Kitobni o'qish: «Стив Жобс»
Олам яратмоқчи бўлган телбалар
алалоқибат ҳаётни ўзгартириб юборишади.
Apple’нинг “Ўзгача фикрла” реклама ролигидан, 1997 йил
Китобда тилга олинган шахслар
Клара Агопян-Жобс. Арман эмигрантларининг қизи. 1946 йилда Пол Жобсга турмушга чиққан. 1955 йили эр-хотин Стивни ўғил қилиб олган.
Жонатан “Жони” Айв. Apple’нинг етук дизайнери, Жобснинг ҳамкори ва ишончли вакили.
Роберт Айгер. 2005 йилдан бошлаб Disney раҳбари лавозимидаги Эйснер ўринбосари.
Гил Амелио. 1996 йилда Apple’нинг ижро этувчи директори бўлган, NeXT’ни сотиб олиб, Жобсга қайтарган.
Билл Аткинсон. Apple’нинг илк ходимларидан бири, Macintosh учун график дастурлар ишлаб чиққан.
Крисэнн Бреннан. Хоумстед мактабида Жобснинг севган қизи, Лиза исмли қизининг онаси.
Лиза Бреннан-Жобс. Жобс ва Крисэнн Бреннаннинг қизи. 1978 йилда туғилган. Бошида Жобс уни ўз қизи деб тан олмаган.
Нолан Бушнелл. Atari компаниясининг асосчиси. Жобс ўзи учун намуна деб ҳисоблаган бизнесмен.
Жеймс Винсент. Apple реклама агентлигида Ли Клоу ва Дункан Милнернинг кичик ҳамкори. Буюк Британияда туғилган. Мусиқа ишқибози.
Стивен Возняк. Хоумстед мактабини битирган. Гик (ашаддий шинаванда) ва компьютер даҳоси. Жобс унинг ноёб монтаж схемаларини қандай қилиб намойиш этиш ва сотишни ўйлаб топган.
Жан-Луи Гассе. Apple’нинг Франциядаги раҳбари. 1985 йилда Жобс бўшатилганидан кейин Macintosh бўлинмасига раҳбарлик қилган.
Билл Гейтс. Яна бир компьютер вундеркинди. 1955 йилда туғилган.
Абдулфаттоҳ “Жон” Жандалий. Стив Жобс ва Мона Симпсоннинг биологик отаси. Сурияда туғилган, Висконсин университетини тугатган. Кейинчалик Ренога яқин жойдаги Boomtown Resort & Casino’да озиқ-овқат хизматини бошқарган.
Ив Жобс. Стив Жобс ва Лорен Пауэллнинг кичик қизи. Серғайрат, ҳаракатчан, шўх.
Патти Жобс. Клара ва Пол Жобснинг асранди қизи. Стив Жобс ўғил қилиб олингандан кейин икки йил ўтиб асраб олинган.
Пол Рейнголд Жобс. Стив Жобсни асраб олган отаси. Висконсинда туғилган. Қирғоқ мудофаасида хизмат қилган.
Рид Жобс. Стив Жобс ва Лорен Пауэллнинг катта ўғли. Отасидан ёқимтой ташқи кўринишни, онасидан меҳрибонликни мерос қилиб олган.
Эрин Жобс. Стив Жобс ва Лорен Пауэллнинг ўртанча қизи. Мулойим, беозор, жиддий.
Рон Жонсон. Apple дўконларини юргизиш учун 2000 йилда Жобс томонидан ёлланган.
Андреа “Энди” Каннингем. Режис Маккенн компаниясида реклама агенти. Илк Macintosh компьютерлари пайдо бўлганда Жобс билан ҳамкорлик қилган.
Жеффри Катценберг. Disney Studios раҳбари. 1994 йилда Эйснер билан жанжаллашиб қолган, ишдан кетган ва Dream Works SKG таъсисчиларидан бири бўлган.
Ли Клоу. Қўпол реклама даҳоси, Apple “1984” компанияси муаллифи. Жобс билан 30 йил бирга ишлаган.
Дэниел Коттке. Рид университетидаги Жобснинг энг яқин дўсти, у билан Ҳиндистон бўйлаб саёҳат қилган, Apple’нинг илк ходимларидан бири.
Дебора “Деби” Коулман. Mac’нинг илк жамоаси менежери. Кейинчалик Apple’да ишлаб чиқариш учун жавоб берган.
Тим Кук. Apple’нинг бош операцион директори (2011 йил 25 августдан бошлаб бош директори). Ишончли ва мулойим киши. 1998 йилда Жобс томонидан ишга қабул қилинган.
Эдди Кью. Apple’ интернет-бўлинмасининг раҳбари ва компания вице-президенти. Контент етказиб берувчи компаниялар билан ҳамкорлик қилиш масаласида Жобснинг ўнг қўли.
Билл Кэмпбелл. Жобс Apple’да ишлаган илк даврда маркетинг бўлими бошлиғи. 1997 йил қайтганидан кейин директорлар кенгаши аъзоси ва Жобснинг ишончли вакили.
Эдвин Кэтмалл. Pixar асосчиларидан бири. Кейинчалик Disney раҳбари.
Жон Лассетер. Pixar асосчиларидан ва бош креативчиларидан бири.
Дэниел Левин. Маркетинг бўйича директор, Жобс билан дастлаб Apple’да, сўнгра NeXT’да ишлаган.
