Kitobni o'qish: «Гувоҳлик»

Shrift:

ГУВОҲЛИК

ҳикоя

Азиз дўстим, Мухтасар! Мана, бир неча кундирки, сенга хат ёзгим келади, аммо нимагадир юрагим дов бермайди. Ҳозир ярим тун. Ўйлаб-ўйлаб охири ёзишга бел боғладим. Бутун дарду ҳасратларимни сенга ёзиб, юрагимни бўшатиб олмоқчиман. Бундан ташқари, бу ҳасратлардан сен ҳам хабардор бўлсанг ёмон бўлмасди. Ҳа, шундай, дўстим. Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсан. Қанча-қанча воқеаларга дуч келасан, киши.

Эсимда, мени ўқишга кузатишаётганда, сен: “Фаросатнинг олий ўқув юртига муваффақиятли ўтиши – бу унинг балоғат ёшига тўлиб, ҳаётга мустақил равишда қўйган биринчи ажойиб қадами”, дегандинг. Эҳ, дўстим, қани энди ҳаёт фақат хурсандчиликлардан иборат бўлса! “Фалокат оёқ остида” деганларидек, ўшанда хайрлашганимиздан кейин бир ой ўтар-ўтмас бошимга мушкул бир иш тушди. Албатта, бунга ўзим сабабчи бўлдим. Дўстим, бундай ўйлаб қарасам мен ҳали гўл эканман.

Эсингда бўлса керак, ўқиш даврида Мунтазамни баъзан мазах қилардик. Синфимизда биронта ноўрин ҳаракат бўлиб қолгудек бўлса, ўқитувчига тўппа-тўғрисини айтиб қўя қолиши учун у бечорани “чақимчи”, “иғвогар”, “умрида бошқага яхшилик қилмаса керак”, деб айблардик. Аммо у “яхшилик қилишнинг ҳам ўз ўрни борда” деб қўярди. У ҳақ экан. Ҳа, ишонавер дўстим, у ҳақ экан!

Биласанми, Мухтасар, ушбу хатни қамоқхонадан ёзаяпман. Ҳа, қамоқхонадан! Аммо, мен ўғрилик ҳам, ғарлик ҳам қилганим йўқ. Бирон кишига оз бўлса-да озор бериб, безорлик қилган эмасман. Шундай, дўстим. Фақат инсонга яхшилик қиламан деб шу ҳолга тушдим. Ажабланма, дўстим, ҳали ўзинг ҳам тушуниб қоласан. Мана эшит.

Бир куни эрталаб ҳаммомга кетаётган эдим. Мендан олдинроқда, йўлнинг нариги ёғида бир хотин йўлни супурарди. Бир маҳал қаттиқ тезликда кетаётган такси машинаси ҳалиги хотинни уриб кетди. Бечора хотин қичқириб юборди. Мен қўрққанимдан икки қўлим билан кўзларимни беркитдим. Машина бир оз ўтиб тўхтади. Чопиб бордим. Бундай қарасам, шофер қўшнимиз экан. Ўзи жуда мўмин одам, кўп марта машинасига тушганман. Пул берай десам олмаган.

– Нима бўлди, Шариф ака? – дедим машинани тўхтатгач.

– Тўйдан келаётган эдим, – жавоб берди у. Кўринишидан маст эди. Иккимиз йўл четида ётган хотин олдига бордик. Боши қон. Шариф ака қўрқиб кетди.

– Фаросатбек, сиздан ялиниб сўрайман. менинг машинам уриб юборганлигини ҳеч кимга айтманг, жон ука, бола-чақам бор, ялина бошлади у. Ўйламай-нетмай “хўп” дедим. Шу орада милиция ходими етиб келди.

– Ким босди?! – деб сўради у биздан.

– Ҳозиргина бир номаълум такси уриб, нариги томонга қочиб кетди, мен хотинга ёрдам берай деб тўхтадим, – деди Шариф ака уялмай-нетмай. Милиция ходими менга қаради. Мен унинг гапини тасдиқладим.

