Faqat Litresda o'qing

Kitobni fayl sifatida yuklab bo'lmaydi, lekin bizning ilovamizda yoki veb-saytda onlayn o'qilishi mumkin.

Kitobni o'qish: «Мени ёлғиз қолдирма»

Shrift:

Кимлардир сенинг ожиз, нотавон бўлишингни хоҳлайди.

Мағлуб ва чорасизлигинг уларни севинтиради.

Шундай бўлса-да, қўрқма!

Дунёда ҳар ишнинг ажри бор.


УНИ ТОПИШДАН АСЛО ВОЗ КЕЧМАЙМАН


Ҳ ар ким қилганига яраша жавобини олади. Масалан, мен баъзан бошқаларга қилганларим ўз бошимга тушганини ҳис қиламан. Нима қилган бўлсам, бошимга келган.

Умрим давомида турли хил одамларга рўбарў бўлдим, аммо ёнимдаги кишини эмас, кўнглимдаги кишини қадрладим…

Ўзгани севиш ниҳоятда машаққатли эканини яхши биламан. Лекин шуниси аниқки, ёлғизлик ундан-да оғирдир…

Бир зулмат ичида қолдим. Кимдир чироқ ёқармикан дея кўп кутдим, лекин ҳеч ким бу зулматни ёритмади.

Шундан кейин зулматни севиб қолдим. Хаёлимда яратган кишимни соғиндим.

Муҳаббатга асир эдим, лекин кимни учратмай, ким билан кўришмай, излаганимни топа олмадим.

Нуқул нимадир етишмайди, нуқул нимадир камдек…

Авваллари дасторгулни жуда яхши кўрардим, энди бўлса, кўргани кўзим йўқ.

Инсоннинг ҳафсаласи пир бўлса, доим унинг қалбига нимадир оғриқ беради ва у бунинг аламини бошқалардан олишни хоҳлайди.

Синиқ пиёладан сув ичиб бўладими?

Албатта, ичолмайди, чунки у синган. Ичолмайди.

Сен ҳаётда нима қилсанг қил, лекин доим истаганингни топ, маъқулми?

Ҳеч кимни алдама, энг муҳими, ўзингни алдама. Ойна олдига ўтиб ўзингга яхшилаб разм сол, шунда бор бўйингни кўрасан ва ўзингни алдай олмаслигингни тушунасан.

Кўзларингга тикилиб, «Ҳаракат қилма, сен ҳеч кимни сева олмайсан», дейсан.

Мендан сўрасанг, аслида дуч келганни эмас, орзуингдаги кишини севиш муҳим.

Сен ўз орзуингдаги инсонни топа олмасанг ва истаган кишингни синаб кўришдан нарига ўтмасанг, бахтсиз бўласан. Синама, қалбингга қулоқ сол!

Ҳа, балки ёшинг ўтиб қолиши, балки кеч қолишинг мумкин, лекин ҳеч бўлмаганда, афсусланмайсан.

Нега буларни айтяпман? Чунки мен кўп афсуснадоматлар чекдим…

Кимлигини билмай, ўйлаб кўрмай, қанчаданқанча қизлар билан ҳамнафас бўлдим. Нега? Балки севиб қоларман, деб ўйлаганим учун…

«Балки севиб қоларман» деган гап куракда турадими ўзи?!

Балки севиб қоларман…

Умрим ўтиб кетяпти-ку, дея хавотирлансанг, бор, истаган бир инсонинг билан яшаб кўр, бироз вақт ўтсин, охир-оқибат унинг нимасидир сенга ёқиб қолар.

Балки у сенга бир пиёла сув берар, руҳиятингга таъсир қилар ва уни севиб қоларсан.

Кошкийди, ҳаётда ҳамма нарса мана шундай осон бўлса, биз ўзимиз истаган инсонга ошиқ бўла олсак.

Лекин бундай бўлмайди-да…

Сен ҳам, бошқаси ҳам тажриба қуёнчаси эмас. Айтмоқчиманки, сен ҳам хафа бўлса, ўзгани ҳам ранжитма. Сенинг орзу-умидларинг ҳам чилпарчин бўлмасин, ўзганинг гуноҳини ҳам бўйнингга олма.

«Йўқ» дейишни ҳам билиш керак. Одам жойи келганида воз кеча олиши даркор.

