Faqat Litresda o'qing

Kitobni fayl sifatida yuklab bo'lmaydi, lekin bizning ilovamizda yoki veb-saytda onlayn o'qilishi mumkin.

Kitobni o'qish: «Ёлғонлар шаҳри»

Shrift:

ТАҲРИРИЯТДАН

Одамлар нима учун ёлғон гапиришга мажбур бўлади? Ўзи ўйлагандек гапирмаслик, ўзи гапиргандек амал қилмаслик, ҳатто ўзи ўйлаганини ўзи инкор қилиш… бу нима?

Қўлингиздаги ушбу асар замонавий Теҳрон жамияти ҳақида ҳикоя қилади. Асарда турли ижтимоий қатлам вакиллари – инқилобчию аксилинқилобчи, наркофурушу полиция ходимлари, жиноятчию судья, фоҳишаю муллалар ҳаёти, уларнинг ташвишу шодлиги алоҳида олинган инсонлар мисолида очиб берилади.

Муаллиф имкон қадар ўз шахсий қараши, ҳиссиётларини кўрсатмасликка, борини бордек ҳикоя қилишга ҳаракат қилган; ҳикоялардаги ҳеч бир қаҳрамон устидан ҳукм ўқимаган. Теҳрон жамияти мусулмон аҳли ҳисобланса‐да, аксар мусулмонлардан фарқли ўлароқ шиа жамиятидир. Шу боис, ўқувчига уларнинг айрим одатлари, дейлик, муваққат никоҳлари ёки шиа имомларига илтижо қилиши, имом Ҳусайн учун ҳамон аза тутиши ғалати туюлиши мумкин. Эрон ислом инқилобидан сўнг диннинг давлат мафкурасига айлантирилиши унинг турли сиёсий фитналар ва мустабидлик қуролига айланишига ҳам сабаб бўлган. Оқибатда одамларда диннинг зоҳирига эътибор кучайган, шаръий қоидалар ҳам ҳаёти зарурияга мувофиқ талқин қилинаверган. Диннинг сиёсийлашуви диннинг ўзига зарар берган.

Рамита Наваининг ҳикоялари инсоний ҳикоялар, уларда инсоннинг тақдири, фожеаси ва ютуқлари акс этган. Шу жиҳатдан унинг қаҳрамонлари бизга ҳам бегона эмас.

Ушбу китобни барча теҳронликларга, хусусан, теҳронлик турмуш ўртоғим, ҳаётим мазмуни Габриелга, ва энг муҳими, мени доим руҳлантириб турган онам Лая ҳамда Теҳроннинг ажойиб ва фозил инсони бўлмиш отам Курушга бағишлайман.


Фитна соладиган ҳақиқатдан хотиржамлик берадиган ёлғон афзал.

Саъдий Шерозий, “Гулистон”

СЎЗБОШИ

Келинг очиғини айтай, Теҳронда яшаш учун ёлғон гапириш керак. Бу ерда ахлоқнинг ўрни эмас, Теҳронда ёлғон сўзлаш ҳаёт ва мамот масаласидир. Ажабланарлиси шундаки, мунофиқликка бўлган эҳтиёж борасида ҳамма баробар – ёлғонлар дунёсида одамларни динига кўра ажратиш ва қатламларга тафриқа қилиш йўқ. Энг тақводор ва художўй теҳронликларнинг айримлари ёлғон санъатини камолотга етказган. Биз теҳронликлар ҳақиқатга ишлов беришга зап устамиз. Болалар ёшлигидан отаси уйда спиртли ичимлик сақлашини тан олмасликка, ўсмирлар бокира эканини таъкидлаб қасам ичишга, дўкондорлар мижозларига рамазон ойида овқат ейиши, сув ичиши ва чекиб олиши учун уйининг орқа тарафидан жой ажратиб беришга, Ашуро кунида1 диний маросимнинг бир қисми сифатида ёш йигитлар ўзини калтаклашга, буларнинг бари аслида ёқимтой қизлар олдида довюраклигини кўз-кўз қилиш учун бўлса-да, лекин улар фақат Аллоҳ учун тўплангани, ҳар бир зарб Имом Ҳусайн учун, дея ёлғон даъво қилишга ўрганган. Ёлғонларни хаспўшлаш учун яна янги ёлғонлар тўқилади ва жамият ёлғонга тўлиб кетади.

Ҳақиқат эса махфий, ноёб ва хавфли матоҳга айланади, жуда қадрланади ва унга эҳтиёткорлик билан ишлов берилади. Теҳронда кимдир сизга ҳақиқатни гапирса, билингки, у сизга ё дилдан ишонади ё тамомила таваккал қилмоқда. Эрон жамиятида тирик қолиш учун ёлғон гапириш узоқ ўтмишга, ислом босқинининг илк чоғларига бориб тақалади. Ўша даврда шиалар турли таъқиблардан ҳимояланиш учун эътиқоди ҳақида ёлғон гапирган ва бу “тақия” деб аталган. Қуръон ҳам ўрни келганда каттароқ яхшилик учун ёлғонга рухсат беради. Бу ёлғонлар оқими катта шаҳарлардан сизиб чиқиб, шаҳарча ва қишлоқларга етиб борган бўлса ҳам, Теҳрон унинг булоғи бўлиб қолади.

Энг қизиғи шуки, эронликлар ўзларини ўзлари алдамасликка астойдил интилади. Бу маданиятимизнинг бир қисмидир. Форс шоири Ҳофиз ҳаётдан маъно топиш учун ҳақиқат излашга чақирган эди:

 
Ҳақиқатга ошнолигинг
Сени сира тарк этмас.
Бу мушкул йўлдаги қувончу азобинг
Саҳна пардаси каби ёпинчиғингни кўтаради
Ҳамда сен чин “ўз”ингни топасан.
 