Режис Маккенна. Реклама устаси, илк босқичда Жобсга жиддий таъсир кўрсатган ва унинг учун устозлигича қолган.
Майк Марккула. Биринчи йирик инвестор ва Apple директорлар кенгашининг раиси. Жобс учун шубҳасиз обрўли киши.
Майк Мюррей. Macintosh’нинг маркетинг бўйича илк директорларидан бири.
Пол Отеллини. Intel компанияси раҳбари. Macintosh’ни Intel процессорларига ўтказишда ёрдам берган, бироқ iPhone билан боғлиқ шартнома тузмаган.
Лорен Пауэлл. Пенсильвания университети битирувчиси. Goldman Sachs банкида ва Стэнфордда ишлаган. 1991 йилда Стив Жобсга турмушга чиққан. Доно ва меҳрибон аёл.
Артур Рок. Apple’нинг афсонавий инвестори ва директорлар кенгашининг илк аъзоларидан бири. Жобс учун шубҳасиз муҳим одам.
Жонатан “Руби” Рубинштейн. Жобснинг NeXT’даги ҳамкасби. 1997 йилда Apple аппаратлари бош ишлаб чиқарувчиси бўлган.
Мона Симпсон. Жобснинг туғишган синглиси. Улар қариндош эканлигини 1986 йилда билган ва шу вақтдан бери яқин алоқада бўлиб келган. Ёзувчи. “Фақат бу ерда эмас” романида онаси билан муносабатларини, “Оддий йигит” романида эса Жобс ва унинг қизи Лизани, “Йўқотилган ота” асарида эса отаси Абдулфаттоҳ Жандалийни тасвирлаган.
Жон Скалли. Pepsi раҳбари. 1983 йилда Жобс уни Apple бош директори лавозимига олган. Жобс билан келиша олмай қолиб, 1985 йилда унинг ишдан бўшатилишида катта роль ўйнаган.
Майк Скотт. 1977 йилда Марккула уни Apple президенти ва Жобснинг раҳбари этиб тайинлаган.
Баррелл Смит. Mac’нинг биринчи жамоаси дастурчиси. Юксак ақлга ва фаришта қиёфасига эга. Тинмай ишлайдиган жонсарак одам. 90-йилларда шизофренияга дучор бўлган.
Элви Рэй Смит. Pixar асосчиларидан бири. Жобс билан келиша олмаган.
Авадис “Эви” Теванян. NeXT’да Жобс ва Рубинштейн билан бирга ишлаган. 1997 йилда Apple дастурий таъминотининг асосий ишлаб чиқарувчиси бўлган.
Рон Уэйн. Atari’да Жобс билан танишган. Жобс ва Возняк каби Apple яралишида қатнашган, бироқ ўзининг акциялар пакетидан калтабинлик билан воз кечган.
Тони Фаделл. Муҳандис, 2001 йилда iPod’ни ишлаб чиқиш учун Apple’га қабул қилинган.
Скотт Форсталл. Apple’нинг iOS бўйича вице-президенти.
Роберт Фридланд. Рид университети битирувчиси, олма фермасида бошқарувчи бўлган, Шарқ фалсафаси ихлосманди. Жобсга катта таъсир кўрсатган. Ҳозирги вақтда кон қазиш компанияси эгаси.
Энди Херцфельд. Дастурий таъминот ишлаб чиқувчиси, Mac’нинг илк жамоасида Жобснинг дўсти. Самимий ва қувноқ инсон.
Элизабет Холмс. Рид университетида Дэниел Коттке севган қиз, Apple’нинг илк ходимларидан бири.
Род Холт. Apple II устида ишлаш учун 1976 йилда Жобс томонидан ёлланган муҳандис-электрик. Ўтакетган кашанда. Марксист.
Жоанна Хоффман. Mac’нинг илк жамоаси аъзоси. Жобс билан жанжаллашишга журъат қилган.
Кобун Чино Отогава. Калифорниялик сото-дзен устаси, Жобснинг маънавий мураббийи.
Жоан Шибле Жандалий Симпсон. Стив Жобснинг биологик онаси. Висконсинлик. Ўғлини ўгай ота-онага берган. Жобснинг синглиси Мона Симпсонни катта қилган.
Майкл Эйснер. Disney корпорацияси раҳбари. Қўрс ва талабчан инсон. Pixar билан битим тузган, шундан сўнг Жобс билан келиша олмай қолган.
Эл Элкорн. Atari компаниясининг бош муҳандиси. Pong компьютер ўйинини яратган ва Жобсни ишга олган.
Ларри Эллисон. Oracle компанияси раҳбари, Жобснинг яқин дўсти.
Сўзбоши: китобнинг пайдо бўлиш тарихи
2004 йил ёз ойининг бошида менга Стив Жобс қўнғироқ қилди. У билан таниш бўлган йиллар давомида бизнинг дўстона муносабатларимиз вақти-вақти билан, айниқса, у янги маҳсулотини чиқарган кезларда авж оларди. У ўз маҳсулоти суратини Time журналининг муқовасига жойлаштиришимни ёки бу ҳақда ўша вақтда мен ишлаган CNN каналида айтиб беришимни хоҳлаб, менга сим қоқарди. Бироқ мен у ерда бошқа ишламаётганим сабабли Стив энди аҳён-аҳёнда пайдо бўларди. Биз янги иш жойим – Аспен институти ҳақида бирмунча гаплашдик ва мен уни Колорадодаги ёзги оромгоҳимизда нутқ сўзлашга таклиф қилдим. Стив тадбирда қатнашишдан хурсанд бўлишини, бироқ нутқ сўзламаслигини айтди. Бунинг ўрнига у бироз сайр қилиб, суҳбатлашишни таклиф қилди.
