Kitobni o'qish: «Ой ва сариқ чақа»
Биринчи боб
Чарлз Стрикленд билан танишган вақтимда, гапнинг ростини айтадиган бўлсам, унинг қандайдир фавқулодда одамлиги хаёлимга ҳам келмаганди. Эндиликда эса унинг улуғлигини бирор кимса инкор эта олмаса керак. Мен бу ўринда ном қозонган сиёсатдон ёхуд машҳур саркарданинг улуғлигини кўзда тутаётганим йўқ. Бу нарса кўпроқ одамнинг ўзига эмас, балки шарт-шароитга ва у яшайдиган маконга боғлиқ. Вазиятнинг ўзгариши туфайли унинг машҳурлиги кўпинча ўз-ўзидан қумга сингган сувдай йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас. Бош министр эгаллаган мансабисиз эзма мақтанчоққа, генерал эса армиясиз бор-йўғи маҳаллий аҳамиятга эга бўлган шерга айланади. Чарлз Стрикленднинг улуғлиги эса ҳақиқий улуғликдир. Сизга унинг санъати ёқмаслиги мумкин, лекин шунда ҳам лоқайд муносабатда бўлолмайсиз. У сизни қойил қолдиради, ўзига жалб этади. Уни мазах қилишган вақтлар орқада қолиб кетди. Санъаткорга хос нуқсонлар ҳам фазилатларига қўшимчадай туйилади. Тўғри, бу рассомнинг санъатдаги ўрни борасида ҳали-ҳануз баҳслар давом этмоқда, кўкларга кўтариб мақташ қанчалик асоссиз бўлса, уни қораловчилар ҳам, унга менсимай муносабатда бўлувчилар ҳам шунчалик асоссиздирлар. Унинг асарлари даҳонинг ижодиёти эканлиги – шубҳасиз. Санъатдаги энг муҳим нарса деб, ижодкор шахсиятини тушунаман, агар у оригинал бўлса, барча нуқсонларини кечиришга тайёрман. Веласкес рассом сифатида, эҳтимол, Эл Грекодан юқорироқ бўлгандир. Лекин унинг асарларига кўникиб қоламиз-да, эҳтиросли ва ўз қалбининг мангу фидойилигини кўрсатган дурдоналарини унчалик ҳам қадрлайвермаймиз. Рассом, шоир ёки созанда ўзининг кўтаринки ва улуғвор санъати билан эстетик туйғунинг эҳтиёжини қондиради, лекин бу қониқиш жинсий инстинктга ўхшаб кетади. Унинг сири бамисоли саргузашт романлардай кишини ўзига тортади. Бу худди коинот сирларидай англаб бўлмас жумбоқдир. Стрикленднинг энг арзимасдай туйиладиган асарлари ҳам рассомнинг ўзига хос, мураккаб, азоб-уқубатлар билан тўла шахсияти тўғрисида кўп нарсаларни айта олади. Улар ҳатто рассомнинг асарларини хушлайвермайдиган одамларни ҳам бефарқ қолдирмайди, унинг ҳаёти, характерининг ўзига хос томонларига қизиқиш уйғотади.
