Kitobni o'qish: «Ҳақиқат талабгоримиз»

Shrift:

МУМТОЗ АДАБИЁТ

МАНИМ ҲАЗРАТИМ

Навоий ҳақида тонг чоғи ёзсанг. Деразани ланг очиб қўйсанг, озод насимлардан кўксингни тўлдириб нафас олсанг-да, ютум-ютум покиза ҳавонинг ҳар бир ҳужайрангда сирқираб югураётганини ҳис қилсанг, ботинингдаги барча ичкин ғуборингни ўтдай уфурсанг-да, бокираланиб ёзишга ўтирсанг. Умрининг ибтидосида Атторнинг «Мантиқ ут-тайр»ини – «Қушлар мантиғи»ни ўқиб ошиқ бўлган ва умри ибтидосида «Лисон ут-тайр»ни – «Қуш тили»ни битган Навоий ҳақида сўз битаётганингда, ташқарида қушлар чуғурлаб турса. Навоий ҳақида ёзишдан олдин озодаланишинг, энг оҳорли кўйлагингни кийишинг керак. Навоийни ўйласанг, у тўғрисида ёза бошласанг, кескин тилинг юмшайди, сўзларинг ҳам ороланиб, чирой очиб бораверади.

Ҳар кимнинг ўз Навоийси бор. Бўлмоғи керак. Навоийсиз ўтган кун кун эмасдир. Мана бу ривоятни ҳам ҳазрат келтирганлар. Бир куни ўрмонда кўр сайёҳлар тўдаси филга дуч келиб қолади. Филни ўзларига дуч келган ерини пайпаслаб кўрадилару тасаввур қиладилар. Кейин юртга келиб ҳикоя қиладилар. Филнинг оёғини ушлагани уни «устун» деб таърифлайди. Думини тутгани «илон»га ўхшар экан, дейди. Белини тутгани – «қўтосга», қулоғини пайпаслагани «япроққа» менгзайди… Навоий салоҳияти ҳам улкандир. Навоий ҳаёти ва ижодининг у ёки бу жиҳатига ошно тутиниб қолган бизлар ҳам шу кўр сайёҳларга ўхшаймиз. Ҳа, ҳар кимнинг ўз Навоийси бор. Биров «Хамса»дан хабардор. Яна биров «Девон»ларни ўқишга жазм этган. Яна кимдир «Маҳбуб ул-қулуб»ни мутолаа қилгандир. Ҳеч бўлмаганда, Юнус Ражабийнинг «Қаро кўзим»ини, Муножот Йўлчиева ижросидаги «Муножот»ни ёки Отажон Худойшукурнинг «Сувора»сини эшитганмиз. Ҳар ким Навоийга ёндошдир. Навоийни бутунича тасаввур қилиш «филни фил ҳолича кўриш» – эҳтимол, имконсиздир, мислсиз ақлий меҳнатни талаб қиладир.

Ҳар кимнинг ўз Навоийси бор. Умримиздаги ҳар ёшимизнинг ўз Навоийси бор. Биз умримиз мобайнида Навоийга қайта-қайта келаверамиз. Болалигимизда ёш Алишер ва Ҳусайн Бойқаронинг дўстлигига ҳавас қилганмиз. Йигитликда ўзимизни Фарҳоду Мажнунга менгзаганмиз, ўз Лайли ва Ширинларимизга Навоий байтларидан қистириб мактублар битганмиз. Ҳаёт талотўпларига дуч келганда, мусофирликда юрганда Ҳироту Самарқанд, Қобулу Астробод кезиб шаҳзодаларни сулҳга келтирган Навоийга топинамиз. Улғайганимиз сари Навойимиз ҳам «улғаяди», оппоқ соқолларини силаб, чигал саволларимизга биз билан бирга ечим излайди, ҳаётсеварлигимизда Навоий бўлиб навосозлик қилади, кексаликда умри бебақони ўйлаб ўйга толганимизда, Фоний бўлиб дарс беради, ўлим ва абадият тўғрисида ҳамсуҳбат бўлади, ҳамдардлашади.

Менинг ҳам ўз Ҳазратим – Алишер Навоийим бор. У илк ўқитувчиларим – Неъматуллоҳ Исмат ва Эргаш Мухтор сабоқларидан дилимга тушган. Самарқандда ва Московда таҳсил олганларимда Воҳид Абдуллоҳ, Нуриддин Шукур ва Ботир Валихўжа дарсларидан ёдимга кўчган. Навоийни менга сингдирганлар орасида устозларимиз Азизхон Қаюмов, Абдуқодир Ҳайитметов, Иброҳим Ғафуров, Иброҳим Ҳаққул, Султонмурод Олимнинг ҳиссалари беқиёс – бирлари билан суҳбатдош бўлдим, бошқаларининг битикларини ўқиганман. Ва ниҳоят, Навоий ҳақидаги энг ноёб манба – Навоийнинг асарларидир. Имкон қадар, ақли ожизимиз етганча ўқиганмиз, ўқияпмиз ва ўқирмиз. Шу тариқа, эл қатори менинг ҳам қалбимда ўз Алишер Навоий бобом – Маним Ҳазратим шаклланган.

«АЁН ҲАР ЛОЛАСИДА ИШҚ ДОҒИ…»

Маним ошиқ Ҳазратим. Навоий – ошиқ. Алишер Навоий асарларининг бош мавзуи – ишқдир. Инсонни комилликка элтадиган восита – муҳаббатдир. Ҳар бир ғазал ошиқ руҳиятининг оний тасвиридир. «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» сингари достонларда эса ошиқликнинг савқи илоҳийси, ишқнинг тараннуми бадиий тимсоллар воситасида очилган, ишқ Навоий асарларининг бош мазмун-моҳиятини ташкил этади. Билъакс, «Фарҳод ва Ширин» достонини бошлар экан, шоир буни таъкидлаб ўтади:

 
Бу рангин саҳфа, билким, дард боғи,
Аён ҳар лоласида ишқ доғи.
 

Ҳазратимнинг тасвирлашича, гўдак Фарҳодни «ишқ дояси» эмизган, унинг жисми «шуълаи дард»га йўғрилган, унинг исмидаги ҳар бир ҳарф ишқнинг ҳосилаларини англатган:

 
Ф – фироқ,
А – андуҳ,
Р – рашк,
Ҳ – ҳажр,
О – оҳ,
Д – дард.
 

Навоийнинг эътирофича, «башарият кўзининг нури зиёси ишқдан», ишқ «толе қуёшидир, қайғули диллар тиканзори ундан гулшан»дир. Ошиқ «сут ичса дур бўлур, қон ичса – ёқут».

Ишқ дардини чеккан ҳар ошиқ борки, Ҳазрат Навоийдан мадад топа олади. Навоийнинг ишқи мислсиздир. У ишққа дохил инсонларнинг «ҳам тилу, ҳам кўнгли-ю, ҳам кўзи пок» эканини айтади. Инсон ишқ ўтидан покланади.

Алишер Навоийнинг ишқ ҳақидаги назарий қарашлари «Маҳбуб ул-қулуб»да акс этган. Шоир ишқни уч тоифага ажратади. Биринчиси – оддий одамларнинг жисмоний лаззат ва шаҳвоний нафс билан чегараланган ишқи. Унинг олий мартабаси – шаръий никоҳдир. Иккинчиси – пок кўзини пок ният ила покиза юзга солган, пок кўнгил ила покиза чеҳранинг шавқидан беқарор бўлган пок инсонларнинг хос ишқи. Буни ҳозирда «платоник муҳаббат» дерлар. Учинчиси – Ҳақнинг жамолига етиш умидида матлуб бўлган сиддиқлар, яъни шу йўлда ўзини-да унутган, ўлимига-да тайёр ҳақгўйлар ишқи.

Маним Ҳазратим ҳам умрлари мобайнида ёзган ғазалу достонлари тараннумида Фарҳод каби ана шу «хос пок ишқ»қа дохил бўлдилар. Шоирнинг ойдин назарини ишқ эҳтироси нурлантириб турадир. Ишқ Яратганнинг неъматидир, инсонни ёндириб поклайдир. Ишқ Қайсни мажнуну телба қилган бўлса, Фарҳодни тоғларни ёғдай кесиб, қасрга айлантирган бунёдкорга айлантирди – бирини адо қилди, бошқасини пайдо айлади.

Кейинги пайтларда Навоийнинг ошиқлигини тамомила мажозий ишқ сифатида талқин этадиган тадқиқотлар оқими дунёга келди. Менинг назаримда, Навоийнинг севгиси аксарият ҳолларда дунёвий севгидир. Аслида мажозий ишқ билан ҳақиқий ишқ қарама-қарши турмайди, мажозий ишқ ҳақиқий ишқнинг тажассумидир. Буни Навоийнинг ўзи таъкидлагандир:

 
Гар Навоий йиғласа, ишқинг мажозийдир дема,
Ким назар пок айлагач, айни ҳақиқатдир мажоз.
 

Уламоларнинг таъкидлашича, Аллоҳнинг мислсиз ақлидан бир мисқоли унинг муқаддас китобларида, уларни мушоҳада этган мутафаккирларда акс этса, Яратганнинг мислсиз ҳусну жамолидан бир чимдими гўзал йигит ва қизларда зуҳурланади. Мавлоно Румий Аллоҳ «гизли қудрати»ни бандага озгина намойиш этиш учун дунёни яратганини айтади, яъни унинг яратгани шунчалар гўзал бўлса, Яратганнинг ўзи қанчалар мислсиздир. Шунинг учун гўзал ва пок чеҳрага ошиқлик – Ҳаққа ошиқликка етаклайди. Ишқи мажозий ишқи ҳақиқийга олиб боради.

Навоий умрининг сарҳисоб палласида битган «Лисон ут-тайр»да ўзини, ўтган умрини ҳам шафқатсиз тафтиш қилгани аён. Аллоҳ даргоҳига сафарга тайёргарлик онида у умрини ўткинчи ҳою-ҳавасларга, ошиқ-маъшуқликка сарф этганидан нолийди, ўзини Аллоҳга эмас, маҳбубасига қурбон бўлишга тайёр эканини сўзлаган дамларидан афсусланади: «Аллоҳ-Аллоҳ, ўлдирур шармандалиқ, Ёдима келса бу янглиғ бандалиқ». Бу эътироф Навоийнинг аксарият ғазалиёти ва ишқий достонлари дунёвий ишқнинг маҳсули эканини англатади (Тўғри, инсоннинг ўзи – Аллоҳнинг яратган мавжудотидир ва унинг қалбидаги ишқ ҳам илоҳийдир).

 
Юз қаролиғ онча бўлмиш жаҳл аро,
Ким кўзимга қилди оламни қаро…
 

Умрининг охирида бу қадар аёвсиз зорланиш, ўзини аямаслик ҳам Навоийнинг яна бир жасоратидир.

«ШАЪМКИ, ТУЗЛУК БИЛАН МАСРУР ЎЛУР…»

Маним Ҳазратим – ҳақ сўзнинг қулидир. Навоий ҳақиқий мўмин-мусулмон эди. Ҳадиси шарифларда айтиладики, «Аллоҳнинг йўлидаги энг катта жиҳод – ўз зарарига бўлса ҳам ҳақ сўзни айтмоқдир».

Навоийнинг шер ва дуррож ҳақида бир ривояти бор. Шер «ғам аро ғам», «ғам неки, мотам уза мотам»га сабаб бўлган дуррож билан дўст тутинади: «Менинг қудратимдан қўрқма, дўстим бўлсанг, бу қудратим ила сени ҳимоя ҳам қиларман», – дейди. Аммо дуррожнинг сайроғида ёлғон бор экан. Шер уни ростгўйликка чақирибди, «тўғрилар олдида ёлғон шарафсиздир» деб огоҳ этибди. Дуррож эса ёлғон афғонларини давом эттираверибди. Бир куни дуррож овчининг қўлига тушиб, «дод, мени туттило», – деб чинқирганда, шер бу яна бир ёлғон бўлса керак деб, парво қилмабди. Навоий бу ҳикоятида ёлғончиликнинг алал-оқибатини кўрсатган. Шоир шунинг учун «не десанг, чин дегил», деб даъват этади. Зеро, «қиёмат ер юзида бирорта ҳам диёнатли ҳақгўй қолмаган куни бўлади».

