Kitobni o'qish: «Катта хонадон 1»
УЧИНЧИ ҚИСМ
САМОГА СОЧИЛГАН САСЛАР
1. ОМОН – ОМОНЛИК
Одатда Одил бобо бомдод намозидан кейин қайта ётиб, бир оз мизғиб олар, бу унга янги қувват бағишлагандай туюлар эди. Аммо бугун ётгиси келмади. Кайфияти чоғдай, ким биландир гурунглашгиси бордай сезарди ўзини. Лекин ўшандай кимсанинг ўзи йўқ ҳозир. Борлари ҳам ғафлат уйқусида, баъзилари эса, ҳарна, рўзғорга мадад бўлар, деган ўйда аллақачон этак тақиб, пахтазор сари отланишган. Гурунг “уяси” – сартарошхона пахта терими бошланиши ҳамон кечроқ ишлашга ўтган. Ҳа демай, муаллимлару болалар йўлларни тўлдириб, мактаб сари оқадилар. Қишлоқ ҳувиллаб қолади. Одил бобо бекорсоз эмасу лекин шу топда… нима қилсайкин?
Чол аниқ тўхтамга келмай, шошилмай ўрнидан турди, ҳовли томон дераза ёнидаги тўшакда қизи Ҳилола адёлга бурканганча ухлаб ётибди: “Ухлайвер…”
Одил бобо ташқарига чиқиб, дарвозанинг иккала табақасини ланг очиб юборди: “Ҳовлига ризқ-насиба кирсин”. Бу фикр кўнглидан ўтиши ҳамон ажиб, ёқимли бир насим эсиб, дилини янада чоғ этди. Мусаффо, тилларанг – заррин тонг отиб келарди. Гўё тонгни қаршилаган каби у кўприкчадан йўлга ўтди. Айни шу маҳал кун ботиш тарафдан эшагини хихлаб келаётган укасига нигоҳи тушиб, таққа тўхтади. Хаёлга толди.
Маҳмуд амаки нарироқда эшакдан тушиб, унинг бўйнидаги арқон-ипни толга айлантириб боғлади-да, кулимсираганча акасига яқинлашди. Уканинг авзойи-дан аканинг кўнгли хотиржам тортди ва қўл бериб, саломлашганларидан сўнг:
– Ҳа, саҳардан? Тинчликми? – деб сўради.
– Тинчлик ҳам гапми, ака! Омон-омонлик! Муборак бўлсин!
– Аҳ… – Одил бобо анқайди. – Худди мамлакатда уруш бўлаётувдию у тўхтагандай гапиропсан, ўзи нима гап? Келининг туғдими?
– Радиёлдан эшитмадизми?
– Радиёл бузуқ… – чолнинг юраги ҳаприқди. – Тезроқ айтмийсанми, нима гап?
– Ҳурлик! Ҳурлик бўлибди, ака. Ўзбакистон ҳур мамлакат! Бу уруш тугагандан кам эмас!
– Ўрис шунга кўнибдими, а? – Одил бобо бу хабарга ишонар-ишонмасини билмай, гарангсиб, укасига қаради.
– Ўрис ўзиминан ўзи авора. Қарамидагилар энди сиртмоқдан бошини чиқариб, ҳурлик эълон қилади. Ҳали айтувдинг дейсиз.
– Бу ҳаммаси Худони иши, энди синовиям тугаган бўлсин…
– Бу ёғиям синов-да, ака: қани, эрк бериб кўрай-чи, нима қилайкан булар, деган бўлса…
– Бойлигимиз ўзимизда бўлса… – деди Одил бобо ўйланиброқ, -пахтаям, тиллоям – ҳамма нарса ўз ихтиёримизда бўлгандан кейин бой мамлакатга айланишимиз ҳеч гап эмас…
Уйга киришганда Ҳилола аллақачон ўринларни йиғиштириб, кўрпачаларни ўтириш учун тайёрлаб қўйган эди. Чой устида суҳбат давом этаркан, Ҳилола беихтиёр амакисини қучоқлаб олди:
– Жуда зўр орзуга етишибмиз, амакижон! Ҳеч кутмагандим, раҳмат!
Маҳмуд амаки жияни елкасига уриб қўйиб, акасига юзланди:
– Энди динимизгаям йўл очилади, ака. Аввал ҳаммасига кофирлар хўжайинлик қилайди. Энди мачитлар, намозхонлар кўпаяди.
– Илоё айтганинг келсин, ҳеч кимдан қўрқмай, ёширинмай намоз ўқийлик, рўза тутайлик…
* * *
Ҳар каллада ҳар хаёл – мустақилликни ҳар ким ҳар хил тушунади. Ҳилоланинг ўйлашича, мустақилликнинг фаҳмига етмайдиганлар ҳам талайгина экан. У бундайларни фикр юритмайдиганлар, мушоҳадасизлар гуруҳига киритади. Шубҳасиз, уларнинг олдинги сафларида Карамгул анқовланиб, илжайиб туради. Буни қарангки, Парварда янгасию бошқа бир неча танишлари ҳам Карамгулдан қолишмас экан.
– Мустақиллик муборак бўлсин, янгажон! – деб Ҳилола янгасини қучоқлаб олди. Янгаси эса ҳанг-манг, нима деярини билолмай:
– Қанақа мустақиллик? – деганча унга анграйиб қаради.
– СССР тамом бўлибди, Ўзбекистон мустақил давлат бўлибди.
– Хаа, шунақами? Энди арзончилик бўларкан-да.
– Ҳазиллашаёпсизми, янга? Ҳазиллашдим, денг… – Ҳилола унга кўзларини пирпиратиб қаради.
– Йўқ, ҳазиллашмадим. Рости ҳам шу-да: давлат ўзимизники бўлса, бойлигимизни ҳеч ким тортиб олмаса, арзончилик бўлмайдими?!
