Faqat Litresda o'qing

Kitobni fayl sifatida yuklab bo'lmaydi, lekin bizning ilovamizda yoki veb-saytda onlayn o'qilishi mumkin.

Kitobni o'qish: «Муроса илми. Ҳадислар талқини. 2-китоб»

Shrift:

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим!
Биз замонга муносибмизми?

Аллоҳ таоло айтади:

“Одам боласи менга замондан нолиб озор беради. Бирортангиз замондан нолиманглар. Чунки мен замон эгасиман. Кечаси ва кундузини айлантириб тураман. Агар хоҳласам тўхтатаман”.

Ҳадиси қудсий

Оилада битта ичувчи бўлса, хонадондан мувозанат кетди деяверинг: онанинг қон босими ошган, болалар ҳуркак, унинг устига ҳамиша хомуш юрувчи онасидан ширин сўз ва ардоқ эшитолмай юраклари армонли. Бутун оиланинг уйқусида, байрамларида ҳаловат йўқ, дастурхонда емак етарли, лекин ҳеч ким яйраб овқатланмайди. Қўшниларни айтмайсизми, ора кунда таъблари тирриқ – деворнинг орқасидан келаётган садоларга бу ёқда туриб булар пўст ташлайдилар… Шу муҳит мазкур оила учун уларнинг кўз очиб кўрган дунёси, авжи навжувон пайтлари, болалиги, ёшлиги ўтиб бораётган замон ва маконидир. Биродар, бундай оилалар кам дейсизми? Бундай оилалардан чиқаётган жисман ва маънан носоғлом одамларнинг жамиятга берадиган таъсири ҳақида бир ўйлаб кўринг.

Таксида кетяпман. Орқа ўриндиқдаги ўттиз ёшлар чамасидаги йигит ҳайдовчига “дардини” тўкиб борарди: “СССР бекорга парчаландида, ишимиз тайин эди, ойлигимиз тайин эди…” Юрагим ғижимланди. “Ўғлим, – дейман аста, – қай йўл билан бўлса ҳам қорнинг тўйса бўлдими? Ватан сеники бўлса-ю, бегона келиб эгалласа, сени ўз юртингда ўз фойдасига ишлатса, даромад уники бўлса, конларингни, захираларингни ташиб кетса майли-ю, фақат емак бериб турса бўлди экан-да, а?! Биз кетиб боряпмиз, орқамизда қоладиганларнинг биттаси сен. Ўлигимизни-ю тиригимизнинг эгалари сизсиз! Лекин сенинг шу қарашларинг бор экан, мен ўлолмайман, болам! Тузукроқ пул берса, ёғлиқ иш берса, бу ватанга, сени-ю менинг минг авлодим кўмилган мозористонга яна бир бегона қўл чўзилса қараб тургудай бўлсанг қандоқ қиламан?! Юртимиз бегоналарнинг кўзини куйдиряптими, демак оҳанрабоси бор-мағзи қиммат, бу буюк мушаррафлик! Биринчи навбатда, турган гапки, унинг эгаси бўлмиш – сен унга ярашиб туришинг керак. Феъл-атворинг юртингга муносиб, ундан-да кўркамроқ бўлиши керак. Жон чекмасанг жонона қайда, сен ўрни келганда шу юрт ўғлони бўлиб жонингни куйдур, қаймоғини ҳам ўзинг яла, роҳатини ҳам ўзинг кўр, бизнинг тилагимиз шу, болам! Чор Россияси Фарғона шаҳрида бир боғ бино қилибди, унинг дарвозасида эса “Итлар ва сартларга кириш ман қилинади” деган ёзув осиғлиқ турар экан. Хўш, болажоним, бунга нима дейсан, бу гап юрагингни оғритдими, йўқми?! Ана сенга сартнинг тупроғида унинг нонини еб туриб, сартнинг боғида елпиниб ўтириб, сартнинг юзига қараб айтилаётган бегонанинг гапи! Билиб қўй, тайинли одамлардан фарзандларига, айниқса, ўғил болаларига иккита нарса мерос ва васият бўлиб қолади: бу ВАТАН ва ОРИЯТдир! Мана шу икки нарсани тишида тишлаб сақлайдиган фарзанднинг қўлида ўлиш ота-она учун шарафдир, болам!”…

