Kitobni o'qish: «Гладиолус»
Ҳикоялар
ҚИЗИЛ ВА ЯШИЛ
Барча амаллар ниятга яраша бўлғусидир.
Имом Бухорийнинг“Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” китобидан.
Эрининг гапи Муслима Шариповнага оғир ботди, жуда оғир ботди, дили оғриди. “Шу гапни менинг эрим айтдими?” дегандай ажабланган, ранжиган кўйи унга қаради. Мэлс Тельманович эътибор ҳам бермади, одатдаги суҳбат каби креслога ястаниб телевизор кўришда давом этди…
Муслима Шариповна ўн йилдан бери касалхонада бош шифокор. Қанча машаққатларни бошидан ўтказмади. Уч йил олдин, эри автоҳалокатга учраганда, бош шифокорликдан озод қилинглар, майли, оддий врач бўлиб қолай, деб илтимос қилди. Энди ёшлар ишласин, деди. Йўқ, рухсат беришмади. “Ёшларга йўл берганингиз яхши, аммо сизнинг тажрибангиз зарур», деди бошқарма бошлиғи. Кейин қўшимча қилди: “Нима, сиз кексайиб қолдингизми? Бундай дейишга ҳали эрта сизга”.
Аслида бу гапда жон бор. Муслима Шариповна элликдан ошган бўлса-да, ёшликдаги чиройи, латофати сақланиб қолган, бир қарашдаёқ ҳар қандай эркакни ром этадиган шаҳло кўзлари ҳамон чарақлаб турар, қалдирғоч қанотидек қайрилма қошлари, лаби устидаги митти холи уни янада кўҳлик кўрсатарди. Бошида минг бир ташвиш: шифохонанинг югур-югурлари, ҳали Фалончиевнинг онаси оғир аҳволда кепти, ҳали Пистончининг ўғлини операция қилиш керак, шифохонада дорилар тугапти… Эҳ-ҳе, муаммоларнинг охири йўқ. Бунинг устига уйда ногирон эрга қараш, ёлғиз қизининг тақдирини ўйлаш… Бироқ сира ўзини олдирмади. Бирон кун йўқки, ўзига қарамай келган бўлса, бирон кун йўқки, уни кимдир тушкун кайфиятда кўрган бўлса. Доимо саҳнага чиқаётган хонанда каби ораста. Сипо, айни чоғда замонавий кийимлари унинг шамшод қоматига узукка кўз қўйгандай ярашади. Қадам босишлари ҳам ҳамиша бир хил – тез ҳам эмас, сокину секин ҳам эмас, гўё йиллар давомида машқ қилиб, фақат ўзигагина хос юриш услуби яратиб олгандай. Ҳар доим юзида ним табассум. Ходимлари билан ҳам, беморлар билан ҳам, очиқ чеҳра билан хушмуомала гаплашади. Бирон марта овозини кўтарганини ҳеч ким эшитмаган. Шифокорлардан ёки ҳамширалардан кимдир жаҳлини чиқарса, вазминлик билан танбеҳ беради: “Сиз қаерда ишлаётганингизни унутманг, жон синглим. Бу ер бозор эмас, шовқин-сурон қиладиган. Бу ерга одамлар дардига даво истаб келади. Уларга аввало сизу бизнинг ширин сўзимиз зарур. Беморнинг кўнглига йўл топишга ҳаракат қилинг. Шундагина бераётган дориларингиз кор қилади… Бунинг учун асабингизни жиловлашни ўрганинг, жаҳлингизга эрк берманг, беморларнинг соғлиги қатори, сизнинг ҳам соғлигингиз муҳим биз учун…”
Одатдаги иш кунларидан бирида Муслима Шариповна бўлимлардан кундалик ахборотни олиб, таҳлил қилиб ўтирганда телефон жиринглади. Нотаниш киши на салом-алик бор, на ҳол-аҳвол сўраш бор, бирданига пўписа оҳангида бир беморнинг аҳволини сўради. Муслима Шариповна аввал салом берди, сўнгра одоб билан беморнинг аҳволи ҳақида гапира бошлади. Қўнғироқ қилувчи унинг сўзини бўлиб, овозини баландлатди: “Борганига ўн кундан ошди, бирон-бир ўзгариш йўқ. Нима қилаяпсилар ўзи?” Муслима Шариповна бемор кексалигини, бунақа дардлар кексаларда бироз оғир кечишини, хавотирга ўрин йўқлигини, барча зарур муолажалар қилинаётганини, Худо хоҳласа, онахон тез кунларда соғайиб кетишини, ҳозир аҳволи олдингидан анча яхши эканини тушунтиришга ҳаракат қилди. Аммо суҳбатдоши бу гапларни тушунмади, аниқроғи, тушунишни истамади. Бир-икки керакли-кераксиз гапларни шанғиллаб айтди-ю, шарақ этиб гўшакни қўйди. Муслима Шариповна кафтларини икки чаккасига қўйиб тирсаклари билан столга суяниб, ўйга толди. “Ким бўлди бу одам? Нега ўзини таништирмади? Онахоннинг ўғли эмас. Уни кўрганман, жуда маданиятли йигит. Бу ким? Нима учун бу аёлни сўради?” Унинг боши ғувиллаб, бутун вужуди қизиб кетди. Кўкрагида оғриқ деса оғриқ эмас, ачишиш деса ачишиш эмас, ёқимсиз бир нарса сезди, юраги санчигандай бўлди. “Нима бало, босимим кўтарилдими?..” Секин ўрнидан турди-да, ойнага қаради: юзи қизариб кетган, ҳатто жигарранг тусини олган эди. Буни кўриб, юрак уриши баттар кучайди, гупиллаши ўзига ҳам эшитилгандай туюлди. Телефоннинг “котиба” деган тугмасини босди. “Лаббай, Муслима Шариповна” деган овоз келди. “Ситора, менга Шарифа Боқиевнани чақир, тез келсин”. “Хўп бўлади, ҳозир”.
