Faqat Litresda o'qing

Kitobni fayl sifatida yuklab bo'lmaydi, lekin bizning ilovamizda yoki veb-saytda onlayn o'qilishi mumkin.

Kitobni o'qish: «Қадр кечасидаги қотиллик»

Shrift:

СЎЗБОШИ ЎРНИДА

Муҳтарам китобхон!

Навбатдаги китобимни сизларнинг одилона ҳукмингизга ҳавола қиляпман. Бундан нақ тўққиз йил бурун марҳум устозимиз, беназир инсон, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев менга детектив жанрда қалам тербатишни тавсия қилиб, «Комилжон, сиз ҳали менинг ёшимга киргунча, Худо хоҳласа, ўттизта детектив асар ёзасиз», дея дуо қилган эдилар. Ўша пайтда бу гап менга ушалмас орзу, рўёдай туюлганди. Мана, ҳашпаш дегунча, тўққизинчи китобимиз ҳам дунё юзини кўрди. Аллоҳ умр берса, яна йигирма битта асар ёзиб, устозимизнинг холисона қилган дуоларини мустажоб қиламиз, дея умид қиламан.

Қўлингиздаги асар ҳам муқаддам нашр этилган «Қимматга тушган хато ёки қасоскор қалб исёни»(2013), «Темурийлар кутубхонасининг сири» (2015), «Кечиккан қасос» (2017), «Амирликнинг олтин тахти изидан» (2018), «Тунги қотиллик» (2019), «Ўғирланган болалик» (2020), «Дорихонадаги қотиллик» (2020), «Сўпоқсойдаги сирли қотиллик» (2021) каби детектив асарларимизнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Бу асарда ҳам прокуратура терговчилари ва уларнинг ёнида камарбаста турган ички ишлар ходимлари – изқуварларнинг Қадр кечасида содир этилган мудҳиш жиноятини фош этишдаги касбий маҳорати, сермашаққат меҳнати, қатъияти ва фидойилиги тасвирланган.

Асар номи кимгадир эриш туюлиши мумкин. Бунда биз икки жиҳатни назарда тутдик: биринчидан, қотиллик чиндан ҳам Қадр тунида содир бўлади; иккинчидан, кейинги пайтларда одамлар орасида қадр-қиммат каби муқаддас тушунчалар йўқолиб кетаётгани, меҳр-оқибат оти оқсаётгани, инсоф, диёнат, садоқат шевалари кундан кунга бегоналашиб бораётганига писанда қилинади.

Асар асримизнинг биринчи ўн йиллиги ўрталарида содир этилган реал воқеликка асосланган бўлиб, қаҳрамонларнинг исм-шарифлари, жой номлари ўзгартириб берилган. Шунингдек, асарнинг жонли ва таъсирчан чиқишини таъминлаш мақсадида бадиий бўёқлардан, адабий фантазиядан кенг фойдаланишга ҳаракат қилдик.

Асар детектив жанр ихлосмандлари, ҳуқуқшунослик таълим йўналиши талабалари, магистрлари, прокуратура, Ички ишлар ходимлари, судьялар, илмий тадқиқотчилар ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, соҳа мутахассисларининг касбий маҳоратини оширишга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Ҳар галгидек, бу сафар ҳам асарни ёзишда ўзларининг маслаҳатлари, таклиф ва тавсияларини аямаган бош маслаҳатчимиз – прокуратура фахрийси Мамасали Исомиддиновга, юридик фанлари доктори Беҳзод Мўминовга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди масъул ходими Азизбек Ярашевга, мухлисимиз – Зуҳра Абдуллаевага, шунингдек, китобларимиз юзасидан холисона фикр-мулоҳаза билдирган барча китобхонларга ташаккур айтишни жоиз билдик.

Асарларимиз юзасидан қимматли таклиф ва мулоҳазаларингизни электрон манзилим (sindarov60@gmail. com), фейсбукдаги саҳифамга (komilsindarov) ҳамда 90 187 94 40 телеграм каналимга юборишларингиз мумкин.

Комил СИНДАРОВ, Юридик фанлари доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Каллаи саҳарлаб бозорга чиққан Санжарбек соат ўнларга яқин Бекободга кириб келди. Шаҳарга кираверишда уни курсдоши – туман прокурори ўринбосари Ўктам Туропович кутиб олди. Қучоқлашиб кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашдилар.

– Раҳмонов, келинг-да, дўстим, қандай шамол учирди. Туя сўйиб чақирсак келмайдиган кўп ишли одам… – ўпкалаган бўлди Ўктам.

– Эй, ошна, ишиям қуриб кетсин, кишини одамгарчиликдан ҳам чиқариб юборади. Ўтган ойда ўғлингнинг тўйига айтган экансан, хизмат сафарида эдим, келолмадим… Республиканинг ишини биласан-ку, ярим умримиз мусофирчиликда ўтади.

– Тушунаман, дўстим, жонинг соғ бўлсин, – «сенлаш»га ўтди Ўктам. – Бир гинахонлик қилмоқчи эдим, бўлмади. Ўпкалаган қариндошдан умид, дейдилар-ку! Сен билан ҳаммадан кўра яқинроқ эдик. Ҳеч бўлмаса, тўй-маъракада учрашиб турмасак… узоқлашиб кетишимиз ҳеч гап эмас.

– Тўғри айтасан, ўртоқ, – маъқуллади Санжарбек, – меҳр – кўзда дейдилар, кўз-кўзга тушиб турмаса, қариндош ҳам бегонага айлашиб қолиши мумкин.