Ҳайдовчи иймонли йигит экан, машинани аллақачон четга олиб тўхтатиб, суҳбатга астойдил қулоқ солиб ўтирарди. “Мен ҳам унақа демоқчимасдим, қийинчилик жондан ўтгач айтяпман-да”, – дея минғирлади ҳалиги йигит…

Мана шундай қалби ухлоқ ёшлар ва уларни уйғота билмаган, ўзи ҳам ғафлатда бўлган отаоналар оз деб ўйлайсизми? Улардан атрофга етадиган зарарни бир ҳисоблаб кўринг-чи! Нега солиҳ фарзанд ўстирганга жаннат ваъда қилинади? Чунки эртанги кунимизнинг қутбаракали бўлиши, бехавотирлиги зурриётларимизга боғлиқдир.

Ёзувчи кўрган-кечирганларини ёзади. Юраги шилинганда, тилинганда, қонаганда ёзади, мана ўзим дуч келган бир воқеа: бир домла талабаларнинг каттасини чақириб, бир қоп пиёз эвазига гуруҳга баҳо қўйиб беражагини айтибди. Бироз ўтгач, талабани яна чақириб, оқ пиёз олишни тайинлабди. Бирор соатдан кейин яна келиб, пиёз танлашга бозорга ўзи боражагини айтибди! Тасаввур қилинг, у қандай қилиб бозорга талабани ёнига олиб кира олди? Талаба пул санаётганда у бетини, шу уятсиз афтини қаерга яшириб турди? Бу домла ўғри бўлса, товламачи бўлса майли эди. Ахир у китоб кўрган, неча йилларини (ўзича) илмга бағишлаган, шогирдларига яшаш фалсафасини ўргатадиган, миллатга мутахассис тайёрлайдиган инсон-ку! Бундайларнинг юзига қараш тугул улар ҳақида эшитаётганда ҳам уялиб кетасан киши! У, аввало, худосиз одам, қолаверса, ориятсиз, юзсиз ва бориб турган ақлсиз одам! Йўқса, инсон деган, йигит деган, устоз деган номини шунча хор қилармиди? У миллатнинг душмани, чунки орага шу аччиқ пиёз тушиб бир тўп фарзандлар бутун бошли бир фанни ўқимай, танимай ўтиб кетавердилар! Бу хил одамлардан бир ўқув даргоҳида биттадан бўлса ҳам, миллатнинг баданига микроб тушди деяверинг! Бу иш балки бир жойда, бир мартагина содир бўлгандир. Аммо шундайсимон пичир-пичир гапларни ўнлаб, юзлаб марта эшитиб юришимиз рост-ку ахир! Бу зиёнларни қандай қоплаб бўлади! Бу гуноҳларни қачон ювиб тугатамиз?

Эстрада хонандаларига эргашиб оладиган, минглаб томошабин гувоҳлигида уларга ёпишиб, осиладиган, юзини номаҳрам эркакнинг юзига қўйишдан мисқолча сесканмаётган, стадионларда эркак қўшиқчиларни чаён чаққандай хунук қийқириқлар билан олқишлаётган қизларнинг ота-онаси, ака-укаси, амаки-тоғаси борми ахир?! Ва савол: улар келин бўлса жамиятга қандай фарзанд беради?

Ҳурматли оталар ва оналикка сазовор бўлиб турган ойимлар, қизларингиз сизнинг тил остига яширган гавҳарларингиз, қоғозга ўроғлиқ қандларингиздир. Уларни шу туришида эсон-омон эгасига топшириб олиш шу кунгача кечирган имтиҳонларингизнинг энг оғиридир. Чатоқ фарзанд ота-онанинг ёмон феълидан туғилади. Биров билмайдиган камчиликларингиз қизингиз ё ўғлингизда очилиб кетишини хоҳламасангиз, ўтган хатоларингиз учун тинмай истиғфор айтинг, ҳушёр туринг ва болангизни назорат қўрғонидан чиқарманг.