Навоийнинг фикрича, ҳар қандай юзлаган мушкулларнинг ечими – тўғриликдадир:

 
Тузлукка мойил ўлки, ишинг боргай илгари,
Юз мушкул ўлса йўқса минг олдингда ҳар замон.
 

Навоийнинг айтишича, котиб қалами тўғри бўлса, «юз саҳфани рақам» қилади, чўпон таёғи тўғри бўлгани учун «минг қўйни бир асо била жам» қилади.

Алишер Навоий «Ҳайрат ул-аброр»да шундай сатрларни битган:

 
Шамъки, тузлук ила масрур ўлур,
Гарчи куяр, боштин аёқ нур ўлур.
Барқки, эгрилик ўлубтур хўйи,
Гарчи ёрур, лек борур ер қуйи.
 

Яъни: шам тўғрилигидан масрур, шоддир, чунки ўзи куйса-да, бошдан-оёқ нур сочади, оламни ёритади, яшин эгри бўлгани учун бир ярқ этади-ю, ер қаърига кетади. Рост гапиришнинг имкони бўлмаса, ҳеч бўлмаганда ёлғон сўзламасликка куч топиш керак, дейди Навоий: «Чин демас эрсанг, дема ёлғон доғи».

«ҚУРТ ЖОНДИН КЕЧИБ ИПАК БЎЛДИ…»

Маним Ҳазратим – омилкор инсон, сўз ва амал бирлигининг тарафдоридир. Навоийнинг асарларини тадқиқ этган бир қатор олимларимиз унинг нақшбандия тариқатига дохиллигини таъкидлайдилар. Дарҳақиқат, Навоийнинг бутун ҳаёти «Дил ба ёру даст ба кор» йўриғининг исботидир.

Болалигимиздаёқ мутолаа қилганимиз Навоий ҳақиндаги бир халқона ҳикоя ёдга тушади. Бир йигит доимо одамларга ёрдамлашар, араваси лойга ботганларнинг аравасини йўлга чиқарар, бечораларнинг юкини кўтаришиб борар, бузилган кўприкларни тузатиб қўяр, йўлда бир тош турган бўлса, йўловчиларга халал бермасин, деб четга олиб ташлар экан. Алишер Навоий шу йигитга эҳтиром кўрсатиб, доим салом берар, сўрашар эканлар. Йигит ўзича шундай фикр қилибди: «Мен бир оддий йигитга шунча эҳтиром бўлса, кел, масжидга кириб намоз ўқий, тақводор бўлай, шунда Ҳазратнинг олдиларида янада эътиборга сазовор бўламан», – дебди. Йигит тўн кийиб, салла ўраб, эрта-кеч тақво билан машғул бўлибди. Бир куни Навоий йигитни кўриб, шунчаки салом бериб ўтиб кетибдилар. Йигит бошқа гал Ҳазратни учратиб, сабабини сўрабди. Шунда у киши йигитга: «Аввал элга, бева-бечораларга наъфинг тегиб турганда асли мусулмон эдинг», – дебдилар. Навоий диний мутаассибликка қарши инсондирлар.

Шунинг учун айтилганки: «Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай». Бежиз Навоий «эл ғамидан ғами» бўлмаган кишини одам эмаслигини таъкид қилмайди.

Аҳмад Яссавий: «Туфроқ бўлғил, олам сани босиб ўтсин», – деб лутф қилганлар. Шавкат Раҳмон чеҳрасининг ҳорғинлигини, ердай рангпарлигини юзига солганларга қарата: «Ўхшасак ўхшабмиз ўз еримизга», – деб ёзган эди. Навоий ана шундай ўзини хоксор тутувчи инсонларни соғиниб яшагандир:

 
Бу қадар манзилату қурби буюк поя била,
Ўзини тутқувчи туфроғ ила ҳамвор қани?
 

Элга наъф келтириш учун ва Аллоҳнинг бандалигини оқлаш учун Ҳазрат Навоий «ўзни туфроқ ила ҳамвор», тенг кўрган ва бу билан шарафланган инсон эдилар. Ҳазрат Навоийнинг инсонпарварлиги амалийдир. «Муншаот» – салтанат валиаҳдларига битилган мактублар китобидир. Шу билан бирга бу мактублар барча инсонларга ҳам даъват этилгандир. Унда шоир ўз хоксорлигини намоён этади, халққа фойдаси тегадиган амаллар юзага чиқиши, элнинг дарди подшоҳларга етиши учун ўзини бир қадар пастга уришдан ор қилмайди. Навоий чамаси Бадиуззамон мирзога ёзган мактубида шу сатрларни битган: «Бу фақири хоксор ва бу хокиваши беъэтиборким, бу давлатнинг эшик остонасиға туфроғдек тушуб эрдиму хаёлимда бу эрдиким, магар ажал сарсари туфроғимни бўсағадин совурғай ва ўлим сайли хошокимни бу эшикдан сурғай ва лекин хаёл ботил экандур ва муддао отил…» Бугун бизнинг назаримизда Навоий қанчалар юксак ва буюк, тахт талашган шаҳзодалар қанчалар тубан кўринади. Аммо Навоий ўз мактуби тахт эгаларига оғир ботмаслиги чораларини кўради, ўзини давлатлик хонадон эшигида туфроқ деб таништиради, чунки эл учун бир хайрлик иш амалга ошиши ҳазратимга ўзларининг шахсий кибрларидан кўра зарурроқ кўринади.

«АЙЛАДИ СОКИН КУРРАИ ХОКНИ…»

Маним Ҳазратим – Мир Алишер Навоий космик тафаккур соҳибидур. Навоий замонда замин воқе бўлиб, инсон яралганидан то ўзи тириклик дамларигача ва келгуси авлодларгача – бизгача ва биздан кейин келадиган авлодларгача фикр суради. Навоий маконда коинот доирасида тахайюл дарёсига ғарқ бўлади, самовий тафаккур қилади. Шоирнинг тафаккур ва тасаввур миқёси – самовийдир.

Коинотни тасаввур қилар экан, Навоий она Заминимизни – курраи хокни фалакиётнинг маркази деб билади:

 
Айладик сокин курраи хокни,
Сойир этиб давраи афлокни.
Токи муҳит ўрнига афлок эрур,
Маркази онинг курраи хок эрур.
 

Навоийнинг астрономиясида бутун коинот ер атрофида айланади. Навоийнинг фикрича, курраи хокнинг – ернинг маркази эса «ганжи роз» бўлган инсондир:

 
Ганжинг аро нақд фаровон эди,
Лек боридин ғараз инсон эди.
 

Инсон заминнинг «ганжи роз»игина эмас, у фикрловчи, «орифул маърифат» ҳамдир. Навоий дунёни «ҳарам» – муқаддас деб билади ва инсонни «ҳарам маҳрами» ҳисоблайди:

 
Айла Навоийни бурун одамий,
Ким бўла олғай бу ҳарам маҳрами.
 

Демак, инсон коинот марказида турмоғи – «ҳарам маҳрами» бўлмоғи учун «одамий» – инсонпарвар бўлмоғи керак. Одамийлик йўқолганда ҳаёт тугайди, Қиёмат бўлади. Навоий «Хамса»нинг бошланишида осмон бир этак гулдай тўкиладиган, юлдузлар бир ҳовуч кулдай тўзиб кетадиган қиёмат қойим манзараларини чизади:

 
Соврулибон кўк бир этак гул каби,
Қўзғалиб анжум бир овуч кул каби…
Ер тутибон авжи фалак таҳ тушуб,
Гаҳ бу чиқиб юқори, ул гаҳ тушуб,
Ўт қилибон баҳрда ғаввослиқ,
Тоғ этибон чарх уза раққослик.
 

Бундай қиёмат қойим кунида инсон учун нажот имкони борми? Навоий ёзади:

 
Ул нафас иймон менга ҳамроҳ қил,
Кўнглум аро маҳви сиваллоҳ қил…
 

Шу тариқа, Алишер Навоий нажотни – иймонда, иймонни одамийликда, орифул маърифатда кўради.

ДАРВОҚЕ…

Ҳар кимнинг ўз Навоийси бўлмоғи керак. Навоийга яқинлашиш учун ҳаракат лозим. Навоий, аксарият толиби илмлар хаёл қилганидек, мураккаб эмас. Журъат билан киришган инсонга Ҳазрат Навоий босқичма-босқич очилиб бораверади ва бу очилишдан инсон камолот касб этади.

Навоийни жиддий ўрганиш лозимлигини ва Навоийнинг ўзбеклар ва умуман туркийлар учун қимматини ўтган асрнинг бошида Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон кўтарган эди. У ўзининг «500 йил (Ўзбек билим ҳайъатига)» номли мақоласида шундай ёзганди: «Чиғатой адабиёти ва тилига Навоийнинг қилғон хизмати жуда улуғдир. Бу кунги янги ўзбек адабиёти ва унинг бу кунги содда шеваси, менимча, ўша чиғатой шевасидан ўзга эмасдир…Усмонли адабиётининг улуғ вакили бўлғон Фузулийни машҳур усмонли ёзғувчиси Шамсиддин Сомибек Навоийдан кейинга қўйиб кўрсатадир. Мана бу ҳам, биргина ўзбек қавми адабиётида эмас, умум турк халқи адабиётида ҳам ўзига яраша жой олғонини кўрсатадир».

Чўлпон Навоийнинг беш асрлик маросимини нишонлаш лозимлигини таъкидлар экан, ёзади: «Оламда ўз адибларига 5-6 асрлик бир тарих яшата билган халқлар унча кўб эмасдир… Руслар Пушкиннинг ҳар 5 йили учун ҳам катта байрамлар ясайдилар». Чўлпон Навоийнинг тантанасига тайёргарлик асносида ҳайъатлар тузишни, асарларини чоп этишни, мукаммал таржимаи ҳолини яратишни, Навоий шеваларидан терма бир асарнинг нафис қилиб чоп этилишини, унинг номига стипендиялар ташкил этишни, кўчаларга унинг номини қўйишни орзу этади.

Буюк шоир Чўлпоннинг орзулари мустақиллигимиз шарофати билан тўла амалга ошмоқда. Бугун мамлакатнинг бош майдонларидан бирида унинг ҳайкали қад ростлаган ва бу ерда умуммамлакат тантаналари ўтади, келин-куёвлар никоҳ олдидан Навоий пойига гул қўядилар. Навоий номига шаҳар барпо этилган, институтлар, миллий кутубхона, адабиёт музейи, миллий боғ, театр ташкил этилган. Озод юртимизда Алишер Навоий асарларининг йигирма жилдлиги чоп этилди.

Балким бизнинг асримиз технологиялари, компьютерлари, космик кемалари билан олға кетгандир. Аммо тафаккур ва маънавиятда ҳали биз Навоий сари интилишимиз керак. Энди ҳар биримиз Навоий оламига сафар қилишга чоғланишимиз лозим.

2007 йил, январь

«ТОЖ КЎП ДАРДИ САР БЕРУР БИЗГА…»

Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг ҳаёти тафсилотлари бугун афсона ва ривоятлар аро чулғаниб кетгандир. Бул асотирона ҳикоятларда дўстнинг дили қанчалик, душман «тили» нечоғлик хизмат этган, ёлғиз Худога аён. Биздай замон чаласавод айлаган шогирдлари учун ҳазратнинг чеккан мислсиз азоблари ва лаҳзалик қувончларини имкон қадар англамоқ учун ягона «далил» – ул зотнинг асарларидир. Ҳазрат Навоий ижоди қудратли офтобдурки, дунё водийсининг қай буржида, қай ҳолида бўлсангиз-да, ундан паноҳ топа оласиз. Камина миллат вакили бўлиб, салтанатнинг бир четига аралашиб қолғонимиз боис, чигал хаёлларимизга нур истаб ғазалларга ошно тутинаман, қийналган лаҳзаларда маслаҳат умидвор бўламан. Гоҳида иш ҳам, салтанат ҳам жонга текканда: «Хафа бўлма, Карим, ҳеч ким миннатдор бўлмайди, ҳимоя ҳам кутма, Ҳазрат айтганлар: «Топдингми элдин, топарсен энди султондин вафо», – деб қўяман.