– Шу ердан кетмай туринглар, гражданлар, – деди милиционер ва мотоциклда Шариф ака қўли билан ишора қилган томонга кетди. Қўшним эса пайтдан фойдаланиб, машинанинг олдинги буферидаги мажақланган жойини тузатиб қўйди. Машиналар йиғилди. Бир оздан сўнг ҳалиги милиционер қайтиб келди. Воқеа содир бўлган жойни ўлчаб чиқиб, нималарнидир ёзиб олди. Актга мен билан Шариф акани гувоҳ сифатида кўрсатиб, имзо қўйдириб олди.

Бир куни мени терговчи чақириб, ўша куни кўрган-билганингизни гапириб беришингиз лозим, агар ёлғон гапирсангиз, жиноий жавобгарликка тортиласиз, – деди.

Ўзинг ўйлаб кўр, дўстим, мен нима дейишим керак? Шариф ака ҳар куни келиб, кўзларини мўлтиллатиб ёш боладек ёлворади. Кечалари ўйлаб чиқаман. Ростини айтсаммикин? Унда Шариф акани қамашса-я. Болалари Ботир, Назир ва Зарифаларин ўйлайман. Агар Шариф ака қамалиб кетса борми, нима деган бўламан. “Дадамизни сен қаматдинг” деб айтишади. Йўк, йўқ! Шариф аканинг илтимосини бажардим. Инсонга яхшилик қилиш керак, деган қарорга келдим. Ручкани олдим, коғозга Шариф ака айтгандек ёзиб бердим. Кечки пайт олдимга Шариф ака келганда, жуда олийжаноб иш қилгандек, мақтаниб ҳаммасини гапирдим. Бечора оёғимга йиқилгудек бўлиб, миннатдорчилик билдирди.

Орадан бир неча кун ўтди. Бир куни терговчи мени яна чақиртирди.

– Ўша кунги воқеани бизга тўғри гапирганмидингиз ёки озроқ ёлғони ҳам бормиди? – сўради у жиддий оҳангда. Ростини айтсам, бир оз шошиб колдим… “Нима бало – ёлғонлигини сезиб қолишдими? – деб кўнглимдан ўтказдим. Аммо сирни бой бериш керак эмас. Терговчилар ўзи шунақа бўлишади. Қайта-қайта ҳижжалаб сўрашгани-сўрашган.

– Тўғри гапирганман, ўртоқ терговчи, – дедим шарт кесиб.

– Шундайми? – салмоқлади у. – Ҳали ҳам кеч эмас. Яхшибоев. Ёлғон гапирманг, жавобгар бўласиз.

Мен ҳам анойилардан эмасман. Кошкийди, туфлаган тупугимни кайтиб оладиганлардан бўлсам. Шарт-шарт “илгариги кўргазмам тўғри” деб ёзиб бердим.

Мен ёзган қоғозни қўлига оларкан, терговчи жилмайиб бош чайқади. Кўзларида менга нисбатан нафрат учқунлари пайдо бўлганлигини сезиш қийин эмас эди. У қўли билан энгашиб, стол ёнидаги тугмани босди. Зум ўтмасдан эшик очилиб, Шариф акани бир милиция ходими ичкарига олиб кирди. Ҳайрон бўлиб қолдим.

– Ўтиринг, – деди терговчи Шариф акага жой кўрсатиб, сўнгра:

– Қани бу “софдил” гувоҳга ўша воқеани гапириб беринг, – деди кинояли оҳангда. Шариф ака менга ўгирилиб:

– Ука, кўп ўйлаб кўрдим. Ёлғон гап ичимга сиғмади. Бу тахлитда ҳаёт кечириш қамоқдан минг марта ёмон экан. Охири ўзим келиб, воқеани тўғри баён қилиб бердим. Сени ҳам ёлғон гапиришга мен ундаганлигимни айтдим. Бусиз иложим йўқ эди, ука.

Эҳ, дўстим! Шундай пайтларда қанчалик оғир бўлишини тушунасанми? Ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсам. Менга нима бўлди ўзи? Ахир иккинчи марта сўраганда, тўғрисини айта қолсам бўлмасмиди? Стулга михлаб қўйгандек, қотиб қолибман. Анчадан кейин:

– Инсонга яхшилик қилмоқчи эдим, – дея олдим, холос.

