Faqat Litresda o'qing

Kitobni fayl sifatida yuklab bo'lmaydi, lekin bizning ilovamizda yoki veb-saytda onlayn o'qilishi mumkin.

Kitobni o'qish: «40 ёш даврида: аёллар ва эркакларда климакс»

Shrift:

СЎЗ БОШИ

Мени бу қисқа ва аёллар учун жудаям керакли бўлган китобчамдан олдин “Ҳаёт жавҳари” деб номланган рисолам китобхонларга тақдим этилди.

Аслида, бу китобча “Ҳаёт жавҳари”нинг давомидир. Афсуски, баъзи сабаблар билан улгуролмай қолдим. “Ҳаёт жавҳари” ўқувчиларимизнинг қўлига етиб, унинг мазмунидан хабардор бўлгач, у ҳақда китобхонлар ижобий фикр билдиришди, яъни китобни яхши қабул қилишди. Шунинг учун кеч бўлса ҳам аёллар ва ўз навбатида кўпчилик китобхонларимиз учун энг муҳим бўлган бу китобчани ёзишга қарор қилдим.

Мазкур мўъжазгина китобча жудаям қисқа, оддий халқ тилида ёзилди. Шу билан бирга ёлғиз аёллар учун эмас, эркаклар учун ҳам керакли маълумотлар билан бойитилди. Бу китобни ўқиб чиққан аёл ва эркаклар оз бўлса ҳам унинг мазмунидан хабардор бўлиб, ўзларининг ҳаётидаги энг муҳим саналган оилага, турмушга муносиб ҳиссасини қўшади, деган умиддаман.

Сизлардан илтимос, китобчани ёлғиз аёллар эмас, эркаклар ҳам ўқисинлар. Энг яхшиси, эр-аёл иттифоқлик ва бир-бирига меҳр билан ўқиб, турмуш амалиётида қўлласа, бу уларга ҳаётлари давомида асқотса, ўзимни жудаям бахтли инсон деб ҳисоблар эдим.

Муаллиф

АЁЛЛАРДАГИ КЛИМАКС

40 ёш! Умуман, бу ёшни инсон учун даврий алмашиниш ёши десак, хато бўлмайди. Бу ёшда инсон нафақат улғаяди, балки организмда ички ва ташқи физиологик ўзгаришлар рўй беради: бўй ўсишининг тўхташи, органларнинг нозиклашиши, организмда қариш жараёнининг дастлабки кўринишларининг юзага чиқиши, соч оқариши, айниқса, асаб тизимининг кескин ўзгариши яққол кузатилади. 40 ёшдан кейинги ўзгаришлар, жумладан, асаб тўғрисида гапириш мавзуни ўзўзидан климакс сўзи билан боғлайди. Климакс – асли грек тилидан олинган бўлиб, зина, деган маънони билдиради. Зина эса ўз ўрнида пастга тушиш ёки тепага чиқишни англатади.

Климакс – аёл ҳаётининг бир даври бўлиб, уларнинг фарзанд кўриш палласидан кексаликка ўтиши фаолиятининг аста-секин пасайиши ва “ўчиши” билан ифодаланади, бу жинсий гормонлар (эстерогенлар) ҳосил бўлишининг тобора камайиб бориши асносида ой кўришнинг тўхташида намоён бўлади.

Аслида, климакс касаллик эмас, ҳар бир аёл киши бу даврни табиий равишда бошидан ўтказади. Даврий ўтиш аёлларда турли ёшда, турли кўринишда ўтиши мумкин, аммо ҳеч бир аёл бундан мустасно қолмайди. Демак, мавзу анча жиддий ва барча билиши лозим. Чунки, 40 ёшли аёл нафақат оиламиз, балки жамиятимизнинг энг ардоқли ва фаол аъзосидир.

Демак, климакс ҳақида. Баъзи аёллар бу даврда ҳеч қандай қийналмайдилар, ҳатто ўзлари билмасликлари ҳам мумкин. Баъзи аёллар қийналадилар, ва у ҳатто оғир касаллик белгиларини ҳам бериши мумкин. Шунинг учун климаксни тиббиёт тилида кўп тармоқли касаллик деб атасак ҳам бўлади. Айтиш мумкинки, ҳар бир аёл икки даврни бошидан ўтказади: Оналикка кириш даври ҳамда она бўлишдан қолиш даври.

Қиз бола туғилгандан кейин балоғат даврига етганда Яратгандан ато қилинган тинч ётган оналик системаси, яъни ички органлар безлари ва нерв системаси ҳаракатга келиб, уйғона бошлайди. Тахминан 9-15 ёш даврида қиз бола биринчи ҳайз кўради. Мана шу кундан бошлаб қиз болани келажакда она бўлиш ички тайёргарлиги бошланади. Бу даврни балоғат даври деб атаймиз.