Қизингиз кўчага очиқ-сочиқ кийимда чиқиб кетяпти. Ичингиз ғаш бўлмаслиги мумкин эмас. Аммо “Замон шу-да, фалончиларнинг боласи ҳам шундай юрибди-ку” дея ўзингизни юпатган бўласиз. Лекин хавотирли жойи шуки, қизингиз балоғат ёшига етганда шундай кийиняпти. Демак, у кимнингдир эътиборини тортмоқчи. Демак, у жуфт қайғусида. (Ички бир уят ва хижолатчилик билан айтганда, бу – баданни бозорга солишга ўхшаб кетмаяптими?) Яна бир савол: айтинг-чи, сиз қандай одамни куёв қилгингиз келади? Албатта, асли, насли, ўзи яхши бўлган йигитни, шундайми? Лекин пардани ирғитиб ташлаб бепардаликка ўтган – елкаси очиқ, қорни очиқ, тарс ёрилиб кетгудай шим ёки бир қарич юбка киядиган қизга асл йигитлар харидор бўлармикан? Ёки ўзини, миллатини ҳурмат қилган отаона бундай қизни келинликка танлармикан? Агар қизингизнинг шу туришини кимдир ёқтираётган бўлса, билингки “лекини” бор! Унинг ўзи аллақачон сочилиб-тирқираб, рисолага тушиши қийин бўлиб қолганлардан бўлмасин тағин! Дунёга келиб, қиз туғиб, қиз боқиб шундай куёвни орзу қилганмидингиз?!

Қолаверса, очиқ-сочиқ юрадиган қизингиз балки тўғри юриб, тўғри келар, аммо у ҳар сафар уйга қайтганда елкасида қанча нигоҳни – қарғишли, суқли ёки суюқ назарларни кўтариб киради. Энди бу уйдан фаришта қочади, бу болажоннинг тақдир ва ривож йўллари боғланади, шу тарзда оиланинг ишларига ўргимчак тушади! Назардан қолишдай оғир кўргулик йўқ, биродар! “Бир қарғишдан қўрқ, бир суқдан қўрқ” деган гап бор. Уларнинг иккиси ҳам бандасини кўтариб уради, худо кўрсатмасин. Ҳадисларда ҳам “Бировнинг эътиборини тортадиган иш қилманг” дея урғу берилади, бу – шундай қилсанг, орқаси хатар деганидир.

Мана қатор-қатор заминий мисоллар келтирдик. Бу денгиздан бир томчи, холос. Эҳҳе, шу аснода нечта кўзи ёшли инсон бўлса, бунга сабаб бўлган ўшанча ёмонлик яшаяпти, неча одам алданган бўлса, ўшанча ёлғончи бор, кимларнингки иши юришмай турган бўлса, демак, ўшанча инсондан Аллоҳ норози! Ҳадис Ҳақ таолонинг “Одамлар замондан нолиб менга озор беради”деган каломини эслатмоқда. Ахир у қандай озорланмасинки, ундан тинмай мукофот олиб турган бандалар шайтоннинг ишини қилсалар!? Мана ўша ичувчига уй берди, пул топадиган ақл берди, хотин, бола-чақа, касб берди. У эса буларни исроф қилмоқда, оиласига зулм ўтказмоқда!

Анови осмондан чалпак ёғилишини кутиб ётган йигитга эркак деган мартаба берди, ватан берди, соғлик берди, навқирон ёшлиги қўлида, у эса ҳатто ўз ватани, яъни бирламчи онасини бозорга солишга мойил турибди!

Жамиятнинг қаддини кўтарадиган нарса тарбиядир! Анови баднафс олим миллатнинг ўша жон томирига болта уриб турибди!

Тараққиёт, асосан, аёл зотининг сифатига боғлиқдир. Аёл эса ўз миллий қадриятларига қай даражада содиқлигига қараб баҳоланади. Чунки наслнинг мағзи, аслият оналар, аёллар туфайли авлоддан-авлодга ўтиб боради. Агар биз оналикни уддалай олмасак, қизларимизга етарли маънавий илм беролмасак, замонанинг айниши шундан бошланади.