– Инсонга яхшилик қилиш – бу яхши одат, – таъкидлади терговчи. – Аммо натижаси – ёмонликка олиб борувчи яхшилик ҳақида ўйлашлик – бу разилликдир. Сиз ўзингизга таниш бўлган бир кишини ҳимоя қиламан деб, давлатга, унинг қонунларига, умумхалқ манфаатига қарши ва унинг болалари ҳақида ўйлаб кўрмадингиз. Ёлғон гапирдингиз, шунинг учун халқ суди олдида жавоб берасиз!

Мана, дўстим, қамоқхонадан хат ёзаётганимнинг боисини энди тушунган бўлсанг керак. Сенга шу гапларни ёзиб, бир оз юрагим таскин топди. Ўзимни енгил хис этаяпман. Ҳа, дўстим, энди менинг кўзим очилди. Сен ҳам эҳтиёт бўлгин. Мен каби адашма. Ҳақиқат томонида турсанг, ҳеч қачон адашмайсан.

Маъмуржон ЭРСОЛИЕВ.

МАНЗИЛИНИ ТОПГАН ХАТ

ҳикоя

Насимжон кроватда чалқанча ётганича боягина почтальон бериб кетган Самандаровнинг хатини яна бир марта ўқиб чиқди. Хатда Самандаров Сочига соғ-саломат етиб боргач, ажойиб дам олаётганини ёзиб, “ёнғин” чиқишдан эҳтиёт бўл, унинг олдини олиш учун бор имкониятларни ишга сол, – деб қўшиб қўйибди. Бир ўқишда ҳамма ҳам дарҳол тагига етолмайдиган бу жумлада раиснинг “мен йўқлигимда баъзи қинғир ишларни очишга ҳаракат қилувчилар оёғига болта ур” деган мазмун борлигини у яхши билар эди. Шу сабабли “ёнғин” чиқмаслиги учун қандай эҳтиёт чораси кўриш ҳақида ўйга берилди:

Киройи раис бўлса шундай бўлсада. – деди ўзича у. – Бирортаси унинг амалига кўзини олайтириб кўрсин-чи?! Нақ бели синади. Юқоридан комиссия келса, раис елиб-югуриб ўзини оқлайди. Борди-ю, колхознинг ўзидан “иғвогар” чиқсачи? Унда мен кабиларга “мўйлов” қилсалар бас. Раиснинг тагига сув қўймоқчи бўлганлар устидан “юмалоқ хат” ёзилиб, “юқорига” юборилади.

Насимжон шу қўйи ўйга берилиб ётар экан хаёлига бир фикр келди-ю, ўрнидан туриб қалам-қоғоз тайёрлади. Дастлаб силлиқ оқ қоғозга “Ғийбатчи” деб сарлавҳа қўйди. Сўнгра ўнг томонига “фельетон” деб ёздида, тагини чизиб қўйди. Ташқарига олазарак бўлиб қараб олгач, шиддат билан ёза бошлади:

– “Осойишта” колхозида бўлганмисиз? Бўлмаган бўлсангиз, мана эшитинг: колхозга бир неча йилдан бери Самандаров раислик қилади. Хўжаликда планлар ҳар йили ҳам дўндирилди. Бироқ бу колхозда аравани орқага тортувчи айрим шахслар ҳам борки, уларни бегона ўт сингари илдизи билан суғуриб ташлаш лозим. Булар ким дерсиз? Улардан бири колхоз партия ташкилотининг секретари Теша Замоновдир. Бюрократликда унинг олдига тушадиган шахс бу ўртада топилмаса керак. Масалан, яқинда у бош бухгалтерга қараб: “ферма мудири берган ёлғон-яшиқ фактларни қабул қилаверинг, – деб бақирди. – Ҳисобот мажлисида у сўзга чиқиб: “фермадаги товуқларнинг кўпи сўйилиб йўқ қилиняпти” – деди. Бу бачканалик эмасми? У шундай икир-чикир ишларга ҳам аралашиб ўз обрўйини йўқотяпти. Фельетонимизнинг иккинчи қаҳрамони ревком раиси Равшановдир. Ўтган шанба куни унинг омбор қоровули Турғунпўлат аканикида палов еганини эшитганлар бор. Ҳатто, ичкилик ичишибди. Қилғиликни қилиб қўйиб, доимо пичир-пичир қилиб ғийбат қилишганини айтмайсизми?”

