Kitobni o'qish: «Авлиёлар авлиёси»
“Навоийни англаш –ўзликни англаш демакдир”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
АБАДИЯТГА ДАХЛДОР СИЙМО
(Сўзбоши ўрнида)
Буюк мутафаккир, халқпарвар давлат арбоби ва оташнафас шоир бўлган буюк бобомиз Алишер Навоий “Кишилик будурким унутсанг ани, Чу таркинг қилур тарк қилсанг ани”, – дея бизни ўтмишимизни унутмасликка ундаган, ўтмишни унутган одам ўзлигини унутиши мумкинлиги қайд этилган мисраларни бизга ёзиб қолдирган. Ўтмишда ўтган буюк бобокалонларимизнинг ижодига назар ташлаш, уларни ўрганиб келажак авлодга етказиш заҳматкаш ижод аҳлининг олдига қўйилган энг муҳим вазифалардан биридир.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев 2017 йилнинг 3 августидаги Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида ижод аҳли ҳақида тўхталиб, “…Халқимизнинг маънавий камол топишида маданият намоёндаларининг улкан хизматлари борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз. Юксак идеаллар йўлида фидойилик кўрсатиб яшаш, ўзлигимизни англаш, ғурур ва ифтихор, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш учун бел боғлаб майдонга чиқиш сиз, ижод аҳлига хос эзгу фазилатлар эканини ҳаммамиз яхши биламиз ва буни юксак қадрлаймиз”, – дея ижод аҳлига нисбатан мамнуният билан юксак эҳтиром билдиришлари ҳар қандай истеъдод эгасига жуда катта руҳий қувват бўлди.
Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани Талимаржон шаҳрида ўтказилган сайёр қабул якунида бир тортинчоқ йигит ёнимга келиб, ўзини Шерхон Қораев, деб таништириб “Сизга айтадиган алоҳида гапим бор, мумкин бўлса қабулингизга борсам”, – деди. Унга қизиқтирган саволларига жавоб беришга тайёрлигимни айтганимда, у Алишер Навоий бобомизнинг 577 йиллигига бағишлаб кичик бир изланиш битганлигини, шу масала бўйича гаплашиб олмоқчи эканлигини, шу қўлёзмани ўқиб чиқиб сўзбоши ёзиб беришимни сўради. Адабиётгга бўлган қизиқишим туфайли мен фақат танишиб чиқишга рози бўлиб, Шерхон Қораев томонидан тақдим этилган “Авлиёлар авлиёси”, деб номланган қўлёзма билан танишиб чиқдим.
Бу қўлёзма билан танишар эканман, юртимизнинг чекка туманида буюк бобомиз ижоди билан қизиқаётган ёшларимиз, ижодкорларимиз борлигидан бениҳоя хурсанд бўлган бўлсамда, ёш ижодкор Шерхон Қораевнинг ижод намунасига сўзбоши ёзишга бир муддат журъатим етмади, очиғи.
Муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувдаги маърузасида “Агар биз истеъдод ва маҳоратимизни шу муқаддас замин, шу олижаноб халқимиз учун сафарбар этмасак, ҳазрат Навоий айтмоқчи, бу ҳунарни асраб нима қиламиз, қаерга обкетамиз уни”, шунингдек, “…Адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор – бу аввало халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор эканини, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, адабиёт, маданият яшаса, миллат яшаши мумкинлигини унутишга бизнинг асло ҳақимиз йўқ”, – деб куюнчаклик билан айтилган гаплари бу ижод намунасига сўзбоши ёзишга туртки ва далда бўлди.
Ҳазрат Навоийнинг тўрт қатор ғазалини ёд олиб, уни базмларда айтишсада, бу тўрт қатор ғазални ўқиб уқмаганларни кўриш адабиёт соҳасига озгина қизиқиши бўлган ҳар қандай инсонни қийин аҳволга солиб қўйишини китобхонлар яхши ҳис қиладилар.
