унга хунук доғ туширмай ёки лаънати, ўрни бўлмаган жойга қоқилган михда йиртмай қўйдимми? Бирор марта қайсидир хонимга ёки қандайдир маслаҳатчи жанобга шляпам қаёққадир учиб кетмасдан ёки ўзим теп-текис полда қоқилиб, тарс-турс этган ҳолда шармандаларча йиқилмасдан таъзим қила олдимми? Галлда ҳам ҳар бозор куни бозорда синдирган хумчалар учун уч тангадан тўрт тангача ўлпон тўлашимга тўғри келмаганми, ахир иблис мени худди дала каламушидек тўппа-тўғри улар томон югураклатмайдими? Университетга ёки қайсидир бир жойга ҳеч кечикмасдан бора олдимми? Ярим соат эртароқ отланишимнинг асло нафи тегмайди; эндигина остонага қадам қўйиб, қўнғироқ тугмачасини босаман деганимда, қайсидир малъун бошимга тоғорадаги ювиндини ағдаради ёки эшикдан чиқиб келаётган бирон жанобни қаттиқ туртиб юбораман, оқибатда фақат кечикибгина қолмасдан, бир арава ғалвага дуч келаман. Э, худойим! Э, худойим! Қанисиз, коллежский15 котиб унвонини олишгача етиб бораман деб мағрур орзу қилган, бахтиёр келажак тўғрисидаги масъуд хаёллар? Эҳ, бахти қаро юлдузим энг яхши ҳомийларимни ўзимга қарши қилиб қўйди. Биламан, мени тавсия қилишган махфий маслаҳатчи калта олинган сочни кўргани кўзи йўқ; сартарош роса овора бўлиб бир тутам сочни энсамга ёпиштирди, лекин биринчи бор бош эгишимдаёқ шўрли боғич узилди ва мени искаб чиққан шўх мопс16 бир тутам сочимни махфий маслаҳатчининг олдига тантанавор олиб борди. Дахшатда итнинг кетидан отилдим ва махфий маслаҳатчи иш устида нонушта қилган стол устига йиқилдим; косачалар, ликобчалар, сиёҳдон, шакар солинган идиш жаранглаб учди, шоколад ва сиёҳ жилғаси эндигина тугалланган маълумот устига оқди. «Сиз, тақсир, қутуриб кетдингиз!» тўнғиллади махфий маслаҳатчи ва мени уйидан ҳайдаб солди. Энди конректор Паульманнинг менга котибликни ваъда қилганидан не фойда? Бунга ҳаммаёқда мени таъқиб этадиган бахтсиз юлдузим йўл қўймайди. Мана, бугунги кунни олайлик. Порлоқ меърож кунини рисоладагидек, қалбда қувонч билан байрам қилмоқчийдим. Линковлар чўмиладиган жойига келган ҳар қандай бошқа меҳмондек мағрур «Илтимос, бир шиша икки ҳиссали пиво, фақат яхшироғидан!» деб ҳайқиришим мумкин эдими? Ярим кечагача, тағин ўзларига жуда зеб берган дилбар қизлар даврасига яқин жойда ўтиришим мумкин эди. Нақадар ботир бўлиб кетишимни биламан; мутлақо бошқа одам бўлиб қолардим, ҳатто қизлардан бири: «Соат неча бўлган экан-а?» ёки «Қайси мусиқани чалишяпти?» деб сўраб қолганида, стаканимни тўнтармасдан ва ўриндиққа қоқилмасдан илдам ва боадаб сакраб туриб, эгилган ҳолатда бир ярим қадам олдинга сурилиб: «Ижозатингиз билан, mademoiselle17, «Дунай қизлари»дан18 увертюрани19 чалишяпти» ёки: «Ҳозир соат олтига бонг урилади» дейишгача бориб етардим. Бу ёруғ дунёда бирон одам буни бараҳмоқлик сифатида талқин қилган бўлармиди? Йўқ, дейман мен, ҳар сафар камина ҳам зодагонларнинг нозик оҳангидан нималардандир бохабарлигимни ва хонимлар билан муомала қилишни билишимни кўрсатиб қўймоқчи бўлганимда одатда рўй берадиганидек, қизлар нозли табассум билан ўзаро кўз уриштириб қолишади. Қайси иблис мени бу лаънати олма саватига дуч келтирди ва энди хилватда тамаки тутатиб ўтиришга мажбурман…» Шу жойга келганда талаба Ансельмнинг монологи шундоққина ёнгинасидаги майсадан кўтарилган аломат шитирлашлар ва шивирлашлар билан бўлинди, ле-кин тез орада боши узра ёйилган маржон мевали бута шохлари ва баргларига кўчди. Гоҳ бу оқшом шабодаси япроқларни шитирлаётгандек, гоҳ – қушчалар шохдан-шохга пириллаб учиб ўтаркан, қанотчалари баргларга тегиб кетаётгандек туюларди.

