Kitobni o'qish: «МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ»
РАСУЛ ҲАМЗАТОВ
МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ
Бадиа
ТОШКЕНТ
«ЯНГИ АСР АВЛОДИ»
2021
Тил, миллат, халқ, қадрият, Ватан меҳри, давр руҳи, севги сеҳри, ҳақиқат ва ёлғон, яхшилик ва ёмонлик, тинчлик ва уруш мавзулари ҳассосона ёритилган «Менинг Доғистоним»дай асар жаҳон адабиётида кам топилади. Айниқса, асар мазмун-моҳиятига сингиб кетган шоирнинг дилбар шеърлари, пурмаъно ҳикмат-ҳикоятлари, ўзи кўрган ибратли воқеалар ҳақидаги ёдномалари ва халқ нақллари ўқувчиларда ўчмас таассурот қолдиради.
1971 йилда дунё юзини кўрган бу асар ўтган ярим аср давомида юздан ортиқ тилларга таржима қилинди, миллионлаб нусхада чоп этилди. Бироқ, ҳамон савдо расталарида кам топиладиган ноёб китоблар қаторида тилга олинади. Мазкур китобнинг она тилимизда қайта нашр этилиши шоир Расул Ҳамзатов мухлислари учун ажойиб туҳфадир.
Ишончимиз комил, дунёга машҳур бу китоб ўзининг янги-янги мухлисларини топади ва уларнинг ҳам маънавий мулкига айланади.
Асрор МЎМИН таржимаси.
БИРИНЧИ КИТОБ
Йўловчи уйимга кирмасдан ўтсанг,
Менда айб йўқ, бунинг гуноҳи сенда,
Эй меҳмон, уйимдан хафаҳол кетсанг,
Сенда айб йўқ, бунинг гуноҳи менда.
Эшикдаги ёзувлар.
Агар сен ўтмишга тўппончадан ўқ узсанг,
келажак сени тўпга тутади.
Абутолиб айтган.
МуҚаддима Ўрнида.
УМУМАН МУҚАДДИМАЛАР ҲАҚИДА
Эрталаб уйқудан турган вақтингда илон
чаққандай ўрнингдан сакраб турма, аввал
тушларингда нималар кўрганингни ўйла.
Менинг фикри ожизимча, ҳатто қодир Оллоҳ ҳам ибратли воқеани ҳикоя қилишдан олдин ёки расулларига ваҳий йўллашдан аввал бир озгина тин олган.
Самолёт учишдан олдин узоқ вақт гувиллайди, кейин уни бутун аэродром йўллари бўйлаб учиш йўлакчасига олиб боришади. Энди самолёт янада қаттиқроқ гувиллайди, кейин тезлигини ошириб юра бошлайди, шундан кейингина осмонга парвоз қилади.
Вертолётга югуриш шарт эмас, аммо у ҳам гувиллайди, қарсиллайди, ердан кўтарилишдан олдин бир тебраниб олади.
Фақат тоғ бургутигина қоядан бирдан осмонга парвоз қилади, юқорига кўтарила-кўтарила кўз илғамас нуқтага айланади.
Ҳар қандай китоб ҳам шундай бирдан бошланиши керак, яъни узундан-узоқ изоҳларсиз, зерикарли сўзбошиларсиз. Ахир, ёнингдан югуриб ўтаётган ҳўкизнинг шохидан ушлаб қайириб олмасанг, ўтиб кетгандан кейин уни думидан ушлаб тўхтатиб қололмайсан.
Мана қўшиқчи қўлига пандурни олди. Биламан, қўшиқчининг яхшигина овози бор. Лекин қўшиқни бошлашдан олдин пандурни узоқ динғирлатади, кейин куйини чалади. Концерт олдидан ўқилган нутқ, спектакль бошланишидан аввал айтилган маъруза ёки дарҳол дастурхонга таклиф этиб қадаҳларни тўлдириш ўрнига куёвига панд-насиҳат қиладиган қайнотанинг аҳволи ҳам шунга ўхшайди.
Бир куни муридлар давра қуришиб қиличлари билан мақтанишди. Бири қиличи асл пўлатдан ясалганини, иккинчиси қиличига Қуръон ояти ёзилганини айтди. Шунда улар орасига Шомилнинг жангларда мардлиги билан ном қозонган Ҳожимурод исмли муриди келиб қўшилди ва баҳсга нуқта қўйди:
– Бекордан-бекорга чинорнинг салқин соясида баҳслашманглар. Эртага жанг бўлади, қиличларнинг ўзи қайси бири яхши эканлигини ҳал қилади.
Менинг фикри ожизимча, бари бир қодир Оллоҳ бирор воқеани ҳикоя қилишдан олдин тин олган.
Бизнинг тоғликларда шундай одат бор – чавандоз ўз уйининг остонасида отига сакраб минмайди. Аста отини етаклаб овулдан чиқади. Эҳтимол, бу ҳеч нарсани ёддан чиқариб қолдириб кетмаётганини эслаши ва йўлда нималар кутаётганини хаёлдан ўтказиши учун керакдир. Шу боис чавандоз қанча шошмасин, қанча вақти тиғиз бўлмасин ўйчан ҳолда отини етаклаб овулдан чиқади, кейин отга сакраб миниб қамчи босади ва чанг-тўзон қолдириб кўздан йўқолади.
Мана мен ҳам китобимнинг эгарига сакраб минмай, отини етаклаб бораётган чавандоз сингари аста-секин ўйчан кетаяпман. Мен ўйга толганман, сўз айтишга шошилмаяпман.