Албатта, ўзбек тили ўзбеклар учун зар бўлса, бу тилнинг заргари буюк бобомиз Алишер Навоийдир. Она тилимизнинг заргари бўлган буюк бобомизнинг ижодларига назар ташлаш, у кишининг ижод намуналарини тушунарли қилиб китобхонга етказиш жуда сермашаққат ишлардан.
Ҳазрат Навоий нафақат ўзбек тилининг асосчиси, энг дастлаб ўзбек тилида ижод қилган ижодкорлардан бири, ўзбек тилини дунё саҳнига олиб олиб чиққан оламшумул аллома. У киши Абдураҳмон Жомий таъбири билан айтганда “…сўз санъатининг паҳлавони”, “Хамса” хотимасида таърифланганидек, у нафақат назми туркий халқлар, балки “…бутун жаҳон юртларини, жаҳон юртларигина эмас, жон юртларини…” эгаллаган даҳо ижодкордир. Бироқ, унинг ўша даврдаги ўзбек тилида ёзган асарларини ўқиш ва тушуниш бугунги ўқувчига луғатсиз бироз қийинчиликлар туғдиради.
Шерхон Қораев ушбу изланишида дастлаб Навоий бобомизнинг ижодига тасниф беришга ҳаракат қилиб, Навоий ижодини тадқиқ этган навоийшунос олимлар фикрларини келтириб, Навоийнинг Оллоҳ назар солган бетакрор ижодкор эканлигини содда тилда баён қилган.
Муаллиф адибни нафақат ижодкор сифатида, балки уни узоқни кўрувчи, яқин келажакда содир этилиши мумкин бўлган воқеалар тўғрисида башорат қилувчи авлиё сифатида аниқ далиллар билан таърифлайди.
Шу ўринда муаллиф шоирнинг дўсти, ҳамкори ва устози сифатида ўша даврларда машҳур бўлган Абдураҳмон Жомий тўғрисидаги маълумотлар, Навоийнинг Абдураҳмон Жомий ижоди ҳақидаги фикрлари билан бойитиб, ижод намунасини янада ўқишлироқ қилишга ҳаракат қилган.
Айниқса, Абдураҳмон Жомийнинг “Сўз санъатида сени шони шарафинг баланд, сўзлаш сенинг дурафшон таъбингга хатмдир. Сўзларинг бошдан-оёқ равон бўлиб, сен сўз санъатининг паҳлавонидирсан. Тезкор қаламингни маҳоратидан шунчалик умидвормизки, у ёзаётган пайтида сўз равонлик билан келиб қолмай, ўзи билан бирга яна қанчадан қанча оби ҳаётни ҳам оқизиб келиб, ер юзини ҳаётбахш сув билан тўйдириб юборади”, – деб Навоийга берган таърифлари буюк аждодимизга устозининг берган баҳоси сифатида кўрсатилиб, ўқувчини Навоий асарларини кўп ва хўб ўқишга даъват қилади.
Ёки Навоий томонидан Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Байқарога “Хамса”ни топшириш жараёни ҳақида тўхталар экан, адабиётни севган ва ўзи ҳам ижодда машғул бўлган Ҳусайн Байқаронинг “Сиз менинг пирим бўлинг ва мени муридликка қабул қилинг”,деб айтиб пири устозни оқ отга миндирган ҳолда отни етаклагани ҳолатига муаллифнинг берган таърифи китобхонни буюк аждодимизга бўлган меҳрини янада оширади.
Буюк бобомизнинг ҳаёти ва ижоди, унинг бетакрор истеъдодининг шаклланишида Абулқосим Бобурнинг хизмати беқиёслиги, 10 ёшлик Алишернинг Абулқосим Бобурнинг хизматига кириши, саройдаги йиғинларда ўзининг ғазаллари билан иштирок этгани ҳақидаги маълумотлар киритилиши битикларга ўзгача жозиба бахш этган.