Стрикленд вафотининг тўрт йиллиги арафасида Морис Гюренинг «Меркюр де Франс»да эълон қилинган мақоласи бу рассомни унутилиб кетишдан сақлаб қолди. Кўпгина таниқли адабиётчилар Гюре очган сўқмоқдан юришди. Анча вақтгача Францияда бирорта танқидчининг рассом ҳақидаги фикрларига унчалик қўшилишмади. Аксинча, уларнинг фикрлари ғалати туйилди. Лекин кейинроқ майдонга келган ишлар Гюренинг ҳақлигини кўрсатди. Шу маънода Чарлз Стрикленднинг шуҳрати француз қўйган пойдеворга асосланади, деб бемалол айтиш мумкин. Бу шуҳрат санъат тарихидаги энг романтик эпизодлардан биридир. Лекин мен Чарлз Стрикленд санъатини таҳлил қилмоқчи эмасман, унинг шахсиятини очадиган қирралари тўғрисидагина тўхталмоқчиман. Санъатнинг ўзига хос хусусиятларини билмайдиган одамлар рассомчиликда муқаррар равишда ҳеч нарсанинг фаҳмига боришмайди ва шу боисдан бундай асарларни миқ этмай томоша қилганлари маъқул, деб фикр юритадиган рассомларга қўшила олмайман. Санъатга ҳунар деб қараш, уни фақат ҳунарманд одамларгина тушунади, дейиш тамомила хатодир. Санъат туйғуларни намойиш этиш шакли, туйғу эса ҳамма тушунадиган тилда ифодаланади. Санъат технологиясини амалий жиҳатдан унчалик тушунмайдиган танқидчилик эса ҳеч қачон салмоқлироқ гап айта олмайди, деган фикрга қўшиламан. Ўзимнинг эса рассомчилик соҳасида ҳеч нарсага ақлим етмайди. Бахтимга бундай хатарли саргузаштни бошлашнинг зарурияти ҳам йўқ. Зеро, менинг дўстим, иқтидорли рассом ва адиб жаноб Эдуард Леггат ўзининг мўъжазгина китобида Стрикленд ижодини муфассал таҳлил этган. Мазкур китоб Англияга қараганда Францияда кўпроқ муваффақият қозонган ва мен уни санъат асарларини нозик ҳис этиш ва назокатли услубда ёзишнинг ажойиб намунаси, деган бўлардим.
Морис Гюре ўзининг машҳур мақоласида кенг оммада қизиқиш ва иштиёқ уйғотиш учун Стрикленднинг ҳаётий йўли тўғрисида мароқ билан ҳикоя қилади. Санъатни юксак эҳтирос билан севган Гюре чинакам, фавқулодда қобилиятнинг қадрига етадиганлар эътиборини ўзига қаратишга ҳаракат қилди. Ажойиб журналист бўлганлиги туфайли мақсадга тезроқ эришиш учун одамларни қизиқтира олди. Стрикленд билан қачонлардир учрашган, у Лондонда истиқомат қилган пайтидан биладиган ёзувчилар унинг бу қадар машҳур бўлиб кетишини кутмагандилар. Монмантрда улар билан ёнма-ён ўтирган рассомлар – омадсиз ва шунчаки бир сураткаш, деб юрган одамлар чинакам даҳо рассом бўлиб чиққанидан беҳад ҳайратланардилар. Франция ва Америкадаги журналларда рассом тўғрисидаги мақолалар бодраб чиқди. Улардаги хотира ва мақтовлар худди оловга керосин сепгандек омманинг рассомга қизиқишини янада авж олдирарди. Тиришқоқ Вейбрехт-Ротголтс ўзининг салмоқли монографиясида Стрикленд тўғрисида фикр билдирилган ишларнинг узундан-узоқ рўйхатини келтиради.
Инсон табиатида афсоналар тўқишга иштиёқ кучли бўлади. Шунинг учун ҳам одамлар ўзларига ўхшаган кишиларнинг ҳаёти тўғрисида ҳаммани ҳайрон қолдирадиган ва сирли ҳикоялар тўқишга интилишади. Кейинчалик ўзлари ўйлаб топишган афсоналарга ўзлари ҳам ишониб қолишади. Бу ўртамиёна ҳаётга қарши романтиканинг исёнидир.
Ҳаёти тўғрисида афсоналар тўқилган одам эса мангуликка дахлдор бўлиб қолади. Ҳазилкаш файласуф, жаноб Уолтер Рели инсоният тамомила янги жойларга инглиз байроғини тикканини эмас, балки маликанинг оёқлари остига ёмғирпўшини ташлаган вақтни эҳтиром билан эслайди, деб кулган эди. Чарлз Стрикленд хилватда ҳаёт кечирганди. Унинг дўстларидан душманлари кўпроқ эди. Шунинг учун рассом ҳақида фикр билдирганлар ўзларининг узуқ-юлуқ хотиралари ёнига турли-туман тўқималар қўшганлар. Ҳолбуки, рассом тўғрисида биладиган ўша нарсалари ижодкор шахсиятини романтик тарзда ҳикоя қилиш имконини берарди. Унинг ҳаётидаги жуда кўп нарсалар ғалати ва қўрқинчли эди, қиёфаси доимо жазавага тушган ҳолатда бўларди. Қисмат унинг бошига ғоят оғир кўргиликларни ёғдирганди. У тўғрисидаги афсоналар шу қадар кенг ёйилиб кетдики, ақли расо тарихчи ҳеч қачон унга суянишни ўзига раво кўрмайди.
