Faqat Litresda o'qing

Kitobni fayl sifatida yuklab bo'lmaydi, lekin bizning ilovamizda yoki veb-saytda onlayn o'qilishi mumkin.

Kitobni o'qish: «Туҳфа»

Shrift:

КОМИЛ СИНДАРОВ
ТУҲФА

ВАТАН КУТАДИ

 
Чиқиб қолиб нодонлик ғолиб,
Узоқларга кетсанг бош олиб,
Дўстинг ҳайрон, ноилож ёринг,
Бўлганида аҳволинг ғариб.
Юраклари шодликка тўлиб,
Йўлларингга интизор бўлиб,
Кутса битта Ватан кутади –
Қўлларингга гуллар тутади.
 
 
Бахтинг қўлдан кетса бехосдан,
Гуноҳларга ботсанг нохосдан,
Бошгинангни уриб тошларга,
Нажот кутма асло нокасдан.
Нима фойда ёт паноҳингдан,
Тавба қилсанг бор гуноҳингдан,
Ўтса битта Ватан ўтади –
Сенга имкон дастин тутади.
 
 
Кўзларингда қотганда намлар,
Ўз домига олганда ғамлар,
Омад қуши учиб бошингдан,
Келганида энг оғир дамлар.
Оналарча силаб бошингни,
Қалқиб турган кўзда ёшингни,
Артса битта Ватан артади –
Сени ўйлаб ташвиш тортади.
 
 
Қафас бўлмас булбулга ошён,
Дайди итда бўлмағай макон,
Мол-дунё деб юртдан кечганлар,
Бой бўлару бўлолмас инсон.
Юртдан изла даъво дардингга,
Энг сўнгги дам, дўстим қадрингга,
Етса битта Ватан етади –
Сенга ёрдам қўлин тутади.
 
 
Тақдир сени айласа афгор,
Бўлганингда ширин сўзга зор,
Бошинг узра қора қузғунлар,
Айланганда такрор ва такрор.
Қузғунларнинг юлиб патларин,
Ҳар кун сенга соғинч хатларин,
Битса битта Ватан битади –
Ғаминг ўйлаб қонлар ютади.
 
 
Товонингга кирса тиконлар,
Йўлларингдан чиқса илонлар,
Чор атрофинг ўраб пешма-пеш,
Қийноқларга солса чаёнлар.
Малҳам бўлиб оғриқ жойингга,
Поёндозинг бўлиб пойингга,
Ётса битта Ватан ётади –
Беватанлар билмам нетади?
 
2009 йил, 4 март

ҚИШЛОҒИМНИ СОҒИНАМАН

 
Ғам домига ботганимда,
Ҳолу беҳол ётганимда,
Жабру алам тортганимда,
Қишлоғимни соғинаман.
 
 
Дилим қўмсар қирларини,
Қирда қолган сирларини,
Оқсоқолу пирларини,
Қишлоғимни соғинаман.
 
 
Кунда тутар хўп хумори,
Адирлари, чаманзори,
Хуш ифорли бедазори,
Қишлоғимни соғинаман.
 
 
Кўз ўнгимда сурувлари,
Дала – даштнинг сулувлари,
Тонгни безар қировлари,
Қишлоғимни соғинаман.
 
 
Сутдек тиниқ булоқлари,
Ёддан чиқмас мароқлари,
Ўртаганда сўроқлари,
Қишлоғимни соғинаман.
 
 
Соддагина одамлари,
Тоғни безар бодомлари,
Ёшлигим гўзал дамлари,
Қишлоғимни соғинаман.
 
 
Осмон тўла юлдузлари,
Ерга меҳмон кундузлари,
Барчинойи, Қундузлари,
Қишлоғимни соғинаман.
 
 
Онам ёпган ширин кулча,
Сўридаги кўҳна шолча,
Бобом эккан қирмиз олча,
Қишлоғимни соғинаман.
 
 
Юрагимда ҳамон ёди,
Димоғимда ялпиз ҳиди,
Исириқнинг хушбуй дуди,
Қишлоғимни соғинаман.
 
