Kitobni o'qish: «МАНТИҚУТ-ТАЙР»
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ
АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ ТИЛ ВА АДАБИЁТ
ИНСТИТУТИ
ЭРОН ИСЛОМ РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ
ЭЛЧИХОНАСИ МАДАНИЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА
ВАКОЛАТХОНАСИ
ШАЙХ ФАРИДУДДИН АТТОР
НИШОПУРИЙ
МАНТИҚУТ-ТАЙР
(Қуш тили)
Форсийдан
Ўзбекистон халқ шоири
Жамол КАМОЛ
таржимаси
Тошкент
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
«Фан» нашриёти
2006
Масъул муҳаррир
Жаъфар Муҳаммад
Муҳаррир
Воҳида Ҳамидова
Сўз боши муаллифи
филология фанлари доктори
Иброҳим Ҳаққул
Сўнг сўз муаллифи
филология фанлари доктори
Аббосали Вафоий
Мусаҳҳиҳ
Дилором
Ношир
Нуриллоҳ Муҳаммад Рауфхон
Ушбу таржима
«Мантиқут-тайр»нинг филология фанлари доктори, профессор Маҳмуд Жавод Машкур томонидан тайёрланиб, 1968 йилда Теҳронда нашр этилган Маждий нусхаси асосида амалга оширилди.
НАВОИЙНИ МАФТУН АЙЛАГАН КИТОБ
Барча сўзлар мушкилидур бу ҳадис,
Безабонларнинг тилидур бу ҳадис
Алишер Навоий
Оллоҳсиз санъат нурсиз чироққа ўхшаб ҳар турли шавқдан йироқ ва ёлқиндан маҳрум бир санъат эрур. Чунки, ҳақиқий санъат азал-азалдан имонга суянган, ҳатто имондан туғилган маърифатдир. Масалан, шеър, мусиқа ва рақсни олайлик. Яхши маълумдирки, буларнинг ҳаммаси бошланғичда диний маросимлардан пайдо бўлган. Шу учун кўнгилларни улар буюк яратувчининг ишқи, илҳоми ва ҳайратлари билан тўлдирган. Айнан қудратли иймон-эътиқод соҳиблари атрофларидаги одамларга дилларидаги туйғу ва ҳаяжонни аввало шеър, мусиқа ва рақс билан ифодалашган. Тасаввуф ва тасаввуф адабиётидан шеър, мусиқа, рақсу самонинг муҳим ўрин эгаллашининг туб сабаларидан бир ҳам ана шунда.
Инсон яратганни билишга қизиқмаса, ҳаётининг мазмун-моҳиятини ундан ажратса, илоҳий гўзалликни чуқур ҳис қилишга уринмаса, унинг бахти – бахтсизлик, саодати – тубанликдир. Оллоҳдан йироқлик – нафсга, шайтонга, жаҳолат ва ёвузликка эрк бериш демак. Оллоҳни севиш эса руҳнинг зиёси, қалбнинг буюк қувончи ва ақлнинг ҳиммати эрур. Шу боисдан қадим Шарқ шоиру алломалари ҳар нарсадан аввал Ҳаққа таяниб, Ҳақ дардида ёниб, сўзни Ҳақ мадҳидан бошлаганлар, бир лаҳза бўлсин, Оллоҳ ва инсон муносабатини эътибордан четлаштирмаганлар. Эҳтимол шу учундурки, Шарқ тасаввуф адабиётидан ўрин олган ҳар бир мавжудлик, ҳар бир тимсол – ердаги гулу булбул дейсизми, кўкдаги ой, қуёш, юлдуз дейсизми – ҳамма-ҳаммаси Оллоҳни эслатиб, гўёки ишқдан, безавол санъат ва абадиятдан хабар етказиб туради.
Аҳли ирфон шунга иқрордурларки, йўқ бўлган бор бўлмайди, бор бўлган эса «йўқ» демак билан йўқолмайди. Кўринадиган барча мосиво (Оллоҳдан ўзга нарсалар)нинг мустақил вужуди йўқдир. Илоҳий зуҳурот, ҳаққоний сифатлар ила мавжуд ва сифатлангандир. Биз мосивони жаҳлимизла бор билиб, унга хусусий сифатлар бериб аслида ва ҳақиқатда йўқ нарсани бор деб ҳисоблаймиз. Мавжудлигига жаҳолатимиз туфайли ишонганларимизни йўқотиб ўртадан чиқариш лозим. Фақат Ҳақ тажаллиларининг йўқолмаслигини билиш эса ирфондир. Ирфон соҳиблари зоҳирда кўрганини ботинда ҳам кўргани учун уларнинг сийратида зоҳир ва ботин бирлашади. Бу ваҳдат – бирлик ҳоли Саноий, Аттор, Румий сингари ўнлаб ижодкорларни ишқнинг оламшумул нуфузи ва олий мақомлари тўғрисида чуқур мушоҳада юритишга илҳомлантирган.