– Майли, хизматчилик-да, ҳозир айни ишлайдиган пайтимиз.

– Иш, иш, деймиз, ҳамма айбни ишга тўнкаймиз. Нима, аввалги одамларда иш бўлмаганми? Айб ўзимизда, оқибат оқсамоқда, меҳр булоғининг кўзи ёпилиб бормоқда.

– Тушунмадим, ким кимни танқид қиляпти? – Ўктамнинг юзи тиришди.

– Нима қилай, ўзим ўзимни танқид қиляпман! Айбимизни оқлашнинг бошқа йўли бормикан?

– Ҳааа, оласан-да, ошна! – кулди Ўктам. – Кетдик, уйга ўтамиз, ҳақингни токчага олиб қўйганман…

– Раҳмат, дўстим, ҳақ бериш қочмас, олдин ишни битирайлик.

– Кеча гаплашганимизда нима иш билан келаётганингни айтмагандинг, аммо ташрифинг боиси менга аён – ҳойнаҳой устозингни кўришга…

– Қаердан билдинг? – ҳайрон бўлди меҳмон.

– Бу ерда Бекободнинг изиллаган шамолидан бошқа нима бор? Кўпчилик қамоқхонага яқинларини кўриш учун келишади.

– Ҳа, устозим Фахриддин Каримович анчадан буён шу ерда, – жиддийлашди меҳмон, – кўришга келгандим… Амалласа бўладими? Бахтга қарши, қамоқхона раҳбарияти ҳам ўзгариб кетибди.

– Шунақа бўлди, ҳамма ёқни «қўшни»1 лар босиб кетди, – деди Ўктам елкасини қўли билан кўрсатиб. – Ҳар қадамда камера… хоналар оғзи-бурнигача тўлган. Бир ўринга икки-уч маҳкум тўғри келади. Менимча, кирмай қўяқолганинг маъқул. Ишдаги одамсан, гап тегиб қолмасин, дейман-да!

– Эйй, падарига минг лаънат, ҳамма ёқни ўргимчакдай ўраб олишди, – ноодатий сўкинди Санжарбек, – нима, айб иш қиляпмизми? Устознинг ҳолидан хабар олишга тақиқ борми? Гап тегса – тегар! Олса – ишини олади-да! Шуям касб бўлдими?

– Ҳой-ҳой, Санжарбек, республиканинг энг зўр терговчиси шунақа деб ўтирса, биз фақирлар нима қиламиз?

– Тўғри-да, қачонгача қўрқиб яшаймиз! Қачонгача қонунни оёқ ости қиламиз!

– Ҳой биродар, секин, деворнинг ҳам қулоғи бор-а! – шивирлади Ўктам ён-верига аланглаб.

– Эшитса – эшитсин, қўрқадиган жойим йўқ! Токайгача писиб яшаймиз!

– Бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқиш тўғри эмас. Ўзимизни асрашни ҳам билишимиз керак. Замона шуларники бўлиб қолди. Муроса қилмасдан иложимиз йўқ… Ичкарига кирганда нима қиласан? Қайтанга устозни ҳам хижолатга қўясан. У киши ҳам сенинг бу қарорингни маъқулламаган бўлардилар.

– Тўғри, аёлидан менинг келмай туришимни тайинлаб юборган экан, – бироз юмшади меҳмон.

– Ана, кўрдингми, тушунган одамнинг садағаси кетсанг арзийди! – деди Ўктам гапи дўстига таъсир қилаётганидан суюниб. – Олиб келган нарсаларингни бир амаллаб киритамиз, бунга гап йўқ.

– Иккита китоб ҳам олиб келганман… Алишер Навоий асарлари луғати.

– Бўлди, уни ҳам киритамиз, саломингни етказамиз. Жуда гаплашгинг келаётган бўлса, телефонда улаб беришади.

– Шунисига ҳам раҳмат! – «таслим бўлди» Санжарбек. – Борингга шукр, жўражон!

– Унда кетдик, ортимдан ҳайда, олдин ишни битирайлик, кейин бемалол гаплашамиз.

Йигитлар мошиналарига ўтириб, бирпасда ҳуқуқтартибот идоралари ходимлари жазони ўтайдиган қамоқхонага яқин жойда ҳозир бўлишди. Ўктам кимгадир қўнғироқ қилди. Сал ўтмай ичкаридан ҳарбий кийимдаги зобит чиқиб, ортиқча саволлар бермасдан бозорлик ва китобларни олиб, кириб кетди.

– Ана, иш ҳам битди, – деди Ўткам елкасидан тоғ ағдарилмагандай, – энди кетдик, бир отамлашайлик.

– Келишдик, фақат бир илтимос бор, бугун якшанба…

– «Қоратов»дан бор, беш-беш оламиз…

– Биласан-ку, мен умуман ичмайман, сен рулдасан…

– Начора, меҳмоннинг амри – вожиб!

– Мен бугун ишдан гаплашмайлик, демоқчийдим, – кулди Санжарбек.

– Келишдик, учрашмаганимизга ҳам минг йил бўлди, мавзулар етарли, – деди Ўктам дўстининг елкасига қоқиб.

Йигитлар шаҳар чеккасидаги мўъжазгина чойхонага ўтиб, ошхўрлик қилишди. Қизғин суҳбат қуришди. Талабалик даври хотиралари ёдга олинди. Оилалари, болалари ҳақида ўртоқлашдилар.