Кардиология бўлими мудираси Шарифа Боқиевна унинг ранг-рўйини кўриб қўрқиб кетди.
– Сизга нима бўлди, Муслима Шариповна?
Бош шифокор ўзини қўлга олишга ҳаракат қилди, сал жилмайди. Бироқ ўхшамади.
– Ҳеч нарса, сал мазам бўлмаяпти, билмадим, ҳаво таъсир қилдими, бугун магнит бўрони дейишган эди шекилли… Давлениям кўтарилганга ўхшайди.
Бу гап ёлғон эканини, нимадир бўлганини мудира сезди, лекин индамади. Қон босимини ўлчади. Тонометрни ечар экан, бош шифокорга маънодор қаради.
– Қанча?
Мудира ҳозир, деди-да, кабулхонага чиқди. “Ситора, бўлимдагиларга айтинг, тез портатив аппаратни олиб келсин. Опанинг юрагини кўришимиз керак”, деди.
– Нима гап, тинчликми? – деди Муслима Шариповна мудира киргач.
Мудира унинг қаршисидаги стулга ўтирди.
– Опа, босимингиз баланд… Юрагингиз уриши ҳам ёқмаяпти менга. Ҳозир аппарат олиб келади, бир кардиограмма қилайлик.
– Нималар деяпсиз, Шарифа Боқиевна? Шунчалар жиддийми?
– Безовта бўлманг, опа. Кўриб қўйганимиз яхши… Нимадандир жуда қаттиқ сиқилгансиз. Мендан яширяпсиз.
Муслима Шариповна бўлган гапни айтиш-айтмаслигини ўйлаб бироз жим қолди.
– Тўғри, – деди ниҳоят хаста овозда. – Бир киши билан телефонда сал тортишиб қолдик.
“Тушунарли”, ўзича ўйлади мудира.
Ситора кирди.
– Олиб келишди, кираверсинми?
– Ҳа, – деди мудира.
Ҳамшира эпчиллик билан электрокар диограмма қилди. Шарифа Боқиевна узун лентага диққат билан тикилди.
– Хўш, айтинг, – деди Муслима Шариповна. – Нима гап?
– Опа, сиз бирпас ётиб туринг. Ҳозир укол қиламиз, ҳаммаси ўтиб кетади.
Ҳамширани кузатган бўлиб, қабулхонага чиқди-да, қанақа дорилар олиб келишини тайинлади унга.
– Шарифа Боқиевна, мендан ҳеч нимани яширмай, борини айтинг. Гарчи кардиолог бўлмасам-да, ҳар ҳолда врачман, юрак бекорга безовта бўлмаслигини тушунаман, – деди.
Мудира бироз истиҳола билан деди:
– Опа, мен сиздан нимани яшираман. Сиздан бирон нимани яшириб ёки ёлғон гапириб бўладими. Ахир сиз билан неча йилдан бери биргамиз. Бир-биримизни яримта гапдан тушунадиган бўлиб кетганмиз-ку… Озгина чарчагансиз… Мен шу ерга ишга келибманки, сизни дам олишга чиққанингизни билмайман. Ҳатто бир-икки марта қон босимингиз кўтарилганда уч-тўртта капелница олинг, деганимизда ҳам, уйда оламан деб, кўнмагансиз… Беш-олти кун дам олинг… Иложи бўлса каттароқ мутахассисларга кўрининг. Иш қочиб кетармиди.
Ҳамшира мудиранинг кўрсатмаси билан укол қилди.
Муслима Шариповна мудиранинг тиззасига кафтини қўйди.
– Тушунарли, жоним, – деди жилмайиб. – Тушунарли. – Дори таъсир қилиб опа бироз ўзига келган эди.
– Менинг гапларимдан хафа бўлманг, опа.
Бош шифокор энди очиқ чеҳра билан кулди.
– Нималар деяпсиз, Шарифа Боқиевна. – Мен ўз шифокоримга ишонмайманми? – Бироз жиддийлашди. – Ўзим ишонмаган шифокорга беморларни ишониб топшираманми?! Унақа шифокорни бу ерда ушлаб ўтирмайман…
– Кечирасиз, Муслима Шариповна, – деди мудира.
– Раҳмат сизга. Бўлди, бораверинг ишингизга. Мен яхшиман. Айтган гапларингизни ўйлаб кўраман. Бир яхшилаб текширувдан ўтарман… Раҳмат, Шарифа Боқиевна.
Мудира ўрнидан турди.
– Яхши бўларди… Ахир ўзимиз ҳаммага айтамиз-ку касалнинг олдини олган яхши, деб.
– Тўғри айтасиз, – деди бош шифокор.
* * *
Муслима Шариповнанинг эри Мэлс Тельманович фалсафа фанлари доктори, профессор, шўро даврида институтда “илмий атеизм” фанидан дарс берган. Замон ўзгаргач, кўплар қатори “чопони”ни “янгилади”: кеча динни афюн, деб юрган профессор энди диннинг фазилатлари ҳақида маърузалар ўқий бошлади…
Шундай кунларнинг бирида Муслима Шариповна эрига ҳазиллашди.