Мансур Халлож ёзади: «Ҳар насрадан, яратиш ва яратма илмидан ҳам аввал Оллоҳ аҳадият мартабасида, каломсиз ва ҳарфсиз бир тарзда зотини зотида мушоҳада этди. Унинг ўз-ўзига ҳайронлиги ишқдан иборатдирки, бу ишқ бутун сифатларда покиза бўлган зотида зоти учун эди. Ушбу танзиҳият мартабасида Оллоҳ ўзини севди, ўзини шарафлади ва ўзининг зотида ишқи ила таайюн этди. Бу, ишқнинг зоти илоҳиядаги илк намоён бўлиши эди. Шу зайлда исм ва сифатларида касрат майдонга келди. Анча вақт кейин, Оллоҳ, зотида, зоти учун сўзлашмоқ мақсади ила ўзининг суратини кўришни истади. Азалга боқди ва «адам»дан барча сифат ва исмлари мажуд бир сурат яратдики, бу сурат Оллоҳнинг абадийлаштиргани Одам сурати эди…»
Бу сурат қанчалик гўзал бўлса, унга уфланган руҳ янада гўзал, қиёс қилиб бўлмас даражада латиф ва нафис эди. Руҳ вужудга киргани замон ўзини қафасда сезди, ҳижрон ва айрилиқдан ўртаниб – ёнди. Мумтоз адабиётимиздаги асарларнинг аксариятида шу ҳижрон «қисса»си бир-бирига ўхшамайдиган ранг ва оҳангларда бадиий талқин қилинган. Уларнинг орасида Шайх Фаридуддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» достони алоҳида мавқе ва нуфуз қозонган, деса, асло муболаға бўлмайди. Бу китобнинг дунёга шуҳрат таратиши бежиз бўлмаганидек, тенгсиз даҳо санъаткор Алишер Навоийни болаликдаёқ ўзига мафтун айлаши ҳам тасодиф эмасди.
Профессор Хелмут Риттер «Ислом Қомуси»даги Фаридуддин Атторга бағишланган мақоласида унинг ижодий фаолиятини уч босқичга ажратади: биринчи босқичда у моҳир ҳикоянавис, иккинчи босқичда ҳис-ҳаяжони юксак бир шоир, кейин эса ҳар қандай режадан фориғ бир ҳолда асарлар яратган эркин ижодкордир. Атторга нисбат берилган «Хусравнома», «Асрорнома», «Жавҳарнома», «Мусибатнома», «Илоҳийнома», «Мухторнома», «Мантиқ ут-тайр», «Девон», «Тазкират ул-авлиё» каби ўндан ортиқ нодир асарлар ана шу уч босқичда ёзилган. Аттор бошданоқ тасаввуф, ишқ ва маърифат сирлари билан қизиққан. Сўфий, дарвеш, фақру фано аҳлининг маънавий-руҳий ҳаётига оид китобларни у алоҳида диққат билан ўқиб-ўрганган. Атторнинг ўз эътирофига кўра валий ва эранларга бағишланган мингга яқин китобни мутолаа қилиб, бир қанча жойларни кезиб сўфийлар ҳақидаги ҳикояларни тўплаган. Буларнинг маълум бир қисми халқ оғзаки ижодига мансуб эди. Умуман олганда, Атторнинг бутун ижодиёти халқ оғзаки адабиёти билан боғланган, ҳатто айтиш мумкинки, фольклор моҳиятига эгадир. Зеро, буюк шоирнинг асарларидаги кўп ҳикоятлар ҳақиқатда ҳам халқ оғзаки меросидан олинган. Тўғри, улар қайси бир зайлда ўзгарган, қайси бир тарзда қайта ишланган, аммо, маъно ва моҳият «илдизи» сақланган, халқона соддалик, ифодадаги табиийлик ўзгариб кетмаган. Атторнинг тили Унсурий, Фирдавсий, Анварий ёки Саъдий ва Жомий каби шоирлар тилидан фарқланиши илмда қайд этилган. Чунки, ҳикоятларни халқдан тўплаган ва билимини кенг оммага етказишни кўзлаб, минг-минглаб кишиларнинг кўнгил ҳолини ўзгартиришга интилган шоир ўзига хос бир тасвир йўли ва услубга соҳиб бўлиши, халққа халқ тили билан сўзлаши табиий эди.
Кўп шоирлар, хусусан, Мавлоно Жалолиддин Румий Атторнинг ана шу санъатидан илҳомланган. Фақат «Маснавий»да эмас, балки «Девони Кабир»да ҳам у Аттор тажрибаларини ривожлантирган эди. Турк олими А.Гулпинорлининг ёзишича, «Халққа илми, ишончини ҳикоялар орқали ифодалаган, халқ билан айнан халқ тилида сўзлашган Атторга Мавлоно издошлик қилган ва унга буюк бир севгисини намоён айлаган». Ҳақиқатда ҳам «Мантиқ ут-тайр», хусусан, «Илоҳийнома»даги айрим ҳикоятлардан Мавлоно «Маснавий»да жуда моҳирлик ила фойдаланган. Албатта, Атторнинг ҳикоя тарзи билан Мавлононинг ҳикоя усули орасида муҳим фарқ ҳам кўзга ташланади. Аттор яратган ҳикоялар асосан кичик ҳажмли, улар орасида икки, уч байтлиси ҳам бор. У ҳикоядан ҳикояга ўтмайди. «Маорифи илоҳийя» дейилган фиқҳ, ҳадис, калом сингари мавзулардан баҳс очмайди.
Аттор фақри фано шоири. Борлиқ, мавжудлик сир-асрорини у йўқликдан, фаноликдан ахтаради, фоний нарсаларга кўнгил қўймаслик, башарий ўзликдан кечиш ва илоҳий ирода соҳиби бўлиш завқидан гапиради. Оллоҳни ахтариш, маъшуқи азал висолига восил бўлиш ғояси Атторнинг «Мухторнома, «Илоҳийнома» каби асарларида ҳам ёритилган бўлса-да, шоир уни «Мантиқ ут-тайр» достонида энг гўзал шаклда тасвирлашга эришгандир.