– Ўктамжон, сенга бир илтимос бор, – деди Санжарбек кетиш олдидан дўстига маъюс термилиб.

– Устоздан хавотирдасан-а, – деди Ўктам ўртоғининг фикрини олдиндан уққандай.

– Қўлингдан келса, ёрдам бериб тур. Фахриддин Каримович менга туғишган акамдай… У кишидан анча нарсани ўргандим. Ўзи тилла одам…

– Нима муаммо, дўстим! – деди Ўктам самимий оҳангда. – Сенинг оғанг – менинг оғам! Шу ерда эканмиз, ёлғизлатиб қўймаймиз… Ичкарига кирсам, ўзим уни топиб оламан. Кўнглинг тўқ бўлсин, ҳаммаси яхши бўлади! Сен ортингга қарамай кетавер!

– Раҳмат, жўра, борингга шукр! – Санжарбек дўсти билан илиқ хайрлашиб, пойтахтга қайтар экан, дилидаги ғашлик бироз аригандай бўлди.

* * *

Барвақт ишга келган Санжарбек кун давомида қилинадиган ишлар режасини тузди. Қўлидаги ҳужжатларни долзарблик даражаси, ижро муддати нуқтаи назаридан мантиқий кетма-кетликда стол устига тахлаб қўйди. Сўнг Бекобод таассуротлари билан ўртоқлашиш учун Тоҳир Ғафуровичнинг ёнига шошилди. Иш вақти бошланмаганлиги сабабли қабулхонада ҳеч ким кўринмади. Терговчи эшикни оҳиста тиқиллатиб, ичкарига мўралади:

– Тоҳир Ғафурович, мумкинми?

– Санжарбек, келинг, келинг! Бўрини йўқласанг қулоғи кўринади, ҳозиргина сизни эслаб, чақирмоқчи бўлиб тургандим.

– Ассалому алайкум, устоз, яхшимисиз?

– Ваалайкум ассалом, келинг, ўтиринг! Ўзингиз яхшимисиз? Келин, болажонлар қалай? – одатий сўрашди раҳбар.

– Кеча Бекободга – Фахриддин Каримовични кўргани боргандим…

– Хўш, хўш, Фахриддинжон қандай экан? Саломатлиги яхши эканми? – раҳбар ўрнидан туриб, ҳамсуҳбатининг рўпарасидаги стулга ўтирди.

– Ичкарига киришнинг имкони бўлмади… раҳбарият ўзгариб кетган, ҳамма ёққа камера қўйиб ташланган. Муаммо туғилмаслиги учун кирмай қўяқолдим…

– Тўғри қилибсиз, анави исковичлар кўзи қонга тўлиб, кимдан аламини олишни билмай юрибди, – шивирлаб гапирди раҳбар, – ҳозир сиз билан бизга муаммо керак эмас. Бекорга овора бўлганингиз қолибди-да…

– Йигитлар олиб борган нарсаларимни киритиб беришадиган бўлишди, – деди Санжарбек раҳбарнинг хавотирини англаб.

– Нималар олиб борган эдингиз?

– Озиқ-овқат, кийим-кечаклар, китоблар…

– Бадиий китобларми?

– «Алишер Навоий асарлари луғати» деган китоб.

– Луғатни нима қиларкан?

– Фахриддин акани биласиз-ку, ўша ерда ҳам тинч ўтирмайди, – кулди Санжарбек. – Назира янганинг гапига қараганда, шу кунларда устоз «Хамса»ни мутолаа қилишга киришибди, ғазаллар ҳам ёзаётганмиш.

– Вой, тинчимаган одам-эй, – раҳбарнинг юзида табассум балқиди, – ғазал ёзишга ўтибди, денг… Нималар биландир машғул экан, демак, юрагида шижоати, қалбида қизиқиши ўчмаган, хавотирга ўрин йўқ. Ҳар қандай қийинчиликни матонат билан енгиб ўта олади. Тушкунлик домига тушиб қолса, ёмон бўларди…

– Шундай, шундай, – маъқуллаган бўлди терговчи. Сўнг қандайдир истиҳола билан дилидагини тилига чиқарди, – Тоҳир Ғафурович, бу ёғи нима бўлади? Айбсиз одам қамоқда ётаверадими? Наҳотки, бирор йўли бўлмаса!

– Сабр қиламиз, Санжарбек, сабр! – пичирлади ўринбосар стол устидаги тизгин билан телевизорни овозини баландлатиб,– бу уйинг куйгур тизим йўқ бўлмас экан, қўлимиздан ҳеч қанақа иш келмайди.

– Тизим йўқ бўлишини кутсак, Фахриддин аканинг умри қамоқда ўтиб кетмайдими? – деган гап Санжарбекнинг оғзидан беихтиёр чиқиб кетди.

– Секин, секин, – раҳбар телевизорнинг овозини янада баландлатди, – Санжарбек, сизни ташвишлантираётган нарса менинг ҳам юрагимни кемириб ётибди. Фахриддинни асраб қололмаганимдан менинг виждоним қийналмаяпти, деб ўйлайсизми? Нима қиламиз, осмон узоқ, ер қаттиқ, замон оғир. Яхши кунларга умид қилишдан бошқа на илож! Бир аччиқнинг бир чучуги бор! Аммо кўпни кўрган раҳбар сифатида сизга бир нарсани айтишим мумкин: қонунни оёқ ости қилган, эл бошига кулфат олиб келган тизим узоққа бормайди, ичидан зил кетади. Мана кўрасиз, ўша кунлар яқин!