Эрон сериалларида қаҳрамонлар мудом ўзини излайди. Бу йўлда улар диний мажбуриятлар юки ва самимий инсоний истаклар ўртасида саргардон кезади. Шу боис аксарият теҳронликлар давомли зиддият ичида яшайди: тирик қолиш учун ёлғон гапиришга мажбур қиладиган шароитда қандай қилиб ўзлигингизга содиқ қолишингиз мумкин?

Энди охирги бир нарсани аниқлаштирай: биз эронликлар онадан ёлғончи бўлиб туғилмаймиз. Ёлғон гапириш инсонларнинг ўта интим муносабатларига қадар аралашишга ўзини ҳақли ҳисобловчи ҳукуматнинг зулмкор тартиботи оқибатидир.

Теҳронда яшаб (ва алдаб), мен жуда кўп теҳронликларнинг ҳикояларини тингладим ва уларнинг баъзиларини сиз билан баҳам кўрмоқчиман. Уларнинг ҳаммаси ҳам оддий теҳронлик эмас. Баъзилари форс жамиятидан четлашиб қолган. Аммо умид қиламанки, китобдаги энг ғайриодатий ҳикоялар ҳам Теҳрондан ташқарида яшайдиган одамга 12 миллиондан ортиқ аҳолиси бор бу шаҳардаги ҳаётни тушунишга ёрдам беради. Тажрибамга таяниб айтаманки, теҳронликларнинг хос сифатлари – уларнинг меҳрибонликлари. Ҳаёт нечоғлик оғирлашса ҳам, амалдорлар нақадар шафқатсиз бўлса ҳам, оддий аҳолида бетакрор илиқлик бор. Мен бу илиқликни режимнинг ашаддий тарафдорларида ҳам, ўзгача фикрловчиларда ҳам, умуман, ҳамма-ҳаммада сезганман.

Мен одамларнинг хавфсизлиги учун барча исмлар, жой номлари ва вақтни ўзгартирдим, аммо воқеалар ҳақиқатан содир бўлган ва ҳамон содир бўлмоқда. Буларнинг бари ёлғонлар шаҳри ҳаётининг асл ҳикояларидир.


ПРОЛОГ

Вали Аср кўчаси

Теҳрон осмони нур билан тўйинади. Шаҳар узра оловранг туман тушиб, қуёш нурини синдиради. Қалин ва ўйноқи заррачалар ҳар бир бурчакка етиб бориб, одамнинг бурнини куйдириб, кўзини қамаштиради. Кўчалар қора тутун бурқситиб чиқараётган машиналарга тўла. Тутун машинадан чиққач ҳавога енгилгина кўтарилади-ю, муаллақ қолади. Туманлар ҳатто шимолдаги қўнғирранг Элбурс тоғларини ҳам қоплайди. Бу ерда кўп қаватли бинолар худди жамоа бўлиб сажда қилаётганлар олдида турган имом каби пастга қарайди. Унинг тагидаги водий эса одамлар билан тўлган. Бир қарич ҳам бўш жой йўқ. Бунда бирор сабаб, мантиқ ёки услуб ҳам йўқ. Эски маҳаллалар гўё спагеттисимон арқонлар билан бир-биридан ажратилгандек. Постмодерн услубида қурилган кўримсиз уйлар эса эски уйлар устида қад ростлаган.

Теҳроннинг қоқ ўртасидан шаҳарни иккига ажратиб узун ва кенг йўл ўтган. Йўлнинг икки томони бўйлаб минглаб баланд чинорлар экилган. Вали Аср кўчаси Теҳроннинг шимолидан жанубига чўзилган бўлиб, ундаги ҳаётга жон бағишлайди ва шаҳарнинг энг чекка бурчакларига қадар кириб боради. Вали Аср барча теҳронликлар учун бутун шаҳарни бирлаштирган ягона йўлдир. Бир неча ўн йиллардан бери эронликлар бу ерга қувончли дамларини нишонлагани, намойиш ўтказгани, парад кўргани, кимнидир хотирлагани ҳамда мотам тутгани келади. Теҳрон билан боғлиқ ёдимда қолган илк болалик хотираларимдан бири – ана шу кўча бўйлаб машинада ўтганим. Ўшанда дарахтлар орасида ўзимни қанчалар хавфсиз ҳис қилганим ҳали-ҳамон ёдимда. Бир-бирига хиёл бош эгиб турган дарахтлар яшил барглари ва шохлари билан бизни гўё ҳимоялаётгандек эди.

Дарахтларнинг бетонни ёриб чиққан кекса илдизлари ёнидан ўтган чуқур ариқда шимолдаги тоғлардан келадиган муздек сув оқади. У қанчалик жанубга яқинлашса, шунчалик қорамтир бўлиб боради. Вали Асрнинг ўртасидан шундоқ ўтганда ҳаёт қайнаб ётган, гавжум, минглаб мотоцикллар, машиналар ва одамлар ҳаракатланаётган шаҳар маркази чиқади. Кўп қаватли турар жойлар орасида сиқилиб қолган, аммо яшашдан умиди сўнмаган эски уйлар ҳамон учрайди. Жануб томонга юрганингиз сари бинолар кичикроқ ва харобароқ бўлиб бораверади: дераза ойналари синган, томига қийшайган тунукалар ёпилган, оҳори кетган ғиштин уйлар. Занглаган газ қувурлари ва ҳаво совутгичлари худди металл ичак ташқарига чиқиб кетгандек деворда осилиб туради. Бу ердаги кўчалар қадимчилик ва қашшоқлик соясида қолиб, тусини йўқотган. Аёллар чодрасининг2 қора матоси бошқа қора ёпинчиқлар ва бош кийимлари билан уйғунлашиб кетади: ислом дини қабул қилган ушбу мотам рамзини ҳамма кийиб юради. Фақат уруш қаҳрамонлари, шаҳидлар ва сиёсий ташвиқотнинг ёрқин суратларида бунга амал қилинмайди. Шаҳарнинг энг жанубий қисмида Вали Аср кўчаси Теҳроннинг бош темир йўл бекати бўлмиш Раҳ Аҳан майдонидан ўтади. У ерга мамлакатнинг турли бурчакларидан сайёҳлар келади: лурлар, курдлар, озарбайжонлар, туркманлар, тожиклар, араблар, балужлар, бахтиёрийлар, қашқаийлар ва афғонлар.

