Kitobni o'qish: «Жавдарзордаги халоскор»
Онамга бағишланади
1
Ҳикоямни тинглашга қарор қилган экансиз, аввало, мен туғилган жой, ёқимсиз болалик йилларим, ота-онам мен туғилмасдан бурун нималар билан машғул бўлгани, хуллас, ўша Дэвид Копперфильдникига ўхшаш барча қуруқ сафсаталарни эшитишни истарсиз, ҳойнаҳой. Дангал айтсам, буларга батафсил тўхталишга ҳушим йўқ. Аввалан, бу роса зерикарли. Сониян, ота-онам ҳақидаги ўта шахсий маълумотларни сизга ошкор қилсам, уларнинг иккиси ҳам юрак хуружига йўлиқиши тайин. Ота-онамнинг бу борада сиркаси сув кўтармайди, айниқса, отамнинг териси юпқа. Улар яхши одамлар: ота-онамни ёмонлаш ниятим йўқ; шунчаки уларнинг таъби нозик. Боз устига, ўша лаънати таржимаи ҳолимни айтиб бошингизни қотириш ниятим ҳам йўқ. Сизга бор-йўғи мактабдан кетишга ва тобим қочиб, шу ерга келиб даволанишга мажбур бўлишимдан аввал, аниқроғи, ўтган мавлуд байрамида гувоҳи бўлганим баъзи бемаъни ишлар ҳақида сўзлаб бермоқчиман, холос. Мен Д.Б.га ҳам айнан шулар ҳақида айтиб бергандим. У менинг акам. Ҳозир Ҳолливудда яшайди. Ҳолливуд мен турган мана шу вайронадан унча узоқ эмас. Шу важдан акам деярли ҳар ҳафта дам олиш кунлари мени кўргани келиб туради. Келаси ой уйга борадиган бўлсам, у мени машинасида элтиб қўйиши мумкинлигини айтганди. Дарвоқе, акам яқинда “Ягуар” сотиб олди. Соатига уч юз километрдан ортиқ масофани кўрдим демай босиб ўтадиган ихчамгина жонивор. Инглизларники. Уни сотиб оламан деб акам нақд тўрт юз долларча пулнинг баҳридан ўтди-я, азамат. Ҳозир унинг соққаси мўл. Олдин унақа эмасди. Биз билан турганида у оддий бир ёзувчи эди. Кейин “Сирли олтин балиқ” номли кичик ҳикоялардан иборат ажойиб китоб ёзди (мабодо бехабар бўлсангиз билиб қўйинг дейман-да). Ҳикоялар ичидаги энг зўри ҳам ўша “Сирли олтин балиқ”нинг ўзи. Ҳикоя ҳеч кимни олтин балиқчасига яқин йўлатмайдиган жажжи болакай ҳақида. У ҳатто олтин балиқчасига қарашга қўймайди. Боиси у олтин балиқни ўз пулига сотиб олган эди-да. Мана буни ҳикоя деса бўлади! Энди бўлса акам Ҳолливудда, “ўзини фоҳишаларга ўхшаб сотиш”, аниқроғи сценарий ёзиб, истеъдодини пуллаш билан овора. Дунёда энг ёмон кўрган нарсам – кино. Олдимда кинони тилга ҳам ола кўрманг.
Ҳикоямни Пенси мактаб гимназиясидан кетган куним юз берган воқеалар билан бошламоқчиман. Пенси Пенсилвания штатидаги Эгерстаун шаҳарчасида жойлашган мактаб. Қулоғингизга чалингандир, ҳойнаҳой. Ҳеч қурса, рекламаларда кўрган бўлсангиз керак. Мактаб ҳақидаги эълонлар ўзиям минглаб газеталарда босилиб чиқади. Эълонда нуқул уддабурон бир йигитчанинг от миниб, тўсиқдан сакраб ўтаётган расми туради. Гўёки Пенсида фақат отда поло ўйнашдан бошқа ишимиз йўқдек. Мен умрим бино бўлиб мактаб теварагида лоақал бир дона от кўрган бўлсам, ўлай агар. Чавандоз бола тасвири остида доим “1888 йилдан буён бизнинг мактаб болакайларни ажойиб ва зукко йигит этиб тарбиялаб келмоқда”. Бемаъниликнинг ўзгинаси! Пенсининг бошқа мактаблардан заррача фарқи йўқ. Қолаверса, Пенсида бирорта ҳам ажойиб ва зукко ўқувчини кўрган эмасман. Ана нари борса, икки-учта ақлли йигит учраб қолар. Афтидан улар ҳам Пенсига келмасдан аввал ақлли бўлишган.
Хуллас, ўша шанба “Саксон Ҳолл” жамоасига қарши футбол ўйини бўладиган кун эди. Бу ўйин йилнинг энг сўнгги мусобақаси бўлгани сабабли Пенси учун жуда аҳамиятли эди. Агар мактаб жамоаси ютқазиб қўйса борми, жонимизга қасд қилаверсак ҳам бўларди. Соат тушки учларда Томсен тепалигида Шимолий Американинг Британия мустамлакачилигига қарши инқилоб урушидан қолиб кетган бир замбарак тўпининг ёнида туриб ўйинни кузатганим ёдимда. Тепаликдан бутун майдон кафтдек намоён эди. Икки жамоа ўйинчиларининг майдонда бир-бирини уриб-туртиб олға интилаётгани кўриниб турарди. Секторларни аниқ кўриб бўлмасди-ю, лекин ундаги томошабинларнинг Пенси жамоасини қўллаб-қувватлаб овози борича қичқираётганини эшитмай илож йўқ эди. Сабаби, мени ҳисобга олмаганда, бутун мактаб ўша ерда жам бўлганди. “Саксон Ҳолл” томондан эса борйўғи бир неча киши келганди, холос. Одатда меҳмон жамоа ўзи билан кўп мухлислар олиб келмасди.