Бу менга ғалати туюлди. Мен Стив айнан узоқ сайрлар вақтида жиддий суҳбатлар қуришни маъқул кўришини ҳали билмасдим. Кейин маълум бўлишича, у таржимаи ҳолини ёзишимни хоҳлаётган экан. Яқиндагина Бенжамин Франклин ҳақидаги китобим чиққанди ва мен Альберт Эйнштейн ҳақидаги кейинги асар устида ишлаётгандим. Табиийки, мен ҳазиллашиб у ўзини ушбу буюк даҳоларнинг вориси деб биладими деб қизиқдим. Жобснинг фаолияти ҳозир энг қизғин паллада ва уни олдинда ҳали қанча ютуқ ва мағлубиятлар кутиб турибди деб ўйлаб, унинг таклифини рад этдим. Ҳозир эмас, балки ўн-йигирма йилдан кейин, яъни у фаолиятини якунлагандан сўнг бу ҳақда гаплашамиз, деб айтдим.
Биз у билан 1984 йили Time&Life деб номланган кўп қаватли бинода танишганмиз. Ўшанда у ўзининг янги Macintosh’ини реклама қилиш учун таҳрирчилар билан тушликка келганди. Стив одатда чўрткесар эди, у журналистларимиздан бирини ўз мақоласида Жобс айтишни истамаган фактларни тилга олганликда айблади. Бироқ биз қанча кўп мулоқот қилсак, менга унинг ҳаммани ўзига бўйсундирадиган ғайрати шунча кўп ёқа бошлади. Биз Стив билан у Apple’дан ҳайдалганидан кейин ҳам алоқани узмадик. У навбатдаги лойиҳасини – NeXT компьютери бўладими ёки Pixar студиясида суратга олинган фильм бўладими – дунёга кўрсатмоқчи бўлса, мени яна сеҳрлаб қўярди ва Қуйи Манхэттендаги бирор-бир суши-барга таклиф қилиб, бу галги янги маҳсулоти у яратган энг зўр маҳсулот эканини айтарди. Ва бу менга ёқарди.
Жобс Apple тахтини қайтариб олганидан кейин, биз унинг суратини Time муқовасига жойлаштирдик. Тез орада у асрнинг энг муҳим шахслари ҳақидаги бизнинг мақолаларимиз билан боғлиқ бир нечта ғоя берди. Стив ўшанда анча овоза бўлган “Ўзгача фикрла” реклама кампаниясини бошлаганди. Унда биз ҳам ёзган айрим буюк шахсларнинг портретлари келтирилганди. У машҳур шахсларнинг тарихий жараёнларга кўрсатган таъсирини таҳлил қилишга қизиқарди.
Унинг таржимаи ҳолини ёзишни рад этган бўлсам-да, биз вақти-вақти билан қўнғироқлашиб турардик. Бир куни унга ёзган мактубимда Apple’нинг логотипи, қизим айтиб берганидек, Иккинчи жаҳон уруши йилларида немис шифрларини фош этган инглиз криптографи ва информатика кашфиётчиси Алан Тьюринг хотирасига аталганми, деб сўрадим. Компьютер даҳосининг ҳаёти фожиали якун топди. 1954 йили у цианид билан заҳарланган олмани татиб, ўз жонига қасд қилди. Стив эса бу фикр унга ҳам мувофиқ келса, хурсанд бўлишини, аммо хаёлига бундай ғоя келмаганини айтди. Шундай қилиб, ўртамизда Apple’нинг яралиш тарихи ҳақида ўзаро ёзишмалар бошланди. Бир кун келиб Жобснинг таржимаи ҳолига киришсам, материаллар керак бўлади, деб аста-секин маълумот тўплай бошладим. Эйнштейн ҳақидаги китобим чиққанида Стив Пало-Альтода ўтказилган тақдимотга келди, фурсатдан фойдаланиб, мени четга олди ва яна у ҳақида ёзишимни таклиф қилди.
Унинг қатъияти мени ўйга солди. Стив шахсий ҳаётидаги сирларини ҳеч кимга билдиргиси келмаслиги ҳаммага маълум. Бунинг устига у менинг бирорта китобимни ўқиганига ҳеч қачон ишонмаган бўлардим. Балки кейинроқ ёзарман, деб жавоб бердим. Бироқ 2009 йили Жобснинг рафиқаси Лорен Пауэлл менга дангал шундай деди: “Агар Стив ҳақида китоб ёзмоқчи бўлсанг, унда тезроқ бошла”. Жобс ўшанда даволанишнинг иккинчи курсини бошидан ўтказаётганди. Мен Пауэллга “Жобс илк бор китоб ҳақида гапирганида у касал эканидан хабарим йўқ эди, бунинг учун онт ичишга тайёрман”, деб айтдим. Лорен бу ҳақда деярли ҳеч ким билмасди, деб жавоб берди. Стив операция столига ётишидан олдин менга қўнғироқ қилди, у саратонга чалинганини ҳали ҳам ҳаммадан яширмоқда, деб тушунтирди Лорен.