Навоий бобомиз халқ учун одил, ақлли шоҳ орзу этганлар, элимизнинг бу асрий ниятидир. «Маҳбуб ул-қулуб»нинг биринчи фаслини ўқий бошлашингиз билан чанқоқ назарингиздан улуғ бир мамлакат кеча бошлайди. Унинг шоҳи-одил, ул юртда – осойиш, эл-улус эса фаровондур. Зулмкорлик йўқ. Одил подшоҳ, Ҳазрат Навоий ёзишларича, «қуёш билан баҳор яғмуридек қора тупроқда гуллар очади»… Аён бўладики, бу бобомизнинг бир лаҳза эрк олғон хаёлларидир. Бу бир орзудир. Фаранг файласуфи лутф этгани каби «Халқ гоҳи-гоҳида ҳукуматга ишонади, ҳукумат эса халққа ҳеч қачон ишонмайди».

Низомиддин Мир Алишер Навоийдан ҳар бир бандаи мўмин нажот топиши мумкин. Элимиз пешонасида бошқа ҳеч зот бўлмаганида ҳам, фақат Алишер Навоийнинг ўзлари бир элга ғурур бера олгувчи зотдирлар. Халқ ноиби сифатида салтанат ва эл, салтанат ва зиёли муносабатлари ҳақида кўп ўйлайман ва ўйларимнинг интиҳосига ета олмайман.

Мени кечирасизу, Ҳазрат Навоийнинг девонларини қўлтиққа қисганча, нашриёт эшигида қисиниб турган ҳолда тасаввур қилолмайман. «Хамса»нинг муҳокамасига келиб, партия ташкилоти мажлисида навбат кутаётган Навоийни хаёлга сиғдиролмайман. Нега бизнинг давримизда ул Ҳазратдай улкан шоир йўқ, деб ўз-ўзимдан сўраганда: «Буюк шоирлар буюк салтанатда бўлади», – дейману, нарёғи ўз-ўзидан аён, деган қарорга келаман. Ҳар даврга биттадан Навоий шарт эмас, албатта. Биз Навоийнинг шаҳардан уй ололмай, ўн-ўн беш йил ижарада турганини кўришни истамаймиз. Навоий Тошкент шаҳар ижроқўмидан «прописка» қилишларини кутиб юрса кулгилидир. Бу – майда ташвишлар, биздай майда одамларнинг ташвишидир, майда ҳокимлар яратган ташвишлардир. Навоий – буюк зот, буюк шоҳлардан буюк ташвишлар чеккандир.

 
Тож кўп дарди сар берур бизга,
Зулмидур ақлу ҳуш торожи.
Бошимиздин бу тожни кам қил,
Барча гар бўлса, салтанат тожи…
 

Водариғ, шоҳнинг бош вазири бўлган пири комил Навоий ҳам салтанатдан шунчалик изтиробга тушибдиларки, агар бу салтанат тожи бўлса ҳам: «Бошимиздин бу тожни кам қил», – дебдилар. Бу тўрт сатрнинг ўзини бир китобчалик шарҳи бор. Ақлу ҳушли одам тожга яқинроқ келса, Бобурдай Андижондан, Навоийдай Ҳиротдан қувғин бўлиши керак? Нега? Ҳазрат ҳақ: «Зулмидур ақлу ҳуш торожи», яъни зулм кўпайган жойда аҳмоқлар кўпаяди. Охирги сўзни ишлатганим учун Ҳазрат Навоийдан узр сўрайман, ул зот шу фикрни лутф ила чиройлироқ айтган бўлардилар.

…Бизнинг жамиятимиз етмиш йил оғир хато ва жиноятлар ичра ҳукм сурди. Буни ҳозир қўрқмасдан айтса бўлади. Хатоларнинг тизими шундай – аввал эътиқоддан айирдилар, яъни руҳ меҳнатидан жудо этдилар. Муллалар, диндорлар ўлдирилди, кейин фикрлашдан тўхтатдилар, яъни ақл меҳнатидан жудо этдилар. Чўлпонлар, фитратлар, усмонлар ўлдирилди. Ва ниҳоят, истайдиларми-йўқми, қўл меҳнатидан жудо қилдилар, чунки одамлар ишининг самарасиз эканини сездилар, меҳнат завқ бермай қўйди. Шунда Ҳазрат Навоий ёдимизга тушади, инчунун қайда «адл бунёд ўлур», ўша жойда эл «мулки обод ўлур».

Бизда эса ҳалол меҳнат қилаётган одам оч қолди, ўғри, порахўр, каззоб фаровон яшай бошлади, янгича ақида пайдо бўлди: ё одамдай ишлаб – очликдан ўласан, ё ўғирлаб – одамдай яшайсан! Ўғри, порахўр, каззоблар ҳам қачонлардир ҳалол бўлганлар. Бола бўлганлар. Шоҳнинг адолатли, оқил бўлиши халқнинг бахтидир. Қадимги юнон саркардаларидан бири Хабрийнинг айтишича: «Сардори қўй бўлган йўлбарслар қўшинидан сардори йўлбарс бўлган қўйлар қўшини кучлидир», Ҳаммамиз йўлбарс бўлсак-да, кучсиз эдик. «Маҳбуб ул-қулуб»да Ҳазрат Навоий золим шоҳни «зулм боғида май ичувчи»ларга сардор, деб атайди, яъни у бизга таниш «Қонуният»ни башорат қилгандай туюлади: халқ қашшоқлашган сари ҳокимлар маишатга берилганлар:

 
Қасрки, базм анда муҳайё бўлуб,
Зийнати фирдавс муалло бўлуб.
Пардалари риштаси эл жонидан,
Лайлию шингарфи улус қонидан.
 

Ҳақиқатан ҳам, шоҳлар қасрининг «пардалари риштаси эл жонидан», қизил «лаълию шингарфи» халқнинг қонидандир. Шоҳлар камроқ маишат қилсалар, халқ ҳам тўйиб овқат еган бўларди. Лекин биз сиёсатчилар гоҳо бошқа йўлдан боришди. Очлар кам бўлиши учун оғизлар кам бўлиши керак, очлик йўқолиши учун хотинлар туғмаслиги керак, деган қарорга келишди. Албатта, бизнинг аёллар бунга рози бўлмайди, қасдма-қасдига… Элимиз кўпайсин, Навоий Ҳазратлари ҳар бир гўдакнинг юрагида қайтадан дунёга келадилар. Биз қолмаганда ҳам Алишер Навоий қолажак. Бу таскинбахшдир.

1992 йил

«БЕШИНЧИ РУКН, БИЛГИЛ, ҲАЖИ ИСЛОМ…»

Алишер Навоий нега ҳажга бормаган?

Алишер Навоий – туркий дунё адабиётининг энг машҳур, энг буюк шоири, унинг асарлари туркий адабиётнинг энг юксак чўққиси бўлиб қолмоқда. Бобур таъриф берганидек, ҳеч ким унгача ва ундан кейин ҳам бу тилда бу қадар «кўп ва хўб» ёзмаган эди. Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон бу ҳақда шундай ёзганди: «Чиғатой адабиёти ва тилига Навоийнинг қилғон хизмати жуда улуғдир. Бу кунги янги ўзбек адабиёти ва унинг бу кунги содда шеваси, менимча, ўша Навоий шевасидан ўзга эмасдир». Чўлпон «Навоийнинг биргина ўзбек қавми адабиётида эмас, умумтурк халқи адабиётида ҳам ўзига яраша жой олғонини» таъкидлаган. Абдурауф Фитрат эса ҳазратнинг форсийдаги ижодини ҳам юксак баҳолайди, илк бор 1925 йилда чоп этилган «Навоийнинг форсий шоирлиги тўғрисида» мақоласида: «Чиғатой адабиётининг энг улуғ намоёндаси бўлган Навоийнинг форс адабиётининг ҳам эътиборлиқ кишиларидан экани маълумдир», – деб таъкидлайди ва буни тасдиқ этганлар қаторида Давлатшоҳ, Жомий, Сом Мирзо, Ҳидоят, Ҳусайн каби форс тазкирачиларини келтиради.

Навоийнинг ижодини тўла-тўкис ва бутун маҳобати билан англаш осон эмас ва бугун аён бўлмоқдаки, Навоий ижодини чуқур билиш унинг эътиқоди, иймони, тариқати ва мусулмонлигини эътироф этишсиз мумкин эмас. Навоийнинг юксак эътиқодли мусулмон эканлигини билсак, шундан келиб чиқсаккина шоир ижоди ўзининг янгича, асл моҳиятини очади.

Е.Бертельснинг: «Навоийни билиш учун унинг кутубхонасидан тўла бохабар бўлиш керак» қабилидаги фикри маълум. Зеро, Навоий осмондан лоп этиб тушган эмас, бир ухлаб, шоир бўлиб уйғонган ҳам эмас. У сув ичган булоқларни, у мутолаа қилган китобларни, у дохил бўлган тасаввуфнинг нақшбандия силсиласини, у эргашган пирларни билмасдан туриб шоирни комил англаш иложсиз.

Алишер Навоий сўз санъати бобида қайси уммонлардан баҳра олгани ҳақида бир қадар ёзилган. Бироқ назарий-фалсафий жиҳатдан Навоий суянган эътиқод, илм масаласи ҳали деярли тадқиқ этилмаган. Адабиётшунос Султонмурод Олимнинг фикрича: «Дунёқарашу мафкура маъносида Навоий таянган манбаларнинг биринчиси – Қуръони Карим, иккинчиси – Ҳадиси Шариф, учинчиси – Қуръону ҳадислардан келиб чиққан тасаввуф фалсафасидир. Тасаввуфда Навоий дохил бўлган тариқат – нақшбандия».

Навоийнинг иймон-эътиқодини назарда тутмасдан туриб унинг зоҳидона фонийликда кечган ҳаётини ва ўз шахсиятини йўқ этар даражада ёлғизликда кечирган муҳаббатини яхлит тушуниш чорасиздир.

«ТАСАВВУФ РИЗО АҲЛИДИН ЯХШИ АХЛОҚ…»

Алишер Навоий тасаввуфни шарҳлаб бир ғазал битган. Бу «Фавойид ул-кибар» девонининг 306-ғазалидир (Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 6-жилд. Тошкент, 1990, 211-212 бетлар).

 
Бировга мусаллам тариқи тасаввуф, –
Ки зотида мавжуд эмасдур тахаллуф.
 

Ҳазрат англатадиларки, тасаввуф йўлига кирган инсон ўз йўлида собит бўлади ва бунинг учун қатъият лозим.

 
Тасаввуф ризо аҳлидин яхши ахлоҳ,
Эрур истилоҳоти зебу такаллуф.
 

Ҳазрат айтадиларки, тасаввуф ризо аҳли, яъни борига қаноат қилувчилар учун гўзал ахлоқ бўлиб, унинг истилоҳлари сўфийга зеб бағишлайди.

 
Тасаввуф эмас зуҳду тақвою тоат, –
Ки анда риё йўл топар бетаваққуф.
 

Ҳазрат лутф этадиларки, тасаввуф риё енгилгина йўл топадиган зоҳидлик, ўзини кўз-кўз қилиш эмас. Зоҳидлик – таркидунёчилик, тақво – Аллоҳдангина қўрқиш, тоат-итоат билан ибодатда бўлмоқдир. Навоийнинг кўз-кўз қилинадиган зоҳидликка қарши ёзган мисраларини пеш қилиб, шўро даврида уни қарийб шайху зоҳидларга қарши бўлган «атеист шоир»га айлантирганликларини эсланг. Ҳолбуки, Навоий зуҳдда риёкорликни қоралаган, Аллоҳга бокира, бетаъма ошиқликни улуғлагандир. Комил мусулмон бўлган ҳазрат Навоий чаҳорёрлардан бири бўлган Ҳазрати Алининг ҳикматлари асосида «Назм ул-жавоҳир» тўпламида битган мисраларида шундай дейдилар: «Тоат кўпидин маърифат ози яхши». Навоий наздидаги маърифат – Аллоҳни ҳиссий билиш, ишқ орқали олам сирига етишдир. Аллоҳни тафаккур орқали билишнинг озгинаси кўр-кўрона тоатдан яхшироқдир, дейдилар ҳазратим. Кўр-кўрона тоат мутаассибликка, жаҳолатга олиб боради. Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо Жазарий «Ислом динининг жаҳолатдан каттароқ ва қўрқинчлироқ душмани йўқдир», – деганларида нақадар ҳақдирлар.