Томошага қизлар аҳёнда келарди. Юқори синф ўқувчиларигагина ўзи билан қиз ўртоқларини олиб келиши мумкин эди. Қай тарафдан қараманг, Пенси ярамас мактаб эди. Мен ҳеч бўлмаса онда-сонда қиз болага кўзинг тушиб турадиган бирор мактабда ўқишни хоҳлардим. Ўша қизлар керишаётган, бурнини қоқаётган, борингки, ҳиринглаб кулаётган бўлса ҳам майли эди. Селма Турмер эса мактаб мудирининг қизи эди ва у ўйинларга тез-тез келиб турарди. Лекин уни ҳушни оладиган қадар кетворган деб бўлмасди. Шунга қарамай, у жуда яхши қиз эди. Бир марта мен у билан Эгерстаундан қайтаётган автобусда ёнма-ён ўтириб қолиб, гаплашиб келгандим. У менга ёққанди. Селманинг бурни катта, тирноқлари эса тишлаб ташланган, қонталаш эди. Кўкрагини каттароқ кўрсатиш учун алламбалолар тақиб юрарди. Негадир одамнинг унга раҳми келарди. Селманинг менга ёққан жиҳати – у отасининг қандай буюк одам эканлиги ҳақида ахлат гапларни айтиб ўтирмасди. Кўринишидан у ҳам отасининг қандайин муттаҳамлигини биларди.
Ўйинни ҳамма билан бирга эмас, тепаликдан туриб кузатаётганимнинг сабаби бор эди. Ўша вақтда қиличбозлик жамоамиз билан Нью-Йоркдан қайтиб келганимизга кўп бўлмаганди. Камина жамоамиз сардори эдим. Жуда “шарафли” иш, билсангиз. Ўша куни тонгда Мак-Берни мактаби билан қиличбозликда беллашиш учун Нью-Йоркка боргандик. Лекин беллашув бўлмади. Шу десангиз, мен рапираларни, барча махсус кийим ва қурол-аслаҳаларни метрода унутиб қолдирибман, жин урсин. Лекин атай қилмадим-ку! Тушадиган бекатимизни ўтказиб юбормай деб харитага қарайвериб юклар ёдимдан кўтарилиб кетибди-да. Хуллас, биз Пенсига оқшом пайти эмас, туш вақти соат икки яримларда қайтиб келдик. Қайтаётганимизда йўл бўйи бутун жамоа мени яккалаб қўйди. Бир тарафдан бу жуда кулгили ҳолат эди, сизга айтсам.
Ўйинни пастга тушиб томоша қилмаётганимнинг яна бир сабаби, мен тарих муаллимимиз қария Спенсернинг олдига хайр-хўшлашгани боришим керак бўларди. У грипга чалинганди ва қишки таътил бошлангунча уни қайтиб кўролмаслигим турган гап эди. Қария Спенсернинг ўзи уйга кетишимдан олдин мен билан кўришмоқчилигини айтиб, хат ёзиб қолди. У Пенсига қайтиб келмаслигимни биларди.
Ана холос! Айтиш буткул ёдимдан кўтарилибди-ку. Мени мактабдан ҳайдашганди. Тўртта фандан йиқилганим ва ўқишга лоқайдлигим учун қишки таътилдан сўнг мактабга қайтиб келмасам ҳам бўларди. Мени фанларга жиддий ёндашиш, қунт билан ўқиш ҳақида тез-тез огоҳлантириб туришарди. Айниқса, оралиқ назорат пайтлари ота-онам қария Турмер билан суҳбатга келганида. Лекин мен огоҳлантиришларга қулоқ солмадим. Шу боис улар қўлимга тўрва-халтамни тутқазишди. Пенсида бундай ҳолат тез-тез бўлиб туради. Мактабимизнинг академик рейтинги баланд-да! Чиндан ҳам шундай, ишонинг.
Қисқаси, ўшанда декабрь ойи бўлиб, ҳаво чақиб оладиган аёз, айниқса, мен турган ғалати тепалик ўлгудай изғирин эди. Эгнимда эса фақат икки тарафлама кийса бўладиган курткадан бўлак ҳеч вақо йўқ эди: на қўлқоп ва на бошқа нарса. Чунки ўша кундан бир ҳафтача олдин шундоқ хонамдан туя жунли палтомни ва унинг киссасидаги астари мўйнали қўлқопимни ўғирлатиб қўйган эдим. Пенсида безорилар кўп эди. Тўғри, ўқувчи йигитларнинг кўпи бадавлат хонадон фарзандлари эди. Шунга қарамай, киссавурлар ҳам талайгина эди. Мактаб қанчалик қиммат бўлса, унда ўғриваччалар ҳам шунча кўп бўлади, бор гапни айтяпман. Нима бўлганда ҳам мен кетимгача музлаб ўша ярамас замбарак олдида ўйинни томоша қилиб турардим. Ўйин мени унчалик қизиқтирмаётганди. Аслида мен ўзимча мактаб билан видолашаётгандим. Авваллари ҳам кўп жойлардан, дейлик, мактаблардан кетаётганимни ўзим билмай қолганман. Буни эса ёмон кўраман. Майли, дилгирлик ва ёмон хотиралар билан хайрлашай. Асосийси, бирор жойдан кетишингни аввалдан билсанг бўлди. Агар бундан ғофил қолсанг, жуда алам қилади.