Ва ўшанда мен унинг таржимаи ҳолини ёзишга қарор қилдим. Жобс мени назорат қилмасликка, ҳатто қўлёзмани кўрсатишимни сўрамасликка ваъда берди ва бу билан мени ҳайрон қолдирди. “Бу сенинг китобинг. Мен уни ҳатто ўқимайман ҳам”, – деди у. Бироқ, чамамда, кузда у китоб ҳақидаги ғоясидан воз кечди. Ўшанда унинг касали зўрая бошлаганини билмагандим. Стив қўнғироқларимга жавоб бермай қўйди ва мен бу лойиҳани кейинга қолдирдим.
Жобс 2009 йилнинг янги йил арафасида кутилмаганда қўнғироқ қилди. У Пало-Альтодаги уйида синглиси – ёзувчи Мона Симпсон билан бирга эди. Аёли болаларни олиб чанғи учишга кетганди, Стив эса соғлиғи туфайли уларга ҳамроҳлик қила олмаганди. Стив файласуфона кайфиятда эди. Биз бир соатдан ортиқ суҳбат қурдик. У ўн икки ёшида рақамли частотомер қуришга аҳд қилганини, маълумотномада HP асосчиси Билл Хьюлеттнинг телефон рақамини топиб, унга қўнғироқ қилганини ва керакли деталларни жўнатишни сўраганини эсга олди. Apple’га қайтганидан кейинги ўн икки йил ҳаётидаги энг сермаҳсул давр бўлганини, кўплаб янги маҳсулотлар яратганини айтди. Бироқ Хьюлетт ва унинг дўсти Дэвид Паккард эришган ютуқни такрорлаш унинг учун муҳимроқ эканини эътироф этди. Улар асос солган компания шу қадар инновацион ва креатив эдики, компания улардан кейин ҳам гуркираб ривожланди.
“Болалигимда гуманитар фанларга қизиқаман деб юрардим, лекин менга ҳар доим электроника ёқарди. Бир вақтлар Polaroid компаниясида ишлайдиган ва мен яхши кўрган инсонлардан бири Эдвин Лэнд масалани гуманитар ва аниқ фанлар ёрдамида ҳал этадиган инсонлар жуда буюк инсонлардир, деб ёзганини ўқигандим. Ва мен айнан шу билан машғул бўлишга аҳд қилдим”, – деб хотирлади Стив. Стив менга китоб учун ғоялар бераётгандек туюлди (ва бу фойдали бўлиб чиқди). Франклин ва Эйнштейн таржимаи ҳоллари устида ишлаётганимда мени кўпроқ гуманитар фанларга бўлган муҳаббатни ва аниқ фанларга бўлган қобилиятни уйғун ҳолга келтирган инсонларда ижодий фаолият қай йўсинда бошлангани қизиқтирар эди. Боз устига, бу XXI асрнинг инновацион иқтисодиётини яратишда муҳим омил бўлишига ишончим комил.
Жобсдан таржимаи ҳолини нима учун айнан мен ёзишимни хоҳлаётганини сўрадим. “Сен одамларни очиқ бўлишга ундай оласан”, – тан олди Стив. Бундай жавобни кутмагандим. Унинг таржимаи ҳолини ёзар эканман, у бир вақтлар ишдан бўшатган, хафа қилган, ташлаб кетган ёки шунчаки жаҳлини чиқарган кўплаб инсонлар билан бирма-бир суҳбат ўтказишимга тўғри келишини билардим ва уларни очиқ суҳбатга чақирсам, бу Стивга унчалик ёқмайди деб қўрқардим. Чиндан ҳам, мен суҳбатлашаётган одамлар ҳақидаги миш-мишлар Жобсга етиб боргач, у асабийлашди. Бироқ бир неча ой ўтиб, унинг ўзи ҳаётида учратган одамларни, ҳатто собиқ маҳбублари ва душманларини мен билан гаплашишга кўндира бошлади. У мени чеклашга уринмади. “Ҳаётимда мен ўзим уяладиган кўплаб номақбул ишларни қилганман. 23 ёшимда мендан ҳомиладор бўлган қизни ташлаб кетганман. Бироқ фош этиш мумкин бўлмаган сирларим йўқ”, – хотирларди Стив.
Охир-оқибат унинг иштирокида қирққа яқин интервью ёзиб олдим. Айрим суҳбатлар унинг Пало-Альтодаги меҳмонхонасида шунчаки расмиятчилик нуқтаи назаридан ўтказилди, айрим интервьюларни эса узоқ давом этган сайрлар, сафарлар ёки телефон орқали суҳбатлар вақтида ёзиб олдим. Мен китоб учун материал тўплаган бир ярим йил давомида биз Стив билан жуда яқин бўлиб қолдик, бир-биримизга очиқ гапирардик, лекин мен унинг Apple’даги эски ҳамкасблари “у ҳақиқатни бузиб кўрсатмоқда” деган гапларига ора-орада дуч келиб турардим. Баъзида у айрим воқеаларни, ҳар кимда бўлгани каби, беихтиёр унутиб қўярди. Гоҳида эса воқеаларнинг бир-бирига зид талқинини айтиб берарди. Унинг ҳикоясини текшириб кўриш ва тўлдириш учун унинг юзлаб дўстлари, қариндошлари, рақиблари, душманлари, ҳамкасбларидан сўраб чиқардим.
