Kitobni o'qish: «Ортда қолган йўл»
КИТОБ ҲАҚИДА
Мен Санобар Нишонованинг китобхонга тақдим қилинаётган “Ортда қолган йўл” китоби қўлёзмасидан ўрин олган қиссалар ва ҳикояларни ўқиб чиқдим. Уларда тасвирланган воқеаларнинг шахсан гувоҳи бўлганман. Бу воқеалар иккинчи жаҳон уруши машаққатлари ва мусибатларини бошидан кечирган менинг ва менинг ёшимдаги кишиларнинг ҳаётига жуда ўхшаб кетади. Иккинчи жаҳон уруши ғалаба билан якунланди, бироқ бу жуда катта йўқотишлар эвазига бўлди. Мудҳиш урушнинг аламли жароҳатлари қалбларимизда қолиб кетди. “Ортда қолган йўл” ва “Мурғак қалб жароҳатлари” қиссалари ана шулар ҳақида ҳикоя қилади. Қисса қаҳрамонлари Саодат ва Шаҳодатлар босиб ўтган йўл уруш йилларида барча болалар бошидан ўтказган оғир кечмишлардир. Қаҳрамонларнинг ана шу ҳаётий йўли муаллиф томонидан ўзига хос услубда жонли ва қизиқарли тасвирлаб берилган. Бу бизнинг тарихимиз ва уни ҳозирги ёшлар билишлари керак. Мен муаллифни табриклаган ҳолда ёшларга шундай дегим келади: “Эй, набираларим, қизларим! Сизлар Саодат ва Шаҳодатлар босиб ўтган йўлдан воқиф бўлар экансиз, бугунги бахтли ҳаётимизга, беташвиш болалигингизга шукроналар айтасиз. Ҳаётни қадрлайсиз, яшашга, яратишга бўлган интилишингиз ортади. Боболарингиз ва бувиларингиз босиб ўтган йўл қанчалик машаққатли бўлганлигини чуқур англаб етасиз. Бу китобни ўқинг ва ўтмишимизни унутманг”.
Худойберди Тўхтабоев,Ўзбекистон халқ ёзувчиси
ҚИССАЛАР
ОРТДА ҚОЛГАН ЙЎЛ
Отам Қаршибой ва онам Холбиби хотираларига бағишлайман.
Биринчи қисм
Муқаддима
Жажжи Саодат юзига беҳисоб тиканлар қадалгандай бўлди-ю, чинқириб уйғониб кетди. У муштчалари билан кўзларини ишқалаб уйқусини ҳайдаркан, ўзини бир бегона киши эркалаётганини кўрди. Лекин у киши гўдакнинг ширин уйқусида чўчитгани билан иши йўқ, осмонга ирғитар, оғзидан келаётган бадбўй ҳид қизчанинг нафасини бўғар эди. Саодат бир зум ҳайрат билан унга қараб турди-да, ваҳима билан йиғини қайтадан бошламоқчи эди, у кишининг ўзи ўкириб йиғлай бошлади:
– Гулсарагинам, болагинам, мени ташлаб қаерларга кетдинг?! Дод ўлимнинг дастидан!
Энди у ўзини каравотга отди. Жазаваси тутиб, бошига муштлай бошлади.
Нарироқда ўттиз беш-қирқ ёшлардаги бир аёл қўрқувдан дағ-дағ титраётган қизалоғини бағрига босиб, пастки лабини тишлаганича бу нотаниш “ўйин”га ҳайрон бўлиб қараб қолган эди. Бўлаётган барча ҳаракатларга кўникиб қолганиданми, йигирма ёшлардаги бир жувон уни тинчлантирмоқчи бўлар, эркак эса тўғри келган томонга ўзини ташлаб, беўхшов ҳаракатлар қилар эди.