Бу сафар омадим чопди. Нимадир бўлди-ю, бир воқеа эсимга тушиб қолди ва мана шу дўзахдан ҳайдалишимни ич-ичимдан ҳис қилдим. Октябрь ойларида Роберт Тичнер ва Пол Кембл билан мактаб биноси атрофида футбол тўпини ирғитиб ўйнаб юргандик. Улар жуда шинаванда йигитлар эди, айниқса, Тичнер. Вақт алламаҳал бўлиб қолган, кечки таом тортилишига оз қолган бўлса ҳам, биз тўп ирғитиш билан овора эдик. Атроф қоронғилашиб, ҳатто тўпни кўриш қийинлашиб қолганига қарамай, биз мароқли ўйинни ҳеч бузгимиз келмасди. Ахийри мажбур бўлдик. Биология муаллимимиз – жаноб Замбези мактаб деразасидан бошини чиқариб, ётоқхонага қайтишимизни ва кечки овқатга тайёргарлик кўришимизни тайинлади. Қисқаси, агар шундай эслашга арзигулик воқеалар бўлса, видолашиш вақти келганда хайр-хўшлашиб кетаверардим, кўпинча шундай бўлади ҳам. Шуни сезишим биланоқ ўгирилдим-да, тепаликнинг нариги томонига, қария Спенсернинг уйига қараб югура кетдим. У кампусда эмас, Энтони Уэйн хиёбонида яшарди.
Асосий дарвозанинг олдигача югуриб етдим, нафас ростлагани бир дам тўхтадим. Ҳақиқатни билай десангиз, айтиб қўя қолай: шунақа нафасим қисиб туради. Биринчидан, мен деярли кашандаман. Тўғрироғи, кашанда эдим, касалхонада чекишни ташлашга мажбур қилишди. Иккинчидан, ўтган йили бўйим яна ўн олти ярим сантиметрга чўзилганди. Мана шуларни деб мен деярли силга чалинаёзгандим ва шу ерга келиб, ўша лаънати тиббий назорату текширувлардан ўтишимга тўғри келганди. Аслини олганда, анча бардамман.
Шундай қилиб, сал ўзимга келишим билан яна 204-йўналиш бўйлаб югуришга тушдим. Йўл музлаб қолганидан ўта сирпанчиқ эди, йиқилишимга бир баҳя қолди, жин урсин. Очиғи, нега югуриб кетаётганимни ўзим ҳам билмасдим. Назаримда, шунчаки югургим келганди. Йўлни кесиб ўтганимдан кейин ўзимни йўқ бўлиб кетаётгандек ҳис қилдим. Ўзи ўша кун бирам ғалати бўлдики, етмагандек изғирин совуқ, куннинг кўзи кўринай демасди. Одам ҳар гал йўлни кесиб ўтганида ўзини йўқ бўлиб қолаётгандек ҳис қилиши табиий эди.
Қария Спенсернинг уйига етиб боришим билан эшик қўнғироғини тўхтамай чалаверибман. Совуқдан қотиб қолгандим-да ўзи ҳам. Совуқ қотган қулоқларим оғрир, бармоқларимни эса деярли қимирлата олмасдим. Қани, бўлақолсангиз-чи! Очинг эшикни, деб юборибман бор овозим билан. Ва ниҳоят Спенсер хоним эшикни очди. Уларнинг оқсочи бўлмагани учун эшикни ўзлари очишарди. Оқсочни ёллашга ҳам пул керак-да! Спенсерларнинг эса ақчаси кўп эмасди.
– Ҳолден! – деди Спенсер хоним. – Сени кўрганимдан бирам хурсандманки! Келганинг соз бўлди-да. Қани, ичкари кирақол, азизим. Тоза совуқ егандирсан?
У мени кўрганидан суюниб кетганди, чамамда. У мени хуш кўрарди. Ҳар ҳолда, менга шундай туюларди.
Эшик очилиши билан ўқдай отилиб уйга кирдим.
– Ўзингиз яхшимисиз, Спенсер хоним? – дедим зўрға. – Жаноб Спенсер тузукмилар?
– Палтонгни менга берақол, азизим, – деди у. Ҳолаҳвол сўраганимни эшитмаган кўринади. Хонимнинг қулоғи оғирлашиб қолганди.
У палтомни залдаги деворга ишланган шкафга илиб қўйди. Мен сочимни бармоқларим билан ортга тараб, тўғрилагандек бўлдим. Одатда сочимни калта қилиб олдириб юраман – уни тараб ўтиришимга ҳам ҳожат қолмайди.
– Тузукмисиз, Спенсер хоним? – дедим яна эшитсин учун овозимни баландлатиб.
– Тузукман, Ҳолден, – деди у жавобан ва шкафнинг эшигини ёпиб қўйди. – Ўзингда ишлар қалай?