Унинг рафиқаси, лойиҳада менга ёрдам берган Лорен ҳам ижодимни чеклашни ёки назорат қилишни истамади, қўлёзмани кўрсатишимни сўрамади. У Стивнинг нафақат зафарли онлари, балки муваффақиятсизликлари ҳақида рўйирост сўзлаб беришимни хоҳларди. Лорен – ҳаётимда учратган энг доно ва мулоҳазали инсонлардан бири. “Унинг таржимаи ҳолидаги баъзи тафсилотлар ва феъл-атворининг айрим жиҳатлари ёқимсизлиги рост, – деди у. – Уларни оқ қилиб кўрсатиш керак эмас. У баъзида ҳақиқатни бузиб кўрсатиши мумкин, бироқ унинг ҳаётини ҳаққоний ҳикоя қилиб бериш лозим, унинг тарихи бунга лойиқ”.
Бунга муваффақ бўлдимми-йўқми, китобхон ҳукм чиқаради. Ишончим комил, бу китобда тилга олинган шахсларнинг кўпчилиги у ёки бу воқеаларни бошқача сўзлаб бериши ёки мени Жобснинг хаёлот оламига тушиб қолди деб ўйлаши мумкин. Жобснинг таржимаи ҳоли Генри Киссинжер ҳақидаги китобга ўхшайди (айтганча, бу китоб қайсидир маънода ушбу лойиҳага яхши тайёргарлик вазифасини ўтаб берди). Одамлар Жобсга шу қадар жўшқин муносабатда бўладики, хоҳ ижобий, хоҳ салбий муносабатда бўлсин, улар кўпинча айни бир воқеани мутлақо ҳар хил қабул қилади. Буни фақат “Расёмон таъсири” билан изоҳлаш мумкин. Мен бир-бирига зид қарашларни имкон қадар яқинлаштиришга уриндим ва ўзим мурожаат қилган манбаларни яширмадим.
Бу китоб ютуқ ва муваффақиятсизликка тўла ҳаёт ҳақида, мукаммалликка интилиши ва жиловланмайдиган куч-ғайрати билан шахсий компьютерлар соҳасида, жумладан, анимация, мусиқа, телефонлар, планшетлар ва электрон китоблар сингари олти соҳада туб бурилиш ясаган ўта кучли шахс ва истеъдодли бизнесмен ҳақида. Бунга еттинчи соҳа – сотувни ҳам қўшиш мумкин. Бу борада Жобс кескин ўзгаришлар содир этибгина қолмай, дўконлар концепциясини қайта англаб етишга замин яратди. Шунингдек, у янги рақамли контент бозорига нафақат веб-сайтлар, балки иловалар орқали ҳам кириш йўлини очди. У инновацион маҳсулот яратиш билан кифояланмади, (иккинчи уринишда бўлса-да) ишончли, рақобатбардош компания яратди, унга ўз ижодий ғайратини сингдирди, ғояларини ҳаётга татбиқ эта оладиган креатив дизайнерлар ва илғор дастур ишлаб чиқувчиларни ёллади.
Бу китоб новаторлик ҳақида. Дунё мамлакатлари рақамли технологияларга асосланган янги иқтисодиёт яратишга уринаётган, Қўшма Штатлар эса бор кучи билан инновациялар соҳасида ўз ўрнини сақлаб қолишга интилаётган даврда Жобс ижодкорлик, топқирлик ва орзу тимсоли бўлди. У XXI асрда муваффақиятга эришиш учун креативлик ва технологияларни бирлаштириш кераклигини биринчилардан бўлиб тушуниб етди. Фараз ва ўйлар техниканинг энг янги ютуқлари билан уйғунлик ҳосил қиладиган компанияга асос солди. Жобс ва унинг Apple’даги ҳамкасблари ўзгача фикрлашга журъат қилди ҳамда фокус-гуруҳлар фикрларини таҳлил қилиш асосида мавжуд товарларни шунчаки такомиллаштириш билан чекланмай, истеъмолчи аввал тахмин ҳам қилмаган маҳсулотлар ва хизматларни яратди.
Жобсни кўнгилдагидек раҳбар ёки тақлид қилиш учун ўрнак бўладиган инсон деб бўлмайди. Фикри хаёли иштиёққа тўлалиги боис у ўзи билан ёнма-ён турганларнинг жаҳлини чиқариши ва уларни хафа қилиб қўйиши мумкин эди. Бироқ унинг барча ихтиролари унинг феъл-атворини, фазилатлари ва камчиликларини акс эттиради, Apple дастурий таъминоти ва бутловчи қисмлари бир-бирига боғлиқ бўлгани каби буларнинг барчаси ҳам ўзаро боғлиқдир. Бу ягона тизимнинг бир қисмидир. Унинг ҳикояси ҳам ибратли, ҳам сабоқ бўлади. Ҳикоясидан инновациялар, унинг табиати, етакчилик хусусиятлари ва ҳаётий қадриятлари ҳақида кўп нарсаларни билиб олиш мумкин.
Шекспирнинг “Генрих V” асари – ёш болалардек қайсар шаҳзода, кейинчалик ўзини босолмайдиган ва шу билан бирга зийрак, қўрс ва кўнгли бўш, журъатсиз, бироқ ўз ортидан одамларни эргаштира оладиган қиролга айланган Хал ҳақидаги ҳикояси қуйидаги чақириқдан бошланади: “О, қанийди илҳом париси осмондаги ёрқин ўй-хаёллар ва тасаввурлар гумбазига кўтарилса!”1. Стив Жобснинг тасаввурлар оламига саёҳат қилиши икки жуфт ота-она ва кремнийни олтинга айлантиришни энди ўрганаётган водийдаги болалик ҳақида ҳикоядан бошланади.