Вали Аср кўчаси ва унинг юзлаб йўллари Теҳроннинг шаҳри суғроси ҳисобланади. Шимолдан жанубга, 18 километрдан ортиқ чўзилган бу кўча бою камбағалларни, диндору дунёвийларни, анъанадорлигу замонавийликни бирлаштиради. Аммо шаҳарнинг ҳар икки чеккасидаги одамлар ҳаёти бир-биридан бир неча асрга фарқ қиладигандек туюлади.

Бу йўлни Ризошоҳ Паҳлавий қурдирган. Гарчи қурилиш ишлари 1921 йилда – ҳали у тахтга чиқмаган пайтларда бошланган бўлса ҳам. Қожарлар сулоласининг сўнгги вакили Аҳмадшоҳ тахтдан ағдарилгач йўл қурилиши жадаллашди. Бунинг учун асилзодалар, давлат арбоблари ва Қожар сулоласи шаҳзодаларига тегишли боғ-роғлар вайрон қилинди. Ризошоҳ ўзи ва оиласи учун энг яхши ер майдонларини асраб қолди. Йўл шимолга анча чўзилгани, шаҳар ташқарисидаги қишлоқлар аро ўтгани, Шоҳ саройларини боғлагани учун қурилишга яна 8 йил кетди. Қишки саройлар шаҳарнинг илиқроқ қисми – жанубда, ёзги саройлар эса шимолдаги салқин тоғлар бағрига қурилганди. Ушбу йўл Ризошоҳнинг Эронни замонавий дунёга олиб кириш кўзланган кенг қамровли лойиҳаларининг бир қисми эди. Қурилажак йўл француз хиёбонларининг гўзаллигию озодалигини, улкан Рим йўлининг маҳобатини ўзида мужассам этиши, ҳайбати ва ҳашамати билан Ўрта Шарқнинг ҳавасини келтириши лозим эди. Ризошоҳ 18 мингта чинор экиш ишларини шахсан ўзи назоратга олган. Йўлни эса ўз исми билан – Паҳлавий деб атаган.

1979 йилдаги Ислом инқилоби Ризошоҳнинг ўғли Муҳаммад Ризошоҳни тахтдан ағдаргач Шоҳга қарши бўлган миллатчилар Паҳлавий кўчасининг номини Эроннинг собиқ бош вазири Муҳаммад Мусаддиқ номига ўзгартирди. Европада таълим олган ҳуқуқшунос доктор Муҳаммад Мусаддиқ мамлакат нефтини миллийлаштиришга урингач Марказий разведка бошқармаси дастаклаган тўнтаришда лавозимидан ажралган, сўнг қаҳрамонга айланган эди. Кўчага берилган янги ном ҳам унинг бош вазирлиги каби қисқа бўлди. Инқилоб етакчиси оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайний мамлакатнинг энг машҳур кўчаси ислом дини эмас, форс миллатчилиги учун курашган одам номи билан аталишига сира кўнолмасди. Унинг обрўсига ҳасад ҳам қиларди. Хумайний бу кўчани Имоми Замон номи билан танилган, шиа мазҳабидаги 12 имомнинг охиргиси бўлган ҳамда шиа эътиқодига кўра дунёнинг Сўнгги Нажоткори ҳисобланган ҳазрат Имом Маҳди шарафига Вали Аср деб номлашни буюрди. Маҳдийнинг қайта хуруж қилиши янги осойишта давр бошлангани ва исломий камолотдан дарак беради, аммо унгача Сўнгги Нажоткор кўздан пинҳон бўлади. Ислом бошқаруви шарофати билан ҳаёт қувватидан мосуво бўлган шаҳарнинг рамзи бўлмиш бу кўча учун мос ном.

Ҳаммаси ярим тунда содир бўлади. Айнан соат нечалиги ва қанча одам бунда иштирок этгани номаълум. Аммо эртаси куни тонгда ҳамма шу ҳақида гапиради. Далиллар Вали Аср кўчаси бўйлаб тизилган эди: бетон орасидан ўнлаб дарахт шохлари чиқиб туради. Шаҳар ишчилари йўлдаги қирқдан ортиқ чинорни арралаб ташлабди. Теҳронликлар шикоят қилади. Хатлар ёзишади, ҳоким идорасига қўнғироқ қилишади, суратга олишади, “Twitter” ва “Facebook”да саҳифа очишади. ОАВ бош саҳифаларида ҳам шу гап. Таниқли инсон ҳуқуқлари гуруҳи янада кўпроқ дарахт кесилганини даъво қилади. Маданий мерос гуруҳи “маъсум” дарахтларни бу тарзда нобуд қилишни “вайронкорлик“ деб атайди. Миллий радио станцияси бўлмиш “Радио Фарҳанг”нинг мунозарали эшиттириши чақириқларга тўлиб кетади. “Ҳар бир дарахт мен учун хотира. Дарахтлар кесилса, хотираларим ҳам ўлади. Улар гўё менинг жонимни олаётгандек”, дейди кўзлари ёшга тўлган аёл эронликларга хос ҳис-ҳаяжонга берилиб. Теҳронликлар ғазабда.