Дафъатан қандайдир шитир-шитир ва шалдиршулдир эшитилди ва гуллар худди биллур қўнғироқчалардек жаранглаб кетишди. Ва мана – у ўзи ҳам бу шитирлаш ва пичирлаш ва жаранглаши сокин, аранг эшитиладиган сўзларга қандай айланиб қолганини билмасди: «Бу ерда ва у ерда, шохлар орасида, гуллар узра биз аймашамиз, чирмашамиз, гир-гир айланамиз, чайқаламиз. Сингилча, сингилча! Шуълаларга арғимчоқ сол! Тезроқ, тезроқ ва тепага, ва пастга – оқшом қуёши ёғдуси билан ўқ узади, шабада шивирлайди, япроқларни шитирлатади, шудринг тушади, гулчалар куйлайди, тилчаларимизни қимирлатамиз, биз гуллар ва шохлар билан бирга қўшиқ айтамиз, ҳозир юлдузчалар ярқирай бошлайди, у ерга ва бу ерга тушиш пайтимиз келди, биз аймашамиз, чирмашамиз, гир-гир айланамиз, чайқаламиз, сингилчалар, тезроқ!»

Бу ёғига гангиратадиган гаплар оқа бошлади. Талаба Ансельм шундай ўйда эди: «Бу кечки шамолдан бошқа нарса эмас, албатта, аммо нима учундир бугун у жуда тушунарли тилда сўз қотмоқда». Лекин шу лаҳзада боши устида биллур қўнғироқчаларнинг жаранг-журинги янгради; у тепага қараб, шохлар орасига чирмашиб, бошчаларини ботаётган қуёш томон чўзган, яшил заррин тус билан ялтираётган учта илончага кўзи тушди. Ва яна шилдираш ва шитирлаш, ва ўша сўзлар эшитилди, ва илончалар сирпаниб, барглар ва шохлар орасидан тепага ва пастга чирмашарди;

ва улар шу қадар илдам ҳаракат қилишардики, бута ўзининг тим япроқлари орасидан минглаб зумрад учқунлар сочаётгандек туюларди.

«Бу ботаётган қуёш бутада шундай ўйин қиляпти», – хаёлидан ўтди талаба Ансельмнинг; бироқ яна қўнғироқчалар жаранглаб кетди ва Ансельм илончалардан бири бошчасини тўғри ўзи томон чўзганини кўрди. Бутун аъзолари бўйлаб электр зарбаси берилгандек бўлди, қалбининг қаъри титраб кетди, қимирламай нигоҳини юқорига қадади ва икки мафтункор тим мовий кўзлар унга тасвир ожиз майл билан боқарди ва ҳозиргача номаълум бўлган олий ҳузур ва чексиз қайғу ҳисси гўё кўксини тилка-пора қилишга чиранарди. Ва у лиммо-лим жўшқин хоҳиш билан ушбу мафтункор кўзларга тикилар экан, биллур қўнғироқчалар хироманд ҳамоҳангликда янада жаранглаб кетди, чақнаётган зумрадлар эса унга сочилиб, атрофида минглаб милтиллаётган чироқлардек учиб ва ўйинга тушиб борлиқни ялтироқ заррин иплар билан чирмаб ташлади. Бута шивирлади ва деди: «Соямда ётган эдинг, ифорим сени чулғаб олди, лекин мени англамасдинг. Ифорим – муҳаббат, мени аланга қилиб ёндиргандаги нутқим». Оқшом шабадаси ёнидан елиб ўтар экан, шивирлади: «Бошинг атрофида уфурардим, аммо мени тушунмасдинг; уфуришим – муҳаббат, мени аланга қилиб ёндиргандаги нутқим». Қуёш нурлари булутни тешиб ўтди ва шуъла гўё сўз бўлиб порлади: «Сени заррин ёғду билан чўмилтирардим, бироқ мени англамасдинг; чўғ – муҳаббат, мени аланга қилиб ёндиргандаги нутқим».

Ва тобора ва тобора ҳайратомуз кўзларнинг нигоҳига чўкиб борар экан, интилиш қайноқроқ, хоҳиш жўшқинроқ бўлиб борарди. Ва мана, ҳамма нарса шодон ҳаётда кўз очгандек, қимирлай ва тебранай бошлади. Чор атрофда гуллар анқир ва уларнинг ифори минглаб сурнайларнинг ажиб таронаси каби эди, ўтиб бораётган тилла тус булутлар бу куй акс-садоларини олис ўлкаларга ўзлари билан олиб кетаётганди. Лекин қуёшнинг сўнгги шуъласи тезда тоғлар орасида ғойиб бўлиб, ғира-шира ўз ўтруғи билан заминни қоплагач, узоқдан дағал, қуюқ овоз эшитилди: «Ҳей, ҳей, қандай гап-сўзлар, қанақа шивирлашлар бўляпти? Ҳей, ҳей, ким тоғ ортидаги шуълани қидиряпти? Исинганиз етар, куйлаганингиз етар! Ҳей, ҳей, буталар ва майсалар ора, ўтлар, сув устидан пастга! Ҳей, ҳей, уй-га-га, уй-га-га!»