– Э… э… сиздан бунақа гап кутмагандим, янга.
– Бундан бошқа нима керак, Ҳилола, айтинг? Бачаларим тўйиб, сифатли овқатлар еса, одамшавандароқ кийинса, хоҳлаган ерига бориб, дам олишга кучи етса, ҳеч ким пишагини пишт демаса, ҳаммани давлат қўриқласа – ёмонми?
Ҳилола ўйланиб қолди. Умуман, янгасининг гапларида жон бор, лекин чуқурроқ, кенгроқ фикрлаш йўқ. Дунё харитасида алоҳида рангда Ўзбекистон деган мамлакат кўрсатиб қўйилса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотида бу давлатнинг ўз байроғи ҳилпираб турса, бегона тилни билмагани учун ишга кўтарилиш чеклаб қўйилмаса – она тилинг ҳукмрон тил бўлса ва яна… деган хаёлларга бордию аммо унинг ўзи ҳам келажакда бу давлат қанақа мақомда бўлишини кўз олдига келтиролмади. Тўғри, Ҳилола кўплаб китобларда мустақиллик учун даҳшатли жанглар олиб борилганини, минглаб кишилар қон тўкиб, жон бериб, бу ажиб неъматга етишганларини анча-мунча ўқиган. Ўшанда бир кун келиб, Ўзбекистонда очиқ жангларсиз мустақиллик эълон қилинишини ўйлаб ҳам кўрмаган. Жуда кўплаб кишилар қатори у ҳам бонг уриб келингани каби шўролар ҳукумати энг адолатли, халқпарвар, одамларни коммунизм сари бошлаб бораётган давлат деб тушунарди. Гарчи, у ҳам коммунизмга ишонмаса-да, ҳар қалай, тенглик, тўкинлик юзага келишига шубҳа қилмас эди. Энди-чи? Қандай давлат қарор топиши раҳбарларга боғлиқми ёхуд халққами?
Бир вақтлар Ҳилола ўқиган эди: халқ пода, раҳбар чўпон. Подачи қаёққа ҳайдаса, сурув ҳам ўша ёққа кетаверади. Чўпон сурувни ўтсиз, сувсиз ерларга ҳайдаб, ҳалокатга учратиши ҳам, уларни бирин-кетин еб, адо қилиши ҳам ёхуд яшил-сувли яйловларга бошлаб, кучайтириши, кўпайтириши ҳам мумкин.
Бу фикрга Ҳилола ўшанда унчалик қўшилмаган, матнни Заҳриддин акасига ҳам ўқитиб, баҳслашган эди. Акаси ўйлаб туриб: “Бу гапда жон бор. Тарихда бундай мисоллар беҳисоб. Эртаклардаям айтилган: ақлли, доно подшолар мамлакатни гуллатиб-яшнатган, аҳмоқ, худбин подшо эса ўз юртини талаган, хароб қилган…”
“Ахир одам мол эмаски, подачи ҳайдаган томонга юрса. Одамга ақл, тил-забон берилган – индамай бош эгиб кетаверадими?” – деган Ҳилола.
“Ҳмм… – ғалати кулган Заҳриддин. – Тарихда бундай ҳоллар кўп бўлган. Мана, осмонга чиқариб мақтаганимиз Ленин ҳам, Сталин ҳам одамларни подадай ҳай-даган, ўз юртларидан бошқа ёқларга мажбуран кўчирган, кўчмаганларни отиб ташлаган”.
“Ҳа-я, – деган ўйчанлик билан Ҳилола. – Раҳбарга кўп нарсалар боғлиқ экан-да…”
Ўша суҳбатни эслаб, ҳозир Ҳилола ўзича пичирлади:
– Ўзбекистон – мустақил! Энди бу қанақа мамлакат бўларкин, а?
– Буни замон кўрсатади, – дегандай бўлди унга Заҳриддин акаси.
Дарҳақиқат, замон, дунёқараш батамом ўзгарди. Қизиқ, деярли ҳамма ўзим бўлай, бошқага нима ишим бор, қабилидаги дардга йўлиққандай. Ҳилола билан Карамгул ўртасидаги адоват ҳам пасаймаган, аксинча, кучайгандан кучайиб боряпти. Одил бобода ҳам ўзгариш юз бермади. Турмуш қийинчиликлари кўпайган сари баъзи қусур ва одатлар семириб бораётгандай туюлади. Шунга қарамай, бу ҳолатлардан Ҳилола хафа эмас. Энг муҳими, у шу вақт ичида, ўзининг ўйлашича, бир поғона юқорига кўтарилди – педагогика олийгоҳига сиртдан ўқишга кирди. Бирор имкон топилиб, ўзи севган фандан дарс берса, қандай яхши бўларди.
Аммо қайси мактаб директори унга: “Ҳилолахон, бизга ишга келинг, сизга она тили ва адабиётидан шунча соат дарс ажратамиз”, деб айтади? Шундай бўлган тақдирда ҳам синфга кириш, ўттиз-ўттиз беш жуфт қора кўзларга тик қараб, савол-жавоб қилиш осон эканми?