Лекин тақводор Роберт Стрикленд тарихчи эмасди. У, чамаси, ўз отасининг таржимаи ҳолини, тарқалиб кетган баъзи ноаниқликларни тушунтириш, атрофидаги кишиларга кўп изтироблар келтирган тафсилотларни изоҳлаш учун ёзган кўринади. Албатта, мазкур китобда ҳикоя қилинган жуда кўп нарсалар мўътабар хонадонни хижолатда қолдирди. Стрикленд – ўғилнинг асарини ўқиб мен роса кулдим. У ғоятда зерикарли ва саёз ёзилганлигига ҳам хурсанд бўлдим. Роберт Стрикленд ўз асарида рассомни ғамхўр эр ва ота, оқкўнгил, меҳнатсевар ва юксак ахлоқли одам сифатида тасвирлаганди. Ҳозирги даврда черков хизматчиси бўлган муаллиф матнни таҳлил этиш борасида маҳорат кўрсатади. Руҳоний Стрикленд отаси ҳаётидаги барча фактларни ҳурматли ўғилнинг манфаатларига мослаштирган, келажакда черков ҳаётида юқори мартабаларга эришишига ёрдам берадиган қилиб ўзгартирган. Мен хаёлан уни йўғон гавдасига руҳонийлар кийимини кийиб олган ҳолда тасаввур қилдим. Ҳайиқмай амалга оширилаётган бу иш ғоят хатарли эди. Янги афсона ота шуҳратининг ошишига олиб келди. Зеро, рассом шахсияти туфайли Стрикленд санъатидан шу вақтгача кўнгли тўлмаганлар ҳам йўқ эмасди. Унинг ўлимига баъзилар куйинишди. Ўғилнинг яхши ният билан қилган ҳаракатлари ғалати бир тарзда отасининг ихлосмандлар кўнглини анча совитди. Стрикленднинг энг яхши асарларидан бири бўлган «Самариялик хоним» рассомнинг янги таржимаи ҳоли туфайли бошланган баҳсдан кейин, бундан тўққиз ой олдин таниқли коллекционер сотиб олган нархдан 235 фунтга арзонлашгани тасодифий эмасди. Тез орада коллекционер вафот этгач, бу расм кимошди савдосига чиқариб юборилди.
Эҳтимол, Стрикленд санъатига ўзига хослик ва ўта жозибадорлик етишмас. Агар фалсафа доктори Вейтбрехт-Ротголтснинг китоби ўз вақтида чиқмаганда, балки санъат шинавандалари рассом асарлари ҳақидаги барча шубҳаю гумонлари тарқамаган бўлармиди?!
Доктор Вейтбрехт-Ротголтс инсон зотининг бутун туриш-турмуши залолатдан иборатдир, деган ақидага риоя қилувчи тарихчилар мактабига мансубдир. Албатта, бу мактаб намояндаларини фавқулодда ва романтикага мойил одамларни ҳиммат эгалари ҳамда намуна сифатида кўрсатишни афзал билувчиларга қараганда китобхонлар кўпроқ маъқуллайдилар. Масалан, мен Антоний билан Клеопатрани фақат моддий манфаатларгина бирлаштиргудай бўлса, жуда хафа бўлардим. Тўғри, Тиберий қирол Георг В га қараганда яхшироқ ҳокими мутлақ бўлганлигига ишонишим учун фавқулодда далиллар керак бўлди.
Доктор Вейтбрехт-Ротголтс яхши ниятлар билан таржимаи ҳол ёзган Роберт Стриклендни шундай иборалар билан таъзирини бердики, руҳонийга беихтиёр раҳмингиз келади. Унинг назокатини муғомбирлик, мужмал мулоҳазаларини қип-қизил алдамчилик, атайин индамай ўтилган жойларни хоинлик, деб атади. Бошқа ёзувчилар учун кечириш мумкин бўлмаган, аммо ўғли бўлганлиги туфайли кўз юмиладиган ҳақиқатдан чекинилган жойларни риёкорлик, тентаклик, оҳанжамалик, маккорлик, деб баҳолади. Шахсан ўзим жаноб Стрикленд отаси билан онаси орасидаги келишмовчиликлар тўғрисидаги овозаларни инкор этиш учун Чарлз Стрикленднинг Париждан юборган хатидаги «ҳурматга сазовор аёл» деган иборасини келтирганда шошқалоқликка йўл қўйган, деб ҳисоблайман. Чунки доктор Вейтбрехт-Ротголтс хатнинг асл нусхасини топиб, ундаги очиқ-ойдин ёзиб қўйилган «Хотинимни жин урсин. У ҳурматли аёл. Лекин мен уни аллақачон дўзахда бўлишини афзал билардим» деган сўзларини эълон қилади. Шуни айтиш керакки, ўша вақтларда катта нуфузга эга бўлган черков бундай мулоҳазаларга, табиийки, ола қараган.