Осмон узоқ, ер қаттиқ
Соҳиб ака билан Холида опанинг учта попукдек қизи бор эди. Тўнғичи Моҳирадан кейин туғилган икки ўғлини ажал юлиб кетди. Улардан кейин туғилган Шоҳида омон қолди. Кейин яна бир ўғил кўришди. У ҳам қизамиқнинг қурбони бўлди. Кейинги туғилган қизини саодатли бўлсин, кетидан туғилган ўғил ўлмай қолсин деб, отини Саодат қўйишди. Соҳиб ака уч қизини жонидан ҳам азиз кўрар, “ўғлим йўқ”, деб Холида опани ўкситмас эди. Ҳатто уйда рўзғор ишлари билан ўралашиб сиқилмасин, ўқиб бирор ишга овунсин деб, уни ўша вақтларда янги очилган саводсизликни тугатиш курсига киритиб ҳам қўйди. Холида опа янги келган боласи тенги ёш муаллимнинг олдида ўзини ноқулай сезиб, қоғозга ёзаман деб уни тешиб қўйди ва шу чиққанича мактабга қайтиб бормади.
– Қизларим ўқисин, дадаси, энди мен ўқиб шаҳар сўрармидим, – дерди эрининг қистовига эътироз билдириб.
– Қизларинг ўқиса ўз йўлига, замони шундай келди. Сен ўқисанг ҳам ўз йўлингга, кўзинг очилиб оқ-қорани танийсан-ку ҳеч бўлмаса, – дерди куюниб.
Соҳиб ака қанча уринмасин Холида опани мактабга чиқара олмади. Хотинидан ҳафсаласи совиганидан кичик қизи Саодатни тиззасига ўтқазиб оларди-да:
– Ўқимасанг ўқима. Бир кун келиб пушаймон бўларсан. Аммо-лекин шу қизимни бир ўқитай. Ўқиб муаллима бўлса, кўриб балли дерсан.
Соҳиб аканинг уйи мактабга яқин бўлганиданми ёки узоқ қариндошлигиданми янги келган муаллим уларникига тез-тез чиқиб турарди. Айрим пайтлар туман халқ судида ишлаётган акасини ҳам бошлаб чиқиб, Соҳиб ака билан анчагача гаплашиб ўтирар эди. Холида опа эса йигитларнинг кири-қуши, озиқовқатидан хабардор бўлиб турарди.
Ака-укалар феъл-атвори тамоман бир-бирига ўхшамас: укаси Турсунбой камгап, бамаъни, босиқ, хушфеъл йигит бўлса, акаси Турғунбой унинг акси: сергап, енгилтак, ишдан кейин қишлоқ дўконида ичиб олиб, тўполон чиқариб юрар эди. Соҳиб акаларникига келганида ҳам энди бўй чўзиб, оқи оққа, қизили қизилга ажралиб, товусдай товланган Моҳиранинг изидан беҳаё кўзларини узмасди. Соҳиб акага бу нигоҳлар тиғдай туюларди. Бу бемаъни йигитни жини суймаса ҳам муаллим Турсунбой ҳурмати гаплашишга мажбур эди. Ҳаёт шу зайлда бир меъёрда оқаётганда шумхабар тарқалди. Гитлер деган босқинчи уруш бошлапти! Қўшни халқларни оёқости қилаётган эмиш. Дастлабки сафарбарликда Турсунбойга ҳам чақириқ қоғози келди. Уни саккиз йигит билан биргаликда бутун қишлоқ аҳли кузатгани чиқди. Кўзга яқин бўлиб қолган Моҳирани уйда қолдириб, Соҳиб акалар станцияга йигитларни кузатгани кетишди. Кузатувчилар орасида негадир Турғунбой йўқ эди.
Моҳира қўлигул чевар қиз. Бир ўзи ҳовлида кезиб зерикди, юмушларини бажариб бўлиб уйга кирди ва ўртоқлари ташлаб кетган чок-чукларни машинада тикишга тутинди. Кеч бўлиб, қоронғи туша бошлаган эди. Чокка тикилавериб чарчаган кўзларини қўллари билан ишқалади-да, “Бунча кечга қолишмаса”, деб деразага қаради.
Шу пайт кўзи деразадан унга қараб тикилиб турган бир кимсага тушди. Шундай туюлаётгандир деб ўйлаб, қаттиқроқ ишқалади. Йўқ, ростдан ҳам унга биров тикилиб турарди. Шу пайт дераза қаноти очилди-ю, у кимса гурс этиб ўзини хонага ташлади. Бу Турғунбой эди. Моҳира “дод!” деб чинқирганича бурчакка бориб қапишди. Турғунбой эса секин бориб эшикнинг илгагини солди. Моҳира қўрқувдан дағ-дағ титрар, тили калимага келмас эди. У кимса Турғунбой эканлигини кўриб, салгина ўзини босди. Тили айланди:
– Нима қилиб юрибсиз бу ерда, Турсунбой акамни кузатмай?
