Faqat Litresda o'qing

Kitobni fayl sifatida yuklab bo'lmaydi, lekin bizning ilovamizda yoki veb-saytda onlayn o'qilishi mumkin.

Kitobni o'qish: «АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд)»

Shrift:

ВАҚТ СИНОВИДАН ЎТГАН ШОИРЛАР

Тошкент – шунчаки шаҳар эмас. Мен учун муқаддасдан ҳам муқаддасроқ, қадрдондан ҳам қадрлироқ аҳамият касб этувчи, алоҳида нурли ва фавқулодда аурага эга бўлган бу азиз ва меҳрибон шаҳарни ҳеч қандайин геосиёсий ўзгаришлар менинг юрагимдан юлиб ташлай олмайди.

Маълум ва машъум Тошкент зилзиласи рўй берган паллаларда мен ҳеч бир ўйлаб ўтирмасдан у томонга учган эдим. Одамлари ер силкинишларидан безовта, бедор ва беором тунги Тошкент кўчаларини ҳеч қачон унутмайман. Ҳар турли, ҳар тоифа одамлар – вазирлар, талабалар, ўғри-каззоблару милиционерлар – барча-барчамиз бирга-бирга кўз юммай кутганимиз, кузатганимиз – қатор кетган палаткаларнинг улкан тунги лампаларни эслатувчи хира қизғиш ёғдулари кулфат оғушида ҳам алланечук сархуш ва бахтиёр, айни пайтда ҳамдаму ҳамнафас биз ёшларнинг кўнглимизни нурафшон қилган. Ўша машъум офат, кўпга келган умумкўргулик қаршисида биз барчамиз бирдам ва якдил эдик.

… Жойидан силжиган, бели букчайиб, ярим қийшайиб қолган ҳайкални эслайман. Мардонавор шеърият, метин ва мустаҳкам шеъриятким то бор экан, токим пойдор ва устувор тураркан, ўша оғир дамларда келажакда бизни кутаётган, айни чоғда, қон-қардошлигимизнинг чинакам имтиҳонига айланган глобал катаклизмларнинг ёрқин тимсоли бўлган бўлса ажабмас…

Сирожиддин билан мен 1987 йилда танишганман. Ўшанда у янги навқирон шеърият армиясининг сержант рутбасидаги ёш аскари эди, бироқ унинг енгил хушбичим курткасида маршаллик нишони ярқираб турарди гўё. Тошкент шоирлари вақт синовларидан ҳалол ва мардона ўта олдилар. Бу сўзлар бевосита Сирожиддинга ҳам тааллуқлидир. У ҳозирга қадар ўша кўзлари ёниб турган болакайдек менинг хаёлимда турибди. Болаларча тиниқлик ва тозалик, софлик ва самимият уфуриб турган шеърларни сиз азиз ўқувчиларга тавсия этарканман, уларнинг Ўзбекистонда яшаб ижод қилаётган таниқли рус шоири Александр Файнберг томонидан юксак маҳорат билан таржима қилинганини алоҳида таъкидлагим келади.

Устозлари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар ёнида юриб, уларнинг мактабидан сабоқ олган Сирожиддин бугунги кунда бошқа шоирлар билан бир қаторда ўзбек шеъриятининг ўз номи ва ўз овозига эга ёрқин намояндаларидан биридир. Унинг ўзим учун шунчаки шаҳар эмас, шоирлик ва инсонийлик қисматимнинг ажралмас таркибий бўлаги ҳисобланувчи Тошкентдан туриб қилган ҳар бир йўқлови – телефон қўнғироқлари мен учун ҳамиша азиз ва қадрлидир.

Ўз вақтида мен Тошкент зилзиласига бағишлаб “Тошкентга ёрдам беринг” номли достонимни ёзган эдим. “Комсомольская правда” газетасида босилган бу репортаж-достондан айнан шу парчасини сал кейинроқ таниқли санъаткор Родион Шчедрин ўзининг “Шоирнома” асарида хор жўрлигида саҳналаштириб ижро эттирди.

Кейинчалик “Ньюс уик” журнали мухбири билан бўлган суҳбатимизда мен Тошкентда ўтказганим ўша беором кунларни ҳаётимнинг энг саодатли кунлари деб атадим.