Нақшбандияда сулукка машғул бўлишни кўз-кўз қилиш кескин қораланади. Сўфий сиртдан одамлар билан бўлиши, қалбан-ботинан хилватда бўлиши лозим. Навоийнинг сулукка хосликлари борасида ул зотнинг элга қилган солиҳ ишлари-ю асарларидан ўзга фактларнинг деярли учрамаслигини ҳам буюк шоирнинг тақвоси ботинан, қалбан бўлганлигидан, ҳазратим эътиқодларини кўз-кўз қилмаганликларидан деб билиш керак.

 
Ўзни ўйла бахтиёр айлабонким,
Не қолиб тараддуд анга, не таассуф.
 

Ҳазрат лутф этадиларки, тасаввуф йўлига кирган кишида на бирор нарсанинг тараддуди, ғами бор ва на бирор дунёвий нарсага эришмай қолганликдан афсусланиш бор. Бу Баҳоваддин балогардоннинг лутфларини эслатади:

 
Ҳечи мо не-ю, ҳечи мо кам не,
Аз пайи ҳеч-ҳечи мо ғам не.
Жанда бар пўшту пушт – гўристон,
Рўзе, ки мирем мо, мотам не.
 
(Н. Комилов, «Тасаввуф», 1-китоб, 8-бет).
 
Ҳечимиз йўғу ҳечимиз кам эмас,
Ҳечимиз йўқи бизга ғам эмас.
Жанда – кафану уйимиз – гўристон,
Биз ўлган кун ҳеч мотам эмас.
 
(Таржима бизники – А.Б.)

Дунё ғамидан узилиш, балои нафсни йўқотиш ва ҳозирча юриб турган оёқ тагидаги ерни гўристон деб билиш, яъни ҳар лаҳза ўлимга тап-тайёрлик Навоий ҳам дохил бўлган сўфий аждодларимиз ахлоқидир.

Яна бир авлиёмиз (ахир айтганларки: «авлиё – худо эмас, худодан жудо эмас»), Баҳоваддиннинг иймондоши – Нажмиддин Кубро деганлар:

 
Чун нест зи ҳар чи нест жуз бод ба даст,
Чун ҳаст ба ҳар чи ҳаст нуқсону шикаст.
Пиндор, ки ҳаст ҳар чи дар олам нест,
Ангор, ки нест ҳар чи дар олам ҳаст.
 
(Н. Комилов, «Тасаввуф», 2-китоб, 186-бет)
 
Ҳар неки гўё йўқ шамол каби кўринмас зинҳор,
Ҳар неки гўё бор омонатдир, емрилар абгор.
Кўргин, ҳар нимаки оламда бор охири йўқдир,
Билгин, ҳар нимаки оламда йўқ – аслида бор, бор.
 
(Таржима бизники – А.Б.)

Бу Аллоҳни ва руҳни ҳақиқий борлиқ деб ҳисобловчи, бу кўриниб турган дунёни – ёлғон, нариги тириклар ҳали кўрмаган дунёни чин дунё билгувчи донишманд аждодларимиз тасаввуф таълимотининг муқаддас мафкурасидир. Унга кўра, бизга бор бўлиб туюлган нарсалар аслида йўқдир (йўқолгувчидир), чунки улар яралгандир ва комил эмасдир, улар ҳаракатда, ўзгаришда, демакки, охири емирилиш ва йўқолишдадир. Туғилган нарса ўлади. Кўкарган нарса қурийди. Бошланган нарса охирлайди. Ибтидоси бор нарсанинг интиҳоси ҳам бор.

Аллоҳ Биру Бордир. Унинг ибтидоси йўқдир ва шунинг учун интиҳоси ҳам йўқдир. Оми кўзига йўқ бўлиб туюладиган Аллоҳ, руҳ худди шамол кўринмагандек кўринмаса-да, аммо бордир, комилдир ва собитдир. Дарахтни шамол тебратади, аммо ўзи кўринмайди. Биз шамолни кўрмасак-да, дарахтнинг тебранганини кўриб, шамолнинг борлигига иқрор бўламиз. Аммо шамолни яратиб қўйган Аллоҳни кўрмаганимиз учун гоҳи гумроҳлик билан унинг борлигига шубҳа қиламиз. Аллоҳ, ўзинг кечиргин! Яратган буюкдир! Яратган покдир! Яратилганлар Яратганнинг қошида ожиздирлар. Аждодларимиз иймони, жумладан, Алишер Навоий эътиқоди шундан далолатдир.

Дунёда кўриниб турган, сезилиб турган, бор нарса абадий эмасдир. Кўринмаётган руҳ абадийдир. Бор йўқдир, йўқ бордир. Миллиард йиллик юлдузлар бир куни келиб бир лаҳзага ҳозиргина ёнгандек йилт этиб ўчади, қоронғуликка, йўқликка чўкади. Коинотни ўраган бўшлиқ, қоронғулик, йўқлик абадийдир. Борлиқ ўткинчидир. Йўқлик абадийдир.

Миллион йиллик тоғлар, залворли чўққилар емрилади. Улар юракларга солган салобат, виқор абадийдир. Ёнаётган гулханлар ўчади, уларнинг дилдаги тафти абадийдир. Маъшуқасига термулиб турган ошиқ ва ошиғи назаридан қизариб бораётган маъшуқа ўткинчидир, фақат улар туйган эҳтирос, улар чеккан хижолат абадийдир, қайдадир кезиб юрадир. Зеро, муҳаббатнинг манзили қалбдир, инсон ўлгач, танни қабристонга қўядилар, қалб боқийлик сари кетадир…

Ҳамма яратилганлар фонийдир. Яратган боқийдир. Бу ўзини фано аҳли деб билган, ҳатто форсий ғазалларига «Фоний» тахаллусини қўйган Алишер Навоий эътиқодидир. Шайх ал-Колободий истилоҳ этадилаки: «Фано – бу барча насибалардан (лаззатлардан) узилишдир. Ҳақ унинг барча тасарруфини эгаллаб олади ва фақат Аллоҳ ишқи билан чегараланиб қолади. Унинг барча омиллари Аллоҳга топширилиб, бошқа барча лаззатли нарсалардан тийилиб қолади. Бу исматдир. Бунинг маъноси Аллоҳнинг: «Мен унинг қулоғи ва кўзи бўламан», деган сўзидир. Бунда киши ўзи фикр қилган Аллоҳга овора бўлиб, бошқа нарсалардан фоний бўлади ва ундан нарсаларни яхши ёки ёмон деб ажратиш хусусияти кетади. Омир ибн Абдуллоҳнинг: «Мен аёл кишини кўрдимми ёки деворни кўрдимми, фарқига бормай қолдим», деганларидек». Навоийнинг оила қурмаганлиги, уйланмаганлигининг сабаби шунда ойдинлашади.

Ҳусайн Бойқаро Навоийнинг ёлғизликлари борасида лутф этиб айтганларки: «Бул ҳазрат дунёга келиб ҳаёт ҳирқасини кийганларидан буён этакларига шаҳват чиркини теккизмаганлар, футувват ва жўмардлик ёқаси лаъли тугмасини хотинлар ҳавою ҳавасига тутқазмаганлар».

Ҳазрат Мир Алишер Навоийга бир буюк ва хокисор мусулмонлиги нуқтаи назаридан қаралгандагина ул зотнинг салоҳиятини туймоқ мумкин. Аллоҳ қулоғи ва кўзига айланмоғини орзу этган Навоий нафсни енгиш, дунё орзуларидан ва насибаларидан кечиш, ўз вужудини маҳв этиб, Аллоҳга етишишни ниятлаганди (бу йўл нақадар машаққатли эканини ўртаниб тушунамизмикин):

 
Қилиб Ҳақ вужудида маҳв ўз вужудин,
Навоий, муни бил тариқи тасаввуф.
 

Солик мусулмон Навоий орзу этганидек фоний бўлмоқ учун ўзлигидан кечмаса бўлмас. Дарҳақиқат, Навоий «Бадойиъ ул-васат» девонидаги 304-ғазалда ўзликни фано йўлидаги оғир юк деб таъриф этадилар:

 
Солмай ўзлук нақдин ўздин тутмагил дашти фано, –
Ким оғир юклукка бу йўлда етар бисёр хавф…
 

Ҳазрат «Наводир уш-шабоб» девонининг 374-ғазалида ҳам фақирликдан фахр этиб, ўз орзуларидан кечиб, енгил бўлишни орзулаб «Фақр водийсиға кирган ташласун ўзлук юкин», – деб таъкидлайдилар.

«БУ ОҲАНГ ИЛА БЎЛҒАСЕН НАҚШБАНД, НАВОИЙ…»

Дини ислом ва нақшбандия тариқати ғоялари Алишер Навоий ҳаёти ва ижодиётининг моҳиятини ташкил этади ва бу моҳиятни асарлардаги ошкора айтилган ўринлардангина қидириш шарт эмас, бу моҳият барча асарларнинг замирига сингигандир. Тасаввуфий нуқтаи назарларида Навоий аксарият ҳолларда бевосита нақшбандия тариқати мақомида юз кўрсатади.

Ҳамма девон ва достонларининг ибтидосини Аллоҳ мадҳи билан бошлаган Навоий «Ғаройиб ус-сиғар» девонини ҳам Аллоҳга ҳамд айтиб бошлайди, илк қитъасидаёқ фано мақоми масаласини кўндаланг қўяди:

 
Фонийи мутлақ ўлмайин солик,
Анга йўқтур умиди мақсади кулл.
Ҳора туфроққа сингмаган қатра,
Андин имкони йўқ очилмоқ гул.
 

Демакки, фонийи мутлақ бўлмасдан туриб, яъни ўзлукдин, ўз насиба-ю лаззатларидан, барча дунёвий мақсудларидан, жумладан, оила қуриш истагидан ҳам кечмасдан туриб, сув сингари эриб тупроққа сингимасдан туриб Аллоҳ жамолига етишиш имконсиздир. Буни ҳазратим «озодалик» деб атайдилар, яъни инсон дунёда яшайди, аммо унинг асири эмасдир.

«Ғаройиб ус-сиғарнинг еттинчи қитъасида Навоий «нақшбандия тариқининг «ифшоси ва адоси»ни баён этади. Унинг наздида бу йўл – «қаноат тариқи»дир:

 
Қаноат тариқиға кир, эй кўнгул, –
Ки хатм ўлғай ойини иззат санга.
 

Навоийга кўра, еру кўкка шоҳ бўлмоқ истасанг, қаноат сенга – тахт, иззат – тож бўлади, шоҳликнинг зарбоф тўни – «фано шуъласи» билан жисмни беркитмоқдир. Пок сўзинг ва Аллоҳ йўлида тўккан қон ёшинг «дуру лаълдан зебу зийнат»ингдир.

Бизга бугун маълумки, нақшбандия тариқатининг «халват дар анжуман», «сафар дар ватан», «назар бар қадам», «хуш дар нафас» сингари қоидалари мавжуд. Навоий бу қоидаларни баён этади. Аллоҳ дарди билан бўлишим ошкор бўлмасин десанг, анжуман ичра хилват қил:

 
Десанг хилватим анжуман бўлмасун,
Керак анжуман ичра хилват санга.
 

Агар сафар қилиш машаққатли бўлса, марҳабо, ватанда сокин ўлароқ сайр айла:

 
Ватан ичра сокин бўлуб сойир айла,
Сафардин агар бўлса меҳнат санга.
 

Агар йўлда бўлсанг, ҳар бир қадамингга назар сол, ўзингдан хабардор бўл:

 
Назарни қадамдин йироқ солмагил,
Бу йўл азми гар бўлса рағбат санга.
 

Ва ниҳоят, Мир Алишер Навоий қитъа интиҳосида ўзининг нақшбандия тариқатига дохиллигини ва умидворлигини очиқ айтади:

 
Бу оҳанг ила бўлғасен нақшбанд,
Навоий, агар етса навбат санга.
 

«НЕКИМ ФАРЗ ЎЛДИ БЎЙНИНГДА АДО ҚИЛ…»

Умрини тоат-ибодатда ўтказган Навоий учун энг асосийси халқ тинчлиги, Хуросон осойишталиги эди. Бу борада вазият қандай бўлмасин, Навоий юрт ободлиги, давлат тараққиёти ва эл фаровонлиги учун ҳар ишга, жумладан, шахсий орзу-армонларидан-да кечишга тайёр эди. Юрт шоҳи – болаликдаги дўсти, Хуросону Мовароуннаҳр – ота Ватани эди. Шу заминда туғилган, шу юртда тили чиққан, илму маърифатга шул давру давронда ихлос қўйган, умри бебақосини шу табаррук заминда эл бахти, саодати ва осойиши учун ўтказарди. Ҳатто отасидан қолган мол-мулкини, ўзи топган жамики бойликларини ҳам халқ учун сарфлар, юртда уч юздан ортиқ иншоот барпо эттирган эди.