– Турсунбой акангиз кетаверади-да, нима, у ёш боламиди, қўлидан етаклаб боргани. Қайнотамиз кузатиб қўядилар-да! – деди эшикка суянганича. Бу илмоқдор гапдан Моҳира чўчиб тушди. Лекин ўзини гўлликка солди. Пойма-пой гапира бошлади.
– Қайнотангиз ким, Турғунбой ака? Чиқинг бу ердан, дадамлар келиб қолишса, нима деган одам бўламан?
– Худди шу келишларини кутиб турибмиз-да, жонидан. Ҳозир сиз розилик берасиз, кейин мен у кишига муддаомни айтиб, тўйни бошлаймиз.
Моҳира йиғлаб юборди:
– Кетинг бу ердан, сизни жинимдан ҳам баттар ёмон кўраман. Йўқолинг ҳозир! – деб овозининг борича бақирар эди.
Турғунбой “бас!” деб Моҳирага томон энди ташланмоқчи эди, ҳовлидан Соҳиб аканинг “Моҳи!” деган овози келди. Кейин келиб, уйнинг эшигини тортган эди, ичидан илгак илинганлигини кўриб, ҳайрон бўлди. Отасининг товушини эшитиб, Моҳирага ҳам жон кирди.
– Дадажон, эшикни очинг! Тез очинг, – овози борича дод солди.
Эшик илгагини Турғунбой очди. Зарб билан уйга отилган ота рўпарасида турган йигитни кўриб, серрайганича қотиб қолди. Бир зум шу зайлда тургач сўради:
– Нима қилиб юрибсан бу ерда, аблаҳ?!
– Аблаҳ деманг, куёв бўлмоқчиман.
– Қандай юзинг чидайди шу сўзни айтишга? Сенга қизимнинг тирноғини ҳам тутқизмайман. Йўқол кўзимдан!
– Тутқизмай бўпсиз, – деди Турғунбой босиқ. – Бадном қиламан, мана ўзингиз ҳам кўриб турибсиз хонасидан чиқаётганимни.
Соҳиб аканинг боши эгилди. Ёнидан Турғунбойнинг лип этиб ўтиб кетганини ҳам сезмади. “Эсиз болам!” деганича ўзини ерга отди.
Бурчакда эса қиз ҳўнг-ҳўнг йиғлар эди…
Эртасига кечқурун маҳалланинг икки кексаси совчи бўлиб кирди. Уларга Турғунбой ўз макрини ростдай қилиб тушунтирган эди: гўё қиз ҳам уни хуш кўрар эмиш. Бу кирди-чиқди анчадан бери давом этаётган эмиш.
Бечора отанинг мағрур боши бу шармандаликдан эгилди. Номусларга чидамаганидан: “Битта қизим йўқ энди, наҳотки авайлаб ўстирган болам юзимга қора суртса”, деб куйиб ёнарди. Ниҳоят қизининг арз-додига қарамай никоҳлаб берди. Тўй-тўй эмас, аза бўлиб ўтди.
Орадан икки ой ўтар-ўтмас, ёш келинни олиб Турғунбой бошқа районга ишга кетди. Минг қилса ҳам фарзанд-да, кўнгли қолган бўлса ҳам ота ич-ичдан эзиларди. Ёшгина қизи у енгилтак билан қандай яшаётган экан…
Онаизорнинг фарёдига эса олам титрарди.
Орадан бир ярим йил ўтганда “Оиламизда қиз туғилди”, деб Моҳирадан хат келди. Моҳира шўрлик дуои саломдан сўнг буларнинг боришини такрор-такрор сўраган эди. Ота гина-кудуратга қарамай, неварага совға-саломлар олиб жўнайман деб турганда, қишлоқдаги кўпчилик эркаклар қатори у ҳам фронтга чақириқ қоғози олди.
Кузатгани чиққан Холида опа ўн тўрт ёшли Шоҳидани етаклаб, уч ёшли Саодатни кўтариб олган эди. Кўзидаги ёши шашқатор, узоқдаги қизининг отасини кўролмай қолаётганидан қалби яра. Буларнинг аччиқ аламига монанддай ҳаво ҳам дим, тўзонли. Вагонларга чиқишга буйруқ берилганда Соҳиб ака қизларининг пешонасидан ўпди. Хотинининг кўзига тикилиб, бир нарса томоғини бўғаётгандай хирқираб гапирди.
