Kitobni o'qish: «Бўрилар изидан»
УШБУ КИТОБ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 27 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНАДИ
ТАРИХСИЗ КЕЛАЖАК ЙЎҚ
Таниқли ёзувчи Ҳусанбой Каримов ўтган йиллар давомида “Изтироб титроқлари”, “Чўққидан оққан кўз ёшлар”, “Бургут чангалида”, “Жаҳолат”, “Ажал ўйини” каби романлари билан китобхонлар эътиборига тушган эди.
Бу гал ёзувчи янги романи – “Бўрилар изидан” номли асарини ёзиб тугатди ва ўқувчилар ҳукмига ҳавола этмоқда. Ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий ўз вақтида: “Мозийга кайтиб иш кўрмоқ хайрлидир”, дея лутф этганида, ниҳоятда ҳақ эдилар.
Ёзувчи Ҳусанбой Каримовнинг янги асари яқин кунларимиз – ўтган асрнинг 90 – йиллари атрофида – Ўзбекистон давлати ўз мустақиллиги арафасида ва ундан кейинги илк йиллар тарихи ҳақида сўзлар экан, асарни ўқиган ёши улуғ китобхонларнинг ёдига ўша кунлар тушса, ажаб эмас. Чунки, романда тилга олинган кўплаб воқеалар, ҳодисалар ва ҳатто, тасвирланган инсонлар хақида китобхон ўқиганида ўша кунларни эсламай иложи йўқ. Ҳатто, китобдаги баъзи бир воқеаларни олдин эшитгандек ёки кўргандек бўлиши, асардаги қаҳрамонларни кимларгадир ўхшатиши ҳам мумкин. Ўтган XX асрнинг сўнгги йилларида юртимизда рўй берган воқеа-ҳодисалар тўғрисида бадиий ёки илмий асар ёзилар экан, реал воқеликлар асосига қурилган, юртимизнинг истиқлолга эришган илк йилларида мамлакатдаги воқеалар тўғрисида вақти келиб қайсидир олим илмий мақола ёки рисола битаётганида, ушбу асарга бемалол таяниши мумкин бўлади.
Албатта, асарда бадиийлик бор, каҳрамонларнинг характерлари мумкин қадар очиб берилган. Айниқса, бош қаҳрамон миллий хавфсизлик хизматининг ёш ходими Раҳмоналининг тимсолида Ватанга садоқат, халқига ҳурмат, эътиқодни кўрамиз. Юрти, эли учун тош келса кемириб, сув келса симириб, бўрига айланган ёвуз ниятли кишилар ичида ўзини бўридек тутиши ва пировардида нияти пок, кўнгли тоза бўлганлиги учун ҳам ғалаба нашидасини суриши бугунги ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Бўта, Талаб исмли юртфурушлар, Бобурхон, Ҳуснигул Ҳасанова, Зиё Маҳмуд ва бошқа салбий қаҳрамонлар орқали эса 90-йиллардаги Наманган, Марғилон шаҳарларини, ўша йиллари юз берганга ўхшаш турли воқеалар гувоҳи бўламиз.
Роман воқеалари шундай изчиллик билан қурилганки, асарнинг ҳар бир варағини, сатрини ўқиётганингизда кўз олдингиздан ўтаётган воқеалар, ҳодисалар худди кинофильмни кўраётгандек тасаввур уйғотади.
Юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги учун мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб ҳуқуқ-тартибот ходимлари зиммасига жуда катта масъулият юкланган ва улар ушбу вазифаларини шараф билан адо этмоқдалар. Шу боисдан ҳам мустақиллик йилларида сизу биз тинчомон, хотиржам ишга, ўқишга бормокдамиз, тадбиркорлик, ишбилармонлик билан шуғулланмоқдамиз, тўкис ҳаёт кечирмоқдамиз. Бундай тинчликни қадрига етишимиз, уни асраб-авайлашимиз керак. Мана шу маъномазмун асар моҳиятига сингдириб юборилган.
Ҳеч шубҳа йўқки, бу асар минг-минглаб адабиёт ихлосмандларининг кўнгил мулкига айланиб қолади.