Навоийнинг «Муножот», «Арбаин» асарлари тасаввуфона битиклардир. «Хамса»нинг ҳар бир достони муқаддимасида Аллоҳга муножот бор, яъниким ҳазрат достонларни яратишдан, баён этишдан олдин Аллоҳдан мадад ва раҳм умидвор бўлардилар.

Ана шундай иймони комил, эътиқоди мустаҳкам Мир Алишер Навоий ҳазратларининг энг катта армонлари Макка ва Мадина шаҳарларини тавоф этиш, ҳаж ибодатини амалга ошириш эди.

Албатта, ҳажга меҳнат ила топилган маблағ ҳисобидан бориш жоиздир. 1992 йилда камина хизмат сафари ила Ҳурия, Индонезия ва Малайзияда бўлдим. Куала Лумпурда бир антиқа «Мерседес» минган «киракаш»ни учратдим. Мустафо исмли бу йигит мени шаҳар айлантирди. Йўл-йўлакай билдимки, унинг яна бешта машинаси, жумладан, «Жип»и бор, унда овга чиқади. Унинг ўз меҳмонхонаси ва йигирма киши ишлайдиган ресторани ҳам бор экан. Мен ундан: «Нега шунча мол-мулкингиз бўла туриб, киракашлик қилиб юрибсиз?» – деб сўрадим. Маълум бўлдики, у ҳажга бориш ниятида экан ва бунинг учун банкда рақам очиш жоиз экан. У ўн йил давомида шу рақамга ойма-ой пул ўтказиб борар экан, кейин ҳажга рухсат тегар эмиш. У ўзи бевосита тер тўкиб топадиган пулидан шу ҳисобга ўтказар экан. Унинг ҳаж сармоясида менинг ҳам бир-икки тангам тушиши учун эътирозига қарамай уни рози қилдим.

Алишер Навоий замонидаги мўмин-мусулмонлик истилоҳлари шу тахлит анчайин мукаммал эди. Зеро ҳаж масаласида ҳам фарзни адо этиш қатъий қўйилганди. Зеро, ислом динида фарз бўлган амал ва ибодатнинг бешинчиси зулҳижжа ойида Маккаи Мукаррамага бориб ҳаж қилмоқдир. Оқил ва болиғ, жисми саломат бўлиб, Маккаи Мукаррамага бориб қайтгунча йўл харажати ва ҳам бориб келгунича уйида оила аъзоларининг нафақаларига кифоя қилгулик маблағи бўлган бой одамга ҳаж дарҳол фарздир. Девона кишига, вояга етмаган болага, фақир кишига (Маккаи Мукаррама яқинида бўлган кишида йўл харажати шарт эмас, шунинг учун у ердаги фақирлар бой мақомидадир ва ҳаж фарздир), бетоб кишига (то соғайгунча) ва кўр кишига ҳаж қилиш фарз бўлмас. Йўлнинг хавфсизлиги ҳажнинг шартидир. Ёлғиз аёлга ҳаж фарз эмас, эри ёки маҳрам қариндоши билан бориши фарздир. Йўл хавфсиз ва эминлик борида ҳаж учун соғлиғи, ҳажга етарли бойлиги бўлган киши уни кейинга, кейинги йилларга суриши жоиз эмас. Зеро, ҳеч кимнинг нафақат кейинги йилгача, балким кейинги ойгача, эртанги кунгача ва ҳатто кейинги лаҳзагача омон қолишига кафолат йўқдир. Илло, Бадр жангининг ғозийси, Исломнинг буюк фақиҳи, Пайғамбаримизнинг муборак қўлларини тутиш бахтига муяссар бўлган саҳобаларидан Муоз ибн Жабал: «Ҳар намозингни охирги марта адо этаётгандай, ҳаёт билан видолашаётгандай сидқ ила адо эт, зеро, кейинги намозгача ҳаётлигингга кафолат йўқдир», – деганлар. Бойлиги бўлса-ю ўзи заиф бўлса, бошқа бир соғ кишини ҳажга юбортириши лозим ва модомики, кейин соғайса, яна бўйнида ҳаж фарз бўлади. Навоий замонида масала шу тариқа кўндаланг турган ва ҳозир ҳам то Қиёмат кунигача ҳаж дини исломнинг фарзидир.

Табиийки, ҳажни ихтиёр этган Алишер Навоий ҳазратлари дини исломнинг бешинчи шарти бўлган ҳаж қонун-қоидаларини тўлиқ ва тўкис билганликлари шубҳасиздир. Жумладан, «Сирож ул-муслимин» асарида ҳазратим шариат аҳкомларини назмда баён этадилар. Асарда, жумладан, ҳаж борасида ёзганлар:

 
Бешинчи рукн, билгил, ҳажи ислом,
Чу фарз ўлди, адоси келди ноком.
Вале фарзиятида шартлар бор,
Қулоқ тутким, қилай борини изҳор.
Биров улким, иститоат бўлса мавжуд,
Анга тегурки, қилдинг ани мақсуд.
Яна бир шарт йўл амнияти бил,
Бу чун мавжуд ўлур ҳаж нияти қил.
Яна гар дайн йўқ бўйнингда лозим,
Санга бўлмоқ бўлур бу йўлға озим.
Яна гар йўқ аёлингдан маунат
Ки, ул кўргай маош учун суҳбат.
Яна гар бермади жисмингда сонеъ,
Мараз андоқки, бўлғай йўлга монеъ.
Бу маҳзурат гар йўқ тебра филҳол,
Ўзунгни дўст куйи тавқиға сол.
Неким фарз ўлди бўйнингда адо қил,
Етиб мақсадға комингни раво қил.
 

Хуллас, ҳаж зиёратига отланиш учун, Мир Алишер Навоий зикр этганлари сингари маблағ, соғлиқ ва хавфсизлик чоралари ҳам таъмин этилган эди. Бироқ Мир Алишер Навоий Макка ва Мадина зиёратига бора олмадилар.

Биринчи гал – 1498 йил ёзида Бадиуззамон ўз отаси Ҳусайн Бойқаронинг сиёсатига қарши исён бошлади. Айни ҳаж тадоригини кўраётган Навоий салтанатда осойишталикка путур етаётганини, бу халқнинг бошига офатлар келтиришини сезгани ҳолда сафарни ортга сурди ва шаҳзода Бадиуззамон ёнига элчи бўлиб борди. У «Муншаот»ида келтирилган Бадиуззамонга ёзган мактубида аввал ўзини «фақири хокисор» ва «хокиваши беэътибор» деб таништиради, «давлатлиғ эшик олдида туфроғдек» тушганлигини айтиб, «ажал сарсари туфроғимни бўсағадан совурғай ва ўлим сайли хошокимни бу эшикдан сурғай» деб юкинади. Навоий қайда-ю, тахт талашган шаҳзода қайда, аммо ҳазрат исённи бостириш учун шаҳзоданинг остонасида хазон бўлишга тайёр туради. Истиҳоладан сўнг қатъият кўрсатади: «Ҳосил, шаввол ойининг йигирма олтисида душанба куни ижозат бўлиб, Марвдин Астрободга азимат иттифоқи тушди. Эмди, агарчи сизга ҳеч ишда насиҳатға ҳеч эҳтиёж билмасмиз, ва лекин бир-икки сўз айтурдин ҳам чорамиз йўқдур. Оламда ҳаргиз дўстлуқ киши душмансиз бўлмайдур ва аҳбоблиқ одами аъдосиз топилмайдур». Навоий дипломатиясининг тили қанчалар нафис! Ота-бола бўлган шоҳ ва шаҳзодани минг бир елиб-югуриб сулҳга кўндирди-ю, кўнгли осойиш топди. Аммо ҳаж мавсуми ўтиб бўлган эди.

Иккинчи гал – 1499 йилнинг декабрида шоҳ Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийнинг ҳажга боришига ижозат берди, оқ йўл тилади ва ҳатто махсус фармони олийни имзолади: «Эмди анинг (ҳазрат Алишер Навоийнинг) талабларини беижобат қолдирмоқ имкони йўқлиғидин ва ул зотга мамнунлик ато этмоқ нияти ила ва ул ўша бахтдин (Макка, Мадинани тавоф этиш ва ҳаж зиёратига бориш бахтидин) баҳра топиб тезроқ қайтмоқни ихтиёр этсин учун биз муддат тайин этдик. Арши аълодан тилагимиз шулким, ул зот соғу саломат ва саодатмандлик ила ўз муддаосига етсин ва тез фурсатлар ичида дағи сарой машваратларида дийдор кўрсатсин – бари бу илтижоларимиз мурувваткор эгамнинг шафоатидан дариғ қолмагай!»

Ниҳоят, бир неча бор кечиктирилган ҳаж сафарига Ҳусайн Бойқаро ижозат берди. 1499 йилнинг декабрида шоҳ дўсти Алишер Навоийнинг ҳажга бориб-келиши билан боғлиқ фармон чиқарди. Фармонда Мовароуннаҳр ва Туркистондан токи Қашқар ва Кобулистон ва ҳатто, Ҳиндистонгача бўлган ёндош сарҳад-ҳудудларда ҳазратнинг хавфсизлиги таъмин этилажаги уқтириб ўтилган эди.

Ҳазрат Мир Алишер Навоий фармон чиққаниданоқ зиёратга тайёргарлик кўра бошлади. У армон бўлиб келаётган сафар шу гал амалга ошишига ишонарди. Аммо халқ орасида: «Навоий ҳазратлари бу гал ҳам ҳажга бора олмас эмишлар», – деган шов-шувлар тарқалди. Хўш, қандай вазият юзага келганки, буюк мутафаккир шоир подшоҳ фармони чиққанидан кейин ҳам ҳажга бора олмаган? Нима учун?

Ҳусайн Бойқаронинг фармони олийсида шу сингари олийжаноб ниятлар билдирилган эса-да, салтанатда исён учқунлари алангалаб кетган эди. Бу сафар Ҳусайн Бойқаронинг яна бир ўғли – Абулмуҳсин отасига қарши ғалаён кўтарди. Навоий бундай талотўплар ўз мол-мулкига дахлсизлигини сезса-да (ҳазратнинг шоҳ баробарида шаҳзодалар олдида ҳам мартабаси улкан эди, улар Навоийнинг ҳурмат-иззатини билардилар ҳамда, ҳатто, Хуросон сарҳадларидаги ўғри ва қароқчилар ҳам Навоийга қарашли мол-мулкка кўз олайтиришга журъат этмасди), салтанат осойишталиги ва юрт фаровонлигига рахна солинганда кўнгли хотиржам ҳажга кетолмасди. Шу боис, Мир Алишер Навоий бу гал ҳам ота-болалар ўртасидаги адоватни тинчитишга киришдилар – Марв ва Сарахсга йўл олдилар. Исён алангасини ўчириб Ҳиротга қайтганларида яна ҳаж мавсуми ўтиб кетган эди.

Амалга ошмай қолган ниятлари учун каффорат сифатида Алишер Навоий Ҳиротдаги Ансорий қабристонида элу юртга эҳсон бердилар. Ансорий қабристони нафақат Ҳирот аҳлининг, балким Хуросон ва Мовароуннаҳр мусулмонларининг муборак қадамжоларидан эди. Алишер Навоий «Ҳайрат ул-аброр» достонида Ансорий зиёратгоҳи ҳақида шундай ёзганлар: «Улки қибла дер аҳли Ҳирот, Аҳли Ҳирот дема, бари коинот». Ҳажга бориш истагини яна амалга оширолмаган Навоий Аллоҳ ризоси учун ана шу қабристонда ўзи ёзгани каби «жарубкашлик» (супурувчилик, фаррошлик) қилди ва тоат-ибодат билан машғул бўлди. Бугун бир супурги тутган Навоийни кўз олдигизга келтиринг! Аммо ўша замон эътиқоди ва Навоий иймони учун бу фақирлик ва Аллоҳ йўлидаги фанолик қанчалар табиий эди. Муаррих Умид Бекмуҳаммаднинг ёзишича, ҳазратнинг бу тахлит салтанат сиёсатидан четланишдан норизо бўлган Ҳусайн Бойқарога Навоий: «Мен мундин сўнг дарвешлик ва гўшанишинлик бодасида истиқомат қилишни ихтиёр этдим», деб ёзганди.