– Болаларга эҳтиёт бўл. Энди сен буларга ҳам отасан, ҳам она. Мен келгунча Моҳиранинг олдига кўчиб бориб тургин. Болагина ёлғиз қийналмасин, – дея кейин бир зум жим қолди. Юзини четга бурди. – Мабодо… мабодо келмай қолсам… Ахир буни уруш дейдилар! Мабодо келолмай қолсам, бу иккаласини, албатта, ўқит…
Холида опа чидай олмади, ўкириб ўзини эрининг кўксига отди. Шу пайт узун гудок чинқирди. Поезд аста-секин тезлашиб, вагонлар узоқлаша бошлади. Холида опа анча ергача вагоннинг тутқичидан ушлаганича югуриб борди-да, поезд тезликни оширгандан сўнг қолиб кетди.
Йигирма йиллик қадрдон умр йўлдошидан биринчи марта ажралиб қолаётгани учун кўзлари ҳижрон ёшларига тўла эди. Шунингдек, узоқдаги тўнғич фарзандининг ота дийдорини кўролмай қолганидан ҳам ўртаниб, дили вайрон эди. Ёнидаги икки гўдагига бугундан бошлаб ҳам ота, ҳам она бўлиб парвона бўла олармиканман, деган ўй-хаёлда фарёд чекди.
У уйига бир олам ғаму ҳасратда қайтиб келди. Почтальон хат ташлаб кетибди. Шоҳидага ўқитди. Мунгли қизи неварасининг вафот этганини хабар қилар эди.
– Эй, фалак! Ҳамма кўргиликларни наҳотки бир кунга йиғиб қўйган бўлсанг?! – дерди нола қилиб Холида опа.
Кун бўйи йиғлади. Ҳовлиси қўшнилар билан лиқ тўла бўлса ҳам, қалби бўшаб қолгандай эди. Эртасига раиснинг олдига борди. Воқеани тушунтирди:
– Мени Моҳиранинг олдига кўчиб боришимга ёрдам берсангиз, – деди мўлтиллаб.
– Синглим, – деди кекса, кўпни кўрган раис Тошпўлат ота, – икки ёш гўдагингиз билан нотаниш жойда қийналиб қолмасмикансиз? Куёвингизнинг феъли ўзингизга аён.
– Майли, мен қийналай, аммо болам қийналмасин. Овунчоғидан ҳам ажралиб, йўлимга кўзлари нигорон бўлиб ўтиргандир бечоранинг. Бирорта менга яраша иш-пиш ҳам топилиб қолар. Гўдакларимни куёвнинг қўлига қаратиб қўймасман.
– Соҳиббой хафа бўлади биздан-а, синглим, – деди раис ҳам бўшашиб.
– Хафа бўлмайдилар. Эсон-омон келсалар, Моҳираларни ҳам бирга кўчириб яна келаверамиз-да. Ўз қишлоғимиз, ўз ҳовли-жойимиз, – деди Холида опа худди ўша қувноқ кунлар яқиндай бирдан тетикланиб.
Ниҳоят, раис рози бўлди. Машина ажратиб, киши қўшиб, Холида опани енгил кўчириб юборди. Ҳовли-жойига, қолаётган мол-ҳолига ўзимиз бошқош бўлиб қараб турамиз, деб тинчитди.
Жажжи Саодатни ширин уйқудан совуқ эркалаши билан чирқиратиб уйғотган киши поччаси Турғунбой эди.
Етимлар
Турғунбой ва Турсунбой Мустафоқул ота ва Муҳаррам ойиларнинг болалари ўлавериб, туриб қолган кейинги фарзандлари эди. Улар икки сўнгги фарзандларининг, айниқса, Турғунбойнинг барча инжиқликларини кўтарар, уларнинг ҳар бир талабини бажаришни ўзларига катта бир бахт деб ҳисоблар эдилар. Лекин каттасининг бўйидан кўзлари қувониб, кичигининг ширин тилидан бахтиёр бўлиб юрган кунларда тарқалган очарчилик ва касаллик балоси бу икки эрка фарзандни доғда қолдириб кетди. Ота ва она бирин-кетин икки кунда дунёдан кўз юмдилар.