Ва товуш олисдаги момақалдироқнинг акс-садосидек ўчди; биллур қўнғироқчалар кескин уйғунсизликда узилди. Ҳаммаёқ сукутга чўмди ва Ансельм уч илонча ялтираб ва товланиб, майса устидан оқим томон сирпанганлигини илғади; улар шитирлаб ва шалдираб Эльбага ташланишди ва улар ғойиб бўлган тўлқин устида яшил шуъла тарстурс этганча кўтарилди, шаҳар йўналишида ёй ясади ва сочилиб кетди.

ИККИНЧИ ВИГИЛИЯ

Талаба Ансельм қандай қилиб маст ва жазаваси тутгандек қабул қилинди. – Эльба бўйлаб сайр. – Капельмейстер 20 Граун 21 – нинг ўйноқи арияси. – Конрадининг ошқозон ликери ва бронзали кампир олмалар билан

«Бу жанобнинг мияси жойида эмасга ўхшайди!» – деди сайрдан оиласи билан бирга қайтаётганда тўхтаб, талаба Ансельмнинг телбанамо қилиқларини қорнида қўлини қовуштириб, маҳлиё бўлган ҳолда кузатаётган шаҳарлик муҳтарама аёл. Ансельм маржон мевали бутани қучоқлаб, бошини унинг барглари ичига яшириб, тин олмасдан бақирарди: «Оҳ, фақатгина яна бир марта чақнанг ва порланг, ёқимтой тилла илончаларим, фақатгина яна бир марта биллур овозчангизни эшитиш насиб этсин! Сиз, бениҳоя чиройли кўзчалар, фақатгина яна бир марта менга боқинг, фақат бир мартагина, акс ҳолда қайғудан ва ўтли истакдан ҳалок бўламан!»

Айни пайтда у чуқур нафас олар, ҳазин оҳ тортар, хоҳиш ва тоқатсизликдан жавоб қайтариш ўрнига япроқлари билан бўғиқ ғўнғир-ғўнғир қилиб, афтидан талаба Ансельмни тоза мазах қилаётган маржон мевали бутани силкитарди. «Бу жаноб-нинг мияси жойида эмасга ўхшайди!» – деди шаҳарлик аёл ва Ансельм ўзини қаттиқ уйқудан уйғотишгандек ёки тўсатдан устидан муздек сув қуйиб юборишгандек ҳис этди. Ҳозир у қаердалигини яна равшан англаган ва уни ҳатто танҳоликда бор овози билан сўзлашиш ҳолатига туширган ғалати шарпа ўзи билан қаергадир эргаштириб кетганига фаҳми етганди. У хижолатда шаҳарлик аёлга боқар ва ниҳоят тезроқ жуфтакни ростлаш учун ерга тушган шляпасини олди. Бу пайтда ушбу оила бошлиғи ҳам яқинлашиб, қўлидаги боласини ерга қўйиб, асосига таянган ҳолда унга ҳайратланиб қаради. Кейин талаба қўлидан тушириб юборган тамаки халтаси билан сархонали мундштукини олиб, ҳар иккисини унга узатар экан:

– Тақсир, айюҳаннос солманг, қоронғуликда бу ваҳимали, раҳмдил одамларни қўрқитманг: ахир, бутун кулфатингиз стаканингизга жуда термулиб қолганингизда; яхшиси уйингизга ён томондан йўлга тушинг.

Талаба Ансельм жуда уялиб кетди ва йиғлоқилаб «уф» тортди.

– Қўйсангиз-чи, – давом этди шаҳарлик оила бошлиғи, – ҳечқиси йўқ, бундай воқеа ҳамма билан бўлиб туради, севимли Меърож байрамида ортиқча бир қадаҳни сипқориш гуноҳ ҳисобланмайди. Бундай кор-ҳол тақводорларда ҳам рўй беради, ахир, сиз, тақсир, илоҳиёт номзодисизку. Аммо, ижозатингиз билан, мундштукимни тамакингиз билан тўлдириб олсам, меники буткул тугаб қолибди.