Шунингдек, асардаги Абдураҳмон Жомийнинг буюк бобомизнинг ўзбек тилидаги ижодига улкан баҳо бериб “Туркий тилда доғи нақш келди ажаб, Ҳатто сеҳргарлар боғладилар лаб”,– дея юксак баҳо бериб офаринлар айтгани, ёки Султон Ҳусайн Бойқаронинг “Турк тилининг ўлган жасадига Масиҳ нафаси билан руҳ киритди. Ва у руҳ топганларга туркий тил ўриш – арқоғидан тўқилган нозик либослар кийдирди ва сўз гулистонида таъи навбаҳридин ёғилган ёмғирлар туфайли ранго – ранг гуллар очилди ва назм дарёсига фикрлари булутидан руҳпарвар қатралар билан гуногин дурлар сочилди…”,– дея ҳайратлангани ҳақидаги иборалар қани айтингчи, қайси ўзбекнинг қалбини ларзага солмайди?
Бундан ташқари, ушбу китобда қайд этилганидек, Навоийга нисбатан айтилган қуйидаги эътирофлар буюк бобокалонимизнинг беназир истеъдод соҳиби эканлигини билдириб туради: “Эй, (Навоий) ўткир таъбингга фалак тенг кела олмайдиган, одам аҳли орасида ягона бўлган зот! Фалак сени одамларнинг энг нодири қилиб яратди, шеърият бобида эса жаҳоншумул назм эгаларининг энг қудратлилари қаторидан жой олдинг. Ғазал ёзишга киришиб, сўз санъаткорларига сўз айтишни ҳаром қилиб қўйдинг. Назминг шуҳрати бутун жаҳон юртларини, жаҳон юртларигина эмас, жон юртларини эгаллади”. Ҳақиқатан ўзини шу юртнинг фарзандиман деган ҳар бир инсонга бундай маълумотлар билан танишиш ўтмишдаги буюк аждодимизга нисбатан бўлган ҳурматини янада оширади.
Шу билан бир қаторда, муаллиф изланишларида Озарбайжон элининг буюк мутафаккири Низомийнинг буюк бобомиз Навоийнинг “маънавий устози” эканлигини баён этиб, фикрларини Навоийнинг “Осон эмас бу майдон ичра турмоқ, Низомий панжасига панжа урмоқ” , – деган фикрлари билан бойитган.
Ўша даврнинг буюк мутафаккирларидан бири Хусрав Деҳлавий ҳақидаги Навоий айтган “Хусрав эмас, балки элни ўз назмига ром этган Ҳинд сеҳргаридир. Уни ҳинд дема, қаро бало эмас, офати Худо дегин. У қўлига қалам олса, назм билан оламга ўт солади”, – деган фикрларни келтириб, ўзга халқларнинг буюк мутафаккирлари билан буюк аждодларимизнинг муносабатлари, бошқа миллат вакиллари тан олган буюкларни ҳам ўзбек халқи улуғлаб келганлигини ажиб бир дид билан кўрсатиб берган.
Шунингдек, муаллиф темурийзодаларнинг шеърият кечалари, Шайбонийхонларнинг мажлислари ҳақидаги маълумотлар билан изланишларини бойитиб, уларни янада қизиқарлироқ қилиш билан бир қаторда, бу адабий йиғинларнинг тарихий илдизларини очиб берган ва бу адабий йиғинлар Ҳусайн Байқаро замонида Навоийнинг хизмати ўлароқ юксак чўққига кўтарилганлигини таҳлиллар асосида мисоллар билан ёритган.
Бундан ташқари, муаллиф “Садди Искандарий”, “Сабъаи сайёр” ва “Фарҳод ва Ширин” достонларидан келтирган қизиқарли мисоллар билан ҳазрат Навоийни олдинни кўрувчи башоратчи ва авлиёсифат донишманд деб таърифлаб, ўз замонида ҳам “қабо кийган валий” сифатида тан олинлигини ёритишга интилган.
Юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар натижаси ўлароқ Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан янги ташкил этилаётган Ўзбекистон Ислом цвилизацияси маркази, у кишининг таъбири билан айтганда, “Аввало халқимизнинг яратувчилик даҳоси билан бунёд этилган ноёб меросни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш, бугунги мураккаб даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларни кўзда тутади” ва ўз ижодини намоён қиладиган илғор фикрли ўзбекнинг менман деган ижодкорлар ушбу марказ орқали ўз истеъдодини яқин келажакда намоён қилиб юртимиз довруғини дунёга таратади.
Буюк бобомиз, Алишер Навоийнинг улкан тарбиявий аҳамиятга эга бўлган асарларини ўрганиш, бу асарларни кенг китобхонлар оммасига тушунарли қилиб етказиш шу соҳада қалам тебратаётган ҳар бир ижодкорнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Буюк бобомиз асарларини ўқиган ўқувчи узоқ ўтмишга сайр қилади, ўзини қайси аждод вакили эканлигини билади ва ўзлигини англайди.
Ижодкорлик кенг қамровли тушунча бўлиб, ҳар бир инсонга қайсидир йўналиш бўйича Аллоҳ таоло томонидан иноят қилинган қобилият, иқтидор ва истеъдоднинг амалда намоён бўлишидир. Аллоҳ таоло иноят қилган истеъдодни рўёбга чиқариш эса сермашаққат ҳамда улуғ ишдир. Шерхон Қораев ва унга ўхшаш ёшларимиз ўз истеъдодларини намоён қилиб маънавиятимизнинг юксалишига ҳаракат қилаётган экан, уларнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама кўмак бериш ҳар бир ўзбек зиёлиси учун муқаддас бурч бўлиши лозим.
Шу нуқтаи назардан малакатимизнинг чекка ҳудудида яшаб, ижод қилиб келаётган ва буюк аждодларимиз қолдирган улкан мерос ҳақида изланишлар олиб бораётган Шерхон Қораевнинг ушбу ижод намунаси кенг китобхонлар оммасига кичик бир совға бўлади ҳамда ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларга хизмат қилади, деб ўйлайман.
Фахриддин ЖУМАЕВ,Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилояти Нишон тумани Халқ қабулхонаси мудири.
Навоийшунос олим Содирхон Эркинов хотирасига бағишланади
КИРИШ
Низомиддин Мир Алишер Навоий она тилимиз заргари, маънавиятимиз юлдузи ва маданиятимизнинг ёрқин тимсолидир. Бу улуғ зот беш ярим асрдан ошдики, миллатимизга, ўзбек халқига қуёш янглиғ ўз нурини сочиб, адабиёт осмонида порлаб келмоқда.
1991 йил 28 сентябрда Алишер Навоий ҳайкали ва миллий боғнинг очилиш маросимида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов шундай деган эди: ”Алишер Навоий йили деб эълон қилинган 1991 йил юртимиз, элимиз тарихида қутлуғ келди, унутилмас сана бўлиб қолди.
Бу йил халқимизнинг асрий орзу-умидлари амалга ошди. Ўзбекистонда давлат мустақиллиги эълон қилинди ва халқимиз ўз тақдирини энди ўзи ҳал қиладиган бўлиб қолди.
…Ўз тарихи ва аждодларини сийлаган халқнинг келажаги порлоқ бўлади. Ишонамизки, Ўзбекистонимиз тез орада дунё ҳамдўстлиги ўртасида муносиб ўрин эгаллайди.Ана ўшанда ҳам Алишер Навоийнинг қутлуғ номи бизга мададкор бўлади.