Бу ўйдан у негадир чўчиб, жунжикди. Сўнг:
– Ҳовлиқма, у кунгача ҳали неччи буғдой пишиғи бордир, – деб шивирлади. – Асосий вазифанг, отажонингни асраб-авайлаш, кичкина Шамсияга кўпроқ китоб ўқитиш, шеърлар ёдлатиш… онажонинг буни тушингдаям, хаёлингдаям эслатаёпти. Отам… отажоним…
2. КЎРИНМАС БАЛО ОЁҚ ОСТИДА
Илк баҳор кунларининг бирида, тонг чоғи Чаман қишлоқ аҳли машъум бир воқеа туфайли ларзага туш-ди. Бу пайтларда деҳқонлар аллақачон ғимирлаб қолган: шудгорлар устидан сув қўйиб, шўр ювишяпти, етилган ерларни экишга тайёрлашяпти. Ўшалар фаолияти туфайли Ҳилолалар хонадонидан уч юз қадамча наридан ўтадиган қадимий, аммо кейин бетонлаштирилгани боис жуда тезоблашган канал тўлиб оқаяпти, кўпириб, кўпикланиб, марра сари чопаяпти. Унга бир нафас қараб турган кимсанинг боши айланиб, кўзи тинади, ваҳимага тушади. Қуйида, ярим чақиримча нарида эса бир неча одамлар, машиналар шовқини қулоққа чалинади. Ўша ерда, каналнинг ўртасида қоя мисол тумпайган тўсиққа урилиб, сув қирғоққа – икки томонга оқиб ётибди, атрофни кўлоблантиряпти.
Ўша тарафдан гаплашиб келаётган икки кишининг сўзлари ногоҳ Ҳилоланинг қулоқларига урилиб, у беихтиёр тўхтаб қолди:
– Тўрт киши ўлибди, – деди биринчи овоз. – Тележкадаям икки аёл боракан.
Ҳилоланинг эти жимирлаб, кўз олди қоронғилашди.
– Тарактурчи маст эканми, дейман-да, – тахминлади иккинчи овоз. – Бўлмаса аспалт йўлдаям қийшайиб, каналга ағанайдими? Ё қасддан тарактур рўлини каналга бурган ё ғирт маст бўлган.
– Эсинг жойидами? Ким ўз жонига қасд қилади? Тарактурни чап чироғи куйган экан, тез ҳайдаган бўлса, ғира-ширада олдинни кўрмай, ағанатгандир, балким. Ўзи йўл ҳам тор-да.
– Ажабмас… Кечалари қоронғу… Мелисалару терговчилар ҳам исини олиб, дарров етиб келибди…
Овозлар узоқлашди. Ҳилола сал ўзига келиб, кун ботиш сари бир қадам ташладию яна тўхтаб қолди. Ачиниш ҳамда қизиқиш туйғуси уни ўша тарафга тортар, андиша туйғуси изига қайтишга ундар эди. Қиз бошига у ёққа боришга уялди, рангги оқарганча ҳовлига кирди. Отаси айвонда моллар орасида ғимирлар, Фазлиддин акасию Карамгул ва жажжи Шамсия ҳали ўринларидан туришмаган эди. Ҳилола кўргани ва эшитганларини титраганча отасига айтиб берди.
– Астағфуруллоҳ, астағфуруллоҳ, – деб отаси калима ўгирди. – Ло илоҳа иллаллоҳу Муҳаммадин Расулуллоҳ, ё қудратли эгам, ҳар хил бало-қазолардан, фалокатлардан ўз паноҳингда асрагайсан. Уларга нима бало урибдийкан?
– Билмасам, ҳар хил гумонлар борга ўхшайди.
Одил бобо ишини ташлаб, ўша томон шошилди. Ярим соатдан кейин қайтиб, эшитганларини гапириб берди.
– Кечаси тўйдан қайтиб келаётган чоғларида тарактурминан каналга ағдарилибдилар.
– Ҳайдовчи маст эканми? – дастурхон теграсида ўтиришган дамда Фазлиддин отасидан сўради. – Ғирт маст бўлса керакки, лапанглаб оқаётган канални йўл деб ўйлаган.
– Арақни касофати бу. Соғ бўлганда бу фалокатга йўлиқмасиди.
– Битта чироғи кўйганакан, – негадир Ҳилоланинг ҳайдовчига раҳми келиб, уни оқлаган бўлди. – Йўл ҳам тор-да.
– Тўғри, йўл тор, асосий йўл эмас. Бунақа йўлда тез ҳайдаш жуда хавфли.
– Яна кечаси денг, – маъқуллади Ҳилола. – Ёмон аҳволга тушиб, каналдан чиқолмаганлар. Бечоралар…
– Бунақа ваҳимали сувдан қутулиш мушкул. Лаби бетон, тутиб қоладиган бирор нима йўқ. Узоқ йили ёзда Заҳрини ўғлиям каналдан чиқолмай нобуд бўлувди-ку.
Ҳаммалари жимиб қолишди: соғлом, дуркин, шўх болакайнинг жасадини тўғон ёнидан олиб келишганида йиғламаган одам қолмаган эди.
– Ёз пайтидаям бу сувнинг секинроқ оқадиган ерида, қўрқа-пуса чўмиламан, – деди Фазлиддин ўйчанлик билан.
– Уч аёл тележка ичида ўлмай қолибди, – Одил бобо янги хабар айтди.
– Хайрият! – деб юборди Ҳилола. – Роса совқотгандир бечоралар.
– Тундаги сув совуқ бўлади. Кўўп бақиришган, уйқудаги одам ўликдай гап: ҳеч ким эшитмаган. Шифохонага олиб кетибдилар. Ҳаммалари ҳушидан кетган экан.
– Терговчиларгаям нон топилибди, – ғудранди Фазлиддин. – Тўй эгаларини шиладилар.
Терговчилардан безиллаб қолган акасининг ҳолатини Ҳилола дарров тушунди. Одил бобо эса индамай бош силкитиб қўйди. Карамгул оғзини очганча эрига тушунолмай назар солди. Айни шу дамда кўзини уқалай-уқалай эшикдан Шамсия кирдию тўғри бобоси ёнига ўтди. Машъум воқеа ҳаммаларининг эсларидан чиқди-кетди: худди Қуёшнинг ёрқин нурлари булутларни титиб юборган ҳолат юз берди гўё. Одил бобо неварасини бағрига босиб, пешонасидан ўпди. Уни кузатиб турган Ҳилола жиянига танбеҳ берди:
– Аввал юз, кўзни ювадилар, кейин саломлашадилар, Шамс.