Сирожиддинга шеърлари учун раҳмат дейман. Тошкентга эса бизнинг қаддимизни тиклаб, ўзимизни, ўзлигимизни топишимизда берган беминнат ёрдами учун ташаккур айтаман.1

Андрей ВОЗНЕСЕНСКИЙ
2006 й. 7 апрель

ЮКСАК ЭЪТИРОФ

Сирожиддин Саййид – шундай шоирки, унинг умр тақдири, таржимаи ҳоли ҳақида сўровноманинг ҳожати йўқ. Бу унинг мисраларида, Ота юрт шамоли шовуллаб эсаётган шеъриятида шундоққина кўриниб, сезилиб туради. Ушбу шеърият оҳангларида гоҳо най ноласи, гоҳо рубоб торларининг таронаси янграйди ҳамда китобхонлар қалбига шоир юрагининг нозик туйғулари, ҳайратларию ҳис-ҳаяжонларини олиб киради.

Шоирнинг ҳеч бир шеъри, ҳеч бир сатри ўқувчини алдамайди. Унинг юраги одамларга ҳамиша очиқ. Юракнинг очиқлиги, кўнгилнинг кенглиги – ҳақиқий шоиргагина хос бўлган нодир фазилатдир.

Рус халқининг улуғ шоири Сергей Есенин: “Барча шоирлар қондошдир”, – деб ёзган эди. Шеър қайси тилда янграмасин, шеърият шеърият бўлиб қолаверади. Ҳозирги замон рус шеъриятининг беракрор вакилларидан бири Андрей Вознесенский Сирожиддиннинг Худо берган истеъдоди ва бадиий маҳоратини юксак эътироф этган эди.

Менинг ўзимга келсак, мен ҳам ушбу метафорик шоир билан тўлиқ ҳамфикр ва ҳамкорман. Бунинг устига у умуман ҳеч кимга ўхшамаган бетакрор, беназир шахсдир.

Менинг назаримда, унинг шахсиятида нафақат юксак ижодий муваффақиятлар, балки, муносиб келажак ҳам тажассум топган. Бунинг исботи шоирнинг ўз шахсий дарду армонларини жамият орзу-ниятлари билан, лирикани фаол фуқаролик позицияси билан, бадииятни публицистик руҳ билан уйғунлаштира билиш қобилиятида намоён бўлади.

Шахсан мен бу бетакрор шоир билан яқин дўст ва ҳамроз бўлганимдан ниҳоятда қувонаман.

Унга янги дилтортар шеърлар билан ўқувчилар юрагини забт этавериш саодатини тилайман.

Ахир, шоирга бундан бошқа нима ҳам керак?

Александр ФАЙНБЕРГ,
Ўзбекистон халқ шоири
2006 й. 21 январь

ШЕЪРЛАР

ДИЛ ФАСЛИ

НИЯТ

 
Бу йил севинчларга талош бўлажак,
Меҳримиз бош узра қуёш бўлажак.
 
 
Кетиб қанча ғамлар кўз-қошимиздан,
Қанча бешикларда кўз-қош бўлажак.
 
 
Болалар кексалар сингари доно,
Кексалар боладай шўх, ёш бўлажак.
 
 
Қайтиб Мадинаю Ҳиндистонлардан,
Қалдирғочлар яна тилдош бўлажак.
 
 
Шафқат буржин олар осмонларимиз,
Балжаҳл юлдузлар ювош бўлажак.
 
 
Азал ор-номусдан келган бу диёр,
Орзу-умидлари элдош бўлажак.
 
 
Дилларда Ватанга айланиб Ватан,
Меҳримиз бош узра қуёш бўлажак.
 
2003

ЁШЛИК. БАҲОР. МУҲАББАТ

 
Асрлар бор – рўёдай,
Фасллар бор – муваққат.
Доим зангор дарёдай
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
 
 
Умримда уч саҳарим,
Уч гўзал хуш саҳарим,
Менинг уч хушхабарим
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
 
 
Соғинчлари қанотли,
Ёмғирлари новвотли,
Армонлари ҳам тотли,
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
 
 
Айтсам дилдан зоримдан
Гуллар унгай қорингдан.
Нишон йўғу боримдан –
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
 
 
Сен, эй синглим, сен оғам,
Ўтгай алам, ўтгай ғам,
Оламда энг олий дам –
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
 
 
Мангу карвон тириклик,
Дарду ҳижрон тириклик,
Надир, инсон, тириклик?
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
 
 
Бўйи басти гул Ватан,
Бош-оёқ кўнгил Ватан,
Отин сўрсанг, бул Ватан –
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
 
 
Дунё арчаси ёлғон,
Қанча-қанчаси ёлғон.
Шудир ёдимда қолғон:
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
 
2003

ТАКРОР

 
Тун чоғи бир шамол эсдию кетди,
Гулнинг титроқлари қўйнимга тушди.
Ёр ўз сочларидан узун дор этди,
Зулфин сиртмоқлари бўйнимга тушди.
 