Талаба Ансельм мундштуки ва тамаки халтасини чўнтагига яширмоқчи бўлиб турганиди, бироқ шаҳарлик шошилмай ва эҳтиёткорлик билан ўз мундштукидаги кулни қоқа бошлади ва худди шун-дай шошилмасдан унга тамаки жойлашга киришди. Шу пайт улар олдига бир неча қиз яқинлашиб, Ансельмга қараган ҳолда шаҳарлик аёл билан пичир-пичир қилишишга ва ўзаро ҳиринглашишга тушишди. Талаба ўзини гўё ўткир тиканлар ва чўғ игналар устида тургандек ҳис этарди. У мундштуки ва тамаки халтаси қайтариб олган заҳотиёқ худди қамчи билан савалангандек, бу ердан қочишга тушди. Кўз олдида намоён бўлган ҳамма мўъжизалар хотирасидан буткул ўчган, фақат бута остида бутун бўлмағур нарсаларни бақир-чақир вайсаганини тушуниб турар, азалдан ўз-ўзи билан гаплашадиган одамлардан ниҳоятда жирканганлиги учун бу унинг учун чидаб бўлмайдиган ҳолат эди. «Улар тили билан шайтон алжирайди», – дерди ректор ва у худди шундайлигига ишонарди.

Уни байрам куни ичиб, маст бўлган илоҳиёт номзоди сифатида кўраётганликлари ҳақидаги фикр тоқатини тоқ қилаётганди. У Козельский боғи ёнидаги тераклар хиёбонига бурилмоқчи бўлиб турганди, ортидан: «Жаноб Ансельм, жаноб Ансельм! Худо ҳақи, бундай шошма-шошарлик билан қаёққа чопиб кетяпсиз?» – деган товушни эшитди. Талаба бошига яна бир кулфат ёғилишига комил ишончда қоққан қозиқдек тўхтади. Яна: «Жаноб Ансельм, орқангизга қайтинг. Сизни дарё олдида кутяпмиз!» – деган овоз келди. Шундагина талаба уни дўсти, конректор Паульман чақираётганини англаб етди; у Эльба томон юриб, конректор икки қизи ва рўйхатчи Геербанд билан бирга турганини кўрди; улар қайиққа ўтиришмоқчи бўлиб турганди. Конректор Паульман талабани Эльбада қайиқда сайр қилиш, сўнг оқшомни шаҳар четидаги Парнасдаги уйида бирга ўтказишга таклиф қилди. Талаба Ансельм шу баҳона бу кун ўзини қувиб юрган мусибатли қисматдан қутулишни ўйлаб, таклифни бажонидил қабул қилди.

Улар дарёда сузар эканлар, нариги қирғоқда, Антон боғи ёнида мушакбозлик бошланиб қолди. Ракеталар шатирлаб ва вишиллаб осмонга учар, ёғдули юлдузлар ҳавода порлар ва минглаб тарсиллаётган нур ва оловларни сачратарди. Талаба Ансельм эшкак эшувчи олдида хаёлларига чўмган ҳолда ўтирарди; бироқ унинг кўзи осмонда учиб юрган учқун ва оловларнинг сувдага аксига тушиб қолганда, бу заррин илонлар дарёда сузиб юраётгандек туюлди. Бута остида кўрган ҳамма аломат нарсалар яна ҳиссиётлари ва ўйхаёлларида қайта жонланди ва яна уни ифода этиб бўлмайдиган интизорлик чулғаб олди, қалбини руҳий изтиробга солган оловли истак талвасали қайғули шавққа айланди: «Оҳ, агар бу сиз, тилла илончалар бўлсангиз эди, оҳ! Куйласангизчи, куйланг! Сизнинг қўшиғингиз қанотларида яна мафтункор ёқимли мовий кўзчалар келади, оҳ, сизлар шу ерда, тўлқинлар остида эмасмисиз?» Талаба Ансельм шундай деб ҳайқирар экан, худди қайиқдан сувга сакрамоқчи бўлгандек, кескин ҳаракат қилди.

«Сиз, тақсир, қутуриб кетдингиз!» – қичқириб юборди эшкак эшувчи ва унинг камзули этагини ушлаб олди.

Талаба ёнида ўтирган қизлар ваҳимага тушганларидан бақириб, қайиқнинг нариги томонига ташланишди; рўйхатчи Геербанд конректор Паульманнинг қулоғига нималарнидир шивирлади, унинг жавобидан эса Ансельм фақат «Ҳали унда бундай тутқаноқ кузатилмаганди» деган сўзларнигина уқди. Шу ондаёқ конректор талаба Ансельмнинг ёнига ўтди, киноя билан, лекин бошлиққа хос жиддий тусда деди:

– Жаноб Ансельм, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

Талаба Ансельм сал бўлмаса ўзидан кетаёзди, зеро унинг қалбида ўзи жиловлашга беҳуда уринаётган телбанамо кураш бошланганди. У Антон боғи ёнидаги мушакбозликнинг сувдаги аксини тилла илончалар порлаши деб қабул қилганини тушунган эди, албатта, шунга қарамасдан қандайдир нотаниш туйғу – ўзи бу хуррамлик эканлигими, ситам эканлигими билмасди, – талвасали тарзда кўкрагини сиқарди; ва эшкак эшувчи эшкакини сувга урганида, сув ғазабдан чайқалар ва шовуллар, бу шовқинда унга сирли шивирлаш ва жилдираш эшитиларди: «Ансельм, Ансельм! Биз ҳаммамиз олдингда сузаётганимизни наҳотки кўрмаётган бўлсанг? Сингилча сенга боқмоқда ишон, ишон, бизга ишон!» Ва унга сув аксида уч мовий оловли тасмачани кўраётганига ўхшарди. Лекин кейин у сувга бу ердан мафтункор кўзчалар кўриниб қолмасмикин, деб қўмсаш билан тикилганида порлаш фақатгина яқин-орадаги ёруғ деразалар шуъласи эканлигига ишонч ҳосил қиларди. Ва у ўз-ўзи билан олишган ҳолда дамини чиқармай ўтирарди. Аммо конректор Паульман янада қатъийроқ такрорлади:

– Жаноб Ансельм, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

Ва талаба тўла тушкунликда жавоб қайтарарди:

– Эҳ, илтифотли жаноб конректор, агар сиз Линков боғи девори олдида, маржон мевали бута остида, кўзим очиқ ҳолида қандай ажойиб нарсаларни туш кўрганлигимни билганингизда эди, сиз, албатта, жазавадан ўзимни тутолмай қилганларимни кечирардингиз…

– Ҳей, ҳей, жаноб Ансельм! – унинг сўзини бўлди конректор, – сизни ҳамиша баобрў йигит деб ҳисоблаб келганман, лекин очиқ кўз билан туш кўриш ва кейин тўсатдан сувга сакраш истагингиз, мени кечиргайсизу, фақат ақлдан озганлар ёки аҳмоқлар билан рўй бериши мумкин!

Талаба Ансельм дўстининг қаҳрли нутқидан ниҳоятда хафа бўлганди, бироқ шу пайт гапга Паульманнинг катта қизи, ўн олти яшар, лобаргина, гулдай очилаётган Вероника аралашди.

– Лекин, азиз дадажон, – деди у, – жаноб Ансельман билан қандайдир антиқа бир нарса содир бўлган чамаси, ва у, эҳтимол, бу ўнгида бўлган деб ўйлаётган бўлиши мумкин, аслида эса у бута тагида ухлаб қолган ва миясида сақланиб қолган бирорта бемаънилик тушига кирган.

– Марҳаматли ойимқиз, мўътабар конректор! – шундай дея гапга қўшилди рўйхатчи Геербанд. – Бундан ташқари одам ўнгида ҳам қандайдир уйқу ҳолатига тушиши мумкин эмасми? Бир сафар тушликдан кейин қаҳва ичаётганимда ўзим билан шунга ўхшаш воқеа юз берган, яъни бевосита: овқатни жисмий ва маънавий ҳазм қилиш пайти учун табиий бўлган беҳафсала ҳолатимда гўё илҳом бўйича, мутлақо равшан ҳолда йўқотилган бир ҳужжат турган жой намоён бўлди; кеча эса кўзим очиқ ҳолида рўпарамда рақсга тушаётган ажойиб битилган лотинча матннинг бир қисмини кўрдим.

– Эҳ, муҳтарам жаноб рўйхатчи, – эътироз билдирди конректор Паульман, – сизда ҳамиша шеъриятга бироз мойиллик бор эди, бундай хусусият билан эса хаёлотга ва романтикага берилиб кетиш жуда осон.

Бироқ талаба Ансельмга ёнини олиб, маст ёки ақлдан озган деб қарашдек ўта қайғули аҳволдан олиб чиқишгани жуда кўнглини кўтарди; ва қош анча қорайиб қолган бўлса ҳам у Верониканинг кўм-кўк кўзлари мафтункорлигини биринчи бор пайқаганлигини ҳис этди, тағин ўйига маржон мевали бутада кўрган ёқимли кўзлар келмади. Умуман яна бир зумда бута остидаги барча саргузаштлар ғойиб бўлди; у ўзини бардам ва шодон ҳис этар ва довюраклигида шу даражагача бордики, қайиқдан тушишда тарафдори Вероникага қўлини узатди ва уни уйига шу қадар эпчиллик ва омадли кузатиб қўйдики, атиги бир мартагина сирпаниб кетди ва бу йўлдаги ягона ифлос жой бўлгани учун Верониканинг оқ кўйлагига бирозгина лой сачратди, холос. Конректор Паульман талаба Ансельмдаги бахтли ўзгаришни сезмай қолмади; унга яна ихлоси қайтди ва аввалги ғазабнок сўзлари учун узр сўради.

– Ҳа, – қўшиб қўйди у, – кўпинча шундай мисолларга дуч келинадики, одамни айрим хаёллар чулғаб, анчагина безовлантиради ва азоб беради; аммо бу тана хасталиги ва бунга қарши зулук ёрдам беради, уни, ижозатингиз билан айтсам – бир машҳур, вафот этиб кетган олим томонидан исботланганидек22, – орқа томонга қўйиш керак.