Овозидаги ачиниш оҳангидан қария Спенсер ҳайдалганимни унга айтганини билдим.
– Ҳаммаси жойида, – дедим мен ҳам. – Жаноб Спенсернинг аҳволи қалай? Тумовдан соғайиб кетдими?
– Тузалдими, дейсанми? Биласанми, Ҳолден, охирги пайтлар у ўзини шундай тутяптики, гўё бир… Ҳа майли, қўявер. Бор, у ўз хонасида, ёнига кирақол.
2
Хуллас, уларнинг хоналари алоҳида эди. Икковлари ҳам етмишни ёки ундан ҳам ортиқни уриб қўйганди. Бир оёғи гўрда бўлса ҳам, шубҳасиз, улар ҳаётдан завқланиб яшашни билишарди. Биламан, қулоққа ёқимсиз эшитилади, аммо мен ҳам ёмон маънода гапирмаяпман. Шунчаки, айтмоқчиманки, жаноб Спенсер ҳақида жуда кўп ўйлаб юборардим-да, агар сиз ҳам у ҳақида менчалик кўп ўйласангиз, нега у ҳамон яшаб юрганига бошингиз қотиши тайин. Гап шундаки, унинг қадди букилиб, қомати жуда хароб ҳолга келиб қолганди. Синфхонада доскага ёза туриб қўлидаги бўрни тушириб юборса, биринчи партада ўтирган бирор бола бўрни олиб, унинг қўлига тутқизишига тўғри келарди. Менимча, бундан баттари бўлмаса керак. Агар у ҳақда кўп ўйламасангиз, у унчалик ҳам ёмон яшамаяпти деган фикрга келиш мумкин. Масалан, қайсидир якшанба куни жаноб Спенсер мени ва бир нечта болаларни қайноқ шоколад билан меҳмон қилаётганида бизга эскириб, титилиб кетган Навахо адёлини кўрсатди. Жаноб Спенсер ва Спенсер хоним уни Йеллоустон боғида қандайдир ҳиндудан сотиб олишган экан. Қария Спенсер ушбу хариддан жуда мамнунлиги кўриниб турарди. Мен айнан шуни назарда тутгандим. Бундай адёл сотиб олишдан кекса Спенсердек ҳар қандай қариянинг боши осмонга етиши тайин.
Эшик очиқ бўлса ҳам, ишқилиб, одоб юзасидан номига тақиллатгандек бўлдим. Жаноб Спенсер ҳозиргина мен сизга сўзлаб берган адёлга бор бадани билан ўранганча катта чарм курсида ўтирарди. Эшик қоққанимда мен томон қайрилиб қаради.
– Ким у? – бақирди жаноб Спенсер, – сенмисан, Колфильд? Кирақол, йигитча.
Синфдан ташқари пайтларда у нуқул бақирарди. Баъзида бу асабга тегади.
Хонага кирганимга бир дақиқа ўтмай, бу ерга келганимдан афсуслангандек бўлдим. У “Atlantic Monthly” журналини ўқиб ўтирар, ҳапдори ва яна аллақандай дори-дармонлар атрофда ёйилиб ётар, хонадаги ҳар бир нарсадан Викс бурун томчисиникига ўхшаш ҳид келиб турарди. Манзара анчагина тушкун эди. Хасталарни унчалик ҳам жиним суймайди-да. Кўнглимни баттар хира қилган нарса жаноб Спенсернинг эгнидаги халат эди. Халат шу қадар эски ва яғир эдики, ҳойнаҳой қария бу матоҳни туғилганидан буён эгнидан қўймайди деб ўйлаб қоласан киши. Кексаларни пижама ва халатда кўришга кўзим йўқ. Уларнинг ғадир-будир кўкси доимо кўзга ташланиб туради. Уларнинг оёқлари… Қари кишилар пляж ва уйда қонсиз, туксиз оёқларини кўрсатиб юришади, бу шунчалик ёқимсизки…
– Салом, сэр, – дедим мен. – Қолдирган хабарингизни олдим. Катта раҳмат.
У таътилдан қайтмаслигимни билиб, кетиш олдидан хайрлашиш учун ёнига кириб ўтишимни сўраб хат қолдирган эди.
– Бундай қилишингиз шарт эмасди. Шундоқ ҳам сиз билан хайрлашмай кетмасдим.
– Ўтир, йигитча, – деди қария Спенсер каравотни кўрсатиб.
Мен ўтирдим.
– Тобингиз қалай, сэр?
– Ўғлим, агар бироз бўлса-да ўзимни яхши ҳис қилганимда эди, шубҳасиз, шифокорга борган бўлардим, – деди қария.
Касаллик силласини анча қуритган кўринарди. У ақлдан озгандек бўғиқ овозда кулди. Ниҳоят, ўзини тутиб олди.
– Нимага ўйиндамассан? – деди. – Ўйлашимча, бугун энг муҳим беллашув бўлиши керак эди.
– Ҳа, шундай. Яқиндагина жамоадошларим билан Нью-Йоркдан, қиличбозлик мусобақасидан қайтдим, – дедим мен. Уҳ, унинг каравоти нақ тошнинг ўзгинаси экан.
Жин урсин, жаноб Спенсер энди жиддийлаша бошлади. Шундай бўлишини билгандим.
– Шундай қилиб, сизларни ташлаб кетяпман дегин?
– Ҳа, сэр. Менимча шундай.