 
Дунё кезиб, топдим нени,
Бир йўқотиб, топдим уни,
Тушларимда чорлар мени,
Қишлоғимни соғинаман.
 
 
Ўз уйимда ўзим меҳмон,
Қайтмоғимга борми имкон?
Юрагимда пинҳон армон,
Қишлоғимни соғинаман.
 
 
Умрим ҳисоб этсам агар,
Фойда истаб, топдим зарар,
Мен қўнимсиз бир дарбадар,
Қишлоғимни соғинаман.
 
 
Умр бўйи қийноқдаги,
Фарзандиман фироқдаги,
Тупроғидан йироқдаги,
Қишлоғимни соғинаман.
 
2009 йил, март

ЖИЗЗАХИМ

 
Тоғ деса – тоғ, чамани бор, чўли бор,
Дарёси бор, воҳаси бор, кўли бор,
Халқи содда, вале олтин қўли бор,
Гўзал диёр, жаннатмакон – Жиззахим.
 
 
Ватан ичра ватаннинг бир парчаси,
Ғарбу шарқни боғлар Темур дарчаси,
Саъди Ваққос, Ўсмат ота барчаси,
Мозийингдан сўзлар ҳамон – Жиззахим.
 
 
Азал илму маърифатнинг ўчоғи,
Ғунча очар илму урфон чечаги,
Дўстга очиқ ҳар дам илиқ қучоғи,
Дўсти содиқ, марду майдон – Жиззахим.
 
 
Поёни йўқ Баланчақир қирлари,
Қояларда пинҳон қанча сирлари,
Қўллаб турар Хўжамушкент пирлари,
Авлиёлар қўнган ошён – Жиззахим.
 
 
Шароф бобо шу улуғ юрт виждони,
Олимжони ашъор мулкин султони,
Донишманду истеъдодлар макони,
Имконлари чексиз осмон – Жиззахим.
 
 
Тилни ёрар қовунларин тилими,
Қўл келмоқда деҳқончилик илими,
Кундан-кунга ортар меҳнат унуми,
Танти фермер, уста деҳқон – Жиззахим.
 
 
Зомин зира минг хил дардга эм-даъво,
Малҳам эрур татиб кўринг марҳабо,
Суви зилол, тупроғи зар, баҳаво,
Таърифи йўқ бир гулистон – Жиззахим.
 
 
Бахмалсойнинг олмалари қирмизи,
Элда машҳур асалию қимизи,
Кимга манзур бўлмас Фориш майизи,
Номи улуғ, тилда достон – Жиззахим.
 
 
Тоғларидек юксак ҳосил хирмони,
«Пахтакор»и асл «оқ олтин» кони,
Ғалла орол азал ризқ-рўз уммони,
Истиқлолим берган имкон – Жиззахим.
 
 
Зафар обод этти Арнасойини,
Келиб кўринг энди чўл чиройини,
Кўзга суртай ҳар бир қадам жойини,
Саҳрода юз очган бўстон – Жиззахим.
 
 
Дўстлик, тинчлик эрур эзгу шиори,
Бу ўзбек, рус, қозоқ, қирғиз диёри,
Қўли ишда, Оллоҳдадир хаёли,
Саодатга сирли қўрғон – Жиззахим.
 
 
Кундан-кунга яшнар Мирза чўллари,
Далалари, кўчалари, йўллари,
Ҳар жабҳада Зарбдор, баланд қўллари,
Меҳнат ила топмоқда шон – Жиззахим.
 
 
Барчинойдек барно, сулув қизлари,
Сутдек тиниқ, ширмой кулча юзлари,
Юракни маҳв айлар ширин сўзлари,
Зулфиялар унган чаман – Жиззахим.
 
 
Йигитлари қувноқ, бироз чапани,
Бошда дўппи, ўнгирида чопони,
Тоғни талқон айлар юрак тўфони,
Баҳодир эр, жасур ўғлон – Жиззахим.
 
 
Дастурхони очиқ, бисёр меҳмони,
Минг қўйли бой бугун оддий чўпони,
Тўпланишиб келса дўсту ёрони,
Фахр айлар бўлса мезбон – Жиззахим.
 