Мазкур ҳадисда “Бирортангиз замондан нолимангиз” деган хитоб янграмоқда. Яна бир ҳадисда “Яхшилик қилиш қўлингдан келмаса, ҳеч йўқ ёмонлик қилма, шу ўзингга садақа бўлади” дейилган. Садақа балони қайтаради, демак, ёмонлик қилмасанг, балодан халос бўласан. Ёмон нарсадан атрофга ёмонлик тарқайди, буни “Бирники мингга, мингники туманга” деб ҳам айтадилар. “Нонни увол қилма, қаҳатчилик чақиради”, “Шарм кўтарилса, ўша ерни ер ютади” деган танбеҳлар яшаб келади. Дин тарихига оид бир китобда ўқиган эдим: бир юртнинг халқи ўта баланд, ҳашаматли уйлар қуришга ўч бўлиб кетибди. Бориб-бориб бу кибр пойгаси, шуҳратпарастлик пойгасига айланибди. Иймон унутилибди. Шунда Ҳақнинг қаҳри келиб, осмондан қум тўфони юбориб, шаҳарни кўмиб, текислаб юборган экан. Аллоҳнинг озорланиши инсониятнинг қўрқиши керак бўлган ҳолатдир.

Замон бу биздирмиз! Замондан кўнглинг тўлмаяптими, бу сенинг, ўзингнинг кўнгилдагидай эмаслигингдан далолатдир! Биз ҳар бир кўраётган кунимизга муносибмиз. Микроскопни сен аввал ўзингга қарат, аввал ўзингни давола! Эсингдан чиқмасин: жисмингда шайтон яшайди, сен ўз айбларингни кўра бошлаган заҳотинг у баданингдан нари кетади. Яхши эътибор берсанг, бир жонингда бошқаларга юқиши мумкин бўлган қатор касалликларинг бор: ҳеч бўлмаганда, масалан, сени мақтаб туришларини хоҳлайсан, ёки эринчоқлигинг бор, ёки яхши одамлар билан эмас, фойдаси кўпроқлар билан тиллашгинг келади, бировдан мурувват кутаверасану, қайтим бериш хаёлингга келмайди… ва ҳоказо! Сен буларни юмшоқ хатолар деб биласан ва гапнинг индаллосини айтганда, бу сакталиклар исталган яхши одамингда ҳам учраши мумкин. Лекин бу қусурларнинг оти РИЁ, ХИЁНАТ эканлигини биласанми, биродар?! Яхши аталган инсонлардаки шунча чатоқлик бўлса, агар “ёмон”ларнинг бисёр гуноҳлари бунга қўшиладиган бўлса, Ер буни кўтариб тураверади, деб ўйлайсанми?! Ўзи асрасин ҳаммамизни! “Чунки мен замон эгасиман” деб турибди-я Аллоҳ!

Бир-биримизни танқид қилиш, атрофдан айб қидириш билан замон созланмайди. Замонни созлаш учун ҳаммани ҳашарга чақириб, шовқин-сурон солишнинг ҳам кераги йўқ. Ҳар биримиз ўзимизни билиб, уятли ишлар қилишдан ўзимизни тийиб, яхши ишларга тутуниб, гуноҳларимизни юва бошлашимиз билан замон яхшилана бошлайди, иншооллоҳ!

Сизга савоб керакми?

Одамлардан ҳеч нарса сўрама, ҳатто қўлингдан тушиб кетган қамчинингни ҳам тушиб ўзинг ол.

Ҳадис

Инсон қўллари аслида бир нарсани мақсадли тутмоқ, яратмоқ ва бермоқ (саховат) учун яратилгандир. Қўл чўзмоқ ва сўранмоқнинг оти – эҳтиёжмандлик. Эҳтиёжмандлик эса ғариблик, танг ҳолат, чорасизлик демакдир. “Ўзингдан бошқага музтар қилма!” деган илтижо онамнинг доимий дуолари эди. Энди билсам, бу дуода катта фалсафа бор экан.