Сўз нафақат дудуқларнинг тиши орасида, балки энг керакли, энг тўғри, энг доно фикрни излаётган кишилар хаёлида ҳам ушланиб қолади. Мен донолик қилиб ҳаммани ҳайратга солмоқчи эмасман, лекин дудуқ ҳам эмасман. Мен айтиш учун сўз излаяпман, шунинг учун тин олиб хаёлга толдим.
АБУТОЛИБ АЙТГАНДИ: Китобдаги сўзбоши – бу ирим-сиримга ишонадиган тоғлик аёлнинг эрига пўстин тикаётган вақтида оғзининг бир четида тишлаб турган чўпи. Агар чўп тишлаб пўстин тикилмаса, бундай пўстин эрининг кафанига айланиши мумкин экан.
АБУТОЛИБ ЯНА АЙТГАНДИ: Мен тонг қоронғисида танишининг эшигини қидираётган одамга ўхшайман. Тўғри келган эшикни тақиллатиб кутишни ҳам, кетишни ҳам билмайдиган. Мана навбатдаги эшик тақиллатилди: тук-тук, тук-тук.
– Эй ичкаридагилар, агар гўшт қайнатмоқчи бўлсаларинг, вақт бўлди туринглар.
– Эй ичкаридагилар, агар толқон туймоқчи бўлсаларинг, бемалол ухлайверинглар.
– Эй ичкаридагилар, агар бўза ичмоқчи бўлсаларинг, қўшниларингни чақиришни унутманглар.
Тук-тук, тук-тук.
– Ичкарига кирайинми ёки айтилмаган жойга йўнилмаган таёқманми?!
Одам тилга кириши учун икки йил кифоя, лекин тилини тийиб туришни ўрганиши учун олтмиш йил керак бўлади.
Мен икки ёшда ҳам, олтмиш ёшда ҳам эмасман. Шу ёшлар орасидаги йўлдаман. Тўғрироғи, иккинчи нуқтага яқинлашиб қолдим, шунинг учун барча айтган сўзларимдан ҳали айтилмаган сўзларим қадрлироқ.
Ҳали ёзмаган китобим барча ёзган китобларимдан қадрли. Ҳаммасидан азизи, ҳаммасидан яхшиси, ҳаммасидан қийини ҳам шу.
Янги китоб – бир дара, унга ҳали кирмаганман, нималар борлигини билмайман, ҳозирча ҳамма нарса туман орасида кўринади. Янги китоб бу от, ҳали унга эгар урилмаган, ёки бир ханжар, ҳали қинидан чиқариб кўрмаганман.
Тоғликлар айтишади: «Бекордан-бекорга ханжарингни қинидан чиқарма. Агар ханжарингни қинидан чиқарсанг – санч. Шундай санчки, бирданига чавандозни ҳам, отни ҳам ҳалок қилсин».
Сиз ҳақсиз, тоғликлар!
ҲАР ҲОЛДА, ханжарни қинидан чиқаришдан олдин унинг яхшилаб қайраб ўткирланганига ишонч ҳосил қилган бўлишингиз керак.
Ёзилажак китобим, узоқ йиллардан буён хаёлимдасан! Сен гўё севимли аёлга ўхшайсан, узоқдан ҳар куни кўринадиган, бирга ёнма-ён бўлишни истайдиган, лекин ҳали қўлимни ҳам тегизмаган. Баъзан у шундай юзма-юз яқин турганки, қўлимни салгина қимирлатсам кифоя эди, лекин мен қўрқдим, довдирадим, хижолат чекиб уялдим ва ўзимни нарироқ олдим. Энди ҳаммаси тугади! Ёнингга боришга ва қўлингдан дадил ушлашга қарор қилдим. Мен уятчан ошиқдан ишни дангал ҳал қиладиган қатъиятли ва тажрибали эркакка айланмоқчиман. Энди мен отни эгарлайман, унга миниб уч марта қаттиқ-қаттиқ қамчи босаман, нима бўлса бўлар?!
ҲАР ҲОЛДА, тўртбурчак юпқа қоғоз бўлагига тоғ тамакисидан эзғилаб соламан ва шошилмасдан ўралмани ўрайман. Агар ўралмани яхши ўрамасам, чекиб ҳузур қилмайман.
КИТОБИМ, сени ёзишни бошлашдан олдин қалбимда қандай қилиб пишиб етилганинг тўғрисида сўзлаб беришни истайман. Қандай қилиб сенга ном топдим? Нега сени ёзмоқчиман? Ҳаётдаги мақсадим нима?
Гўё меҳмонни ошхонага таклиф қиламан, ҳозир у ердан чўғда пишаётган кабоб ҳиди эмас, нимталанаётган гўшт ҳиди, тўғрироғи қўй ҳиди келаяпти. Дўстларимни ижодхонамга бошлаб кираман, столим устида ҳали сиёҳи қуримаган қўлёзмаларим ётибди, уларни ўқиб кўришларига рухсат бераман.
ГАРЧАНД ОТАМ АЙТАРДИЛАР: Бировнинг қўлёзмасини титкилаётган одам ўзганинг чўнтагини ковлаётган киссавурга ўхшайди.
ОТАМ ЯНА АЙТАРДИЛАР: Муқаддималар театрда олдинги қаторингда кенг елкали чакмон ва катта бўрк кийиб ўтирган одамни эслатади. Агар у тўғри ўтирса ҳам майли, чапга-ўнгга энгашаверса бу ёмон. Унинг бу қилиғи орқасида ўтирган томошабинга ноқулайлик туғдирибгина қолмай охир-оқибат асабига тегади.
