Faqat Litresda o'qing

Kitobni fayl sifatida yuklab bo'lmaydi, lekin bizning ilovamizda yoki veb-saytda onlayn o'qilishi mumkin.

Kitobni o'qish: «Бола Ботир»

Shrift:

МЎЪЖАЗ ДОСТОН ТААССУРОТЛАРИ

Ҳай, болалик йилларим-а!

Унинг сеҳрлари, ҳайратга тўла катта-катта кўзлари қаёқларда қолиб кетди экан? Юлдузлар юлдуз эмас, жаннат томошаси эди-ку! Тоғлар оралаб чиқаётган қуёшнинг илк нурлари биз билан гўёки ўйнашар, ботаётган офтоб рухсори эса паҳлавон бобомизнинг юзлари янглиғ қизариб турарди. Қишнинг узун ва совуқ кечаларида оғилхона қорамоллар нафаси билан исиб кетар, биз бола-бақралар эса бирон чечан амаки атрофида тўпланиб, хира мойчироқ ёруғида эртак тинглаганимиз-тинглаган эди. Эртак ичида бўри ҳам, тулки ҳам, арслон ҳам бор. Қурбақага айланган малика-ю, йигитга айланган шер ҳам. Улар бизга қадрдон бўлиб кетгандилар. Айниқса, тулки. Бу сатанг, олифта жонивор гоҳ тавияга, гоҳ паривашга айланар эди. Оҳ, унинг нозларини эсланг… У ҳатто кечалари дарича ёнига келиб гап ҳам пойлайди, дейишарди. Бўлса бордир.

Тонг отар, ер кўкарар, боғлар гуллаб, ҳосилга кирар, зардолию олмалар пишар:

 
«Олманинг нозиклигидан
Кўринадир донаси.
Баргига шабнам қўнибдир,
Мен унинг девонаси».
 

Олманинг ичидаги доналариники илғаган кўз эгаси унинг баргига қўнган шабнамга боққанда девона бўлмасми? Қайда қолди ўша мўъжизалар, қайда қолди ўша шикаста ва тоза хаёллар…

Одамларимизнинг қўллари қадоқ, ғадирбудир, товонлари қорайиб тарс ёрилиб кетган. Ўша замонларнинг меҳнату муҳити шунақа эдида. Лекин уларнинг ўйчан кўзларида афсоналар, ривоятлар яшарди. Афсоналарда эса – рамзлар.

Яхшиям, бу дунёда кўнгил қатидаги мудроқ ҳисларни қайтадан уйғотадиган, эзгу хотираларни ёдга соладиган китоблар бор. Чингиз Айтматов асарларини эслайман. Буюк муаллифнинг талқинича, одамларнинг бир қавми қачонлардир Шохдор Она Буғудан ўриган, беозор болакай денгиздан паноҳ излаб, балиққа айлангиси келади, мангу айрилиққа маҳкум бахтиқаро келинчакнинг руҳи эса тоғу тошлар аро дарбадар кезиб юради. Булар – аччиқ тақдирлар, булар юксак ва сирли поэзиядир. Одам боласи китоб ўқиётганда уни ёзувчи ёзганини унутса, дейман. Асарнинг ичида китобхоннинг ўзи ҳам яшаса, дейман.

Шоир Саъдулла Ҳакимнинг «Бола Ботир» достонини ўқий туриб, мен шундоқ хаёлларга бордим. Дарҳақиқат, Бедил ҳазратлари айтганидек, асл шеърият ўзига хос бир оламдир, у учинчи дунёдир. Шоиримиз ажиб бир ҳикоят битибди. Достонда чуқур фалсафий-маъжозий маънога эга шундай сатрлар бор:

 
«Неки яралмиш, бари
Сўзнинг жисму танидир.
Сўз – чиғаноқ гавҳари,
Кўнгил сўз ватанидир».
 

Асарнинг шаклу шамойили унинг умумий руҳига ғоятда мос, халқона. Саъдулла Ҳаким ўз қаҳрамони Бола Ботир (бахши)ни бир ўринда қуйидагича таърифлайди:

 
«У қўшиқ айтаётганда отлиқ отидан тушган,
Ўтирган одам ўрнидан туриб кетган,
Тик турган одам ўтириб қолган».
 

Хуллас, шоиримиз ўз услубини азалий шарқона қиссагўйлик билан вобаста қила билган. Достонда бахшиёна руҳ устувор.