Сен нимага ишонишингни билмайман, лекин менинг ишонганим ягона Аллоҳдир… Сен кимга ишонсанг ишон, кимга эътиқод қилсанг қил, бу билан ишим йўқ! Лекин бир нарсани унутмаслигинг керак: гуноҳ деган нарса бор! Ҳеч кимга нисбатан гуноҳ иш қилма. Сен севмаслигинг мумкин, аммо у сени севиб қолади. Буни истамасанг у ердан кет.

Мен нима қилишим керак? Мен доим орзуимдаги инсонни қидираман ва уни топишдан асло воз кечмайман.

Мен ёнимдаги эмас, хаёлимдаги қиз орзусида ёнаман. Шояд шундай қизни учратсам, сенга сўз бераманки, уни асло ранжитмайман. Асло ва асло…

Сен ҳам орзуингдаги кишини топсанг, уни асло хафа қилма, хўпми? Кел, бир-биримизга сўз берайлик.

Севганимизни бехосдан хафа қилиб қўйганимизда мана шу аҳдимизни эслайлик. Чунки биз севган кишимизнинг кўнглини олишни биламиз.

Хаёлимдаги киши қаерда эканини билмайман, кимлигини ҳам. Аммо у ёнимда бўлмаса-да, бошқа инсон билан бахтиёр эканлиги менга кифоя.

Энг яхши тилаклар билан…

МЕНГА ШУНДАЙ ТУЙҒУЛАРНИ АНГЛАТГАНИНГ УЧУН РАҲМАТ


Бизни тарк этишган бўлса, демак, бунинг сабаби бор. Тан олмасак-да, бунга кўпинча ўзимиз айбдормиз. Лекин ҳақиқатан ҳам чин дилдан севган, ишонган ва содиқ бўлсак, нега энди ранжиган биз бўлишимиз керак? Нега менинг қалбим вайрон бўлиши керак? Ҳам айбдор эмасман, ҳам қалбимни вайрон этишади! Боз устига, улар – бахтиёр. Бу ҳам жабрдийда, ҳам кучли бўлиш дегани эмас, бу – жиноят! Олдин ўзингга ўргатасан, сўнгра ора йўлда ташлаб кетасан.

Билмайсан… ҳақиқатан ҳам сенга муҳтожман…

Қандай қилиб бунга куч топа олганингни негадир англай олмаяпман. Ҳамма нарсага кўнишим, ҳаммасини тушунишим мумкин, лекин мени севмаслигингни қабул қила олмайман. Бир инсон узоқ вақт бошқа инсоннинг кўзларига боқиб, «сени севаман» деса-ю, эртасига қандай қилиб «севмайман» дейиши мумкин?!

Буни бирон-бир мактабда ўқитишадими? Агар бор бўлса, ўқиб ўрганиш мумкин бўлса, чинданам ўқишни хоҳлар эдим.

Бунчалик бепарво, беғам бўлишни, бунчалик нафратга тўлиб-тошишни қаердан ўргандинг? Бу театрда роль ўйнашнинг худди ўзи, бошқа нарса эмас…

Севгилим, агар билсанг, сен мени қойил қолдирган ягона актёрсан. Дунёнинг энг машҳур артисти ҳам бу ролни сенчалик яхши ўйнай олмаса керак.

Менга ана шундай туйғуларни яшатганинг учун сенга ташаккур. Бундан кейин ҳеч кимга ишонмасликни ўргатганинг учун ҳам сенга раҳмат айтаман.

Сен туфайли энди ҳеч кимга ишонмайман ва ҳаммадан гумонланиб яшайман. Эплай олармиканман? Балки ўрганиб кетарман…

Мени йўқотганинг учун афсусланишинг кераклигини биласанми?

Чунки сен учун бир дуо эшиги тақатақ бекилди. Бундан кейин сен менинг ҳаётимда ҳам, қалбимда ҳам йўқсан, дуоларимда ҳам сени тилга олмайман.

Энди сен ҳам кемтиксан…

Бундан кейинги умрингда, балки қалби гўзал инсон билан учрашиб қоларсан. Нима бўлишидан қатъи назар, сенга яна шуни тилайман. Чунки нимага ишонсанг, ишон, бу дунёда ҳақиқат бор, шуни эсдан чиқарма. Бир машина қаергадир урилса, урилган жойи девор бўлса ҳам, зарар кўради. Буни қарши тепки ҳодисаси деб бил.

Энди иккаламиз учун дуо қилмайман, энди чироқларимни ўчираман. Биласан, қоронғидан қўрқаман, момақалдироқдан ҳам қўрқаман ва ёлғиз қолишдан ҳам… жуда қўрқаман…

Энди чироқларни ўчириб, дераза олдида ёмғирни томоша қиламан. Сен йўқсан. Ёлғиз қолган бўлсам-да, мен борман. Ўзим учун борман.