 
Ҳар қаричи бирдай суюк, ҳур диёр,
Кўнгилларга оқиб кирган нур диёр,
Омин: «Дунё тургунича тур, диёр!»,
Умум номи Ўзбекистон – Жиззахим.
 
2008 йил, 4 ноябр

ЮРТГА КЕЛДИ ЯНА КЎКЛАМОЙ

 
Юракларга солиб ҳаяжон,
Эшик қоқар биз кутган меҳмон.
Елкасида байрам либоси,
Қўлларида очил дастурхон.
Дала даштга бағишлаб чирой,
Юртга келди яна кўкламой.
 
 
Тоғдан эсар майин шабода,
Зарра ғубор йўқдир ҳавода.
Куртакларнинг қочиб уйқуси,
Ўйноқлайди майин сабода.
То тонггача бедор кўкда ой,
Юртга келди яна кўкламой.
 
 
Қалдирғочлар куйлаб қўшиғин,
Айвонига чорлар маъшуғин.
Келинчакдек яшнаб чаманлар,
Илҳақ кутар булбул – ошиғин.
Ёр-ёр айтиб, бошлаб катта тўй,
Юртга келди яна кўкламой.
 
 
Шивирлайди зилол булоқлар,
Ерни ёриб чиқар қулоқлар.
Қувалашиб ёқут томчилар,
Юракларга берар мароқлар.
Қирғоғидан тошар жўшқин сой,
Юртга келди яна кўкламой.
 
 
 Бошланади турналар рақси,
 Юзин очар оламнинг нақши.
 Ёр кафтини ўпган лоладан,
 Қайси марднинг келмайди рашки?
 Севги фасли, фасли асалой,
 Юртга келди яна кўкламой.
 
 
 Элу юртга тилаб омонлик,
 Йўқолсин деб буткул ёмонлик,
 «Саодатга, бахтга йўғрилсин»,
 Дея, ҳар бир Ўзбекистонлик!
 Эзгуликка бўшатгунча жой,
 Юртга келди яна кўкламой.
 
2009 йил, 5 март

ЯНГИ ЙИЛ ХАЁЛЛАРИ

 
Кеча бола эдим, бугун оқсоқол,
Наҳот эрта бўлсам мункиллаган чол.
Шуни ўйлаганда қалбим беҳузур,
Кирар янги йил ҳам келмоқда малол.
 
 
Кеча билмас эдим – на ғам, на ташвиш,
Бугун бирор куним ўтмас беташвиш.
Йилдан-йилга жўшар ҳаёт тўфони,
Юрагим бир қалқар келганда ҳар қиш.
 
 
Вужудимни қордек қоплар бир туйғу,
Оқлиги қувончим, яхлиги – қайғу.
Қалбимни совутар муздек армонлар,
Умид булоғимнинг кўзида уйқу.
 
 
Давралар тўрида қорбобо, қорқиз,
Мен хаёл отида кезаман ёлғиз.
Сарҳисоб айласам ўтган кунларим,
Ортимда қолдими арзигулик из?
 
 
Янги йил оқшоми… Чеҳралар гулгун,
Еру кўк шодликка тўлади бугун.
Не ажаб, кўзларим кулгани билан,
Менинг юрагимдан ёзилмас тугун.
 
 
Кеча бола эдик беғам, беташвиш…
 
2009 йил, 1 январ

КИМДИР МЕНДАН РОЗИ

 
Кимдир мендан рози, кимдир норози,
Кўзларим боғланган, қўлда тарози.
Ҳақиқат палласин тенг тутмоқ учун,
Қалбимда янграйди адолат сози.
 
 
Кимга тегди, кимга тегмади нафим,
Кимга ёқди, кимга ёқмади гапим.
Гўё олтин балиқ тутдим дарёдан,
Бир дўсти содиққа ортганда сафим.
 
 
Қалбим қўрғонига сардор диёнат,
Диёнат бор жойда бўлмас хиёнат.
Заковат қўшини кирганда жангга,
Ортга чекинади албат, жаҳолат.
 