Талаба Ансельм энди ўзи ҳам маст, телба ёки касал бўлган-бўлмаганлигини билмасди, бироқ у зулукларни мутлақо ортиқча ҳисобларди, чунки аввалги хаёллари батамом йўқолган ва лобар Вероникага қанчалик кўпроқ навозиш кўрсатса, шу қадар ўзини хушчақчақ ҳис этаётганди. Одат бўйича камтарона кечки овқатдан сўнг мусиқа билан машғул бўлишди; талаба Ансельм фортепьяно чалиши керак эди, Вероника беғубор, жарангдор қўнғироқ овози билан қўшиқ айтди.

– Mademoiselle, – деди рўйхатчи Геербанд, – овозингиз – биллур қўнғироқчадек!

– Йўқ, бўлиши мумкин эмас! – бу талаба Ансельмнинг оғзидан бехосдан чиқиб кетди. Ўзи буни қандай айтиб юборганини билмай қолди ва ҳамма унга ҳайратланиб ва хижолат тортиб қаради. Кейин у пичирлаб минғиллади: – Биллур қўнғироқчалар маржон мевали дарахтларда ҳайратомуз, ҳайратомуз жаранглайди!

Шунда Вероника қўлини унинг елкасига қўйиб деди:

– Жаноб Ансельм, нималар деяпсиз?

Талаба дарҳол яна ҳушчақчақ бўлиб қолди ва мусиқа чалишни давом эттирди. Конректор Паульман унга нохуш боқди, лекин рўйхатчи Геербанд ноталарни пюпитрга қўйди ва капельмейстер Грауннинг ўйноқи ариясини қойилмақом қилиб ижро этди. Талаба Ансельм яна кўп марта мусиқа чалиб, жўр бўлди, конректор Паульманнинг ўзи томонидан битилган ва у Вероника билан ижро этган фуга23 дуэти ҳаммага хуш кайфият бахш этди. Кеч бўлиб қолганди ва рўйхатчи Геербанд шляпаси ва асосини олаётганди, олдига конректор Паульман сирли қиёфада яқинлашди ва деди:

– Хўш, муҳтарам рўйхатчи, энди ўзингиз жаноб Ансельмга аввал сиз билан гаплашганимизни … хоҳламайсизми?

– Бениҳоя мамнуният билан, – жавоб берди рўйхатчи ва ҳамма давра шаклида ўтиришгач, қуйидаги нутқини бошлади: – Бу ерда, шаҳримизда, ажойиб қизиқ табиатли қария бор; айтишларича, у турлича сирли илмлар билан шуғулланади, аслини олганда бундайлар умуман мавжуд эмаслиги учун, ҳисоблашимча, у шунчаки архивариус олим, шу билан бирга тажрибалар ўтказадиган кимёгар шекилли. Мен бошқа бирор кимса тўғрисида эмас, балки ўзимизнинг махфий архивариусимиз Линдгорст тўғрисида гапиряпман. Билганингиздек, у ўзининг бир чеккадаги эски уйида ёлғиз яшайди, хизматидан бўш вақтида уни кутубхонадан ёки айтгандек, ўзи ҳеч кимни киритмайдиган кимёвий лабораториядан топиш мумкин. У кўплаб ноёб китоблардан ташқари муайян миқдордаги араб, копт24, шунингдек, маълум тиллардан бирортасига мансуб бўлмаган, қандайдир ғалати белгиларда битилган қўлёзмаларга ҳам эга. Линдгорст ана шу номаълум тилдаги қўлёзма моҳирона кўчирилишини истайди, бунинг учун пергаментга25 ана шу ғалати белгиларни олий даражада аниқлик билан ва тўғри, тағин тушда ту-ширишни уддасидан чиқадиган одамга муҳтож. У бу одамни ўз уйидаги махсус хонада, ўз назорати остида ишлатади, бепул овқат беришидан ташқари ҳар кунги иш учун специес-талер26 беради ва бутун иш омадли тугагандан сўнг йирик совға ваъда қилмоқда. Иш вақти ҳар куни соат ўн иккидан олтигача. Бир соат – учдан тўртгача дам олиш ва газак учун. Линдгорст бир неча ёшлар билан муваффақиятсиз иш олиб бориш тажрибасини бошидан ўтказгандан кейин, ниҳоят менга мурожаат қилиб, моҳир хаттотни кўрсатишни сўради; шунда сиз, марҳаматли жаноб Ансельм хаёлимга келдингиз, чунки ҳуснихатинингиз ҳам бекаму кўст, расмларни ҳам жуда чиройли ва пухта чизасиз. Шунинг учун агар ҳозирги мушкул вақтда ва келажакда бирор лавозимга тайинлангунингизча кунига бир специес-талер ишламоқчи, бунинг устига совға ҳам олмоқчи бўлсангиз, эртага роппа-роса соат ўн иккида жаноб архивариус ҳузурида бўлишга ҳаракат қилинг, унинг турар жойини осонгина топасиз. Бироқ ҳар қандай сиёҳ доғидан эҳтиёт бўлинг: агар уни нусхага туширсангиз, сизни ҳеч раҳмдилликсиз ҳаммасини бошқатдан бошлашга мажбур қилишади; агар асл нусхани булғасангиз, жаноб архивариус жаҳлдор бўлганлиги учун сизни деразадан улоқтириб ташлаши мумкин.