Боққаним сайин борман, кўрганим сайин сезаман, севганим сайин тирикман…

Мен борман!

Қанчалик дим бўлмасин, ёнимга келмасидан олдин деразаларни ёпган ҳам ўзим… Энди кечалари деразаларни очиб қўйган ҳолда ётаман. Нега, биласанми? Энди ёлғиз эканман, ўзимни янада ҳимоялангандек ҳис қиламан.

Қоронғилик мени тарк этмайди. Ёлғизлик ҳам даф бўлмайди. Ёлғиз қолиш энди қўрқинчли эмас. Ҳатто уйга ўғри кирса ҳам пинагимни бузмайман.

Хафаман, лекин ёлғизлигим ишончлироқ.

Балки ярим қолгандирман, лекин сен сабаб бағри бутун бўлишдан воз кечдим. Ўзимни қандай бўлса, шундай қабул қилмоқчиман.

Уйдаги гулларни суғоришни унутма.

Унутмайсан, дея умид қиламан.

Ўзингни асра…


Ташлаб кетганларнинг
ҳам кўнгли ўксийдиган
вақт келади
Бу мувозанат
ҳеч қачон
бузилмаган.
Бузилмайди
Мавлоно Румий: «Эй жон, ғам чекма!
Тўғри бўлсанг, зарар кўрдим дема, билки,
яхшилар, албатта, ғолиб бўлурлар», – деган
Бунга ишон. Ишонч инсонни оёқда тутиб
турувчи энг буюк кучдир

ИШҚ ЎРТАЙДИ


Тонгда, кунда ҳеч гап йўқ, аммо қачонки, қоронғи тушса, инсонни ёлғизлик маҳв этади. Худди касаллик кечалари зўрайгани каби. Тунда ўзингни янада ёлғиз ҳис қиласан. Севганларинг ёдингга тушади, шунингдек, ёнингда бўлмаган кишилар…

Нега ёнимда эмас?

Ёлғиз қолиш бунчалар оғир?

Ҳаётга келиш сабабларини суриштириш керак эмас. Аллоҳ бизга ҳеч қачон тугамайдиган яшаш завқини берган. Хўш, унда ким ўламан, деб яшайди? Ҳеч ким… Ҳамиша бир умид, абадийлик бор… Бу ҳикоя қачондир тугайди. Тугаркан, одам ёнида, ҳеч бўлмаганда, кимдир бўлишини истайди. Абадийликка эришмоқнинг энг гўзал йўли шундай. Бобом ва бувим олтмиш йил бирга умр кўришди, бувимнинг вафотидан кейин ёлғиз қолдик. Вафот этган куни уйга келиб бобомга юзландим: «Олтмиш йиллик рафиқангиз эди, бир томчи кўз ёши тўкмадингиз, нега? Шунчаликмиди? Бир лаҳзада унутдингизми?»

Индамади…

Индамади…

Индамади…

Кейин дедики:

«Тошнинг юраги йўқ, лекин уни йўсинлар ўз қучоғига олади. Мени денгиздан чиқариб, қумлоқ соҳилга отдилар. Энди қум устида, офтоб тагидаман, менинг йўсиним кетди, фақат тош бўлиб қолдим. Мендан энди ҳис-туйғу кутманг».

Бу сўзлар менга катта сабоқ бўлди. Кимнидир яхши кўриш қанчалик бўлиши мумкин? Жаҳондаги энг буюк севгини ўшанда кўрган эдим. Бошимиздан кечирганларимиз ишқ эмас экан. Биз шунчаки ўрганиб қолганмиз.

Анчагача ўртанасан, охири кун келиб, кўникиб кетасан… Ҳа, шундай. Аммо бобом ўша куни мана шундай гаплари билан севги нима, ишқ нима – буларнинг ҳаммасини бир-икки жумла билан менга англатди-қўйди.

Қисқаси, ўша куни бобом дедики: «Ўлганга барибир, қолганга қийин…» Бувим, балки бу дунё азобларидан қутулган бўлса, қутулгандир, аммо у вафот этган кун биз учун жаҳаннамнинг илк куни бўлди.

Баъзан инсоннинг кўнгли яримта бўлиб қолади. Хуллас, ўша куни бобом том маъноси билан кўнгли кемтик бўлиб қолган эди.