…Ўзбек халқининг улуғ сиймоси Алишер Навоий номидек абадул –абад сақлансин, обод бўлсин!” Ҳақиқатан, истиқлолимизнинг дастлабки йили “Алишер Навоий йили” деб номлангани, ушбу пойқадами қутлуғ йилдан бошлаб мамлакатимизнинг жаҳон саҳнида омади ва бахти кулгани, бунда эса ”авлиёлар авлиёси” – буюк Навоийнинг руҳи ёр бўлганини таъкидлаб ўтишнинг ҳожати бўлмаса керак.
Ўз даврида Алишер Навоий миллат ва диннинг низоми, миллат қуёши, дину давлат ҳомийси, шариат ва миллатнинг пушти паноҳи, қутлуғ зот, улуғ амир каби таърифлар билан эътироф этилгани бежиз эмас, албатта. Султон Ҳусайн Бойқаро таъбири билан айтганда, “Ҳидоят эгаси, шараф ва ҳурматнинг қайтиш жойи, дину давлат арбобларининг сараси, мулку миллат эгаларининг етакчиси, хайру эҳсонларни таъсис этувчи, хайру эҳсон муассасаларига равнақ берувчи, салтанат устуни, подшоларнинг қўлидан етакловчи, ҳоқон давлатининг умиди, султон ҳазратларининг яқин дўсти, ҳақиқат ва дин низоми амир Алишер …” Навоий бобомиз ҳақиқатан фариштадек пок, беозор, раҳмдил, сўз санъатининг паҳлавони, ўз даврида қалами билан етти иқлимни якқалам қилган комил инсон бўлгани баайни ҳақиқат. Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, “…Ўзбек халқи маънавий дунёсининг шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган улуғ зотлардан яна бири – бу Алишер Навоий бобомиздир. Биз унинг мўътабар номи, ижодий меросининг боқийлиги, бадиий даҳоси замон ва макон чегараларини билмаслиги ҳақида доимо фахрланиб сўз юритамиз.
Ҳазрат Навоий шундай буюк зот экан, унинг тафаккур дурдоналари бўлмиш боқий сатрлари замонлар оша яшаб келаётган экан, бу улуғ меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик баҳраманд этсак, маънавиятни юксакликка кўтаришда, инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз.
Айни пайтда бу вазифа, илгари ҳам айтилганидек, ҳар биримизнинг Навоийни янада яхшироқ ўқишга, Навоийни янада теранроқ ўрганишга, унинг умр дафтаридан ибрат ва сабоқлар олишга даъват этади”.
Бадиий китоб ўқиган киши энг аввало маънавий озуқа олар экан, билими ортади, тажрибаси ошади, тафаккури кенгаяди. Китоб ўқиган кишининг келажагини нурафшон этади. Навоий китобни “кишининг дўсти ва ёри”, деб атайди. Навоийнинг дўсти, устози ва пиру муршиди Абдураҳмон Жомийнинг китобнинг жонга роҳат эканлиги ҳақида қуйидаги сатрларига эътибор қаратайлик.
Китобдин яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,
Ғамхўринг ҳам у ғамли бу замонда.
У билан қол танҳо, ҳеч бермас озор
Жонингга юз роҳат берар ҳар онда.
Алишер Навоий асарларини ўқиган инсон икки карра маънавий озуқа олади, икки карра келажаги нурафшон бўлади, десак муболаға бўлмайди. ”Хазойин ул – маоний” девонини олинг, нақ номида зикр этилгандек, маънолар хазинасининг ўзгинаси. ”Хамса” ҳам, ўз замонасида қайта – қайта таъкидланганидек, беш хазина. Алишер Навоийнинг ҳар бир асари маънавий нур десак тўғрироқ бўлади. Бу нур унга ошуфта ҳар бир кўнгилни, миллатни, мамлакатни чароғон этади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 августида мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда таъкидлаганидек, “Навоийни англаш – ўзликни англаш демакдир”. Ўзликни англаш эса ҳар бир инсонга миллий ифтихор туйғусини бахш этади. Ўзликни англаш – Навоийни ўқиб, ўрганишдан бошланади. Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов суҳбатлардан бирида шундай деган эди:”Мен ўзим ҳазрат(Навоий) ғазалларини ёшликдан ўқиб қалбга сингдирганман ва бу соҳир сўздан ҳамманинг баҳраманд бўлишини истайман.