Қадди-қоматнинг ўзгариши бош мия нерв системасига таъсир кўрсатиб, унда ҳам ўзгариш содир бўлиб, она бўлишга тайёрлайди. Демак, қиз бола фақат танада эмас, нерв системасида – характерида ҳамма жиҳатдан ҳар хил белгиларни бера бошлайди. Мана бу даврда ҳар бир она ўз қизига қаттиқ эътибор бериши керак. Ақлли оналар дарҳол буни сезади, чунки шу онанинг бошидан кўп йиллар олдин бу ҳолат кечган. Баъзи бепарво оналар бу физиологик даврга эътибор бермай, қизига қарата баъзи нотўғри ҳаракатларда бўлиши мумкин. Масалан, оналик даврига кирган бу қизда нерв системасининг ўзгариши натижасида мулойим, ёқимли қиз характерида олдин кузатилмаган асабийлашиш, жиддийлашиш, қўполлик, ўринсиз гапириш, гапга кирмаслик, уйқусизлик ёки уйқучанлик, ҳатто бош оғриши, киндигининг пасти оғриши каби аломатлар ҳам кўриниши мумкин. Буни тушунмаган она ёки бошқа оила аъзолари балоғатга етган қизга нисбатан салбий қараб, кутилмаган ҳодисалар юз бериши мумкин. Шунинг учун она қизи билан дўстона суҳбат ўтказиб, унга руҳий тарбия бериши лозим.

Баъзи қизларда балоғатга етиш даврида ички жинсий безларнинг кучли ишлаши натижасида ёки жинсий фаолиятга мойиллик бўлиб, бош мия нерв системасининг қўзғалиб кетиши натижасида балоғатга етган қиз болада жинсий талаб пайдо бўлади. Ақлан тўлиқ бўлмаган бу талаб, эс-ҳушини йиғиб олмаган қиз бола ҳаётида бурилиш ясайди, алданиб ўз шаънига ҳам, оила шаънига ҳам доғ туширадиган ишларни қилиб қўйиши мумкин.

Шунинг учун ҳурматли оила аъзолари, хусусан, она бу даврда қиз болага жудаям диққат қилиб, унинг юриштуришидан хабардор бўлиб туриши керак.

Балоғатга етган эркак болаларда ҳам худди шунақа ҳолат кузатилиши мумкин. Уларнинг ҳам жинсий безлари секрецияси ва жинсий муносабат, бош мия системаси ортиқча ишлаб кетиб ҳам эс-ҳушини йиғиб олмаган ўсмир бола ёмон ишларни қилиб, ҳатто жиноий ишларга ҳам қўл уриши мумкин.

Шунинг учун сиз ота-оналар, хусусан, ота назоратни кучайтириб, уларнинг юриш-туришларига эътибор бериб кузатиб юринг. Узоқ йиллик тажрибамда мен оила шаънига доғ туширадиган ёмон ҳодиса ва воқеаларни кўп учратдим. Буларнинг кўпчилиги оиласи бузилиб кетган, тирик етим болалардир. Шунинг учун сиз, азиз ота-оналар, оиланинг муқаддаслигини унутманглар. Ҳеч қачон оила тинчлигига путур етказманглар, оилангизни бузманглар, болаларни тирик етим қилиб, уларни уволига қолманглар.

Балоғатга етган қизнинг она бўлиш даврига мослашиши (адаптация)дан кейин бу балоғатга етиш белгилари секин-секин ўчиб, ўз жойига келади. Қиз аввалги ҳолатига қайтиб, олдингидек хушмуомала бўла бошлайди.

Қиз бола турмушга чиқиб, она бўлгач, тахминан 40 ёшдан ўтгандан кейин худди балоғат давридагидек, даврий ўзгариш бошланади. Жинсий гормонлар ўз вазифасини адо қилиб, пастлашиб бориб хизматини тўхтатади.

Демак, фарзанд кўриши учун ҳар ойда келадиган ҳайз бўлиши шарт, климакс даврида эса ҳайз тўхтайди. Шунинг учун фарзанд кўриш даври тугайди. Фарзанд кўриш даври тугаш жараёни худди балоғат ёшига етиш даври каби ниҳоятда кўп касаллик белгиларини бериши мумкин.

Нерв системаси кучли ўзгаришга юз тутиб аёлнинг характери кескин ўзгариб кетади. Мулойим, хушмуомала аёл кутилмаганда қўполлашиб атрофдагиларга, оиласига ўринсиз гапириб, кўнглини қолдириб ранжитиши мумкин. Жаҳли сабаб, оиласига нисбатан, хусусан, турмуш ўртоғига жаҳл қилиб, уларнинг норозилигини келтириб чиқариши мумкин.