Энди уйда мен бўлсам ҳам, бўлмасам ҳам, ҳатто ўнлаб киши бўлса ҳам, у ниҳоятда ёлғиз эди.

Инсон ҳақиқатан ҳам ярим бўлиб қолиши мумкинлигини ўша куни англадим.

Кошки бундай бўлмаса эди… Кошки мен ишқнинг, севгининг нима эканини бу тарзда билмасайдим…

Шунда бундай иш бошига тушган киши мактабда, кутубхонада ёки кўчада ўртанмаган бўларди. Аммо мен умримда биринчи марта бу иш бошимга тушганида ўртаниб ёндим.

Мен ҳам у каби бўлишни истар эдим. Мабодо кемтик бўлиб қолсам ҳам, олтмиш ёшгача ҳаётдан лаззатланиб яшашни истаган бўлардим. Кейин унга қовушадиган кунларни кутиш қолади.

Баъзан ишқ ўртар ва ишқ ўртовчидир…


ЎЗИНГНИ АСРА, ХЎПМИ?


Кетмоқ истайман; ҳамма нарсадан, ҳар кимдан… узоқларга. Балки ҳеч қайтмайдиган тарзда… Бирон ишни битиргач, охири қайтиб келасан-ку, мен ҳам шундайман. Ҳаммаси тамом бўлди, кетиш вақти етди. Бу ерда қолишимни тақозо этадиган севгилим, дўстим ёки оилам йўқ.

Балки борадиган жойимда уларнинг ҳаммаси бўлар. Масалан, дилимдаги гапларимни айтоладиган, бирга чойхўрлик қилиб, дардлашадиган, хотиржамлигим учун елиб-югурадиган, фақат ёмон кунларда эмас, ютуққа эришганимда – бахтиёр лаҳзаларимда ёнимда бўладиган, мендай хурсанд бўладиган бирор дўст топарман… Ҳеч бўлмаса «Қандайсан?» дея ҳол-аҳвол сўрайдиган, мени ўзига яқин оладиган бир дўст… Биласанми, «Қандайсан?» деган саволни кўпдан бери эшитганим йўқ…

Жуда бўлмаганда бир инсон «Қандайсан?» деса…

Мен ҳам унга тортинмай «Аҳволим ёмон», дея олсам…

Менимча, «Аҳволим ёмон» дейиш айб ва гуноҳ эмас. Айни пайтда «Аҳволим ёмон», дейишни истаяпман.

Бу ерда шунчалик узоқ қолиб кетдимки, «Аҳволим ёмон», дейишнинг ўзи мени бахтиёр қилади.

Умрим давомида тик боқиб, «Яхшиман» дейишдан шунчалик чарчадимки, асти сўрама, тушунтира олмайман.

«Яхшиман», дейиш менга малол келмоқда. Чунки аҳволим яхши эмас. Биласанми, мени тушунадиган биргина дўстим бўлганида ҳам дунёни ағдар-тўнтар қилиб ташлаган бўлардим. Биргина жон дўсти менга ғайрат бағишлаган, мени сафарбар қилган бўларди.

Майли, буларни қўйиб турай…

Энди ишқ тугаб-битганини, биров бировни севмаслигини биласанми-йўқми, билмайман. Мен эса кўпдан бери ҳеч кимни севмайдиган бўлдим. Мана шунақа, ёлғиз қолдим.

Сенга нисбатан ичимда илиқ туйғулар бўлган чоғи бу туйғуни бирга кучайтира олсайдик, балки қолишим учун бир баҳона топилган бўларди. Лекин энди нима учун, кимни деб қолмоғим мумкинлигини ҳам, ким учун курашишим кераклигини ҳам билмайман. Инсон ўзига ўзи бу саволни берганидаёқ жавоби тайёр бўлиши даркор. Акс ҳолда қолишдан ҳеч бир маъноси йўқ.

Ўз-ўзимча, ёлғиз яшасам, нимага эга бўламан? Ўзим гапириб, ўзим тинглаб ўтиравераманми?

Балки борган жойимда оила қуришим мумкиндир, лекин ҳеч ким бунга кафолат бера олмайди.

Йўл – кафолат эмас, ҳали амалга ошмаган бир ваъдадир, холос.

Аммо йўлда эканман, ўзим истагандай инсонни топсам, балки оила қурарман. Мана шу эҳтимолни кўзлаб юришнинг ўзи ҳаётни маъноли қилади.