Насимжон айрим кишиларнинг “ҳислат”ларини эринмай бир-бир ёзиб чиқди. Фельетонга имзо қўйишга келганда бир оз ўйланиб қолди, “ўзимни қўйсаммикан? Йўқ, бўлмайди. Бир группа колхозчилар, деб қўя қолайми? Шундай десам бўлади, аммо бу илгарилари ёзиб юрганимдек, милиция ёки прокуратурага ёзилган шикоят эмас. “Муштум”дагилар авторсиз хатни босишмайди”.

Шу пайт унинг миясига бошқа бир фикр келди:

“Автор ўрнига “Муштум”нинг районимиздаги штатсиз мухбири Нўъмонжон Қиличбоевнинг номини қўйганим маъқул”.

Насимжон фельетонни қайта бир бор ўқиб чиқди, тагига “штатсиз мухбирингиз Нўъмонжон Қиличбоев” – деб ёзиб столнинг бир бурчагига суриб қўйди. Стол устида сочилиб ётган “Беломорканал”дан бир дона олиб, хонанинг у ёғидан-бу ёғига юриб чека бошлади. Папиросни чекиб бўлмай, яна стулга ўтирдида, бошқа бир қоғозни олиб ёза бошлади:

“Ҳурматли раис ака! Илтимосингизни бажо қилдим. “Ёнғин” чиқишининг олдини олиш мақсадида, сутдек оқ бўлган партком секретари, ревком раиси сингари сизга эгри кўз билан қаровчи кишилар устидан фельетон ёздим. Сиз курортдан келгунингизгача бу иғвогарларнинг калиши тўғрилаб қўйилади. Бу биринчи “холис” хизматим эмаслиги фақат сиз билан менга маълум албатта. Ўтган ойда, омбор мудири гапга кирмай қолди, деганингизда бир группа колхозчилар номидан “Нафс балоси” деган фельетон ёзиб, район газетасига юборган эдим. Хат эгасини тополмадилар. Анча тўполон бўлди. Шундай бўлса ҳам, ҳар калай, омбор мудирининг анча попуги пасайиб қолди. Милиция вакили Азимов ҳақида бир оз койинган эдингиз, устидан “порахўр, колхозчиларнинг уйига кириб чой ичади, ундай қилади-бундай қилади” – деб етмиш хил айбни бўйнига қўйиб, “юқори”га хат ёздим. Ўғлингизни “ёш қизга ўйланди” деб иғво кўтарган бир-икки активларнинг ҳам юзини қора қилишда хизматимни аямадим. Майли, ҳаммасини ҳам хатга ёзиб бўлмайди. Деворнинг ҳам қулоғи бор, деб бежиз айтишмаган. Ўйлайманки, келганингиздаи кейин бу хизматларим эвазига мени товуқ фермасига ишга қўярсиз.

Ҳурмат-эҳтиром билан Насимжон Ғаразов”.

Насимжон хатни ёзиб тугатар экан, кўз олдида Самандаров пайдо бўлди. У бир қўлини олдинга чиқиб турган қорни устига қўйганича иккинчи қўли билан мош-гуруч мўйловини силаб Насимжонга “қойил” дегандек жилмайиб турарди. Насимжон хатнинг охирига “Совға олишни унутманг” – деб ёздида, стол тортмасидан иккита конверт олиб, бирига фельетонни, иккинчисига Самандаровга ёзилган хатни солди. Адресларини ёзмоқчи бўлиб турган эди, дераза орқасидан кимдир ўтгандек бўлди. Хатларни апил-тапил яшириб, ташқарига чиқди. Ҳовлида ҳеч ким кўринмасди. Қайтиб кириб, конвертларга адрес ёза бошлади…

Bepul matn qismi tugad.

6 237,50 s`om