Kitobni o'qish: «Аксинча»
ҚАЛБ ИНТИЗОМИ
Улуғ устозларимиз Эркин Воҳидов билан Абдулла Орипов зар қадрини билгувчи заргар эдилар. Яхши шеърни яхши, ёмонини эса, ёмон дер эди. Шогирдларидан ҳам шуни талаб қилардилар.
Истеъдодли шоир номи насрга тортиб, Носир дея аталса ҳам, Носиржон Жўраев – мактаб кўрган шоир. Гап шундаки, биз номларини юқорида тилга олган устозларнинг кўпжилдлик китобларини Носиржон масъул маҳаррир сифатида нашрга тайёрлаган. Тайёрлаганда ҳам жуда нозик дид, ҳафсала ва синчковлик билан ёндашган. Сўз санъатини англаган ижодкор учун бу ҳақиқатан ҳам катта дорилфунун.
Шу маънода, ҳазрати Машраб айтганларидай, устозлар “остонасига бошини қўйиб, жаҳондан кечган”, яъни сўзни қисмат деб билган шоирлардан.
Сўзнинг танобини тортиш бор гап, унинг ранжу азобига бардош бериш осон эмас.
Устозимиз: “Баъзан ғализ жумла устида Соатлаб бош қотирганим бор”, – деганларидай, сўз заҳматини, шоирликни чидаганга чиқарган. Носиржон меҳнатдан чўчимай, қалам омочини тиришқоқлик билан тортаётган ижодкор. Ўзининг ички тартиб-интизоми, Ойбек домла таъбири билан айтганда, “қалб интизоми” бор. Қалб интизоми эса, палапартишликни ҳаргиз кечирмайди.
Сўз йўлидаги бундай синовлар умрнинг охиригача ато этилади. Шу масъулиятли ва нурафшон заҳматлар узоқ-узоқ йиллар шоир инимизга садоқатли сафардош бўлишига тилакдошмиз.
Сирожиддин САЙЙИД,Ўзбекистон халқ шоири
«Ватандан олисда Ватаннинг ҳар бир…»
Ватандан олисда Ватаннинг ҳар бир
Нуқтаси худдики жаннат кўрингай.
Бошда ўйнаб турса қиличлар зарби,
Мағрур яшаб бермоқ санъат кўрингай.
Ҳеч ишим қолмади бандаларида,
Умидим – Тангримнинг ваъдаларида.
Кулсам ҳам, кўзимнинг пардаларида
Мангу муҳрланган ҳасрат кўрингай.
Тобора юзларим ёруғ, кўнгил оқ,
Тобора вужудим тортар енгилроқ,
Аллоҳ, мунча яхши сенга енгилмоқ,
Сенга бош эгмоқда раҳмат кўрингай.
Икки ютум нафас, тўрт томчи қонни,
Шулар ташкил қилган ҳилвироқ жонни
Бериб бир бой қилай десам Ватанни,
Ватаннинг ўзи бир давлат кўрингай.
26.05.2021.
«Тилимга сўз бериб синар Яратган…»
Тилимга сўз бериб синар Яратган,
Дилимга ғам солиб ҳолимни кўрар.
Мени хазонларга ўйчан қаратган
Шеър дунёси аро боримни кўрар.
Муқаддас сўзларни сочдимми қумдек,
Азиз каломларни лойга қордимми?
Ё манфаат учун ўтдимми қулдек,
Ё ҳақиқат истаб ўтга бордимми?
Маддоҳлик фазилат бўлган бу замон
Қўшиб қўймадимми мен ҳам бир улуш?
Ахир бунча қийин, ширин бўлса жон,
Шавкат Раҳмон бўлиш, ё Парфи бўлиш…
О Машраб, гўрларинг тўлсин нурларга,
Бир кел-у, кўзларга чуқур қарагин!
Тағин ҳам шунчалик ёлғон шеърларга
Дош бериб турибди Ватан юраги.
01.10.2021.
«Узун-узун ўйлардан…»
Узун-узун ўйлардан
Қисқа-қисқа ёд қолди.
Узуқ-узуқ йўллардан
Бир чигал ҳаёт қолди.
Ҳеч тушунмадик – умр,
Ундик-унмадик – умр,
Эски кундалик – умр,
Гоҳ кулги, гоҳ дод қолди.
Қалбларни ўз эркига
Қўйдиг-у, аммо нега
Севги кетди. Севгига
Мангу эътиқод қолди.
Юракдаги юкларим,
Худо берган мулкларим:
Ёлғиз қизим – ҳулкарим
Ва бир жуфт қанот қолди.
Буёғи куз. Хазон. Дард.
Хўрсиниқлар пишган вақт.
Кўнглим ичида фақат
Аллоҳ деган зот қолди.