 
Осмонлар айланиб, ойлар тўлдилар,
Қошлар камон тортиб, ёйлар бўлдилар.
Қўллар, кокиллари сойлар бўлдилар,
Ундан ирмоқлари бўйнимга тушди.
 
 
Ё, раб, бу қандайин кўргулик, омад,
Хушқадам, хушқилиқ, хуш қадду қомат,
Бир тун савдосида маҳшар – қиёмат
Савол-сўроқлари бўйнимга тушди.
 
 
Ҳаётнинг энг гўзал, шоҳ устунлари,
Ваҳ, бу устунлари, воҳ устунлари!
Муҳаббат қасрининг оқ устунлари –
Ёрнинг оёқлари бўйнимга тушди.
 
2003

СЕВГИ ҲАЗИЛИ

 
Сен гўзал, нозанин, дилрабо, дилдор,
Нега тушунмайсан гапга, билмайман,
Бутун ҳаётимда энг севикли ёр,
Мен сени ҳеч қачон хафа қилмайман.
 
 
Сенинг-чун яшайман оламда, ишон,
Шунинг-чун дунёни чаппа қилмайман.
Мен хафа қилмайман сени ҳеч қачон,
Сенга ўхшаганларни ҳам хафа қилмайман.
 
2003

СОВҒА

 
Дунёнинг ярмиси – нур ва зиёдан,
Ярми – ёзув-чизув, ярмиси – ғавғо.
Қалам келтирдингиз Ёпониёдан,
Дедингиз: Бу мендан сизларга совға.
 
 
Олам мусофирлар билан бедордир,
Сайёҳлар ичра ҳам сиз мулло, ака.
Дунёнинг энг гўзал қисми дийдордир,
Дийдор қутлуғ бўлсин, Абдулло ака!
 
 
Бундай пайт кўргали дўсту ёрон ҳам
Ўғиллари келгай, қизлари келгай.
Сиздан, қучоқ очиб пешвоз олган дам,
Япон ёмғирларин ислари келгай.
 
 
Биз-чи, биз қаламни чўнтакка урдик,
Гўё бўй қўшилди қад, бўйимизга.
Олис эллар ҳақда суҳбатлар қурдик,
Сўнгра тарқаб кетдик уй-уйимизга.
 
 
Шоирлик нимадир?
Дард билан ҳижрон.
Қалам ҳам бир нени илғаса керак.
Биз ухлаб қолганда, тунлари пинҳон
Билдирмай японча йиғласа керак.
 
2003

ЭЛЛИКҚАЛЪА ТАШБЕҲЛАРИ

Неъматулла оғага


 
Азиз бўлди бу тупроқ ҳам –
        дилимдан саҳфалар кўмдим,
Саҳифа сингари саҳросида ҳам
        қалъалар кўрдим.
 
 
Куюк хатлар каби мозийси
        узра қарғалар кўрдим,
Ҳазин бир лоласи маъвосида ҳам
        қалъалар кўрдим.
 
 
Ҳилолидан фалак дарвозасида
        ҳалқалар кўрдим,
Унинг Ерга яқин Зуҳросида ҳам
        қалъалар кўрдим.
 
 
Тилимга Ақчакўлнинг мавжларидан
        лаҳжалар сўрдим,
Сополининг синиқ имлосида ҳам
        қалъалар кўрдим.
 
 
Кўзим юмдим, азим дарё аро
        Вақт сингари чўмдим,
Бугун ҳам Эртанинг маъносида ҳам
        қалъалар кўрдим.
 
 
Қуёшли қалъалардай қалбларин
        қошида ўй сурдим,
Азиз инсонларин сиймосида ҳам
        қалъалар кўрдим.
 
2003

ЖУҒРОФИЯ

 
Олам қизиқ:
Кўзлайсану,
Тўрт томонга чопгайсан,
Ҳиндистонни излайсану,
Амриқони топгайсан.
 
