Faqat Litresda o'qing

Kitobni fayl sifatida yuklab bo'lmaydi, lekin bizning ilovamizda yoki veb-saytda onlayn o'qilishi mumkin.

Kitobni o'qish: «Эртаклар: Тилла хумча, Шчелкунчик ва сичқон қироли»

Shrift:

ЭРТАККА АЙЛАНГАН ҲАЁТ ВА ҲАЁТГА АЙЛАНГАН ЭРТАК

Жаҳон адабиётида Эрнст Теодор Амадеус Ҳофманни романтиклар сафига қўшиш қабул қилинган. Фикримизча, машҳур немис ёзувчиси классик романтизм вакиллари ўртасида оқ қарғадек ажралиб турса ҳам унинг ўзи бу фикр билан баҳслашиб ўтирмаган. Тик1, Новалис2, Вакенродер3 каби илк романтиклар фақат халқдангина эмас, шунингдек, умуман, ўзлари яшаб турган муҳитдан ҳам узоқ турганлар. Улар руҳнинг юксак парвозлари билан пасткаш ва тубан оддий турмуш ўртасидаги зиддиятни ўз орзу ва умидларининг юксак чўққисига қочиб чиқиб, бу кундалик ҳаётдан яккаланиб олиш орқали ҳал қилишарди. Шунинг учун ҳозир XXI аср китобхонлари уларнинг руҳнинг энг муқаддас кечинмалари баён қилинган асарлари саҳифаларини зерикиб варақлашлари ажабланарли эмас.

Э.Т.А. Ҳофман эса романтизм билан реализм ўртасидаги илғаб бўлмас жуда нозик қиррада (кейинчалик мумтоз адабиёт вакиллари бу қиррада чинакамига жўяклар тортганлар) туришнинг уддасидан чиққан. Немис адиби учун ҳам романтикларнинг юксак ҳаёлий парвозлари, уларнинг ижод эркинлиги, бу дунёдан ўз жойини топа олмаганликлари тўғрисидаги фикрлари бегона бўлмаганлиги шубҳасиздир. Лекин, у ўзлигининг бир кишилик ҳибсхонасида ҳам, оддий турмушнинг туссиз каталагида ҳам бекиниб ўтириш тарафдори бўлмаган. Э.Т.А. Ҳофман: «Ёзувчилар яккаланиб яшамасликлари керак, аксинча, одамлар ичида бўлишлари, кундалик ҳаётнинг барча кўринишларини кузатиб боришлари зарур», деган.

Ижодкор оддий турмуш қандай эканлигидан жуда яхши хабардор бўлган. У ўша даврларда Шарқий Пруссиянинг пойтахти бўлган Кёнигсберг шаҳрида, Қирол адвокати Кристоф Людвиг Ҳофман оиласида 1776 йил 24 январда туғилган. Унга таваллуд топганида немислар учун хос бўлган уч қўшалоқ исм – Эрнст Теодор Вильгельм номи берилган. Аммо Эрнст ёшликдан бошлаб мусиқага шунчалик ихлос қўйганки, етук ёшида Вильгельм исмини ўзи сажда қиладиган бутун дунёга машҳур Вольфганг Амадей Моцартга4 тақлид тариқасида Амадей деб ўзгартирган.

Эрнст Ҳофман ёшлигиданоқ мусиқа ва расм солиш бўйича сабоқлар олган, бироқ ҳуқуқшунослик мазкур оила аъзоларининг асосий их-тисоси ва касби ҳисобланганлиги сабабли у 1792 йилда Кёнигсбергдаги Альбертина университетининг юридик факультетига ўқишга кирган. Ҳуқуқшунос мутахассислигига эга бўлган ўз соҳаси бўйича турли лавозимларда ишлаган, Варшавада Олий судда хизмат қилаётганида Наполеон бошчилигидаги француз қўшинларининг бу шаҳарга ишғол қилганидан кейинги уқубатларни бошидан кечирган, босқинчиларга содиқликка қасамёд қилишдан воз кечиб, ишдан қувилган.

Эрнст Теодор Амадей Ҳофман аслида узоқ йиллар давомида юраги тубида профессионал мусиқачи ва композитор бўлиш орзусини тугиб юрган. Болалигидан у ўзининг иқтидорини мусиқада деб ҳисоблаган. Мусиқа унинг учун ҳамма нарса – Тангри, мўъжиза, муҳаббат, барча санъатлар орасида энг жозибадори бўлган. «Мусиқа ижод қила бошлаган вақтдан буён ҳамма ташвишларимни, бутун дунёни ёддан чиқаришга муваффақ бўляпман. Хонамда, бармоқларим остида минглаб оҳанглардан яралган дунёни бу жой ташқарисида бўлган бирор нарса билан тенглаштириб бўлмайди», – деб ёзган у.

Ўн икки ёшидаёқ Эрнст Теодор Амадей Ҳофман орган, скрипка, арфа ва гитара каби мусиқа асбоблари чалган. У «Ундина» романтик операсининг муаллифи бўлган. Биринчи бадиий асари – «Кавалер Глюк» ҳам мусиқа ва буюк композиторга бағишланган. Кейинчалик ҳам мусиқа унинг адабий асарларига мавзу бўлиб хизмат қилган ҳамда адабий ижодга рағбатлантирган.