Оёқларидан айрилган уруш фахрийси Вали Аср кўчасининг шимолий томонида жойлашган Парк-э Меллат (Миллат боғи) яқинидаги йўлакчага доимгидек келиб ўтиради. Исқирт бўлиб кетган қўлтиқтаёқларини ёнига қўяди ва қўлидаги буюмларни ерга теради: турли ҳажм ва рангдаги батареялар. Унинг ортидаги ариқдан семизгина каламуш югургилаб ўтади. Елкасига скрипка илиб олган мусиқа талабаси дарахтлар кесилгани ҳақида эшитиб, ўз кўзлари билан кўргани келди.

“Мен-ку урушда қатнашганим учун оёғимдан айрилганман, аммо бояқиш дарахтлар қайси айби учун бундай кунларни кўряпти?”, деб ҳазил қилади уруш фахрийси. Талаба йигит жилмаяди ва муҳташам Қожар саройи олдидаги жамоат боғи – Фирдавс боғи томон юради. Бу ерда у Вали Аср ҳаётини кузатиб, мулоҳаза қилади. Боғдаги ўриндиққа ўтириб, ноутбукини очади. Унда Моцартнинг жонли ижродаги “Реквием” куйини қўяди. Шаҳар суронларидан нафис мусиқани тинглашни афзал кўрган қария унинг ёнига келиб, ўриндиқнинг нариги четига ўтиради.

Вали Аср кўчасининг шаҳар марказига – Жумҳурий кўчасига яқин жойида яшил кроссовка ва қизил кўйлак кийган соқолли киши ўз аккордеонида машинада кетаётган йўловчилар учун ғамгин форс мумтоз куйларини чалмоқда. Кимдир унга пул тутганида у белига тақиб олган сумкасидан қоғоз чиқаради. У интернет саҳифасини – дунёнинг ёвузликлари: шайтон, моддиюнчилик, шаҳватпарастлик ҳақидаги блоги манзилини кўрсатади.

Вали Асрнинг энг жанубий нуқтасида йўл тўсилиб қолган. Лекин тирбандлик сабабли эмас. Минглаб одамлар совуқда йўлка ва масжид ташқарисидаги кўчада тўпланган – ичкарида жой қолмаган. Жаноза. Эркаклар қора тасма билан оқ гладиолус боғлаб қўйилган икки метрдан ошиқ узунликдаги тобутни кўтариб бормоқда. Масжид ичида эса қори Қуръон тиловат қилмоқда. Кейин эса у марҳума аёл ҳақида яхши гаплар айтади: “У инсонийлик шаънининг чин маъносини биладиган кишиларнинг авлоди эди. У Худога юзланган ва ундан сира юз ўгирмаган ҳалол аёл эди.”

ДАРИУШ

Меҳробод аэропорти, Теҳрон, 2001 йил, март

– Анча вақт хорижда бўлган экансан, – деди ёш офицер қўлидаги паспортни тез-тез варақлаб. – Энди қайтишга қарор қилдингми? Шунча йилдан кейин, – у биринчи бетнинг пластик бурчагини олиб ташлади.

Дариуш шу ёшгача бунчалик қўрққанини эслай олмайди. У милки ва лунжи орасига қўйилган цианид таблеткасининг қаттиқ пластик томонига тилини теккизди. Унга айтишларича, ҳукумат ўзгача фикрловчиларнинг қора рўйхатини тузиб, қидирувга қўйган. Яна шуни айтишдики, қамоқ қийноқ ва азобли ўлим демакдир.

Офицер унга тикилиб туриб деди:

– Нега кетгансан?

– Ота-онам уруш вақтида кетган. Мен қолишни хоҳлаганман, аммо улар мени ўзи билан олиб кетган, – у жуда тез жавоб қайтарди.

– Нега қайтдинг?

Офицер паспортни сканерлади. Дариуш бу паспортни Бағдодда баъзи каттакон одамларни паспорт билан таъминлаб турган шиа ҳарбийидан 20 минг АҚШ доллари эвазига олган. Бу бамисоли санъат асари. Бундан ҳам яхшироқ сохта паспортни тополмайсиз.

– Қариндошларимни кўргани келдим. Мен… мен юртимни соғиндим.

Унинг овози титрарди. Офицер столи устига эгилиб, қўлини Дариушнинг кўксига босди.

– Юрагинг худди митти чумчуқникидек уряпти, – деди у.

Кейин тўсатдан кулиб юборди ва Дариушнинг паспортини столга улоқтирди.

– Сендақа янги келганлар нуқул шунақа қўрқоқ бўлади. Ўқиганларингга ишонма, биз сени еб қўймаймиз. Сенга ўхшаганлар учун бу ерда ҳаёт яхши. Сира қайтиб кетмайсан кейин.

20 йил муқаддам инқилоб замонида онаси билан қочоққа айлангач, уни доимий таъқиб қилган юртга қайтиш осон кечди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам Дариуш учун ўта осон туюлди. Аммо у эҳтиёткор бўлиши керак, чунки ҳали ҳам у қидирувда бўлиши мумкин. Эронликлар устаси фаранг муғомбир бўлишини Дариуш яхши билади.

Гуруҳ аввалдан огоҳлантирганидек, у ташқарига чиқишидан олдин сумкалари рентген текширувидан ўтказилди. Кучайтирилган хавфсизлик тартиби фақат паранойя режими ёки сепаратист ҳаракатлардан қўрқиш сабабли эмас эди. Ҳукумат Дариушга ўхшаган одамлардан, Мужоҳедин-э халқ3 (МEХ) – Халқ аскарларидан қўрқарди.