 
Кўҳна дунё сирларидан
Қумлар қўрғон йиққайдир.
Қадим Термиз қирларидан
Япония чиққайдир.
 
2003

ИНТЕРНЕТ

 
Интернет, айланай номингдан сенинг,
Гапга лим-лим тўлуғ жомингдан сенинг.
 
 
Бугун бу дунёнинг эгаси сенсан,
Поёнсиз оламнинг эркаси сенсан.
 
 
Охир Ер юзини айладинг ишғол,
Бир ишинг яхшию, бир ишинг ‒ ишкал.
 
 
Сен сўнмай, сўлимай ёз-қиш яшайсан,
Қитъадан қитъага миш-миш ташийсан.
 
 
Зангор кўзларингда ҳамма нарса бор:
Ким ишдан кетдию, ким эса ‒ бемор.
 
 
Дон олишиб юрган ўрдаку ғози,
Кимнинг товуғию кимнинг хўрози ‒
 
 
Қўймайсан энг икир-чикиригача,
Бўғоз ва ё қисир сигиригача.
 
 
Тунлар ёритасан кулдонларни ҳам,
Бир зум тинч қўймайсан султонларни ҳам.
 
 
Ишинг бор подшою чўпонга қадар,
Дарров еткизасан ёпонга қадар.
 
 
Қочиб қутулмагай сендан пулдорлар,
Танноз санамлару сатанг дилдорлар.
 
 
Сенга бўйсунади бугун нархлар ҳам,
Бозорлар, биржалар, олигархлар ҳам.
 
 
Гарчи кеча-кундуз уйқуларинг йўқ,
Лек сенинг инсоний туйғуларинг йўқ.
 
 
Қалбу рўзғорига кириб бордингми,
Бирор камбағалдан сен ҳол сўрдингми?
 
 
Бойсунда бир мунглуғ мактаб ‒ интернат,
Хабаринг бормидир бундан, Интернет?
 
 
Ўйласам, кўзимда жолаларим бор,
Унда менинг маъюс лолаларим бор.
 
 
Улар ҳали ўсиб чинор бўлгайлар,
Улғайиб соҳиби диёр бўлгайлар.
 
 
Очиқ айтайинми энди бетингга:
Ота бўлолдингми бирор етимга?
 
 
Туганмас фол билан ромингдан сенинг,
Интернет, айланай номингдан сенинг!
 
 
Зўр бўлсанг хабар бер, бергил кафолат,
Қачон Ер юзида тугар жаҳолат?
 
 
Одамзот меҳрга қачон тўйгайдир?
Қачон ёмонликнинг уйи куйгайдир?
 
 
Айтгил ука-синглим, яна боламга:
Қачон муттаҳамлар битар оламда?
 
 
Тонг чоғи сен шамол эстириб бергил,
Зўр бўлсанг, бир ниҳол ўстириб бергил!
 
 
Сен асли камолот белгиси, ҳузур,
Сал ранжитган бўлсам, Интернет, узр.
 
 
Сенда ҳам бир ажиб тантиликлар бор,
Янги келинчакдай янгиликлар бор.
 
 
Олис элларга нур ришталар етказ,
Менинг юртимдан ҳам муждалар етказ.
 
 
Токи хуш саҳарлар кўмсин дунёни,
Кўмса хушхабарлар кўмсин дунёни!
 
2003, 2016

НЕЧУН?

 
Юрагимнинг айвонига
Меҳмон бўлган меҳмонларим,
Қилдай ёруғ кунимни ҳам
Кўролмаган ёронларим.
Кимлар ҳасад дарёсида,
Кимлар ғараз саҳросида,
Ўтиб-ўтиб бормоқдамиз
Дарду ҳасрат дунёсида.
 
 
Баланд-баланд томлар солиб,
Тубан-тубан ишлар қилган.
Баҳоримни, ёзимни ҳам
Бир лаҳзада қишлар қилган.
Мен ўйладим: гаштин сургум,
Қўлларимда торим келди.
Шундай элдошларни кўрдим,
Ич-ичимдан орим келди.
 
 
Кўнгил йўли – чарақлаган
Осмон эди, найсон эди.
Бу дунёда менинг асли
Излаганим инсон эди.
Ёмонларга нечун сенинг,
Нечун доринг келмас, ҳаёт?
Ёлғонларга бағринг кенгдир,
Нечун оринг келмас, ҳаёт?
 