– Зарари йўқ, буни юзини фаришталар ювиб қўяди, – бобоси унинг пешонасидан яна ўпди.
Карамгул қайнсинглисига хўмрайиб қараб қўйди, аммо эрининг ёнида унга бирор нима дейишга ботинолмади. Фазлиддин индамаса-да, кейинроқ хотинига заҳрини сочиши ҳеч гап эмас. Гарчи у янгаю қайнсингил орасига тушмасликка уринса-да, адолатсизлик юз берганда тинч туролмайди. Бироқ бундай ҳолатлар онда-сондагина уч кўрсатади. Карамгул буни ҳисобга олмай иложи йўқ.
Ўринли танбеҳи йўққа чиқарилгани, бундан Карамгул қувонгани Ҳилолага оғир ботди. Бироқ бу ҳаракатга эътироз билдириши вазиятни чигаллаштириши аниқдай туюлдию Ҳилола ярим кулганча, мулойим овозда отасидан:
– Ота, ўша фаришталар Шамсияни бурниниям артиб турадими? – деб сўради.
– Йўқ, бурнини артмайди. Локин бу қизимни бурун суви тоза, беғубор. А, шундайми, қизим? – чол уни яна ўзига тортиб, бурни учидан ўпди. Шамсия бобосининг бошидан қучиб, унга суйканди.
Ҳилола кулиб юборди. Хаёлида қандайдир шумлик уйғониб:
– Отаа, бир гап айтсам майлими? – деб сўради.
– Айт.
– Хафа бўлмайсизми?
– Хафа бўладиган гапми?
– Энди… кимга қандай-да. Қўйинг, яхшиси, айтмийман.
– Гапни қўзғаб қўйиб, яна бундай дейишинг нимаси?
– Бояги гапиздан келиб чиқиб, хаёлимга биир келувди-да. Ўйласам, тўғри келмас экан. Хафа бўласиз, деб қўрқаман.
– Унда айтма.
– Қизиқроқми ўзи? – энди Фазлиддин кулимсираб сўради.
– Ҳмм, қизиқроғиди.
– Унда айтавер, – бобоси неварани тиззасидан олиб, биқинига ўтқазди.
– Хафа бўлмийман, деб сўз берасизми? Бу бир ҳазил-да.
– Ҳазил бўса, айт, хафа бўмийман.
– Агар фаришталар буни бурнини, юзини ювса, мишиғиям тоза бўлса…
– Айтсанг айт-да одамни хит қилмай! – Одил бобонинг тоқати тоқ бўлиб, кўм-кўк кўзлари бир ўйнаб тушди. У қизидан ёмон гап кутмас, ёқимсиз сўз айтмаслигини ўзича тахмин этарди. Карамгул ҳам ҳеч нимага тушунолмай унга анқайиб қолган эди. Фазлиддин эса нима ҳақда гап боришини ўзича тахминлаб, мийиғида кулиб турарди.
– Фаришталар ҳалоллаган, сувдай тозаа Шамсиячанинг бурун сувидан ярим пиёласини йиғиб берсам… Ўзининг ҳам кўнгли айниб, Ҳилола ўхчиди, шошиб ўрнидан турди.
– Бўлди, бас, уёғини айтма, – дедию отаси ҳам кулиб юборди. – Локин бопладинг.
– Энди буёғи қандай бўлди, ота? – кулганча сўради Фазлиддин. – Энди наварайизни қўл-бетини ювиш керакми, йўқми?
– Ювса яхши бўлади, – тасдиқлади отаси.
– Тур ўрнингдан, болангни юз-қўлини ювиб кел, – Фазлиддин хотинига буйруқ берди. Ҳамон нима қилишини билолмай, каловланиб ўтирган Карамгул секин қўзғалиб, қизининг қўлидан тутди. Унинг қовоғи осилиб кетган эди. – Ўзингдан билиб, шу ишни қилсанг бўлмайдими, гумроҳ!
– Қўй, гапни чувалаштирма, – деб Одил бобо ўғлининг тафтини босди. Кейин уни чалғитиш ниятида сўради: – Ҳилола қайга кетди? Нимага келмаёпти?
– Энди уни нонуштасиям фойдага қолди, ота. Эсиздами, биза қўл-бетимизни ювмасак, уришиб берардиз. Кир кийимда юрсак, онам бечора балога қолардила. Ҳилолагаям сиздан юққан-да. Энди кун бўйи ўхчиб юради.
Одил бобо индамади, инжиқлигини эътироф этгиси келмади. Аммо хаёлини: “Тозалик – иймондандир”, деган Пайғамбар алайҳиссаломнинг машҳур Ҳадиси банд этди. Дарҳақиқат, тозалик-озодалик, саранжом-саришталик бобида уйдагилар ундан зир титрашарди. Фарзандларни ота мана шу Шамсия сингари эркалатавермас эди. Бунақа эъзозлашни-ку, Ҳилола деярли ҳис этмаган. Қиз бола бўлиб туғилганидан изтироб чекиб юрган…
“Невара – қандак ўрикнинг данаги” деганлари шумикан? Ё…”
3. УЧ КУНДАН КЕЙИН
Ошхона томон ўтаётган Ҳилола ногоҳ Карамгулнинг кучук бола ғингшиган каби қарғанган овозини эшитди:
– Бу кунингдан баттар бўл, қари қиз…
Ҳилола таққа тўхтади, Карамгулга олайиб қаради. Унинг рангги сурпдай оқарган, лаблари пир-пир учар эди.