Бўлажак ёзувчига саҳналаштирувчи, декорация устаси, дирижёр вазифаларини бажаришига тўғри келган. Жумладан, Эрнст Ҳофман Дрезден ва Лейпциг шаҳарлари театрларида капельмейстерлик қилган, Наполеонни мазах қилувчи карикатуралар чизиб, уларни сотиб юрган. Бироқ унинг санъат орқали тирикчилик ўтказишга бўлган уринишлари фақат камбағаллик ва кулфатларга олиб келган.

Композитор сифатида шуҳрат қозонишга умиди катта бўлган Э.Т.А.Ҳофман қатор мусиқа асарлари яратган бўлса ҳам жаҳон маданияти тарихига ғоят ноёб истеъдодли адиб сифатида кирган. Ваҳоланки, унинг бадиий ижоди тарихи ниҳоятда қисқадир: 1814 йилда ёзувчининг немис китобхонларида ниҳоятда катта қизиқиш уйғотган дастлабки ҳикоялар тўплами – «Калло услубидаги хаёлотлар» чоп этилган, бундан атиги саккиз йил ўтгач эса у вафот этган. Бу даврга келиб унинг «Шайтон малҳамлари» романи (1816), «Тунги ҳикоялар» тўплами (1817), «Циннобер деб аталадиган жажжи Цахес» (1819), «Оға-ини Серапионлар» (1819-1821), «Мушук Муррнинг ҳаётий қарашлари ахлатга ташланган варақларда тасодифан сақланиб қолган капельмейстер Иоганнес Крейслернинг таржимаи ҳоли қисмлари билан бирга» тугалланмаган романи (1819 – 1821), «Бургалар ҳукмдори» қисса-эртаги (1822) каби асарларини фақат Германиядагина ўқишмаган. 1820 – 1830-йилларда ёзувчининг новеллалари, эртаклари, романлари Франция, Англия ва бошқа мамлакатларда таржима қилинган.

Ижодкор ўзининг энг яхши асарларида инсон қалби қаърига шунчалик чуқур кириб борганки, ҳатто психология ва психиатрия бўйича мутахассисларни ҳам лол қолдириш даражасига етган. Шу сабабли унинг ижоди тадқиқотчилари Эрнст Ҳофман психоанализ соҳасида Зигмунд Фрейд нинг5 кашфиётларини ундан олдин кўра билган деган фикрга келганликлари тасодифий эмас.

Ёзувчининг кўпгина асарларида кундалик турмушнинг икки томонламалиги, орзу-умидлар билан ҳақиқий воқелик ўртасидаги аянчли тафовут ниҳоятда таъсирчан ва катта маҳорат билан тасвирланган. Э.Т.А.Ҳофманнинг ўзи ҳам, унинг асарлари қаҳрамонлари ҳам реал дунёдан эртаклар дунёсига ва аксинча эртаклар дунёсидан реал воқеликка кўчиб, бу икки оламнинг ҳеч бирига охиригача мансуб бўлмасдан ва уларнинг ҳар иккисида муайян мустақилликка эга бўлиб яшайди. Бу икки олам – инсоннинг ички олами ва ташқи дунё ўртасидаги низонинг адабий талқинидир. Адиб ижодининг ноёблиги бевосита худди шунда: ҳаётийлик ва ижодийликни, кундалик ва мўъжизавийликни бирлаштириш принцип даражасига кўтарилганидадир. Бунда аниқ тасаввур этиладиган воқелик ақл бовар қилмайдиган хаёлот билан тўқнаштирилади. Натижада эртак ҳаётга, ҳаёт эса эртакка айланади.

Адиб икки параллел дунёни яратар экан, фикр ҳаракатини яланғоч ҳолда тасвирлайди, унинг ривожланиши манзарасини гавдалантиради. Эрнст Ҳофманнинг параллел дунёларини таснифлашнинг мутлақо имконияти йўқ: уларнинг тузилиши, мавзуси, ниҳоят «руҳнинг тадрижий ривожланиши» хилма-хилдир. Уларни гавдалантиришда ёзувчи жиддий роль ўйнайди. Унинг асарларидаги параллел дунёларда бир турдаги ва бир турда бўлмаган онгларнинг қўшилиши кузатилади.

Э.Т.А.Ҳофманнинг дунёси – бу сербўёқ ниқобли томоша бўлиб, ҳар бир ниқоб остида бошқа ниқоб яширинган бўлади, чунончи «Тилла хумча»даги олма сотувчи жодугар, архивариус Линдгорст – Атлантиданинг бениҳоя қудратли ҳукмдори Саламандр бўлиши мумкин. Янада диққатга сазоворлиги, эртаклар қаҳрамони икки қиёфали, улар бир йўла икки – ҳақиқий ва хаёлий дунёда яшайди.