– Иншааллоҳ!

– Дарвоқе, Санжарбек, сизни йўқлашимдан мақсад, – овозини баландлатди раҳбар, – Гулистонга хизмат сафарига кетишингизга тўғри келяпти. Олтмиш саккиз ёшли қарияни ўз уйида ўлдириб, сейфдан каттагина пул олиб кетилган…

– Унча мураккаб ишга ўхшамайди-ку, – таассуфини яширолмади терговчи.

– Бир қарашда шундай, – давом этди ўринбосар, – қўшнилардан бири гумондор сифатида ушланиб, айбланувчи сифатида ишга жалб қилинган, мошинасидан қон излари қотиб қолган пичоқ ҳам топилган. Аммо йигит ўламан Саттор, қарияни мен ўлдирмаганман, деб оёқ тираб турганмиш. Қотиллик содир қилинган пайтда марҳумнинг кампири шифохонада даволанаётган экан. Бу мудҳиш воқеадан икки кун ўтиб, руҳиятига ёмон таъсир қилган, шекилли, у шўрлик ҳам бандаликни бажо келтирибди.

– Шунча йил бирга яшашган… бемор одам жудоликни кўтаролмаган бўлса керак-да, – терговчи «коса тагидаги ним коса»ни илғаёлмай ҳайрон эди.

– Бошида терговчи ҳам бу ерда ҳеч қандай нотабиийлик йўқ деб ҳисоблаб, кампирнинг ўлимига эътибор қаратмаган. Марҳуманинг қизи онаси ўладиган касал бўлмаганлигини айтиб, мурдани эксгумация қилишни талаб қилган. Бу томондан гумондор айбини бўйнига олмай, сўзида қатъий туриб олгач, терговчида ҳам иккиланиш пайдо бўлган ва бошқа тахминлар устида ишлашга киришган. Кампир ҳам қотиллик қурбони бўлдимикан, деган тахмин илгари сурилган. Шу муносабат билан терговчи раҳбарларнинг қаршилигига қарамай, марҳуманинг қабрини очишга эришган. Эксгумация анчагина нарсага ойдинлик киритган. Экспертлар кампирнинг ички органларида кучли таъсир қилувчи заҳарли модда мавжудлигини аниқлашган.

– Жиноятнинг мотиви босқинчилик бўлса, кампирни ўлдириш кимга керак бўлган экан? – Санжарбек масаланинг жиддийлигини англай бошлади.

– Шуни айтаман-да, бу оддий қотилликка ўхшамаяпти, – деди прокурор ўринбосари пахта гулли пиёладаги чойдан ҳўплаб, – тергов боши берк кўчага кириб қолган. Ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келади.

– Тушунарли, қачон йўлга чиқсам бўлади? – Санжарбек ўрнидан қўзғалди.

– Майли, бугун қўлингиздаги юмушларингизни бир ёқли қилинг, эртага етиб борсангиз бўлади, – Тоҳир Ғафурович ички хизмат телефони гўшагини кўтариб, ёрдамчисига – «Менга Сирдарё вилояти прокурорини уланг», – деди. Зум ўтмай «шаҳар телефони» жиринглади.

– Дилмурод Кабирович, яхшимисиз? Кечаги масала бўйича сўраган одамингизни юборадиган бўлдик… Санжарбек эртага ихтиёрингизга етиб боради… албатта, албатта, бундан мураккаб, чигал қотилликларни қисқа муддатларда очиб ташлаган… Майли, омад, хабарлашиб турамиз, – раҳбар гўшакни ўрнига қўйиб, кетишга чоғланиб турган терговчига юзланди: – Ҳаммаси Раҳмоновни берасан дейишади, булар кўп, аммо Раҳмонов битта бўлса! Кўз тегмасин, Санжарбек, афсонавий терговчига айланиб боряпсиз.

– Сизнинг дуоларингиз билан, Тоҳир Ғафурович, – терговчи ўзини «оқлаш» учун бундан ортиқ сўз тополмади.

– Майли, сизга омад, тезроқ бориб, вазиятни тўла ўрганиб чиқинг, сўнг қўнғироқлашамиз, – прокурор ўринбосари гапни мухтасар қилди.

Санжарбек қабулхонадан чиқиб, тўғри хонасига кирди. «Тавба, дунёда ҳеч бир жиноят бошқасига ўхшамас экан-да! Олтмиш саккиз ёшли қариянинг ўлими кимга керак бўлган? Жиноят бойликка эга бўлиш мақсадида содир этилган бўлса, кампирни ўлдиришга не ҳожат! Қотил қариянинг бор бойлигини олиб кетган-ку! Бундан қониқмасдан ўзини хавф-хатарга қўйиб, шифохонага яширинча кириш, онахонни заҳарлашдан мақсад нима? Ё кампир бирор сирдан воқиф бўлганми? Одатда, жиноятчилар қилмишлари фош бўлиб, қўлга тушиб қолишидан чўчиб, гувоҳларни йўқ қилишни маъқул кўришади. Ёки кимдир эру хотинни ўлдириб, уларнинг меросига эга чиқишни кўзлаганмикан? Уларда яшаб турган уйидан бошқа яна қандай мол-мулк бўлиши мумкин? Ёки чол-кампир қасос қурбони бўлдимикан? Отахон ўзининг қачонлардир йўл қўйган мудҳиш хатоси учун ўзи ва турмуш ўртоғининг ҳаёти билан жавоб беришга тўғри келдимикан? Ёки қотилликка ҳеч кимнинг хаёлига келмайдиган бошқа сабаб бўлганмикан?» Санжарбек хаёлан қотиллик юзасидан дастлабки тахминларни шакллантиришга киришиб кетганди…

* * *

Устоз-шогирд тушган такси бир соатдан зиёд вақт юриб, Гулистон шаҳрига кириб келди. Вилоят прокуратураси биноси ёнида уларни прокурор ёрдамчиси кутиб олиб, тўғри қабулхонага бошлаб борди.