Пол Жобс Стив билан бирга, 1956 йил
Apple компанияси фаолиятини бошлаган Саннивейлдаги уй ва гараж
Хоумстед мактаби битирувчилари альбомидан, 1972 йил
Мактаб кечаси учун тайёрланган плакат билан
1-боб. Болалик. Ташлаб кетилган ва асраб олинган
Ўғил қилиб олиниши
Пол Жобс Иккинчи жаҳон урушидан кейин қирғоқ мудофаасидаги ҳарбий хизматдан бўшатилгач, хизматдошлари билан гаров ўйнайди. Улар хизмат қилган кеманинг шахсий таркиби Сан-Франциско қирғоғига ўтказилганди ва Пол икки ҳафта ичида шу ерда ўз рафиқасини топишини айтади. Қадди-қомати келишган, татуировкаларга бурканган механик-моторист Жобс актёр Жеймс Динга жуда ўхшарди. Бироқ арман эмигрантларининг хушмуомала ва қувноқ қизи Клара Агопянни жалб қилган нарса унинг ташқи кўриниши эмас эди. Шунчаки ўша кеча сайрга чиқмоқчи бўлган Клара ва дўстларининг машинаси Пол хизматдошларининг машинасидек қулай эмасди. Ўн кун ўтгач, 1946 йил мартда ёшлар унаштирилди ва шу тариқа Пол гаровда ғолиб бўлди. Никоҳ муваффақиятли бўлиб чиқди. Эр-хотин Жобслар умрининг охиригача – 40 йил бирга яшади.
Пол Рейнголд Жобснинг болалиги Висконсин штати Жермантаундаги сут фермасида ўтди. Унинг отаси ичкиликка ружу қўйганди, қўлига кўп эрк берарди, лекин, шунга қарамай, Пол беозор ва меҳрибон бола бўлиб улғайди. У мактабни ташлаб кетди, ўқишни битирмай, Ўрта Ғарб бўйлаб кезишга отланди. Механик бўлиб кун кўрди, 19 ёшида эса (сузишни билмаса-да) қирғоқ мудофаасига қабул қилинди. Жобс хизматни “Генерал М. К. Мегс” транспорт кемасида ўтказди. Бу кема Иккинчи жаҳон уруши вақтида қўшинларни Италияга, генерал Паттон ҳузурига етказиб берарди. Пол ўзини яхши механик ва ўтёқар сифатида кўрсатди, мукофотга тавсия қилинди. Унинг лавозимини ҳам оширмоқчи бўлишди, лекин хато қилиб қўйди ва шу-шу матросликдан юқорига кўтарила олмади.
Пол Жобснинг бўлажак рафиқаси Клара Нью-Жерсида туғилган. Унинг ота-онаси турклар тазйиқи остида ватанидан кўчиб, айнан шу ерга келиб ўрнашганди. Кейинроқ улар Сан-Францискодаги Мишн-дистрикт туманига кўчиб кетишди. Кларанинг бир сири бор эди. Уни бировга айтишни хоҳламасди. У бир марта турмуш қуриб улгурганди, лекин биринчи турмуш ўртоғи урушда ҳалок бўлганди. Пол Жобс билан танишув эса ҳаммасини қайтадан бошлаш имконини берди.
Даҳшатли урушни бошидан ўтказган кўпчилик каби Пол ва Клара фақат бир нарса – оила қуриш ва тинч ҳаёт кечириш ҳақида ўйларди. Уларнинг пули кўп эмасди, шу боис бир неча йил Висконсинга кўчиб кетиб, Полнинг ота-онасиникида яшади, кейин эса Индианага кўчиб ўтди. Жобс юк машиналари ва қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаруви International Harvester компаниясига механик бўлиб ишга кирди. Бўш вақтида Пол эски автомобилларни ҳайдаб юришни яхши кўрарди. Уларни сотиб оларди, тузатарди ва сотарди, бу эса қўшимча даромад келтирарди. Охир-оқибат у ишдан кетиб, эски машиналар савдоси билан шуғуллана бошлади.
Клара эса Сан-Францискода яшашни ёқтирарди ва у 1952 йили қаллиғини севимли шаҳрига қайтишга кўндирди. Эр-хотин Сансет туманига, “Олтин дарвоза” боғининг жанубига, Тинч океани қирғоғига жойлашди. Пол молиявий компанияга ишга кирди. У ерда у қарзини тўлай олмаганлардан автомобилни қайтариб оларди. Бўш вақтида аввалгидай эски машиналарни сотиб олар, таъмирлар ва сотарди. Умуман олганда, яшаш учун уларнинг пуллари етарди.
Пол ва Кларага фақат бир нарса етишмасди. Иккови ҳам фарзандли бўлишни орзу қиларди, лекин, афсуски, Кларанинг ҳомиласи бачадондан ташқарида ривожланди (бунда тухумҳужайра бачадонда эмас, фаллопий найчада етилади), натижада у бепушт бўлиб қолди. Ва 1955 йили турмуш қурганига ўн йил бўлгач, эр-хотин фарзанд асраб олишга аҳд қилишди.