Машҳур тасаввуфшунос Абу Аъло Афифийнинг ёзишича, «Мантиқ ут-тайр»даги қушлар инсон нафсларидир. Симурғ эса Ҳақ Таоло эрур. Водийлар, сўфий йўлидаги мақомлардир. Достондаги қушлар на кўз ила кўрилур, на қўл била тутилур… Уларнинг йўлчилиги маънавий водийлардаги бутунлай маънавий йўлчиликдир. Бу сайру саёҳат асносида, нафснинг ғаройибликлари, ҳоллар ва улардаги қоронғулик, нур, дунё ишларига боғланиш, «энг муқаддас илоҳий Ёр» ишқига таслим бўлиш каби ҳолатлар мушоҳада этилур».
Дарҳақиқат, Аттор достонидаги бош мақсад, энг аввало нафсни таниш, нафсга қарши курашиш ва уни поклаш йўли билан Ҳаққа етишишдир. Бир гуруҳ олимларнинг эътирофларига кўра шайтон ва малакнинг инсонга таъсири, нафс ва руҳнинг ҳаракатидан пайдо бўлади. Нафс ҳаракатга тушиши билан, унинг асл жавҳаридан бир зулмат юзага келади. Бу қоронғулик қалбда ёмонликка чорловчи бир йўл ахтаради. Ана шунда шайтон қалбга кўз тикади ва уни ишғол айлашга киришади. Ва нафс жаҳолат, ғафлат, ҳавову ҳавасга таслим бўлади. Руҳ ҳаракат бошласа-чи? Унда руҳнинг сифатига уйғун порлоқ бир нур туғилади ва инсон маънавий ҳаёт завқига етишиб, олий ва улвий мақсадлардан чекинмай яшиш машаққатларини енгиб ўта олади. Қушлар тимсолида Аттор буни ниҳоятда ёрқин ва таъсирли манзараларда тасвирлаб бергандир.
Масалан, талаб водийсини олайлик. У зуҳд, норасо ва бераҳм дунёдан йироқлашиш ва бунинг асосий шарти бўлган «нафс ила мужоҳада» водийси ҳисобланади. Бу водийга тегишли фикр-мулоҳаза ва рамзий ифодаларда гўёки покланиш «методи» талқин қилинган.
Ишқ водийси эса, маъшуқи азал нурининг шуълалари таъсир ўтказгандан сўнг нафснинг Унингла бирлашиши учун кучли иштиёқ сезиш, ўзидан воз кечиш мақомини акс эттиради. Аслида ҳақиқий ошиқ ҳаёти ҳам худди шундан бошланади ва бу кашф босқичларнинг дастлабкисидир. Зеро, Шарқ мутасаввифлари, жумладан, Атторнинг ишонч-эътиқоди бўйича, инсон руҳи Оллоҳдан таралган бир нур. Бу нур «зоҳирий оламда» рангдан рангга, шаклдан шаклга, жисмдан жисмга ўтиб «комил»ларнинг вужудида тўла мукаммаллик топгандан кейин яна Оллоҳга қайтажак. Тоқ ва Мутлақ борлиққа сингиб – бирлашиб кетиш ошиқни ҳеч тасаввур қилиб бўлмас завққа толдиради. Лекин бундай саодат камдан-кам кишиларга насиб айлайди. Чунки илоҳий йўлни ўргатиш ва кўрсатишга мактабу мадрасаларда ўқитиладиган илмларнинг кучи ҳам, имконияти ҳам етишмайди. Бунинг учун ирфон зарурдир. Ҳақиқий илм ўлароқ тан олинган ирфон туйғу, сезги ва ишқ йўли билан ўрганиладиган билимдурки, у ўз нафсида Оллоҳни мушоҳада қилиш салоҳиятидир. Шу учун ҳам Муҳаммад Фузулий:
Ишқ эмиш ҳар не вор оламда,
Илм бир қийлу қол эмиш анжоқ,
деган Шу боисдан ҳам улуғ ва оташнафас Аттор ишқ водийсининг сир-асроридан теран баҳс юритган эди.
Албатта, Оллоҳни ҳар ким ўзича мушоҳада этади. Шунинг учун Оллоҳга бориладиган йўллар нафаслар қадар кўпдир, дейилган. Оллоҳ дийдорига восил бўлишга тўсқинлик қиладиган нафсоний ва зулмоний парда, яъни ҳижоблар ҳам беҳисоб. Маърифат водийсига тегишли гаплар шу пардаларнинг барҳам топиб, ҳар нафснинг Ҳақ Таоло қаришсида қайси мартабада эканини англагани тўғрисидадир. Бунда ҳол ва ҳақиқатлар бир-биридан фарқланади. Ўзаро зид, муноазарали туйғу ва тушунчалар ўртага қалқиб чиқмоғи мумкин-ки, бундан асло ажабланмаслик керак. Бироқ, Ҳақ жамолининг тажаллий айлаши билан ҳар турли даъволар ҳам, ўткинчи ашёлар барҳам топади. Солик ўзидан, ўзлигидан кечиб, энди илоҳий севгига ғарқ бўлади. Аттор Истиғно водийсини шу ҳақиқат талқинига бағишлаган.