ЁН ДАФТАРЧАДАН: Мен Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарларида бўладиган шеърият кечаларида қатнашаман. Тингловчилардан ҳеч қайсиси авар тилини билмайди. Аввал мен кавказча талаффуз билан рус тилида бир оз ўзим ҳақимда гапираман. Кейин таржимон дўстларим рус тилига ўгиришган шеърларимни ўқишади. Улар шеър ўқишдан олдин мендан она тилимда битта шеър ўқиб беришимни сўрашади: «Биз авар тили ва шеър оҳанггини тинглагимиз келаяпти». Мен шеър ўқийман, лекин бу қўшиқ айтишдан олдин пандурни чалиб олгандай бир гап.
Китобдаги муқаддима ҳам шунга ўхшаб кетмайдими?
ЁН ДАФТАРЧАДАН: Мен Москвада ўқиб юрган вақтимда, отам пальто олишим учун пул жўнатди. Мен пулни ишлатиб қўйдим, пальто эса олинмади. Хуллас, ёзда Москвага қандай кийимда келган бўлсам, қишки таътилда Доғистонга шундай кийимда қайтдим.
Уйда отам олдида ўзимни оқлаш мақсадида бири-биридан бемаъни баҳоналар айтишга тушдим. Баҳона тўқийвериб, охири ўзим ҳам адашиб кетдим. Отам мени тўхтатиб сўради:
– Расул, тўхта-чи. Мен сенга иккита савол бермоқчиман.
– Сўранг.
– Пальто олдингми?
– Олмадим.
– Пулни ишлатдингми?
– Ҳа.
– Энди ҳаммаси равшан. Шундай экан нега боядан бери менга кераксиз гапларни айтаяпсан? Икки сўзда ифодалаш мумкин бўлган фикрни айтиш учун бунча кўп муқаддима тўқидинг…
Менга отам шундай сабоқ берарди.
ҲАР ҲОЛДА, эндигина туғилган чақалоқ бирданига гапириб юбормайди. У битта сўзни айтишдан аввал қанча ғўлдирайди. Бирор жойи оғриб йиғлаганида, ҳатто туққан онаси ҳам унинг қаери оғриётганини билмайди.
Нима деб ўйлайсиз, баъзан шоир қалби чақалоқнинг шу ҳолатига ўхшаб кетмайдими?
ОТАМ АЙТАРДИЛАР: Тоғдан отар қайтишини кутаётган одамлар, аввал олдинда келаётган таканинг шохини, кейин такани, сўнгра отарни кўришади.
Одамлар тўй ёки мотам бўлаётганини айтувчилар келгандан кейин билишади. Овулга айтувчи келишини кутаётган одамлар, аввал йўлдан осмонга кўтарилган чангни, кейин отни, сўнгра чавандозни кўришади.
Овчининг қайтишини кутаётган одамлар, аввал унинг ити келаётганини кўришади.
БУ КИТОБ ҚАНДАЙ ДУНЁГА КЕЛГАНИ ВА
ҚАЕРЛАРДА ЁЗИЛГАНИ ТЎҒРИСИДА
Кичкина болалар ҳам
катта тушлар кўради.
Бешикдаги ёзувлар.
Бир марта керак бўладиган ханжар
умр бўйи тақиб юрилади.
Умр бўйи такрорлаб юриладиган
шеър бир марта ёзилади.
Баҳорни қаршилаган овул осмонида қалдирғочлар парвоз этмоқда. У учар экан қайдадир қўниб дам олишга жой излади. Кўрдики, битта уйнинг томи кенг, текис ва тоза. Қор ва ёмғир сувлари оқиб кетиши учун тарновлар қўйилган. Қуш осмондан пастлаб тарновга қўнди. Чаққон тоғлик қиз шу заҳоти қушни ушлаб олди ва уйга кирди. Қуш кўрдики, уйдагиларнинг ҳаммаси унга яхши муносабатда бўлишаяпти. У шу жойда яшаш учун қолди, бўғотдаги тахтага ўзининг инини қурди.
Менинг китобим ҳам шу қушга ўхшайдими? Мен ҳам шеърият осмонидан неча бор пастга, наср текислигига қарадим, қайдадир ўтириб дам олишга жой изладим…
Тўғрироғи, ўзимни аэродромга қўниш учун пастлаётган самолётга ўхшатишим керакдир.
Мана мен қўниш учун айлана ҳосил қилиб пастладим. Аммо аэродром ноқулай об-ҳаво шароитини айтиб, қўнишга рухсат бермаяпти. Мен айланадан тўғри учиб кўтариламан ва парвозда давом этаман. Қўнишим керак бўлган аэродром яна пастда қолди. Бундай ҳолатлар бир неча бор такрорланди. Демак, менинг пешанамга қаттиқ бетон аэродромга қўниш ёзилмаган. Демак, менинг оёқларим ер юзида тиним билмай юриши, менинг кўзларим сайёрамизнинг янги жойларини кўриши, менинг юрагим дам олмасдан янги-янги шеърларни яратиши керак.
Яна мен деҳқонга ўхшаб бир зум осмонда кўчаётган булутларга қарадим, узоқ-узоқлардан келаётган турналар нолишини тингладим. Кейин деҳқон енгини шимариб қатъият билан омоч қулоғига ёпишгандай қўлимга қалам олиб, чала қолган достонимни ёзиб тугатиш учун ўтирдим.
Менинг шеъриятим, сени қанча осмонларга қиёс қилмайин, сен менинг экинзоримсан, шудгор қилинган даламсан, энг машаққатли меҳнатимсан. Шундай бўлишига қарамай мен умуман насрда ижод қилмадим.