– Э-э-э Санжарбек, келинг, келинг, – қирқ беш-эллик ёшлар чамасидаги, баланд бўйли, оққувадан келган, юзидан нур таралиб турган вилоят прокурори меҳмонларни ўрнидан туриб, кутиб олди.

– Ассалому алайкум, Дилмурод Кабирович, омонмисиз? – одоб билан салом берди Санжарбек.

– Бу киши ҳам сиз биланми? – прокурор эшик ёнида ийманибгина турган Жўрабойга ишора қилди.

– Ассалому алайкум, – ҳижолатдан талабанинг тили зўрға калимага келди.

– Жўрабой – шогирдимиз, бу йил ҳуқуқшуносликни тугатади, бизда амалиёт ўтаётганди, – таништирди Санжарбек. – Жуда зукко, фаросатли йигит, бизга кўп фойдаси тегяпти.

– Шунақами, жуда яхши-да, – прокурор талаба билан ҳам қўл бериб кўришди. – Жўрабой, ўқишни битирсангиз, ўзимиз сизни ишга оламиз, хўпми?

– Раҳмат устоз, – деди талаба камсуқумлик билан.

– Сизга тегармикан? Жўранинг харидори ортиб боряпти, – кулди Санжарбек.

– Э шунақами? Унда бизни ҳам харидорлар навбатига киритиб қўярсиз, Санжарбек, – ҳазилни давом эттирди прокурор. – Қани, ўтиринглар. Қийналмасдан етиб келдингларми?

– Раҳмат, Дилмурод Кабирович, ўзингиз яхшими? Уйдагилар…

– Ҳаммаси яхши, фақат шу қотиллик тушмагур ишнинг белига тепиб турибди-да, – мақсадга кўчди прокурор. – Вилоятимиз унча катта эмас, қотиллик жиноятлари аҳён-аҳёнда содир бўлади. Аммо бу сафаргиси тоза бошимизни қотириб ташлади, ғирт бошқотирма бўлди, на учи, на қуйруғи бор. Йигитларимиз боши берк кўчага кириб қолишди. Ёрдам қилмасангизлар бўлмайди.

– Бажонидил, қўлимиздан келганича ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламиз, – деди терговчи қўли кўксида, – ип қанча узун бўлмасин, учи топилар, дейишади-ку.

– Яшанг Санжарбек, сиз ҳақингизда кўп ва хўп гапларни эшитганман, қанчадан-қанча оғир жиноятларни фош этгансиз, бунисини ҳам тез фурсатда очиб ташлайсиз, деган умиддаман. Ҳаммамиз хизматингизда бўламиз, – деди прокурор ички телефон гўшагини кўтариб. – Хуршиджон, меҳмонлар етиб келишди, анави ишни олиб кирасизми? – деди.

Зум ўтмай ўттиз беш ёшлардаги, тўладан келган, қораширғай йигит бир қучоқ қоғозларни кўтариб, кириб келди.

– Санжарбек, бу йигит тергов бўлими бошлиғи Хуршид Азизович, ҳар қандай масалада шу кишига мурожаат қилаверасиз. Гуруҳга энг ғайратли терговчи ва изқуварларни жалб қиламиз… Хуршиджон, – деди прокурор ходимига қарата, – Республикамизнинг кўзга кўринган «важняг»и2 Санжарбек Раҳмоновни танийсиз, бизга ёрдамга келди. Ишлаши ва яшаши учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни муҳайё қиласиз. Муаммо бўлса, шахсан менга қўнғироқ қилишингиз мумкин, тушунарлими?

– Тушунарли, Дилмурод Кабирович, ҳеч қанақа муаммо чиқмайди, биргаликда ишни ташкил қиламиз, – бўлим бошлиғи ҳарбийларга хос қатъият билан жавоб қилди.

– Санжарбек, унда сизларга омад, – прокурор ўрнидан қўзғалди, – эшигим сиз учун ҳамиша очиқ, хабарлашиб турамиз, тортинманг!

Йигитлар прокурор қабулхонасидан чиқиб, Хуршид Азизовичнинг хонасига киришди.

– Санжар ака, танишинг, шаҳар прокуратураси катта терговчиси Худойберди Лапасов, – деди Хуршид хонада кутиб турган ўрта бўйли, ёши ўттизлар атрофидаги чаққонгина йигитни кўрсатиб. – Терговни бошидан бошлаб олиб борган ҳам, гумонланувчи Худоёр Азимовга айб эълон қилиб, қамоққа олган ҳам, сал ўтмай унинг айбдорлигига шубҳа билан қараб, бошқа тахминларни илгари сурган ҳам, шаҳар прокурорининг қистовига қарамасдан қайсарлик қилиб, ишни судга оширмасдан пайсалга солган ҳам, айни пайтда нима қиларини билмай, икки оёғини бир этикка тиқиб, чорасиз ўтирган ҳам, хуллас, барчамизни ташвишга солган жаноб шу киши бўладилар.