Учинчи гал – 1500 йилнинг июль ойларида Навоий подшоҳдан яна ҳаж зиёратига бориш учун ижозат олади ва ҳаж тадоригини кўришга киришади. Аммо бу гал энди Астрободдан нохуш хабарлар кела бошлайди – Ҳусайн Бойқаронинг Муҳаммад Ҳусайн мирзо исмли ўғли исён кўтаради. Бойқаро бу исённи бостириш учун ўғли устига қўшин тортиб кетаётганида шоҳнинг яна бир ўғли – Бадиуззамон Ҳирот устига қўшин тортиб кела бошлайди. Бир йил уруш бўлган ердан қирқ йил барака кетади, дейдилар. Ота-болаларнинг тахт талашишлари халқни қонга ботириши, қанчадан-қанча навқирон йигитларнинг ўлимига, бева-бечораларнинг қайғусига сабаб бўлиши, ўлим ва офатлар, очарчиликлар келтириши тайин эди. Водариғ, яна Алишер Навоий ҳазратлари ҳажга бора олмадилар. Уйини тинчитмаган одамга ҳаж жоиз эмас, дейдилар. Навоий наздида унинг уйи – бутун Хуросон ва Мовароуннаҳр эди. Кўнгил фақат Аллоҳ зикри учун эди. Хуросондаги ғалаёнлар шоирнинг кўнглини қанчалар вайрон этди. Яна Навоий сулҳпарварлик дипломатиясига киришдилар: «Пайғамбар буюрибтурким, тангри таоло ризоси ота ризосига вобастадур ва тангри таоло ғазаби ҳам ота ғазабига вобастадур. Бас, киши ота ғазабига учраса, тангри таоло ғазабига учрамиш бўлғай». Шу тахлит яна тинчликка эришилди. Алалхусус, Навоий наздида нотинч юртни обод қилиш, эл кўнглини тинчлантириш ибодатдан аввалроқ ва афзалроқ эди, балким энг зарур ибодат эди:

 
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай…
 

Нафис лутфли олим Иброҳим Ғафуровнинг фикрича: «Подшоҳ ва унинг фарзандлари ўртасидаги тортишув ва жангу жадаллар Навоийни оғир изтиробларга солган, айтиш мумкинки, унинг умрини қисқартирган ва ҳаёт шаъмининг эрта сўнишига олиб келган сабаблардан эди». Дарҳақиқат, Мир Алишер Навоий ҳазратлари салтанат тинчлиги, эл-улус фаровонлигини ўйлаб, уч маротаба ҳам ҳаж зиёратига бора олмадилар. 1501 йилга келиб эса, ул зот элу юрт ғамида кексайиб қолдилар, қон босимлари ошиб кетиш асорати сабаб, ҳажга бориш умидини уздилар:

 
Навоий, Каъба зикрин қўйки, биз дайри фано истаб,
Зоҳатно водиял – мақсад, вождано моҳуван – мақсуд…
 

Ўз-ўзидан қониқмаслик, комилликка интилиш мусулмонликка хосдир. Абу Ҳасан Ҳарақоний айтганлар: «Умримга қараб етмиш уч йиллик ибодатларимнинг ҳаммасини бир соатлик қисқа кўрдим, гуноҳларимга боқиб Нуҳ алайҳиссаломнинг умридай узун кўрдим». Алишер Навоий ҳам ҳажга боролмаганликларидан ўкиниб, ўтган умрларига назар солиб лутф этадилар: «Аллоҳ-Аллоҳ, ул дурур шармандалиқ, Ёдима келса бу янглиғ бандалиқ». Ул ҳазратнинг ишқлари пок эди ва бу ишқ ўлимни енгади, шоирни абадиятга дохил қилади: «Ишқ сени қилса, Навоий ҳалок, Пок эса ул ишқ, ўлумдин не бок?»

Навоий аҳли илм эдилар. Ҳасан Басрий лутф этганларки: «Олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади. Шунда олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қонидан оғир келади». Ҳазрат Навоий зулмга қарши турдилар. Абу Лайс Самарқандий кўп илм ўрганганлар, китоб кўрганлар ва: «Гуноҳларнинг зулмдан-да каттароғи йўқдир», – деганлар. Алишер Навоийнинг ибодатлари – адолат эди ва садақалари – ҳақиқат эди. Ҳусайн Воиз Кошифий айтганлари каби: «Ҳақгўйлик охират кунида нажотдир». Алишер Навоий ҳазратларига ҳаж зиёрати насиб этмаган экан, илло, ул зотнинг ўзбек элига, миллий давлатчилигимизга ва адабиётимизга қилган хизматлари ўзи беқиёс савоб ва ибодат эди.

2005 йил

СЕНЕКА: «ЭНГ ОЛИЙ ҲОКИМИЯТ – ЎЗИНГНИ ЖАМЛАБ БОШҚАРИШДИР…»

Сенека – икки минг йил олдин яшаб ўтган римлик файласуф, шоир ва давлат арбоби. У бўлғуси император Неронни болалигидан тарбиялаган ва йиллар ўтиб унинг буйруғи билан ўлимга ҳукм этилган. У Кордуба (ҳозирги Кордова) шаҳрида туғилган ва болалигидаёқ Римга кўчиб ўтган. Ёшлигидаёқ фалсафага қизиққан ва Пифагор издоши Сотиондан, Аттал, Секстий, Нигер, Папирий Фабиандан сабоқ олган. Дардга чалингач, анча вақт Мисрга кетади ва илм билан шуғулланади.

33 ёшида император Тиберий даврида квестор бўлади ва Калигула ҳокимиятга келгач, 37 ёшида машҳур нотиқ ва шоирга айланади ҳамда сенат сафига киради. Унинг жамиятга таъсири шу қадар юксаладики, қўрқиб кетган император уни ўлдиришга қарор қилади, бироқ муҳиблари ҳаётини сақлаб қолишга кўндирадилар. Ақлли одам кун кўриши қийин, албатта. Ҳокимиятга келган Клавдий уни 41 ёшида етти йилга Корсикага сургун қилиб юборади. Клавдийнинг хотини Агриппина 49 ёшли файласуфни сургундан қайтишига ва ёш гўдагининг – бўлғуси император Нероннинг тарбиясига жалб этади.

Сенека 54 ёшга кирганда Клавдий заҳарлаб ўлдирилади ва ўн олти ёшли Нерон ҳокимиятга келади – давлатни эса унинг маслаҳатчилари Сенека ва Секст Афраний Бурр бошқарадилар. Сенека амалда Рим сиёсатини белгилайдиган мавқега эришади ва унинг бойлиги мислсиз даражага етади. Отасини заҳарлаб тахтга келган Нерон устози Сенекани ва Буррни ўз онасини ўлдиришга жалб этади. 62 ёшида Сенека ўзининг бор мол-мулкини императорга ҳавола этади ва узлатга чекинади. Файласуфнинг дарвишона ҳаётига қарамай, сиёсатга улкан таъсирини, амалда унга мухолиф эканини англаган Нерон устози Сенекани ўлимга ҳукм қилади ва устозни қатл этганлик айбидан қўрқиб, ўз ҳукмида қандай ўлиш йўлини танлашни файласуфнинг ўзига юклайди.

Севикли ёри ҳам у билан бирга ўлишга қарор қилади. Эр-хотин ўз билак томирларини кесадилар. Аёлининг қони жўшиб оқади, аммо кекса Сенеканинг қуюқ қони секин чиқарди. Қон чиқиб кетсин деб у ўз оёқ томирларини ҳам кесади. Барибир ўлавермайди. Дўсти Стаций Аннейдан заҳар келтиришни сўрайди ва ичади. Совиётган танага заҳар ҳам тарқалмайди ва таъсир қилолмайди. Қонни ва заҳарни баданга тарқалиши учун иссиқ сувга кириб, ўз қўлларига сув сачратиб, жилмайиб ўлади.

Сенека «Марций марсияси» (Ad Marciam, De consolatione), «Ғазаб ҳақида» (De Ira), «Гельвия марсияси» (Ad Helviam matrem, De consolatione), «Полибий марсияси» (De Consolatione ad Polybium), «Ҳаётнинг ўткинчилиги» (De Brevitate Vitae), «Фароғат» (De Otio), «Қалб ҳаловати» (De tranquillitate animi), «Башорат» (De Providentia), «Донишмандлик қатъияти» (De Constantia Sapientis), «Ҳаёт осудалиги» (De vita beata) фалсафий асарларини, «Клавдий апологияси», «Агамемнон», «Телба Геркулес», «Медея», «Федра», «Фиест», «Финикийлар», «Эдип», «Геркулес Этада» каби трагедияларни, қатор эпиграммаларни ёзган.

Унинг энг машҳур асари «Луцилийга мактублар» асаридир. 124 мактубдан иборат асар ҳаётнинг ҳамма томонларини қамраб олади. Унинг ҳикматлари осон бўлмаган бу дунё ҳаётини англашга ва яшашга куч беради:

«Яратган дилдадир, унга жой берган қалб қўрқмас, шафиқ, юксак қалбдир».

«Биз жонивор эмасмиз, ҳайвон каби боқувчининг кетидан кетмаслигимиз керак, қалбимиз буюрган томон боришимиз лозим».

«Яратган бизга синов учун қийинчиликларни беради, чунки кема тўфонда синалади, ботир жангда намоён бўлади».

«Ҳар бир ишда мақсадингга қара ва бошқа нарсага чалғима».

«Одамлар билан Худо кўриб тургандай муомала қил, Худога илтижо қиларкансан, одамлар кўриб тургандай сўзла».

«Чўп қошиқда овқатни кумуш қошиқ билан егандай виқор туйган инсон буюкдир, аммо кумуш қошиқда овқат еб, худди чўп қошиқда еб тургандай камтар билган инсон ундан-да буюкдир».

«Азобимиз, кулфатимиз, ташвишимиз ташқаридан келмайди: улар ичимизда, она қорнидаёқ биргадир».

Сенеканинг бу каби ҳикматлари кўпминг йилликлар синовидан ўтиб келмоқдадир.

ЗАМОНАВИЙ АДАБИЁТ

РАУФ ПАРФИ: «МЕН КУЙИНИБ СЎЗЛАЙМАН, ХОЛОС…»

ХХ аср туркий адабиётда ва хусусан ўзбек адабиётида соҳир шеърият соҳиби Рауф Парфининг ҳеч ким дахл қила олмайдиган ўз ўрни бор. Ҳақиқий шоирнинг абадий шеърияти ХХ асрнинг 70-йилларидан бугунги кунгача адабий жараённинг қоқ марказида бўлиб келди ва шундай бўлиб қолиши муқаррар. Ўзбек сўз санъатининг кейинги ярим асрини Рауф Парфи ижодисиз тасаввур этиш асло мумкин эмас.

Рауф Парфи шеъриятининг бош мавзуи – бу Инсон, Ватан, Туркистон, туркий дунёнинг воҳидлиги. Шоир бир умр ўзининг жонбахш мавзуларига содиқ, эътиқодига собит умргузаронлик қилди. Мўмин банда эди – бевафоларга ҳам вафо қилди, фақат иймонини сотмади. У ХХ аср одамининг беҳад кескин фожеъ руҳиятини муқаддас туркий тилда ифодалашга қарор этган ва муродига етган жасоратли шоирдир.

«ВИДО ТАБАССУМЛИ ОЛАМ, ЁШЛИГИМ..»

Рауф Парфи Ўзтурк асли насаби фарғоналик (Водилдан) бўлиб, 1943 йилнинг 27 сентябрида Тошкент вилояти, Янгийўл тумани Шўралисой қишлоғида Парфи Муҳаммад Амин (1893–1955) ва Сакина Исабек (1913–1995) оиласида дунёга келди. Бошланғич ва ўрта таълимни «Шарқ юлдузи» (1–7-синфлар), Шўралисой (53-мактаб, 8–9-синфлар), Янгийўл шаҳридаги Алишер Навоий (10–11-синфлар, кечки) мактабларида олди. 1960–1965 йилларда Тошкент Давлат Дорилфунунининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиди.