Талаба Ансельм рўйхатчи Геербанднинг таклифидан самимий хурсанд бўлганди, чунки ёзуви чиройлиги ва яхши расм чизиши билан бирга мушкул ҳуснихатлардан нусха кўчириш – ҳақиқий эҳтироси эди, шу сабаб энг иқрорли сўзлар билан ҳомийларига миннатдорчилик билдирар ва эртага белгиланган соатга кечикмасдан етиб боришга ваъда берарди. Талаба Ансельм туни бўйи кўз ўнгида ярқироқ специес-талерларни кўрар ва уларнинг ёқимли жарангини эшитарди. Касофатли тақдирининг инжиқликлари билан кўп умидлари саробга айланган бу боёқишни қоралаб бўлмасди, у ҳар бир тийинни асраши ва шодмон ёшлик талаб этадиган кўнгил очишлардан воз кечишга мажбур бўларди. Эрта тонгданоқ у ўз қаламлари, перолари ва Хитой тушини жамлади; унинг ўзи ҳам, архивариус Линдгорст ҳам, албатта, булардан яхши ашёларни ўйлаб топа олмаган бўларди, деган хаёлда эди. У, энг аввало, архивариусга талаб этилаётганни бажаришга қобилияти борлигининг далили сифатида кўрсатиш учун ўзининг сара ҳуснихат ишларини кўздан кечириб, тартибга келтирди. Ҳаммаси муваффақиятли кечаётганди, уни алоҳида омадли юлдуз бошқараётганга ўхшарди; галстук дарҳол зарур ҳолатга келди; бирорта чок сўкилмади; қора ипак пайпоғидаги бирорта изма узилмади; тозаланган шляпа яна бир бор тупроққа тушмади, – қисқаси, роппа-роса соат ўн бир яримда талаба Ансельм чўртан-кулранг тус фракда ва қора атлас шимда, чўнтагида ҳуснихат ишлари ва расмлари ўрами билан Қулф кўчасида, Конради дўкони олдида турарди; бу ерда у бир-икки қадаҳ ошқозон ликерини сипқорди, зеро, у ўзининг бўм-бўш кармонини қоқиб қўяр экан, яқинда унда специес-талерлар жаранглай бошлайди деган ўйда эди. Архивариус Линдгорстнинг эски уйи жойлашган хилват кўчага олиб борадиган йўл олислигига қарамасдан, талаба Ансельм соат ўн икки бўлмасдан чол эшиги ёнида турарди. У тўхтаб, бронзадан ясалган кимса гавдасига маҳкамлаб қўйилган, эшик тақиллатиладиган катта ва чиройли болғачани кўздан кечирарди. Хоч черкови минорасидаги соатларнинг сўнгги бонги чалиниши билан у болғачани қўлига олмоқчи бўлганди, тўсатдан бронза башара бужмайиб, жирканч ишшайишга айланди ва метал кўзлари даҳшатли чақнаб кетди. Вой-вой! Бу Қора дарвозалар олдидаги олма сотаётган аёл эди! Чўзилган комида ўткир тишлари шақиллаб кетди, у ердан қарсиллаш ва ғичиллаш эшитила бошланди: «Аҳҳмоқ! Аҳҳмоқ! Қочачачасан! Қочачачасан! Аҳҳмоқ!» Талаба Ансельм даҳшатдан ўзини четга олди ва эшик ёндорига суянмоқчи бўлди, лекин қўли қўнғироқ боғичини тутиб, тортди ва мана, тамтароқ уйғунсизликда тобора ва тобора кучлироқ жаранглаб, бутун ҳувиллаган уй бўйлаб масхарали акс-садолар тарқалди: «Шиша, биллур ичида бўлиш вақтинг келди, шиша ичида бўласан!» Талаба Ансельмни ваҳима босди ва бутун аъзоларига қалтираётган титроқ тарқалди. Қўнғироқ боғичи пастга тушди ва у улкан тиниқ оқ илон бўлиб чиқди; илон уни чирмаб, ўз тугунларини тобора маҳкамроқ тортиб сиқа бошладики, мўрт аъзолари чирс-чирс қилиб синарди ва қони томирларидан сачраб, илоннинг тиниқ гавдасини қизил рангга бўярди. У даҳшатда «Мени ўлдир, мени ўлдир!» – деб қичқирмоқчи бўлганди, бироқ бақириши бўғиқ хириллаш бўлиб чиқди. Илон бошини кўтарди ва ўзининг оташ метал тилини Ансельмнинг кўксига қўйди; жазиллатган оғриқ бир мартадаёқ ҳаёт томирини узди ва у ҳушидан кетди. У яна ўзига келганида, ночор тўшагида ётарди, олдида эса конректор Паульман турарди ва шундай дерди:

– Худо ҳақи, айтинг-чи, марҳаматли жаноб Ансельм, нега бундай бемаъни қилиқлар қиласиз?