Й. РАҲИМОВ,юридик фанлар доктори.
БЎРИЛАР ИЗИДАН
… Бўрилар галалашиб чопаяпти. Ҳаммаёқни ачимсиқ тер ҳиди тутиб кетган. Чўзинчоқ, ўткир тишли жағлари орасидан бир қарич тиллари осилиб тушган бўрилар даврасида ўзи ҳам бор. Аммо унинг ўзи ҳам бўрилар кабими ё одамми – англолмайди. Бир вақт, шундоқ ёнгинасида тўдабоши – она бўри, унга совуқ йилтираган кўзларини ўқдек қадади…
Раҳмонали чўчиб кўзларини очди. Пешонасини муздек тер қоплабди. Терларини кафти билан артди. Ним қоронғу хонага аланглади. Ёнверида кўрпаларга ўраниб, ухлаб ётган одамларга кўзи тушгач, қаерда ётганлигини англади. «Тавба, тушимга бўриям кирадими-я? Ҳеч қутулолмадим-да, шу тушдан. Ҳар сафар бўрилар…» Одатича, хаёлига келган ўйларни ичида такрорлашга ўрганган Раҳмонали қаддини кўтарди. Хона ичи бадбўй ҳидга тўлиб кетган эди, димоғига гуп этиб урилди. Кўнгли беҳузур бўлди. Хона ним қоронғу, пастак, гуваладан тикланган уйнинг бир бурчагидаги эшик тепасидаги тор туйнукдан ташқаридаги тун ёруғлигининг оппоқ нурлари гўёки кумушранг соч толаларидек тарам-тарам бўлиб осилиб, ергача тушаётганга ўхшайди. Ё Аллоҳ, деди-ю, даст ўрнидан турди. Сўнгги вақтларда мутта сил баданига ёпишқоқ бир шилимшиқлик илашгандек ижирғаниб юрадиган бўлиб қолган Раҳмонали ўзи сезмаган ҳолда, ўша ёруғлиқ томонга юрди. Пешонасини иссиқ кафтлари билан яна бир бор артиб, оёқ яланг, оқ иштонда, ярим белигача яланғоч ҳолда, беўхшов тахтали эшикка рўбарў бўди. Аммо туйнукдан эшилиб-буралиб, ажиб жилваланиб тушаётган кумушранг нурларга икки кафтини тутди. Гўёки юзларини нурлар ила ювмоқчи бўлди. Нурли толалар кафтларига сингиб кетди… Дам ўтмай, бутун гавдасини даричадан тушаётган тўлин ойнинг шуълаларига ғарқ қилди…
Раҳмонали ушбу хатти-ҳаракати билан шуълаларга чўмилаётган руҳга ўхшаб кетди. Ва, у нурлар оғушида ажиб бир лаззатланишни туйди. Макон ва замонни, энг муҳими, вақтни тамомила унутиб, кўзларини юмганча, ҳеч нарсани ўйламай, ёруғлик нурлари бадан-баданларига сингаётганини ҳис этгиси келди. Аммо, ушбу ҳистуйғулари ташқаридан кираётган совуқ оқим таъсирида зим ғойиб бўлди. Совуқдан этлари жунжика бошлади. Юзларини ёруғликка тутди. Жилла бўлса ҳам юзларини нурлар ила ювмоқчи бўлди. У афғон диёрининг тоғлар бағридаги энг олис гўшасида оёқ-қўллари кишансиз бўлса-да, ўзи истаган томонларга боролмайдиган манқуртлар орасида эканлигини бирдамга унутмоқчи… Ногоҳ, хаёллари тўзғиб, қаердалиги ёдига тушдию кайфияти бузилди.