Ҳақиқатан, танг қолганимизда ҳам, чорасизликка йўлиққанда ҳам сўрайдиганимизни фақат Аллоҳдан сўрайлик, якка Қодир у, Беминнат у, доим Эшитадиган ва ҳамиша Тайёр у! Биз фақат олим инсонларгагина илм сўраб юзланайлик.

“Одамлардан ҳеч нарса сўрама…” демоқда ҳадис. Бу жумлада қатор нозик ишоралар бордир: биринчидан, айт-чи, сен Аллоҳдан ёки бандасидан сўранишдан аввал ўзингни атрофдагиларга яхшилаб солиштириб кўрдингми? Шундай қилганингда, балки хотиржам ва мўътадил яшашинг учун талай имконларинг борлиги аён бўларди. Сенинг шу туришингдан, шу ҳаётингдан ҳам ночорроқ одамлар борлигини кўрардинг. Ҳали ҳам бўлса эътибор бер, улар ўзини қандай тутяпти? Сенга ўхшаб бетоқат бўлмаяптими? Агар шундай бўлса, сен ҳам нега ўзингдаги имкониятларнинг қадрига етиб, баҳолаб яшамаяпсан? Аллоҳнинг берганларига қувониб, унга шукрона келтирмаяпсан? Бундан “Худогаки шукронаси йўқ одам бандадан олганининг қадрига етармиди” деган мантиқ ҳам чиқади!

Иккинчидан, сен яна нафсингнинг қутқуси билан шу ишни бошлаётган, яъни бировга умидвор қўл чўзаётган бўлмагин! Ўзинг тўйсанг ҳам кўзинг тўймаётган бўлмасин тағин. Агар ўзингда етарли бўла туриб яна сўранаверсанг, Аллоҳ кўриб тургувчидир, сени ҳақиқий эҳтиёжмандга айлантириб қўйиши ҳеч гап эмас. Ё ногирон, ё омадсиз сайлаб, бир умр одамларнинг қўлига термилтириб қўйса нима қиласан? Меҳнат қилишга яроқлилигинг, саломатлигинг ҳеч кимга ялинмай яшаш учун захиранг борлигидир, бу сен хор бўлмайсан, зор бўлмайсан деганидир!

Учинчи андиша: бугунгача қўлингдан кетган ҳамма саховатпешаликни фийсабилиллаҳ қилган бўлгин-да ишқилиб. Ҳамма савоб ўшанда. Сен, мен билмаймизки, бировларнинг кўнглини олган пайтимизда бизга келаётган не балолар орқага қайтгандир балки! Не мушкулларимиз осон ечилгандир. Биздан хурсанд бўлган одамларнинг дуолари балки болаларимизнинг талай йўлларини очиб келаётгандир! Демак, биз у хуш амалларимиз учун оладиганимизни олиб бўлдик ё олишда давом этяпмиз. Шунинг учун ўзимизга ҳушёр турайлик, токи яхшилик қилган одамларимиздан умидвор бўлиб юрмайлик. Уларга қилган мурувватларимизни санашга тушмайлик. Унинг оти МИННАТ бўлади ва у ҳамма йиққан савобларимизга қирғин келтиради. Бировга қилган ҳимматларингнинг жавоби худди ўша одамдан қайтмагани маъқул (кўп ҳолатларда қайтмайди ҳам), чунки унда қарз бериб қайтариб олгандай бўласан. Савоби кўп бўлмагай. Энг олий мақом – қўлингдан кетганини мутлақо унутиш. Биз баъзан кутмаган омадларимиз ҳақида “Буни Аллоҳ ғойибдан етказди” деймиз. Аслида улар унутиб юборган яхшиликларимизнинг бизни қидириб келган жавобларидир.