 
Ўтар йўлим бўлди инсоф кўчаси,
Кундуз уйғоқ, бедор бўлдим кечаси.
Ҳақ сўзимдан ғаним кириб сафимга,
Изларимдан кетар неча-нечаси.
 
 
Жонимга жон билан кирган муҳаббат,
Қон-қонимга сингиб кетган садоқат.
Бир инсондай севдим, севилдим, илло,
Ишқсиз яшаш асли оғир жиноят.
 
 
Ҳақдан омад, мендан бўлди ҳаракат,
Ҳаракатдан дўстлар, топдим баракат.
Неки топсам – топдим меҳнат ортидан,
Куйдим, ёндим билмай асло ҳаловат.
 
 
Бир майизни қирққа бўлдим дўст билан,
Дўстлашмадим сира-сира паст билан.
Тош отганга тутдим ёрдам қўлини,
Бормадим ҳеч ғанимга-да қасд билан.
 
 
Ҳазар қилдим ҳар хил ҳаром – ҳаришдан,
Марддан кечиб, номард билан юришдан.
Молу давлат учун кечиб оридан,
Беор билан битта сафда туришдан.
 
 
Етти ўлчаб, кесдим сўнгра бир бора,
Баҳонамас аввал изладим чора.
Нажот истаб келса, асло уйимдан,
Норизо чиқмади ҳеч бир бечора.
 
 
Қариндошга чўзсам икки қўлимни,
Бекор оғритгани қолди дилимни.
Жон жигарим бойлаганда йўлимни,
Ҳайратимдан тишлаб қолдим тилимни.
 
 
Ҳикмат излаб, баъзан топдим ғурбатни,
Иззат қилганларим билмас ҳурматни.
Яхшиликлар қилиб, отдим дарёга,
Балиқдан кутмадим вале рағбатни.
 
 
Қўйнимдаги чақди гоҳо чаёндек,
Кўрганларим кўзларимга зиёндек.
Давлатимда жонга жони фидолар,
Жангда мени ташлаб кетди қуёндек.
 
 
Ғийбатларни асло кўзга илмадим,
Кетимдан тош отса, писанд қилмадим.
Оёғим остида қолди нечовлар,
Тутдек янчиб ўтдим, шафқат билмадим.
 
 
Итлар тинмай ҳурар, ўтар карвонлар,
Марди майдон, оқил бўлса сарбонлар.
Қоялардек мағрур эрур ғурурим,
Етиб бормас ғаним қўйган нарвонлар.
 
 
Тўкиб солсам дилда неки боримни,
Ишонганим ёвга пуллар сиримни.
Бугун қадамимни пойлаб юрганлар,
Кечагина бермаганлар тўримни.
 
 
Кимдир мендан рози, кимдир норози,
Умрим кўпи ўтиб, қолмоқда ози.
Ҳаёт дафтарини этсам сарҳисоб,
Қилган савобларим босмас тарози…
 
2009 йил, 9 феврал

БУ ҚИЁМАТ – ҚОЙИМ ДЕГАНИ

 
Қўли билан югурса одам,
Жаҳолатга ташласа қадам,
Қишда қийғос гулласа бодом,
Бу қиёмат – қойим дегани.
 
 
Аҳли доно пойгакда қолиб,
Нодон тўрга чиқса солланиб,
Келганида ғирромлар ғолиб,
Бу қиёмат – қойим дегани.
 
 
Элу улус кечса динидан,
Қишда илон чиқса инидан,
Ноҳақ кўчса қилич қинидан,
Бу қиёмат – қойим дегани.
 
 
Эриб битса мангу музликлар,
Дарё ўрнин босса тузликлар,
Аҳддан тонса битта сўзликлар,
Бу қиёмат – қойим дегани.
 
 
Қирғоғидан тошса уммонлар,
Чекинганда чексиз ўрмонлар,
Айланганда чўлга бўстонлар,
Бу қиёмат – қойим дегани.
 
 
Туя бўлса етимнинг нони,
Ёрти бўлса чумчуқнинг дони,
Бир пул бўлса инсоннинг жони,
Бу қиёмат – қойим дегани.
 