Ҳа, манқурт ким, нима эканлигини жуда яхши билади. Бир замонлар у манқурт ҳақида ўқиган. Ҳеч унутолмайди. Асарда тасвирланишича, қадим замонда икки қавм одамлари ўртасида уруш кечиб, бир қавмнинг аскар йигити бошқа бир қавмга асир бўлиб қолади. Ёш йигитнинг ким эканлигини ёдидан тамомила ўчириш, буюрилган ҳар қандай топшириқни сўзсиз бажаришга мажбурлаш учун унинг оёқ-қўлларини занжирлаб, бошидаги сочларини таптақир қилиб олишади-да, терисини шилиб, ўрнига янги сўйилган туянинг терисидан тайёрланган махсус кийим бошни кийдириб қўйишади ва бош кийимни бошидан олишни қатъиян ман этишади. Вақт ўтган сайин бош кийим офтобда қуриган сайин, қаттиқ тортишиб, янги ўсиб чиқаётган сочлари бош кийимни ёриб чиқолмай, қайтиб бошга санчила бошлайди. Натижада, бошига қаттиқ танғиб боғланган бош кийимга ўзи тугул бошқа биров қўл теккизиши ҳам амримаҳол. Чунки бош кийимга қўл текизилса, ўсаётган сочлари бошига қаттиқ санчилиб, аёвсиз оғриқ беради. Ўша қавм асир олинган йигитларни шу тариқа манқуртга айлантириб, ҳар қандай топшириқни сўзсиз бажарадиган қилиб қўяркан… Китобда тасвирланган ўша воқеаларни кўз олдига келтираётиб, бирдан юраги санчди. Кўз олди қоронғилашиб кетди. Яратгандан тезроқ манқуртлардан халос қилишини сўраб, ич-ичидан ёлвора бошлади ва кутилмаганда, соғинч ҳислари жунбишга келдими, кўз мижжаларидан иссиқ-иссиқ ёшлари қуйилиб келавердикелаверди…
Бир нафас шундай бехуд ҳолатга тушгач, ўзини тутди. Не мақсадларда бу ерларда юрганини ўйлаб, тетиклашди. Ахир, у манқурт эмас, фақат манқуртлар орасида, холос. Шуларни ўйларкан, эшикни ғийқиллатиб очиб, ташқарига чиқди. Бийдек даштликнинг ўртасида сўппайиб турган ёлғиз гувала уй остонасидан туриб, Раҳмонали кўкка боқди. Ой роса тўлишибди. Юлдузлар чарақлайди. Афғоннинг совуқ шамоли этларини баттар жунжиктирди. Қунишиб, яланг оёқларини тапиллатди. Ташқари изғиринли бўлса-да, ҳозирча хона ичига қай тиб киргиси йўқ, тез-тез нафратини қўзғатадиган, бироқ тишини-тишига қўйишига мажбур қиладиган ватангадо ҳамюртларининг орасида бўлишни хоҳламай, бирдам бўлса-да, танҳо қолгиси, бетизгин ўйлари қуршовида сайр этгиси келаётганди.
… Фарғонада нима қилишяпти экан? Ҳозир ярим тун. Балки, Фарғонада ҳам бирон ҳамшаҳари худди шу дақиқаларда ўзининг иссиқ, тинч, шинам уйидан ҳотиржам чиқиб, Раҳмонали каби осмондаги тўлин ойга тикилиб турганмикин? Бўлса бордир. Лекин фарғоналиклар бундай пайтда ширин уйқуда бўладилар. У-чи?.. Бироқ, у бўри эмас. Фақат бўрилар изидан тушган овчи. Ҳа, ҳа, у овчи! Тушида кўрганидек, бўриларга айланган ҳамюртлари билан ўзи хоҳламаган ҳолда, бўридек юришга мажбур. Унинг иши шунақа, пешонасида бор экан, Афғон деган юртга келиб ўтирибди. Асли танлаган касбидан сира нолиган эмас, нолимайди ҳам. Ахир, шу ишни бошқа кимдир ҳам қиларди-да. Раҳмоналига ишонишибдики, у ўз юртига, Ўзбекистондагиларга керак, жуда-жуда керак…
У истамайгина ортига бурилди. Иссиқроқ кийиниб, анави лаънати уйдан ҳов нарига кетгиси, бирор харсанг устида ширин хаёллар сургиси, фақат ўзи биладиган, ўзигагина аён хотираларини яна бир ёдга олгиси келди.