Шунда у эски одати – бош ирғашни бошлади. Умрингиз бино бўлиб жаноб Спенсердек кўп бош ирғайдиган одамни учратмагансиз. Қария жуда кўп ўйланганидан бу одатни орттириб олганми ёки бунга сабаб калласи яхши ишламаслигими, ҳеч қачон билолмайсиз.
– Профессор Турмер сенга нима деди, йигитча? Тушунишимча, ўртангизда қисқа суҳбат бўлиб ўтган.
– Ҳа, шундай. Росманасига суҳбатлашдик. Менимча, унинг офисида икки соатларга яқин қолиб кетдим.
– У сенга нима деди?
– Ҳа-а, ҳаёт ўйин эканлиги, шунга ўхшаш нарсалар. Бундан ташқари, бу ўйинни қоидаларга биноан қандай ўйнаш кераклигини гапирди. Суҳбат яхши ўтди. Айтмоқчиманки, у гапираётиб жаҳл ҳам қилгани йўқ. Шунчаки, ҳаёт ўйин эканлиги ҳақида тинмай гапираверди. Шунақа.
– Ҳаёт – ўйин, болакай. Ҳаёт – қоидаларга биноан ўйналадиган ўйин.
– Ҳа, сэр. Шундай. Буни биламан.
Ўйин эмиш, ўргилдим. Жа зўр ўйин-да. Агар қойилмақом ўйинчилар билан бир жамоада бўлсанг ҳам майлийди, тан оламан, бу – ўйин. Лекин бирорта ҳам қойилмақом ўйинчи бўлмаган жамоага тушиб қолсанг-чи, у ҳолда бу қанақасига ўйин бўлсин? Ҳеч қанақасига ўйин эмас.
– Профессор Турмер ота-онанг билан ҳали хабарлашмадими? – сўради жаноб Спенсер.
– Уларга душанба куни хат ёзмоқчи экан.
– Ўзинг-чи, ота-онанг билан гаплашдингми?
– Йўқ, сэр. Улар билан гаплашмадим. Чоршанба оқшоми уйда бўлсам керак.
– Нима деб ўйлайсан, янгиликни қандай қарши олишаркан?
– Ҳм, уларнинг жаҳли чиқади, – дедим мен. – Ҳа, аниқ шунақа бўлади. Бу – мен ҳайдалган тўртинчи мактаб, ахир, – дея бош силкиб қўйдим.
Одатда бошимни кўп силкитаман. “Уф-ф” дедим. Бу ҳам менинг одатларимдан бири. Бир ёқдан сўз бойлигимнинг ҳам пачаваси чиқиб ётибди, бошқа ёқдан баъзида ўзимни ёшимга нолойиқ тутаман. Ўшанда ёшим ўн олтида эди, ҳозир ўн етти ёшман. Баъзида ўзимни ўн уч ёшли боладек тутаман. Бу ўтакетган бемаънилик, сабаби бўйим бир юз саксон сантиметрдан ошиқ, камига оқ сочим ҳам бор. Ҳа, чиндан ҳам бор. Бошимнинг бир томони, ўнг тарафини, миллионлаб оқ сочлар босиб ётибди. Болалигимдан шунақа. Лекин баъзида ҳамон ўзимни ўн икки ёшли боладек тутаман. Ҳамма шундай дейди, айниқса, дадам. Бир томондан унинг гапида жон бор, аммо бу мутлақ ҳақиқат эмас. Ўзи шунақа, одамлар доимо бирор нарсани мутлақ ҳақиқат деб ўйлашади. Ёшингга яраша бўл деган гапларга парво қилмайман-у, лекин ҳадеб буларни эшитаверишдан тўйиб кетаман баъзида. Онда-сонда ўзимни ёшимдан кўра каттароқ тутаман. Рост. Лекин одамлар буни сезмайди. Ўзи одамлар ҳеч нарсани сезмайди.
Кекса Спенсер яна бош ирғай бошлади. Яна, бурун кавлашга ҳам киришиб кетди. Ўзини худдики бурнини чимдиётгандек тутаётган бўлсаям, аммо у буришиб кетган бош бармоғини бурни ичига киргизиб олганди. Менимча, у бундан ҳеч ҳам хижолат бўлмаётганди, хонада мендан бошқа ҳеч ким йўқ эди-да. Менга фарқи йўқку-я, лекин биров бурнини баралла ковлаётгани жирканч манзара, сизга айтсам.
– Бир неча ҳафта илгари профессор Турмер қисқа суҳбат уюштирганда, ота-онанг билан танишишга муваффақ бўлган эдим. Улар жуда яхши одамлар экан.
– Ҳа, улар ажойиб одамлар.
Олийжаноб. Бу сўзни ўлгудай ёмон кўраман. Сохта. Ҳар гал эшитганимда қусиб юборай дейман.