 
 Имонидан кечса қарилар,
 Кўкдан ерга тушса парилар,
 Заҳар тўплаб қолса арилар,
 Бу қиёмат – қойим дегани.
 
 
 Қуриб қолса инсоф дарахти,
 Ёлғон бўлса йигитнинг аҳди,
 Кулганида номардлар бахти,
 Бу қиёмат – қойим дегани.
 
 
 Тешик бўлса савобнинг кети,
 Қалинлашса уятнинг бети,
 Сўнганида адолат ўти,
 Бу қиёмат – қойим дегани.
 
 
 Қизил қорлар ёғса ҳаводан,
 Дилга озор келса наводан,
 Хеш-хешига кечмас даъводан,
 Бу қиёмат – қойим дегани.
 
 
 Эрлар уйга кўмилса ночор,
 Хотин шўрлик тебратса рўзғор,
 Қиз – жувонга лиқ тўлса бозор,
 Бу қиёмат – қойим дегани.
 
 
 Банди этиб ҳавас аскари (н),
 Зафар қучса ҳасад лашкари,
 Оққанида сойлар тескари,
 Бу қиёмат – қойим дегани.
 
 
Виқоридан кечса қоялар,
Кун юзига солса соялар,
Йўққа чиқса эзгу ғоялар,
Бу қиёмат – қойим дегани.
 
 
Бевафонинг келса замони,
Қибла бўлса тўртта томони,
Сўлиб қолса севги чамани,
Бу қиёмат – қойим дегани.
 
 
Эшак қурғур ўзганда отдан,
Кечаги кун чиққанда ёддан,
Инсон безор бўлса ҳаётдан,
Бу қиёмат – қойим дегани.
 
2008 йил, 3 декабр

НАҲОТ ИНСОН БИР ҚУШЧАЛИК БЎЛОЛМАСА

 
Қалдирғочнинг меҳри бўлак айвонига,
Узоқлардан талпинар ўз маконига,
Балки вафо сингиб кетган қон-қонига,
Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!
 
 
Ўзгаларга таъна-дашном отмас улар,
Кўча-кўйда масту алас ётмас улар,
Ўлса ўлар, лек бир-бирин сотмас улар,
Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!
 
 
Асло ташлаб кетмас жажжи полапонин,
Оч қолсада, ёрти қилмас ўзга нонин,
Заҳмат ила териб ейди ўзин донин,
Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!
 
 
Кўп кузатиб, билмадим ҳеч хиёнатин,
Балки ҳали йўқотмаган диёнатин,
Дўсту ёрдан аямайди иноятин,
Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!
 
 
Шоирларга мавзу эмас садоқати,
Қўшиқларда куйланмаган саодати,
Вале достон этса арзир муҳаббати,
Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!
 
 
Бу оламга сиғмас, гарчи қилча жони,
Шер олдида шер бўлади филча жони.
Қалдирғочлар одамларнинг қадрдони,
Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!
 
 
Ёлғон-яшиқ миш-мишларни хушламайди,
Ситам қилиб, ўзга кўзин ёшламайди,
Тилло берсанг ўзга юртда қишламайди,
Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!
 
 
Чуғурлашса тушунаман ноласига,
Рости, бизлар тенгмас патин толасига,
Учиб кетгум, қўшса магар галасига,
Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!
 
 
Тизилишиб қаторида учгим келар,
Тонгда туриб қушларга дил очгим келар.
Қўшилишиб гулдан гулоб ичгим келар,
Наҳот, инсон бир қушчалик бўлолмаса?!
 
2009 йил, март

БЕЗИБ ҚОЛДИМ

 
Безиб қолдим мансаб, амалдан,
Қани деҳқон бўлиб қолсайдим.
Воз кечсаму қоғоз, қаламдан,
Қўлларимга кетмон олсайдим.
 
 
Қани энди топилса имкон,
Бўлиб қолсам оддий бир боғбон.
Дунёнинг минг лаш-лушларидан,
Гулзор менга азиз, қадрдон.
 
