Ўтган асрнинг 70 – йилларида ўзбек шеърияти ўзининг янги пағонасига кўтарилган, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Азим Суюн, Ҳалима Худойбердиева каби истеъдодли ижодкорлар адабиёт майдонида жавлон ураётган, ўз истеъдодларини намоён этишаётган эди. Бундай жиддий “давра”га дадил кириб бориш, ўз овозига эга бўлиш осон иш эмасди. Аммо Муҳаммад Юсуф ўзининг бир қарашда оддий, халқона сатрлари билан бу “давра” дан муносиб ўрин эгаллай олди.
1991 йили Ғофур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида “Сенга интилдим” номли шеърий тўпламим чоп этилди.Ўша китобимга Муҳаммад Юсуф муҳаррирлик қилган, уни аввал шоир сифатида ардоқлаган, қадрлаган бўлсам, кейин нозиктаъб муҳаррир ва ажойиб инсон сифатида яқиндан билганман.
Ундаги ажойиб фазилатлар, хислатлар шеърларига кўчган.Мактаб даврида хотира дафтари тутмаган синфдошларни топиш қийин. Ана шу дафтарларда эса Муҳаммад Юсуфники бўлмаган шеърни учратиш мушкул.
Қўшиқчиликка алоқадор одам борки, барчаси Муҳаммад Юсуф ижодига доимий мурожаат қилиб келади.Ўзи буни жуда ёмон кўрса ҳам уни “қўшиқчи – шоир” сифатида таърифлашарди. Ҳозирги кунда “қўшиқчи – шоир” деганда фақат “бозор” учун ёзадиган, тўйларни “гуллатадиган” шоирлар тушунилади. Аммо ўз вақтида қўшиқнинг сифатини кўтарган шоир – Муҳаммад Юсуф эди.
Бугунги келиб, “қўшиқчи – шоир” номи унга ёпишмай қолди. У ШОИР эди, ШОИРлигича қолди…
Унинг дўстларидан бири, шоир Хуршид Даврон Муҳаммад Юсуф ҳақида шундай дейди:”Муҳаммаджон бу дунёдан кетгандан кейин янги Муҳаммад Юсуф яратишга уринишлар бўлди.Ундай катта юрак, катта қалб, покизалик бўлмагандан кейин унинг ўрнини эгаллаш жуда қийин бўлади. Унинг қолипида шеър ёзиш осон. У ясаб кетган қолипда нечта одам халқ шоири бўлди. Муҳаммаджоннинг шеърлари халқчил, тили ҳам содда ва ёқимли. Шунинг учун унинг шеърлари ўзбек шеъриятида ўзининг ўрнини бировга бериб қўймайди”.
Муҳаммад Юсуф шеърларида яқин тарихнинг энг оғриқли, дардли кунлари нафаси уфуриб туради:
Ўтган кунинг – ўтган кундир,
Ўз бошингга етган кун.
Қодирийни берган замин,
Қодирийни сотган кун.
Қўлин боғлаб,
Дилин доғлаб,
Етаклашиб кетган кун,
Воҳ болам, деб айтолмаган
Дудуғимсан, Ватаним.
Ёки ўзи адабиёт оламида донг таратиб улгурган, аммо онаизоридан хабар олишга ярамаган “ноқобил” фарзанднинг таволлосини эшитинг;
Оҳ, менинг ортимдан оввора онам,
Бир парча юраги минг пора онам.
Ҳар балони кўриб ёруғ дунёда,
Тошканни кўрмаган бечора онам,
Боланг бўлиб бир бор бошлаб келдимми,
Энди мен ҳам сенга ўғил бўлдимми!..
Унинг шеърларидаги диққатни тортадиган яна бир жиҳат – ўзбекка хос ор, номус, ғурур бўй кўрсатиб туради. Хусусан, унинг “Ўзбек” шеърида буни яққол кўриш мумкин;
Сен пахта терардинг етти букилиб,
Пайкалингда эдинг, эй онажоним.
Ўзбекмисиз, дея ғалати кулиб,
Мендан сўраб қолди бир танноз хоним..
Саҳардан шомгача мўлтираб, кўзинг.
Кўрмай қолгунича чопдинг далангни,
Ўғирлик қилмасанг, айт ахир ўзинг,
Қандай боқаяпсан шунча болангни…
Бир боплай дедиму тилимни тийдим,
Майли, одам қуриб шунга сўз дейми.
Ўзбекни ер танир, Осмон танийди.
Таннозлар қаёқдан билсин ўзбекни!