Болалар қариндошлар эшигида бир бурда нонга, бир коса ёвғонга зор бўлиб юрганда, бахтларига болалар уйи бу икки куни қорани ўз бағрига олди. Ака-укалар икки хил дунё эди. Турсунбой эътиборли: унинг хушфеъл, ёқимтойлиги ҳам болаларнинг, ҳам мураббийларнинг меҳрини ўзига тортган. Акаси Турғунбой-чи? Текканга тегиб, тегмаганга кесак отади. Унинг шўришу ғавғолари кўпинча беозор Турсунбойнинг бошига ҳам кўп ғалваларни солиб турарди. Бир куни тўсатдан Турғунбой йўқ бўлиб қолди. Мураббийларнинг қидирмаган жойи қолмади. Ерга кирдими, шамолга учдими номаълум. Аста-секин эсдан чиққанда тўсатдан бир кеч ҳовлининг хилват жойида Турсунбой рўпарасида пайдо бўлди.
– Юр, олиб кетгани келдим сени.
– Қаёққа кетаман? – деди илгариги қийин кунларини эслаб Турсунбой.
– Қаёққа бўлса ҳам мен билан кетасан-ку, нима эди сенга! – жеркиди акаси.
Турсунбой қўрққанидан деворга қисилди.
– Бормайман ҳеч қаёққа, ўзингиз кетаверинг.
– Бормайсанми? Мана сенга, мана сенга!
Кетма-кет зарб билан тушган бир неча мушт Турсунбойни ерга ағдарди. Унинг чинқириғига болалар етиб келгунча Турғунбой яна зим-зиё бўлди.
Шундан сўнг шўрлик Турсунбой ёлғиз бир қадам ҳам жилмайдиган бўлиб қолди. Ҳатто тўлиқсиз маълумотни олиб, педагогика билим юртига киргандан кейин ҳам шанба, дам олиш кунларини болалар уйида мураббийлари ёнида ўтказар эди.
Акаси яна унинг ёнига, билим юртига бир неча марта келиб кетди. Энди йигитча бўлиб қолган Турғунбой яхши гапирар, Турсунбой ҳам жигар эмасми, акасининг илгариги озорларини унутиб, уни илиқ қарши олар эди. Санғиб юриш жонига текканиданми ёки яхши кишиларга ёндашибми, у-бу ерда ишлай ҳам бошлабди. Ҳатто қайси бир техникумга сиртдан ўқишга ҳам кирибди. Турсунбой билим юртини тугатаётганида ҳам акаси келиб қолди. Укасини ўзи ишга кетаётган туманга боришга кўндирди. У ҳам рози бўлди, бирга кетдилар.
Шундай қилиб, улар Соҳиб акалар қишлоғига келиб қолган эдилар.
Чақириқ
Уруш урушлигини қилди. Кишиларнинг лабидан кулгисини, хонадонидан азиз кишисини юлиб кетди. Қизлар ва келинлар ҳижронда қийналган қалб куйларини ҳазин куйлар, оналар узоқдаги меҳрибон боласини дуои жонини қилар, лекин бир зум бўлсин қўллар ишдан, қалб фашистни қарғашдан тўхтамас эди.
Холида опа ҳам болалари билан яна ўз қишлоғига қайтиб келган. Ранглари заъфарон Моҳира ҳам унинг ёнида.
Холида опа олти ой қизи ва куёви ёнида бўлди. Ўша пайтлар ўзи халқ судида адвокат бўлиб ишлаётган Турғунбой уйда хотини ва қайнонасининг ҳимоячиси эмас, қийновчиси бўлиб қолган эди.
Ҳар кеч ишдан кайфи тароқ бўлиб қайтар, эшикдан кириши биланоқ чўзилиб қолар: “Моҳи, сув!”, “Моҳи оёғимни уқала!”, “Қайт қиламан тоғора келтир!”, “Ҳей сенлар! Нега жим ўтирибсанлар!” деб Холида опа ва Саодатлар олдига эмаклаб борар, уларга қараб ҳар хил ишоралар қилар, уни ўрнига ётқизишга уринаётган хотинининг юзига “шарақ” этиб шапалоқ тушар, беҳисоб тепкилар инъом қилар эди.