 
Кўринганда дунё кўзга тор,
Майли чўлда кулба солсайдим.
Бир меҳрга бўлганимда зор,
Қишлоғимга кетиб қолсайдим.
 
 
Мақтовлардан жуда задаман,
Самимий, чин сўздан жудоман.
Хушомадлар теккан жонимга,
Лек бир ширин сўзга гадоман.
 
 
Йиғинлар ҳам тегди кўнгилга,
Қани тоғда гулхан ёқсайдим.
Чапаклардан қаварган қўлга,
Таёқ олиб, сурув боқсайдим.
 
 
Миш-мишлардан бўлганман безор,
Менга берар қанчалар озор.
Эшитмаса икки қулоғим,
Қилар эдим бундан ифтихор.
 
 
Дунё тору озорлари кўп,
Доно қолиб, нодонники жўп.
Ёлғонларга барча бепарво,
Тўғри сўзга синдирарлар чўп.
 
 
Безиб қолдим мансаб, амалдан,
Чиқмоқ мушкул лек бу қамалдан.
Бунда ёлғиз қалқоним китоб,
Ўч оламан қоғоз, қаламдан…
 
2009 йил, январ

ЮРАГИМГА КИРДИНГ МУҲАББАТ

 
Узугимга ярашиқ кўздай,
Ашъоримга тизилган сўздай,
Қўшиғимга ҳамоҳанг создай,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
 
 
Нурга кўмиб ҳаёт уйимни,
Осмон этиб басти – бўйимни,
Асир айлаб фикру ўйимни,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
 
 
Тунларимни айлаб чароғон,
Кунларимни айлаб фаровон,
Вужудимга солиб ҳаяжон,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
 
 
Безак бўлиб ҳаёт боғимга,
Тиргак бўлиб нажот тоғимга,
Мазмун бериб ёшлик чоғимга,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
 
 
Дилда армон ипларин узиб,
Умидсизлик ғовларин бузиб,
Садоқатнинг сойидан сузиб,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
 
 
Дилда қўзғаб нозик ҳисларни,
Қалбдан қувиб аёз, музларни,
Рўёб айлаб рўё, тушларни,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
 
 
Гоҳида ғам, гоҳ қувонч бўлиб,
Гоҳо қайғу, гоҳ севинч бўлиб,
Гоҳо гумон, гоҳ ишонч бўлиб,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
 
 
Ҳаловатнинг бағридан ўтиб,
Орзуларнинг қўлидан тутиб,
Ҳар тонг соғинч хатларин битиб,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
 
 
Жон ичра жон улаб бу жонга,
Сингмоқ учун томирда қонга,
Ўқдек учиб, тўғри нишонга –
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
 
 
Мажнунликни этган ихтиёр –
Комилингни айлаб бахтиёр,
Гоҳ дўст бўлиб, гоҳо гўзал ёр,
Юрагимга кирдинг муҳаббат.
 
2009 йил, 4 январ

КЎЗЛАРИНГНИ СОҒИНИБМАН

 
 Қарашингда олам сеҳри бор,
 Муҳаббатнинг қайноқ меҳри бор,
 Гўзалликдан балки фахри бор,
 Кўзларингни соғинибман, оҳ!
 
 
 Чақнаб турар яшин мисоли,
 Тепасида икки ҳилоли,
 Киприкларинг – сарв ниҳоли,
 Кўзларингни соғинибман, оҳ!
 
 
 Нигоҳларинг майин, иболи,
 Ҳушим олар юзларинг оли,
 Ўртар қароғларинг хаёли,
 Кўзларингни соғинибман, оҳ!
 
 
 Ололмайман сендан нигоҳим,
 Офтобим сен, ўзингсан моҳим,
 Икки чашминг – ёрқин чироғим,
 Кўзларингни соғинибман, оҳ.
 
 
 Инжуларинг олади хушим,
 Ўнгимда сен, сеники тушим,
 Кокилларинг келтирар ғашим,
 Кўзларингни соғинибман, оҳ!
 
 
 Нохос тушса менга назаринг,
 Лов-лов ёнар лола узоринг,
 Ғамзанг тиғи дилга озоринг,
 Кўзларингни соғинибман, оҳ!
 