Адиб бу бемаъни инсоний оламни жуда яқиндан, ўзининг шахсий аянчли тажрибасида кузатган, романтикларни, айниқса, тўлқинлантирган санъат ва турмуш ўртасидаги зиддиятнинг ўқ томирлари учигача етиб борган. Серқирра истеъдод соҳиби ниҳоятда зийраклик билан ўз даврининг барча қусурлари ва зиддиятларини пайқаган ҳамда буни бутун хаёлий салоҳиятини ишга солган ҳолда зукко китобхонни ларзага соладиган даражада маҳорат билан тасвирлаган. Худди шу ноёб иқтидори учун Г.Гейне6 Эрнст Ҳофманни Новалисдан устун қўйган: «Новалис ўзининг идеал қаҳрамонлари билан ҳамиша ложувард булутларда сузиб юрадиган бўлса, Гофман ўзининг аломат ҳажвлари билан ҳамиша ва доимо ҳаётий реалликка амал қилади».

Немис ёзувчиси учун адабий дунё ҳақиқий кундалик ҳаётдан устун туради, албатта, ва у ўзи-нинг ниҳоятда шоирона эртакларида орзулар дунёсини чинакам одатий турмушдан афзал кўрган ҳолда мадҳ этади. Бу эртакларнинг қаҳрамонлари болалар эканлиги («Шчелкунчик ва сичқонлар Қироли», «Номаълум гўдак») тасодифий эмас, зеро, дунёни бевосита шоирона тасаввур этиш фақат болалар ва аломат ижодкорлар учун хосдир.

Бироқ Ҳофманнинг эртаклари унинг ижоди маълум бир қиррасини намоён этиб қолмасдан, балки бош йўналиши бўлганида у жуда зиддиятли ва дунёни кўп жиҳатдан фожиона ҳис этадиган ижодкор сифатида эътироф этилмасди. Унинг бадиий тасаввури негизи асло шоирона дунёнинг ҳақиқий воқелик устидан тўла ғалабасини ифода этмайди. Фақат Серапион («Оға-ини Серапионлар») каби телбаларгина ана шундай дунёлардан фақат биттаси мавжудлигига ишонишган.

Немис ёзувчисининг эртаклари бизга моҳият жиҳатидан бир-бирига зид бўлган қаҳрамонларнинг «ишлари» тўғрисида эмас, балки кўпроқ инсон дунёсининг турфалиги, кўп қиёфалиги ҳақида ҳикоя қилади. У таҳлилчи сифатида китобхонга инсонни гўё йирик қилиб кўрсатадиган кўзгу орқали тақдим этади. Бундан-да муҳими – эртакларда, умуман, инсонни ва хусусан, унинг онгини бадиий тадқиқ этилишидир. Асар қаҳрамонларининг онги параллел бирлаштирилган: эртакдаги ва ҳақиқий дунёдаги ўз сўқмоқларини очиб берган.

Бу, энг аввало, «Тилла хумча» эртак-қиссасида ўзининг ёрқин ифодасини топган, муаллифнинг ўзи «Тилла хумча»ни ижодидаги энг яхши асар деб ҳисоблаган. Бу қиссага «Янги замонлар эртаги» кичик сарлавҳаси қўйилиши бежиз эмас. Бунинг маъноси: эртак-қиссанинг қаҳрамонлари ёзувчининг замондошлари эканлигидан, воқеалар эса ҳақиқий Дрезденда XIX аср бошида рўй беришидан англанади. Бу билан муаллиф асарнинг ғоявий-бадиий тузилиши ҳақиқий воқеликка алоқадорлигига ишора қилган.

«Тилла хумча»нинг қаҳрамони талаба Ансельм омади чопмаганлар тоифасидан. Унинг нони ҳамиша ерга сариёғ суртилган томони билан тушади. Янги камзул кийган заҳоти дарҳол унга хунук доғ туширади ёки қоқилиб, уни михда йиртмай қўймайди. Қаҳрамон эртак бошланишида ҳам шаҳар дарвозаларидан ўтар экан, олма ва гуммалар солинган саватга қоқилиб кетади.

Шу билан бирга хаёлпараст Ансельм «шеърий қалбга эга» ва бу унга эртаклар ва мўъжизалар оламига шўнғиш имкониятини беради. Ғаройиб дунё билан тўқнаш келган қаҳрамон бир йўла икки оламда ҳаёт кечираётгандек бўлади, яъни ўзининг аянчли кундалик ҳаётидан, бу ҳақиқий воқелик билан қўшни бўлган эртаклар салтанатига кириб қолади. Шунга мувофиқ, асарда эртакдаги хаёлий воқеаларнинг ҳақиқат билан чамбарчас бирлашиб кетиши кузатилади.

Немис адиби ижодининг тадқиқотчилари ушбу эртак-қисса орқали XIX аср бошидаги Дрезден кўчалари харитасини тиклаш мумкин, деб ҳисоблашларида жон бор. Айниқса, асар қаҳрамонларига тавсиф берилишида ҳақиқий белгилар муҳим роль ўйнайди. Масалан, бечора Ансельмнинг бир неча бор тилга олинган кийими: урфдан қолган чўртан–кулранг тус фрак ва қора атлас шим унинг ижтимоий ҳолати ва шахсий қиёфасининг энг муҳим белгиларидир.