– Энди фамилиянгизни Иброҳимов деб ўзгартирсангиз бўлар. Исмингизни-ку ўзгартириш қийин. Тўртта доҳийни кўтариб юрасиз…
– Нималар деяпсиз, Муслима Шариповна, – деди жиддий. – Мен паспортимни ўзгартирмайман. Бу отам Тельман Ибрагимовдан эсдалик…
– Ҳай, майли, ўзингиз биласиз. Лекин мен анчадан бери бир нарсани ният қилиб юрибман-да, Мэлс ака, – деди хотини.
Эри унинг гапини бўлди:
– Муслима Шариповна, сизга неча марта айтдим Мэлс ака эмас, Мэлс Тельманович.
– Ахир уйда, ўзаро гаплашиб ўтирибмиз-ку, расмиятчиликнинг нима кераги бор.
– Бу расмиятчилик эмас, Муслима Шариповна, маданият, тушундингизми, маданият. Сиз олий тоифали врач, медицина фанлари кандидати, бир больницанинг главврачи, мен философия фанлари доктори, профессор, катта вузда завкафедра бўлсам-да, бир-биримизга ака ёки адаси, ойиси, деб мурожаат қилсак ярашадими?
Муслима Шариповнанинг бироз энсаси қотди, аммо эрининг феълини билгани учун индамади.
– Бўпти, Мэлс Тельманович, икковимиз Ҳажга ёки Умрага борсакми, девдим.
Мэлс Тельмановичнинг пешонаси тиришди.
– Нима қиласиз у ерда?
– Бу нима деганингиз?.. Ожиз бандамиз, билиб-билмай қанча гуноҳ қилганмиз… Худога шукр, йўллар очилди, давлат ҳамма нарсани ташкил қилиб беряпти.
– Ҳажга борган одамнинг гуноҳлари кечирилади, деб ўйлайсизми? – деди Мэлс Тельманович. – Сиз шу гапларга ишонасизми?
– Нега ишонмай, албатта ишонаман. Ҳар бир мусулмонга буюрилган фарз амали-ку бу.
Эрнинг пешонаси баттар тиришди:
– Шу фарз-қарз деган гапларни қўйсангиз-чи, Муслима Шариповна.
Хотини эрининг гапини бўлди:
– Унақа деманг, жо-он Мэлс а… Тельманович, гуноҳ, жуда катта гуноҳ бўлади.
Мэлс Тельманович ҳафсаласизлик билан қўл силтади.
– Сказка…
– Ҳалиям атеистлигингиз қолмабди-да, а?! Коммунистлик қон-қонингизга сингиб кетган экан-да.
Мэлс Тельманович мамнун, айни чоғда ниманидир қўмсаган кўйи жилмайди.
– Биласиз-ку, мен кўп йиллар институтнинг бир факультетини эмас, бутун институтнинг партком секретари бўлиб ишлаганман.
Хотини бироз кулгига олди:
– Шунинг учун ҳозир ҳам қип-қизилсизда.
– Ҳа, сиз ям-яшил бўлганингиз каби, – деди Мэлс Тельманович. – Аммо бир нарсани билиб олинг: мен атеист эмасман, материалистман. Кўзга кўринмайдиган нарсаларга ишонмайман.
Муслима Шариповна қўрқиб кетди.
– Тавба, денг…
– Тавба десам-демасам гап шу. Бу менинг эътиқодим.
Орага бироз сукунат чўкди. Муслима Шариповна баҳсни давом эттирайми-йўқми, деган ўйга борди. Бир кўнгли қўй, тортишиб ўтирма деса, бошқа томондан фикрингни айт охиригача, деган нидо келди.
– Барча буюк кашфиётлар, ихтиролар, асарлар инсон тафаккурининг маҳсули-ку… Аввал мияда пишиб, кейин моддиятга айланади-ку, – деди сукунатни бузиб.
Хотинининг гап қайтаравериши эрнинг ҳамиятига тегди.
– Мен сизга нима бирламчи, нима иккиламчи деяётганим йўқ. Мен борлиққа, моддиятга кўпроқ ишонаман. Тушунарлими?
– У ҳолда севгига ҳам ишонмас экансиз-да, – деди Муслима Шариповна кулимсираб.
– Нега энди? Севгининг моддияти бор. Мана, сиз, сиз борсиз, шунинг учун сизни севаман. – Бироз тин олиб давом этди. – Умуман, бу гапларни қўйинг, хоним…
Муслима Шариповнанинг кўзлари чарақлаб кетди:
– Хоним! Хоним дедингизми, наҳотки сиздан ҳам шунақа сўзни эшитиш мумкин бўлса?!
Мэлс Тельманович хотинининг ҳайратига муносабат билдирмади. “Хоним” сўзини билмай, хато айтгандай тутди ўзини.
– Умрага, тем более Ҳажга боришимиз учун ҳали эрта… Жуда қариб қолганимиз йўқ…
Муслима Шариповна ажабланди:
– Ҳажга кексалар борсин, деган жойи йўқ. Аксинча, кўзда нур, белда қувват борлигида борган яхши эмасми…
– Муслима Шариповна, – деди Мэлс Тельманович бироз қизишган оҳангда. – Келинг, шу темага точка қўяйлик. Ким айтади сизни замонавий аёл, катта бир ташкилотнинг раҳбари деб…
Ортиқча гап фойдасиз эканини хотини тушунди, шу боис, бошқа оғиз очмади.