– Бу кунимга нима бўлибди, девона? – у Карамгулга таҳдидли кўз тикди.
Карамгул яна нималардир деб бидирлади, Ҳилола тушунмади. Қани энди бу нокаснинг қилиғини отасию Фазли акаси кўриб, ўзлари баҳо берсалар. Отаси қаёққадир чиқиб кетган, акаси туман матлубот жамиятидан иш суриштириш билан овора. Аммо манави телбанинг гапини жавобсиз қолдириб бўлмайди. Индамаса, ҳаддидан ошади у. Ёқалашиш, тимдалашиш ҳам самарасиз. Унда Ҳилола ютқазиши аниқроқ.
– Қани, айт-чи, – у Карамгулнинг кўзларига тикилди, – менга нима бўлибди? Сенга ўхшаб, девона эмасман-ку?
Бу сўзни Ҳилола уни шунчаки босиб қўйиш мақсадида айтди. Модомики, айб мутлақо ундан ўтган экан, илож қанча, энди орқага қайтиш йўқ. Бироқ узоқ тайёргарлик кўрган каби Карамгулнинг зарбаси янада кучлироқ урилди:
– Мен девона бўлсам ҳам бошимда эрим бор, қўлимда бачам бор. Сенда нима бор?
– Э, эшакдаям бача бор, – деб юборди ногоҳ Ҳилола. Сўнг яна қўшиб қўйди: – Ҳайф сенга шундай эр, ҳайф сенга шундай бача! Сен уларга сираям арзимийсан, палакат-пандавоқи!
Шу гап етарлидир деган ўйда у ортига бурилмоқчийди, Карамгул шарт ўрнидан турди-да:
– Ким эшак, ким палакат? – деганча Ҳилола томон бостириб кела бошлади. Унинг кўзлари хунук тусга кирган, қаҳр-ғазаб билан ёнарди. – Сенга кўрсатиб қўяман палакатлигимни, олқинди!
Ҳилола бир неча қадам тисарилди. Лекин “девона”нинг сўнгги сўзи жон-жонига михдай санчилиб, бутун вужудини қақшатди. Қанийди, боплаб таъзирини берса! Бироқ унга кучи етмайди, боз устига, унга тенгла-шиб, паст кетиш ҳам обрў келтирмайди. Шуни ҳисобга олиб, у пастгина овозда:
– Нима деганингни ўзинг биласанми? – деб сўради. – Нимага олқинди бўларканман?
– Ҳеч кимга керагинг бўлмаганидан кейин аллақайси гўрлардан ис олиб келишди, барибир пуф сассиқ деб ташлаб кетдилар. Шунақа кераксиз олқиндисан! – деганча у Ҳилоланинг сочидан тутиб, қаттиқ тортқилади. – Энди сени ўлдириб қутиламан.
– Вой ифлосей, – Ҳилола ҳам бор кучини йиғиб, унинг юзига ёпишди, ўсиқ тирноқларини қаттиқроқ ботирди. – Алвасти, девона!
– Вой дод! Юзимни еди бу қари қиз! – Карамгул қизнинг сочини қўйиб, бошига, елкасига мушт тушираверди. Ҳилола мушт зарбидан гангиб, бир неча қадам ортга сурилди, оёғига ўчоқ бошидаги ўтинлар илашиб, аввал мункиди, кейин йиқилди. Жиддий лат емаса-да, лекин йиқилиш вазиятни у томон ўзгартирди – қўлига илинган ўрикнинг қуриган, тиканли, узунчоқ шохини маҳкам тутганча шарт туриб, Карамгулга таҳдид солди:
– Агар яқинлашсанг, билиб қўй, бошингни ёраман!
– Ҳой, нима шовқин! Нима тўполон!
Иккаласи ҳам дарвоза тарафга ялт қарашди. Отасини кўриб, Ҳилола қўлидаги чўпни ўтинлар устига улоқтирди. Аммо Карамгул бўш келмай унга яна ёпишганча:
– Қаранг, юзимни тирнаб ташлади бу кучук! – дея ёлғондакам йиғлаб, Ҳилоланинг юзига чанг солди. Аммо қиз дарҳол биқинга қийшайиб, юзининг тирналишидан сақланиб қолди.
– Тўхта, ҳей, уятсизлар! – Одил бобо важоҳат билан улар устига бостириб келди. – Жонимга тегдиларинг-ку!
Энди Карамгул ўзини орқага тортди. Ҳозир вазият жуда таранг, ҳакамлик қилиш осон эмас: кимдан айб ўтганини чол кўрмаган. Бир бошдан эшитиб, ҳақ-ноҳақни аниқлаш мушкул савдо. Чунки иккала-си ҳам ўзини оқлайди. Бири – пушти камаридан пайдо бўлган қизи; иккинчиси – ҳимояга муҳтож келини. Қайнатадан бўлак ҳеч ким уни қувватламайди. Эҳтимолки, Ҳилола атайлаб жанжал чиқаргандир.
– Йўқол, кўзимга кўринма, – қизига ўшқирди ота. – Жуда безор бўлиб кетдим сандан!
– Отаа! – ички нидо ила ярим чинқирди Ҳилола. – Кимдан айб ўтганини суриштирмайсизми?
– Биламан, сандан ўтган.
– Мени бунийиз девона дегани деган, – Карамгул йиғламсираб, қайнатасининг оловига мой пуркади. – Яна уйингга кет, акамни бошқага уйлантирамиз, деди. Ўзини ташлаб кетганлари учун аламини мендан олади, – у ҳўнграб йиғлаб юборди.
Келиннинг кейинги гапи Одил бобога малол келди, кўнгли алланечук ўртангандай туюлди. Лекин ҳозир қизи тарафга оғишни истамади.