Ҳа, Муҳаммад Юсуф ўзбекнинг ана шундай куюнчак ва ўктам шоири эди…
Исмоил ТЎХТАМИШЕВ, шоир
Унда мен бола эдим. Аммо шоир Муҳаммад Юсуф билан танишиш орзусида яшардим. Газета, журнал ҳамда радио ва телевидениедаги шоирнинг ҳар бир чиқишини катта қизиқиш билан ўқиб,эшитиб кўриб борардим. Омадни қарангки,ТошДУ( ҳозирги ЎзМУ) да ўқиган давримда Муҳаммад Юсуф билан кўришиш, учрашиш,суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганман.Ўқишдан ажралмаган ҳолди газетада ишлаганим учунми , бу машҳур инсондан тез – тез интервью олишга тўғри келарди – да! Ё ишхонаси ё уйига қўнғироқ қилардим, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига борганимда эса худди туғишган ака – укалардек суҳбатлашиб қолардик. Унинг интервьюси чиққан газетанинг ушбу сони эса матбуот дўконларида “яшин тезлигида” сотилиб кетарди. Чунки халқ бу одамларни чуқур тушунадиган, биладиган, англаб етадиган оддий, камтар ва камёб инсонга ва унинг ҳар бир сўзига муштоқ эди.
Шоир ”Хурсаной опа” шеърида “Кимда ғам кўп бўлса – у менинг онам!” дейди шартта танимаган,билмаган, кўрмаган инсонига қарата. Аммо у бу халқнинг ҳар бир вакилини ўзига яқин олади! Онам дейди, акам, укам, опам, синглим дейди у. Ҳамма ўзимники, бегонаси йўқ. Аслида ҳам шундай. Муҳаммад (с.а. в.) мусулмон – мусулмонга биродар, яъни қариндош деганлар. Шунинг учун бу диёрда ҳамма опа- сингил, ака – укадир.
Муҳаммад Юсуф ўзбекка шундай чиройли таъриф берадики, уни ҳар қандай одам тушуна етади: Албатта унинг қиёси йўқ,аммо меҳри бир дарё,кимга ўхшайди деб савол бериб юрманг, чунки бу дунёда унинг ўхшаши йўқ. Ўхшаса ўзига ўхшайди ўзбек. Унинг бу дунёда яшашдан мақсади битта; дунёда болам деб яшайди ўзбек. Ўзбек ҳаммага яхшилик тилайди, тинчлик ва омонлик тилайди, оламни яшнашини истайди, бирам болажону меҳмондўстки ,яқинлари уйида жам бўлса, тўшак етмаса тўнини тўшайди ўзбек.У шундай миллатки, – дейди шоир, – Ватан, Ватан деб кўкракка урмайди, чунки киндик қони тўкилган тупроқ унга шон,шараф. Бундан чиқди, бу миллатнинг Ватанга бўлган муҳаббати туғмадир. Ҳақиқатан,у керак бўлса бесўз бахш этади жон. Катта кетмасдан Ватанни фидойиларча севади, жону – жаҳоним деб билади. Дарҳақиқат ўзбек миллатига Муҳаммад Юсуфдан ўтказиб таърифу тавсиф бериш қийин.
Шоир миллатимизнинг жасур, мард ва эрка шоири эди. Унинг мардлиги шундаки, Ватанини бўйнига тумор қилиб олди, ”бўлар элнинг болалари бир – бирин дер, дея элни халқ бўлишга чорлади”, бутун умрини халқига, Ватанига бағишлади. Унинг эркалик билан айтган шеърлари эса одамларга суянч, таянч, умид ва руҳий кўтаринкилик бағишлади.
Билдимки ,баридан улуғим ўзинг,
Билдимки, яқини шу тупроқ менга.
Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг,
Араб оҳусидан азизроқ менга…
Сени билганларга қиламан таъзим,
Сени билмасларга раҳмим келади.
Ваҳоланки, шоир ҳам умри давомида Ўзбекистонни ҳурмат қилганларни бошига кўтариб яшади. Аммо унинг тузини еб, тузлигига тупирганлардан нафратланди, сотқинларни кечирмади, бундай нобакор – кўрнамаклардан жирканди. Шоир Муҳаммад Юсуф инсон умрининг мазмуни, бахти – саодати, муваффақият манбаи – Ватанга хизмат қилишда, фидойиликда, унга садоқатда деб билди.
Тўзғийди тўнингдан
Тортган тўралар.
Кеча тузингни еб
Сотган тўралар.
Энди пушаймонда,
Туйник мўралар –
Мен сенинг
Ёнингдан
Жилмай севаман.
“– Муҳаммад ака, – деб савол бердим,– уйидаги суҳбатларимиздан бирида,– Қайси хонада ижод қиласиз.