Кунлардан бир куни менга хатжилд олиб келишди. Унда мен жуда қадрлайдиган журналнинг муҳаррири ёзган мактуб бор экан. Қолаверса, муҳаррир ҳам мактубини «Қадрли Расул…» дея бошлабди. Хуллас, ўзаро ҳурматимиз жойида.
Мактуб тахламини очар эканман, уни тоғликлар уй олдидаги кегарасига қуритиш учун ёзиб қўядиган ҳўкиз терисига ўхшатдим. Қуриган ҳўкиз терисини уйга олиб кириш учун тўрт буклам қилинганда қандай шиқирласа, мактубни очаётганимда шундай шиқирлади. Фақат ундан бурунни ачитувчи тери ҳиди келмади. Умуман, мактубдан ҳеч қандай ҳид таралмади.
Дарвоқе, муҳаррир мактубида шундай ёзибди: «Бизнинг таҳририятимиз журналнинг яқин сонларидан бирида Доғистоннинг бугунги куни, илғор тажрибалари ва эришган муваффақиятларига бағишланган материал беришни режалаштирди. Майли, у оддий меҳнаткашларнинг кундалик ташвишлари, меҳнат қаҳрамонликлари ёки орзу-ниятлари тўғрисида ҳикоя бўлсин. Майли, бу ҳикоя сенинг тоғли ўлканг ва унинг асрлардан ўтган анъаналари, ажойиб «бугуни», порлоқ «эртаси» ҳақида бўлсин. Таҳририят аъзолари фикрича, бу материални бошқалардан кўра сен яхшироқ ёзасан. Қайси жанрда ёзиш сенинг ихтиёрингда: ҳикоями, мақолами, очеркми, лавҳаларми, ўзинг биласан. Ҳажми – машинкада ёзилган қоғозда 9–10 бет. Муддати 20–25 кун. Сенга ишонамиз ва олдиндан миннатдорлик билдирамиз».
Қачонлардир тоғликлар қизларини турмушга беришаётганда уларнинг розилигини сўрашмаган, фақат хатда ёзилгандай қабул қилган қарорлари тўғрисида айтишган. Ҳатто ўша вақтларда ҳам тоғликлар ўғлининг розилигини олмасдан уйлантиришмаган. Гидатли овулидаги бир кишигина ўғлининг розилигисиз бунга жазм этган, холос. Ишқилиб, журналнинг ҳурматли муҳаррири бизнинг Гидатли овулидан эмасмикан? Улар менинг номимдан қарор чиқариб бўлишибди… Лекин мен 25 кунлик муддатда Доғистон тўғрисида 10 бетлик материал ёзишга қарор қила оламанми?
Юрагимга тошдай ботган бу мактубни четроққа суриб қўйдим. Бир муддат ўтгандан кейин телефоним бетўхтов қаттиқ жиринглади, худди бу телефон эмас, ҳозиргина тухум қўйган товуқ. Албатта, бу журнал таҳририятидан қилинган қўнғироқ эди.
– Салом Расул! Бизнинг мактубимизни олдингми?
– Олдим.
– Материал қани?
– Банд эдим… Ишлар кўпайиб кетди… Ҳеч вақтим бўлмади.
– Нималар деяпсан, Расул. Бу гапларингни қўйиб тур. Журналимизнинг адади миллиондан зиёд. Хорижликлар ҳам ўқишади. Агар сен жуда банд бўлсанг, майли, биз сенга ёрдамчи жўнатамиз. Сен унга бир-иккита ғоя ва маълумотлар айтасан, қолганини ўзи қотиради. Кейин ўқиб чиқиб хатоларини тузатасан ва исм-фамилиянгни қўясан. Бизга сенинг номинг керак.
– Ким келаман деган меҳмонни кутиб олмайман деса, тили танглайига ёпишсин. Ким келган меҳмонни ёқинқирамай, пешанаси тиришиб кутиб олса, майли унинг уйида доно маслаҳат берадиган нуроний, бу маслаҳатларга амал қиладиган ёшлар бўлмасин. Биз меҳмонга шундай ҳурмат билан қараймиз. Худо хайрингни берсин, фақат Салихаловга ўхшаган девонани жўнатма. Мен ўз чилдирмамни ўзим қиздира оламан, кўзамнинг қулоғини ўзим қўя оламан. Агар елкам санчса, санчган жойни ўзимдан яхшироқ қашлаб қўядиган одам йўқ.
Шу билан музокара тугади. Мен бир ойга таътилга чиқдим ва туғилган овулим Цада томонга йўл олдим.
Цада!.. Етмишта хонадон. Мусаффо осмонга етмишта хонадоннинг мўрисидан кўм-кўк тутун кўтарилаяпти. Қора тупроқли жойдаги оппоқ уйлар. Овул, оппоқ уйлар олдида – теп-текис ям-яшил экинзор. Овул ортида – қоялар. Худди қўшни ҳовлидаги тўйни томоша қилиш учун том бошига тизилган болалардай кулранг қоялар қишлоққа қараб турибди.