2003

МАРҲУМЛАР

 
Марҳумлар бизлардан донороқдирлар,
Олий қисмат таъмин бўлганлар тотиб.
Улар сўзламаслар, лекин ҳақдирлар,
Бизлар-чи, юрибмиз сафсата сотиб.
 
 
Сокин мозорлари – нақлу пандлари,
Ойлар ҳам бир тўхтаб, сўнг ботгайдирлар.
Оламнинг энг улуғ донишмандлари –
Қиёматга қадар жим ётгайдирлар.
 
2003

ҲИЛОЛ

 
Чиқдингми ҳилолим,
Мунглуғ ярим ой,
Энди ғам қоришди фурсатларимга.
Сен зиё сочмассан,
Қўшмассан чирой
Менинг ҳасратларим, ғурбатларимга.
 
 
Инсон келармикан эртами ё кеч
Дунёга дон каби янчилмоқ учун?
Ҳилолим, осмонга чиқдингми бу кеч
Укамнинг қабрига санчилмоқ учун?..
 
2003

«Мен кўнглимни гулга бердим…»

 
Мен кўнглимни гулга бердим,
        Гулнинг новдасига қийин.
Майин ичдим, болин сўрдим,
        Ишқнинг бодасига қийин.
 
 
Ёр зулфини дом билган у,
        Доим ажиб ҳол бирлан у,
Бўйнидаги хол бирлан у
        Маржон шодасига қийин.
 
 
Ошиқ деган ташна кетар,
        Ғамгин назар ташлаб кетар,
Муғомбирлар яшнаб кетар,
        Бари соддасига қийин.
 
 
Навоийдан дил олмаган,
        Машрабдан бир қил олмаган,
Ошу нон деб илм олмаган
        Инсон подасига қийин.
 
 
Қилмайин юз-хотирини,
        Кўролмаса бир-бирини…
Ўйлайвериб тақдирини,
        Юртнинг отасига қийин.
 
 
Ватан – юксак номус-ордир,
        Кимлар учун у рўзғордир.
Гарчи Темурлари бордир,
        Темурзодасига қийин.
 
2004

УМР

 
Умр аввал шўх, ўйноқи тойга ўхшар,
Жилға бўлар, сўнгра тошқин сойга ўхшар.
Қуёш янглиғ чарақлагай тонг чоғида,
Кўкламдаги ёмғир ювган ойга ўхшар.
 
 
Болалигинг жаннатидир ота уйинг,
Унда сенинг бешикларинг, бешик тўйинг.
Қадди эгик отанг бўйи, сенинг бўйинг,
Устоз айтгандайин камон, ёйга ўхшар.
 
 
Баланд-баланд тоғларингда қоринг бордир,
Молинг йўқдир, лекин дилда оринг бордир.
Йигитлигинг, гар қаламқош ёринг бордир,
Юз минг динор, тиллоси бор бойга ўхшар.
 
 
Кўз ўнгингда бозорлари, баҳорлари,
Бу дунёнинг гулзорлари, гулёрлари.
Ўтаверар унинг ёғоч тулпорлари,
Бу ёни кир, у ёни сир жойга ўхшар.
 
 
Изларин ўп яхшиларнинг йўлидаги,
Ёшлигинг бир оққуш даҳр кўлидаги.
Умр асли кекса онанг қўлидаги
Соғинч тўла бир пиёла чойга ўхшар.
 
2004

КУЛЧА

 
Ошиқларнинг бир кўчаю,
        Бунда бир тандир кулча.
Осмонда ой бир кулчаю,
        Сенинг юзинг – бир кулча.
 
 
Бир ҳовли ҳам бир уйчаю,
        Ичи тўла гулғунча.
Бунда бир тандир кулчаю,
        Сенинг юзинг – бир кулча.
 
 
Бир йўлакча, бир йўлчаю,
        Унутмасман, ўлгунча.
Сенинг юзинг – бир кулчаю,
        Кимларга тақдир кулча?..
 
 
Кўнгил энди зор гўшаю,
        Йиллар қайдадир, кулча?
Қолиб кетди бир кўчаю,
        Кўкларда ой – сир кулча.
 