Содда хотинлар “ҳаёт шу экан”, деб уйдан чиқмас, бировга арз-додини айтмас, ҳар кеч янги-янги қилиқларнинг гувоҳи бўлар эдилар.
Шоҳида ва Саодатнинг ҳам ранглари сўлди. Холида опа яна ички бир дард билан ёнар: Соҳиб ака кетганидан буён дом-дараксиз, на хат бор, на хабар.
“Не-не йигитлар қон кечиб юрибди. Барзангидай бўлса ҳам бу ўлгирни нега чақирмайдилар-а?” деб ич-ичидан куюнарди Холида опа.
Сал ўтмай унга ҳам чақириқ қоғози келди.
– Мана биз ҳам кетадиган бўлдик, роса яйрайсиз энди, – деди хотинига қараб, ранги ўчган ҳолда.
– Шунча эри кетганлар қандай яйраётган бўлса, биз ҳам шу-да, жуда ҳам яйратиб қўймассиз ўша ёқда юриб ҳам.
– Нима?! – деди асабий ва хотинининг бошига бир мушт туширди. Шундай ҳам соғлиғи ҳаминқадар Моҳира ўзини билмай қолди, ҳушдан кетди. Холида опа “Дод, болам ўлиб қолди!” деб унинг устига ўзини отди.
Турғунбой эса ҳеч нима бўлмагандай секин эшикдан чиқиб кетди. Шу кетганича қайтиб келмади.
Ажаб. Кишилар орасида қалб ўрнида бир парча кесакка эга бўлганлар ҳам бор экан-да! Наҳотки умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдошига хатарли йўлга чиқаётганда ҳам икки оғиз илиқ сўз тополмаса. Кесакда ҳам гул ундиради инсон! У эса ўз хотинига нисбатан йилт этган меҳр учқунини ҳам олдиролмадими? Наҳотки вокзалда – минглаб кузатувчилар орасида якка-ёлғизлиги билиниб, қалби хиёл титраган бўлмаса! Ахир у ҳам она кўкрагини, унинг оқ сутини эмган инсон-ку…
Холида опа юзига сув сепиб, бир амаллаб қизини ўзига келтирди. Сўнг оёқяланг почтага югурди. Тўғри қишлоғига, раисга телефон қилдирди. Эртасигаёқ машина етиб келди. Ҳаммасини қайта кўчириб кетди. Ёшлигидан дала-даштларда пода ҳайдаб қувлашиб, пахта териб куйлашиб ўсган қишлоғига яқинлашганда уларга пешвоз чиққан раис ва бошқа таниш-билиш, қариндошларни кўриб, Холида опанинг ўпкаси тўлди, йиғлаб юборди. Уларни кўриб, кекса раис ҳам соқолларига сизиб турган кўзёшларини артишни ҳам эсдан чиқариб, машина тўхташи билан кичкина Саодатни кўтариб олди ва юпатишга шошилди:
– Йиғламанглар, йиғламанг, синглим. Кўпга келган кўргилик экан бу. Турғунбой ҳам жўнабди-да, сафарга.
Холида опа эса кўпчиликнинг хатарли сафарга кетганига эмас, бебурд қўлида хўрланганига, боласининг тортган азобларига тўлиб-тўлиб йиғлар эди.
Уруш изтироблари
Раис Тоштемир ота қизларнинг кўнглидан чиқди. Дала шийпонида тушлик иссиқ, овқат учун ҳар замон-ҳар замонда сўйиладиган қўю эчкининг калла-пойчасини Холида опага келтиртириб берар ва тайинларди:
– Буни пишириб қўйинг. Ҳар биттаси бешта эркакнинг ишини бажараяпти, қиз бояқишлар. Кечаси ўйин-кулги қилишсин, кейин шўрвага тўйиб, яна далага чиқишсин.
Қизлар кеч ишдан қайтар, уйларида ювинибтараниб, оналари қайнатган таомдан тотиниб бўлиб, Шоҳиданинг олдига югуришар, ўйин-лапар, қий-чув авжига чиқарди. Оғир меҳнатнинг тафтини ўйин-кулги билан босардилар. Куёвлари урушга кетиб, фотиҳа устида қолган баркамол қизларнинг, чимилдиғи узилмай туриб куёвини кузатган маъсума келинларнинг энабошиси ўн олти ёшли Шоҳида эди. Шаддод Шоҳида ўта шўх-олов қиз. Меҳнатда ҳам мана мен деган девқоматлардан қолишмайди. Зийраклигидан куёвли келинларнинг маслаҳатгўйи, бўйи етган қизларнинг сирдоши. Улар ёридан келган хатларни Шоҳидага бир ўқитишиб қайта мағзини чақишмаса, кўнгиллари ўрнига тушмас, ёзган жавоб хатлари Шоҳидага маъқул тушмаса почтага жўнатишмас эди. Бу зийрак қизни худди шу йил кузакда бригадир қилиб сайлашган.