Муштига аста йўталгач, эшик табақасини итарди. Яна эшик ғийтиллаб очилди. Ташқарининг совуқ ҳавоси ичкарига гув этиб ёпирилди. Бир тўда одам хонанинг икки томонида бир-бирларига оёқларини узатиб, кирчир кигизлар устидан тўшалган қалин кўрпа-тўшакларга бурканишиб, ухлаб ётишибди. Кимдир ёқимсиз хуррак тортади, яна кимдир жимгина ухлаётир, бошқаси ўликдек қотиб қолган… Турфа одамлар.
Раҳмонали аста юриб, ўз жойини топди. Эшик очиқ қолганди. У аста энгашиб, эгнига кирлаган яктагини кияётгандики, доимгидек ёнидаги тўшакда тунайдиган Бўта, кўзларини очиб, бошини хиёл кўтарган кўйи, саволомуз қаради.
– Тинчлик, ака, ухлайверинг… Ташқарига чиқмоқчиман, – деди Раҳмонали.
Бўта, тушундим, дегандек яна кўзларини юмиб, кўрпасини бошигача тортди.
Раҳмонали бирдам унга нафратомуз тикилиб қолди. Унда гоҳ-гоҳ шундай туйғу жўш уриб, Бўтани ё бўғиб ўлдириб қўйгиси, ёки шундоқ бўғзига пичоқ тортиб қўя қолгиси келади. Аммо ҳар гал ўзини босади, қўлини қонга ботиргиси келмайди. Топшириқда айтилганидек, Бўта ўз ажали билан ўлиши лозим. Бунга Раҳмонали гувоҳ бўлиши шарт.
Раҳмонали гўёки ухлаб ётган Бўтанинг башарасига туфлагандек тупурди. Сўнг шошмай, кийинди. Ним қоронғуликда ётар олдидан ёстиғи ёнига қўйган сигарети ва ўт олдиргичини топди. Кийиниб, ортига ўгирилганди, хона ичига очиқ эшик пастидан совуқ ҳаво кириб, дим, сассиқ ҳаво эса юқоридан ташқарига сузиб чиқаётганини сезди.
У сигаретидан бир донасини олиб, қуруқшаган лабларига қистирди ва ёққични чиқ этказиб ёқди. Оч қоринга оғзидаги сигаретининг тутунини босиб-босиб ичига тортди, мириқиб пуфлади. Раҳмоналининг гоҳида мияси шундан ҳузурланади. Шундай қилса, вужудининг ич-ичига сингиб кетган сассиқ ҳидлар тутунга қўшилиб чиқиб кетаётганга, улардан фориғ бўлаётганга ўхшайверади.
Ҳалигинда энтиктирган соғинч аралаш сирли хаёллари уни тарк этган, у энди ўзга ҳислар қуршовида эди. «Қачон кетади бу ерлардан? Эсон-омон Фарғонага, Тошкентга бора олармикин? Хотинини, икки боласини шундай соғиндики, таърифга сўз йўқ. Аммо хотини, фарзандлари борлигини ҳеч ким билмайди бу ерда. Афғондагилар учун у «детдом» боласи, бозор киссавури ва ниҳоят, тўдабоши Бўтанинг ўнг қўли.
Ёдида: ота-онаси кутилмаганда ажрашиб, онаси бошқа эрга тегиб кетгач, энди иккинчи синфда ўқиётган Раҳмоналини тоғаси Фарғонадаги болалар уйига топширворди. У ўша ерда ўн синфгача ўқиди. Ўқиди эмас, қип-қизил киссавур, чўнтаккесар бўлди. Аммо икки йиллик ҳарбий хизмат уни тамомила бошқача одам қилиб қўйди. Ҳарбийда у Узоқ Шарқдаги чегара қисмлардан бирига тушиб қолди. Тап тортмас, уришқоқлиги сабаб бўлдими ё унинг ҳақиқатдан ҳам болалар уйида тарбияланганими, аниқ билмайди, ҳарбий қисмнинг «особисти» Пётр Михайлович Конневнинг назарига тушди. Уч-тўрт бор суҳбатлашди. Рус тилида биноийдек сўзлаша оладиган Раҳмонали унга маъқул келди чоғи, бир куни: «Сени ўз юртинг Тошкентдаги бизни ўқишга юбораман. Ўша ерда яхши одам бўласан» деб қолди. Худо кўнглига солиб, рози бўлди. Ҳарбийдан йўлланма билан Тошкентга қайтди. Борадиган жойи, кутадиган одами йўқ эди, Тошкентда қолди. Пешонасида бор экан, ўша йили ёздаёқ Пётр Михайлович айтган Тошкентдаги ўқишга кирди. Ҳаш-паш дегунча тўрт йиллик ўқиши ҳам битди, КГБнинг Сурхондарёдаги бошқармасига ишга жўнатишди. Шу ерда ишлаб юрди. Кейинроқ совет замони талотўп бўлиб, омон-омон бўлиб кетди.