Рауф Парфининг аждодлари Туркистоннинг маърифатли ойдинларидан эдилар. Отаси Парфи Муҳаммад Аминнинг ҳам эскича, ҳам янгича маълумоти бўлиб, форс-тожик, усмонли туркча ва рус тилларини яхши билган. Рус босқинига қадар, ундан кейин ҳам бир муддат турли маҳкамаларда таржимонлик-тилмочлик қилган. Кейинроқ большевизмнинг қонли қатағонидан жон сақлаш учун умрининг охиригача барча ҳужжатларда ўзини «саводсиз», деб ёздирган.

Рауф Парфининг туғилган йили ва исми турли ҳужжатларда турлича ёзилган. Биргина ишончли ҳужжат яқингача жамоа раиси Ҳамроқул Турсунқуловнинг котиби Ҳамид Азимбоевнинг уйида сақланган катта хўжалик дафтари бўлиб, унда «Турсунали Парпибой ўғли Мадаминов 1943 йил 27 сентябрда туғилган» деб ёзилган. Гарчи, отаси ёлғиз ўғлига Абдурауф деб исм қўйган эса-да, қариндош-уруғлар, шу бола ўлмасин, турсин деб, Аллоҳдан сўраб, ирим қилишиб Турсун Али отини қўйганлар. Худди шу маънода бошида икки кокил ҳам ўстириб, бирини Ўшпиримга, бирини Шоҳимардон пиримга бағишлаганлар (Исломий, Шомоний).

1945 йили Парфи Муҳаммад Амин оиласининг бошида алғов-далғов можаролар кўп бўлиб ўтади. Бу можароларга ота-онасининг келиб чиқиши бойлардан бўлганлиги асосий сабаб бўлади. Парфининг отаси – Муҳаммад Амин, унинг отаси Муҳаммад Сиддиқ Норқучоқ, унинг отаси Муҳаммад Расул Фарғоний, унинг отаси Муҳаммад Раҳим Фарғоний… Ота томондан момоси Жосият биби, унинг онаси Хосият биби, унинг онаси Марям биби. Катта бобоси Муҳаммад Расул Фарғоний Доғистонга Имом Шомил қўшинига ёрдамга бораётган туркистонлик мужоҳидлар билан чор босқинига қарши жангга кетган экан. Доғис тондан туркийча сўзлашадиган Марям деган қизни олиб келиб, тўй қилиб уйланган экан… Она томондан бобоси Исабек, унинг отаси Мусабек. Унинг отаси Толиббек, унинг отаси Олимбек… Она томондан момоси Қумринисо, унинг онаси Чаман бека… Онасининг катта момоси Ҳувайдо пиримнинг набираси бўлган.

Урушдан кейинги илик қуриган йиллар. Ўша пайтда «Бирлашув» жамоа хўжалигида отаси боғбон, онаси пиллакор бўлиб ишлайдилар. Отаси мусаллас қилиб, ўрислардан буғдойга, карислардан гуручга алмаштириб, очарчиликдан оиласини сақлаб қолади. 1947 йили ота-онаси билан Водил, Шоҳимардон, Жалолободга боради. Кейин Ўшга ўтишади. Ўшпиримга бағишланган кокилини 1948 йили олдиради. Биринчи синфга боради.

1950 йили иккинчи синфга ўтади. Дарсликлардан ташқари бадиий китобларни чанқоқлик билан ўқий бошлайди. Ота-онаси билан Шоҳимардонга боради. Шоҳимардон пиримга бағишланган иккинчи кокилини олдиради…

Рауф Парфи Ўзтурк 1953 йилдан эътиборан биринчи устози (отасининг дўсти) шоир Абдураҳмон Водилий тарбиясида бўлади. 5 март куни илк шеърини ёзади. У Сталин вафотига бағишланган «Энди қандай яшаймиз?!» деган марсия эди. Илк шеърини инсоният тарихидаги энг золим шахсга бағишлаган шоир кейинчалик зўравонликка қарши курашчи, инсон ҳуқуқлари ва эркининг ҳимоячиси бўлиб етишди.

Ёш Абдурауф мактаб кутубхонасида мавжуд бўлган ўзбек халқ достонларининг ҳаммасини ўқиб чиқади. Аммаси Хосиятбибидан (эртакчи) халқ достонларини ёзиб ола бошлайди.

1958 йили «Янгийўл» туман газетасида биринчи шеъри босилади. Кечки мактаб таҳсилини тугатгач, 1960 йили ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)га ўқишга киради. Талабалик давриданоқ жаҳон классикасини – Блок, Такубоку шеърларини таржима қилади. «Турк дунёси адабиёти» курсини ўқитишни таклиф қилади; ўзи дўстлари учун «Турк дунёси шеърияти» дастурини ёзади. Талабалик йиллари Р.Парфи ҳикоялар ёзади. Леся Украинка шеърларини таржима қилади. 1962 йили Нозим Ҳикмат шеърлари билан (София нашри) танишади. Унинг шеърларини, «Инсон манзаралари» шеърий эпопеясини таржима қила бошлайди.

1965 йилдаёқ ҳаёт ва абадият йўлидаги ўз эътиқодини баён этиб ёзганди: «Ҳаёт – жуда оддий, гўё бир бош узумни еб битирмак каби гап, умрнинг шоҳ томирини шарт кесмак каби мураккаб, биласанки, сўнгги соат бор, биласанки, сенда абадият каби яшамакка қаноат бор, тириклик меваси – Мен ва Сен, айтмакчиманки, онамнинг қошида бўлай доим, айтмакчиманки, гуллар ўссин, айтмакчиманки, Туркистоним бир бутун бўлсин, дўстларимдан мактублар олайин, жирканаман аслини йўқотган олтиндан, олмосдан, сотилган хотиндан, пулга чайиб олинган нафасдан…»

«СЎЗНИНГ ГУЛХАНИДА РУҲИМ ИСИНДИ…»

Рауф Парфи қўлига қалам тутган аснолардан эътиборан шеър унинг учун қисматга, бир умрлик тақдирга айланган эди. Адабиётшунос Н.Раҳимжоновнинг фикрича: «Аслида, Ўзбекнинг шоири бўлиш ниҳоятда масъулиятли. Ва лекин, ниҳоятда шарафли. Боиси, ўзбек чақалоқларининг қулоғига айтилган азон ҳам шеърдир. Ҳатто яқинларини, қариндош-уруғларини сўнгги манзилга ҳам йиғи-йўқловлар, марсиялар айтиб кузатади». Рауф Парфининг наздидаги шоир «жафокаш шу хилқат аро қора қаламга ҳамнишин тутинган», ғамгусор ва мотамсаро фикр сочаётган» инсондир, норизо одамдир. Аммо унинг норизолиги аввало ўзига қаратилган. Инсоннинг «қафас ичра уйғонган наво», «тошлоқларда қон ютган лола» сингари иложсизлиги, «ҳавоси сўриб олинган ҳаво»даги ҳаёти уни қийнайди. Шоир 70-йиллардаёқ ёзгани каби: «Юзма-юз келгандек гўё ўт ва сув, Юзма-юз келадир шоир ва замон». Зеро, «буюк эътиқоддир муборак илҳом» ва шоирнинг юрагида қасос яшайди, унда «собит интиқом».

Юксак идеалларга интилган Рауф Парфининг севиб эргашган шоири Блок шеърни тушунтириш имконсизлигини таъкидлаб «доцентнинг дастидан додлаган» сатрларни битганди. Биз ҳам шоир феноменини тушунтириш ниятидан йироқмиз. Аммо бу ҳам бир уриниш-да. Рауф Парфининг мажозий тимсоллардан тикланган бадиий тафаккури илк сатрлариданоқ эрк истаги ва озодлик руҳи, жамиятдаги зулмга, ижтимоий адолатсизликка, тенгсизликка, ноҳақликка қарши исён ғоялари билан тўйинганди. Рауф Парфи ХХ аср ўзбек поэзиясида фикр билан кечинманинг синтезини бадиий санъат даражасига кўтарди, соф туйғунинг табиий оқимини, қабариқ мажозий ифодасини бетакрор йўсинда омухталаштирди. Фикратнинг фожеий ҳазин оҳангга йўғрилганлиги шоир ижодининг зоҳирий тамғасидир. Истибдодга, Хиёнатга, Ёлғон ва Риёга қарши исёнкор лирикаси юракдан чак-чак томаётган қон зардобларини эслатади. Унинг гўзаллик ҳодисасига айланган дардли шеъриятида Эрк, Ҳақиқат, Эзгулик ва Гўзалликнинг таъмини туйиш, рангини кўриш, чеҳрасига тик боқиш мумкин.

Рауф Парфини ҳаёт ҳақиқати эмас, қалб ҳақиқати кўпроқ ўзига тортади. Менинг назаримда, у кундалик турмушда қандай яшамасин, одамлар билан қай тарзда мулоқот қилмасин, шеър ёзаётганда қандайдир руҳий юксакликда туриб ёзарди. Бир-икки марта унинг жаҳлини чиқаришга, фикрини шу тахлит билишга уриниб кўрганман. «Нега сиз ҳам «Ой чиқар гоҳ заҳоли, Қизлар кўпдир вафоли» ёки «Кимгадир ёқар райҳон, Ким атиргул шайдоси» сингари сатрларни ёзмайсиз?» – деб сўраганман. Ва ундан жавоб ололмаганман. Унинг сатрлари залворли, у донишманд, у виждон сингари бир сўроқчи. Бу феномен ҳали ўрганилиши керак. У ўзбек шеърий маданиятидаги сарбаст шеър тузилишини ўзбек халқининг нафақат орзу армонлари, дарду аламлари, шу билан баробар яна тафаккур маданияти, қалб зарблари, ўзбекона миллий руҳи билан бойитди, рауфона оксиморон тимсоллар тизимини яратди. Ҳислар оқими шеър мусиқийлигини ҳосил этиши – ёлғиз Рауф Парфи ижодий изланишлари учун хос бўлган бетакрор самарадир. Сатрлардаги ички қофияланиш, аллитерация – оҳангдош сўзлар билан бойитилиш шеърнинг тафаккур тўлқинининг онг-шуурларда михланиб қолишини таъминлади. «Тахайюл майига термуламан жим» дея зорланган шоирнинг тахайюллар асосига қурилган мажозий образлилик, бу – воқеликни, инсонни, руҳоний ҳаётни ҳаққоний идрок этиш йўлларидан бири.

«…Нарсаларга эркимизни боғлаб қўйганмиз, моддиятнинг қулимиз, – деб ёзган эди Рауф Парфи. – Бу «айёр» ақлнинг хулосалари, оқил ақлники эмас. Оллоҳни таниган банда моддиятга боғланиб қолмайди, у ўзининг қоровули эмас. У – Ўзининг эгаси, ўзлигини излаётган инсон». «Санъатнинг вазифаси инсонга ўлимни англатишдир… Инсон доимо ўлим билан ёнма-ён юради. Тошбақа косасини бир умр ортиб юрганидек, ўз ўлимини доимо кўтариб юришга маҳкум. Менимча, ўз ўлимини кўтариб юрган одам Аллоҳга, Ўзига, бировга хиёнат қилмайди. Хиёнат ёлғонлардан туғилади» («Суҳбатдош» газетаси, 1999 йил, 2-сон, февраль).

Рауф Парфи сингари бир буюк ўзбек шоирининг ижодидан ҳар ким ўзи истаган фикрини топа олади. Энг муҳими, эҳтимол, айнан у шеър ҳақидаги минг йиллар қарор топган тушунчаларни парчалади. У шеър осон ўқилиши, ўқиган одам маза қилиши керак, деган тасаввурни синдирди. Унинг шеърлари бир ўқишда англашилиб кетадиган осон сатрлар эмас. Ундаги фикр силсилаларини англаш учун мияни «сиқиш», оғриқли ўйлаш керак бўлади. Шундагина ундан бойиниши, тўйиниш мумкин.

Рауф Парфи жуда завқли инсон эди. Ялиниб-ёлвориб, зўрға бир шеърини ўқиб беришга кўндирардик. Кейин шеърини тинглаб: «Устоз, жуда зўр шеър бўлибди-да», – десак, у жилмайиб: «Ёмон ёзолмасам, нима қилай?!» – дерди.