Навоийни 15 асрда ҳам барча бирдек тушунган эмас. Сўзларининг мазмунини билганлар ҳам сўз остида ётган чуқур маънонинг илдизига етиб боролмаганлар. Буюк шоир ташбеҳларини англаш учун мадраса илми камлик қилган.
Ҳазратнинг муҳташам “Хазойинул-маони”сини бошлаб берган:
Ашрақат мин акси шамсил каъси анворул худо,
“Ёр аксин майда кўр”, деб жомдин чиқти садо.
-байтларини Алихон Тўра Соғуний ҳазратлари бир соатга яқин шарҳ қилган эдилар. Кейин англасам, бу шарҳ тасаввуф илмидан ажиб бир сабоқ бўлган экан.
Миртемир домладан “Нега ижодхонангизда Пушкин сурати стол устида, ўзимизнинг Навоий панароқ жойда турибди”, деб сўраганимда, устоз шоир шундай жавоб берган эдилар: “Мен Пушкинга тик қарашим мумкин. Уни бошдан оёқ ўқиганман, кўп таржима қилганман. Лекин Навоийни ростмана англаб етмадим, барча асарларини ўқиб мағзини чаққан эмасман”.
Бу сўзларим Навоийни ўқиб англашга уринмай қўяқолайлик, деган маънони билдирмайди. Ҳазрат – ўзбекнинг ота шоири.Унинг асарларини бошдан оёқ ўқиб таҳлил қила олмасакда, энг машҳур ғазал, рубоий, туюқ, фардларидан, достон ва маснавийларидан бир шингил бўлса – да ёд билмасак, улуғ шоир бундоқ деганлар, деб ҳикматли сатрларни айтолмасак, ўзбеклигимиз қаерда қолади?”(Э.Воҳидов. Ҳаёт ҳақиқатлари. 21 аср ижтимоий-сиёсий газетаси. 1(687)-сон, 2017-йил 1январь).
Алишер Навоий нафақат ижодкор, балки бунёдкор инсон бўлган.Тарихчи Ғиёсиддин Хондамирнинг далолат беришича, ўз даврида бунёдкорлик, саховатпешалик, ҳомийлик бобида Навоийга тенг келадиган киши топилмаган. Алишер Навоий томонидан 4 мадраса, 25 тадан ортиқ масжид, 11 хонақоҳ, 52 работ, 20 ҳовуз, 16 кўприк ва бир тўғон, 9 ҳаммом қурилган. Кишини ҳайратга соладиган 300 дан ортиқ ажойиб иншоотларни қуриш осон кечмай, катта ташкилотчиликни, маблағни, обрўни, бағрикенгликни ва ниҳоятда Ватанга содиқликни талаб қилган.
Меҳри мурувват, хайру саховатда ўзи намуна бўлган Навоий ёзган асарлари орқали ҳам кишиларни яхшилик қилишга, бунёдкорликка, комил инсон бўлишга, бир-бирини қўллабқувватлашга чақирганки, бу ўз навбатида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ”Биздан озод ва обод Ватан қолсин”, деган ҳикматомуз сўзларига ҳамоҳангдир.
Нафинг агар халққа бешак дурур,
Билки, бу наф ўзингга кўпрак дурур.
Бир умр халққа камарбаста бўлган Алишер Навоий халққа наф келтиришни бахт деб билган. Албатта халқ розилигини олишданда улканроқ бахт йўқ жаҳонда. Зотан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “…Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак? Аввало, халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади”.