Эрнст Ҳофман ижодий услубининг икки қирралилиги, дунёвий қарашларининг икки турлиги фақат ҳақиқий ва хаёлий дунёни бир-бирига қарши қўйилишидагина эмас, балки қаҳрамонларни тегиш-ли равишда икки гуруҳга ажратишда ҳам ўз ифодасини топган. Конректор Паульман, унинг қизи Вероника, рўйхатчи Геербанд – дрезденлик тор фикрли, фақат ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлайдиган одамлар бўлиб, уларни, муаллифнинг фикрича, яхши кишилар, бироқ ёмон мусиқачилар ёки, умуман, мусиқачилар тоифасига мансуб бўлмаганлар, яъни шоирона ҳис-туйғуга эга бўлмаган шахслар қаторига киритиш мумкин. Уларга ҳақиқий дунёга хаёлий эртак оламидан келган архивариус Линдгорст, унинг қизи Серпентина ва беозор, ғалати табиатли, шоирона қалбига архивариуснинг мўъжизавий олами очилган Ансельм қарши қўйилган.

Ансельмга ўзининг одатий турмушида нав-ниҳол Вероникани севиб қолгандек туйилади, қиз эса, ўз навбатида, бугунги талаба тимсолида саройдаги бўлажак маслаҳатчи ва эрини кўради. Бироқ Ансельм эртакларнинг шоирона оламига шўнғиб, мўъжизавий тилла тус илонча – мовий кўзли Серпентинага ишқи тушади. Бечора йигит ўз қалби амалда уларнинг қайси бирига мойиллигини ҳал қила олмайди. Ансельм ва унга ҳомийлик қилаётган Линдгорстга қарши сеҳрли, кундалик ҳаётнинг қоронғу томонларини мужассамлаштирган ёвуз кучлар қарши туради. Улар одатий турмушни қўллаб-қувватлайдиганлар ҳисобланиб, бу Ансельм бехосдан саватини тўнтариб юборган жодугар кампир тимсолида гавдаланган.

Эрнст Ҳофманнинг «Тилла кўза» эртак-қиссасида параллел дунёни яратиш жараёни ниҳоятда эътиборга молик. Талаба Ансельм Эльба дарёси соҳилида ўзи учун кутилмаган ҳолда яшил илонлар, бута шоҳи, оқшом шабадаси тилини тушуна бошлайди: «Мана – шитирлашлар, шивирлашлар, жаранглар паст, аранг эшитиладиган сўзларга айланаётганлигини унинг ўзи билмасди: «Бу ва у ерда, шохлар орасида, гуллар узра биз ўраламиз, чамбарак бўламиз, айланамиз, тебранамиз. Сингилча, сингилча! Шуълада арғимчоқ уч! Тезроқ, тезроқ, тепага, пастга – оқшом қуёши шуълалари билан ўқ узади, шабада шивирлайди, япроқлар шитирлайди, шудринг тўкилади, гулчалар тилчаларини қимирлатиб куйлайди, биз гуллар, шохлар билан бирга куйлаймиз, тез орада юлдузчалар ялтирайди, биз у ёқ, бу ёққа тушадиган пайтимиз келди, биз ўралмоқдамиз, чамбарак бўляпмиз, айланаяпмиз, тебранаяпмиз, сингилчалар тезроқ!»

Эртак давомида Ҳофман қаҳрамонлари яшаётган параллел дунёнинг тузилиши ҳикоя қилинади. Шаҳарда ҳамма танийдиган кекса ёшли, аломат табиатли махфий архивариус Линдгорст чеккадаги эски уйда уч қизи билан яшайди, айни пайтда у руҳлар ҳоқони Фосфор ҳукмронлик қиладиган мўъжизавий Атлантида мамлакатидан бўлади. Унинг қизлари ҳам оддий эмас, балки ғаройиб тилла тус илончалардир.

Табиат ва буюмлар дунёси ҳам қўш хусусиятга эга. Оддий маржон мевали бута, оқшом шабадаси, қуёш шуълалари Ансельм билан суҳбат қуради. Ансельм уйга кириш учун рухсат сўраб, тақиллатмоқчи бўлган болғача ёвуз жодугар қиёфасига киради, боғич улкан оқ илонга айланади. Ҳаётий дунё маиший буюмларини бошқа олам ашёларига айлантириш жараёнини Н.Я.Берковский7 «одатийликни қуюқлаштириш» деб атаганди. Унинг фикрича, бу «Сўнгги нуқтасига етказилган насрнинг шундан сўнг фантастика дунёсига ўтиши» бўлиб, «Ҳофман бадиий кашфиётлари»дан биридир».

Ҳақиқатан ҳам, кундалик ҳаёт ёки, адиб таърифи билан айтганда, «одатий турмушнинг юки» ижодкор тасаввури орқали ажойиб шоирона дунёга айлантирилган. Жумладан, архивариус Линдгорстнинг таърифича, «Ансельмнинг фароғати – барча мавжудотларнинг муқаддас уйғунлиги, табиатнинг энг яширин сирлари очиладиган шеърият ҳаётидан бошқа нарса эмас!» Бироқ ёзувчининг фантастикаси фақат ажойиб шоирона оламнигина эмас, шунингдек, руҳсиз дунёни, одатий турмушнинг жирканч томонларини ҳам очиб кўрсатади.