– Вой аҳмоқ, ёлғончи, туҳматчи! – Ҳилола ҳам жаҳл жиловини бўшатди. – Мен сенга бирор сўз демадим, ўзингдан ўзинг қарғадинг-ку, жинни!
– Ана, кўрдизми, энди жинни деёпти.
– Жиннини жинни деса арпа бўйи ўсаркан. Акагинамни шўр пешонаси.
– Бас! – Одил бобо бақириб юборди. – Буни ҳайдашга ҳеч ким санга ҳуқуқ бергани йўқ. Жанжолни уяси ўзинг!
– Отаа… аввал эшитинг…
– Бор, кўзимга кўринма!
– Отаа…
4. УНСИЗ ФАРЁД
Ҳилола йиғламади: “телба” қошида кўз ёши тўкиб, ўзини ерга уришни хоҳламади. Аммо бутун вужуди унсиз фарёд чекди. Кошкийди отаси бу воқеани сабр билан тингласа… Аммо Одил бобо ҳозир буни тушунишни истамас эди.
Ҳилола ичи қайғуга тўлганча ҳолсиз юриб, уйига кирдию онажони ётадиган кўрпачага чўзилди. Қанийди ҳеч ким эшитмаса, у дод солиб йиғласа, ичини бўшатса! Лекин бунинг иложи йўқ: Карамгул тантана қилади, отаси қийналиб, қон босими кўтарилади. Бирор фалокат юз берса, додини кимга айтади? Нима қилсин? Ким билан маслаҳатлашсин? У билан дардлашадиган бирор кимса топилармикан шу топда? Дониёр…Ҳаҳ номард! Алдади-я…
– Онажон!.. – ички нидо ила ҳиқиллади у. – Айтинг, нима қилай? Васиятизни бажаролмадим. Бунга кучим етмади. Ҳеч ерга сиғмаяпман. Мениям олиб кетинг, онажон, ёнизга чақиринг, она…
Айни шу топда унинг кўз ўнгида каналда юз берган мудҳиш воқеа жонланиб, бехос сесканди: “Наҳотки мениям ўзингга чақираёпсан, эй қонхўр рўд?”
Тарақлаб эшик очилдию Ҳилоланинг нидосини гўё шамол юлқиб кетди. Нариги ҳовлидан икки қизалоқ жияни бостириб кириб, ўзларини аммалари устига отишди. Ҳилола уларга эътибор бермай бошини ўгирди.
– Вой, аммажон, сизга нима бўлди? – ўртанча жияни унга суйканиб, ҳол-жонига қўймай, қўлидан тортди. – Юринг бизаникига, онам шўра бичак қилоптилар.
– Керак эмас, бор, бошимни оғритма!
– Юриингг…– у яна аммасининг қўлидан тортди. Бироқ Ҳилола уни силтаб ташлади. – Э, бор-э, йўқол…
Қизалоқлар мустар бўлганча, индамай чиқиб кетишди.
Икки соатлардан кейин очиқ, лекин пардаси туширилган дераза ортидан отасининг овози эшитилди:
– Ҳилола, нима қилопсан, қизим, кўринмай қолдинг?
Бу овозда на араз, на жаҳл, на кесатиқ сезиларди: шунчаки, одатдаги суриштирув, гўё орада ҳеч гап бўлиб ўтмаган – содда, беғубор оҳанг. Аммо Ҳилола жавоб қайтармади: жавоб қайтариш, отасига пешвоз чиқиш ҳолатида эмас эди. Агар нимадир дегудай бўлса, овози титраб, йиғлаб юбориши ҳеч гап эмасдай. Шусиз ҳам мижжаларидан бетўхтов иссиқ томчилар томаяпти, ёстиқни ҳўллаяпти.
– Ҳилола, ухлаб қолдингми, тур, шом чоғи ухламайдила, бошинг оғрийди.
Аввал шарпа, сўнг овоз олислашди.
“Энди қизизни кўрмайсиз, ота, – бўғиқ нидо чиқди ундан. – Эртага бу ҳовли мотамхонага айланади, ота. Акаларим ҳам, опаларим ҳам бир-бирларини, яна ўзлариниям айблаб, йиғлайдилар. Катта акам ҳам етиб келармикан? Акажон, сиз мени тушунардиз. Сизни хафа ҳолда кўргим келмаяпти. Лекин нима қилай, бу ҳаётда ортиқча эканман. Ўзиз ҳам: сен онамни қийнаб дунёга келгансан, шу учун сени ёқтирмасдим, дердиз ҳазиллашиб. Мана энди… онамни кетларидан…”
Орадан яна бирор соатлар ўтиб, туман марказидан қайтган Фазлиддиннинг ниманидир хотинидан сўрагани, сўнг индамай уйга кириб кетган шарпаси ва эшик ёпилган сас эшитилди.
“Фазли акажон, мени ухлаёпти, деб ўйладиз. Шуниси маъқул. Аммо абадий уйқуга кетишимни хаёлизгаям келтиролмайсиз. Қандай беғубор, соддадил, меҳрибон одамсиз-а, акажон. Мен сизни яхши кўраман, акажон. Ҳаммаларизниям яхши кўраман, акалар, опалар. Лекин сизларни ихтиёрий ташлаб кетишга жазм қилдим. Балки жасадимниям тополмассизлар…” – Ҳилола ногоҳ қўрқиб кетди, иккала панжасини кўзларига босди, бармоқлар орасидан бир неча томчилар сизиб чиқди.
– Йўқ, бу ҳақда ўйламаслигим керак, – шивирлади у. – Кўп ўйласам, жон ширинлик қилиб, фикримдан айнишим мумкин.