Мен Цадада кезар эканман, негадир, отамнинг биринчи бор Москвага борган вақтида бизга ёзган мактубини эсладим. Отам мактубида ёзган гапларнинг қайсиси ҳазил, қайсиси жиддий эканлигини билиб бўлмасди. Лекин унинг Москвадаги ҳар кўрган нарсасидан ҳайратга тушгани шундоқ сезилиб турарди:
«Москвада овқат тайёрлаш учун ўчоққа ўт ёқишмайди, шекилли. Чунки шунча юриб деворга таппи ёпаётган биронта аёлни кўрмадим, томларида Абутолибнинг бўркига ўхшайдиган биронта мўри йўқ. Тунукали тарновларга ҳам кўзим тушмади. Москваликлар томларида пичан қуритишмас экан. Агар пичан қуритишмаса, молларига нима беришади? Боғлам пичан ёки шох-шабба қучоқлаб кетаётган хотинларни ҳам учратмадим. Ҳали сурнай ноласини ҳам, чилдирманинг овозини ҳам эшитмадим. Бу ердаги ёшлар турмуш қуришмайди, тўй қилишмайди, деб ўйлаш мумкин. Кўчаларда қанча кезсам ҳам биронта қўй кўрмадим. Унда москваликлар меҳмон келганда нимани сўйишади? Агар меҳмоннинг оёғининг тагига қўй сўйишмаса, унда азиз меҳмонга ҳурматини қандай билдиришади? Йўқ, ҳечам уларнинг ҳаётига ҳавас қилиб бўлмайди.Мени ўзимнинг Цада овулимиздан қўймасин, хоҳлаган пайт хотинимга саримсоқни кўпроқ қўшиб қовурма тайёрла дейишим мумкин…»
Отам Москва ҳаётини ўзи туғилган овул ҳаётига таққослаб, жуда кўп камчиликларни кўрди. Албатта, отам Москвада аёллар деворга таппи ёпмаслигини ёзганда ҳазил қилган, лекин Москвадан кўра овулида яшашни афзал кўришини ёзганда зинҳор ҳазиллашмаган. У Цадани ҳаддан зиёд севарди, отам ўз овулини ҳеч бир мамлакатнинг пойтахтига алишмасди.
Жонажон, Цада! Мана мен ҳузурингга отам камчиликларини айтган оламдан келдим. Мен ҳам бу дунёда кезиб жуда кўп ажиб нарсаларни кўрдим. Қайси бирига қарашни билмай кўзларим ўйнади. Нигоҳимни битта чиройли эҳромдан узганда ундан ҳам чиройли эҳромга кўзим тушди, гўзал чеҳраларга қарадим, лекин шуни аниқ билардим, улар қанчалик жозибали бўлмасин, эртага улардан ҳам жозибалироқларини учратаман… Дунёнинг чеки-чегараси йўқ экан.
Мени Ҳиндистоннинг ибодатхоналари, Мисрнинг эҳромлари, Италиянинг қадим ёдгорликлари кечирсинлар, мени Америка шоҳ кўчалари, Париж хиёбонлари, Англия боғлари, Швейцария тоғлари ҳам кечирсинлар, мени польяк, япон, итальян гўзаллари ҳам кечирсинлар, сизларни қанчалик ёқтирмай, хушомад қилмай юрагим бир маромда урди, бошим айланиб қоладиган даражада ақли-ҳушимдан айрилмадим.
Ҳозир эса, қоялар этагида жойлашган етмишта хонадонни кўришим билан юрагим ўйнаб кетди, ҳатто кўкрак қафасимга сиғмай қовурғаларимга ботаяпти. Худди касал ёки маст бўлган одамдай кўз олдим қоронғилашаяпти, бошим айланаяпти!
Наҳотки шу кичкинагина овулим Венециядан, Қоҳирадан ёки Калькуттадан гўзал бўлса? Наҳотки бир боғ ўтин қучоқлаб кетаётган авар аёли баланд бўйли, скандинавиялик оппоқ қизлардан гўзал бўлса?!
Цада! Эрталабдан ям-яшил далаларингни кезаяпман, толиққан оёқларимни шудринг юваяпти. Ҳатто юзимни тоғ жилғаси ёки булоғининг муздек сувидан ювишимга ҳожат йўқ. Дейдилар, сув ичмоқчи бўлсанг булоқнинг кўзидан ич. Яна дейдилар, бу ҳақда отам ҳам айтардилар, эркак киши фақат икки ҳолда тиз чўкиши мумкин: булоқдан сув ичганда ва гул узганда. Азиз Цада, сен мен учун бир булоқсан! Тиз чўкканча ташналик билан сенинг меҳрингни симираяпман.
Тошга қарайман, унда тиниқ кўланка кўрингандай бўлади. У менинг ўзим, ўттиз йил илгари шундай эдим. Тошга ўтириб, ўтлаётган қўйларга қарайман. Бошимда жунли бўрк, қўлимда узун таёқ, этигимга чанг қўнган.
Сўқмоққа қарайман, унда тиниқ кўланка кетаётгандай кўринади. У ҳам менинг ўзим, ўттиз йил илгари шундай эдим. Нега қўшни қишлоққа боргандим? Ҳа-я, отам жўнатганди.
Ҳар бир қадамда мен ўзимни учратаяпман, болалигимни, баҳор ёмғирида қолганимни, гуллар терганимни, кеч кузда дов-дарахтдан барглар тўкилишини томоша қилганимни қайтадан кўргандай бўламан.
Мен ечиниб тошларга урилиб томчилар сочаётган шаршара тагида тураман. Оқим тошдан-тошга урилиб саккизга бўлинади, кейин қўшилиб бошимга, елкамга, қўлларимга қуйилади, қандай маза! Бу роҳатижон муздай сув олдида Парижнинг «Қирол саройи» меҳмонхонаси ваннасидаги пластмасса сепкичдан оқадиган илимиқ сув нима бўлибди?
Булоқдан отилаётган сув кун бўйи Қуёш нуридан қизиган тошда илийди. Тоғдаги бу тошли ванна олдида Лондоннинг «Метрополь» меҳмонхонасидаги мовий ванна оддий тоғора холос.