Мана бугун ҳам Холида опа калла тозалаб ўтирибди. Лекин ўю хаёли Соҳиб акада. Ўша кетганича фақат бир мартагина, у ҳам бўлса йўлдан хат келган. Нима бўлди экан? Қаерда бўлса ҳам тани-жони соғ бўлсин. Болаларнинг бахтига эсон-омон қайтиб келса бўлгани. Ўй суриб кетиб, дарвозадан уни биров чақираётганини ҳам эшитмади. Почтальон Расул ака ҳайрон бўлиб унинг рўпарасига келди ва:
– Суюнчи, Холидахон, – деди хатни худди бурнининг тагига тутиб.
Холида опа тўсатдан чўчиб тушди. Кейин бир нафас хатга жонсиз ҳайкалдай тикилиб қолди. Ниҳоят, хатни Расул ака қўлидан юлқиб олди-да, бағрига босганича оёқяланг далага – Шоҳиданинг олдига югурди. Орқасидан қараб қолган Расул ака бошини сарак-сарак қилганича бир хўрсинди-да, қайтиб чиқиб кетди. Шоҳида узоқда пилдираб келаётган онасини кўриб, кўнгли алланечук титраб кетди. Кетмонини ирғитиб, пешвоз югурди.
– Тинчликми, ойижон? – деди безиллаб.
– Хат, дадангдан хат, – дерди у энтикиб.
Шоҳида хатни юлқиб олди. Кўзларига яқин келтирди. Дадасининг дастхати. “Л” ҳарфини ҳамма ҳарфдан чўзиқроқ ёзарди. Тезлик билан учбурчак хатни очиб ўқий бошлади. Бу пайт даладаги ҳамма қиз-жувон тўпланган ва “йўқолган” Соҳиб тоғаларининг дарагини эшитишга қулоқ тутган эди.
“Салом менинг азизларим! – деб ёзарди Соҳиб ака. – Бахтимнинг калити Холидахон, ҳаётим юлдузлари – қизларим Шоҳида, Саодатхонлар, узоқдаги меҳрибоним Моҳирабону!
Мана ниҳоят сиз, азизларга хат ёзишга муяссар бўлдим. Қисқача бўлса ҳам аҳволимни баён қилмоқчиман. Чунки вақт зиқ. Биз дастлабки кунлардан бошлаб фронтда жанг қилаётган эдик. Ҳозир душман орқасига ўтиб қолганмиз. Бизнинг жангимиз жуда жиддий, жуда хавфли, лекин фахрли жанг. Чунки биз душманнинг тинка-мадорини қуритамиз, ошига қум сепамиз. Жуда кўп вақтлар “катта ер”дан алоқамиз узилиб ҳам қолади. Шунинг учун хат-хабар бормай қолиши мумкин. Лекин хавотир олманглар.
Сизларнинг аҳволларинг қандай? Моҳи тинчми? Саодат ва Шоҳидаларнинг тан-жони соғми? Мендан хавотир бўлманглар. Устимиз бут, қорнимиз тўқ. Фашистни янчиб, тезда юз кўришармиз деб, дадаларинг Соҳиб. Ҳозирча хат ёзмай туринглар, ўзим айтарман қачон ёзишни.
17.03.1943 йил”.
– Ўҳў-ў, – деди Шоҳида чўзиб. – Роса тўрт ойда келибди-я хат.
– Тўрт ой дейсан-а, – деди бир хотин Шоҳидани койиб, – омон-эсон юрганига шукур қилгин. Мана мен, болагинам кетибдики хат олганим йўқ. Ноумид бўлмай юрибманку кутиб.
– Ишқилиб ҳаммалари ҳам соғ-саломат келишсин, ғанимларнинг кўзига тупроқ тўлсин, – деди бошқа бир кампир инқиллаб ўрнидан тураркан.