2004

ҚУРБОНЛИК ҚЎЙ

 
Худди жаннат жамолидай
Бир тонг эди,
Олам бир ён,
Сенинг кўзинг бир ён эди.
Кечир мени,
Мен ёнингга боролмадим,
Жовдираган кўзларингга қаролмадим.
 
 
Ўзларича қўли очиқ, ҳотамлари,
Нечук одам
Бу дунёнинг одамлари?
Нечун сени,
Нечун сени сайладилар?
Ётқиздилар,
Оёқларинг бойладилар.
 
 
Нечун бўйнинг бермай,
Ерга уравердинг,
Бошгинангни қорнинг томон
Буравердинг?
Оёқларинг нечун бунча ташлашдилар?
Қорнинг тирнаб,
Нени бунча талашдилар?
 
 
Бу дунёда куйдирган
Ҳам куйган инсон,
Ўнг келганда
Ўз боласин сўйган инсон.
Қурбонлик қўй,
Майсаларга қонинг томди,
Жовдираган кўзинг билан
Жонинг томди.
 
 
Кўтаришиб,
Осдилар сўнг оёғингдан,
Саҳар ичган сувинг
Оқди томоғингдан.
Кўз ёшингни
Қонинг билан қордиларку,
Теринг шилиб,
Қорнингни ҳам ёрдиларку!
 
 
Наҳот ҳайвон қисматин ҳам
Давоси йўқ?
Қўзиларинг ётар эди
Кўзи юмуқ.
Жонсиз қорнинг,
Чавоғларинг болиш бўлиб,
Ётар эди улар
Тилсиз нолиш бўлиб.
 
 
Ҳаёт менга
Кўп ғамларни қайтиб берди,
Буни менга бир оғайним
Айтиб берди.
Жонзот кўзи билан
Боқсанг гоҳ ҳаётга,
Нафратларинг келиб кетар
Одамзотга.
 
 
Кечалари мен ҳам
Уйғоқ алам билан,
Юрак-бағрим тиғлайдирман
Қалам билан.
Лекин унга
Бир тасалли беролмайман,
Юрагимнинг кўзларига
Қаролмайман.
 
 
Жонворгинам,
Дунё нечун кирлардадир?
Хаёлларим
Сен ўтлаган қирлардадир.
Қўймас сира,
Қулоғимдан кетмас нари,
Кўзи юмуқ қўзиларнинг
Маърашлари.
 
2004

ХАВОТИР

 
Қайда қолди нафосату баёт базми,
Китоб очиб, ёруғ бўлган ҳаёт базми?
Кечалари қўрқинч тушдай қўрқитади
Қодирийни ўқимаган авлод базми.
 
2003

ИСМ

 
Мажнун учун дил овунчи
        саҳроларнинг қумидадир,
Кимлар учун ҳаёт завқи
        май, шаробнинг хумидадир.
Кимлар учун бахт – дунёнинг
        Ҳинду Хитой, Румидадир,
Сенинг учун гўзал рўё –
        Умидадир, Умидадир.
 
 
Ойнинг ўзи чиройига
        ҳавас билан қарабмидир?
Офтоб ўзи сочларини
        нурга белаб тарабмидир?
Муҳаббат ҳам меҳр, толе
        ўшал дилнинг умридадир,
Унинг ёри агар шундоқ
        Умидадир, Умидадир.
 
2004

БИР ФАРЗАНД ЎСТИРГАНИНГ…

 
Сен ёлғиз эмасдирсан,
       Бу дунёда миннат бор.
Ҳар инсон боласининг
       манглайида бир хат бор.
Яхшилик ҳам туганмас,
       ёмонлик ҳам фақат бор.
Ва лекин бир гул диёр
       куй-ғазал, булбул диёр –
Унда битмас муҳаббат,
       унда меҳру шафқат бор.
 
 
Қуёш ҳам Меҳр ахир,
       оламда айлангайдир.
Меҳрсиз жойда умр
       мотамга айлангайдир.
Кўнглинг очсанг майса ҳам
       болангга айлангайдир.
Бошинг узра Ватанинг
       Онангга айлангайдир.
Бир кун бу полапонлар
       одамга айлангайдир.
Эл номин осмон этиб,
       оламга айлангайдир.
 