Жоан Шибле ҳам Пол Жобс каби германиялик муҳожирлар оиласига мансуб эди. Улар Висконсинга кўчиб келиб, фермерлик билан шуғулланарди. Унинг отаси Артур Шибле шаҳар чеккасидаги Грин-Бейга кўчиб ўтди. У ерда хотини билан қоракузан фермасини бошқарарди. Шунингдек, кўчмас мулк савдосидан тортиб то цинкографиягача ҳар хил ишлар билан шуғулланди, шунинг учун уларнинг фаолиятини муваффақиятсиз деб бўлмасди. Мистер
Шибле қатъий қоидаларга амал қиларди, айниқса, қиз ўстириш масаласида. У қизининг биринчи муҳаббати – рассомни умуман маъқулламади. Устига-устак, у католик ҳам эмасди. Шу сабабли Жоан Висконсин университетининг магистратурасида ўқиётган вақтида ўқитувчисининг ёрдамчиси – суриялик мусулмон Абдулфаттоҳ Жон Жандалийни севиб қолгач, қаҳри қаттиқ отаси уни ўз қарамоғидан маҳрум қилмоқчи бўлганига ажабланмаса ҳам бўлади.
Жандалий суриялик бой оиланинг тўққизинчи фарзанди эди. Унинг отасига нефтни қайта ишлаш заводлари ва кўплаб бошқа компаниялар, шунингдек, Дамашқ ва Хомсдаги ерлар қарарди. Бир вақтлар у ҳатто ҳудуддаги буғдой нархини ҳам назорат қилганди. Шибле каби Жандалий ҳам таълим олишга жиддий эътибор берди. Унинг оиласи авлодма-авлод Истанбулда ва Сорбоннада таҳсил олиб келган. Абдулфаттоҳ Жандалий, мусулмон бўлса-да, иезуитларнинг пансионида таълим кўрди. Бакалавр даражасини Байрутдаги Америка университетида олди. Шундан сўнг Висконсин университетининг аспирантурасига “сиёсатшунослик” ихтисослиги бўйича ўқишга кирди ва у ерга ўқитувчи ёрдамчиси бўлиб ишга жойлашди.
1954 йилнинг ёзида Жоан Абдулфаттоҳ билан Сурияга йўл олди. Улар икки ойни Хомсда ўтказди. Абдулфаттоҳнинг онаси ва опа-сингиллари Жоанга Сурия таомларини пиширишни ўргатди. Висконсинга қайтгач, Жоан ҳомиладор экани маълум бўлди. Жандалий ва Жоаннинг ёши 23 да эди, лекин улар ўз муносабатларини ҳозирча никоҳ билан боғламасаликка қарор қилишди. Жоаннинг отаси ўлим тўшагида эди. У қизига Абдулфаттоҳга турмушга чиқса, меросдан маҳрум бўлишини айтганди. Католик қўшниларига билдирмай болани олдириб ташлашнинг иложи йўқ эди. Шунинг учун 1955 йилнинг бошида Жоан Сан-Францискога жўнаб кетди. У ерда унга бировлардан ёрдамини аямайдиган бир врач ғамхўрлик қилди. У оиласиз аёлларга бошпана бериб, уларнинг фарзандларини дунёга келтирар ва туғилган болаларни асраб олувчиларга берарди.
Жоан шундай шарт қўйди: унинг фарзанди олий маълумотли инсонлар оиласида катта бўлиши керак. Шу шартга кўра врач муносиб жуфтликни, оилали адвокатни топди. Лекин 1955 йилнинг 24 февралида чақалоқ туғилгач, улар фикрини ўзгартириб, қиз бола асраб олишни хоҳлаб қолишди. Шундай қилиб, чақалоқни адвокат эмас, ҳатто ўрта маълумоти бўлмаган механик ва оддий бухгалтер бўлиб ишлаётган меҳрибон аёл ўғил қилиб олди. Пол ва Клара Жобс ўғлига Стивен Пол деб исм қўйишди.
Савол туғилади: боласини асраб олувчи ота-она албатта олий маълумотли бўлиши керак деб шарт қўйган Жоан нима қилди? У эр-хотин Жобслар ҳатто ўрта мактабни ҳам битирмаганини билгач, асраб олиш билан боғлиқ ҳужжатларга имзо қўйишдан бош тортди. Бир неча ҳафта воқеалар шундай давом этди, Пол ва Клара Стивни уйларига олиб кетган бўлса ҳам, вазият ўзгармади. Охири Жоан рози бўлди. Жобслар пул тўплаб, ўғлини коллежда ўқитиши ҳақида ёзма равишда ваъда берди.
Жоан ҳужжатларни имзолашни чўзишининг бошқа сабаби ҳам бор эди. Отаси оғир аҳволда бўлиб, унинг ўлимидан кейин Жандалий билан турмуш қуришни мўлжаллаётганди. Турмуш қуришлари билан Жоан ўғлини қайтариб олишга умид қилаётганди. Буни у кейинчалик, кўзлари ёшга тўлиб, оила аъзоларига бир неча бор айтиб берган.