Доктор Вейтбрехт Чарлз Стрикленднинг оташин мухлиси эди, шу туфайли ҳам у барча воситалар билан рассомни қоралайди, дейишга ўқувчиларда асос йўқ. Бундан ташқари, доктор ғоят олижаноб кўринаётган ҳаракатлар тагидаги оқимни бехато сеза оларди. Психопатолог, шу билан бирга, санъатшунос бўлган бу олим онг ости дунёсидан ҳам яхшигина хабардор эди. Бирорта мутасаввуф оддий нарсалар заминидаги яширин маънони ундан яхшироқ англаб етмоғи амримаҳол эди. Мутасаввуф айтилмаган нарсаларни кўра олади, психопатолог эса гапирилмаган нарсаларни ҳам била олади. Олим муаллиф ўз қаҳрамонини таҳқирлаши мумкин бўлган ҳар бир тафсилотни иштиёқ билан ҳикоя қилганини кузатиш мароқли эди. У қаҳрамонининг шафқатсизлиги ва пасткашлигига мисол бўла оладиган бирор ҳолатни топганида худди даҳрийни гулханга ташлаган инквизитор қозисидай хурсандчиликдан энтикади. Муаллифнинг тиришқоқлигига қойил қолса арзийди. Рассом ҳаётига оид арзир-арзимас барча тафсилот ҳам унинг назаридан соқит бўлмаган. Биз бу асар орқали ҳаттоки Чарлз Стрикленд кирхона ҳисоб-китоб дафтарчасига тўлаган-тўламаганигача билиб оламиз. Демак, муаллифнинг назаридан рассом ҳаётининг икир-чикир тафсилотлари ҳам четда қолмаган.
Иккинчи боб
Чарлз Стрикленд тўғрисида шу қадар кўп нарса ёзилганки, менинг ҳам у ҳақида бирон нима қоралашим жоизмикин, деб ўйлаб қолдим. Унинг ўз асарлари рассомга қўйилган ҳайкалдир. Шу нарса ростки, мен уни бошқаларга қараганда яқиндан биламан. Илк маротаба уни рассом бўлмасидан илгарироқ кўрганман. Парижда ночор ҳаёт кечирган пайтларида ҳам тез-тез кўриб турардим. Шундай бўлишига қарамасдан, уруш тасодифлари туфайли қисмат мени Таитига улоқтириб ташламаганда ҳеч қачон у тўғрисида ёзмаган бўлардим. Маълумки, рассом ҳаётининг охирги йилларини ўша жойларда ўтказган. Мен Таитида уни яқиндан билган бир қанча одамлар билан танишдим. Шундай қилиб, менда ҳозиргача нисбатан унинг мавҳумроқ бўлиб қолаётган фожиали ҳаётининг ўша даврини маълум даражада ойдинлаштириш имконияти туғилди. Агар кўпчилик ҳисоблаганидек, Стрикленд чиндан ҳам улуғ рассом бўлса, у билан деярли ҳар куни кўришиб турган одамларнинг фикрини эшитиш қизиқарлидир. Тўғрисини айтсам, бундай изоҳларга зарурият бормикин ўзи! Кимлиги хотирамда йўқ-ку, аммо қайсидир донишманд одамлар руҳий мувозанатларини сақлаб туришлари учун кунига икки мартадан ўзлари ёқтирмаган ишни бажариб туришлари лозим, деган экан. Шахсан мен бу топшириқни аниқ бажаряпман, ҳар куни ўрнимдан тураман ва ҳар куни ўрнимга ётаман. Табиатан тарки дунёчиликка мойилроқ одам бўлганим учун ҳар ҳафтада ўзимни яна бундан ҳам оғирроқ азобни бажаришга мажбур этаман – «Тimes» адабий иловасини ўқийман. Сон-саноқсиз чиқаётган бундай китобларнинг қайси бирлари яшаб қоларкин, муваффақият қозонаркин? Агар муваффақият қозонса ҳам узоққа бормаса керак. Бундай китобларнинг муаллифи тасодифий ўқувчини бирор соат овунтириш, сафарга отланганларни йўлдаги зерикишдан қутқариш