Кўргилик экан, ўша суҳбатдан кейин орадан кўп ўтмай профессор қаттиқ автоҳалокатга учради. Бир улфатининг туғилган кунида яхшигина кайф қилди. Тадбир сўнгида дўстлари қанча қаршилик қилмасин, Мэлс Тельманович ўзи машинани ҳайдаб кетди. Йўл четида турган юк машинасига бориб урилди. Ярим тун, унинг устига кайф баланд – ухлаб қолганми, Худо билади. Оёғи, иккита қовурғаси синди, боши лат еди, мияси чайқалди. Бир неча оғир операцияларни ўтказди. Беш ойдан зиёд тўшакка михланиб ётди. Муслима Шариповна у дўхтирдан бу дўхтирга чопавериб, силласи қуриди. Қизи Гулбаҳор билан навбатма-навбат қаради. Ўрнидан тургандан кейин ҳам юриб кета олмади, чап оёғининг тиззасидан кесишган эди. Каравотдан ногиронлар аравачасига ўтди. Аста-секин қўлтиқтаёқда юришга ўргатишди. Бир йиллардан сўнг Муслима Шариповна протез оёқ қилдириб берди. Унга кўникиш ҳам осон кечмади, хотини сабр-бардош билан ўргатди. Бу азоблар, оғриқлар Мэлс Тельмановични анча инжиқ қилиб қўйди. Муслима Шариповна барчасига чидади. Касалдан кўра унга қараганга оғир, деган гап қанчалар тўғри эканини ўз бошидан ўтказди.
Қизи Гулбаҳорнинг турмушга чиққанига энди уч ой бўлганди, шунга қарамай ойисига қарашиб турди. Эри, қайнонаси тушунган одамлар экан, Гулбаҳор кунда-кунора дадасининг олдига боришига қаршилик қилишмади.
Мэлс Тельманович шу кўйи ногирон бўлиб қолди. Кеча талабалар у ёқда турсин унча-мунча ўқитувчиларни ҳам оғзига қаратиб юрган профессор бугун бир оғиз ширин сўзга муштоқ, ҳайҳотдай уйда ёлғиз ўтирса… Бундан оғир кўргилик борми. Бу нима? Тақдирнинг синовими? Тақдир дегани нима ўзи? Уни ким яратади? Аллоҳданми бу?.. Мэлс Тельманович ёлғиз ўзи ўй суриб ўтираркан, хаёлда минг хил фикр чарх урарди. Гарчи бугун диннинг фазилатлари ҳақида оғиз кўпиртириб гапириб юрган бўлса-да, инсон организмида айрим оғир хасталикларнинг асорати бир умр сақланиб қолганидек, профессор миясининг бир чеккасида даҳрийликнинг асоратлари қолган эди. Ана шу асоратлар баъзан жунбишга келиб, Аллоҳ марҳаматли бўлса нега, қайси гуноҳларим учун менга бунча азоб беради. Синовми бу, деган фикрлар ғужғон ўйнарди. Гоҳида бундай фикрларидан ўзи ҳам сесканиб кетар, беихтиёр ё, Аллоҳ, ўзинг кечир гуноҳларимни, деб юборарди.
Инсон зоти борки ўзини бегуноҳ, деб билади. Бошига бир ташвиш тушганда эса қайси гуноҳларим учун бу кўргиликлар, деб Аллоҳга даъво қилади. Мэлс Тельманович ҳам ўзининг назарида фаришта бўлмаса-да, ҳарқалай, шунга яқинроқ эди…
Хотини ишдан келганда дардини сездирмасликка ҳаракат қилади. Аммо баъзида ўзи билиб-билмай ҳасратини ошкор қилиб қўяди. Муслима Шариповна эрининг аҳволини яхши тушунади, ҳис қилади. Бироқ начора? Бирдан-бир чора эрининг кўнглини кўтариш, иложи борича ёлғиз қолдирмаслик…
Йиллар ўтган сари хотинини рашк қиладиган одат чиқарди.
– Нега ҳар куни ясан-тусан қилиб кетасиз? – деди бир куни. – Ишга борасизми ёки театргами?
Бу гапдан Муслима Шариповна кулди, эрининг одатий инжиқлиги, деб ўйлади.
– Кўнглингиз хотиржам бўлсин, дадаси, – деди. – Менинг маршрутим битта: уй-иш, иш-уй. Онда-сонда бошқарма ёки вазирликка йиғилишга чақиришса, ўзгаради бу маршрут.
Мэлс Тельманович бўш келмади:
– Ишга оддийроқ кийимда борилса киритмайдими? Бунинг устига қимматбаҳо атир сепиб олгансиз.
Муслима Шариповна ўйланиб қолди. Эрига қаттиқ гапирай деса, кўнгли ярим, ёлғиз ўзи уйда ўтириб зерикади. Йил сайин асаби таранглашиб бормоқда.
– Дадаси, – деди босиқлик билан, – мен тиббиёт корхонасида ишлайман, унинг устига раҳбарман. Бундай жойда озодалик биринчи даражали талаб эканини яхши биласиз… Ўзингиз бошингиздан ўтказдингиз-ку…
Мэлс Тельманович хотинининг гапини кесди:
– Менинг ногиронлигимни юзимга солаяпсизми? – Унинг овози кескин чиқди. – Ўзим истабманми шундай бўлишимни?!
– Бу гап қаёқдан чиқди? – деди беихтиёр Муслима Шариповна. – Нега юзингизга солар эканман?! Сизнинг ихтиёрингиздаги нарса эмас-ку бу. Нима, мен шуни билмайманми, тушунмайманми… – Бироз тин олди. Иложи борича вазминлик билан давом этди. – Жон дадаси, қўйинг бунақа гапларни, асабингизни бузманг… Хоҳласангиз мен машина юборай, бир шаҳар айланиб келинг…
Муслима Шариповнанинг бу гапидан эрининг энсаси қотди.