Оила аъзолари бу ўткинчи даврни тушунмасдан онадаги ўзгаришларни нотўғри баҳолаб, унга нисбатан нотўғри муомалада бўлиб, уни қаттиқ ранжитиб, оила можаросига олиб келиши аниқ. Баъзи аёлларда климакс даври шундай кучли ўтадики, худди юрак хуружи каби белгиларни кўрсатиши мумкин. Ҳатто текширувчи шифокор ҳам белгилар таъсирида адашиб, юрак хуружи ташхисини қўйиши мумкин. Бемор фақат кардиолог шифокорга кўригига келибгина, белгилар юракка эмас, асабга, янаям тўғрироғи, ўтиш даврининг аломати эканлигини билади. Шифокорки янглишар экан, оила аъзоларининг ташхисида янглишлик бўлиши табиий. Аммо ёшга нисбатан ўзгаришлар табиий ва физиологик ҳолатлиги ҳисобга олиниб, ҳар қандай оила вакиллари аёлни тўғри тушуниши, бу даврдан ўтишида ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан зарар кўрмаслигига имкон беришлари лозим.

Мен узоқ йиллик шифокорлик тажрибамда шундай касалларга рўбарў бўлдимки, оғир аҳволдаги климакс аёл нақ ўткир асабий касалликни бошидан кечиради. Масалан, ақлини йўқотиб, бақириб, ҳақоратли гапларни гапириб, уй жиҳозларини синдирган, уйдан қочиб кетишга уринган ва ҳ.к. Мана шу каби ҳолларда тез ёрдам шифокорлари келиб, аёлни асаб касалликлари шифохонасига жўнатишади. Тўлиқ текшириш натижасида аён бўладики, аёлда асаб касаллиги йўқ, фақат климакснинг бош мияга берган ўтиш давридаги физиологик бузилиши аниқланади.

Яна бир кўринишики, климакс баъзи аёлларда ҳеч қандай белги бермайди. Кўп йиллардан буён давом қилган ой кўриш, яъни оналик вазифаси билан видолашиш ҳеч қандай белгисиз тинч йўл билан ўтиб кетади, ҳатто баъзи аёллар ўзининг бу ҳолатини, яъни климаксни сезмай қолиши ҳам мумкин. Савол туғилади: нима учун баъзи аёлларда ҳар хил кучли, ҳатто ачинарли касаллик аломатлари кўринади?

Биз юқорида айтиб ўтганимиздек, қиз бола балоғатга етган вақтида, яъни унинг организмида она бўлиш жараёни бошланиб, бола организми бу янги она бўлиш организмига мослашиш давридаги ҳар хил ўзгаришлар бўлгани каби оналик даври билан хайрлашиш вақтида аёлнинг бутун организмида катта ўзгариш бўлади. Тахминан 13 ёшда балоғатга етиб, 40 ёшгача организмида ҳукм сурган оналик жараёни тамом бўлишини, яъни у давр билан хайрлашишни организм хоҳламайди.

Худди кекса одамларни ҳаёт билан видолашгиси келмагандек, аёлнинг кўп йил ҳукм сурган гўзал оналик даври билан ҳам видолашгиси келмайди. Шунинг учун баъзи аёлларда унинг организмида ҳар тарафлама, асосан, ички безлар системаси бош мияда қаттиқ кураш бошланиб, юқорида айтган касаллик белгиларини бериши мумкин. Бу физиологик ўткинчи жараён аёлни қийнайди, аммо климакс касали билан ҳеч ким ҳаётдан видолашган эмас. Бир давр келганда, ёнган олов сўнганидек, оналик системаси билан видолашиб, организм бошқа бир даврга, яъни олтин кузи – кексаликка мослашиб кетади ва аёл киши ўзининг ҳар доимгидек ҳаётий тарзига тушади. Бу ерда энг муҳим ўткинчи даврнинг кўрсатган белгиларига сабр-тоқат билан бардош бериб, шифокорларнинг маслаҳати ва муолажаларини олиб туриши керак.

Bepul matn qismi tugad.

Janrlar va teglar

Yosh cheklamasi:
0+
Litresda chiqarilgan sana:
03 noyabr 2023
Hajm:
1 Sahifa 2 illyustratsiayalar
ISBN:
978-9943-27-099-2
Mualliflik huquqi egasi:
Kitobxon
Matn
O'rtacha reyting 1, 1 ta baholash asosida
Matn, audio format mavjud
O'rtacha reyting 4,6, 1203 ta baholash asosida
Matn
O'rtacha reyting 4,4, 21 ta baholash asosida
Matn
O'rtacha reyting 4,5, 537 ta baholash asosida
Matn, audio format mavjud
O'rtacha reyting 4,7, 399 ta baholash asosida
Matn, audio format mavjud
O'rtacha reyting 4,8, 11 ta baholash asosida
Matn
O'rtacha reyting 4,8, 180 ta baholash asosida
Matn, audio format mavjud
O'rtacha reyting 4,7, 431 ta baholash asosida