 
Ўқлар отиб юракка пинҳон,
Жон олиб, сўнг бағишлайсан жон,
Вужудимда дилхуш ҳаяжон,
Кўзларингни соғинибман, оҳ!
 
 
Ишванг қилди қалбимни яра,
Дардим ортиб борар тобора,
Ўлсам ўлай, майли, бир қара,
Кўзларингни соғинибман, оҳ!
 
 
Хумориман нури дийдангни,
Кўрмасайдим обидийдангни,
Қийнама ёр, Комил шайдонгни,
Кўзларингни соғинибман, оҳ!
 
2009 йил, 14 март

БАШОРАТ

 
Юрагимда сен ёққан оташ,
Кундан-кунга кўтармоқда бош.
Наҳот яна зулмат ҳаётим,
Осмонида чақнаса қуёш.
 
 
Наҳот, яна қоронғу тунлар,
Ўрнин босар мунаввар кунлар.
Умид отим оёқларидан,
Ечилмоқда наҳот тугунлар.
 
 
Аёзларда қуриб мажоли,
Чаманим танг эди аҳволи.
Бир сўзингдан яна боғимда,
Куртак ёзар илинж ниҳоли.
 
 
Тағин сўлғин япроқлар кетиб,
Атиргуллар кетади тутиб.
Қаҳратон қиш музликларида,
Соғингандим баҳорни кутиб.
 
 
Вужудимга бериб мароқлар,
Яна қалбда ёнар чироқлар.
Меҳр нуринг тушиб дафъатан,
Кўзин очар сўнган булоқлар.
 
 
Тўхтамайди юрагим бонги,
Келгандекман оламга янги.
Зимистонлар кетиб, дилимда,
Яна отар орзулар тонги.
 
 
Неларнидир сўйлар юлдузлар,
Наҳот, бизни ўйлар юлдузлар?
Тўпланишиб само қўйнида,
Бахтимизни куйлар юлдузлар.
 
 
Башорати – дилимга қувват,
Қўрқув ўрнин эгаллар журъат.
Сен туфайли хаста Комилни,
Шу ёшида сийлар муҳаббат.
 
2009 йил, 16 феврал

ЭЙ, МУҲАББАТ

 
Бир холига икки шаҳар бердилар,
Бир сўзига Тожи маҳал қурдилар,
Ёрни дея тоғлар тошин ёрдилар,
Сенда қандай қудрат жам, эй муҳаббат?
 
 
Бошин олиб кетди Мажнун саҳрога,
Тоҳир ҳамон зордир кўкда Зуҳрога,
Ушшоқ аҳли ўхшаб кетар гадога,
Сен дардми ё андуҳ, ғам, эй муҳаббат?
 
 
Кўзларингда қувонч эмас, ёш кўрдим,
Юрагингда ҳижрон отган тош кўрдим,
Йўлларингда қанча эгик бош кўрдим,
Нечун бунча қаддинг хам, эй муҳаббат?
 
 
Ёшлик соҳилларин кўклам, ёзи сен,
Фасли хазон, аччиқ қиш, аёзи сен,
Бирда маҳзун, бирда шўх дил сози сен,
Қишми – баҳор, сен қай дам, эй муҳаббат?
 
 
Қалб тўрида ишқнинг қора доғи бор,
Севги чаманининг қузғун, зоғи бор,
Ошиқларнинг ким айтади «соғи бор»,
Бир кам дунёда бир кам, эй муҳаббат!
 
 
Кумушларнинг ҳамон тинмас жоласи,
Оламни титратар қилган ноласи,
Рашк ҳам асли хиёнатнинг боласи,
Қароғимда қотган нам, эй муҳаббат!
 
 
Кўнгил эшигини ногоҳ қоқасан,
Аввал бошда дилга мойдек ёқасан,
Сўнг куйдириб, ҳажр ўтида ёқасан,
Ҳам парвона ҳамда шам, эй муҳаббат!
 
 
Дилга меҳр уруғини жойлаган,
Одамзотни эзгуликка шайлаган,
Кўп қатори Комилни ҳам сийлаган,
Сенда қандай лаззат жам, эй муҳаббат!
 