Эсида бор, кечқурун Термиздан зудлик билан пойтахтга самолётда учиб бориши керак бўлиб қолди. Нима сабабдан Тошкентга – республика Миллий хавфсизлик қўмитасига чақиришаётганини аниқ билмасди. Ўзбекистон мустақилликка эришиш арафасида, ҳали замон нотинч, ўзларича партия тузганлар, ҳокимиятга интилганлар, пинҳона жиноий гуруҳ тузиб, юртни талаётганларнинг куни туққан пайт эди. Қўмита биносининг эшиги ёнида Раҳмоналини ўзидан уч-тўрт ёш каттароқ, новча, келишган, одатдагидек идора ходимларига ўхшаб, эгнига қора кастюм-шим, оқ кўйлак кийиб, бўйнига қора галстук таққан йигит кутиб олди. Раҳмонали узатган гувоҳномани шошмай кўриб чиққач, эшик ёнидаги ҳарбий йигитга: “Мен билан” деб, гувоҳномасини рўйхатга олдиртириб, юқорига бошлади. Раҳмонали ҳайрон эди. Нега бу ерга чақиртиришди? Ахир, у тизимда ишлаётганига бор-йўғи уч йил бўлаётган бўлса?.. Тушунмаётганди. Аммо олдинда йўл бошлаб бораётган ходимдан сўраш ноқулай тугул, мумкин ҳам эмаслигини у жуда яхши биларди. Устига-устак, ходим Раҳмоналига ўзини таништирмади ҳам. Ходимнинг қиёфаси ўта жиддий бўлиб, одатдаги идора ходимларидан бири эди у.
Йўлак бўйлаб боришаркан, барча эшиклар ёпиқ, гоҳо бирон эшик кутилмаганда очилиб, чиқиб қолган ходим ҳам ўзини четга олиб, олдинда йўл бошлаб бораётган жиддий ходим билан аста саломлашиб қўяр, йўл берарди. Юриб-юриб, улар кенг-мўл бир қабулхонага киришди. Раҳмонали йўл бўйи бир жиҳатга эътибор қилган: бирон эшикда ёзув йўқ эди. Улар кирган қабулхона эшигида ҳам ёзувни кўрмади. Раҳмоналига ҳалиги жиддий ходим: “Кутиб туринг” деб, рўпарадаги эшикдан ичкарига кириб кетганидан сўнг, ҳақиқатдан ҳам улар кирган бу хона қабулхона эканлигига ақли етди. Аммо қайси бошлиқнинг қабулхонаси бу? Бунисини аниқ билмасди. Хонада эса Раҳмоналидан ўзга зот йўқ ҳам эди.
Ҳаммаси кечагидек ёдида: жиддий ходим беш минутдан зиёд вақт чамаси жимиб кетган эди ўшанда. Бир вақт, эшик очилиб, ҳалиги ходим кўринди ва очиқ эшик тутқичини тутганча: “Киринг”, деди. Раҳмонали янада каттароқ хонага кирди. Хонанинг учта деразаси бўлиб, қалин пардалар билан қопланган, хона ичи ёп-ёруғ, шифтда бирваракайига иккита қандил чироқлари нур сочаяпти. Оёқ остида қип-қизил қалин гилам. Тўрда эса стол ва унга туташ “т” шаклли стол ортидаги креслода сочларига оқ оралаган, ялангбош, эгнида генерал-лейтенант погонлари қадалган кителли, эллик ёшдан ошган одам янада жиддий ҳолатда унга жим қараб ўтирарди. Раҳмонали хонага киргач, бир зум тўхтаб, чор-атрофдаги жиҳозларни зумда билиб олди. Ортдан эшикни ёпган ҳалиги жиддий йигит, тек қотган Раҳмоналини енгилгина туртиб қўйди. Ана ўшандагина саломлашиш зарурлигини англади ва: “Мумкинми? – деб, ортидан: – Катта лейтенант Раҳмонали Саломов буйруғингизга биноан етиб келди”, деди дадиллик билан. Генерал-лейтенант аста ўрнидан турди ва стол ортидан гиламнинг очиқ майдонига шахдам қадам билан чиқди. Генерал-лейтенант анчайин бўйдор, барваста экан.