 
О, ҳаёт кўчаларинг,
       ғунча ҳам гулчаларинг!
Меҳрибонлик уйида
       мен кўрдим қўлчаларинг,
Бўстонимда саф тортиб,
       очилгувчи гулларим.
Болам десам, ҳар доим
       жимирлаган дилларим.
Менинг бедор маконим,
       чароғон манзилларим.
Бийрон тилим ўзингиз,
       менинг уйғоқ йилларим.
Сиз менинг жаҳонларга
       элтар кўприк, йўлларим.
 
 
Қора қош ҳам қора кўз
       қанча бола бу юртда.
Тириклик чечаклари,
       гул ҳам лола бу юртда,
Ой-қуёш ҳам бир тўхтаб
       ўйлар: қолай бу юртда.
Сувларидан, куй бериб,
       куйлар олай бу юртда.
Юртим десам, онам у,
       онам десам, бу – юрт-да.
 
 
Сен ёлғиз эмассан, юрт,
       меҳрдир дўст тутганинг.
Заҳматларни жим торта,
       дунёга кўз тутганинг.
Улуғларинг хокини
       кўзларингга суртганинг.
Бир фарзанд ўстирганинг –
       бир Ватан ўстирганинг.
Бир ўғлон ўстирганинг –
       бир қўрғон ўстирганинг.
 
2004

БУЮК ИПАК ЙЎЛИ

 
Келаверар карвонлар,
Кетаверар карвонлар.
Қадим Ипак йўлдир бу –
Ҳам севинч, ҳам армонлар.
 
 
Йигирма бир асрдир,
Бардошу ҳам сабрдир.
Халқлар қурган қасрдир –
Гоҳ созу гоҳ вайронлар.
 
 
Бунчалар кенг бу очун,
Бир томони Чин-Мочин.
Инсон ёзса қулочин,
Ғурур бўлган осмонлар.
 
 
Чўлмас кўкларга етган,
Ўлмас эркларга етган,
Улуғбеклардан кетган
Юлдузларга унвонлар.
 
 
Оврупоми, Осиё –
Бир қуёш, бир ой – зиё,
Адолатга, эй дунё,
Бағринг бўлсин айвонлар.
 
 
Инсоният, маконинг –
Ўт ҳам сув тўрт томонинг.
Маърифат ҳам иймонинг
Сенга бўлсин қалқонлар.
 
 
Биз оламга тикилдик,
Гоҳ туриб, гоҳ йиқилдик.
Қаддимизни тик қилдик,
Келди давру давронлар.
 
 
Кунчиқардан чиққан кун
Сурхонда тунар ҳар кун.
Ёпонча сўйлар бугун
Термиздаги қўрғонлар.
 
 
Буюк Ипак йўлдир бу,
Минг миллат, бир тилдир бу.
Аждодлардан қўлдир бу
Авлодларга томонлар.
 
 
Шанхайдан бошланган тонг
Тошкентда отса не тонг?
Олти султон – бир қўрғон,
Эзгуликка сорбонлар.
 
 
Дунё, сен солгин назар,
Манзилларинг бўлгай зар.
Абадиятга қадар
Тўхтамас бу карвонлар.
 
2004

ҚАЛДИРҒОЧ КЎЗЛИКЛАРИМ

Нигинага


 
Сиз – қаро сочликларим,
Ой-қуёш юзликларим.
Қалдирғоч қошликларим,
Қалдирғоч кўзликларим.
Ҳаётим бўстонида
Қатор кетган ғунчалар.
Қуёш тонгдан сут олиб,
Сизга ёпгай кулчалар.
 
 
Булоқлардай соф, тиниқ
Жилваларим сиз менинг.
Саҳардан ўйноқлаган
Жилғаларим сиз менинг.
Кун бўйи живир-живир,
Сиз – новвот сўзликларим.
Менинг шўхликларимсиз,
Қалдирғоч кўзликларим.
 
 
Муҳаббатнинг нурлари,
Сиз – меҳрдан толалар.
Кўнгилларимга пайванд,
Умримдаги лолалар.
Менинг такрор баҳорим,
Дунёда изликларим.
Эрка ҳам нозликларим,
Қалдирғоч кўзликларим.
 
 
Сиз бирлан хаёл етмас
Манзилларга етгайман.
Тўлқин-тўлқин йилларим,
Дарё бўлиб кетгайман.
Сиз – тошқин шодликларим,
Сиз – менинг ўзликларим.
Қалдирғоч қошликларим,
Қалдирғоч кўзликларим.
 