Буюк Алишер Навоий бобомизнинг “Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами”, – дейилган байтларида қанчалик чуқур ҳаётий ҳикмат, фалсафа бор. Яъни бу дунёда инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезонидир, халқнинг ғамидан узоқ бўлган инсонни одам қаторига қўшиб бўлмайди, деб таъкидламоқда улуғ бобомиз.
Бу ўлмас сатрлар бизнинг бугунги ҳаётимиз билан, бизнинг орзу – умидларимиз, интилиш ва амалий ҳаракатларимиз билан нақадар ҳамоҳанг экани одамни ҳайратга солади.
Ушбу рисолада Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда, “Авлиёлар авлиёси”нинг валийлик жиҳатлари, кароматлари, бу буюк зотда ғайб сирларининг намоён бўлиши, Абдураҳмон Жомий билан устоз–шогирдлик муносабатлари, Султон Ҳусайн Байқаро саройидаги адабий йиғин, Навоий асарларидаги башоратлар, борингки, бу улуғ зотнинг тил ва адабиётимиз, тарихимизда тутган ўрни қаламга олинади. Ушбу китобча Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институтида чоп этилган илмий конференция материаллари, ”Соҳибқирон юлдузи”, ”Тафаккур” журналлари ҳамда “Қашқадарё”, ”Баркамол авлод”, ”Дарё”, ”Мўжизавий дунё”, ”Нафосат”, ”Нишон тонги” каби кўплаб газеталарда чоп этилган мақолалар тўплами. Муҳими, бу мақолалар жамоатчилик, илм аҳли томонидан катта қизиқиш ва эътироф билан кутиб олинган. Ўз навбатида китобда сизу биз учун янгилик бўлган қизиқарли маълумотлар ҳам эътиборингизга ҳавола этилади. Алишер Навоий бобомиз олами сизни оғушига тортади.
Албатта, Навоий олами бу шундай тилсимли оламки, ҳали – ҳануз бу жабҳада сизу биз билмаган сиру синоатлар жуда кўп. Ушбу китоб денгиздан бир томчи, холос.
ҒАЙБ СИРЛАРИНИНГ НАМОЁН БЎЛИШИ
ЁКИ “АВЛИЁЛАР АВЛИЁСИ”НИНГ ҚУДРАТИ
Чу Ҳақдин эди ул саодат менга,
Бу душвор иш ичра жалодат менга.
Алишер Навоий.
Жомийнинг каромати
Ҳазрат Навоий “Хамса” (беш достон) ёзиш орзусида эди. ”Садди Искандарий” асарида (насрий баёнида) ёзилишича, ”бу ҳавасни тарк этай десам ҳимматим қўймас, ишни бошлаб зўр берай десам, қувватим етмас эди. Бинобарин панжамга ҳасрат – надомат билан боқиб, бу панжамни у панжамга урар эдим. Мана шундай хаёл менинг ақл – ҳушимни ихтиёримдан олган замонда, баногоҳ Суруш – бахтиёр фариштанинг овози қулоғимга чалинди: ”Эй орзу ва ожизлик денгизига ғарқ бўлиб, дардига даво тополмаётган одам! Ўрнингдан туриб пиринг ва устозинг (Жомий) даргоҳига борда, у кишининг ҳар нарсадан хабардор жонига сиғин! У кишининг дилидан астойдил дуо талаб қил, буюк ҳимматидан орзуингга мададкорлик тила!” Яъни илоҳий куч Ҳазрат Навоийни Жомий хонадонига унинг дуосини олиш учун йўллайди. Ҳар бир бекик қулфни очишда азиз кишиларнинг дуоси калит бўла олади. Чунки, азиз авлиёлар Аллоҳнинг дўсти ҳисобланади. Уларнинг дуоси эса Яратган даргоҳида мустажобдир. Гап шундаки, Мавлоно Жомийнинг шогирди ва муриди ҳақига қилган дуоси ижобат бўлади ва Навоий “Хамса” ёзиш учун ўзида катта илоҳий куч топади. Яратган мададкор бўлади.