– Биз излаган, кутган йигит шуми? – Ногоҳ генерал-лейтенант Раҳмоналининг ёнида тик турган ҳалиги жиддий йигитга савол билан мурожаат этди.
– Худди шундай, ўртоқ генерал-лейтенант! – деб жавоб берди ғоз қотган ходим, Раҳмоналининг ёнида туриб.
– Қани, буёққа ўтир-чи, – деди генерал-лейтенант, Раҳмоналига стулни кўрсатиб.
Аммо айни дақиқаларгача ҳамон Раҳмонали сира тушунмаётганди: қўмитанинг генерал-лейтенантини Сур хондарё вилоятининг бошқармасида ишлаб юрган оддий бир ходими билан қандай гапи бўлиши мумкин? Кейин, қолаверса, бу одам қайси даражадаги бошлиқ? Шулар хаёлидан кечаркан, бирдан тобора терлаётганини сезди.
– Мансуржон! – деди генерал-лейтенант, рўпарасидаги стулни ўтириш учун ўзига ўнгларкан. – Сен бизга, ўзингга ҳам қўшиб учта идишда аччиқ кофе тайёрлаб келгин. Унгача биз сурхондарёлик бўз йигит билан ўтириб суҳбатни бошлайверамиз…
Хонада кондиционер бир маромда майин ҳуриллаб ишлаб турарди.
– “Сен” деб мурожаат этсам бўлаверадими? – деб сўради генерал-лейтенант, Мансуржон исмли ходими чиқиб кетгач.
– Бемалол, – деди Раҳмонали, зўрға тили калимага келиб.
– Ўзи шунақа бўлади, ходимлар бошлиқларни ҳузурига кирганларида доим терга ботишади, – дея кулди оқсариқдан келган лўппи юзли генерал-лейтенант, Раҳмонали терлаётганидан хижолатда қолаётганини кўриб, икки ўртадаги тарангликни юмшатмоқ ниятида. – Биздаям шундай ҳолат бўп туради… Сен, ука, бемалол, хотиржамлик билан ўтиравер. Суҳбатимиз анча жиддий ва анча узоқ чўзилади. Шунинг учун рўмолчангни олиб, тортинмай юзкўзларингни яхшилаб артиб ол.
Генерал-лейтенантнинг гапидан дадилланган Раҳмонали чўнтагидан шошилмай рўмолчасини чиқариб, юзкўзларини, бўйнини артди ва стол устига яна ўшандай тахлаб қўйди.
Генерал-лейтенант Раҳмоналининг ҳаракатларини индамай, зимдан кузатиб ўтирди ва сўнг яна гапида давом этди:
– Сен келгунингча сен ҳақингдаги барча маълумотлар билан танишиб чиқдим. “Ота-онанг ажрашгани… Болалар уйи… Армия… Уйланганинг, икки боланг борлиги… Ҳамма-ҳаммасини биламан. Хуллас, ҳозирги вақтда сенга ўхшаган садоқатли, ақл-ҳушли, юрти, халқи учун, керак бўлса, жонини берадиган йигитлар керак бизга. Кўриб турибсан, юрт мустақил бўлибдики, ҳаммаёқда талотўп. Тошкентни ўзидаям анча таранглик бор. Айниқса, ёшлар, студентлар шаҳарчасидаги тўполонларни эшитгандирсан?.. Генерал-лейтенант шундай деб, Раҳмоналининг юз-кўзларига жиддий тикилди.