10.Вигилия (лотинча «vigilia» – «бедорлик» сўзидан) – Кўҳна Римда тунги қоровуллар алмашадиган вақт: қуёш ботгандан ярим тунгача – икки вигилия, ярим тундан тонг отгунча – яна икки вигилия. Вигилия шоирлар томонидан баъзан хотира шеърларини номлаш учун ҳам ишлатилади (таржимон изоҳлари).
11.Ансельм – католиклар авлиёси, унинг таваллуд топган куни 18 март – Э.Ҳофман ошиқ бўлиб қолган шогирди Юлия Маркнинг ҳам туғилган кунига тўғри келади.
12.Конректор – университет ректорининг ёрдамчиси.
13.Меърож – пайғамбар Исо Масиҳнинг арш аълога кўтарилиши ва христианларнинг шунга бағишланган байрами.
14.Линковлар чўмиладиган жой – ўша замонларда Дрезден дарвозалари ташқарисида, Эльба дарёси соҳилидаги хушманзара жой.
15.Коллежский – аввалги даврларда амалдорлар унвони номланишининг биринчи қисми, масалан, коллежский асессор.
16.Мопс – тумшуғи ялпоқ лайча ит.
17.Mademoiselle – мадемуазель, қизларга, турмушга чиқмаган аёлларга мурожаат шакли.
18.«Дунай қизлари» – немис композитори Фердинад Клауэрнинг (1751–1831) 1799 йил саҳналаштирилган операси.
19.Увертюра – мусиқали муқаддима.
20.Капельмейстер (немисча «Kapellmeister») – хор капелласи ёки оркестр раҳбари. XIX асрда хор ёки оркестр дирижёрига нисбатан ишлатилган. Қирол саройида хизмат қиладиган капельмейстерлар дирижёрликдан ташқари турли тантаналар муносабати билан мусиқалар ҳам битиши керак бўлган.
21.Граун Карл-Генрих (1701 – 1759) – немис композитори, Берлин опера театрининг директори, Қирол Фридрих II саройидаги капельмейстер.
22.Бу ерда гап берлинлик маърифатчи ёзувчи ва ношир Кристоф Фридрих Николаининг (1733 – 1811) «Қатор фантастик кўринишлар пайдо бўлиши ва йўқолишининг мисоли» асари тўғрисида кетяпти. У ушбу мавзуда 1799 йилнинг февраль ойида Берлиндаги Қироллик фанлар академиясида маъруза қилиб, турли «ўта ҳиссиётли кўринишлар»дан азият чекадиган шахсларга даъво сифатида зулукларни тавсия қилган. Гўё унинг ўзини тириклар ва вафот этганларнинг арвоҳлари безовта қилаверганидан сўнг, орқа томонига зулук қўйганида улар шу заҳотиёқ ғойиб бўлишган. Николаининг ушбу маърузаси тез орада ҳазил-мутойибалар ва латифаларга сабаб бўлган, бу ҳатто Гётенинг «Фауст»ида Мефистофель тили билан мазах қилинади.
23.Фуга (немисча «fuga» – «қочиш», «қувиш» сўзидан) – кўп овозли мусиқанинг энг олий шакли.
24.Коптлар (юнонча «αιγντος» – «мисрлик» сўзидан) – мисрлик христианлар, улар ҳозирги вақтда мамлакат аҳолисининг 8-9 % ини ташкил этади.
25.Пергамент (немисча «Pergament», юнонча «Περγαμον» – милоддан аввалги II асрда пергамент кенг қўлланган Кичик Осиёдаги Пергам шаҳри номидан) – қоғоз ихтиро қилингунга қадар матн ёзиш учун ишлатилган, ҳайвонлар терисидан қилинган материал, шунингдек, ушбу материалга битилган қадимий қўлёзма.
26.Специес-талер (лотинча «species» – «олтин, кумуш тангалар» ҳамда немисча «Thaler» – XV аср охири – XVI аср бошида кумуш тангалар зарб қилинган «Joachimstal» шаҳри номидан) – Германияда ХIХ аср бошига қадар ишлатиб келинган пул бирлиги, йирик кумуш танга, «специес» сўзи зарб қилинган метал танга ҳисоб-пул бирлиги эмас, балки ҳақиқий пул эканлигини билдирган.

Bepul matn qismi tugad.

Janrlar va teglar

Yosh cheklamasi:
0+
Litresda chiqarilgan sana:
25 oktyabr 2023
ISBN:
978-9943-27-125-8
Mualliflik huquqi egasi:
Kitobxon

Ushbu kitob bilan o'qiladi