– Ёғочоёқни дўқиллатиб яккамоховга ўхшаб битта ўзим қаёққа бораман? – Бошини эгиб, жим қолди. – Ўзи пешонам шўр экан мени…
– Дадаси, – деди босиқлик билан, – кўп куйинманг. Нима иложимиз бор, Аллоҳнинг иродаси, тақдиримизда бор экан-да.
– Нега тақдиримизда? Тақдирингизда денг… Сиз юрибсиз-ку туппа-тузук.
Муслима Шариповна нима дейишини билмай қолди. “Бу нима дегани? Нияти нима?”
– Нима қилай? Мен ҳам уйда ўтирайми?.. Ким боқади бизни…
Мэлс Тельманович ялт этиб хотинига қаради, унинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.
– Бир кунмас-бир кун шундай дейишингизни билардим, – деди қаҳр билан. – Ҳеч бир эркакни хотини қўлига қарагулик қилмасин экан.
Эрининг бу гапи ҳар қанча малол келмасин, Муслима Шариповна ўзини босди. Не-не инжиқ, қайсар беморларни кўрмади, улардан ҳатто ҳақоратлар эшитди. “Шу касбни танладингми, чида” деб ўзига-ўзи таскин бериб келади. Биронтасига қаттиқ гапирмади, эътироз билдирмади. “Хўп бўлади, опажон, кечиринг, акажон” деб енгди. Энди мана бу одамга – ўзи севиб оила қурган турмуш ўртоғига, ўттиз йилдан бери бир ёстиққа бош қўйиб келаётган жуфти ҳалолига заҳрини сочадими, дилини оғритадими? Қолаверса, бу киши ҳам бир беморидай гап. Битта гап камлик, иккита гап кўплик қилади. Пешонасига битгани шу экан, тақдирга тан беради. Соғлигида, ёшлигида яхши-ю, ногирон бўлиб қолганида, ёши олтмишдан ошганда ёмон бўлиб қолдими?! Йўқ, бундай фикрлар Муслима Шариповнанинг хаёлига ҳам келгани йўқ. Бундай гапларни ўйлашнинг ўзи уят!
– Бекорга ўзингизни ҳам, мени ҳам кайфиятимни бузаяпсиз, дадаси. Илтимос, жон Мэлс ака, сал кўнглингизни кенг қилинг. Ношукр бўлмайлик… Озгина сабр қилинг, индин якшанба, бирга бирон жойга бориб, айланиб келамиз. Хўпми? Ҳар хил ёмон гумонларни хаёлингиздан чиқариб ташланг, илтимос. – У эрининг ёнига бориб, эркалади. – Соғлиғингизни ўйланг, азизим. Мендан кўнглингиз тўқ бўлсин… Мен ундай ишлардан ҳазар қиламан… Ота-онам яхши ният билан шу исмни қўйишган, унга доғ туширишга ҳаққим йўқ… Майли, яхши ўтиринг, мен кеч қолаяпман, бугун мажлисим бор. – Эрининг юзидан ўпди. – Хайр, жоним.
Мэлс Тельмановичнинг лаблари пичирлади:
– Яхши бориб келинг. – Хотини эшикка яқинлашганда баландроқ овозда деди: – Ваҳлироқ келинг.
Муслима Шариповна ортига ўгирилиб, эрига қараб хайр оҳангида бармоқларини силкиди.
* * *
Гулбаҳор янги келган беморларнинг касаллик варақасини тўлдириб ўтирган эди, қўл телефони жиринглади.
– Лаббай…
– Ассалому алайкум, Гулбаҳор, яхшимисиз, кечирасиз, безовта қилмадимми, гаплаша оласизми?
– Ҳа-ҳа, бемалол…
– Мен Шарифа Боқиевнаман…
– Э, Шарифа опа, яхшимисиз? Ишлар билан чарчамай юрибсизми, уйлар тинчми, опа?
– Раҳмат, ҳаммаси яхши. Гулбаҳор, мен сизни бир масалада безовта қиляпман.
– Тинчликми, опа?
– Тинчлик, тинчлик… Гулбаҳор, нима десам экан… Шу опанинг сал мазалари бўлмади…
Гулбаҳор бирдан сергак тортди.
– Нима бўлди ойимга?
– Хавотир олманг, ҳаммаси жойида… Бироз юраклари безовта қипти. Кардиограмма қилдик, босимларини ўлчадик… Хуллас, бироз чарчаганга ўхшайдилар. Уч-тўрт кун дам олинг, десам кўнмаяптилар… Шунга ўзингиз кечқурун олдиларига ўтиб, бир гаплашиб кўрасизми, деб қўнғироқ қилаётган эдим.
– Шарифа опа, очиғини айтинг, аҳволлари яхшими? Мен ҳозир етиб бораман…
Шарифа Боқиевна Гулбаҳорнинг гапини бўлди:
– Гулбаҳор, жон синглим, безовта бўлманг, унақа ваҳима қиладиган ҳеч нарса йўқ. Кабинетларида ишлаб ўтириптилар. Зинҳор кела кўрманг. Мен қўнғироқ қилганимни ҳам билмасинлар, бўлмаса гап эшитаман. Жуда қаттиқ тайинладилар ҳеч кимга билдирманг деб. Айниқса, Гулбаҳор билмасин, дедилар… Мен сизга айтмай туролмадим. Ўзингиз бир йўлини қилиб, билиб оларсиз. Хўпми?
– Бўпти, Шарифа опа, сиз хавотир олманг. Сиз айтгандай бўлади… Ҳозир кабинетдамилар?