– Ўртоқ, хатнинг суюнчисига нима қилиб берасиз? – деди қорачадан келган бир хотин.
– Ҳа, ҳа, – дейишди бошқа хотинлар чуғурлаб, – нима қилиб берасиз? Осонликча қутулмайсиз, энди.
– Аччиққина угра ош, – деди орқароқдаги нозиккина келинчак ийманиб.
Ҳамма гурр этиб кулиб юборди. Жувоннинг иссиқдан бўғриққан лўппи юзи яна дув қизариб кетди. Олдида ўтирган дугонасининг елкасига юзларини яшириб олди.
– Нимадан уяласан? – деди яна суюнчи сўраган хотин. – Уруш тугаса ўғил тўйи қилайин деб ният қилгин. Тўйингда Соҳиб аканглар дошқозонда ош дамласин.
– Айтганларинг келсин, – деди Холида опа шошилиб ўрнидан тураркан. – Угра ош бўлса, угра-да, бўлмаса бугун эртароқ боринглар, бир уграхўрлик қилайлик.
Кеч бўлиб қуёш уфққа бош қўйганда, ҳамма даладан қайтди. Қизлар бет-қўлини ювасолиб, хотинлар мол-ҳолию, бола-чақасини тинчитиб, ҳар кунгидан эртароқ Шоҳидаларникига тўпланишди. Дарвозадан киришлари билан қиз-жувонларнинг димоғига райҳон туйиб солинган қатиқли угранинг хушбўй ҳиди урилди. Ҳамма оҳ-воҳ, ҳазил-мутойиба билан чорпая сўрига ўтириши билан меҳмонларга мунтазир таом тортила бошланди.
Бу тотли угра оши супрақоқди ундан эканлигини ўтирганларнинг кўпи билмас эди. Холида опа Соҳиб аканинг угра ошни яхши кўрганлиги учун учтўрт сиқим буғдой унини яхши ният билан яшириб юрган эди. Эсон-омон келса, ун ҳам топилиб қолар, деб меҳрини қўйиб угра кесди.
Унинг усталигига тан берган хотинлардан бири қичқирди.
– Холидахон, бор ҳунарингизни бериб кесибсиз дейман уграни!
– Соҳиб акангиз ҳам уграни яхши кўрар эдилар,деди Холида опа аёллар қаторига келиб ўтирар экан. – Бундан уч-тўрт йил аввал ён қўшнимизнинг меҳмонхонасида йиғилишиб суҳбатлашиб ўтиришса, уй эгаси уларга угра оши тортибди. Бечора угра, йўғонлашиб хамир бўлиб кетибди. Шунда Соҳиб акангиз секин ўринларидан туриб кетибдилар.
Мен уйда угра кесиб ўтирган эдим. Индамай келиб угранинг бир толини олиб кетдилар. Омборхонага ўтиб яна алланима олдилар. Эртасига дув-дув гап. Нима дейсан, Соҳиббойнинг хотини кесган угра жуволдизнинг кўзидан ўтар экан.
Аниғини билсам, эркакларнинг олдига чиқиб, ҳалиги уграни жуволдизнинг кўзига ўтказибдиларда, “Угра мана бунақа бўлади!” дептилар. Шу-шу бу воқеа овоза бўлиб кетган эди.
Хотинлар бу лаззатли таомни мақтай-мақтай ичишди. Кейин фронтдан келган хатлар, эртанги ишлар, келажакда орзули ҳаёт ҳақида узоқ гаплашишди, гап орасида ҳар бирининг қўлида бирор буюм бунёдга келарди. Кимлар узоқдаги ёри келганда, азиз бошига қўндириш учун дўппи тикади, кимлар қалбидаги севги розини байт қилиб қийиққа битади. Кимлар совуқ ўлкаларда аскарларнинг қўлларига совуқ ўтмасин деб қўлқоп тўқийди. Ниҳоят ҳижрон қийноғини куй-қўшиқ билан босмоқчи бўладиларми, аввал шўхроқлари ўйнаб-куйлайди, қийқириқ ва ўйин авжига чиқади. Шу хилда хўрозлар қичқургунча ўтиришади. Кейин пича мизғишиб, ишга – далага жўнайдилар. Эртасига яна меҳнат, машаққатли ва оғир меҳнат куни бошланади.