–Эй, укам қизлар катта бўлавергач ижод учун жой танламай қоларкансан, чунки уларнинг ҳар бирига бир хона керак. Менга фарқи йўқ, шеъримни ошхонада бўлса ҳам ёзавераман, – деди у мийиғида кулиб”.
Унинг ҳар бир суҳбатида давлатимиз раҳбариятидан мамнунияти сезилиб турарди. Ҳа, бу юртда инсон азиз. Муҳаммад ака ҳаётлигида ҳам эъзозу – эхтиромга сазовор бўлди. Бугун ҳам унинг хотирасига Муҳтарам Юртбошимиз ва она халқимиз томонидан чексиз ҳурмат кўрсатилмоқда.
Мамлакатимизда Муҳаммад Юсуф номидаги жамғарма фаолият юритмоқда. Шоирнинг асарлари қайта – қайта нашр қилинаётир. Унинг вафотидан сўнг 2004 йилда 50 йиллиги нишонланди. Биринчи Президентимизнинг “Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида” ги қарори миллий адабиётга юксак эҳтиром намунаси бўлди.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов “Муҳаммаджон ноёб истеъдод эгаси, одамларга меҳрибон, софдил, мард ва камтарин инсон эди” деб қайд этган эди. Саъдий Шерозий айтганидек, ”Шундай яшагилки, одамлар сенинг ўлганингга ишонмасин”. Албатта, Муҳаммад Юсуф ҳам худди Саъдий таъкидлагандек яшаб ўтди. Ундан яхши ном, беназир маънавий мерос ва ибратли ҳикоятлар қолди.
2014 йилда Ватан ва истиқлол куйчиси Муҳаммад Юсуфнинг 60 йиллиги мамлакат миқёсида кенг нишонланди. Таълим даргоҳлари, корхона ва ташкилотлар, меҳнат жамоалари, маҳаллаларда, ҳарбий қисмларда шоир ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган адабий учрашувлар, анжуманлар, маънавий – маърифий тадбирлар, адабиёт кунлари, кечалари ўтказилди. 25 апрель куни эса Тошкентда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига бағишланган катта ижодий кеча, маърифий анжуман бўлиб ўтди.
24 – апрель куни Талимаржон шаҳрида ҳам ҳокимимиз Шуҳрат Норқобилов (Ҳозирда Нишон туман ҳокимининг ўринбосари) ташаббуси билан шоир Муҳаммад Юсуфнинг ижодига бағишланган назм ва наво кечаси тўпланганларда катта таассурот қолдирди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов қарори билан шоирнинг олтмиш йиллиги нишонланиши баробарида, унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳужжатли фильм яратилди. ”Шарқ” нашриёт – матбаа акциядорлик компаниясида шоирнинг “Сайланма” асарлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Адиб” нашриётида “Муҳаммад Юсуф замондошлари хотирасида” номли тўплам чоп этилди. Шоир таҳсил олган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида унинг ибратли фаолиятига бағишланган музей хонаси ташкил этилди.
Яна шуни айтиш жоизки, шоирнинг шеърлари турли хорижий тилларга таржима қилиниб, чоп этилмоқда. Шунингдек Ўзбекистон халқ шоири, “Дўстлик” ордени соҳиби Муҳаммад Юсуф яшаган пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Пушкин – Солор кўчасидаги 1 – уйда шоир хотирасига бағишлаб ёдгорлик лавҳа ўрнатилди.