Дариуш МEХга расман қўшилганига ҳам бир йилдан ошди. Бошланғич мактабда муаллималик қиладиган онаси ўғли улар ҳақида гапира бошлаганда жаҳли чиққан эди. 1979 йилги Ислом инқилобида Шоҳни тахтдан ағдаришда МEХ катта ҳисса қўшган. Дариушнинг онаси ўзининг ҳаёти барбод бўлишида исломчиларни қанчалик айбласа, мужоҳидларни ҳам шунчалик айбдор деб ҳисобларди. У ўғли бу босқичдан ўтиб кетади, деб умид қилган эди. МEХ Эроннинг биринчи замонавий Ислом инқилобчилари эди. Дариушнинг онаси талабалик чоғидаги дўстлари МЕХнинг социалистик қадриятлар ва тенглик ҳақидаги ваъзларидан қанчалар таъсирланганини яхши эслайди. Она ўғлининг хулқида кескин ўзгаришни пайқайди. Ўғли намоз ўқишни бошлади. Гарчи она динга эътиқод қилса ҳам, ўғлининг янгича диндорлиги уни хавотирга солиб қўйди. Ўғил танишларига виждон йўлида маҳбусга айланган мужоҳидларнинг суратларини кўрсатиб, Сазман4 – Гуруҳга қўшилишга даъват қила бошлади. Онаси эса унга оиласининг дўстларидан қанчаси ана шундай гуруҳларга қўшилиб қолиб, мияси обдон “ювилиб”, натижада яқинларидан ажралиб қолганини айтарди. Дариушнинг онаси АҚШда таълим олгани ва Вашингтон яқинидаги кичик шаҳарчада янги ҳаёт бошлаганидан бениҳоя фахрланарди. Энди эса ўғли топган-тутганини Гуруҳнинг банк ҳисоб рақамига ўтказаётганига индамай қараб туролмади. У ўғлига ҳар қанча гапирмасин, бари беҳуда эди. Дариуш бора-бора уйга камдан кам келадиган, охири онасини на йўқлайдиган ва на унга қўнғироқ қилиб қўядиган бўлди. Она эса ўғлидан МEХга қўшилмасликни ёлвориб сўради. Бунга жавобан Дариуш онасидан воз кечди.

Дариуш ташқарига чиққач баҳорги тонг осмонига қараб Теҳроннинг чангли ҳавосидан нафас олди. Унинг бурнига бир маҳаллар туйган ҳидлар: куя, қуриган гиёҳлар, тупроқ ва бензин иси урилди – бу унинг болалигидаги ислар эди. Дариуш уйига келган эди.

Навбатда турган таксилар олдига бораркан, у ҳар бир майда қадамидан маза қилаётган, гўё емиш излаётган кабутар сингари бошини ҳар ён буриб, атрофга қараётган эди. Ҳар бир қарич ер унга шунчалар қадрдон экани Дариушни энтиктириб юборди, атрофидаги барча унинг яқинидек эди. Дариуш ҳеч қачон ҳеч нарсани бу қадар ўзиникидек ҳис қилмаган, юрагига бунчалар яқин олмаган. Ҳатто Гуруҳни ҳам.

– Ҳой, сизни яна қанча кутай? Ё машинага чиқинг, ё навбатдаги одамларга йўл беринг, – деди бўйнига ошхўрак таққан ва қўлидаги папкани кўксига босиб кўтариб олган киши.

– Кечирасиз, хаёл билан бўлиб… Вали Аср кўчаси, Парквейга бормоқчиман.

Учрашув жойи Теҳроннинг шимолий қисмига белгиланганига Дариуш ҳайрон бўлганди, аммо Гуруҳ аъзолари бошдан кечирган аччиқ тажрибадан билардики, шаҳарда улар кўзга унча ташланмайдиган гавжум жойлар жуда оз. Шимолий Теҳрон кўчаларида одамлар сен менга тегма, мен сенга тегмайман қабилида яшайди. Улар ўзларининг суҳбатига берилиб кетганидан ва ортиқча ғалва чиқмасин деб, сизнинг ишингизга умуман аралашмайди. Илгари махфий вакил ва буюм келтирувчи ўртасидаги учрашувлар шаҳар марказидаги хилват паркларда бўларди. Ҳозир у ерлар гиёҳвандлар, дилерлар ва полициячиларга тўлиб кетган. Ҳатто атроф кимсасиздек туюлганда ҳам, Теҳрон марказидаги ҳар бир бурчакда яширин “кўз-қулоқ” бор. Бир гал ўртоқларнинг бозор яқинидаги учрашуви фожеага айланишига бир бахя қолган. Пичирлаб гаплашаётганлар ҳақидаги хабар зумда тарқаган. Гуруҳнинг икки аъзоси полиция келаётганини кўриб, жуфтакни ростлаган. Улар шу билан уч ой яшириниб юришган, кейин эса ўзи ҳам қочиб юрган курдларнинг ёрдами билан эшакда тоғлар оша чегарадан ўтиб, мамлакатдан чиқиб кетишган. Улар курдларга ўзларини намойиш уюштирган талабалар деб таништирган эди. Агар курдлар уларнинг МEХ аъзолари эканини билиб қолса, ёрдам бермаган бўларди. Чунки улар МEХ Ироқ президенти Саддам Ҳусайнга курдлар исёнини бостиришда ёрдам берганини ҳали унутмаган. Шоҳ давридаги сиёсий маҳбуслар ва сиёсий сабаблар билан ўлимга ҳукм қилинганларнинг аксари МEХ аъзолари эди. Бу эса уларга тарафдорлари сонини оширишга ёрдам берди. Инқилобдан икки йил ўтгач МEХ аъзолари сони ярим миллионга етди. Унинг тез суръатда ўсиб бораётган қудратидан қўрққан Ислом инқилобчилари – дин пешволари ва ақидапарастлар ички таҳдид бўлганда қиладиган ишини қилди, яъни ўзиникиларга қарши бўлиб қолди. Улар МEХ аъзоларини мунофиқ, иккиюзламачи деб атади, мужоҳидларни динга қарши курашиш учун Ғарб империалист кучлари билан тил бириктирганликда айблади. Тизимли тозалаш доирасида минглаб инқилобчилар дорга осилди ёки отиб ташланди. Тирик қолганлари Саддамдан паноҳ тилаб Ироққа қочди. Саддам Ҳусайн уларни Бағдод шимолидаги Ашраф лагерига жойлаштириб, қуроллантирди, урушга тайёрлади. МEХ ҳатто Эрон-Ироқ урушида Ироқ армиясига қўшилиб, эронликларга қарши жанг қилди ва минглаб ватандошларини ҳалок этди. Ана ўшанда уларга бўлган муносабат ўзгарди.