Тавҳид аталмиш водийга келсак, шоир бунда касрат, яъни кўпликнинг фоне бўлиб, солик қалбида ҳақиқий Бирнинг тажаллий қилиш мақомининг тасвирини яратган. Касратнинг йўқолиши билан унинг замини ўлароқ мавжуд бўлган замон, макон ва чегараланишлар ҳам йўқолади. Ана шу нуқтада Ҳақ, ҳамма нарсани қуршаган, ҳар бир мавжудликни ишғол айлаган бир гўзаллик суратида ўзини кўрсатади. Илоҳий жазба ҳам шу манзилда майдонга келади.
Ҳайрат водийсига юксалган ошиқ, худди олам-жаҳонни унутгани сингари ўзини ҳам унутади. Фано нима, бақо нима – буни билмайди. Билгани ягона бир нарса – ошиқлик. Танигани эса – маъшуқасидир.
Охирги водийда ошиқ ила маъшуқ бирлашади. Бошқача айтганда томчи денгизга айланиб кетади. Бу – парчанинг бутунга дўниши ҳамдирки, аввалда ҳеч қандай айрилиқ ва ҳижрон бўлмаганини акс эттиради.
«Биз шаҳватга қул бўлган кимса ҳис қилмаган ҳурриятни идрок этамиз. Чунки биз, борлиққа ҳоким бўлган низомга иқрормиз. Бу эса борлиқнинг моҳиятини ва ундаги ўрнимизни билишнинг бир натижаси ўлароқ бизни қаноатлантиради», дейди Спиноза. Аттор достонида ифодаланган ҳуррият тушунчаси ҳам шунга жуда яқин: унда ҳам чинакам ҳуррияти, иродаси фақат илоҳий иродага бирлашажак даражада Оллоҳни севган кишига хосдир, деган хулоса келиб чиқади.
Маълумки, инсоннинг Оллоҳга сафари бевосита Йўл тимсоли билан алоқадордир. Қадимий хитой тилидаги Дао йўл мазмунини билдирган. Ҳиндларнинг «бхакти марго»си ҳам ишқ орқали ҳурликка юксалиш йўли деб таърифланган. Ҳазрати Исо «Мен йўлман», деганда инсонларни Оллоҳга томон бошлаш вазифасини назарда тутган экан. Шарқ мистикларидан бирининг эътирофи бўйича, Комил инсон малакдан кўп юксакдир. Негаки, малак турғун тургувчи, инсон эса юргувчидирки, у қалбан ва руҳан тинимсиз илгарилайди. Юксакка кўтарилади ва дунёни янгилайдиган ҳаракатларни таъминлай олади. Ибн Арабий бир ўринда авлиёларни Ақли куллнинг туялари деб таърифлайди. Чунки улар инсонларни Ҳақ йўлига чорлаб, ўз ортларидан эргаштирадилар. Аттор ўз достонида жон қушининг, улуҳият тимсоли бўлган Симурғ томон парвоз айлашини, Йўл ва йўлчилик захматларини шунчалик ёрқин тасвирлаганки, сезгир ўқувчи маънавий-руҳий йўлчиликда доимий инкишоф, нафснинг бир нурли очилиши мавжудлигини осон англайди. Ва ўз аслига қараб яқинлашаётган қушга «Эй жон қуши, уч, учгил, тўхтама», дегиси келади.
Атторнинг бу бетимсол достони тасаввуфий адабиётнинг тамал асарларидан бўлиб, қанча мутасаввиф ва шоирлар ундан илҳом олганлар. Алишер Навоийнинг «Лисонут тайр» достони ҳам таъсир ва илҳом мевасидир. Навоийнинг ўзи буни қуйидаги тарзда таъкидлаб ўтган:
Шайх руҳидин етиб кўп эҳтимом,
Қилдим оз фурсатда арқомин тамом.
Сўз дақиқ эрдию маъни онда гум,
Гарчи қилдим ўз-ўзумға уштулум.
Шайх руҳидин вале етти кушод,
Ким муродин топти ушбу номурод…
Аттор достонини ўқиш «Лисонут тайр»ни яхши англашга, Навоий достонини мутолаа қилиш «Мантиқут тайр»ни пухта ўқиб-ўрганишга ёрдам беради ва имкон очади. Аммо Атторнинг китоби ҳанузгача ўзбек тилига таржима қилинмаган эди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг Мумтоз адабиёти бўлими таклифи билан бу қийин ва сермашаққат ишни Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол амалга оширди. Демак, серғайрат, заҳматкаш шоиримиз форсий адабиётнинг яна бир ўлмас асари – Навоий бобомиз қалбларини ишқлантирган китоб таржимасини ўзбек китобхонига туҳфа этди. Бунинг учун Жамол Камолга чин дилдан миннатдорлик билдирамиз. Ўйлаймизки, адабиётга, илм, ижод ва китобга қизиқиш сусайган шундай замонда ҳам мутаржим меҳнатига холис ва муносиб баҳо беришдан қувнаб, фикр, муносабатини дариғ тутмайдиганлар топилажак.
Иброҳим ҲАҚҚУЛ
филология фанлари доктори
БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИЙМ
Офаринлар унга, ул Яздони пок
Берди фармон, жону иймон топди ҳок.
Аршни сув узра бунёд айлади,
Одамий умрин шамолга жойлади.
Кўкни юксалтди, забардаст этди ул,
Ерни тубан айлади, паст этди ул.
Ул бирига жону жунбуш берди чун,
Бул бирига берди орому сукун.
5 Осмонни бесутун чодир қилиб,
Ерни ёйди остига, ҳозир қилиб.