26.09.2020.
«Ўн йилда боғ янги, қирқ йилда – мозор…»
Ўн йилда боғ янги, қирқ йилда – мозор,
Менинг гулзорларим тўздилар, гулим.
Сен йиллар қаъридан термулганда зор,
Гулдек юрагимни буздилар, гулим.
Асов шамолларни қўлга ўргатдим,
Олов чақмоқларга ўтказдим ҳукм.
Ҳаётга қанча кўп сиғса гар ҳаддим,
Шунча вазмин тортди хотира юким.
Май ва хазон ҳиди урган қонимга
Бегона кўз ёшлар қўшилди, куйдим.
Бунча қарши кетдим ўз имонимга,
Ўзни бунча Ҳаққа тескари қўйдим.
Ҳеч қачон қошингга бормадим қайта,
Ечмадим юрагинг боғичларини…
Мен севги номидан иш кўрган пайтлар,
Сен юракка кўмдинг соғинчларингни.
Ўн йилда дард янги, ғуссалар янги,
Ҳаққим қолмаган, бас, илтифотингга.
Фақат йиллар аро, бу хазон рангли
Юзимни босаман азиз ёдингга.
23.04.2021.
«Ахир ўтмиш хатидасиз бор-йўғи…»
Ахир ўтмиш хатидасиз бор-йўғи,
Аммо ҳозир хотимасиз бор-йўғи,
Энди фақат хотирасиз бор-йўғи,
Ўтган умримизга боғлиқ одамлар.
Доим юрак озод, йўлимиз бандлик,
Шунга мудом исён билан фарқландик.
Ишқ ва тавба ўртасида чархландик
Бизга ўхшаш сўзга боғлиқ одамлар.
Асли ўзи кўҳна дунё – унутиш,
Қалбни асраб қолмоқ гўё унутиш.
Сизни ўйлаш, соғиниш, ё унутиш
Бизга боғлиқ… бизга боғлиқ одамлар.
Фасли хазон, яъни оҳлар тўкилди,
Дилдаги эски япроқлар тўкилди.
Биз учун дахли камроқлар тўкилди,
Хайр, куз ва кузга боғлиқ одамлар.
30.11.2021.
«Эй сўз, ҳаддинг бил, тамом…»
Эй сўз, ҳаддинг бил, тамом!
Кўнглимга шайтонга хос
Илм бўлиб келмагин.
Эй руҳ, муқаддас мақом!
Хазон бўлма, илтимос,
Ўлим бўлиб келмагин.
Эй ишқ, мен ерга хосман!
Аммо лойга қоргувчи
Зулм бўлиб келмагин.
Эй ғам, сендан қўрқмасман!
Лек Ҳаққа терс боргувчи
Йўлим бўлиб келмагин.
17.12.2021.
«Тақдир ҳукмига зид ўсган юракка…»
Тақдир ҳукмига зид ўсган юракка,
Аччиқ хазон ҳидин сезган юракка,
Ҳижрон оғриғидан безган юракка
Бунча Фузулийнинг девони гўзал…
Қайта олиб келди саболар бахтни
Ва бошимдан қуйди самолар бахтни.
Кўрди мендек мотамсаролар бахтни,
Сенми гўзал қилган дунёни гўзал…
Англатдинг, азобга тўлмоқ эмас ишқ,
Фидо бўлмоқ, аммо ўлмоқ эмас ишқ,
Тупроқдек қадрсиз бўлмоқ эмас ишқ,
Муҳаббатнинг юксак довони гўзал…
Кўргил дарди ҳикоямни, ёлғон йўқ,
Энди янги бахт бор, янги ёлғон йўқ.
Ўтмиш, яъни эртак, яъни ёлғон йўқ,
Сен билан умримнинг давоми гўзал.
26.11.2021.
«Ишқни ўзим яратгандек маст эдим…»
Ишқни ўзим яратгандек маст эдим,
Сен эса мен билан мастона эдинг.
Мен бутун оламга етар бахт эдим,
Сен менинг ёнимда афсона эдинг.
Ўзи севги шартмиди иқболимга,
Мудом ҳижрон чиқса истиқболимга.
Бу дунёга нафси тушган ҳолимга
Иймондан айирар баҳона эдинг.
Бугун кўнглим кексароқдир ўзимдан,
Не хатодир, не сабоқдир – ўзимдан…
Ва барчаси бесаноқдир. Ўзимдан,
Юрагимдан ўчдинг, бегона эдинг.
Энди хазон шитирида додинг – мен,
Хазонга қоришиб ётган ёдинг – мен.
Сени севганим-чун гўзал эдинг. Мен
Сени севганим-чун ягона эдинг.
20.11.2021.