Муаллиф шоирона телбаликлар «зулук билан даволанадиган» манфаатпарастларнинг биқиқ оламини қаҳрли киноя билан тасвирлайди. Талаба Ансельм бу дунёчада бўғилади ва унинг оғзи бекитилган шиша идиш ичига тушиб қолиши – шеърий мажоздан бошқа нарса эмас, зеро, ёнидаги шиша идишларида унингдек қамалиб ўтирган шериклари ўзларини жуда яхши ҳис этадилар. «Биз ўзимизни ҳеч қачон ҳозиргидек яхши ҳис этмаганмиз, чунки тентак архивариусдан турли маънисиз нусхалар учун олаётган специес-талерлар фойдага қоляпти; энди итальянча хор ашулаларини ўрганишимизга хожат йўқ; энди биз ҳар куни Иозефнинг олдига ёки бошқа майхонага борамиз, ўткир пиводан маза қиламиз, қизлар билан кўз уриштирамиз, ҳақиқий талабаларга ўхшаб «Gaudeamus igitur…» деб куйлаймиз – ва вақтичоғлик қиламиз», дейди улардан бири.

Эртак–қисса ниҳоясидаги асар қаҳрамонларининг икки никоҳ тўйи муаллиф ғоясини аниқ ифода этган. Рўйхатчи Геербанд саройдаги маслаҳатчи бўлади. Вероника шундан сўнг ўзининг Ансельмга кўнгил қўйганлигидан воз кечиб, ҳеч ик-киланмасдан унга турмушга чиқишга розилик беради. Бу қизнинг бутун орзу-умидлари рўёбга чиқади: «Бир неча ҳафта ўтгач саройдаги маслаҳатчининг рафиқаси хоним Геербанд ҳақиқатан ҳам, аввал руҳий кўзлари билан кўрганидек, Янги бозор олдидаги кўркам уй деразаси олдида бу ердан ўтиб кетаётган, кўз ойналаридан боқиб: «Саройдаги маслаҳатчининг рафиқаси хоним Геербанд нақадар илоҳия аёл!» деб хитоб қилишларини кузатиб ўтирарди».

Ансельм эса Серпентинага уйланади ва шоир бўлиб, мўъжизавий Атлантидада қўним топади. У қаллиғининг сепи сифатида каттагина ер-мулкка эга бўлади, шу билан бирга архивариуснинг уйида кўрган тилла хумчани олади.

Бу ўринда муаллиф томонидан Ансельм ва Серпентинанинг бахтли бирлашиши Вероника ва Геербанд никоҳига параллел қўйилган, деб бўлмайди. Чунки Ансельм ўз шоирона орзусидан асло воз кечмайди, фақат уни амалга ошириш йўлини топади. Шу ўринда ёзувчи дўстларидан бирини ушбу эртак-қисса мазмуни тўғрисида хабардор қилар экан, Ансельм асар охирида «Қаллиғининг сепи сифатида қимматбаҳо тошлар билан безалган тунги тилла хумча олади» деб кўрсатганди. Бироқ асарнинг сўнгги таҳририда бу жумла тушириб қолдирилган. Яъни Эрнст Ҳофманнинг бу билан шоирона хаёлот салтанатини санъат, шеърият оламида мужассамлаштиришдан иборат фалсафий ғоясини аниқ ифода этиш нияти англанади. Бу эртак–қисса муаллифининг мўъжизавий Атлантидани тарк этиб, ўзининг аянчли каталак хонасига қайтиш ўкинчи Линдгорстнинг қуйидаги сўзларида ифодасини топган: «Бўлди, бўлди, муҳтарам жаноб! Бу қадар ўкинманг! Ахир ҳозиргина ўзингиз Атлантидада бўлмадингизми ва ахир сиз, ҳеч бўлмаганда, ақлингизнинг шоирона мулки сифатидаги қўрғонга эга эмасмисиз? Ахир Ансельмнинг фароғати ҳам сеҳрларнинг энг сеҳрлиси каби бутун мавжудотнинг муқаддас уйғунлиги бўлиб намоён бўладиган шеъриятдаги ҳаёт кечиришдан бошқа нарса эмасми?».

Э.Т.А.Ҳофманнинг «Оға-ини Серапионлар» тўпламига киритилган «Шчелкунчик ва сичқонлар Қироли» эртаги ушбу асар муаллифининг ўз дўсти Хитциг фарзандлари Мари ва Фриц билан вақтичоғлик қилишлари пайтларида пайдо бўлган. Эртакдаги моҳир соатсоз уста Дроссельмейер каби Эрнст Ҳофман ҳам дўстининг болаларига Роджество байрамига турли ўйинчоқлар ясаб берган.