Олти кунда етти анжум ўнглади,
Бўл, деди, тўққиз фалакни тиклади.
Кўкда юлдузларни яшнатди кейин,
Ҳар кеча этди фалак бирлан ўйин.
Тан тузоғин турфа аҳвол этди ул,
Жон қушин тупроққа дунбол этди ул.
Амридин денгиз эриб, сув бўлди, ёш,
Ваҳмидин тош қотди буткул тоғу тош.
10 Сувсатиб денгизни андоқ этди хушк,
Тошни ёқут айлади ул, қонни мушк.
Тоққа юксак чўққи берди ҳам камар,
Токи мағрур юксалиб турсин ўшал.
Гоҳи оташ узра гуллар терди ул,
Гоҳи денгиз узра кўприк қурди ул.
Пашшани душман бошига жойлади,
Пашша тўрт юз йил уни қон айлади1.
Ҳикматидин анкабут тўр солди, тор,
Садри олам топди орому қарор2.
Қилча бел берди чумолига, камар,
Ул Сулаймон бирла бўлди ҳамсамар.
Берди хилъат унга, аббосий туни,
Бебадал «Тосин»га эш этди уни3.
Бор эди Исода нина, кўрди Ул,
Шул сабаб тўртинчи кўкда турди ул4.
Лолалардин тоғни алвон айлади,
Гумбази кўкни тутундин шайлади.
Лахта-лахта қон этиб тупроқни тиғ,
Олди қонлардин кейин лаълу ақиқ.
20 Йўлларида токи ул ою қуёш
Сажда этгайлар қўйиб тупроққа бош.
Юзларида нур – нишони саждадир,
Сажда гар йўқ эрса, талъат қайдадир?
Сочди кундузларга шодликдин зиё,
Этди андуҳ бирла тунларни қаро.
Тўтига тақди чу маржони зари,
Этди Ҳудҳудни хабарчи раҳбари.
Кўйида гардун қуши силкиб қанот,
Бош урар дарбозасига бот-бот.
25 Чархи гардун айланур андин тутош,
Тун кетиб, кундуз етиб, келгай маош.
Дуд била кўпикни олам айлагай,
Бир нафасдин лойни одам айлагай.
Гоҳи тўрга ўтказар кўппакни ул,
Гоҳ мушук боис очар мақсадга йўл.
Итни шерри мардга қурбат ҳам этар,
Шерри мардни итга нисбат ҳам этар.
Гоҳи бир девга сулаймонликни ҳам,
Гоҳ чумолига сухандонликни ҳам.
30 Аждаҳо айлар асони гоҳи ул,
Гоҳи тандир остидин тўфон келур.
Қишда оламга кумуш этгай нисор,
Кузда япроқларни айлар зарнигор.
Кўкни ул тойчоққа ўхшаб сакратар,
Унга ул зарин ҳилолни наъл этар5.
Кўкни кўк аҳлига дастурхон қилур,
Хон уза равшан қуёшни нон қилур.
Қоятошдин теваю нор келтирар,
Зар ҳўкиздин нолаю зор келтирар6.
35 Руҳни пок сувратда кўрсатмиш, ажаб,
Барча ишга бир ҳовуч тупроқ сабаб.
Нафси саркаш бошини индирди ул,
Танга жон, жонга имон сингдирди ул.
Топди залвор тоғ унинг тадбиридин,
Баҳр сув бўлди уят, ташвиридин.
Ер унинг кўйида чун жонсадқадир,
Кўк унинг дорбозасида ҳалқадир.
Меҳридин саккиз биҳишт эрмиш нишон,
Етти дўзах унга оний, бир замон.
40 Жумла тавҳид ичра мустағрақ анга,
Дема мустағрақки, мавҳ мутлақ анга.
Гар киши пайкон отиб, қон айлагай7,
Ғунча қонин зеби пайкон айлагай.
Ё суманга кийдирар тожи саро,
Лола бошига илар қондин кулоҳ.
Қўндирар наргисга гоҳи тожи зар,
Сўнгра ул тожига шабнамдин гуҳар.
Ақлу ҳуш ҳайратда, дил сўзон анга,
Осмон саргашту ер ҳайрон анга.
45 Баҳру дарёда балиқ, то кўкда моҳ.
Ҳар не мавжуд, бергуси андин гувоҳ.
Ер паст, осмон баланддир қанчалар,
Ҳар бириси айрича бергай хабар.
Сув ва тупроқ, ел ва оташ айлагай,
Ҳар биридин сиррини фош айлагай.
Лой қориб, балчиқ пишитди қирқ сабоҳ,
Жонга ором берди сўнгра тан аро.
Жонки кирди, тан тирикдир, зиндадир,
Ақлу ҳуш берди, кўришлик ундадир.
50 Ақлу ҳушдин жон кўришни бошлади,
Илму фан берди, танишни бошлади.
Бас, таниб, ажзига иқрор бўлди ул,
Ғарқи ҳайрат бўлди, ишга урди қўл.
Хоҳи душман бўл, хоҳи дўсту ёр,
Барчанинг андин юки, залвори бор.
Ҳикмати юклайди залвор барчага,
Бул ажабким, ул нигаҳдор барчага.
Кимсада гар ҳеч кору бор йўқ,
Барча ишда, кимсайи бекор йўқ.
55 Жузву Кулл пок зотининг бурҳонидир,
Аршу фарш ҳам мулкидир, айвонидир.