Ҳа, мен катта шаҳар кўчаларида пиёда кезишни яхши кўраман. Лекин кўчалардан беш-олти марта ўтганимдан кейин ҳамма нарса танишдай кўрина бошлайди ва сайр қилиш хоҳишим йўқолади.
Эҳтимол, ўз овулимнинг кўчаларидан мингинчи марта ўтаётгандирман, лекин чор-атрофга тўймай қарайман, унда сайр қилиш истаги сўниш ўрнига алангаланади.
Бу сафар мен овулдаги ҳар бир уйга кириб чиқдим.Ҳар бир уйга, ўчоғида ўт ёнса ҳам, ёнмаса ҳам. Ўти сўнган ўчоқлардаги аллақачон совиб қолган кулга жимгина қараб, бошимни эгдим.
Уйдаги бешик-беланчаклар қошида турдим, уларда бўлажак тоғлик эркак ва аёллар вояга етишади. Эҳтимол, бешикдаги ўрин ҳали иссиқдир ёки бўшдир, совиб қолган ўрин аллақачон йиғиштириб олингандир.
Гўё ҳар бир бешикда мен ётибман, ҳали келажагим олдинда, тоғ сўқмоқлари, Россиянинг кенг йўллари, хорижнинг автойўллари, аэродромлари, бандаргоҳлари…
Мен бешикдаги болаларни эркалайман, ўзимча алла айтаман, улар менинг нўноқ қўшиқларимни тинглаб жимгина уйқуга кетишади.
Цада қабристонига ҳам кирдим, ундаги ўт босган қабрлар ёнига ҳали тупроғи совимаган янги қабрлар ҳам қўшилибди.
Мен мотам бўлган уйларга кириб сукут сақладим, тўй бўлган уйларга кириб яйраб ўйнаб-кулдим. Ҳозиргача эшитмаган ҳикоя ва гапларни эшитдим. Айримларини билардим, лекин унутган эканман, улар яна ёдимга тушди ва хотираларим қатидан яна юзага қалқиб чиқди…
Янги нарсаларни ўз кўзларим билан кўрдим, эскилари тўғрисида одамлардан эшитдим, баъзи нарсаларни эсга олдим, улар мисоли хаёл урчуғида хилма-хил иплардай йиғилди. Мен яна хаёлан бу иплардан қандай ажойиб гилам тўқиш мумкинлиги тўғрисида ўйладим.
Куни кеча ёш бола эдим,
Қуш уядан палапон тутдим.
Қайси куни ишққа дуч келдим,
Бирданига вояга етдим.
Куни кеча доно чол эдим,
Кексаликнинг мақомин тутдим.
Қайси куни ишққа дуч келдим,
Бирданига ёшариб кетдим.
Ҳа, мен севги ҳақидаги достонимни ёзиб тугатганим йўқ. Ошиқ ва Маъшуқ. Ошиқ – бу менинг ўзим. Асосий қаҳрамоним Маъшуқ – бу севги. Достонни ёзиб тугатишим керак. Лекин мен ҳозир шундай ҳолатдаманки, гўё ташвишли шошилинчнома олганман, ҳамма ишимни ташлаб аэродромга чопишим лозим.
БАЪЗАН ШУНДАЙ БЎЛАДИ, тоғлик аёл кечадан қолган овқатни иситиш учун ўчоққа ўт ёқади. Ҳолбуки, бу овқат оилага етиб ортади. Шу пайт остонадан кутилмаган меҳмон кириб келади. Аёл иситилаётган овқат солинган кастрюлни ўчоқдан олиб, янги овқат тайёрлаш учун ўчоққа қозон осади.
БАЪЗАН ШУНДАЙ БЎЛАДИ, йигит тенгдош ўртоғи бўлган куёв ёнига ўтиради, лекин тўйхонага кексалар кириб келади ва у жойини бўшатади.
БАЪЗАН ШУНДАЙ БЎЛАДИ, меҳмонхонада оқсоқоллар давра қуришган, уларнинг ёнида болалар ўйнаб юришибди. Шу пайт оқсоқоллар муҳим бир масалани ҳал қилишмоқчи бўлишади ва болаларни меҳмонхонадан чиқариб юборишади.
Баъзан мен ўзимни овчидай, балиқчидай, чавандоздай сезаман: фикрларни овлайман, ё қармоқ ташлаб ушлайман, ё асов отларни эгарлаб минишга ўргатаман. Баъзан эса, мен кийикман, балиқман, отман, аксинча, ўйлар, фикрлар, туйғулар мени овлайди ва ўз ҳукмига юргизади. Ҳа, фикр ва туйғулар тоғликлар уйига таклифсиз ва огоҳлантиришсиз келадиган меҳмонларга ўхшайди. Улардан, меҳмонлардан бекиниб бўлмайди, уйдан қочиб кета олмайсан.
Бизнинг тоғликлар меҳмонларни катта ёки кичкинага, нафи тегадиган ёки нафи тегмайдиганларга бўлишмайди. Энг кичик ёшли меҳмон ҳам иззатда, чунки у меҳмон. Ҳатто энг кичик ёшли меҳмонга ҳам ёши улуғ мезбонга нисбатан кўпроқ ҳурмат кўрсатилади. Меҳмоннинг қаердан келганини суриштирмаймиз, остонада кутиб олиб, уйнинг тўрига ўтқазамиз, ёнбошига ёстиқ қўямиз.
Тоғликларнинг уйига меҳмонлар кутилмаганда келишади. Лекин улар тоғликлар учун ҳеч қачон кутилмаган меҳмон бўлишмайди. Чунки биз тоғликлар меҳмон келишини ҳар доим, ҳар кун, ҳар соатда, ҳар дақиқада кутиб яшаймиз.