Шуни айтиш керакки, «Шчелкунчик» – немисча «Nubknacker»нинг сўзма-сўз таржимаси бўлиб, «ёнғоқни чақувчи» маъносини беради. Ўз вақтида бу асарнинг таржималари жуда беўхшов чиққан: «Ёнғоқларни ғажувчи ва сичқонлар подшоҳчаси» ёки «Ёнғоқ учун қисқич тарихи» деб берилган. Эртак билан танишиб чиққан китобхон муаллиф ўз асарида қисқични умуман тилга олмаганлигидан таажжубга тушиши табиий, албатта. Гап шундаки, ўша даврларда Шчелкунчик жуда урф бўлган аломат – оғзи катта, соқоли ўрилган ва ўрама сочли аскарча-қўғирчоқ бўлган. Аскарчанинг оғзига ёнғоқ қўйилиб, орқасидаги ўрама соч тортилса, у жағларида ёнғоқ чақиб берган.

Немис ёзувчиси эртагини дўстининг фарзандлари учун ёзган бўлса ҳам уни фақат болалар мавзусидаги асар деб бўлмайди. Ушбу эртакда Эрнст Ҳофманнинг қатор асарларида («Қумли одам»даги автоматлар, механик қўғирчоқларни, «Автоматлар» ҳикояси ва бошқа асарларни эсланг) ўз ифодасини топган ҳаётни механизация-лаш, автоматлар мавзуси жуда янгроқ бўлмаса ҳам аниқ ҳис этилади.

Эртак муқаддимасида Дроссельмейер ўзи чўқинтирган болаларга Роджество байрамига ҳаракат қиладиган хонимлар ва жаноблар билан тўла ажойиб қаср ўйинчоғини совға қилади. Туҳфадан болаларнинг боши осмонга етади, бироқ ўйинчоқлардаги ҳаракатланишларнинг бир хиллиги кўп ўтмай жонларига тегади. Улар чўқинтирган оталаридан ўйинчоқдаги одамчалар бошқачароқ ҳам ҳаракат қилишларининг йўлини топишини сўрашади. «Бунинг сира иложи йўқ, – дейди Дроссельмейер.– Уларнинг мурвати шундайки, ҳеч нарсани ўзгартира олмайсан».

Болаларнинг шоир, ижодкор борлиқни идрок этишига ўхшаш бўлган жонли тасаввурида олам ўзининг бутун беқиёс бўёқлари ва қирралари билан очиқ бўлади. «Жиддий», катта ёшдаги одамлар учун эса дунё гўёки «бир марта ва бир умрга яратилган» ва улар, кичкинтой Фрицнинг таърифи билан айтганда, «уйларида қулфлаб қўйилган» (худди «Тилла хумча» қаҳрамони талаба Ансельм оғзи беркитилган шиша идишда қамаб қўйилгандек). Романтизм намояндаси бўлган Эрнст Ҳофман учун кундалик ҳаёт қамоқхонадек тасаввур этилади, бу жойдан чиқишнинг фақат бир йўли бор – бу шеърият, мусиқа, эртак оламига хаёлий саргузаштдир.

«Шчелкунчик ва сичқонлар Қироли»даги Дроссельмейер кўркам эмас: «у паст бўйли, қотма, ажин босган юзидаги ўн кўзи ўрнига катта қора мато ямоқ боғлаб олган ва буткул кал одам бўлиб, шунинг учун у бежирим оқ ясама соч тақиб юради». Ташқи кўринишидан муаллифга ўхшаш бўлган эртак қаҳрамони – бир кўзли суднинг катта маслаҳатчиси – катта ёшдаги одам оддий эмас, балки ғалати табиатли ва афсунгарлардан биридир. У айни вақтда ҳам ёқимтой, ҳам сеҳрли, ҳам қўрқинчлидир. Дроссельмейер немис ёзувчисининг кўпгина қаҳрамонлари каби икки қиёфалидир. Бизнинг ҳақиқий турмушимизда у жиддий, ўйинчоқлар ясашга уста, бироз маҳмадона. Эртаклар оламида эса у жуда фаол қаҳрамон, рўй бераётган мўъжизавий воқеаларнинг ўзига хос дирижёридир.

Эртакдаги ажабтовур воқеалар сичқонлар галаси томонидан Қиролича колбаса тайёрлаётган пайтда чўчқа ёғини паққос туширишларидан бошланади. Ғазаби ортган Қирол сичқонларга қарши уруш эълон қилади ва уларни қўлга тушириш учун қопқонлар қўйишни буюради. Сичқонлар Қироличаси бунга жавобан Қиролнинг қизи – гўзал малика Пирлипатни бадбашара қилиб қўяди. Уни ўз ҳолига қайтаришга Дроссельмейернинг навқирон жияни бел боғлайди. У Кракатут сеҳрли ёнғоғини чақишнинг уддасидан чиқади ва мажруҳ малика ўз ҳолига қайтади.

Бироқ, ёш Дроссельмейер тилсим шартини тўлиқ бажара олмайди. Белгилаб қўйилганидек, у чақилган ёнғоқ мағзини малика Пирлипатга узатиб, ортга қараб етти қадам қўяр экан, бехосдан сичқонлар Қироличасини босиб олиб, қоқилиб кетади. Оқибатта Дроссельмейернинг жияни ваъда қилинган инъомлар – маликага уйланиш, шаҳзода бўлиш ўрнига майриқ Шчелкунчикка айланиб қолади. Босиб янчилган Қиролича – Сичқонбека ҳаётдан кўз юмаётиб, Шчелкунчикка даҳшатли уруш эълон қилади. Ўлдирилган онаси учун унинг етти бошли меросхўр ўғли –сичқонлар Қироли ўч олиши керак бўлади.