учун қандай изтиробларни бошдан кечирганию қанча тажрибалар ўтказгани ёлғиз Оллоҳга аён. Агар бундай асарларга ёзилган тақризларга қараб мулоҳаза юритилгудай бўлса, уларнинг аксарияти яхши ёзилган, уларда жуда яхши фикрлар ифодаланган, баъзилари эса бутун умр мобайнида қилинган меҳнатнинг натижаси. Айтилганлардан шундай хулосага келаманки, ёзувчи фақат иш жараёнида юк бўлиб турган фикрларидан қутулгани учунгина таскин топгани, асар тўғрисидаги яхши ва ёмон гапларга ҳам, унинг муваффақияти ёки муваффақиятсизлигига ҳам бепарво бўлиб қолгани маъқул. Лекин уруш бошланиши одамлар орасида янгича муносабатлар ҳам пайдо бўлди. Ёшлар бизнинг давримизда тилга олинмайдиган маъбудга сиғина бошлашди. Биздан кейинги авлод қайси йўлдан кетиши эндиликда маълум бўлиб қолди. Тиниб-тинчимас ва ўз кучини биладиган ёш авлод эшикни чертиб ўтирмайди, тўғридан-тўғри уйга кириб ўрнимизга ўтиради қўяди. Уларнинг қийқириғидан ҳамма ёқ ларзага келади. Кексалар ёшларнинг қилиқларига тақлид қилишиб, ҳали даврлари ўтмаганлигига ўзларини ишонтирмоқчи бўлишади. Улар ёшлар билан бирга жўровоз бўлишга интилишади, лекин уларнинг оғизларидан жанговар ҳайқириқ эмас, мунгли нола чиқади. Улар пардоз билан ўзларининг аввалги ёшликларини қайтармоқчи бўлган кекса сатангларни эслатади. Эслироқлари эса қадр-қимматларини билган ҳолда ўз йўлларидан оғишмай кетаверадилар. Уларнинг истеҳзоли табассумларида бир вақтлар бизлар ҳам худди сизлардек эдик, тез орада сизлар ҳам ўз ўрнингизни янги авлодга бўшатиб берасизлар, деган маънони уқиш мумкин бўлади. Ҳеч қачон сўнгги сўз айтилмайди. Ниневия шон-шуҳратга кўмилган пайтда бошқа кўпгина жойлар таназзулга юз тутаётганди. Гапираётганларга худди янгидай туйилаётган сўзлар кўпинча бошқалар томонидан худди ўша оҳангларда юзларча маротаба айтилган бўлади. Маятник орқага ва олдинга тебраниб туради. Ҳаракат муқаррар равишда доира бўйлаб содир бўлади. Баъзан одам ўз давридан нарироқ ўтиб, ўзга даврларда ҳам яшайди. Эндиликда Жорж Краббни ким эслайди? У ўз даврида ўта машҳур эди, ҳамма даҳо сифатида тан олганди. У Александр Попнинг шогирди бўлиб, маснавий йўсиндаги ахлоқий ҳикоялар ёзарди. Лекин Францияда революция рўй берди, кейин Наполеон урушлари бошланди, шоирлар янги қўшиқлар айтишга тушишди. Крабб эса маснавий усулидаги ахлоқий ҳикоялар ёзишда давом этди. Айтиш мумкинки, у дунёни ағдар-тўнтар қилиб юборган ўспиринларнинг шеърларини ўқирди ва буларни сафсата, деб ҳисобларди. Албатта, бу шеърлардаги жуда кўп гаплар ҳақиқатга тўғри келмасди. Лекин Китс ва Вордсворт қасидалари, Колрижнинг қатор достонлари, айниқса, Шелли асарлари башариятга руҳнинг ҳали номаълум жиҳатларини кашф этди. Жаноб Крабб ўлгудай тентак эди, у ҳамон маснавий йўлида дидактик тарихларни ёзишда давом этди. Мен гоҳида ёшлар ижодини ўқиб тураман. Эҳтимол, жўшқин Китс ва кўтаринки руҳдаги Шелли инсоният асрлар мобайнида эсда тутадиган янги ижод намуналарини эълон