– Худойим-эй, Эронда анчадан бери бўлмаган кўринасиз. Бу талаффузни қаерда орттирдингиз? Кечирасиз жаноб, қўполлик қилмоқчи эмасдим. Аммо Жорж Бушнинг талаффузидан ҳам дағалроқ гапиряпсиз. Америкадан келган бўлсангиз керак?

Ҳайдовчи кулди-да, бўйнини чўзиб, ойнадан орқа ўриндиққа қаради. Дариуш сесканиб кетди.

– Ҳа, Америка, Вашингтон яқиниданман. Биз Эрондан кетишни истамагандик, аммо мажбур бўлганмиз, – у узрхоҳлик билан гапирди.

– Демак, йигирма йил бўлибди! Талаффузингиз бир ҳафтага дам олгани четга чиқиб келиб, қайтганида ўзини гўё форсчани унутиб юборгандек тутадиган бойваччаларникига ўхшамайди. Менинг қиз ўртоғим Истанбулдаги АҚШ консуллиги олдида уч кун навбатда туриб кулгига қолди. Ҳаммамизни террорчи деб ўйлашади, – деди ҳайдовчи зарбли мусиқа янграётган радио овозини баландлатиб.

Дариуш Эрондан қочган пайтлари такси ҳайдовчилари Глория Гейнорнинг “I Will Survive” қўшиғини севиб тингларди.

Гарчи машинанинг ойналари ёпиқ бўлса ҳам, совуқ елвизак 1960-йиллар автомобили “Hillman Hunter”нинг форсча варианти бўлмиш оппоқ “Пайкон”нинг тирқишларидан кираётган эди.

Теҳронда машина ҳайдашнинг ягона тезлиги мавжуд: машинангиз қанча тез юрса, ўшанча. Кўп марта урилган эски “Пайкон” ҳам янги мотор қўйилса, худди ўртамиёна машина, масалан, “Пежо” сингари соатига 130 километр юра олади. Гуруҳдагилар ҳазиллашиб, Дариуш режим муҳофизларининг қўлидан ҳам кўра Теҳрон йўлларида ўлиб кетиши эҳтимоли кўпроқ, дейишганди. Балки, улар ҳақдир. Пачоқланиб кетган машиналар, қонга ботган йўловчилар ва ҳатто йўл четида ётган ўликлар Теҳронга хос манзара эди. Албатта, Гуруҳ учун тирбандлик ҳам катта ташвиш туғдирарди. Шунинг учун улар машина эмас, балки мотоциклдан фойдаланишни маъқул кўрди. Аммо ҳозирги вақтда кўча бўм-бўш эди. Дариуш деразадан Теҳроннинг ҳуснига термилиб борди. Унинг кўзлари паст-баланд ҳовлилар, кўп қаватли иморатлар, идоралар, касалхонаю мактабларни кўрарди.

Дариуш Теҳроннинг бу қадар кўримсиз бўлганини эслолмайди. Унинг хотирасида муҳташам уйлар, хиёбонлар, француз услубида қад ростлаган нафис турар жойлар, виллалар ва боғлар, тирбандликлардан холи шаҳар қолган эди. Лекин ҳозир унинг кўз ўнгидаги манзара кулранг кўримсиз бетон плиталар уюми, ранги ўчган, доғ босган мармар блоклари, тоғдек қад кўтарган сохта юнон устунлари ва ёрқин рангли пластик қувурлардан иборат эди. Унинг она шаҳрини оёқ ости қилишганди. Ғазаби қўзиган Дариуш тишини тишига босди. Жаҳл ўткинчи нарса. Баъзан Дариуш ғазаб унинг танасини аста-секин тарк этаётганини ҳис қилади. Бунда мушаклари бўшашиб, нафас олиши енгиллашади. У бу манзарани кўриб иштиёқини йўқотишидан, курашмай туриб енгилишидан қўрқиши мумкин эди. Аммо ҳозир эмас. Улар Дариушнинг шаҳрини тортиб олишди, шундай экан, у жангга тайёр.

Такси Вали Асрга бурилди. Бу кўча барча теҳронликларга ўз уйини эслатади. Бир қарашда Вали Аср ўша-ўшадек. Ўша баққоллик дўконлари, ўша бутиклар, кафе ва ресторанлар, ҳашамдор витриналар ва ўша чайқовчилар. Фақат барлар энди йўқ, ота-онаси жуда севган вискихоналар, туни билан ишлайдиган, тамаки тутунига тўлган биллиард заллари, мижозлари қаторлашиб навбатга турадиган дискотекалар. Тан олиш оғир бўлса ҳам, Теҳрон уларсиз анча кўркам кўринарди – чунки Ғарбнинг зарарли ва қабиҳ таъсири Дариушнинг юртида илдиз отиб, унинг асосларини синдираётган эди. Аммо унинг ота-онаси айнан ўша дамлар – Паҳлавий кўчасида рақсга тушган ва маза қилиб ичган лаҳзалар бахтлироқ бўлганини ўйлаш Дариуш учун оғриқли эди. Бошқа тарафдан эса унинг ота-онаси шарафсиз маданият таъсирига тушиб қолгани ҳам Дариушга оғир ботарди. Хаёлан у ота-онасини оқлашга уринди: ахир улар 1970-йиллардаги теҳронлик ўрта синф ёш-яланг каби бор нарсадан завқланишган, холос. Аммо буларнинг бари баҳона эканини Дариуш биларди. Гуруҳ унга тўғри йўлни кўрсатган, Худо доим уларни кўриб туришини айтган эди.