– Ҳа… Ишлаб ўтириптилар. Мен ҳозир олдиларидан чиқдим. Босимларини ўлчадим, Худога шукр жойида, пульслари ҳам меъёрида.
– Майли, опажон, кўнглингиз хотиржам бўлсин, сизга гап текиздирмайман. Ўзим кейинроқ қўнғироқ қиламан бирон баҳона билан.
– Раҳмат сизга, Гулбаҳор, умрингиздан барака топинг. Хавотир олманг. Хайр.
Гулбаҳор гўшакни қўйди-ю, ўйланиб қолди. “Ойим бечора тиним билмайди. Бу ёқда ишхонанинг ғалваси, у ёқда дадамнинг инжиқликлари… Отпускага чиқинг деса, чиқмайдилар… Чарчайди-да… Нима қилиш керак… Майли, кечқурун уйга бориб батафсил гаплашиб олармиз…” Ишини давом эттирган бўлди, аммо хаёлидан ойиси, Шарифа Боқиевнанинг гаплари кетмади. “Юраклари безовта қилган дедими?.. Аҳвол жиддийроқ бўлмаганда Шарифа опа қўнғироқ қилмасди…” Ўзини босолмади, хаёлини чалғитишга қанча уринди, эплолмади. Атайлаб ойисининг қўл телефонига эмас, иш телефонига қўнғироқ қилди. Котиба кўтарди гўшакни.
– Ассалому алайкум, Ситорахон, яхшимисиз, мен Гулбаҳорман.
– Ассалому алайкум, Гулбаҳор опа, саломатмисиз?
– Раҳмат… Ўзларидамилар?
– Ҳа, улайми?
– Ҳеч ким йўқми олдиларида?
– Йўқ… Ёлғиз ўзлари, компьютерда ишлаб ўтириптилар.
– Соғлиқлари яхшими? – ўсмоқчилаб сўради Гулбаҳор.
Котиба бирзум жим қолди. Сўнг ўзини тутиб олиб, деди:
– Ҳа-а, яхши… Кайфиятлари ҳам яхши…
Шу маҳал эшик қарс очилиб Муслима Шариповна чиқди.
– Мана, ўзлари чиқиб қолдилар…
– Ким? – деди Муслима Шариповна.
– Гулбаҳор опа сўраб турувдилар, – котиба шундай деб гўшакни узатди.
– Ҳа, Гулбаҳор, тинчликми, яхшимисан? – деди Муслима Шариповна бамайлихотир овозда. – Бу ёққа қўнғироқ қипсан?
– Мабодо олдингизда одам бўлса безовта қилмай дегандим-да.
– Нима гап, тинчликми?
– Ҳа, тинчлик, – деди Гулбаҳор ҳам ҳеч нарса билмаган каби. – Бугун ишдан нечида қайтасиз, олдингизга ўтмоқчи эдим, сизни, дадамни кўраман, бир оғиз маслаҳатли гапим ҳам бор эди.
– Вақтинга қараб ўтавер. Бўпти, мен обходга чиқиб кетаётган эдим. Хайр, кечгача, – деди-да, гўшакни котибага узатди. – Мен обходда бўламан. Терапия билан неврологияга айтиб қўй, кейин хирургияга ҳам ўтаман.
Шарифа Боқиевна Ситорага опадан хабар олиб туринг, бирон гап бўлса дарҳол менга қўнғироқ қилинг, деб тайинлаган эди. Муслима Шариповна қабулхонадан чиқиши билан Шарифа Боқиевнага қўнғироқ қилди.
– Опа обходга чиқиб кетдилар.
Котибанинг гапи оғзида қолди.
– Нима деяпсиз? – деди Шарифа Боқиевна. – Қанақа обход?! Бу аҳволда юриш мумкин эмас-ку.
– Билмадим, – деди Ситора бўшашиб.
Мудира телефон тугмасини босди-ю, ўзини ўзи койиди. “Нега опага бор гапни очиқ айтмадим… Кардиограммаси яхши эмас эди-ку… Айтсам, баттар бўларди… Опа, ҳамма нарсани ичига ютаверади. Бу яхши эмас. Мана, оқибати… Нима қилсам экан? Қандай қилиб бўлсаям тўхтатишим керак”.
У шундай ўйлар билан терапия бўлимига югурди. Йўл-йўлакай бўлим мудири Алимовга қўнғироқ қилиб опа бораётганини айтди, иложи борича палаталарни айлантирмай, хонангизда ушлаб туринг, деди. Бу гапдан Алимов ҳайрон бўлди. “Нега бундай деди?” Унинг хаёли охирига етмай, Шарифа Боқиевна кириб келди.
– Тинчликми, Шарифа Боқиевна? – деди Алимов. – Гапларингизни тушунмадим.
– Кейин тушунтираман… Опа келмадиларми?
– Йўқ, Ситора ҳам қўнғироқ қилувди. Ҳозир кеп қолсалар керак.
Шарифа Боқиевна тез-тез гапирди:
– Опанинг босимлари сал кўтарилган. Иложи бўлса кўп юрмаганлари яхши эди ҳозир… Фақат ўзларига билдирмаслик керак…
Шу маҳал эшик шарт очилиб бош шифокор кириб келди. У Шарифа Боқиевнани кўриб ҳайрон бўлди, аммо сездирмади. Ўзига ярашган табассуми билан иккала мудир билан кўришди.
– Нимани муҳокама қиляпсизлар?
Гапни Шарифа Боқиевна илиб кетди:
– Бир беморни кўриб қўйишимни илтимос қилувдилар. Шуни гаплашиб турувдик.