Ҳеч кутилмаганда қария Спенсер менга жуда яхши, айни муддао бир гап айтмоқчидек туюлди. У курсида қаддини ростлаб ўтириб олиб, атрофга аланглагандек бўлди. Адашибман. У бор-йўғи тиззасидаги “Atlantic Monthly”ни олиб каравотга улоқтирди, холос. Ўхшамади. Масофа ярим метр ҳам чиқмасди, нима бўлганда ҳам мўлжални аниқ олмади. Мен ўрнимдан туриб, журнални олиб, каравот устига қўйдим. Дафъатан бу ер ютгур хонадан учиб чиқиб кетгим келди. Яхшигина насиҳат бошланишини кўнглим сезди. Жаноб Спенсернинг фикрларига унчалик ҳам эътирозим йўқ. Бироқ бир вақтнинг ўзида ҳам насиҳат тинглашни, ҳам Викс томчисининг ҳидидан “баҳраманд бўлишни”, ҳам қари Спенсерни пижама ва халат кийган ҳолда кўришни истамаётгандим. Мутлақо.
Ана, насиҳат бошланди.
– Сенга нима бўлди, йигитча? – деди қария. У буни ўзига ярашмаган қўполлик билан айтди. – Бу семестрда нечта фан ўқидинг?
– Бешта, сэр.
– Бешта. Хўш, нечтасидан йиқилдинг?
– Тўрттасидан. – Ўнғайсизланиб, ўрнимда у томондан бу томонга сурилар эдим. Умрим бино бўлиб бундайин тош каравотга ўтирмаган эдим. – Хуллас, инглиз тилидан ўтдим, – дедим мен. – Чунки “Биовульф” ва “Болагинам лорд Рендал”ни Уоттон мактабида ўқиган эдим. Айтмоқчиманки, онда-сонда иншо ёзганимни ҳисобга олмаса, инглиз тилидан йиқилмаслик учун жонимни койитмадим.
У менга қулоқ ҳам солмаётганди. Бирор нарса гапираётганингизда у сизни деярли эшитмас эди.
– Сени тарихдан йиқитдим. Сабаби, ҳеч вақони билмайсан.
– Ҳақсиз, сэр. Эҳ, буни ўзим ҳам биламан. Бошқа нима ҳам қилардингиз, ҳамма айб ўзимда.
– Ҳеч вақони, – такрорлади у.
Айбингни аввалдан ўзинг тан олиб турсанг-у, яна шу гапни қайта такрорлашса, тепа соч тикка бўлиб кетади-да. Кейин эса у гапини учинчи марта такрорлади:
– Ҳеч нарса билмайсан. Бутун семестр давомида дарсликни бирор марта очиб кўрганингга кўзим етмайди. Шундайми? Тўғрисини айт, йигитча.
– Жуда унчалик эмас, бир икки кўз ташлагандек бўлдим, – дедим мен. Уни хафа қилгим келмади. Ахир у тарих жинниси эди-да.
– Кўз ташладим дегин, хеҳ, – деди у аччиқланиб. – Ҳа, имтиҳон варақанг шифонернинг аллақаеридадир турибди. Нарсаларнинг устида. Олиб бер.
Бу ўтакетган ярамаслик эди, лекин ўрнимдан туриб уни олиб бердим. Бошқа иложим ҳам йўқ эди. Сўнг унинг цемент каравотига ўтирдим. Эҳ, хайрлашиб кетиш учун бу ерга келганимдан қанчалар пушаймонлигимни тасаввур ҳам қилолмайсиз. У имтиҳон варақамни худди ахлат тутгандек ушлаб турарди.
– Мисрликлар ҳақида тўртинчи ноябрдан иккинчи декабргача ўргандик, – деди у. – Эркин иншо ёзишда сен шу мавзуни танлагансан. Нималарни ёзганингни эшитиб кўрмайсанми?
– Йўқ сэр. Менимча, ҳожати йўқ, – дедим.
У барибир ўқиди. Бир нимани истаб қолса, бу муаллимларни ҳеч тўхтата олмайсиз. Улар хоҳлаган ишини қилмай қўймайди.
Мисрликлар шимолий Африканинг бир қисмида яшаган қадимий кавказликлар ирқига мансубдир. Барчамиз биламизки, Африка шарқий яримшардаги энг улкан қитъа ҳисобланади.
Мен жойимда ўтирганча шу бемазагарчиликка чидашга мажбур эдим. Қария атайин шундай қилаётганди.
Бугунги кунда биз турли сабаблар туфайли мисрликларга жуда қизиқамиз. Замонавий илм-фан мурдалар юзини бир неча асрлар давомида чириб кетмаслиги учун мисрликлар ўраган мумиёнинг таркибида нималар борлигини билишни хоҳлайди. Бу қизиқарли жумбоқ йигирманчи аср илм-фани учун ҳамон сирлигича қолмоқда.
У ўқишни бас қилиб варақамни стол устига қўйди. Ундан нафратлана бошладим.
– Сен ёзган иншо мана шу ерда тугайди деса ҳам бўлади, – деди у ўта кинояли оҳангда. Мункиллаб қолган қария шу қадар ачитиб киноя қилади деб, ким ҳам ўйлабди дейсиз.
– Шунга қарамай, саҳифанинг тагида менга эслатма ҳам қолдирибсан, – деди у.
– Ҳа, биламан, – дедим шошиб. Хатни овоз чиқариб ўқишдан тўхтатиб қолмоқчи эдим. Қаёқда, уни тўхтатиб бўлармиди. У ҳозир қизиб турган бомбанинг ўзи эди.
Ҳурматли жаноб Спенсер (овоз чиқариб ўқий бошлади). Мисрликлар ҳақида билганим шу. Маърузаларингиз жуда қизиқарли бўлишига қарамай, мисрликлар мени унчалик қизиқтирмади. Мени имтиҳондан йиқитсангиз ҳам майли. Шундоқ ҳам инглиз тилидан бошқа ҳамма фанлардан ўта олмадим. Ҳурмат билан Ҳолден Колфильд.