қилишгандир. Билмадим… Улар ўз қаламлари остидан чиқаётган асарлар устида заргарона ҳафсала билан ишлашларига қойил қоламан. Услубларининг мукаммаллигига ҳайратланаман. Лекин уларнинг сўз бойликлари (чамаси, улар болаликларида Роженинг «Луғат»ини роса ўқишган бўлса керак) менга ҳеч нарсани англатмайди. Назаримда, улар ҳаддан ташқари кўп нарса билишадигандай, лекин буларни юзакироқ ҳис этишадигандай туйилди. Елкамга қоқиб самимий эркалатишларини ҳам, ҳаяжондан кўкрагимга ўзларини ташлашларини ҳам ёқтирмайман. Уларнинг эҳтирослари менга жуда мажмағил, орзулари эса мароқсиз туйилди. Мен уларни ёқтирмайман. Чунки мен бошқа давр одамиман. Мен ҳамон маснавий шаклидаги дидактик тарихларимни битавераман. Лекин буларни фақат ўзимни овутиш учунгина қилганимда тентак бўлар эдим.
Учинчи боб
Буларнинг барчаси шунчаки айтилган гаплар. Биринчи китобимни ёзганимда жуда ёш эдим. Бахтли тасодиф туфайлигина у эътибор қозонди, турли одамлар мен билан танишиш йўлларини қидира бошлашди. Лондон адабий оламига кириб келган тўғрисидаги маъюс хотираларга бериламан. Мен анчадан бери Лондонда бўлганим йўқ. Агар романларда унинг ўзига хос белгилари тўғри тасвирланаётган бўлса, у ердаги жуда кўп нарсалар ўзгариб кетган. Адабий ҳаёт қайнайдиган жойлар ҳам ўзгарган. Илгариги Хампстед, Ноттинг-Хиллгейт, Хай-стрит ва Кенсингтон сингари адабий марказлар ўз ўрнини Челси ва Блумсберига бўшатиб берган. Ўша вақтларда қирқ ёшдан кичик ёзувчилар одамлар эътиборида бўларди, эндиликда йигирма бешдан ошган ёзувчилар кулгили туйилади. У пайтларда биз ўз туйғуларимиздан уялардик, бошқаларга кулгили кўринмаслик учун ўзимизга ишонч туйғусини чеклаб турардик. Ўша вақтлардаги зиёлилар ахлоқий қадриятлар учун қанчалик ғамхўрлик қилишганини унчалик билмадим-у, лекин ҳар ҳолда бу нарсалар ҳозиргидек айқаш-уйқаш бўлиб кетмаганди. Ўйламай иш қилишимизни индамаслик пардаси билан беркитсак-да, ўзимизни «иккиюзламачи» дея олмасдик. Нарсаларни ўз номи билан аташ, тўғрисини айтиш бизда мажбурий ҳисобланмасди, аёллар эса у пайтларда мустақил ҳаёт кечиришга ўрганишмаганди. Мен Виктория вокзалидан унча узоқ бўлмаган жойда яшардим, илтифотли адабиётчилар ҳузурига извошда меҳмонга бориб турардим. Ўзимда журъат топиб қўнғироқчани босгунимгача кўча бўйлаб у ёқдан бу ёққа анча вақтгача бориб келардим. Сўнг қўрқув ва ҳаяжондан юрагимни ҳовучлаб, одамлар билан лиқ тўлиб кетган диққинафас хонага кирардим. Улар мени гоҳ у, гоҳ бу машҳур ёзувчига таништиришарди. Улардан ўз китобим тўғрисида мақтов гапларни эшитганимда бутун аъзойи баданим қизиб кетарди. Суҳбатдошларим мендан ўткир гаплар кутишаётганини ҳис этиб турардим. Лекин бунақа гаплар ўтириш тугагандан кейингина хаёлимга келарди. Тортинчоқлигимни яшириш учун зўр бериб ёнимдагиларга чой ва кесиб қўйилган бутербродларни узатаверардим. Мен иложи борича кўзга ташланмасликка ва бу улуғ одамларни бамайлихотир кузатиш, ақлли гапларини тинглашга ҳаракат