Ҳадиси шарифнинг “… ҳатто қўлингдан тушиб кетган қамчинингни ҳам тушиб ўзинг ол” деган жойига эътибор берайлик. Отаонамни кўргани борсам, гоҳида дадам кўйлакка тугма қадаётган ёки астойдил букчайиб этикларини мойлаётган бўлардилар. Ётган тўшакларини-ку саксондан ошганларида ҳам чаққонлик билан ўзлари йиғиб қўярканлар. Ҳар гал онамга норозилик билдирсам, “Аввало, отанг бу ишларга мендан яширинча уриниб олади, қолаверса, қўлидан олай десанг, оғзингга ургандай рад қилади” дея бўғилардилар. Энди билсам, бу дадажонимнинг диний қадриятларни яхши билгани ва унга ихлос билан амал қилишлари экан. Ўзига ўзи хизмат қилиш, шахсий буюмларини ўзи тозалаб, ўзи расолаш пайғамбаримиздан қолган суннат экан.

Ислом динининг энг инсонпарварлиги ҳам шунда: яъни бир-бирингизга малол келманг деб таълим беради. Аввало бу ҳар биримизнинг фойдамизгадир. Маълумки, ақл тўхтаса айниган бўлади, ҳаракат тўхтаса, баданда ҳам айниш бошланади. Аллоҳнинг чеварлигини кўринг, тан аъзоларимизнинг умрини ҳаракатимизга боғлиқ қилиб қўйган. Меҳнат қилганки одам яшараверади, яшайверади, бу феъли билан Яратганни рози қилгани учун кўнгли ҳам яшнайверади! Келинларнинг, фарзандларнинг сенинг хизматингга шай туришлари чандон гўзал! Аммо қувватинг ва фурсатинг етиб турса ўз юмушингни ўзинг амалга оширганингга нима етсин!

Қолаверса, шу туришдаги инсонлар кибрдан холи, камтарин бўладилар. Бир ҳайдовчи ўз раҳбари ҳақида меҳр билан ҳикоя қиляпти: “Водий сафарига чиққан эдик, йўлда овқатланишга тўхтадик. Мен ҳурматини қилиб, хўжайин қўл чаяётганда сув қуйиб бердим. Бир маҳал қарасам, у киши ҳам менга сув қуймоққа чоғланяпти, эътироз билдирдим. У эса “Савоб сизга керагу менга керак эмасми”, деди… Катта раҳбар бўлишига қарамай, онамнинг таъзиясида бир кун давомида ёнимда қўл қовуштириб тикка турдилар”, – деди.

Ҳар бир инсон: шоҳ ҳам, гадо ҳам минг муаммо билан юради. Унга ҳам биттагина умр берилган, бола-чақа ташвиши, қозон, жон ташвишини чекадиган биттагина боши бор. Асаб косаси ҳамиша лиқ тўлиб тўкилай деб туради. Унинг ўзи ўзига зўрға сиғиб турибди-ю чеккадан келадиган мисқол юк ҳам бандасига малол келиши мумкин. Бизга ёрдамга чоғланганлар ўшандай таранг кайфиятда бўлсалар-да, масъулият, бурч юзасидан ва савоб излаб хизматимизга чоғланадилар. Қўл остимиздаги биздан амру фармон кутувчиларга, фарзандларимизга, жигарларимизга иш буюриш, талаб қилиш борасида ҳуқуқан ҳаққимиз бўлса-да, ҳаддимизни тияйлик, уларнинг ўзимиз каби бир ожиз банда эканлиги, ҳеч кимга “тоқатидан ташқари иш буюриб бўлмаслиги” (Қуръони каримда шундай ёзилган), ўзимиз кўтарадиган юкни атойи бошқага юклаб қўйиш зулм эканлигини унутмайлик. Ҳеч биримизни Ўзидан бошқага муҳтож қилмасин.

Bepul matn qismi tugad.

Janrlar va teglar

Yosh cheklamasi:
0+
Litresda chiqarilgan sana:
03 noyabr 2023
ISBN:
978-9943-03-758-8
Mualliflik huquqi egasi:
Kitobxon
Matn
O'rtacha reyting 4, 6 ta baholash asosida
Matn, audio format mavjud
O'rtacha reyting 0, 0 ta baholash asosida
Podkast
O'rtacha reyting 0, 0 ta baholash asosida