– Санжарбек Раҳмонов, – меҳмон бўлим бошлиғининг ярми ҳазил, ярми чин гапларидан ҳижолат бўлиб турган терговчига қўл тутди, – танишганимдан хурсандман, эътиборингиз учун, – у Хуршидга юзланди: – шунақа қайсар йигитлар менга ёқади. Саркашлик терговчи учун қусур эмас, энг муҳим сифат ҳисобланади. Агар Худайбердида шу фазилат бўлмаганда терговчи раҳбариятнинг райига қараб, иши юмалоқ ёстиқ қилиб, судга оширган, бир бечора адолатсизлик қурбонига айланган бўларди.

– Худди шундай, – маъқуллади бўлим бошлиғи кулимсираб, – қайсарлиги-ку яхши, бироқ ишни охиригача олиб боролмасдан ўрта йўлда аммамнинг бузоғидай шумшайиб ўтиргани ёмон-да!

– Фикрингизга қўшилмайман, – ёш ҳамкасбини қўллаб-қувватлаш мақсадида «пайров»ни давом эттирди меҳмон, – биринчидан, Худойберди аммангизнинг бузоғидай сўллайиб ўтиргани йўқ, ўлжасига ташланган қоплондай кўзи чақнаб турибди. Иккинчидан, терговчи ҳали ёш, маҳорат эса аста-секинлик билан келади. Беш-олти йил ўтиб, тилга тушган терговчи бўлиб етилишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

– Раҳмат, Санжар ака, ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламан, – деди Худойберди ҳижолатдан қизариб.

– Ҳазиллашаман-да, – кулди Хуршид, – чиндан ҳам Худойбердижон умидли терговчиларимиздан, ҳеч кимникига ўхшамайдиган ўз усули, ўз йўли бор.

– Бу киши бўлажак умидли терговчи, ҳозирча амалиётдаги талаба Жўрабой бўладилар, – ниҳоят Санжарбекка бир чеккада жим турган шеригини таништиришга фурсат бўлди. – Биз билан уч-тўртта қотиллик жиноятларини очишда иштирок этди, жуда истеъдодли, тиришқоқ, зукко йигит.

– Ёшлар биздан кўра ақлли бўлиши табиий, – деди Хуршид талабага зимдан назар ташлаб, – шунча ақлли бошдан қуён қочиб қаёққа ҳам борарди.

Кулги кўтарилди. Ҳамкасбларнинг бир кўришдаёқ бир-бирини тўғри тушуниб, ҳазил-мутойибага киришиб кетишлари уларнинг ишчанлик қобилиятини оширгандай, ўзаро ишонч ва ҳамжихатликни мустаҳкамлагандай, орадаги бегонасираш, ётсирашга барҳам бергандай бўлди.

* * *

Кун бўйи бош кўтармасдан жиноят иши ҳужжатларини синчковлик билан танишиб чиққан Санжарбек кечда гуруҳ аъзоларини тўплади. Гуруҳ раҳбари одати бўйича, аввалло, терговчининг муфассал ахборотини тинглаб, сўнг фикр алмашишни лозим топди.

– Шу йил 15 июль Қадр кечаси тунги соат икки-уч оралиғида Гулистон шаҳри Олмазор кўчаси, 29 уйда яшовчи олтмиш саккиз ёшли фуқаро Илёс Муллажонов номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган. Экспертларнинг хулосасига кўра, жиноятчилар қариянинг орқа миясига қаттиқ жисм билан уриб, жароҳатлашган, сўнг орқа томондан бел қисмига пичоқ урилган. Бу ҳам етмагандай, хушидан кетган қарияни сим билан бўғиб, жиноий режаларини якунлашган. Марҳумнинг гиламга ўраб ташланган жасади уйининг ертўласидан топилган. Гилам ва мурданинг оғирлиги юз килограммдан ортиқлигини ҳамда қотиллик содир этилган хона билан ертўла оралиғи ўттиз қадамни ташкил этишини инобатга олганда, жиноятчилар камида икки киши бўлган, деган хулосага келиш мумкин. Марҳумга тегишли темир сейф металл ускуналар ёрдамида бузиб, очилган. Сейфда пул ёки бошқа қимматликлар бўлган-бўлмаганлиги ҳозирча номаълум. Қотиллар қўлқопда ишлаганликлари боис ҳодиса жойида уйда яшовчилардан бошқа шахсларнинг яроқли бармоқ излари топилмади. Шунингдек, дарвозахонада, ҳовлида, хоналарда жиноятчилар ўзларидан ҳеч қандай из қолдиришмаган. Жиноят қуроллари – тўмтоқ жисм, пичоқ ва сим ҳам воқеа жойидан олиб кетилган.

– Жиноятчилар ҳовлига қаердан киришган? – гуруҳ раҳбари саволларни қалаштирди.

– Кириш эшиги ёпиқ бўлган. Қулф бузилмаган. Ҳовли ўралган деворлар кўздан кечирилганда, кўча томондаги девордан ташқари, қўшнилар билан чегарадош деворлардан бировнинг ошиб ўтганлигини кўрсатувчи – сидирилган, сирпанган, шикастланган, тирналган излар топилмади. Шунақа излар фақат кўчага туташ деворда мавжуд. Шундан келиб чиқиб, биз жиноятчилар ҳовлига кўча тарафдаги девор орқали ошиб кирган, деган фикрга келдик. Экспертлар деворда билинар-билинмас оёқ изларини топишди. Аммо уларнинг қанақа пойабзалга тегишли эканлигини аниқлашнинг имкони бўлмади.