Бўлмайдими? Менимча, бўлади…

Балки фарзандим ҳам бўлар.

Ўйлайманки, масаланинг моҳияти оиладан бошланади, севгисизлик билан йўғрилиб, ишончсизликка, ундан алоқага, дўстсиз қолишга олиб боради.

Муаммо нимада эканини топдим…

Лекин ҳануз ечим йўқ. Ўттиз бир йилдирки, шу ҳаводан нафас оламан, шу маҳаллада яшайман. Сен неча йилдан бери бу ердасан – билмайман, аммо мен ўттиз бир йилдирки, шу ердаман.

Заррача фойда кўрмадим, фойда кўришни ҳам истамадим. Чунки фойда кўрадиган бирон сабабнинг ўзи йўқ.

Сенга фақат шундай ваъда бераманки, қаерга кетсам, кетай, лекин ёзишдан воз кечмайман! Сўзлашмасак-да, сенга ёзаман ва қаерга кетсам кетай, бахтли бўламан.

Бу ерда ҳеч нарса қилмайман, бироқ ўша ерда, борган жойимда бахтли бўлиш учун қўлимдан келганини қиламан.

Балки оила қуриб, дунёни ўзгартириш учун ҳаракат қиларман. Ваҳоланки, мижозим суст ва мендан бола бўлмайди.

Майлига… Буни ким ҳам билиб ўтирибди…

Жаҳонда барча инсонлар ва ҳамма нарса ўзгарди, ривожланди, фақат мен олға юролмадим. Шундайми?

Ҳеч бўлмаса, арпа бўйи ўсмаганимдан кейин ўзимни жарга улоқтирганим янада яхшироқ.

Ҳаёт шуниси билан гўзал, борадиган жойимда бахт топаман. Агар топсам, албатта, сенга хабар бераман.

Сен ҳам келасан, хўпми? Вақт ўтиб бормоқда, айрилиқ они яқинлашмоқда. «Мени ҳам олиб кет» деганингни эшитяпман. Лекин сени олиб кетолмайман. Сен шу ернинг одамисан.

Таассуф, бу уйга кўчиб келганимда манави ойна шу ерда эди. Аммо сўз бераман, борган жойимда бахтли бўламан!

Мендан озмунча азоб кўрдингми?..

Ўзингни асра, хўпми?

Барчага тўғрисини айтасан, биламан.

Аммо баъзан одамларга яхши ёлғонлар сўйла, худди менга қилганингдай қилма!

Хафа бўламан.

Сени соғинишимни биламан, дўстим.

Ягона дўстим – ойнам…

Яхши қол.


МЕНИ КЕЧИР


Мени кечир…

Биламан, бориб турган аҳмоқман! Ҳалиги, ҳаммаси тамом бўлди, дейсан-у, аммо бунга ўзинг сабабчисан!..

Шунга ўхшаган бир гап-да…

Ҳа, ҳаммасига ўзим сабабчиман; одамни ранжитишни яхши кўрадиган ғирт аҳмоқман! Янада ёмони – олдингга бориб узр ҳам сўрамайман. Тентакларча бақрайиб туравераман, ўзи менга икки жумла хат ёзсин, дейман. Йўқ, агар бир жумла ёзса, дарҳол кўнглини оламан, агар қайсарлик қилса ва ёзмаса, унда менинг аҳволимни кўринг!.. Худди ҳозиргидек бўкиб ичаман, дод солиб йиғлайман. «Сен мени севган вақтингда туянинг думи ерга тегади», дейишади-ку. Худди шу тарзда ичимда тўлқинлар, бўронлар уфуради, уларни ўзимча узоқдан кузатиб ўтираман. Қимирлай олмайман.

Сен менга ўхшама! Агар хато қилган бўлсанг, ёнига бор. Агар вазият сен туфайли барбод бўлган бўлса, узр сўра. Акс ҳолда, кеч бўлиши, севган кишинг сендан воз кечиши мумкин, ҳатто бошқасини севиб, унга турмушга чиқиш эҳтимоли бор. Ундан кейин мен каби уларнинг нашъу намосинигина кузатасан, холос. Унинг ўрнида мен бўлишим мумкин эди, дейсан ўзингга. Кошки сўқир бўлсайдим, кошки кўрмасам эди, дейсан. Шу боисдан ҳаётда ҳамма нарсани ўз вақтида қилмоқ керак! Кеч қолмаслик, қалбингдаги туйғуларга қулоқ солишинг, туйғуларингни севганингга очиқ кўрсатишинг керак.