Ҳовлидаги чироқ ҳам ўчди. Ҳа демай, ундан бўлак ҳеч ким бу ҳовлида уйғоқ бўлмайди, ўз ниятини амалга ошириш учун ҳеч ким халал бермайди.
– Э, Худо, наҳотки умрим шунақа аянчли тугашини пешонамга ёзиб қўйгансан? Тақдирим шунчалар чалкашми?..
Анчадан сўнг у эшикни оҳиста очиб, сас чиқармай ўзини ташқарига олди. Кеча ойдин, ғир этган шабада йўқ. Ой ботишига бирор соатлар чамаси вақт бор. Бу вақт ичида кўнгилдаги ниятни бемалол адо этиш мумкин. Ажабо, Ҳилола табиатан тундан, қоронғуликдан қўрқар эди. Ҳеч қачон ёлғиз ўзи зулматда ташқарига чиқишга ботинолмаган. Ҳозир эса, ҳеч нимадан ҳайиқмаяпти. Рости ҳам-да, ўзини ўлдиришга чоғланган қиз нимадан ҳам қўрқсин? Унга барибир эмасми?
Шу топда Ҳилола негадир Абдулла Қаҳҳорнинг “Даҳшат” деган ҳикоясини эслаб қолди. Бош қаҳрамон эр зулмидан қутилиш, озодликка эришиш, озод қушдай бўлиш учун зимзиё, бўронли тунда қабристонга бориши, эри берган пичоқни қабрга санчиб қайтиши зарур. Жуда қўрқинчли тун. Аёл, шубҳасиз, ортиқ даражада қўрқади, аммо озодлик қўрқувдан ҳам, даҳшатдан ҳам устун. Ҳилола бораётган йўл-чи? У нимага эришади?
– Мен ҳам ҳурликка етишаман, – унинг лаблари қимирлади. – Меҳр-оқибат зиндонидан қутиламан. Дониёр ташвишидан ҳам… У мени лақиллатди. Э, дунё…
У остонадан ўтгач, таққа тўхтаб, ўйланиб қолди. Енги калта, юпқа кўйлагининг этагини ой ёруғига тутиб, пайпаслади: юпқалик қилмасмикан? Уни топиб олганларида бадани кўринмасмикан? Тез оқар сувда кўйлак йиртилишиям мумкин. Қалинроғидан кийса-чи? Балки иштон кийиш маъқулдир…
– Каналда шох-шабба, тутиб қоладиган ҳеч нима йўқ, – шивирлади у. – Бу – яхши. Демак, кўйлак йиртилмайди. Э, манави шиппак нимага керак? Ялангоёқ юрсам, шарпам эшитилмайди…
Бироқ каналгача бўлган уч юз қадамча масофани босиб ўтишда роса қийналди: яқин орада ёмғир кўрмаган ерлар, унда тошдай қотган кесаклар ҳеч қачон озор кўрмаган юмшоқ панжаларга тикандай суқулар, уни йиқитгудай мункитиб юборар, эндигина пиндиқ отган ток пояларини тутганча ўзини йиқилишдан сақлар эди. Бу ҳам етмагандай, ўтган йилдан қолиб, чиришга ул-гурмаган янтоқларнинг бир неча тиканлари ҳам товонига суқилиб, қаттиқ оғриқ бердики, додлаб юборишига сал қолди.
– Ҳаҳ, жон ширинми? – деб ўзини масхараларкан, йирик кесак устига ўтириб олди. – Нимага шиппакни киймадим, а? Ўзимни қўшимча азобга қўйибман-да.
– Азоб? – дегандай бўлди унга кимдир. – Кесак ботиши, тикан суқилиши азоб бўлибдими? Ҳали азоблар… ол-дин-да…
– Йўқ! – сассиз чинқираёзди у ўрнидан шарт тураркан. – У азоб бунчалар бўлмас: узоғи билан бир-икки дақиқа давом этар… – Ҳилола шошганча, қулай йўл изламай чопа кетди. Бир неча бор мункиб, йиқилиб, яна ҳовлиқиб турганча илгарилаб, канал яқинига, асфалти кўпчиган, уйдим-чуқур – энсиз йўл қаршисига чиқди. Оёқ панжалари, тизза ҳамда сонлари ачишиб, унга азоб берарди. Шу қисқа масофани хаёлида бирор соат орасида босиб ўтгандай ҳис этди. Тепага қаради. Ажаб, Ой ўрнидан силжимабди – ғарб томонга оғганча, унга масхараомуз иршайиб турибди. Худди бу қизнинг ўлимини томоша қилиш учун атайлаб, аммо омонатдай тек қотган.
У йўлни кесиб ўтишга ботинолмай бир дам жим қараб турди. Тўлқинлар бир-бирига урилиб, шовқин солар – шиддатли оқарди. Ой ёруғида ҳатто сувнинг лойқалиги – маллатоб эканлиги ҳам кўзга яққол ташланарди. Кўпиклару майда хас-хашакларнинг ўйноқлаб, тез оқиши сувнинг нақадар кучли эканидан, унинг бағрида бир нафас ҳам тўхтаб туриш имкони йўқлигидан дарак берарди.