қилардим. Бу ўтиришлардаги барваста бўйли, жиддий, қиррабурун, одамга еб қўйгудай тикиладиган хонимлар эсимда қолган. Мен худди сеҳрлангандай уларнинг қўлқопларини ечмасдан қовурилган нонни ютоқиб ейишаётганини, кейин эса бармоқларини гўё биров кўрмаётгандай стулларга артишаётганини кўриб турардим. Бу ҳолат, табиийки, мебель учун яхши эмас, лекин ўйлашимча, хонадон соҳибаси бунинг жавобини уларникига меҳмонга борганда икки ҳисса қилиб қайтаради. Хонимларнинг баъзилари сўнгги урф бўйича кийинишарди, роман ёзадиган одамлар бўлишгани учун қўғирчоққа ўхшаб юришни истамасликларини айтишарди. Агар қоматинг расо бўлса, уни кўз-кўз қилишга интил, ингичка оёққа кийилган чиройли туфли бирор ноширга сенинг «маҳсулот»ингни сотиб олишга халақит бермайди. Бошқалари, аксинча, бундай қарашни «енгилтаклик» деб баҳолашар, бошқачароқ кийинишар ва турли-туман безакларни тақиб юришарди. Эркаклар эса одатда сипо кийинишарди. Улар дунёвий одамларга ўхшаб кўринишга интилишар, кўрганлар уларни нуфузли фирмаларнинг бошлиқлари, деб ўйлашлари ҳеч гап эмасди. Кўринишлари эса ҳар доим ҳорғин эди. Мен шу вақтгача ҳеч қачон ёзувчиларни кўрмагандим, шунинг учун улар жуда ғалати, ҳатто қандайдир сохтага ўхшаб туйиларди. Уларнинг гапларини қойилмақом деб билардим, ўзларига салгина қарши чиққан ҳамкасаба қаламкашларни дарҳол ҳақорат қилиб ташлашларини эшитиб ҳайрон қолардим. Башанг кийинган адабиёт ва санъат кишиларининг дўстлари уларнинг мазах қилишларига ўзларининг кўринишлари ва характерлари билангина эмас, балки асарлари билан ҳам асос берадилар. Мен ҳеч қачон ўз фикрларимни уларга ўхшаб гўзал ва осонгина ифодалай олмасам керак, деб ишонардим. Ўша вақтларда сўзлаш, нутқни «санъат» деб билишарди. Ўрнида топилган жавоб жуда юқори баҳоланарди. Чиройли айтилган пиграмма ўтиришларни жонлантириб юборарди. Бахтга қарши мен сўздаги бундай мушакбозликлардан бирортасини эслаб қолмаганман. Лекин, назаримда, касбимизнинг тижорат билан боғлиқ томонлари тўғрисида гап кетганда суҳбат янада қизирди. Янги пайдо бўлган китобни муҳокама қилаётганимизда, табиийки, биз унинг қанча нусхаси тарқалгани, муаллиф қанча ҳақ олгани, китоб унга яна қанча даромад келтириши тўғрисида сўзлардик. Кейин муқаррар равишда ноширлар тўғрисида гап кетарди, бир ноширнинг сахийлиги иккинчисига қарама-қарши қўйиларди. Уларнинг қайси бири билан ҳамкорлик қилиш, қай бири қалам ҳақига зиқналик қилмаслиги ёки ҳар қандай асарни ҳам ўтказа олиши ҳақида сўзлашардик. Баъзи ноширлар замонавий асарларга, бошқалари эса эски услубдаги ижод намуналарига ўчлигини таъкидлардик. Кейин гап биз учун буюртмалар ундирадиган комиссионерлар, газета муҳаррирлари, уларга зарур мақолалар, мингта сўзга ким қанча тўлаши, тўлаганда ҳам ўз вақтида тўлайдими ёхуд кечиктириб юборадими, сингари масалаларга келиб тақаларди. Буларнинг барчаси менга ғоят романтик туйиларди. Мен ўзимни қандайдир яширин ҳамкорликнинг аъзосидай ҳис этардим.