 
Кийикларим бор менинг,
Кўкракларим тоғ бўлгай,
Сиз улғайган бу тупроқ
Чаман бўлгай, боғ бўлгай.
Эриб кетгай дилдаги
Минг йиллик музликларим.
Қалдирғоч қошликларим,
Қалдирғоч кўзликларим.
 
2004

ҒАЛАБА!

 
Яна нима керак:
Жаҳон майдонига чиқди бир ўзбек,
Тупроқ томларимда улғайган лолам.
Бутун юрт бир қуёш,
Бир порлоқ юздек,
Жингалак сочингдан айланай, болам!
 
 
Азал ор-номусдан келган юртим-ей,
Бу оқшом бир яйраб,
Яшнаб юрдим-ей!
Ким айтди:
Ташнаю зор юрганлармиз?
Жаҳон майдонида от сурганлармиз.
От сурган қўлингдан айланай, болам,
Ўзбекча кулгунгдан айланай, болам!
 
 
“Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз” каломи,
Ҳикмат давомидай унинг давоми,
Эврилиб Ватанга тимсоллар бўлгай,
Фарзандлари ғолиб инсонлар бўлгай.
Ному нишонангдан айланай, болам,
Ёруғ пешонангдан айланай, болам!
 
 
Темур бобо солган қўрғонларгача,
Анҳоринг, сен ўсган айвонларгача,
Ўйлади ҳаққингга дуолар айлаб,
Сингиллардан тортиб султонларгача.
Шон, ғурур – кўркингдан айланай, болам,
Туз ичган юртингдан айланай, болам!
 
 
Яна нима керак:
Буни фарзанд дейдилар!
Она, Ватан, фарзанд пайванд дейдилар.
 
 
Бу ёруғ дунёда ҳали синовлар керак,
Ақлу заковатлар,
Қалби оловлар керак.
Ватан ўз-ўзидан Ватан бўлмагай,
Милён-милён Рустам Қосимжоновлар керак!
Ҳаддинг, шахматингдан айланай, болам!
Қадду қоматингдан айланай, болам!
 
2004.13.07

ҚИЗАЛОҚЛАР

 
Қуёш ҳар тонг нурга белар
Айвонингиз, кўчангизни.
Унинг ўзи ёпиб берар
Иссиққина кулчангизни.
 
 
Сиз – ҳаётнинг юзидаги
Кулгичлару хандаларсиз.
Бировингиз капалагу
Бировингиз ҳандалаксиз.
 
 
Айланади вижир-вижир,
Қалдирғочлар бошингиздан.
Қанотларин олган улар
Сизнинг кўзу қошингиздан.
 
 
Сиз билан бу меҳр боғи
Сўлимас ҳеч, ҳаёт бўлар.
Тириклик ҳам бутун умр
Асал бўлар, новвот бўлар.
 
 
Умрларнинг баҳорида
Ғунчаларсиз, гулчаларсиз.
Бунчалар ҳам ширин ҳаёт,
Ширингина кулчаларсиз.
 
2005

АСАЛ ҚИЗИМ НИГИНА

 
Баҳор келар шивир-шивир, Нигинжон,
Майсалар ҳам живир-живир, Нигинжон.
 
 
Мажнунтолнинг сочлари чилвир-чилвир,
Мен шеър ёзай чилвир-чилвир, Нигинжон.
 
 
Соғинчларим гуллар очар боғларда,
Ёмғирларим биқир-биқир, Нигинжон.
 
 
Саҳарданоқ ўйноқлаган жилғамсан,
Тириклигим қиқир-қиқир, Нигинжон.
 
 
Тушларингда жилмаясан нурланиб,
Болишларинг ғимир-ғимир, Нигинжон.
 
 
Кечалари куртак ёзар, барг ёзар,
Қаламларим шитир-шитир, Нигинжон.
 
 
Меҳр билан жимирлаган ҳаётим,
Жону дилим жимир-жимир, Нигинжон.
 
 
Умр бўйи менинг кетмас баҳорим,
Қалдирғочим вижир-вижир, Нигинжон.
 
2005
1.“Труд” газетаси, 15.04.2006 й.

Janrlar va teglar

Yosh cheklamasi:
0+
Litresda chiqarilgan sana:
16 may 2023
Hajm:
320 Sahifa 1 tasvir
Mualliflik huquqi egasi:
Sharq

Ushbu kitob bilan o'qiladi