Хотининг билан жанжаллашган бўлсанг, бор, уни қучоқла, меҳрингни кўрсат. Севганларингдан узр сўра. Қўрқма, ҳеч нарса бўлмайди. Камайиб қолмайсан. Тамоман тескари бўлади, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Гоҳо сен лозим бўлган барча ишни қилган тақдирингда ҳам улар «йўқ» дейишлари, «сендан воз кечдик» дейишлари мумкин; унда вазият тамоман бошқача бўлади. Бундай ҳолларда четга чиқ, «Бўлди, лойиқ бўлган жазоимни олдим», дея иқрор бўл.

Аммо шундаям синаб кўр! Яхши кўрган одамингни йўқотишдан ёмони йўқ. Яхши кўрганларингни йўқотма. Чунки ёлғизлик ёмон. Севмоқ мушкул. Ишқ мушкул. Ҳаммаси қийин. Қара, мен севгилимни, дўстимни, онамни, неки борим бўлса – ҳаммасини йўқотдим… Яқинда ўзимни ҳам йўқотсам керак. Ўзимни йўқотадиган бўлсам, бу ишнинг охири нима бўлади – билмайман.

Соатлаб ўтириб ўйлайман – агар сен айбдор бўлсанг, ҳеч нарсага эга бўлолмайсан. Агар ранжитган одамларингнинг ўрнига бошқаларини келтира бошласанг, охир-оқибат ўзингни йўқотасан, фақат ўзингни… Бошқасини эмас! Шу боисдан оломон ичида бўлишдан кўра, ёнингдагилар билан бирга бўл, ёлғончилар билан эмас!

«Айбга буюрма!» дея оладиган даражада кучли бўлганингда одам бўласан ва дадил тарзда «шундайман», дея оласан. Шундай деган чоғингда ҳам сени хоҳламасалар, унда билганингдан қолма. Бор, бошқасини топ. Ана шунда кучли бўлишни ўрганасан. Чунки сен «мени кечир» дединг, аммо улар кибр қобиғидан чиқа олмай, сени хоҳламаган бўлишлари мумкин.

Сен шунчаки одам эмассан, сен бу ҳаётда энг муҳим инсонсан. Бунинг устига хатоларини тан олган, лозим бўлган ишни қилган, аммо жавоб тополмаган инсонсан. Нима бўлишидан қатъи назар, борсан, бор бўласан.

Афсус билан яшагандан кўра, яхшилик пешида бўл, шуниси авло!

Нималардандир чўчимоғинг мумкин. Яхши ниятда қилган ишларинг ёмон натижа беришидан ҳайиқишинг мумкин. Буни ҳаёт дейдилар, ҳар нарса бўлиши мумкин.

Лекин ҳеч нарса қилмай, уни бой бериб қўйишдан кўра, ҳаракат қил, шуниси янада яхши. Натижа ололмасанг ҳам, ғайрат қил, зиммангга тушган ишни бажар. Истамаса, омон бўлсин.

Айтганимдай, мен кўп ҳаракат қилдим, аммо бўлмади. Лекин «мени кечир», дея олмадим. Энди бундан пушаймонман. Сен мендай бўлма! Айт!

«Мени кечир!» дейишни эпла.

Ишон, ҳеч нарса йўқотмайсан ва балки йўқотдим, деб ўйлаган нарсангни қайтадан топасан.


ҲЕЧ КИМГА ИШОНМАЙМАН


Сен мени алдаганингдан сўнг дунё ўзгарди. Масалан, кимдир менга «ишон» дейди, мен эса куламан…

«Бекор гап, – дейман, – ўзим суянган, ортимдаги тоғим деган кишим мени алдади, сен ким бўпсан?» дейман. Кўряпсанми, ҳалиям сени мақтаяпман. Тоғ деяпман, сирим деяпман, хуллас, валдираяпман.

Биласанми, одамларнинг кўзига неча кунлаб тик қарай олмадим. Уялдим. Сен эмас, мен уялдим.

Сўрадилар: нима бўлди, дедилар; мени севмас экан, ҳаммаси ёлғон экан, бошқаси билан аҳди бор экан, дея олмадим…

Мен – нотавон, айта олмадим!

Чунки бориб турган аҳмоқман ва шу аҳмоқлигим учун ҳам ҳалигача сени ҳимоя қилмоқдаман.

Биласанми, атрофимда ҳеч ким мени алдаганингни билмайди, ҳатто онам ҳам.