2009 йил, март

АРМОН

 
Бу гўзал дунёда гўзаллар камми,
Ёки сенда олам чиройи жамми?
Гўзаллар бевафо бўлармиш, э воҳ,
Сени суйган ошиқ кўзлари намми?
 
 
Юрак қурғур сўзга кирмаса нетай,
Сендан ўзга ёрга урмаса нетай,
Хаёлимдан кетмас пари рухсоринг,
Кўзларим бошқасин кўрмаса нетай?!
 
 
Борлиғинг қилади умримни кўркам,
Биргина боқишинг дардимга малҳам,
Қанийди, соянгга айланиб қолиб,
Ёнгинангда бўлсам тоабад мен ҳам.
 
 
Қизғонаман сени бегоналардан,
Атрофингда гирён парвоналардан,
Ҳеч фарқим қолмади фироқ даштига,
Бошин олиб кетган девоналардан.
 
 
Ишқ қасрида султон эмас қулдирман,
Сирти ялтироғу ичи жулдурман,
Икки жаҳон ичра севги кўйида,
Бадбахт битта бўлса, ўшал шулдирман.
 
 
Қалбимда ўчмоқда умид чироғи,
Аста қулаб борар ишончим тоғи,
Нетай осмонларга етдию қўлим,
Лек ишқда омадсиз эканман чоғи.
 
 
Бахтим тўкис, асло этмасман инкор,
Толеим сарбаланд, давлатим бисёр,
Қолса ҳам қолади битта армоним,
Гар насиб этмаса сендай гўзал ёр.
 
 
Айт, гўзал дунёда гўзаллар камми?..
 
2009 йил, 13 феврал

ҚАДРИМ

 
Ошиқларинг тол баргидан кўп дерлар,
Пойларингда хазон каби тўп дерлар,
Ишқ бобида бир-биридан хўп дерлар,
Лек ҳеч бири севмас сени менчалик.
 
 
Йиғилганда мингта шамнинг шуъласи,
Кўкда битта ойга йўқдир қиёси,
Гарчи ёрқин юлдузларнинг зиёси,
Лек ҳеч бири бўлмас битта кунчалик.
 
 
Гўзалликда танҳо, битта донасан,
Севги уммонида бир дурдонасан,
Кўз ўнгимда олов бўлиб ёнасан,
Малоҳатда ҳеч ким бўлмас сенчалик.
 
 
Васлинг қўмсаб, чексам мен бунда нолон,
Сен бепарво унда юрурсан шодон,
Ушшоқ аҳли эмиш азалдан нодон,
Сен бағритош бўлма жоним бунчалик.
 
 
Сен келмадинг афсус… Қалбим зим-зиё,
Шўрлик дилим бўшаб қолгандай гўё,
Кўрганларим билмам тушми ё рўё,
Қаролиғ йўқ сенсиз ўтган тунчалик.
 
 
Ошиқларинг тол баргидан кўпроқми,
Мен ҳам унда сарғайган бир япроқми,
Қисматимиз хазон янглиғ тупроқми?
Наҳот, қадрим бўлмаса бир чангчалик?
 
 
Ошиқларинг тол баргидан кўп дерлар…
 
2009 йил, 29 январ, Наманган шаҳри

Bepul matn qismi tugad.

17 430,56 s`om

Janrlar va teglar

Yosh cheklamasi:
0+
Litresda chiqarilgan sana:
01 noyabr 2023
ISBN:
978-9943-08-413-3
Mualliflik huquqi egasi:
Kitobxon
Matn
O'rtacha reyting 4,3, 299 ta baholash asosida
Audio
O'rtacha reyting 4,7, 1041 ta baholash asosida
Audio
O'rtacha reyting 4,9, 132 ta baholash asosida
Audio
O'rtacha reyting 4,5, 242 ta baholash asosida
Matn, audio format mavjud
O'rtacha reyting 4,7, 564 ta baholash asosida
Matn
O'rtacha reyting 4,8, 348 ta baholash asosida