– Эшитдим, – деб жавоб берди Раҳмонали, ўзини анчайин сипо, хотиржам тутишга уриниб.
– Биламан, бу ерга кела-келгунингча: “Мени нима сабабдан чақиришди экан?” деб ўйлаб келгансан. Бунисини тушунаман. Аммо ҳозир сени ёрдаминг биз учун ниҳоятда зарур бўлиб турибди. Куни кеча Президентимиз ҳузурида бўлиб, мамлакатдаги вазиятни чуқур, атрофлича таҳлил қилдик. Бир қатор қарорларга келдик. Шулардан бири, Наманган шаҳридаги вазият масаласида. Балки, эшитгандирсан ёки йўқ, у ерда Талаб, Бўта деганлари халқни бошини айлантириб, атрофига ёшларни тўплаб, тўполон чиқариш ҳаракатини қилиб юришибди. Уларнинг бу ишига ташқаридан ҳам одамлар аралашган, деган маълумотлар бор бизда. Агар тўғри тушунсанг, қачонки бирон юрт қулликдан чиқиб, мустақилликни эълон қилмоқчи бўлса, ўша ерда Талаб, Бўтага ўхшаш муртадлар топилиб, юртни, халқни бошқа йўлга бошлаб кетишга чоғланишади. Бу табиий ҳол. Бизнинг вазифамиз эса халқнинг тинчлигини, юртни яхлитлигини сақлашдан иборат…
Айни ўша маҳал эшик очилиб, ялтироқ патнисда учта кофе қуйилган идишларни кўтарган кўйи, Мансуржон кириб келди.
– Мана бу ишинг жуда яхши бўлди, Мансуржон. Қани, сен ҳам бизни қаторга ўтир, – деди генерал-лейтенант кулимсиб. – Раҳмонали билан суҳбатимиз энди-энди қовушгандек бўлаётганди. Кофе суҳбатга жон бағишлайди.
Генерал-лейтенантнинг бу гапини эшитган Мансуржон кофеларни тарқатиб бўлиб, Раҳмоналига қараб сирли илжайди. “Сен ҳам куларкансан-у!” деб юборишдан Раҳмонали ўзини аранг тўхтатди.
– Укамиз ҳамон ҳаяжонини босолмаяпти. Чунки, гапни индоллосини билолмаяпти-да! – деб кулди генерал-лейтенант, қайноқ кофени ҳўпларкан. Унинг ушбу хатти-ҳаракатидан, суҳбатни энди сен давом эттир, деган маъно бордек эди.
– Биз Азимжон Умарович билан кечадан буён маслаҳатлашиб, тизимимизда меҳнат қилаётган бир қатор кадрларимизни муфасссал ўрганиб чиқдик. Уларнинг орасидан фақат сизни маъқул топдик. Ҳозир шундай вазиятки, Наманган шаҳрида бошбошдоқликни келтириб чиқараётган Бўта билан Талабни ёнида бўлиш, уларнинг режа, ҳаракатларидан олдиндан хабар топиб, хабарлашиб туришимиз учун сиздек ходим керак. Сизнинг таржимаи ҳолингиз ҳар томондан мос келаяпти.
Шундагина Раҳмоналининг миясига ярқ этиб бир нарса урилдики, асл муддаони англагач, кўзлари чақнади ва одатига биноан, ўнг кафти билан жағини, сўнг юзини силаб қўйди.
Генерал-лейтенант Азим Умарович Раҳмоналидаги ҳар бир ўзгариш, хатти-ҳаракатни синчковлик билан кузатаётган эди. Йигитнинг икки кўзи ёниб, кўкси бир қалқиганини ҳам илғади ва “розилик” белгиси деб қабул қилди.
– Бир савол берсам майлими? – деб сўради Раҳмонали, ўзини анча хотиржам тутиб.
– Майли, сўра, – деди Азим Умарович.
– Мени-ку яхши билар экансизлар, бироқ мени ким чақиргани, кимлар билан суҳбатлашиб ўтирганимни, рости, ҳалигача билганим йўқ… Шу савол?..