Айтмайман, қўрқма. Қаддингни ғоз тутиб, юравер.

Сен учун кўп бора уялдим.

Лекин чидадим, қўрқма…

Натижа нима бўлди, биласанми? Аҳмоқман, бунинг устига ўтакетган аҳмоқ. Одам дегани алдаб кетган кишини ҳам севадими? Қара, севиши мумкин экан… Севишини бир чеккага қўйиб тур, таъна ҳам эшитар экан киши. Масалан, дўстларим «Сен унинг қадрини билмадинг, қандай яхши қиз эди, ўзинг аҳмоқсан», дейишди. Бу қанақаси? Адолатданми ахир? У бошқаси билан кетди, дея олмайман. Сен ёмон кўринма, дейман. Ҳалиям кўника олмаяпман.

Майли, парво қилма… Буларни сени уялтириш учун эмас, ортиқ мени қизиқтирмаслигингни айтиш учун ёзяпман.. Шуни унунтма!

Мени кутилмаганда ташлаб кетдинг. Қара, жиддий айтяпман, сенга Оскар мукофотини берсинлар. Чунки сени ҳимоя қилишдан, бировлардан асрашдан, мени айбдор деган одамлардан, ҳақиқатан, бездим, ўқчийдиган бўлдим. Бас!

Сен ютдинг, мен ютқаздим. Шу жойда бир нарсани сўрасам майлими? Бундан мамнунмисан?

Биласанми, яхшиям, бу дунё сен кабиларга қолгани йўқ.

Менга ҳар куни ишқий мактублар ёзган, сенсиз яшай олмайман дейдиган, бирга нонушта қиладиган, умр йўлдошим бўлган киши мени бу ҳолга келтиришини қайдан ҳам билай?

Ҳаммасини қўя турайлик, лекин одам ёқтирмаган кишиси билан қанақасига нонушта қилиши мумкин? Кўнгли ҳечам айнимайдими?

Қандай қилиб чойини ҳўплайди, нонига асал суриб ейди?

Аслида одам ёқтирмаган инсони ҳақда «Даф бўлсин, ўзи овқатланаверсин!» дейди-ку! У би лан бирга ўтира олмайди, у билан ўтириб маза қилолмайди!

Нега?

Бу жуда оддий ҳақиқат-ку! Сен шунчалик гўлмидинг?

Кўзларимга боқиб, виждонинг қийналмадими? Кошки оғайниларим бир вақтлар «Бу бўлмайди» деганларида ёки онам «Бундай қилма, ранжиб қоласан», деганида қулоқ солган бўлсам?!

Аммо ҳар кеча телефонини ўчиришдан олдин «сени севаман» дейдиган бир қизнинг хаёли бошқа ёқда эканини мен қаердан ҳам билай?

Маълум бўлдики, у телефонда сен билан эмас, ўзи билан ўзи сўзлашар экан…

Майли! Қара, қандай яхши бўлди. Ҳеч ким ўзига «Ўзимни севаман» демайди, деса ҳам кўп айтмайди…

Мен ҳар куни ўзимга ўзим «сени севаман» дейдиган бўлдим. Бунга сен сабабчисан, бунинг учун сенга ташаккурлар айтаман.

Қандай яхши ҳолат, шундай эмасми? Энди ҳаммаси яхши бўлади.

Ҳаммасидан кечганинг учун вақтинг чоғ бўлса керак, қилган ишингдан бахтиёр бўлгандирсан, дея умид қиламан.

Ҳозир мана шугина менга тасалли беради.

Қисқаси, мен учун дунё ўзгариб кетди.

Энди ҳеч кимга ишонмаслигим кераклигини ўргандим.

Сенга охирги айтар сўзим шу бўлсин:

Қайтиб бировнинг кўзига тик боқиб, нонингга асал сурма, уқдингми?

Ошиқлик –
жабрдийдалик
эмас

МЕНИ ҲЕЧ КИМ ТУШУНМАЙДИ


Ҳозир дардимни тушунтиришга ҳолим йўқ. Зотан, тушунтирсам ҳам, тушунмайдилар…

Сени ҳеч қачон тушунмайдиган кишига вазиятингни тушунтиришнинг ҳожати йўқ. Фақат чарчаганинг қолади. Боз устига қанчалик чарчашингни биласанми? Неча марталаб тушунтирганингдан кейин… Нима, мени ҳаракат қилмади, деб ўйлаяпсанми? Юзлаб марта уриндим. Мени тушундими? Йўқ, тушунмади. Йиғлаб кўрдим, тушунмади, бақириб кўрдим, етиб бормади, индамадим, англамади…

Тушунмади, мен ҳам тушунтиришдан воз кечдим. Энди мендан «Нима бўлди?» деб сўрашганида фақат шундай дейман: ҳеч гап йўқ!..