2017 йилнинг 18 апрелида Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги Қарорга имзо чекди. Ушбу қарорда жумладан шундай дейилади;…Миллий боғни халқимиз,авваломбор, ёшларимизнинг маданий-маърифий савиясини юксалтиришга хизмат қиладиган, нафақат юртимиз, балки жаҳоннинг турли мамлакатларидан меҳмонлар ва сайёҳлар ташриф буюрадиган ҳар томонлама гўзал ва бетакрор масканга айлантириш, маънавий ҳаётимизда ўчмас из қолдирган атоқли сўз санъаткорларининг тарихий хотирасини абадийлаштириш мақсадида;
…5.Ўзбекистон Бадиий академияси тегишли ташкилот ва идоралар билан биргаликда миллий адабиётимизнинг улкан намояндалари;
…Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаларини барпо этиш бўйича бир ой муддатда ижодий танлов эълон қилсин ва уни белгиланган тартибда ўтказсин”. Ушбу Қарорда Алишер Навоий ҳайкали билан уйғун равишда Миллий боғда Адиблар хиёбони яхлит меъморий ансамблини барпо этиш кўзда тутилди ҳамда қисқа муддатда Ўзбекистон қаҳрамонлари Озод Шарафидиннов, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповларнинг ҳайкаллари билан биргаликда шоир Муҳаммад Юсуфнинг ёдгорлик мажмуаси ҳам қад ростлади. Ушбу хиёбонда мавжуд 2007 йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор, 2010 йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ойбек, 2013 йили Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ва таниқли шоира Саида Зуннунова хотираларига бағишланган ёдгорлик мажмуалари қаторига кўчириб олиб келинган Ҳамид Олимжон, Ғофур Ғулом ва Зулфия ҳайкаллари қўшилди. Дарҳақиқат, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу тарихий қарори билан адиблар хиёбонининг барпо этилиши–миллий адабиётимизга юксак ҳурматнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Бугунги кунда Адиблар хиёбони ижодкорлар, умуман ёш авлод зиёрат қиладиган кўркам гўшалардан бирига айланган.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 1 ноябрдаги Андижон вилояти сайловчилар вакиллари билан учрашувда ҳам Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфни чуқур ҳурмат билан ёдга олди: “Андижоннинг яна бир фидойи фарзанди –Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф вафотидан сўнг унинг оиласи, фарзандларидан хабардор бўлиш, шоирнинг юбилейлари, хотира тадбирларини ўтказиш бўйича шахсан менга (Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан) берган топшириқларини яхши эслайман”.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳозирги кунда миллий адабиётимиз фидойилари руҳини шод ва хотирасини обод қилиш йўлида шахсан бош-қош бўлаётгани, 2016 йилнинг 27 декабрида Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги давлат миқёсида нишонлангани, Тошкентда Абдулла Қодирий, Наманганда Исҳоқхонтўра Ибрат, Фарғонада Эркин Воҳидов, Нукусда Иброҳим Юсупов, Қарши шаҳрида Абдулла Орипов, Сирдарёда Ҳалима Худойбердиева ва Андижонда Муҳаммад Юсуф ижод мактабларининг ташкил этилгани диққатга сазовордир. Бу эса ўз навбатда ғамхўр Юртбоши раҳнамолигида улуғ ижодкорларнинг муносиб издошлари, ёш Эркин Воҳидовлар, ёш Абдулла Ориповлар, ёш Муҳаммад Юсуфларнинг шакллантиришга киришилганидан дарак беради. Яъни Давлатимиз раҳбари 2018 йилнинг 20 июлида Ядро физикаси институти залидаги учрашувда таъкидлаганидек, “Вилоятларга борганимизда, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф, Иброҳим Юсупов, Ҳамид Олимжон, Зулфия каби ижодкорларга бағишланган катта – катта мактаблар очдик. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлардек ижодкорлар ўзидан – ўзи пайдо бўлмайди. Ҳеч қачон пайдо бўлмайди. Уларни давлат тарбиялаши, саралаши, унга пул сарфлаши керак”.
Мухтасар қилиб айтганда, Муҳаммад Юсуф ижоди тугамайдиган сарчашмани эслатади. Бу маънавий сарчашмадан баҳраманд бўлган инсон, “Ватанни бўйнига тумор” қилиб юксак манзилларга интилади, ”Айланайин қора қошу кўзингдан – а, Ўзингдан қўймасин, халқим , ўзингдан – а”, – деб яшайди.
Ана шу қалбларга меҳр – муҳаббатни экиб, ундириб олувчи шеърлари билан шоир мангуликка дахлдордир. Ҳа, у халқимизнинг юрагида, ёдида абадий ва барҳаёт яшайверади.
2013 йилнинг 27 декабр куни Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинганди. Ушбу Қарор таниқли шоирнинг миллий адабиётимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, халқимиз маънавияти, онгу тафаккурини юксалтириш, ёш авлод қалбида ўзликни англаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини, эзгу фазилатларни камол топтириш борасидаги хизматлари, ёрқин истеъдоди , бетакрор бадиий асарлари, ибратли ижтимоий фаолиятини инобатга олиб, 60 йиллиги муносабати билан қабул қилинганини эътироф этиш лозим.
Ушбу муҳим хужжатни ўқир эканман, Муҳаммад Юсуф билан боғлиқ хотираларим хаёлимга қуйилиб кела бошлади. Талабаликни бежизга олтин давр дейишмайди, ЎзМУда ўқиган кезларим олий ўқув юртида Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Эркин Воҳидов, Озод Шарофиддинов, Ғайбулла ас – Салом, Усмон Азим, Азиз Қаюмов, Азим Суюн, Нажмиддин Комилов, Усмон Қучқор, Содирхон Эркинов, Иқбол Мирзо каби таниқли шоиру ёзувчилар,олиму мунаққидлар билан тез-тез учрашувлар бўлиб турарди. Ана шундай суҳбатлар талабалардаги мустақил дунёқарашнинг шаклланишига ва тафаккурининг ўсишига туртки бўларди.