Эртак охирида ойнаванд жавонда сақланаётган – кундалик ҳаётда ўйинчоқ, жажжи Мари хаё-лотида довюрак Шчелкунчик сичқонларнинг етти тожли Қиролини енгади. Бу ғалабасидан сўнг Шчелкунчик ўзига ҳомийлик қилиб келган, сичқонлар кемириб ташламаслиги учун ширинликлари ва ўйинчоқларини қурбон қилган Марини мўъжизавий салтанати – Ширин кулча шаҳарчаси, Цукат бутазори ва беқиёс пойтахт бўйлаб сайр қилдиради. Шуниси эътиборга моликки, Эрнст Ҳофманнинг ўзи вафоти олдидан нимагадир кўп бора ана шу хаёлотида яратган Ширин кулча шаҳарчасини ёдга олган. Эҳтимол, бу ёруғ дунё билан хайрлашаётган инсоннинг ўтмишда, Рождество байрамида безатиладиган арча остида қолган порлоқ ва шодон болалигининг соғинчидир…

«Шчелкунчик ва сичқонлар Қироли» бутун жаҳон кичкинтойларининг энг суюкли ва ёқимли Рождество эртаги ҳисобланади. Бу ниҳоятда серзавқ эртакни мусиқа ва рақслар билан янада безаш ғояси пайдо бўлди. «Шчелкунчик» балетини аввал Мариус Петипа саҳналаштирмоқчи бўлган. У буни Франция инқилобининг 100 йиллигига бағишлашни режалаган. Бироқ унга бундай спектаклни инқилобий қўшиқ – «Марсельеза» қисмлари ва рақслар билан император саҳнасида қўйиш режасидан воз кечишга тўғри келган. Петипа бу асарга мусиқа ёзиш учун Пётр Чайковскийга буюртма берган.

Ўша вақтда рус композитори ўз шуҳратининг чўққисида бўлган. Аммо бунда асос учун Ҳофман эртагининг аслияти эмас, балки унинг Александр Дюма8 томонидан французча қайта ишланган кўриниши олинган. Оқибатда эртак мелодрамага айланиб қолган. Бунда воқеалар ривожидан Кракатут ёнғоғи билан боғлиқ саҳналар тушиб қолган ва эртакни ўқимаганлар Шчелкунчик қаердан пайдо бўлиб қолганлигини англай олмаган. Аммо П.Чайковский ширинликлар салтанати бўйича саёҳатга антиқа рақслар учун ажойиб мусиқа – «Шоколад», «Қаҳва» ва «Гуллар вальси»ни ёзган.

Мусиқа илк бор 1892 йил 7 мартда рус мусиқа жамияти симфония концертларининг бирида, оркестрга муаллифнинг ўзи дирижёрлигида ижро этилган. 1892 йил 6 декабрда эса Петергбургдаги Мариинский театрида балетнинг премьераси катта муваффақият билан ўтган.

П.Чайковскийнинг мусиқаси 1873 йил яратилган Шчелкунчик тўғрисидаги ажойиб мультфильмга асос бўлган. Ҳозирги пайтда Шчелкунчик тўғрисида ўнлаб кино-, теле- ва видеофильмлар ишланган. Унинг сўнггиси 2011 йил 1 январда намойиш этилган Андрей Кончаловский режиссёрлигидаги 3Д шаклидаги фильм бўлди.

Э.Т.А.Ҳофман қалами остида дунё ҳайратомуз ўзгарар, одатий турмушда тасаввур этиб бўлмайдиган ажойиботлар рўй берарди. Немис ёзувчиси ижоди тадқиқотчиларидан айримлари унинг эртакларидаги китобхонни сеҳрлаб қўядиган мўъжизавий саргузаштлар муаллифнинг ўзи ихлос қўймаган хизмат вазифасидан, ҳаётининг охирги йилларида жуда азоб берган касалликдан чалғиш, ўйлаб топган оламида яширинишга интилиш тарзида талқин этади. Фикримизча, бу жуда юзаки ёндашув. Немис ёзувчиси асарлари билан синчиклаб танишган эътиборли китобхон унинг воқеликдан асло ўзини олиб қочмаслиги, ёвузлик, шафқатсизлик, қабиҳлик билан ҳажв тили орқали дадил курашишга қодир бўлганлигини яхши билишади.

Ёзувчига юзаки назар билан – фақат эртак айтувчи хаёлотининг бебошлиги, оммани овутиш нияти сифатида эмас, балки асарларида ниҳоятда долзарб, жамият, умуман, инсоният учун фожиавий муаммоларни нафис ниқоблар остига яширган ижодкор сифатида ёндашиш тўғри бўларди. Агар ҳатто кимгадир у қандайдир масалаларни ҳаддан ошириб юбораётган, буёқларни қуюқлаштираётган, хулосаларни ўз концепциясига бўйсундираётган бўлиб туюлса ҳам, буларнинг барчаси немис буюк адибининг аллақачон таниш бўлган асарларини қайтадан ўқишга ва у эртакларнинг сеҳрли салтанатига айлантирган ҳаётийликни илғашга ундайди.