Худди шундай китобдаги фикрлар ҳам тоғлик меҳмонларга ўхшаб хаёлимга кутилмаганда кириб келишди.
БАЪЗАН ШУНДАЙ БЎЛАДИ, деворга осилган пандурни эринибгина қўлингга оласан. Шундай ўзингча қандай созланганини текшириш учун динғирлатасан, бирдан янги куй-қўшиқ туғилади. Энди сен шу қўшиқни берилиб куйлай бошлайсан. Тун ўтганини ҳам, тонг отганини ҳам билмай қоласан.
БАЪЗАН ШУНДАЙ БЎЛАДИ, йигит арзимас юмуш билан қўшни овулга боради ва у ердан отига ёрини мингаштириб қайтади.
Нуфузли журналнинг ҳурматли муҳаррири! Мен мактубингизда баён этилган илтимосингизни бажараман. Тез кунда Доғистоним ҳақида китоб ёзишга киришаман. Фақат сиз айтган муддатда тугата олмасам, мени маъзур тутасизлар. Чунки мен жуда кўп сўқмоқларни босиб ўтишимга тўғри келади. Тоғда эса бундай сўқмоқлар жуда кўп.
Тоғлар узоқдан сайқалланмаган олмосдай сирли жилоланади. Менинг хаёл тулпорим кенгликларда учмоқ истайди. У сиз айтган тор йўлакларга сиғмайди ва уларга киришни ҳам истамайди.
Мен сиз кутгандай ўз Доғистонимни 9–10 саҳифа қоғозга ўрай олмайман. Узр, «Доғистоннинг бугунги куни, илғор тажрибаси ва эришган муваффақиятлари», «оддий меҳнаткашларнинг кундалик ташвишлари, меҳнат қаҳрамонликлари ва орзу-ниятлари», «тоғли ўлка ва унинг асрлардан ўтган анъаналари», «ажойиб бугуни ва порлоқ эртаси» тўғрисида ёзиш ҳазилакам иш эмас.
Ручкамнинг кичкинагина пероси бундай улкан юкни кўтариши қийин. Сиёҳнинг кичкинагина томчиси тоғдан шарқираб оқаётган жилғаларнинг, саркаш дарёларнинг туғёнини, олам тақдирини, ҳатто битта одам тақдирини ўзида жамлаши мушкул.
Катта қушда кўпроқ, кичкина қушда камроқ қон бўлади. Қуш қандай бўлса, унинг қони гавдасига мосдир.
ДЕЙДИЛАР: Суякни ирғитган эдилар, у бехосдан буғу бошига тушди ва ундан ажойиб шох ўсиб чиқди.
ДЕЙДИЛАР: Агар дунёда Али бўлмаганда, унинг ўғли Умар дунёга келмасди. Агар дунёда тун бўлмаганда, қандай қилиб тонг отарди.
ДЕЙДИЛАР:
– Бургут, қаерда дунёга келдинг?
– Тор дарада.
– Бургут, қаёққа учмоқчисан?
– Чексиз осмонга.
КИТОБНИНГ МАЗМУНИ ВА УНИНГ НОМИ
Элни чорлар, бўлса тўй ё жанг,
Унда мудрар шундай зўр жаранг.
Қўнғироқдаги ёзувлар.
Софдилликка ибрат отам ҳаёт дафтари,
Энди унинг исмин олиб улғаяр бола.
Бешигига осилгандир отам ханжари,
Унга софдил отам ҳақда айтилар алла.
Бешикдаги ёзувлар.
Тоғлик икки нарсани асраши керак: ўз бўркини ва ўз номини. Бўрк тагида боши борлар, шубҳасиз бўркини асрайди. Юрагида олови борлар эса, ўз номини пок сақлаб қолади.
Торгина уйимизнинг шифтида бир нечта ўқ излари бор. Бу изларни отамнинг қадрдонлари тўппончадан ўқ узишиб қолдиришган. Улар яқин қояларга уя қурган бургутларга бу хонадонда иниси туғилганини, Доғистонда яна битта бургут кўпайганини билдириш учун тўппончаларидан ўқ узишган.
Албатта, шифтга ўқ отилган билан ўғил бола туғилиб қолавермайди. Лекин ўғил бола туғилганини билдириш учун отишга ҳамиша ўқ топилган.
Мен дунёга келганимда ва менга исм бериш маросимида отамнинг дўстлари икки мартадан ўқ узишган экан: олдин шифтга, кейин ерга.
Онам менга қандай исм қўйишганини айтиб бергандилар. Мен оилада учинчи ўғил эдим. Ҳа, оилада опам ҳам бор эди, лекин биз ҳозир эркаклар, ўғил болалар ҳақида гаплашамиз.
Биринчи ўғилнинг исми туғилмасидан аввалроқ маълум бўлган. Чунки одатимизга кўра у марҳум бобомнинг исмини олиши керак эди. Ҳатто бу ҳақда бутун овул билган ва суҳбатлашганда бир-бирига айтишган: яқинда Ҳамзатнинг уйида Муҳаммад туғилади.