У имтиҳон варақамни қўйди ва гўёки ҳозиргина пинг-понгда ёки шунга ўхшаш бирор ўйинда пўстагимни қоқиб ташлаган рақибдек менга қаради. Мана шу сафсатани овози борича ўқиб бергани учун уни ҳеч қачон кечирмасам керак. Агар буни у ёзганида, мен ҳеч қачон уни ўқиб бермаган бўлардим. Ростдан ўқимас эдим. Аввало, бу лаънати хатни жаноб Спенсер мени йиқитгани учун виждони қийналиб юрмасин деб ёзган эдим.
– Сени йиқитганим учун мени айбламайсанми, йигитча? – деди у.
– Йўқ, сэр. Мутлақо, – дедим мен.
Қачон қарама, мени “йигитча” деб атайвериши бўғзимга келди. Имтиҳон варақамни ўқиб бўлгач, уни каравот устига улоқтирмоқчи бўлди. Табиийки, у яна уддалай олмади. Ўрнимдан туриб, варақни олиб, “Atlantic Monthly”нинг устига қўйишимга тўғри келди. Ҳар икки дақиқада бу ишни бажариш одамни диққат қилиб юборади.
– Ўрнимда бўлганингда нима қилган бўлардинг? – деди у. – Фақат тўғрисини айт, йигитча.
Ҳа, у мени имтиҳондан йиқитгани учун росмана пушаймон бўлаётганини тушуниш қийин эмасди. Шундай қилиб, бироз валдирашга тўғри келди. Мен унга қип-қизил овсар эканлигимни ва мана бу ёзганларим ҳам ҳеч вақога арзимаслигини айтдим. Унинг ўрнида бўлганимда мен ҳам худди шундай қилишим ва муаллимлик нақадар машаққатли касблигини кўпчилик англамаслиги ҳақида гапирдим. Яна шунга ўхшаш гаплар. Сийқаси чиққан гаплар.
Лекин, қизиғи шундаки, мен гап сотаётганимда умуман бошқа бир нарса ҳақида ўйлаётган эдим. Мен Нью-Йоркда яшайман ва Марказий хиёбондаги лагунага хаёлим кетиб қолди. У Марказий хиёбоннинг жанубий кириш қисмидан унча узоқ эмас. Ҳайронман, уйга боргунимча лагуна музлаган бўлармикан? Агар музлагудек бўлса, ундаги ўрдаклар қаерга кетар экан? Лагуна бутунлай муз билан қопланиб тош қотганда ўрдаклар қаерга кетиши ҳақида бош қотираётгандим. Балки бирор кимса юк машинасида келиб, лагунадан уларни олиб, ҳайвонот боғига ёки шунга ўхшаш бирор жойга олиб борар. Балки улар шунчаки учиб кетар.
Шундай бўлса ҳам, мен омади кулган бола эдим. Гап шундаки, мен бир вақтнинг ўзида жаноб Спенсерга валдираш билан бирга ана шу ўрдаклар ҳақида ҳам ўйлай олардим. Бу кулгили. Ўқитувчи билан гаплашаётганда қаттиқ ўйлашингиз шарт эмас. Лекин у гапираётганимда тўсатдан гапимни бўлиб қўйди. Доим шундай қилади у.
– Бўлиб ўтган ишларга нима дейсан, йигитча? Буни билишни жуда хоҳлардим. Жудаям.
– Пенсидан ҳайдалганим ҳақида гапиряпсизми? – сўрадим мен.
Тошбақанинг терисидек буришиб кетган кўксини ёпақолса-чи деб ўйлардим. Бу унчалик ҳам чиройли манзара эмасди.
– Адашмасам, Элктон Ҳилз ва Уоттон мактабларида ҳам бирмунча қийинчиликка учрагансан, шундайми? – Энди нафақат кинояли, балки ғашга тегувчи оҳангда сўради.
– Элктон Ҳилзда бунчалик қийналмаганман, – дедим унга. – У ерда бирор фандан йиқилмаганман ҳам, шунчаки ташлаб кетганман десаям бўлади.
– Нима учун? Сўраганнинг айби йўқ.
– Нима учун? О, бу жуда узун ҳикоя, сэр. Очиғи, буни тушунтириш анча қийин.
У билан майдалашиб, пачакилашиб ўтиришни хоҳламадим, барибир буни тушунмасди. Қария Спенсернинг ақли етмасди барибир. Элктон Ҳилзни ташлаб кетганимнинг энг катта сабабларидан бири – атрофим тўла сохталик эди. Шу холос. Мактабда бундайлар ошиб-тошиб ётганди. Масалан, мактаб мудири жаноб Ҳаасни олайлик. Мен учратганлар ичида энг муттаҳами мана шу бўлади. Қари така Турмердан беш баттар. Масалан, мункиллаган Ҳаас якшанба кунлари мактабга келган ота-оналар билан қўл бериб сўрашиб чиқарди. Ишқилиб, ота-оналар олдида шундай ялтоқланадики… Баъзи ўқувчиларнинг бечораҳол ота-оналари бундан мустасно. У хонадошимнинг ота-онаси билан сўрашишини бир кўрсангиз эди. Айтмоқчиманки, агар бирор боланинг онаси бақалоқ ёки кулгили тарзда кийинган бўлса-ю, бошқа бировнинг отаси баҳайбат елкали костюм, бунинг устига ғалати оқ-қора пойабзал кийиб олган бўлса, у ҳолда жаноб Ҳаас улар билан сохта табассум қилганча, қўл учида сўрашиб дарров нари кетади. Ва “тузукроқ” ота-оналардан бирортаси билан ярим соат гаплашиб туради. Бундай майнабозчиликка тоқат қилолмайман. Ақлдан озиш ҳеч гапмас. Бу мени тушкун қилади, жинни бўлай дейман. Ўша лаънати Элктон Ҳилзни кўрарга кўзим йўқ эди.