Эрнст Теодор Амадей Ҳофман 1822 йилда, қирқ олти ёшида вафот этган. У бундан бироз олдин «Бурга ҳукмдори» эртаги учун суд таъқиби остига олинган. Ўша вақтда Германияда полиция вазири бўлган фон Кампц эртакдаги Кнаррпанти образида ўзи тасвирланган деган қарорга келган ва бу «зарарли асар»ни мусодара қилишни буюрган.

Немис ёзувчисига қарз берганлар унинг буюмлари: мебеллари, кийимлари, гитараси, скрипкаси, тилла соати, китоблари, адибни биринчи асарини ёзишга илҳомлантирган Калло гравюрасини ким ошди савдосида пуллашди. Турли, ҳатто катта давлат лавозимларида ишлаган ёзувчи вафотидан сўнг унинг рафиқасига қарзларидан бошқа ҳеч нарса ато қилмади.

Аммо у биз – китобхонларга дунёнинг сербўёқ, сероҳанг ва сермаъно ажойиботларини қолдирган. Бу оламда ҳақиқий воқелик билан муроса қилишни истамайдиган талаба Ансельм ўзини қўярга жой тополмайди, жасур ўйинчоқ Шчелкунчик ёвуз кучларга қарши мардона курашади.

Ўзбек китобхонлари буюк немис ёзувчиси Эрнст Теодор Амадей Ҳофман асарлари билан асосан бошқа тиллардаги нашрлар орқали танишлар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, моҳир таржимон Эркин Эрназаров9 биринчи марта унинг машҳур эртак-қиссалари – «Тилла хумча» ва «Шчелкунчик ва сичқонлар Қироли»ни ўзбек тилига таржима қилди. Ўйлаймизки, ноёб иқтидор соҳибининг бу машҳур асарларини ўзбек тилида ўқишга муяссар бўладиган китобхонларимизда Эрнст Ҳофманнинг жаҳон адабиёти хазинасидан муносиб ўрин олган бошқа роман, қисса ва ҳикояларини мутолаа қилишларига ҳам иштиёқ туғилади.

Акмал САИДОВ, профессор
1.Людвиг Иоганн Тик (немисча «Johann Ludwig Tieck», 1773 – 1853) – немис шоири, ёзувчиси, драматурги, таржимон.
2.Новалис (тахаллуси, немисча «Novalis», ҳақиқий исмишарифи – Фридрих фон Гарденберг, немисча «Georg Friedrich Philipp Freiherr von Hardenberg», 1772 – 1801) – немис шоири ва ёзувчиси, немис романтизмининг таниқли вакили.
3.Вильгельм Генрих Вакенродер (немисча «Wackenroder W.H.», 1773 – 1798 – немис ёзувчиси.
4.Вольфганг Амадей Моцарт – тўлиқ исми-шарифи Иоганн Хризостом Вольфганг Теофил Моцарт (немисча «Joannes Chrysostomus Wolfgang Theophilus Mozart», 1756 – 1791) – австриялик композитор, капельмейстер, моҳир скрипкачи ва органчи.
5.Зигмунд Фрейд (немисча «Sigmund Freud», тўлиқ исми – Сигизмунд Шломо Фрейд, немисча «Sigismund Schlomo Freud», 1856 – 1939) – австриялик психолог, психиатр ва невролог, психоанализ асосчиси.
6.Христиан Иоганн Генрих Гейне (немисча «Christian Johann Heinrich Heine», 1797 – 1856) – немис шоири, публицисти ва танқидчиси.
7.Наум Яковлевич Берковский (1901 – 1972) – рус адабиётшуноси, танқидчи, филология фанлари доктори, профессор.
8.Александр Дюма-ота (французча «Alexandre Dumas», 1802—1870) – саргузашт романлари билан машҳур француз ёзувчиси, драматург ва журналист.
9.Сўнгги йилларда Эркин Эрназаров томонидан Кобо Абэнинг «Худди одамдек» романи («Жаҳон адабиёти», 2011 йил, 6-сон), Франц Кафканинг «Эврилиш» (Тошкент, «Ўзбекистон» нашриёти, 2012 йил), Уильям Фолкнернинг «Айиқ» қиссалари (Тошкент, «Янги аср авлоди» нашриёти, 2013 йил) таржима қилинган.

Janrlar va teglar

Yosh cheklamasi:
0+
Litresda chiqarilgan sana:
25 oktyabr 2023
ISBN:
978-9943-27-125-8
Mualliflik huquqi egasi:
Kitobxon
Matn, audio format mavjud
O'rtacha reyting 0, 0 ta baholash asosida
Matn
O'rtacha reyting 4,7, 3 ta baholash asosida
Matn PDF
O'rtacha reyting 0, 0 ta baholash asosida
Audio
O'rtacha reyting 4,8, 468 ta baholash asosida
Audio
O'rtacha reyting 4,8, 468 ta baholash asosida
Matn, audio format mavjud
O'rtacha reyting 0, 0 ta baholash asosida
Audio
O'rtacha reyting 5, 2 ta baholash asosida
Audio
O'rtacha reyting 5, 1 ta baholash asosida