– Деворнинг баландлиги қанақа? Унинг қўшниларга туташ қисми қанча?

– Деворнинг баландлиги икки метру ўн сантиметрни ташкил қилади. Ҳовлининг олд томонига бино қурилган, ўнг ва орқа томони қўшниларга туташ. Чап томони кўча. Фақат шу тарафдаги девордан ошиб, ҳовлига тушиш мумкин.

– Балки жиноятчилар қўшнининг девори орқали нарвонда ҳовлига тушгандир? Бу вариант хусусида ўйлаб кўрмадингларми?

– Кечаси икки метрлик девордан нарвон ёрдамида ошишда ҳам қандайдир из қолиши керак-ку. Қўшни тарафдаги деворларнинг гарди ҳам ўчмаган. Фақат чап тарафдаги деворларнинг ички ва ташқи қисмида узун-юлуқ излар қолган, холос.

– Нима, уйда ҳеч ким бўлмаганми? Тунги пайт… шунча шовқин-сурон… – Жўрабой гуруҳ раҳбарига «Мумкинми?» дегандай савол беришга изн сўради.

– Бу масалага ҳали келамиз, – эътироз қилди Санжарбек, – энди марҳумнинг шахсига аниқлик киритиб оласак, – деди у ҳамкасбига қарата. Талабанинг ноқулай аҳволга тушиб, изза бўлиб турганини сезиб, қўшиб қўйди. – Жўражон, сизнинг саволингизга кейинроқ жавоб берса майлими?

– Майли, майли… – деди талаба сал дадилланиб.

– Марҳум Илёс Муллажонов 1945 йилда Гулистон шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек. Маълумоти олий. Киев шаҳрида тиббиёт институтини тамомлаган. Олий тоифали жарроҳ. Узоқ йиллар вилоят болалар шифохонасида ишлаган. 2004 йилда нафақага чиққан. Оилали. Аёли – марҳума Зебинисо Суюнова, узоқ йиллар мактабда тарих фанидан дарс берган, халқ маорифи аълочиси, 2011 йилда нафақага чиққан. Икки нафар фарзандлари бўлган. Қизи Шахина 1970 йилда туғилган, эри ва тўрт фарзанди билан Бахт шаҳрида истиқомат қилади. Ўғли Холиёр 1972 йилда туғилган, у 1994 йилда Латофат исмли қизга уйланган, биргаликдаги никоҳларидан 1995 йилда туғилган Тахмина исмли қизлари бор. Холиёр 1997 йилда автоҳалокатда вафот этган. Латофат икки яшар қизини қайнона-қайнотасига ташлаб, ишлаш учун Туркияга кетиб қолган. Шу тариқа чол-кампир невараларини ўзлари катта қилишган. Воқеа содир бўлгунга қадар Тахмина буви-буваси билан бирга истиқомат қилиб келган. Қотиллик содир бўлган тунда қиз уйда – ўз хонасида бўлган. Ўн саккиз ёшли ёш қиз маст уйқуда бўлганлиги боис ҳеч нарсани сезмаган. Эрталаб бобосини нонуштага чақириш учун хонасига борса, сейфнинг қулфи бузиб, очилганлигини, хонадаги нарсалар бесаранжом сочилиб ётганини кўриб, қўрқиб кетган. Тезда аммаси – Шахинага қўнғироқ қилган…

– Сейфда қанча пул ёки бошқа қимматликлар борлигини аниқлашнинг имкони бўлдими?

– Тахминанинг айтишича, бобоси сейфда анча-мунча доллар сақлаган, бир марта унга пул бераётганда кўзи тушган экан. Шахина бобоси бир умр йиғиниб яшаганини, сейфда яхшигина бойлик бўлганлигини айтган. Қария сейфнинг қалитини доимо ўзи билан олиб юрган, ҳеч кимга ишонмаган. Шундан хулоса қилиш мумкинки, сейф бўш бўлмаган.

– Илёс бобо яқин ўртада бирор нарсасини сотмаганми? Уй-жой, автомошина, дала ҳовли деганларидай…

– Раҳматли бундан икки йил муқаддам ишлаб юрган пайтида кредитга олган «Ласетти» мошинасини ўн беш минг долларга сотган. Пулига бирор нарса олгани маълум эмас. Ўйлашимизча, ўша пул ҳам сейфда бўлган.

– Отахоннинг бирор киши билан олди-бердиси, овуштаси бўлмаганми?

– Йўқ, отахон бунақа нарсаларни ёмон кўрган. Ҳозирча бизда мавжуд маълумотларга кўра, қария бировга қарз ҳам бермаган, бировдан қарз ҳам олмаган.

– Нафақадан бошқа яшаш манбаи бўлганми?

– Чол-кампир арзимаган нафақа олишган. Учта жон шунинг ҳисобига кун кўришган. Унақа катта харажат қиладиган жойлари ҳам бўлмаган.

– Яхши, давом этинг.