«Бош устига қанча ташвиш келди, кетди…»
Бош устига қанча ташвиш келди, кетди,
Бу ташвишлар ярми янглиш келди, кетди.
Шарт эмасдир балки айтиш, келди, кетди,
Англолмадим: қайда келмоқ, қайда кетмоқ.
Ҳеч кимга қилмадим тақлид овозимни,
Ажратиб қўйдим шу тахлит овозимни,
Дилим билан қилдим яхлит овозимни,
Ахир энди ярашмагай майда кетмоқ.
Гарчи ҳозир хазон ёқиб исинаман,
Димоғимда майсаларнинг иси ҳамон
Ва кўнглимда муҳаббатнинг изи омон,
Бу ҳисларнинг тақдири – манглайда кетмоқ.
Одамликдан шоирликка ўсган руҳман,
Фавқулодда бахтман ва шундай андуҳман.
Худо шеърга айлантирган битта “уҳ”ман,
Демак, менга лозиммас бефойда кетмоқ.
5.12.2015.
«Хазонрез қучоғида…»
Хазонрез қучоғида
ғамгин тортди япроқлар,
Япроқлар шивиридан
ажралиб чиқди оҳлар.
Новвотга дўнди сувлар,
асалга ботди боғлар,
Шу боғларни оралаб
бораётган ғусса – мен.
Хотиралар барг каби
учиб юрар шамолда,
Икки қалб икки ёқда
тирик тургани ҳолда
Ҳамма нарса хаёлда,
ҳамма нарса хаёлда,
Шу кузда, шу оқшомда
ёдингга ким тушса – мен.
17.09.2016.
«Муҳаббат тугади. Севги йўқ. Демак…»
Муҳаббат тугади. Севги йўқ. Демак,
Якунига етди чиройли эртак.
Энди кўзалардан чиқмас сахий жин,
Бундан буёғига ҳамма нарса чин.
Энди кўзёш соғинч эмас, томчи сув,
Йиғлаш – биологик оддий ҳолат-ку!
Ерга тароқ ташла – ўрмон бўлмагай,
Ерга ойна отгин – уммон бўлмагай.
Кулса гул, йиғласа дур сочган пари
Эртакни тарк этди мендан илгари.
Ёмон хижолатман дўсту ғанимдан
Хаёлга шунчалик ишонганимдан.
Мен тушунмай турган жойим – негадир
Ҳали ўлмасимдан эртак тугади.
12.07.2018.
«Чумоли ўрмалаб ўтган из каби…»
Чумоли ўрмалаб ўтган из каби
Майда имло билан ёзган хатингда
Қалқиган кўзёшинг, титраган лабинг
Сездим, демак ҳамон бари ёдингда.
Хотирам занглари тўкилди бехос
Бирдан эслагандек олис бир тушни,
Кафтларингдек оппоқ ва юмшоқ қоғоз
Шапалоқ сингари юзимга тушди.
Аччиқ қаҳвасиз ҳам, тамакисиз ҳам
Кўнглимга бедорлик кирди шу туни,
Шаҳарнинг аёвсиз шовқинин бир дам
Кесиб ўтганида хазон шитири.
Ва бирдан англадим: қотибди дийдам,
Руҳим шикаст ебди оғир йўлларда,
Ҳаётни уйғотган муқаддас куйдай
Икки энлик хатинг жонимга далда
Бўлди-ю, ақлимга зид юрдим илк бор
Бир жумлага жамлаб ҳамма оҳимни,
Энди юрагимда хотиржамлик бор –
Ва баралла айтдим: “Сени соғиндим”.
10.10.2016.
«Эшик аста ёпилди. Кетдинг…»
Эшик аста ёпилди. Кетдинг.
Эшик аста ёпилди. Қолдим.
Энди ҳижрон иккимизга тенг
Тақсим бўлди. Тушунди қалбим.
Аммо эшик очилар қайта –
(Хавотирман ўйлаб бу ҳолни!)
Икки юрак учрашган пайтда
Қандай бўлишамиз висолни…
11.04.2017.
«Бу дарахтлар – яшил соябон…»
Бу дарахтлар – яшил соябон,
Қуёш тиғи санчилмас бошга.
Қара, ҳамма менга меҳрибон
Бир сендан бошқа.
Йўлларини кенг очиб шаҳар,
Гуллар қадаб чиқади тошга.
Қара, ҳамма кўнглимга қарар
Бир сендан бошқа.
Ҳаёт (балки дидга кўрами?)
Янги ҳислар берар яшашга!
Қара, ҳамма яхши кўради
Бир сендан бошқа.
Сен эса, сен… Тилга сўз келмас –
Ҳайронман нима деб аташга.
Ҳеч ким мени севишни билмас
Бир сендан бошқа.
Bepul matn qismi tugad.