Бобомнинг ҳовлисига ҳеч қачон тўрт оёқли ҳайвон кирмаган, агар мушук ва кучукни ҳисобга олмасак. У ҳеч қачон кўрпа остида ҳам ухламаган, демакки, юпқа оқ пояндоз нима эканини ҳам билмаган. Дунёдаги ҳеч бир доктор мен Муҳаммадни кўриб қўйганман, оғзини очтириб тишига қараганман, билагидаги томирини ушлаб юрак уришини санаганман, кўйлагини кўтариб текшириб чуқур нафас олишини айтганман, деб мақтана олмайди. Овулдаги ҳеч бир киши бобомнинг туғилган ва вафот этган кунини аниқ айта олмасди. Агар битта ёзма манбага ишонадиган бўлсак, унда бобом Муҳаммаднинг номини ёмонотлиқ қилиш учун сал-пал арабчани биларди деб ёзиб қўйилган. Шундай қилиб, Отам унинг исмини биринчи ўғлига, менинг катта акамга берган.
Отамнинг Ахильчи исмли амакиси бўлган, у иккинчи ўғил туғилишидан сал аввалроқ вафот этганди.
Шу боис оиламизда иккинчи ўғил туғилганда овулдошларимиз бир-биридан шундай дея суюнчи олишган:
– Мана Ахильчи ҳам қайта туғилди. Ўзимизнинг қадрдон Ахильчи. Агар уйининг томига қарға қўнса ҳам хайрли келсин. Унга улуғ одамнинг исми мерос қолди. Илойим, бола исмини олган одамга ўхшаб олийжаноб бўлиб вояга етсин.
Мен туғилганда отамда тайёр исм бўлмаган. Чунки ўша вақтда отамнинг яқинда вафот этган ёки олис ўлкаларда бедарак кетган қадрдони йўқ эди. Агар бор бўлганда мен ҳам унинг номини олиб, кейин умрим бўйи шу номни шарафлаб яшашимга тўғри келарди.
Шу боис отам урф-одатларимизга амал қилиб, мен туғилганимдан кейин исм қўйиш маросимига овулимизнинг барча оқсоқолларини уйимизга таклиф этган. Оқсоқоллар уйимизда бутун бир мамлакатнинг тақдирини ҳал этишга тўпланишгандай шошилмасдан давра қуришган. Улар қўлларида Балхар кулоллари тайёрлаган ажойиб кўзачалар ушлашган. Албатта, кўзачалар ичида кўпириб турган бўза чайқалган. Фақат тўрдаги авлиё кўринишидаги оппоқ соч-соқолли нуронийнинг қўллари бўш бўлган.
Онам бошқа хонадан чиқиб, ана шу нуроний қўлига мени тутқазган. Мен нуроний қўлида типирчилаганман, онам эса секингина шундай деган:
– Сиз менинг тўйимда қўлингизда пандур ва чилдирма чалиб куйлагандингиз. Қўшиқларингиз жуда ёқимли эди. Ҳозир қўлингизда менинг чақалоғимни ушлаб, қандай қўшиқ айтасиз?
– Эй, боланинг онаси! Унга қўшиқни бешигини тебратиб, сен ўзинг айтасан. Кейин унга жилғалар, қушлар ўз қўшиқларини куйлайди. Майли, унга қиличлар ва ўқлар ҳам ўз қўшиқларини айтишсин. Лекин унга энг яхши қўшиқни келинчаги куйласин.
– Унда ўғлимга исм қўйинг. Мен онаси, бутун овул, бутун Доғистон сиз қўйган исмни эшитсин.
Нуроний мени қўлларида уйнинг шифтигача кўтарган ва деган:
– Қизларнинг исмига юлдузлар нури ва гуллар нафислиги йўғрилган бўлиши лозим. Ўғиллар исмида эса, китоблар ҳикмати ва қиличлар жарангги ифодасини топмоғи керак. Мен китобларни ўқиб, қиличлар жаранггини тинглаб кўп исмларни билдим. Мен ўқиган китоблар ва мен тинглаган қиличлар жарангги ҳозир қулоғимга РАСУЛ исмини шивирламоқда.
Авлиёсифат нуроний мени аста ўгириб ўнг қулоғимга шивирлаган: РАСУЛ. Кейин мени ўгириб, чап қулоғимга баландроқ товушда айтган: РАСУЛ. Сўнгра мени йиғлаётган ҳолда онамга берган ва даврага қараб деган:
– Мана Расул билан танишиб олдик.
Уйда ўтирганлар сукут сақлашиб, бу исмга рози эканликларини билдиришган. Кейин қўлларидаги бўзани ичишиб, кўзачаларни тўнкариб қўйишган ва барчаси мамнуният билан томоқ қиришган.
Тоғлик икки нарсани асраши керак: ўз бўркини ва ўз номини. Баъзан бўрк оғирлик қилиши мумкин, худди шундай ном ҳам. Эндиликда маълумки, дунёни кўрган ва кўп китобларни ўқиган оппоқ соч-соқолли тоғлик нуроний менинг исмимга умрим мазмунини ва мақсадимни жо этган экан.
Расул арабчада «элчи» ёки аниқроқ айтсак «вакил» деганидир. Айтингиз, мен кимнинг элчисиман, кимнинг вакили?
ЁН ДАФТАРЧАДАН: Бельгия. Мен жаҳон шоирлари учрашуви қатнашчисиман, унда кўплаб миллат ва мамлакатларнинг вакиллари иштирок этишди. Ҳар бир қатнашчи ўз халқи, унинг маданияти, шеърияти ва тақдири тўғрисида гапиришди. Бу учрашувда Лондондан келган венгер, Париждан келган эстон, Сан-Францискодан келган польяк каби вакиллар ҳам бор эди. Тақдир уларни ўз юртидан узоққа, денгизлар ва тоғлар ортига, ўзга мамлакатларга етаклаган бўлса нима қилишсин?
Учрашувда битта шоирнинг шундай сўзлари ёдимга муҳрланиб қолди.