Бола Ботир образи – мақсад ва эътиқод йўлида сўзни англаш орқали моҳиятга эришиш тимсоли. Сўз жамолида Яратган жамолини кўриш иштиёқида бир умр зору нигорон ўтган Донишманд чол каби. Пари қиёфасида ошиқлик тимсолини кўриб масту беҳуд бўлган Бола Ботирнинг ўзи каби. Ҳар икки ҳолда ҳам жонфидолик мақсад сари етаклайди. Достонда айтилганидек: «Ўзини унутмай Ўзини таниган борми?». Қадим ва юксак кўзқарашнинг янгича талқинлари эмасми бу фикрлар? Ана шу хусусиятларига кўра «Бола Ботир» ҳам шаклан, ҳам мазмунан оҳорли достон бўлибди, дейишга асосимиз бор.

Бадиий ижодни тараққиётсиз, янгича ёндашувларсиз тасаввур этиб бўлмайди, албатта. Ле кин у қадимий, мустаҳкам пойдеворларимиз устида қад кўтарса, яна ҳам яхшироқ. Менга ушбу мўъжаз достон ўша қўрғонлар узра бўй кўрсатган нафис чечакка ўхшаб кўринди.

Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири.

БОЛА БОТИР
достон

 
Нурота тизма тоғларию
Оқтов ва Қоратов оралиғида
Бола ботирдек шоир ўтмаган.
Эргаш Жуманбулбулдан кўп йиллар олдин.
Султон кампирдан кўп йиллар бурун.
Тилла кампирдан кўп йиллар аввал.
Бошқа туғилмайдиям. Бошқа туғилмас ҳам.
 
* * *
 
У жуда кўп ёзган. Қуёш нурин патқалам,
Осмонни қоғоз қилиб ёзсанг ҳам
унинг ёзганлари сиғмайди.
Ойнинг ҳошиялари ҳам шеърга тўлиб кетар,
доғ бўлмаган жойи қолмайди ойнинг.
Булутларга ортсанг ёзганларини
Ер бағирлаб эмаклайди бели майишиб.
Шамолларга айтсанг увлаб юборар,
дунёни кўчирар.
Шамоллар шоир бўлиб кетар,
Бу дунёда кўрганини шеърга солар,
дунёсини шеър қилар.
Денгизларга айтсанг ичи қизиб
қирғоқларни емириб ташлар.
Бола Ботир шунча кўб ва хўб ёзган.
Воҳ, доғ-ей! Бола ботир барини кўнглида ёзган.
Айтиб қолдирмаган.
Шундай бўлса-да, манов шеърни унга нисбат
беришади.
Айтмай туриб айтди дейдилар:
 
* * *
 
Тил – лиқ тўла хазина,
Гўё қўр – қийғоч ўчоқ.
Бир баҳра олсанг яна
Ортаверар иштиёқ.
 
 
Тингла, Бола Ботирни,
Айтар ўла-ўлгунча:
Қиндаги пичоқ дамин
Қайдан билар келинчак.
 
 
Қанча меҳр берсанг кўп,
Шунча чирой очар ер.
Бола эмас, аёлни
Қаритар лаллайган эр.
 
 
Эшитмаганмидинг ҳеч
Ўстирсанг тувакда гул,
Оби шарбатни доим
Остидан қуйган маъқул.
 
 
Томирига етса бол -
Танига қон югуриб -
Кўрсатур ғунча жамол.
Оддийдир бунинг сири:
 
 
Сутни солиб кувига
Ҳожати барор кези.
Қанча пишисанг, шунча
Қаймоқли бўлар юзи.
 
 
Бола Ботир айтгани
Хирмонга дон қўшади.
Бошидан кечирса ким
Асил дониш ўшадир!
 
* * *
 
Сўзни анбиё айтса ярашар,
Сўзни Муҳаммад пайғамбар киройи айтган.
У ҳам асли бир сўзни айтган.
Бошқа айтилганлар бари ўша битта сўзга шарҳ.
Ҳазрат Навоий айтганлари ҳам
ўша битта сўзга битилган гўзал шарҳлар.
Сўз ўзи битта!
Бола Ботир шуни айтишдан қўрққан.
Оғизни ҳар куни уч мартадан беш бора чаймай,
нечук ул табаррук сўзни тилга оласан?
Билагингни тирсагинггача пок қилиб ювмай,
нечук қаламга қўл чўзасан?
Кўнглингни эътиқод нурига чаймай,
Нечук сўзга зеб берасан?
Сўз қадрланса азиз.
 
* * *
 
Эл ичра номи баланд,
Ҳар ишда фазли аён
Яшар эди Донишманд –
Тоза тийнат, покдомон.
 