Ҳой валакисаланг, нега ҳеч гап йўқ, бўларкан? Бор-ку! Ўзимга ёлғон сўзлашдан чарчадим! Юзимга ниқоб тақишдан, ичимдаги саволларни босишдан чарчадим!

Катта масала бор – ҳеч ким мени тушунмайди…

Не қилганимни, не исташимни, севганимни асло билмайди, эшитишни ҳам хоҳламайди.

Чунончи, бахтсиз эканимни тушунтиришга ҳаракат қиламан, мен бахтсизман, дейман. Мен га бўлса, қўявер, ўтиб кетади, дейишади. Биров нима бўлди, деб сўрамайди ҳам.

Ўтиб кетармиш!

Балки чидасам, ҳақиқатан ҳам ўтиб кетармикан? Йўқ, ҳеч ўтиб кетганини кўрмадим. Сеники ўтиб кетдими?

Ҳар гал бахтим кемтик қолди, ҳар дафъа ярим йўлда қолдим. Сен ҳам ярим йўлда қолдингми?

Нима қилсанг қил, лекин бу ўтиб кетмайди. Бағрингни тиғлаб тураверади. Атрофимдаги одамларнинг бепарволиги боис устимга девор йиқилгандай бўлади. Лекин нима қиламан, биласанми? Мен ҳам энди бошқаларга бепарво бўламан. Улар ҳам бир билиб қўйсин!

Барчанинг дардига малҳам бўласан, аммо ҳеч ким сенга қайрилиб ҳам қарамайди. Энди қарасалар ҳам у ерда бўлишни истамайман. Бироз худбинлашдим, шекилли… Бепарво бўлдим, тамом-вассалом.

Зотан, ҳаётинг эътибор тортадиган даражадами? Ҳамма ўз ташвиши билан банд, ўз оламда яшайверади.

Биров бировга «Ҳолинг нима?» демайди. Деганида нима бўларди? Кейинги ўн йил ичида атрофида бахтли одам кўрган борми?

Ҳамма бахтсиз, ҳамманинг қаноти қирқилган, ҳаммада қандайдир етишмовчилик бор, ташвиш бор…

Кимдир келиб, ярасига малҳам қўймоқчи бўлса, одамлар буни ишқ деб ўйлайдилар. Севги шунақа бўлиши мумкинми?

Улар муҳтож, эҳтиёжи бор, холос.

Хўп деявер, сенинг ҳам, менинг ҳам севгига эҳтиёжимиз бор. Кимдир озгина меҳр кўрсатса борми, дарҳол «Севиб қолибди», деймиз. Одам дегани салгина меҳр-муҳаббат кўрсатиши, кулимсираши мумкин. Умидсизлик ниҳоятда ёмон, одамни маҳв қилади, ора йўлда қолдиради. Ора йўлда қолиб қарийверасан.

Азалдан кексайишдан қўрқар эдим. Энди қўрқмай қўйдим. Эртанги кун қандай бўлишига қизиқаман. Эртага нима бўлади? Ишга кетаркан, севиб қолармиканман ёки мени машина уриб кетармикан? Ташвишланма, иккаласи ҳам айни нарса… Машина уриб кетса ёки ошиқ бўлсанг, нима бўпти?.. Иккови ҳам сени надоматларга кўмади, соғлигингни емиради.

Ишқ енгиб ўтиладиган нарса бўлганида, менимча, майли дейишмасди. Нари тур, яқинлашиш айб, дея огоҳлантиришарди.

Аслида энди мен буни уларга тушунтирсам, ишқ яхши нарса, буни бошдан ўтказинг, ишқ уммонига ғарқ бўлинг десам, сенингча, мени тушунадиларми?

Тушунмайдилар.

Улар ишқни чиркин ҳолга келтирдилар…

Бизга эса ишқ жафосини тортиш қолди. Мен ва сен бизни тушунмасликларига маҳкуммиз.

Чунки нима десанг де, не сўйласанг, сўйла, оёқлари остига ўзингни ташла, «Сенга ошиқман!» дея ҳайқир – бефойда, барибир сени тушунмайдилар.

Тушунмайдилар, дўстим!

Тушунмайдилар…