Шаҳар уйқудан уйғонмоқда эди. Бўм-бўш кўчаларда одамлар, машиналар пайдо бўла бошлади. Уларнинг ёнидан қадди букилган қария апельсин ортилган аравани итариб ўтиб кетди. Сочи тўкилмаган бўлса ҳам, кўринишидан 100 ёш дейсиз. Овози эса ундан ҳам қарироқ – машиналар шовқинида эшитилмай қоладиган, баҳор шабадаси тўсиб қўядиган хирилдоқ овоз.

– Эҳ, бояқиш. Ҳой бобо, қанчадан сотяпсиз? – деди ҳайдовчи унга қараб.

– Килоси 300 туман, ўғлим. Янги узилган, Мошининг ҳосилдор тупроғидан бугун терилган, – пичирлади қария елкалари орасига чўккан бошини кўтарган ва катаракта тушган кўзларини юқорига тикканча.

Унинг уст-боши ҳам қадимий бўлиб кўринди: уринган, доғ тушган кўйлаги, ғалати тарзда крахмалланган ёқаси ва енги унинг нимжон танасида осилиб турар, деҳқонларникидақа ғижим иштони эса ерга тегай-тегай дерди.

– Бобо, биз иккимизнинг сочимизни қўшганда ҳам сизникига етмайди. Қайтими ўзингизда қолаверсин.

– Бу мендаги бошқалардан ортиқ бўлган ягона нарса, – қария табассум қилганида милклари кўринди. – Умринг узоқ бўлсин, болам.

Такси олдинга силжиди, ҳайдовчи қариянинг олд ойнадаги аксига қараб бошини силкиди.

– Қишлоғидаги ҳамма мевани сотган тақдирда ҳам топган пули оиласини боқишга етмайди. Шу ҳам тирикчиликми? Шу ҳам ҳаётми? Бу шаҳарга лаънат теккан.

“Пайкон” дарахтлар туннелидан ўтиб, Парквейга кириб борди. Кўприк остидагида бу кенг бетон шосседа одамлар ва машиналар ҳар томон зигзаг шаклда ҳаракатланаётган эди. Ҳайдовчи пиёдалар учун махсус ажратилган жойда тўхтаганида машина офис ишчисининг портфелига тегди. Аммо у оломонга қўшилиб йўлдан ўтаркан, портфелини туртган машинага қайрилиб қарамади ҳам. Дариуш таксидан тушди-ю, тонгги тартибсизликлар ўчоғига ўзини отди. У буёғига тинч кетмаслигини, йўлни эронча усулда, яъни тирбандликка ўзини уриб кесиб ўтиш кераклигини англаганди. 10 метрча масофани кесиб, йўлнинг нариги бетига ўтишга 5 дақиқадан ортиқ вақт кетди. Ҳар қадам ташлаганида машина ёки мототцикл баланд овозда сигнал чалиб унинг қаршисидан чиқарди. Охири, чодра ёпинган аёл унга ўз ортидан эргашишини айтди. Аёл йўлдан лапанглаб ўтаркан, семиз танаси Дариушни машиналар ҳужумидан ҳимоя қилди. У Дариушга анчадан бери Эронда бўлмагани сезилаётганини айтди. Йигит хўрсинди.

Дариуш шимол томонга, Вали Аср ва Фаришта кўчаси кесишган чорраҳа бурчагида жойлашган кафега қараб юрди. Кафе очилганига анча вақт ўтиб қолганди. Нонуштага калла-поча – қўйнинг тили, кўзлари, юзлари ва мияси тайёрланганди. Девор ва полларига оқ кафель ёпиштирилганигами, бу ер кафедан ҳам кўра кўпроқ лабораторияга ўхшарди. Официантлари ҳам лабораториядаги каби оқ халат кийиб олиб, ликопчаларга юмшоқ, сирпанчиқ гўштларни жойлаётган эди. Юқори вольтли лампа ёруғида оқ рангли арзон чинни идишларга сузилган гўшт ва ёғнинг тилимлари шундоқ кўриниб турарди. Бир-биридан ажралиб турган гўшт, суяк ва тоғайнинг ёқимли ва иссиқ ҳиди Дариушнинг димоғига урилди. Онаси Америкада бир неча марта калла-поча пиширишга уриниб кўргани ёдига тушди. Онаси билан калла-почани жимгина, маҳзун кайфиятда тановул қиларди. Калла-поча эркакларнинг таоми бўлгани учун бу таом уларга отасини эслатарди. У бу таомни ҳаммадан яхши пиширарди. Дариушнинг диндор монархист отаси шоҳлик даврида давлат хизматчиси бўлган. Ҳарбийлар кўчаларни айланиб, кўзига кўринган кимсани қўлга олганда уни ҳам сўроқ қилгани олиб кетишган, шу билан дом-дараксиз кетган.

Дариуш кафенинг сал ичкарироғида, ошхона пештахтаси яқинида бўш столни кўрди ва ўша томонга қараб йўналди. У столга ўтириши билан ўтиб кетаётган официант йигит столга тақ этиб стаканда чой қўйиб кетди. Орқасида пўлат қозонлар қайнаб, ичидан буғ чиқиб ётар, ликопчаларнинг бир-бирига урилгани ва шўрванинг билқиллаб қайнаётгани эшитиларди. Дариуш таксидалигидаёқ ортидан ҳеч ким кузатмаётганини текширган эди, ҳозир ўтирган жойидан кўча шундоқ кўриниб турибди. Кўчада ҳеч ким йўқ. У барвақт келганди. Энди бироз бўш қўйиб, ресторан ичини кўздан кечирди.