Тоғни мих этди заминга бир йўла,
Ерни ювди сўнгра дарёлар била.
Ер ҳўкиз остида сокин, пастида
Бир балиқ тургай, ҳаводир остида.
Ул ҳаво не узрадир? Ҳеч узра, бас,
Барчаси сўнг ҳеч, ҳечдир, бошқамас.
Боқ, фикр қил санъатин, ул подшо
Ҳечу ҳечлардин яратмиш не бино.
60 Бас-ки ҳечлардин яралмиш ул, демак,
Жумла борлиқ ҳеч эрур бешубҳа шак.
Арш сув узра, сув остинда ҳаво,
Сув, ҳавони қўй, бутун борлиқ Худо.
Аршу олам баски тилсимдир тамом,
Барчаси Ундан иборат жисму ном.
Боқ бу оламга, у оламга абад,
Ўзга йўқдир ўртада,Улдир фақат.
Жумла зарроту шакллар муттасиф,
Жумла бир ҳарфу нақллар мухталиф8.
65 Эр керак, бўлсин у ҳар дам шаҳшунос,
Шаҳни билсин, бўлса-да ҳар не либос.
Ул ғалат этмас, билар подшони чун,
Бас, ҳама Улдир, яна айтмоқ нечун?
Чун ғалат этмоқ бу аҳволнинг иши,
Чин назар – марди муатталнинг иши9.
Эй дариғо, йўк бировда сабру тоб,
Дийдалар кўрдир, жаҳон пурофтоб.
Жумла оламда Уни кўрса кўзинг,
Гум бўлур ақлинг, йўқолгайсен ўзинг.
70 Эй ажабким, барча қўлда домани,
Узр айтурлар ва истарлар Ани.
Эй ҳувайдову кўринмас Ҳувву Ҳай,
Жумла оламсенку, кимса кўрмагай.
Жон ниҳон тан ичра, жонда сен ниҳон,
Эй ниҳон ичра ниҳон, эй жонажон,
Ҳаммадин аввал ва охир сен ўзинг,
Барчада ошкору зоҳир сен ўзинг.
Эшигинг олдида посбону асас10,
Бир яқинлашмоққа йўл топгайми кас?
75 Ақлу жон зотингни истар, роҳ йўқ,
Ҳам сифотингдин бирор огоҳ йўқ.
Жон аро ганжи ниҳон ҳам сен ўзинг,
Ошкори жисму жон ҳам сен ўзинг.
Жумла жонлар жавҳарингдин бенишон,
Анбиё хоки раҳингда жонфишон.
Ақл айтар борлиғингни эрта-кеч,
Лекин асрорингга ул етгайму ҳеч?
Мулки борлиқ ичра жовидсен мудом,
Боғламишсен жумла қўлларни тамом.
80 Эй ўзинг жон ичра, жондин ташқари,
Ҳар не айтсам, улсену ундан нари.
Эй хирад саргашта даргоҳингда чун,
Ақлу ҳуш гумдир йўлингда бус-бутун.
Гарчи сен-ла кўдим оламни аён,
Кўрмагум оламда лек сендин нишон.
Ҳар киши сендин нишоне берди боз,
Лек ўзингдин йўқ нишон, эй баҳри роз.
Гарчи гардун тикди кўзни, чекди дард,
Кўрмади хоки раҳингдин зарра гард.
85 На замон топди нишон гардингдин ул,
Сочди тупроқ бошига дардингдин ул.
Офтоб шавқингдин айлаб тарки ҳуш,
Ҳар кеча қўйгай қаро тупроққа тўш.
Ой сенинг кўйингда ҳар ой чун гадо,
Иштиёқинг бирла бўлгайдир адо.
Баҳр ишқинг бирла солди гулдирос,
Қолди лек тардоману лабташна боз.
Тоғ сенинг йўлигда кўрмиш юз довон,
Ботмиш ул балчиққа, қолмиш нотавон.
90 Офтоб шавқинг била оташ эрур,
Ўртаниб оташда чун, саркаш эрур.
Ел сенинг кўйингда сарсондир басе,
Кафтида тупроқ, паришондир басе.
Сув сенинг ҳажрингда ўртанган кўйи
Беқарордир, бошдин ошмишдир суйи.
Сен учун тупроқ басе дармондадир,
Хокисорлик ичра ул армондадир.
Неча сўйлай, сенга ожиздир сифат,
Не қилай, йўқ эрса менда маърифат?
95 Эй кўнгил, гар толиб эрсанг, йўлга юр,
Олду ортингга боқиб, огоҳ бўл.
Йўлчиларга боқ, нечук огоҳ улар,
Изма-из келгай сўйи даргоҳ улар.
Зарра борким, айру бир даргоҳи бор,
Зарранинг даргоҳга айру роҳи бор.
Не билурсен, ул нечук бир роҳ эрур,
Борса ул йўлдин нечук даргоҳ эрур?
Сен аён излар эсанг, бўлгай ниҳон,
Сен ниҳон излар эсанг, бўлгай аён.
110 Сен аён изла, ниҳондир ул нафас,
Сен ниҳон изла, аёндир ул нафас.
Изласанг ҳар иккисида, ул маҳал
Икки оламдин-да айродир ўшал.
Не йўқотдинг? Ҳеч вақое, излама,
Ҳар не дерсан, Ул эмас ул, сўзлама.
Ҳар не айтарсен, биларсен, хон, ўзинг,
Ўзни билгил, ўзни юз чандон ўзинг.