“Бечора аёллар, – шивирлади у, – маст тракторчининг касрига қолиб, бекордан-бекорга ўлиб кетдилар. Сен-чи? Гуноҳинг нима? Кимга ёмонлик қилдинг? Ҳатто Карамгулгаям ёмонлик раво кўрмагансан… Уни ҳалол-покизалик, саранжом-саришталик йўлига бошламоқчийдинг. Сени тушунмай, ҳатто душман ўрнида кўрди. Отам… Отажоним… Сиз ҳам мени тушунмадиз-а… Ота, отажон! – ички, бўғиқ овоз лабла-ридан учди: – Тушунмаганизга ишонмийман, атайлаб тушунмаганга солдиз ўзизни. Келиниз кетиб қолишидан қўрққаниз учун ҳам шундай қилганизни сезяпман. Карамгул шуни билгани учун ҳам найранг ишлатиб, мени тор-мор қилди, – суқилган тиканлар, ботган кесаклар зарби шу топда унга заррача писанд эмасдай, аммо Карамгулдан енгилиш, отасининг унга “сотилгани” жуда қаттиқ алам қилди, кўзларидан беихтиёр томчилар отилди. Бироқ кўз ёшлари уни юмшатаётгандай, қўрқув сари тортаётгандай туюлдию шартта ўрнидан туриб, эски асфалт тўшамани босиб ўтганча канал ёқасига чўнқайди. Шундоққина қизғиш оёқ бармоқлари пастидан, бир қаричча қуйидан малла сув шовқин солиб, шиддатли оқаяпти. Қизиқ, панжалари нечун қизғиш? Ботиш олдидаги ойнинг хира ёғдусими ёки қон – ўлим белгисими? Йўқ, боя оёққа санчилган тиканлар қон чиқарган, деб хулоса чиқардию у беихтиёр иккала оёғи учини сувга тиқди. Сув тезлиги бармоқларини тортқилади, оёқларини яна сал пастроққа туширса, албатта оқизадигандай… Ажабо, бунчалар муздай! Кундузлари, пешин чоғлари илиқроқ бўларди. Ҳаво иссиқ пайтларда ҳовли ёнидаги кичик ариқда, қари тол панасида, ҳеч кимга кўринмай, кўйлагида у баъзан чўмилиб оларди. Роҳатланарди. Кейин уйга кириб, бирпасда ухлаб қоларди. Энди эса… сув бунчалар ёқимсиз. Катта сувлар шунақа ёқимсиз бўлармикан, а? Ҳали унинг бағрида қанчалик типирчилар экансан, а? Чидаш керак!
У жунжикиб, оёқларини тортиб, ўрнидан турди, қулочларини ёйиб, ўзини сувнинг энг тез оқар ўртароғига отишни мўлжаллаб кўрди. Тўлқинлар орасида у ёқдан-бу ёққа урилишини, талпинишини, оғзи, ичи лойқа сув билан тўлишини, нафас ололмай қийналишини ва ниҳоят юрак уриши тўхташини тасаввур этдию бутун вужуди титраб, қалтирай бошлади.
Айни шу чоғ икки юз қадамча наридан, катта йўлдаги кўприкдан атрофни ёритиб, гулдирос солиб, катта юк машинаси ўтди. Унинг бахтига машина бу ёққа бурилмади, қизнинг аҳдини кечиктиришга хизмат қилмади. Бундан Ҳилола қувонишни ҳам, хафаланишни ҳам билолмади. Ҳар қалай, машина ўтмаганда, шу топда у тўлқинлар билан олишаётган бўлармиди? Шу кечикиш ногоҳ унга Маҳмуд амакисининг бир марта айтган гапларини эслатди.
“– Ажални бир лаҳза кечиктириб ҳам, тезлатиб ҳам бўмасакан, – деганди амакиси. – Номаи Аъмолда ёзилгани бўйича Ўлим фариштаси – Азроил етиб келиб, ҳеч нимага, ҳеч бир баҳонага қулоқ солмай жонни оларкан”.
Қизиқ, яқин орада ўшандай кун унинг ҳам бошига тушишини қаёқдан билсин, у амакисидан сўраган:
“– Ўзини ўлдирадиганлар-чи, амаки, уларни жониниям Азроил оладими?”
“– Ҳа, албатта. Локин ўзини ўлдирадиганлар жуда катта гуноҳга ботади. Уларнинг тани тўғридан тўғри дўзахга тушади.”
– Дўзах? – қичқириқнамо, йиғламсираш оҳангида пичирлади у. – Мен ҳамми? Менга ўтказилган ситамлар ҳисобга олинмайдими? Азроил? – унинг баданида гўё чумоли ўрмалади. – Менга кўринмаяпти-ку? Балки ўйлаб чиқарилган гапдир булар? Агар бор бўлса, эшитсин…
Ҳилола жимиб қолди, атрофга аланглади: уни бирор кимса эшитармикан?
– Майли, айтмоқчи бўлганларим ичимда қолиб кетмасин, – дея яна пичирлади. – Ҳеч бўлмаса, манави қирғоқлар эшитсин, нари қирғоқдаги дарахтлар эшитсин. Ботиб бораётган Ой, осмондаги барча юлдузлар шоҳид бўлсинлар. Лекин улар ҳеч кимга айтолмайдилар. Айтмаганлариям маъқул. Қанийди ўлигимни ҳеч ким тополмасайди. Қанийди анави аёллар каби табиий тарзда ҳалокатга учрасайдим! Қанийди, ўзини ўлдирибди, фотиҳаси қайтгани учун ўзини сувга чўктирибди, деган тавқи лаънат бўйнимга илинмасайди! Афсуски, бунинг ҳеч иложи йўқ. Бироқ шундан маъқулроқ йўл кўринмаяпти… – худди шу топда сал олисроқдан бир неча кишининг гангир-гунгир гаплашиб келаётган товушлари эшитилдию Ҳилола қўрқиб кетди, шоша-пиша орқага чекинди. Ой ботишига бир газча масофа қолган, атроф анча хиралашган, диққат қилинмаса, бировни кўриш анча маҳол. Ҳилола эса қайга яширинишни билолмас эди. Ўзининг назарида, икки йўлак кўндаланг: бириси – йўловчиларга кўринмай дарҳол орқага қайтиш, панароқда бекиниб туриш; иккинчиси – ўз аҳдини пайсалга солмай бажариш… Қай бириси қулайроқ?