“Ҳайрат ул-аброр”да ҳикоя қилинишича, бир куни Навоий Жомий ҳузурига боргач, у кулиб, шогирдининг қўлига “Туҳфат ул-аҳрор”ни тутқизади: “Ол-да, бошдан охиригача кўриб чиқ”, – дейди Жомий.
“Қўлидан достонни олиб, дарҳол ичини очдим, – дейди Навоий хотирлаб, – Унинг бошидан охиригача шоҳона дур эди. Яна қанақа дур денг? ”Туҳфат ул-аҳрор” достонининг ўзгинаси эди. Баҳраманд бўлишни истаганлар ундан наф топар, у олдинги икки достондан ҳажм жиҳатидан кичикроқ бўлса ҳам, фойдаси кўпроқ эди… Уни обдон ўқиб бўлганимдан кейин кўнглимда бир ҳавас пайдо бўлиб, безовта қила бошлади. “Низомий, Деҳлавий, Жомий бу йўлдан (“Хамса” ёзиш йўли) юрган эканлар, мен ҳам бир неча қадам юриб кўрсам қандай бўларкан? Улар ўз асарларини форсча ёздилар, мен эса туркий тил билан бошласам. Уларнинг асарларидан форсий халқлар хурсанд бўлди, туркий халқлар менинг ёзганларимдан баҳраманд бўлса”. Менга бу ишда Жомий оқ фотиҳа берса, қаламни қўлга олиб умид қиламанки, бу йўлга Низомий йўллар экан, Хусрав билан Жомий қўлласа, ҳеч ким Навоийга бу асарни яратиш насиб бўлмайди, деб айта олмайди”.
Тангри таолонинг марҳамати ва Жомий дуоси билан “Хамса” ёзишга киришган Навоий давлат ишларининг кўп бўлишига ҳамда касаллигига қарамасдан “Ҳайрат ул-аброр” достонини тугаллайди.”Шу хилда мен бу наво (“Ҳайратул аброр”)ни куйлаб турарканман, – деб таъкидлайди Навоий, – бир пок фикрли оқил ногоҳ менга деди: “Эй қалами ожизлик сиёҳига ботирилиб, инсоф хатига бошини қўйган одам! Сенинг заифлигинг (касаллигинг)га Худонинг ўзи қувват беради. Инсофинг кўринишларига юз офарин бўлсин. Сен баён қилиб битган нарса шуни кўрсатадики, сен бундан ҳам яхши ёза оласан. Ўзинг айтгандек юқори қилиб, истаганингдек ёқимли этиб ёзганингда, унга бозор бундан ҳам катта, бутун олам унга харидор бўлган бўлур эди. Шундай бўлса ҳам у жаҳон бўйлаб савдода, овозаси бутун борлиқни тўлдирган. Бу жаҳоннинг безаги ундан, денгиз ва кондаги гавҳарлар зийнати ҳам ундан”.
Шоирлар шоҳи ушбу фикрларни тинглар экан, Яратганга “Эй Тангрим, бу ёзганим яхши бўлса, сўроқ вақтида раҳм эт; ёмон бўлса, демак, ўзимнинг ҳам бошдан оёғим ёмон. Ёмон нарсамни раҳм этиб яхши қил, яхши бўлса уни қабул айла. Унга боққан эл кўзига ҳам жилва бериб уни яхши кўрсат; халқнинг кўнглига уни ёқимли эт”, – деб мурожаат қилади. Салкам олти асрдирки, халқимиз томонидан мутафаккир асарларининг қўлдан қўймай ўқилиши ҳамда у кишининг сўзлари ҳикматлар ва мақолларга айланганидан келиб чиқсак, Ҳазрат Навоийнинг Аллоҳ таолодан сўрагани мустажоб бўлган.