– Бошида биз жиноятнинг мотиви босқинчилик бўлса керак, деган тахминни илгари сургандик. Қотилликдан икки кун ўтиб, Зебинисо момо шифохонада бандаликни бажо келтирди. Юраги хаста кампирга эрининг фожиали вафоти қаттиқ руҳий таъсир қилган бўлса керак, аёл шўрлик қирқ йиллик қадрдонини йўқотишга дош беролмади шекилли, деб ўйладик. Ота-онасининг маъракалари ўтгандан кейин Шахина терговга онаси ўладиган даражада бетоб бўлмаганлигини, отасини ўлдирган жиноятчилар онасини ҳам шу кўйга солган бўлиши мумкин, деган тахминни билдириб, мурдани эксгумация қилиш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилди. Эксгумация натижалари ҳаммани лол қолдирди, кампирнинг танасида симоб моддаси мавжудлиги аниқланди. Экспертларнинг фикрича, симоб нафас йўлларининг тортишиши, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши, юрак қувватининг пасайишига сабаб бўлган ва ўлимни келтириб чиқарган. Шундан кейин биз оддий жиноятчилар билан эмас, балки пухта тайёргарлик кўрган жиноий тўдага дуч келганимизни ҳис қилдик. Тахминлар рўйхати ва қидирув доирасини кенгайтирдик.

– Хўш, дастлабки кунларда қанақа тахминлар илгари сурилди? – Санжарбек савол беришда давом этди.

– Биринчи тахмин, терговчи қўлидаги қоғозга қараб, давом этди, – қотиллик марҳумнинг таниши, қариндоши ёки бошқа яқинлари томонидан қасос олиш мақсадида содир этилган. Иккинчи тахмин, қотиллик марҳумнинг касбий фаолияти, яъни жарроҳлик билан боғлиқ бўлиб, собиқ мижозлари ёхуд уларнинг қариндошлари томонидан хун олиш мақсадида содир этилган. Учинчи тахмин: қотиллик босқинчилик мақсадида содир этилган.

– Жиноятчилар осонликча бойликни қўлга киритган, беиз яширинишга ҳам улгуришган, – гуруҳ раҳбарида ҳақли савол пайдо бўлди, – уларнинг ўзларини хавф-хатарга қўйиб, қайтиб келишларига нима ҳожат? Кампирни ўлдириш уларга нимага керак бўлган?

– Тўғри, бу тахминнинг бўш жойи ҳам шунда, – терговчи фикрини асослашга уринди, – бизнингча, кампир ниманидир билган ёки жиноятчилар ҳақида маълумотга эга бўлган, ҳеч бўлмаганда уларни шубҳа остига олишга асоси бўлган. Жиноятчилар фош бўлиб қолишидан кўрқиб, уни йўқ қилишдан бошқа йўл топа олмаган бўлиши мумкин.

– Яхши, қабул қилдик, давом этинг, – деди Санжарбек жиноят ишини варақлай туриб.

– Эҳтимоллик даражаси анча паст бўлса-да, кейинги тахмин: қотиллик меросни қўлга киритиш мақсадида марҳумларнинг қизи – Шахина ёки унинг турмуш ўртоғи томонидан содир этилган… Ҳозирча бор тахминларимиз шулардан иборат…

– Тахмина-чи? Нима, у гумондан холими?

– Ўн саккиз ёшли қизча… унинг қўлидан нима ҳам келарди. Бошқа ҳеч кими бўлмаса, боқувчисини йўқотиш унга нимага керак бўлиши мумкин?

– Тўғри, бу иш ўзининг қўлидан келмаслиги мумкин, – мушоҳада қилди Санжарбек, – аммо кимнидир бу ишга жалб қилган бўлиши мумкин-ку!

– Она сути оғзидан кетмаган қизнинг бунақа ишларни қилиши ақлга сиғадиган иш эмас. Шунга қарамасдан қизнинг телефон сўзлашувлари таҳлил қилинди, яқинлари доираси ўрганилди. Бунақа ишларга қодир, шубҳали шахслар аниқланмади.

– Қизнинг буви-буваси билан муносабати қандай бўлган?

– Уларнинг уришиб, жанжаллашиб юрганини биров кўрмаган. Шахинанинг айтишича, кейинги пайтларда отаси майда гап, жиззаки, зиқна бўлиб қолган. Сал нарсага аёлини ҳам, неварасини ҳам жеркиб ташлайдиган одат чиқарган, ёмон қариган…

– Балки Тахмина шундан безор бўлиб, бобосини йўқ қилиш пайига тушгандир, – Жўрабой тортинибгина фикр билдирди.

– Йўғ-э, ота-она боласини тергайди, уришади… яхши бўлсин, одам бўлсин дейди-да! Ҳозирги ёшларни биласиз-ку! Шунинг учун ота-онани душман билиш керакми?

– Сиз билан биз шундай фикрлаймиз, – деди Санжарбек кулимсираб, – ҳозирги ёшлар – ўғилдир, қиздир томоман бошқача. Уларнинг қаричи ўзгача, дунёқарашлари, ҳаётий ўлчов мезон ва меъёрлари бизникидан тубдан фарқ қилади. Майли, дастлабки босқичда яна қандай тахминлар илгари сурилганди?

– Асосан шулар.

– Худоёр Азимов ишда қандай пайдо бўлиб қолди? – навбатдаги масалага ўтди гуруҳ раҳбари.

1.Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари назарда тутилмоқда.
2.Алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи.

Janrlar va teglar

Yosh cheklamasi:
0+
Litresda chiqarilgan sana:
21 fevral 2023
ISBN:
978-9943-20-884-1
Mualliflik huquqi egasi:
Yangi asr avlodi
Matn, audio format mavjud
O'rtacha reyting 4,6, 961 ta baholash asosida
Matn PDF
O'rtacha reyting 5, 1 ta baholash asosida
Matn
O'rtacha reyting 5, 3 ta baholash asosida
Matn
O'rtacha reyting 0, 0 ta baholash asosida