Сен ани андин таниб ол, қўй хирад,
Бошланиб йўл унга элтгайдир фақат.
105 Васф этарлар васфини, лек васфи, бас,
Лойиқи ҳар марду ҳар номард эмас.
Бўйла ожизликка эшдир маърифат,
Васфига етгайму ҳеч шарҳу сифат?
Халқнинг андин билгани ҳечдир, хаёл,
Бир хабар бермоққа борму бир мажол?
Васфида ҳар турли сўздин айтдилар,
Андин эрмас, балки ўздин айтдилар.
Илмдан юксак ва хорижи аён,
Зоти поки борлиқ ичра бенишон.
110 Кимса андин бенишонлик топди, бас,
Чора излаб, жонфишонлик топди, бас.
Ҳар кишининг ҳуду беҳудлик аро
Айтгани «Оллоҳ лаззи»дир мутлақо11.
Зарра-зарра илғабон фаҳминг сенинг,
Ҳар не дерсан, ул фақат ваҳминг сенинг.
Ул турар манзилга жон етгайму ҳеч?
Ул маконни жон макон этгайму ҳеч?
Ақл истар кунжи васлин, роҳ йўқ,
Илм излар сиррини, огоҳ йўқ.
115 Неча юз минг феъли бор, жондин азиз,
Ҳар не истарсен, дегил ондин азиз.
Ақл ҳайрондир унинг савдосидин,
Жон-да ҳайрат ичрадир кимёсидин.
Жон унинг савдосида саргаштадир,
Дил эса қонлар била оғуштадир.
Ҳой, етар, этма қиёс, эй ҳақшунос,
Беқиёс бирлан нечук бўлгай қиёс?
Шавкатидин ақлу жон ҳайрон эрур,
Не эмиш ҳайронки, саргардон эрур.
120 Ҳам камоли ақлу жонни этди лол,
Ақлу ҳуш ҳайрону жон афтодаҳол.
Не набийлар, не расуллар ўтмади,
Баҳри Куллдин бир насибе етмади.
Барчаси тупроққа юзни сурдилар,
Етмадик зотингга, деб оҳ урдилар.
Ким бўлибмен мен чу лоф ургувчи қул?
Кимки машғулдир тамом, билгувчи ул.
Ундан ўзга йўк эса оламда кас,
Кимга айларсен бу савдою ҳавас?
125 Дуру гавҳар денгизи бор мавж-мавж,
Воқиф эрмассен нечукдир унда авж.
Кимки ул денгизда гавҳар топмади,
Бўлди ло, Иллоҳ сари раҳ топмади.
Сиғса гар тавсифга ул Раҳмонмидир?
Васфини этмоқ унинг осонмидир?
Сиғмагай рамзу ишоратларга ул,
Урма дам, сиғмас иборатларга ул.
На ишорат тўғри келгай, на баён,
Зотидин йўқ кимсада илму нишон.
130 Сен ўзингдинг кеч, камол аслида шул,
Бир йўла йўқ бўл, висол аслида шул.
Унда йўқ бўлгил, ҳулулий шул демак,
Йўқса баҳс этма, фузулий шул демак12.
Иккиликдин воз кечиб, бир тусли бўл,
Бир кўнгил, бир қиблаву бир юзли бўл.
Эй халифазодайи бемаърифат,
Бўл маърифат ичра сен отанг сифат.
Ҳақ адамдин бор этиб, не этди фош,
Барчаси эгди унинг олдида бош.
135 Амри Ҳақ бирлан яралди фитрати,
Ҳақ уни юз парда бирлан чирмади.
Деди: эй Одам, чу баҳри жуд бўл,
Сажда этгайлар сенга, масжуд бўл…13
Этди саркашлик бири, бош эгмади,
Ул сабабдин бўлди малъун, лаънати.
Юз қаро бўлди, деди: эй бениёз,
Сен мени хор этма, корим ўнгла боз.
Ҳақ таоло деди: эй малъуни роҳ,
Ҳам халифа Одам ул, ҳам подшо.
140 Сен боқиб Одамга, ўртансанг бугун,
Эртага ўт ичра ёнгайсен бутун.
Жузв Кулл бўлди кириб жисм ичра жон,
Кимса бўйла тилсим этгайму аён?
Жон баланд эрдию тан паст эрди, хок,
Бас, қовушди хоки пасту жони пок.
Паст, баланд бундоқ қовушди ёр бўлиб,
Одамий келди ажиб асрор бўлиб.
Воқиф эрмас кимса, не асрор ул,
Ҳар гадонинг кори эрмас кор ул.
145 На билолдик, на таний олдик уни,
На кўнгиллардин нари солдик уни.
Баски хомушликдин ўзга роҳ йўқ,
Бир нафас чекмоққа ҳадди оҳ йўқ.
Кўрдилар денгиз юзини, сатҳини,
Кўрмади бир кимса лекин қаърини.
Ганж денгиз қаърида тилсим ҳануз,
Кутмагил, тан отли ул тилсимни буз.
Бузсанг ул тилсимни, ганж пайдо бўлур,
Кетса тан, жон ҳам сенга пайдо эрур.
150 Сўнгра жонинг ўзга тилсим бўлгуси,
Ғайб етиб жонингга, жисминг бўлгуси.
Бўйлаким йўл юр-да, поён истама,
Бўйла бир дардингга дармон истама.
Баҳри бепоёндир улким, қанчалар
Бўлдилар ғарқ, кимсадин йўқдир хабар.