Муслима Шариповна унга маънодор қаради. Бу қараш маъносини иккови тушунди, холос. “Мендан хавотир олиб келган бу ерга”. Опа креслога ўтирди. Алимов чой узатди.
– Раҳмат. Соғлигингиз яхшими, Руслан Рустамович? – Кейин Шарифа Боқиевнага қаради. – Сиз-чи? Сиз яхши юрибсизми? Ишларингиз жойидами?
Иккала мудир баравар жавоб берди:
– Раҳмат, опа, яхши, ҳаммаси жойида. Ўзингиз яхшимисиз, чарчамаяпсизми? – Охирги гапни Шарифа Боқиевна таъкидлаб айтди.
– Яхшиман, – деди бош шифокор чойдан ҳўплар экан. – Беморларнинг аҳволи қалай? Норозилар, шикоятлар йўқми?
– Йўқ, – деди Алимов. – Барча муолажалар ўз маромида қилинмоқда. Ҳаммаси миннатдор…
Бош шифокор Алимовга қаради.
– Миннатдор денг.
Эрталаб ўзини таништирмай гаплашган одам сўраган кампир шу бўлимда эди.
– Икки томонлама зотилжам билан келган кампир бор-ку, фамилияси нима эди…
– Ҳа, уми, Иргашходжаева…
Муслима Шариповна Алимовнинг гапини бўлди:
– Нима? Иргашходжаева? Эргашхўжаева эмасми?
– Ҳужжатида шундай ёзилган-да.
– Ҳа, яхши… Аҳволи қалай?
– Олдингидан анча тузук… Ҳали бироз ётишга тўғри келади, опа.
– Шикоят қилмаяптими? Қизлар яхши қараяптими?
– Шикоят қилгани йўқ, жуда мулойим, хушмуомала онахон. Ҳаммани болам, бўтам, умрингдан барака топ, деб дуо қилади. Худо хоҳласа, кўрмагандай бўлиб кетади. – Бир нарса эсига тушгандай гапида давом этди. – Кеча бир йигит келди. Жуда пўрим кийинган, юришлари, гап-сўзлари кибрли, жуда дадил. Шу онахонни кўргани келган экан. Палатадан чиқиб олдимга кирди. Беморнинг аҳволини тушунтирдим. Негадир гапимни эшитгисиям келмади. “Яхши қарамаяпсилар, бошқа касалхонага ўтказамиз”, деб чиқиб кетди. Олдин кўрмаганман уни. – Муслима Шариповна мудирнинг гапини бўлмай эшитди, қулоғи остида эрталаб телефонда бўлган мулоқот жаранглайверди. – Очиғи, унинг кимлиги билан қизиқдим. Онахоннинг олдига кириб, секин сўрадим. “Бу бола жияним, сал ҳовлиқмароқ ўзи, деб кулди онахон. Чўнтагига беш-олти сўм тушиб ҳовлиқиб қолган. Унинг устига яқинда қандайдир идорага ишга ўтган эмиш… Сизни бошқа касалхонага ўтказаман, дейдими-ей. Йўқ, дедим, жуда яхши қарашяпти, ҳеч қаерга бормайман, дедим… Ишқилиб, сизни хафа қилмадими, болам? Унинг гапларига эътибор берманг. Мен ҳаммаларингдан миннатдорман, ўғлим”, деди.
– Шунақа денг, – деди Муслима Шариповна. – Тушунарли… Майли, ўзи билади. Бошқа жойга ўтказса, ўтказар… Онахонга ўзингиз қараяпсиз-а. Бир кўрамизми…
– Майли, – деди Алимов. – Ҳамхонаси ҳам жуда бамаъни аёл. Икковиям намозхон.
– Шунақа денг… Қани, юринг-чи. – Шарифа Боқиевнага юзланди. – Сизни ишингиз битдими бу ерда? Ишингизга бораверинг бўлмаса.
– Опа, хўп десангиз, сизни шу ерда кутиб турсам.
– Гапингиз борми менда?
– Ҳа, – деди Шарифа Боқиевна.
Ёлғон гапирмаётганини бош шифокор сезди, аммо индамади. Фақат, унга қараб тагдор жилмайди. Бу жилмайиш маъносини Шарифа Боқиевна тушунди.
Муслима Шариповна эшикка йўналар экан, Шарифа Боқиевнага деди:
– Сиз мабодо психология бўйича ҳам ўқимаганмисиз?
Шарифа Боқиевна ҳам бўш келмади.
– Турли характердаги одамлар билан, айниқса, беморлар билан гаплашавериб, одам психолог ҳам бўлиб кетар экан.
Кулишди.
– Яхши, – деди Муслима Шариповна. – Биз тез қайтамиз. – Алимовга юзланди. – Бошқа оғир беморларингиз йўқми?
– Йўқ.
– Маъқул… Бошланг…
* * *
Кечқурун она-бола узоқ суҳбатлашди. Гулбаҳор гапни айлантириб, бир амаллаб ойисининг мазаси бўлмаганини билиб олди.
– Шарифа Боқиевна айтдими? – деди Муслима Шариповна.
– Йўқ, ҳеч ким ҳеч нарса демади.
– Қаёқдан билдинг бўлмаса?
Гулбаҳор ойисига меҳр билан тикилди.
– Ойижон, сизнинг гап-сўзларингиздан, гапларингиз оҳангидан, ранги-рўйингиздан кўп нарсани англаб оламан. – Ойисини қучоқлаб эркаланди. – Ахир мен асаб касалликлари дўхтириман-ку. Невропатолог дегани психологга яқин туради.