Шу пайт қария Спенсер мендан бир нарса сўрагандек бўлди, лекин эшитолмай қолдим. Ҳаас ҳақида ўйлаётгандим.
– Лаббай, сэр?
– Пенсини ташлаб кетаётганингдан бироз бўлса ҳам кўнглинг ғаш бўляптими?
– Ҳа-ҳа, кўнглим бузилгани рост, лекин ҳечқиси йўқ. Бундан жуда қаттиқ афсусланмаётганимга ишончим комил. Ҳар нечук, ҳозирча шундай. Фикримча, бу мени унчалик ташвишлантирмади. Афсусланишим учун бироз вақт ўтиши керак. Ҳозир фақат чоршанба куни уйга кетиш ҳақида ўйлаяпман, холос. Ғирт овсарман-да, ўзиям.
– Келажагинг ҳақида қайғурмайсанми, йигитча?
– Бирмунча қайғураман. Тан оламан, – дедим ва бир дақиқача ўйланиб қолдим. – Лекин жа унчаликмас. Унчалик эмас.
– Бир кун қайғурасан, йигитча, – деди кекса Спенсер. – Ташвишга тушасан. Лекин унда кеч бўлади.
Менга бу гапларни эшитиш ёқмади. Ўзимни борса келмасга кетаётган одамдек ҳис қилдим. Бу жуда нохуш эди.
– Албатта қайғураман, – дедим. – Албатта.
– Мана бу бошингга сен учун нафи тегадиган бирор фикрни қуйишни хоҳлардим. Сенга ёрдам беришга ҳаракат қиляпман. Қўлимдан келганча ҳаракат қиляпман.
У ростдан ҳам чин дилдан ёрдам беришни хоҳлаётгани кўриниб турарди. Бироқ иккимиз умуман бошқа-бошқа дунёмиз, ҳамма гап шунда.
– Биламан, сэр, – дедим. – Катта раҳмат. Чиндан буни қадрлайман. Ростдан ҳам.
Кейин каравотдан турдим. Уф, бу каравотда яна ўн дақиқа ўтиргудек бўлсам, ўлиб қолишим тайин. Жоним ҳали ўзимга керак.
– Афсуски, кетадиган вақтим бўлди. Спортзалда уйга олиб кетишим керак бўлган бир қанча лаш-лушларим қолган. Ростдан ҳам уларни бориб олмасам бўлмайди.
У менга бир қараб олиб, ўша жиддий юз ифодаси билан тағин бош ирғашни бошлади. Тўсатдан унга қараб ичим ачиб кетди. Бироқ бу ерда қолишга ортиқ тоқатим қолмади. Сабаби, биз умуман бошқа-бошқа дунё эдик. Бунинг устига, каравот устига бирор нарсани отгудек бўлса мўлжални ҳеч ололмасди. Унинг кўксини кўрсатиб турган мана бу эски, увада халат, Викс томчисининг хонани босган ёқимсиз ҳиди, бари бир бўлди.
– Қаранг, сэр. Мен ҳақимда ташвишланманг. Жиддий гапиряпман. Ҳаммаси жойида бўлади. Мен ҳозир ўтиш давридаман, ахир бу давр барчанинг бошида бор-ку.
– Билмадим, йигитча. Билмадим.
Мен бундай жавоблардан нафратланаман.
– Шубҳасиз, шундай. Ҳамма бу даврдан ўтади, – дедим мен. – Жиддий айтяпман, сэр. Мендан хавотир олманг. – Унинг елкасига қўлимни қўйдим. – Майлими?
– Кетиш олдидан иссиқ шоколадга тобинг қалай? Спенсер хоним жуда мамнун…
– Жон дердим… Аммо кетмасам бўлмайди, рости. Тўғри спортзалга боришим лозим. Шундай бўлса ҳам раҳмат. Катта раҳмат сизга, сэр.
Сўнг қўл сиқишдик. Буларнинг барчаси бемаънилик, аммо негадир бу кўнглимни чўктириб юборди.
– Сизга, албатта, хат ёзаман, сэр. Бундан буёғига грипдан эҳтиёт бўлинг.
– Хайр, йигитча.
Эшикни ёпиб, ётоқхона томон кетаётганимда у ортимдан нимадир деб бақирди. Аниқ эшита олмадим. Аммо у “Омадингни берсин!” деб бақирганига ишончим комил. Умид қиламанки, бундай деб бақирмаган, бу жин ургур сўзни айтмаган. Мен ҳеч қачон ҳеч кимга “Омадингни берсин!” деб бақирмаган бўлардим. Агар билсангиз, бу сўз қулоққа жуда бемаъни эшитилади.