Тошкентда дунё билган Чингиз Айтматов, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Одил Ёқубов, Мирмуҳсин, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов ҳамда халқ шоирлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Раиф Парфилар билан учрашганим ҳамда суҳбатлашганим кечагидек ёдимда.
“Марказий Осиё маданияти” халқаро газетасида устозимиз Анвар Жўрабоев хонадонида ёки мамлакатимиз ёзувчи-шоирларининг Наврўз байрами муносабати билан бўлиб ўтадиган учрашувларида эл билган машҳур ижодкорлар мулоқотида бўлиш бахтига муяссар бўлганим мамнуният бағишлайди.
Профессорлар Лазиз Қаюмов, Бегали Қосимов, Омунилла Мадаев,Улуғбек Долимов, Афтондил Эркиновлар томонидан ўтилган миллий адабиёт дарслари орқали онгу тафаккуримизга ўзбек адабиётига бўлган чексиз муҳаббат сингдириб борилганини ҳам айтмасам бўлмас.
Бугунги эсимда, бош муҳаррир Абдуқодир Ниёзов ташаббуси билан ташкил этилган ”Туркистон” газетаси қошидаги шеърият мактаби машғулотларидан бирида оддий ва камсуқум Муҳаммад Юсуф билан танишдим. Ўзбекистон халқ шоири шеърият гулшанига қадам қўяётган ёшларга ўз зарур маслаҳатлари ва керакли кўрсатмаларни берди .”Кўп ёзиш керак,зўр ёзиш керак” дерди у ёшларни ўз устида мунтазам ишлашга чорлаб. Албатта, кўп китоб ўқиш, изланиш ва тинимсиз машқлар қаламкашни том маънода шоир қилиб шакллантиради.
Муҳаммад Юсуф шеърият мактабида янги ёзган шеърларини чиройли қилиб ўқиб берарди. Шоир шеърлари содда ва халқоналиги билан каттаю кичикка бирдек тушунарли эди. Аммо унинг назми оддий туюлсада, ҳар бирида салмоқли фикр ва чуқур фалсафа мужассамлиги диққатга сазовордир.
Баланд шоҳда қизил олма
Пишган экан.
Узиб олиб қарасам қурт
Тушган экан
Мен олмани ирғитворсам
У дод солди:
Ташлаб кетар экан мени
Нега олди?!
Хўш, азиз ўқувчи нима тушундингиз? Шоир бу билан нима демоқчи? У ҳар бир қадамни етти ўлчаб бир босишни, яъни ҳаётий ҳақиқатни баланд, қўл етмас жойдаги қурт еган олма мисолида талқин қилаяпти. Оддий, аммо залворли мисол. Биз табиатан осилсак баланд дорга осиламиз, баланд шоҳдаги олма ёки бой – бадавлат хонадондаги қизалоқ кўзимизга чиройли кўринади. Аммо ҳақиқий гўзаллик – кўнгилнинг софлигида, аҳлоқ – одобда, шарму ҳаёда эканлиги хаёлимиздан кўтарилади-да!
Филология фанлари доктори Йўлдош Солижонов “Элнинг эрка шоири “ мақоласида ёзади; ”Бу машҳурликнинг ўзига хос сабаблари бор. Уларнинг биринчиси ва энг муҳими, шоир шеърларининг соддалиги ва самимийлигидир. Соддалик деганда жўнлик ва одмиликни тушунмаслик керак. Зеро , шеъриятда фикрни ўқувчига содда қилиб айта олиш поэтиканинг долзарб ва ҳеч эскирмайдиган масалаларидан биридир. М.Юсуф шеърларидаги соддалик биринчи галда танланган сўзларнинг халқона руҳида, мисраларнинг тиғизлигида, мазмуннинг тугалланганлигида, ўзбекча ибораларнинг янгилигида ва оҳори тўкилмаганлигида, оҳанг ранг – баранглиги ва рангларнинг тиниқлигида, фикрнинг барқарорлиги – ю, образларнинг қуюқлигида кўзга ташланади. У ҳар бир сўзга, деталга, образга самимият билан ёндошади ва унинг зиммасига залворли маъно юклайди. Аммо бу юк ўқувчини толиқтирмайди, негаки, фикрни ташиётган сўзлар ғоят енгил ва табиий жойлашади”.
Bepul matn qismi tugad.