У Ҳамлету Отелло тўғрисида ёзганда ҳам, Байрон ва Егише Чаренцга мактуб битганда ҳам, Тҳакур ва Вейденбаумга назира битганида ҳам Туркистон ва туркийларни, Ўзбекистон ва ўзбекларни ёзарди. Рауф Парфининг 1981 йилда ёзилган ва ўша замонда чоп этилган «Муктибодҳ дуоси» аталган шеъри гўё Ҳиндистон мавзуида. Аммо ундаги ташбиҳ ва тасвирга эътибор қилинг:

 
Токай шундоқ қолур муқаддас бу ер.
Кундуз талвасада, кеча жон узган,
Сўқир вужудларнинг шаҳпарлари йўқ,
Руҳ – ташлаб кетилган уй каби тўзган,
Кўз – туман пинжида сўнаётган чўғ.
 

Сўнг тасвир яна ҳам қуюқлашади, сатрлар ҳукмдай жаранглайди: «Юракнинг энг чуқур қоронғусида Қор ичра беркинган сингари қўрқув. Ул бўшлиқ, бемантиқ меҳроб имдоди, Ундан ўлим ҳиди гуп этиб урар, Умиднинг, илҳомнинг, гулнинг жаллоди, Қонли қиличини сермаб югурар». Ахир бунда «Токи пул, амалдир ҳукми ом чиндан, Ахлоқ есирликда, имон қолгай тул, Нафосат – бир латта, этик ичинда, Кўрки, инсонликнинг қиммати бир пул!»

Бир пайтлар ҳазиллашиб: «Рауф ака, доимо сархуш юрасиз, дарвишоналик талабидасиз. Шу керакми?» – десам ҳазиллашиб, ул зот жиддий ўйлаб турдилар-да: «Мастлигим – бу менинг ниқобим, у мени асрайди, менинг айрим сатрларимни соғ одам, ақлу ҳуши бор одам ёзганини билсалар, йўқ қилиб юборардилар. «Э, бу бир жинни-да, алжирабди-да», деб тегинмайдилар», – деди. Билмадим, ҳар ҳолда Рауф Парфи шунчаки гапирмасди.

Шўро замонида ҳамма нарса унутилади, ҳамма гунг, ғамлар эсда қолмайди, қувончли кунлар келганда ҳасратлар ёддан кўтарилади, гарчанд қамоқларда элпарварлар эзилаётган бир пайтда телеэкранларда ҳамма рақсга тушади, деб эзилганингда, халқ кўрмаса ҳам ҳис қилади, деб таскин излаганингда Рауф Парфининг 1982 йилда битилган бешлигини мутолаа қиласан ва йўқ, хотирот абадийдир, деб ўйлайсан, ҳамманинг ҳам кўзи юмуқ эмас:

 
Мен ночор ва меҳрибон
Кимсаларни кўрдим.
Кўрдим ғолиб жаллодларни.
Кўр эмасман,
Кўрдим.
 

Рауф Парфининг шахсга сиғиниш, турғунлик аталган «зерикиш», «ториқиш» йилларида, 1977 ёзилган: «Мақтов – ширин оғу, ширин ўлдирар» сатрлари замиридаги маъно абадий ҳақиқатдир. Унинг шеъриятидан ҳар ким ўз хулосасини чиқаради. Масалан, менга у миллатимизнинг зўравонлик тузумидаги фожиаларини ўшандаёқ акс эттиргандай туюлади.

Инсоният тарихида жуда кўп зўравонлар орзуни эксплуатация қилиб кун кўрганлар. Ленин «жаҳон инқилоби», «интернационализм» каби шиорлар билан Россияни забт этолмагач: «Ер – деҳқонларга, завод – ишчиларга!» деган даъват билан халқни қўзғотди. Октябрь инқилоби – нафс инқилобидир. Наполеон: «Халқни фазилатлари орқали эмас, иллатлари орқали бошқариш осон», – деб ёзганди. Яъни, у босиб олинган шаҳарни талайсизлар, деб аскарларини жангга, олдинга ташларди. «Бугун қийин бўлса ҳам, эртага яхши бўлади, коммунизмда яшаймиз», – деб большавойлар ҳам халқнинг яхши кун умидидан обдон фойдаландилар. Рауф Парфи буни англаб, «Ватан ҳақида Бернд Иенцга мактубим» номли «Ташқарида қор ёғмоқда эзгин-эзгин», – деб бошланувчи шеърида «миллион-миллион шаҳидлар номидан сўзлаётган карвон-карвон булутлар» ҳақида ёзар экан, ўзининг болтиқбўйилик дўстига «бизни орзулар оҳангида алдаётганлар ҳақида ўйлайлик кўпроқ», дея хитоб қилади. Орзу оҳангида алданиш – бу миллатнинг улкан фожиасидир. У халққа мурожаат этиб: «Сендадир матонат, сендадир тоқат… Ўлдирсанг ўзингни ўлдирдинг фақат», – деб тоқатнинг ҳаддин мўллиги, андишанинг керагидан ортиқлиги Ватанни ва миллатни фожиага етаклашини ҳам англаб куйинади.

Шоирнинг «Сўзлар», «Шеърият», «Харита», «Она тилим», «Туркистон», «Чўли Ироқ», «Уйғонар Туркистон, уйғонар дунё», «Қадимий туркийлардан», «Ўзингни аяма, бораётган илдиз», «Англатгани англаган бошлари қани» сингари ўнлаб шеърларида Турон-Туркистоннинг олис ўтмиши, бугуни ва келажаги билан боғлиқ турфа бадиий талқинлар силсиласи кузатилади.

Шоир илгари сурган ғоялар ХХ аср шўро зулмининг, коммунистик истибдод воқелигининг, жамият ҳаётининг хилма-хил томонлари, мутелик кўринишлари орқали ёритилади. «Туркистон ёди», «Туркистон – энг ширин бўса», «Она тилим», «Ўзингни аяма бораётган илдиз», «Қадимий туркийлардан», «Ухлама сен, ҳақиқат», «Уйғонар Туркистон, уйғонар дунё» ва ҳоказо ўнлаб шеърлари ана шу қутлуғ ғояларнинг бадиий-фалсафий талқинлари ўлароқ юзага келади («Туркистон ёди. Нақадар узундир, оғирдир бу йўл»).

Рауф Парфи бадииятининг хизматларидан бири, бу – Чўлпоннинг эркчилик ғояларини ривожлантирганликда кўринади. У Чўлпон йўлини давом эттирди. ХХ аср ўрталари – ХХI аср бошлари ўзбек бадиий маданиятида Туркистонда туркчилик руҳини барқарор этди. Адабиётда миллият, миллатсеварлик, ватанпарварлик, миллий руҳни янги босқичга кўтарди.

Рауф Парфи эстетикасида ўзини таниш, ўзликни билиш – бу кўнгилга қайтишгина эмас. Яна, жамият сир-синоатларини, халқнинг дарди-аламларини чуқур туйиш ва тушунтириш ҳам демакдир. Бу – қайноқ воқеликка сингиб кетиш, халқ кўнглига қайтиш, миллат идеалини билишдир. Шоирнинг таъкидлашига кўра, санъатнинг бош вазифаси – бу инсонни ҳимоя қилиш, инсонни улуғлаш, инсондаги одамийликни, юксак маънавий-ахлоқий хислат-фазилатларни ардоқлаш, камол топдириш ва шу тариқа Аллоҳ жамолига етишишдир. Рауф Парфи шеърларида бу ҳақиқатларни очиқ айтиб, ақл ўргатмайди, балким ўз руҳияти орқали ўткариб ифодалайди.

«МЕН КУЙИНИБ СЕВАМАН, НЕТАЙ?»

Рауф Парфи шунчаки яшамади, шунчаки ёзмади ва шунчаки севмади. У ишқда ҳам максималист эди. Учрашувдан қувониб: «Сени топгунга қадар Қандай яшадим мен? Наҳотки яшадим?» деб ажабланганди. Айрилиқ ҳақида ёшлигидаёқ: «Айрилсак, ер ўқидан чиқиб кетар», деб ёзганди ва бу ҳеч кимга ваҳима бўлиб туюлмаган. Унинг соғинчи шу қадар чексизки, у ёрининг ёнида туриб ҳам соғинади: «Вужудим яллиғланар нафасингдан. Сен шундай яқинсанки, жон қадар ахир, Барибир, сени соғинаман, севгилим». Ўзининг эътирофича: «Оғир севганидан рашки ҳам оғир». Ёрининг хиёнатидан хабар топган ошиқ фарёд солмайди: «Кел, видолашайлик энди соғиниб», – дейди:

 
Шу гаплар рост бўлса, ёлғизим, йиғлаб,
Сенга ўлим тилаб қолар эдим мен.
Йўқ, йўқ, мозорингни ўпиб, тимдалаб
Қайта тирилтириб олар эдим мен.
 
 
Ростин айт, мен озлик қилдимми сенга?!
Айт, бир юрак озми? Мана! Тўйдим-ку!
Ўжар севгим билан тегдим жонингга,
Кечир, рашким билан қийнаб қўйдим-ку.
 

Рауф Парфи бир уйда муқим яшамаган. У дунёда бир саёҳатчидай, йўлчидай юриб ўтди. Неча марта турмуш қурганини ҳеч ким аниқ билмайди. Биров «тўрт марта» дейди, бошқаси – «беш марта». Ҳар гал янги оиласига уй-жойни ташлаб яна йўлига кетарди. 1975 йил уйидан кетиб, кандакор Омон Азизникида яшаб юради. Кейин ҳайкалтарош Илҳом Жабборнинг устахонасида жой топади, қўним топмайди. 90-йилларда рассом Исфандиёр Ҳайдарнинг устахонасида яшаб юради. Кейин тоғаси – тарихчи Акрам Муҳиддинникида яшайди. Драматург Алишер Ҳамдамникида ҳам бир майизни баҳам кўриб юради. Буларнинг бари муҳим эмасдир, аммо унинг ҳаётини характерлайдиган жиҳатлардир.

Ҳаётини доирага жойлай олмаган шоир шеъриятида ўзини сиқувга оларди. У қатъий чегараларга эга бўлган сонет жанрида кўп ёзарди. Шеърларининг бир қанчасида бош ҳарфлар у юкинган устозлар, унга йўлдош бўлган ҳамдамлар исмини ифодалаган. Мана, унинг Сўз ҳақидаги сатрлари (уларнинг бош ҳарфларида шоирнинг сўнгги умрдошининг исми муҳрланган):

 
Сўзнинг гулханида руҳим исинди,
Ул юлдуз, ойларнинг сўзин ўқирдим.
Лабларим ёрилди, тишларим синди,
Хаёлимдан олтин қафас тўқирдим.
Иймон қайда? Билмас қаттол жувонмарг,
Дам кўкка боқадир, дам ерга боқар
Аламзор қўйнида эзилган бир барг.
 

Мазкур шеърнинг сатрларининг бош ҳарфларидан шоирнинг аввалги умрдоши исмларини ўқиш мумкин:

 
Даъват қил, гуноҳкор бандангни чақир.
Иймон бер руҳимга, жисмимга жон бер,
Лойимни қориштир, поклаб бер менга,
Ожиз томиримга покиза қон бер,
Равшан қил, қорамни оқлаб бер менга.
Охират илмидан қил мени огоҳ,
Муродим шаъмини сўндирма, Аллоҳ.
 

Қуйидаги сатрларнинг бош ҳарфларидан шоир қизининг исми яшириндир:

 
Сен фано водийси, ҳақ қошига бор,
Еру осмон чўкмакдадир бенишон,
Ваҳший дунё, қонхўр дунё қутурди,
Инсон фарёдига тўлди коинот.
Набийлар, доҳийлар, шоирлар турди,
Чора, чора, дея сўрдилар нажот…
Аллоҳим, билурсен қай сари кетдим…
Аллоҳим… Мен ўлдим… Мен сенга етдим…
 

Рауф Парфи умрининг сўнгги йилларида Аллоҳга кўп мурожаат қилди. Дунёга келди, кўрди, юрди ва шукрки, Аллоҳни таниди. Шоир чин дунё сари пайғамбар ёшида кетди.

Bepul matn qismi tugad.

6 285,35 s`om
9 669,77 s`om
−35%
Yosh cheklamasi:
12+
Litresda chiqarilgan sana:
30 iyun 2023
Hajm:
260 Sahifa 1 tasvir
ISBN:
978-9943-8688-5-4
Mualliflik huquqi egasi:
Adabiyot
Yuklab olish formati:

O'xshash kitoblar