Ҳар турли хўрандалар бор эди бу ерда. Бирин-кетин кириб келадиган соқолли ишчилар ва офис хизматчилари столга эгилиб, тез-тез овқатланишяпти. Дазмолланган кўйлак кийган эски мижозлар столлар орасидан ўтиб боряпти. Улар неча йиллардан бери нонушта учун шу ерга келади. Эгнига камзул ва оёғига жунпайпоқ кийган, кўзлари чақноқ сайёҳлар эса Элбурс тоғидан тушгач тамадди қилишга кириб, таёқ ва рюкзагини столга суяб қўйган. Улар тонгги сайрдан сўнг ҳар бир луқмадан лаззатланиб, қуёшнинг иссиқ тафтида ҳаваскорлар билан тўлган сўқмоқларни босиб ўтганидан мамнун кайфиятда шошилмай қорин тўқлашарди.

Ўртадаги манзара эса Дариушда ҳам хавотир, ҳам жирканиш ҳиссини уйғотди. Бир гуруҳ ўсмир ва ўспиринлар стулларга чўкиб, бир-бирининг елкасига бошини қўйиб, оёқларини узатиб ўтирган эди. Кўзойнаклари бошига қўндирилган. Улар қиқирлашиб, бир-бирига кўзини сузар, кечаги тун қандай ўтгани ҳақида пичирлашар эди. Пардози оққан, кичиккина рўмолчага қистирилган сочлари терлаган пешонасига тушиб турган ҳолатда ҳам қизлар ниҳоятда гўзал эди. Пластик жарроҳлик орқали кичрайтирилган бурни нотабиий кўринса-да, улар барибир гўзал эди. Улар қалин лабларини чўччайтириб, тушунарсиз сўзларни айтишар, кулганида бошларини орқага ташлаб, сийналарини олдинга чиқарар, қуёшда тобланган нозик қўлларини кўз-кўз қиларди. Уларнинг кулгиси хонани тўлдирди, кўз қорачиқлари “экстаза”дан кенгайиб кетганди. Аёлларга қоматини яшириш учун ислом томонидан буюрилган ёпинчиқ – мантиянинг остидан кўриниб турган оқшом либосига ўрнашиб қолган ароқ ҳиди ҳамма ёққа тарқаб кетди. Улар катта идишда бош оғриғини қолдирувчи севимли егуликлари – мия шўрва ичишди. Бу ҳали танадан чиқиб кетмаган гиёҳванд модда ва алкоголь қолдиқларини эритиб юборади.

Дариуш қизларга шу қадар тикилиб ўтирганидан шериги ресторанга кириб келганини сезмай ҳам қолди.

– Салом, биродар. Уйингга хуш келибсан.

Атрофдагиларга анқайиб қараб ўтирганидан Дариушни одамлар орасидан таниб олиш осон кечди. Аввалдан келишилганидек, бир даста калит ва қизил “Marlboro” тамаки қутисини столга қўйиб ўтиришига ҳожат қолмади.

Дариуш хижолат тортди. У ҳушёр ўтириши керак эди.

– Хавотир олма. Ватани таназзулга учраётган бир вақтда бу болалар ўзини ҳайвондек тутаётгани ҳаммани ҳайратда қолдиради. Демак, сен барчамизни асраш учун келдинг, шундайми? – У мийиғида кулди ва овозини пасайтириб деди: – Миссиянгдан хабарим бор. Жаҳонгир менга қисқача тушунтирди. Мени Киан деб чақирасан. Нима қилиш кераклигини биласан.

1.Ашуро маросими – Шиалар Имом Ҳусайннинг шаҳидлигини эслаб ўтказадиган йиллик маросим.
2.Чодра – бошни ва бутун танани ёпиб турадиган қора ёпинчиқ. Тарихчилар чодрани 18-асрдан пайдо бўлган деб ҳисоблайди. Ризошоҳ Паҳлавий Эронни модернизация қилиш (замонавийлаштириш) мақсадида 1936 йилда чодра ва ҳар қандай ҳижоб ўрашни тақиқлаган. Полиция кўчаларда юзга тутилган ёпинчиқларни мажбуран олиб ташларди. Бундай сиёсат жамоат жойида чодрасиз ёки ҳижобсиз юриш яланғоч юришга тенг, деб ҳисобловчи диндорлар ва кўплаб оддий эронликларнинг ғазабини қўзғарди. Тақиқ Ризошоҳнинг ўғли Муҳаммад Ризошоҳ ҳокимиятга келиб, аёлларга яна ўранишларига рухсат бергунича 4 йил давом этди. 1979 йилги инқилобдан бироз вақт ўтиб, ҳижоб ўраш мажбурий қилинди.
3.МEХ – Мужоҳедин-э халқ (Халқ мужоҳидлари) ташкилоти (бошқа номлари: МКО ва Эрон Халқ мужоҳидлари). Эроннинг энг йирик мухолифат гуруҳи, Ислом Республикасини ағдаришга аҳд қилган. Ташкилотга 1963 йили сўлчи талабалар асос солган, марксист/исломий илдизга эга. МEХ Ислом инқилобида муҳим роль ўйнаган, лекин оятуллоҳ Хумайний томонидан бешафқат жазоланган. Унинг бош штаби Парижда жойлашган бўлиб, Эрон миллий қаршилик кенгаши номи остида фаолият кўрсатади.
4.Сазман – ташкилот. Бу ўринда МEХ назарда тутилмоқда.
10 768,65 s`om

Janrlar va teglar

Yosh cheklamasi:
0+
Litresda chiqarilgan sana:
06 fevral 2023
Hajm:
3 Sahifa 5 illyustratsiayalar
ISBN:
978-9943-23-164-1
Mualliflik huquqi egasi:
Asaxiy books
Matn
O'rtacha reyting 5, 1 ta baholash asosida