Артур Шибле 1955 йилнинг августида, бола асраб олиш билан боғлиқ барча расмиятчилик ҳал этилганидан сўнг, бир неча ҳафта ўтиб, вафот этди. Рождестводан кейин Жоан ва Абдулфаттоҳ Жандалий Грин-Бейдаги ҳаворий Филипп черковида никоҳдан ўтишди. Кейинги йили Абдулфаттоҳ халқаро сиёсат бўйича диссертация ёқлади. Эр-хотин Мона исмли қиз кўрди. 1962 йили Жоан ва Абдулфаттоҳ ажрашиб кетишди. Шундан сўнг Жоан жойма-жой кўчиб юрди, ҳеч бир ерда узоқ вақт ушланиб қолмади. Кейинчалик унинг қизи, ёзувчи Мона Симпсон “Фақат бу ерда эмас” романида дарбадар ҳаётини истеҳзо билан таърифлаб беради. Стив расман ўғил қилиб олингани ва янги оиласининг манзили сир сақлангани боис у ўз онаси ва синглиси билан йигирма йил ўтгачгина кўришди.
Стив Жобс уни асраб олишганини ёшлигидан биларди. “Ота-онам мени асраб олишганини мендан яширишмаган”, – эсларди у. Стив олти ёки етти ёшлигида уйи олдидаги майсазорда рўпарадаги уйда яшовчи дугонаси билан ўтирганини айтиб берди.
– Демак, ҳақиқий ота-онангга керакмассан? – сўради қизалоқ.
– Қотиб қолдим! Ўзимни ток ургандай ҳис қилдим. Сакраб туриб, йиғлаганча ўзимни уйга отдим. Ота-онам эса менга жиддий нигоҳ билан шундай деди: “Йўқ, сен тушунмаяпсан. Биз сени махсус танлаганмиз”. Улар буни бир неча бор айтди. Боз устига, бу шу даражада ишончли айтилдики, мен бу ҳақиқатлигини тушундим”, – эсларди Стив.
Ташлаб кетилган. Танланган. Ўзгалардан фарқ қилади. Бу учта сўз Жобснинг шахсиятига ва ўзига берадиган баҳосига таъсир кўрсатди. Энг яқин дўстлари “туғилган заҳоти онаси ташлаб кетгани Стивнинг қалбида из қолдирган” деб ҳисоблайди. “Стивнинг ҳамма нарсани назорат қилишга доимий интилиши унинг характери ва ота-онаси ундан воз кечгани билан изоҳланса керак, – дейди кўп йиллар давомида Жобс билан елкама-елка ишлаган Дэл Йокам. – У ўзини ўраб турган барча нарсани назорат қилишни хоҳлайди. Меҳнат маҳсули унинг учун шахсиятининг давомидир”. Университетни битиргач, Жобс билан дўстлашиб қолган Грег Кэлхун бошқача хулосага келади: “Стив ҳақиқий ота-онаси уни ташлаб кетгани ҳақида кўп гапирган. Бу уни ранжитишини тан олган. Бироқ бу уни ҳеч кимга қарам бўлмасликка ўргатган. У ҳар доим ўзи хоҳлаган қарорга келган. Оломон ичида ажралиб турган. Чунки туғилганидан ўз оламида яшаган”.
Айтганча, Жобс биологик отаси уни ташлаб кетган ёшга (яъни 23 ёшга) тўлган вақтда ўзи ҳам фарзандидан юз ўгирди. Тўғри, кейин қизига ғамхўрлик қила бошлади. Қизининг онаси – Крисэнн Бреннан айтишича, Стив ўзини асраб олишга бериб юборишганидан доим озурда бўлган ва бу унинг феълига таъсир қилган. “Болалигида ташлаб кетилган одам кўпинча ўзи ҳам боласини ташлаб кетади”, – дейди у. 80-йилларнинг бошида Apple’да ишлаган Энди Херцфельд Бреннан билан ҳам, Жобс билан ҳам яқин алоқада бўлган камдан-кам инсон ҳисобланади. “Стивни тушуниш учун, энг аввало, нимага у баъзан ўзини боса олмаслигини ва шафқатсиз бўлишини ҳамда кек сақлашини тушуниш керак. Гап шундаки, онаси ундан туғилган заҳотиёқ воз кечган. Стив ҳаётидаги барча муаммоларнинг сабаби шу ерда яширинган”.
Жобснинг ўзи бунга қўшилмайди. “Айримларнинг фикрича, ота-онам мендан юз ўгиргани учун мен кўп ишлаб, бойиб кетган эканман. Улар мен қандай одамга айланганимни кўриб, ташлаб кетишганига афсуслансин деб куйиб-пишиб яшаган эмишман. Бу бўлмаган гап, – дейди Стив. – Асраб олинганимни билардим ва ўзимни мустақилроқ ҳис этардим, лекин ҳеч қачон ўзимни ташлаб кетилгандек сезмаганман. Ўзгача эканлигимга ҳар доим ишонганман. Ва ота-онам мендаги бу ишончни қўллаб-қувватлаган”. Айтгандай, Жобс бировлар Клара ва Полни унинг тутинган ота-онаси деб аташини ёки улар унга қариндош эмаслигига ишора қилишини ёқтирмайди. “Улар – юз фоиз ҳақиқий ота-онам”, – дейди Жобс. Ўзининг биологик ота-онаси ҳақида эса кескин оҳангда шундай деганди: “Менинг учун улар – сперма ва тухумҳужайра донорлари холос. Ҳеч кимни ранжитмоқчи эмасман, шунчаки фактни қайд этяпман. Шунчаки сперма донорлари, ундан ортиғи эмас”.