 
Кимдир «Олам иборат,
Деса, молекуладан»,
«Йўқ, сўздан бу иморат»,
Дерди сирли куларкан.
 
 
Сўз унинг кўз ўнгида
Оқар эди жилдираб.
Гоҳ қоронғу осмонда
Чақнар эди гулдираб.
 
 
Бу дунёни ёритиб
Турган ҳам сўз, дерди у.
Инсон дардин аритиб
Турган ҳам сўз, дерди у.
 
 
Сўз айниса, диёнат
Ўлгани шу, дер эди.
Сўз қайнаса, қиёмат
Бўлгани шу, дер эди.
 
 
Неки яралмиш, бари
Сўзнинг жисму танидир.
Сўз – чиғаноқ гавҳари,
Кўнгил сўз ватанидир.
 
 
Бир сўз бор – сўз аввали,
Жой олган дил тўридан.
Қолган барча сўз асли
Ўша сўздан ўриган.
 
 
Юрса ҳам, ўтирса ҳам
Фақат ўша ўйида,
Яшар эди Донишманд
Шу танҳо сўз кўйида.
 
 
Жон каби эди азиз
Ўша сўзнинг дийдори.
Охир йиқилди ҳолсиз,
Кетди тандан мадори.
 
 
Ўнгимиди, туши ё,
Билмас, – ҳарчанд уринди –
Сўз жамоли кўзига
Элас-элас кўринди.
 
 
Қувончидан кўксини
Ўртаб кетди ҳаяжон.
Чорлади шогирдларин
Ҳузурига ўша он.
 
 
Дупур-дупур жон қуши
Депсиди қанот қоқиб.
Бошидан учиб ҳуши,
Тилдан қолди, боёқиш.
 
 
Ёш айланди кўзида
Севинч ёши, ғам ёши.
Ўкрар эди Донишманд
Ўпкаси тўлиб-тошиб.
 
 
Сўзга қовушмай лаби
Ғўлдиради, сўнг сўлғин,
“Ана, у!”, деган каби
Осмонга чўзди қўлин»
 
 
…Устознинг очиқ кўзин
Шогирд аста ёпаркан,
Аҳд қилди: “Ўша сўзни
Бир кун сўзсиз топаман!”.
 
* * *
 
Бола Ботир ўзи Худо берган йигит бўлган.
Айтишларича, қўшиқни маромига етказиб
шундай хиргойи қилганки,
эшитганлар дунёни унутган.
 
 
Нимани айтган экан деб кексалардан сўрашса,
сўзи эсимизда йўқ деганлар.
Эсда қолган қўшиқ қўшиқми?
 
 
Бир хил кўйлак кийганинг сари тўзийверганидек
ҳадеб айтилаверган қўшиқда ҳузур қолмаc.
Бошқа бировларнинг айтишича,
сўзи ўзи умуман бўлмаган.
Лекин бундай таъсирчан қўшиқларни
кейин бошқа ҳеч ким айтмаган.
У қўшиқ айтаётганда
қуёш ҳам бир муддат тўхтаб турган.
Ўшанда у қиёмга келган пайт бўлган.
У қўшиқ айтаётганда отлиқ отидан тушган.
Ўтирган одам ўрнидан туриб кетган.
Тик турган одам ўтириб қолган.
 
 
У қўшиқ айтаётганда
шамоллар боғлар устига ястаниб олиб,
чайқалиб-чайқалиб эшитган.
Қушлар унга ўхшаб қўшиқ айтамиз деб
сўзини йўқотиб қўйган.
Шу-шу сайрайдию биров
нима деяётганини тушунмас.
Тушунмагани учун роҳатланар.
Сўз ўзи ортиқча.
 
 
Ибн Сино билан Шайх сўзсиз сўзлашган-ку.
Тақво билан Худони таниган – обид.
Ақл билан таниган – ориф.
Қалб билан таниган – сўфий.
Яна мана бундай:
Йўл гардига айланган – мусофир,
Эл дардига айланган – шоир,
Гул рангига айланган – мусаввир!
 
 
Бир улуғ Шайх Ибн Сино довруғини эшитиб,
 

Bepul matn qismi tugad.

10 487,50 soʻm
Janrlar va teglar
Yosh cheklamasi:
0+
Litresda chiqarilgan sana:
03 noyabr 2023
Hajm:
1 Sahifa 3 illyustratsiayalar
ISBN:
978-9943-24-171-8
Mualliflik huquqi egasi:
Kitobxon