Бўйла денгиздирки, баҳри аъзам ул,
Олам унда зарра, зарра олам ул.
Олам эрса зарра, боис қудрати,
Зарра олам эрса, боис ҳикмати.
155 Оламинг мўъжаз пуфакдир баҳраро,
Заррани ҳам бир пуфак бил мутлақо.
Зарраву олам агарда маҳв ўлур,
Баҳр аро икки пуфакча кам бўлур.
Кимса билмас, шу буюк баҳри амиқ
Ичра тош пора азизми ё ақиқ?
Ақлу жону дил ва динни бойладик,
Лек камолин зарра билдик, билмадик.
Юм даҳонинг, сўрма аршу курсини,
Баски йўқ билмоққа имконинг уни.
160 Битта қил олдида ақлинг нотавон,
Жоиз эрмасму басе юмсанг даҳон.
Битта зарра олдида лолсен тамом,
Борму боз сўрмакка ҳожат, вассалом.
Не эмиш кўк, бош эгиб ул пойдор,
Беқарорликка мудом этмиш қарор.
Чарх истарки, бу сирни англасин,
Улки саргардон эса, не англасин.
Буйла ҳол бирла нечук султондир ул,
Баски бундоқ зору саргардондир ул.
165 Кўйида саргашта, билмас қайдадир,
Парда узра пардадирким, пардадир.
Бўйла саргардонлик ичра ҳар замон,
Не билур ул парда ичра не ниҳон?
Чарх уриб лек орзуйи оташдадир,
Шул эшик атрофида саргаштадир.
Пардайи роз чун очилмасдир анга,
Пардайи асрор очилгайму сенга?
Кори олам бўйлаким ғайрат эрур,
Ҳайрат узра ҳайрату ҳайрат эрур.
170 Ҳар замон йўл янги поён ичрадир,
Халқ боқиб, ҳар лаҳза ҳайрон ичрадир.
Йўлчига йўл не кўрингай, шунга боқ,
Ким йироқ кўргай уни, кетгай йироқ.
Бениҳоятдир, адоғи йўқ унингн,
Беададдирким, саноғи йўк унинг.
Оламе кўрдик, ғаройибдир иши,
Жумла кўзлардан-да ғойибдир иши.
Кимсага сирри аслга роҳ йўқ,
Заррадин бир заррайи огоҳ йўқ.
175 Бўйладирким, ул йўқотмишдир йўлин,
Юз буриб деворга, тишлайдир қўлин.
Не улуғлар ушбу йўлни билдилар,
Йўлни билдирмоққа балки келдилар.
Жонларин, бас, ғарқи ҳайрат этдилар,
Жонга ҳамроҳ ажзу ҳасрат этдилар.
Аввало боқ, келган ул Одам эди,
Бошида дарду бало, мотам эди.
Кўр яна тўфонда қолган Нуҳни ҳам,
Чекди не йиллар у кофирдин алам.
108 Боқ чу Иброҳимга, соҳиб дил эди,
Унга ишқдин ўт-олов манзил эди.
Боз Исмоилга боқ, не англади,
Жонни ёр кўйида қурбон айлади.
Боз ўшал Яъқуби саргардонга боқ,
Ўғли-чун чекди неча ранжу фироқ.
Боқ Юсуфга, токи султон бўлди ул,
Чоҳга тушди, банди зиндон бўлди ул.
Сол яна Аюби собирга назар,
Не жафолар чекди куртлардин ўшал.
185 Кўр яна Юнусни, янглиш айлабон,
Бир балиқ қорнида тутди ул макон.
Боқ Мусони, бўлди не собит анга,
Фиръавн доя, бешик тобут анга.
Зирҳгар Довудни ҳам ёд айлаким,
Тафти дил бирлан темирни этди мум.
Беназир эрди Сулаймони хидев14,
Мулки барбод бўлди, тахтин олди дев.
Боқ Закариё чу эрди қалби ўт,
Арра тушди бошига, этди сукут15.
190 Кўр жамоат олдида Яҳёни ҳам,
Боши қирқилди мисоли сўхта шам.
Сен Исони кўр, уни кутганда дор,
Йўл топиб, қочди жуҳуддин неча бор.
Боқ, набийлар сарвари ул Мустафо
Кўрди кофирдин неча жабру жафо.
Сен буларни тутма кам, осон дема,
Жон бериш бирлан баробар бул ҳама.
Неча айтдим, айтгали сўз қолмади,
Неча тердим, лола, наргис қолмади.
195 Ўлдим ҳайрат ичра чун якбора мен,
Айладим бечораликни чора мен.
Эй хирад йўлингда ожиз тифли шир16,
Ахтариб, кўйингда ҳайрон ақли пир.
Мен чу аблаҳ, сенга етгаймен нечук?
Сен муназзаҳ, сенга етгаймен нечук?17
На илм зотингга етгай, на баён,
Сенга на суду зиёндин наф, зиён.
Сен биларсен ҳар гуноҳ, узримни чун,
Мен ёнармен, сенга ёнгаймен нечун?
200 Ташвишингдин қайнади қоним маним,
Лек жавонмардликни эплай олмадим.
Юз гуноҳ қилдим, вале боқмай анга,
Раҳматингни сен раво кўрдинг менга.
Подшоҳ, мискинга сен раҳм айлагил,
Не ёмонлик айласам, афв айлагил.
Билмайин қилдим, хатойимни кечир,
Сен қабул эт илтижойимни, кечир.