– Шундай дегин… – Муслима Шариповна бироз маҳзун тортди. – Ҳаёт дегани фақат ўйин-кулгидан иборат эмас, қизим. Ҳар қадамингда муаммо, ташвиш… Энг ёмони, одамларнинг ёлғончилиги, иккиюзламачилиги, худбинлиги. Мана шулар одамни кўпроқ чарчатар экан, қизим. Мен шунча ёшга бориб, неча йиллардан бери раҳбар бўлиб ишлаб, энди-энди тушунаяпман буларни. Илгари ҳаммани ўзимга ўхшаган тўғрисўз, очиқ кўнгил деб ўйлар эдим. – Оғир нафас олди. – Аслида ундай эмас экан, тили бошқа-ю, дили бошқа одамлар кўп экан. Шулардан эҳтиёт бўлиш лозим.
Гулбаҳор ойисига таскин бермоқ ниятида:
– Қўйинг, ойи, сиқилманг. Ҳозир сизга бунақа нарсалар ҳақида бош қотириш тўғри келмайди… Ўзингизни, соғлигингизни ўйланг, – деди. Бир муддат сукунат чўкди. – Хўш, нима қиласиз, эртага борасизми? Қаерга бормоқчисиз?
Муслима Шариповна бир нуқтага термилиб қизининг гапларини эшитиб ўтирарди.
– Тўғри айтасан, қизим, ҳозир бу гапларнинг мавриди эмас… Қаерга боришни бир ўйлаб кўрай-чи…
– Бир дугонамнинг эри Кардиология марказида бўлим мудири бўлиб ишлайди, Маъруфжон деган йигит, яхши мутахассис дейишади. Балки шу билан гаплашиб кўрармиз, – деди Гулбаҳор.
Муслима Шариповна ўйланиб қолди. “Кимнинг олдига борганда ҳам текинга қарамайди, ўзим биламан-ку бу соҳани. Коронарография қиладими, шунтлашми – барибир, анчагина маблағ зарур бўлади”. Гулбаҳорга бу ҳақда гап очмади.
– Майли, қизим, мен ўйлаб кўрай… Ҳали дадангга айтганим йўқ. У кишидан бемаслаҳат қилмайман-ку бу ишларни.
– Нима, дадам йўқ дейдиларми? Ахир дадам дард нима эканини яхши биладилар-ку.
– Тўғри, – деди Муслима Шариповна. – Бироз пул керак бўлади. Ҳали билмаймиз, нечта стент қўйиш кераклигини. Балки шунтировани қиладими.
Гулбаҳор ойисини қучди.
– Ойижон, ҳозир буни ўйламанг… Пул топилади. Менимча, шунтлаш даражасига бормаса керак.
– Ким билсин… – Ўзига ўзи гапиргандай паст овозда гапирди. – Аҳволим ўзимга маълум.
Гулбаҳор ойисининг гапини бўлди:
– Шунақа экан, шу даражагача олиб бориш шартмиди?
Муслима Шариповна чуқур хўрсинди. Бу хўрсинишда қанча маъно-мазмун мужассам эди.
– Иш, оила, тирикчилик, деб юраверар эканмиз… Гўё биз бўлмасак иш тўхтаб қоладигандай… Аслида, биз бўлсак ҳам, бўлмасак ҳам, ҳеч нарса ўзгармайди, иш ҳам, ҳаёт ҳам ўз ўзанида давом этаверади, – қизини бағрига тортди. – Шунақа, қизим, – кулди. – Мен ҳам ўзбекман-да.
– Бу нима деганингиз? – ажабланиб қаради ойисига Гулбаҳор.
– Бу деганим шуки, ўзбек касал жонидан ўтиб кетганидан кейин боради дўхтирга. Унгача юраверади, ҳеч нарса қилмайди, ўтиб кетади, деб… Биласанми, яҳудийлар касал бўлмасдан олдин, руслар эса касал бўлиши билан борар экан дўхтирга. Энди тушундингми?
– Шунга қолганда ўзбекчиликни тарк этайлик, ойи.
Муслима Шариповна жилмайди. Эрталаб кабинетидаги аҳволини кўз ўнгига келтирди. Аммо қизига билдирмади.
– Бўпти, Гулбаҳор, энди борақол, кеч бўлди… Куёв ҳам кутиб ўтиргандир. Даданг билан маслаҳатлашиб кўрай-чи, нима деркинлар.
* * *
Маъруфжоннинг олдига икки-уч борди. Обдон текширишди, анча-мунча таҳлиллар олди. Венасидан суюқлик юбориб, томирларда қон айланишини кўрди.
– Муслима Шариповна, сиз ҳеч нарсани ўйламай ишингизга бораверинг. Барча таҳлиллар натижаси тайёр бўлгач, мен профессорга кўрсатаман. У киши нима десалар, шунга қараб сизга ўзим қўнғироқ қиламан, – деди Маъруфжон.
Инсон инсон-да, ким, қайси соҳа ёки қайси лавозимда ишламасин, соғлик масаласи кўндаланг турганда хавотирга тушиши, минг бир хаёлга бориши табиий.
Муслима Шариповна ҳам кўп йиллик тажрибага эга, олий тоифали врач, тиббиёт фанлари номзоди, қандай оғир беморларни кўравериб кўзи пишиб кетганига қарамай, ҳозир мана бу ёш йигитдан – Маъруфжондан бир оғиз ширин сўз кутарди.
– Маъруфжон, – деди, – мен ҳамма нарсани тўғри тушунаман. Шунинг учун очиғини айтаверинг, умуман аҳволим қанақа?.. Очиқ операция қилиш керакми ёки коронарографиями? Агар стент қўйиш лозим бўлса, нечта?