Бирдан генерал-лейтенант Азим Умарович қаҳ-қаҳ отиб кулди. Унинг кулгуси Мансуржонга ҳам юқди: у кафти билан оғзини тўсиб, кула бошлади.
– Зийраклигингга қойилман, лейтенант, – деди Азим Умарович, кўзёшларини кафт билан артаётиб. – Мен сендан ҳалитдан буён айнан шу саволни кутаётгандим. Хўп, мен ўзимни таништирай, республика Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг ўринбосари, кўриб турганингдек, генерал-лейтенант погонини тақиб олган Азим Умарович Умаров бўламан. Ёнимиздаги бу йигит эса подполковник Мансуржон Холиқов бўлади. Кечадан бошлаб янги бўлим – диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш бошқармасининг бошлиғи. Менинг ваколатимга шу бўлимни ҳам назорат қилиш киради. Сен бориб қўшилишинг керак бўлганлар эса айнан диний экстремистлар, террористлар! “Болалар уйи”да ўзлаштирган чапанилигинг, Фарғона шаҳридаги эски танишларинг сени Наманганга улар томонидан бериладиган яхши тавсиялар асосида ғолибона кириб боришингни таъминлайди, деган ишончдамиз. Хўш, гапни индаллосини энди тушундингми, розимисан?
– Розиман, албатта!.. – деди Раҳмонали, ўктам оҳангда.
– Мана бу ҳақиқий ватанпарварнинг гапи бўлди! – деди генерал-лейтенант Азим Умарович, столга кафтини шап этказиб уриб. – Аммо билиб қўй, бу миссия анча узоқ чўзилиши мумкин. Уларнинг оғзи қон бўрилар галаси деб тасаввур этгинки, бўрилар орасида юрганлигингни сира ёдингдан чиқарма, ҳушёрликни йўқотма. Шунингдек, биз доимо сени назорат қиламиз. Имкон даражасида сенга зиён-заҳмат етмайди. Иншооллоҳ, бунга куч-қудратимиз етади. Вақтики келиб, ҳаммаси қонун олдида жавоб беради, жавоб беришга мажбурлар… Хўш, Мансуржон, сен Раҳмонали барча вазиятдан хабардор бўлиши учун мавжуд материаллар билан таништир. Йўл-йўриқ, кўрсатмаларни бер. Индинга эрталаб Раҳмонали тайёр бўлиши керак. Лекин бу ҳаракатимиз қаттиқ сир сақланиши лозимлигини унутма! Қўмита биносидан тез чиқиб, консператив квартирага бориб, жиддий шуғулланинглар…
Раҳмонали мундоқ ўйлаб қараса, қўмита раисининг ўринбосари, генерал-лейтенант Азим Умаровичнинг хонасида Мансуржон кофедан сўнг пешма-пеш дамлаб келган пахта гулли чойнакдан ҳам уч киши шошилмай, қайноқ-қайноқ чой ичиб қўйишибди.
– … Шунақа гаплар, ука. Роса режалаб кўрдик, сен биз айтган ишга ҳар томонлама мос кадрсан. Ўзбекистон мустақил давлат бўлиш арафасида, вақтлар келар, ҳозир бошлаётган ишимиз шу юрт тинчлигини сақлаб қолишда жудаям асқотади. Бугун олчоқлик қилаётган бир ҳовуч кимсалар қаерда бўлмасин, уларнинг қандай ишлар билан шуғулланаётганини, нималарни режалаштираётганини биз бу ерда аниқ-тиниқ билиб туришимиз ва шунга яраша кескин чоралар қўллашимиз керак. Юрт, эл тинчлиги шуни талаб қилади.
Биз ҳозирдан сенга аниқ айтолмаймиз, тақдир сени қаерларга олиб бориб ташлайди? Лекин шуни аниқ билки, Ўзбекистон давлати сени ёлғизлатиб қўймайди. Қаерда, ким билан қанча бирга бўлма, сени суянчиғинг бизмиз. Фақат ҳозир тузган режамизни аниқ, пишиқ-пухта қилиб бажариб берсанг бўлди… Ҳа, айтгандек, хотининг билан болаларингдан асло хавотир олма. Уларни тез орада Тошкентга кўчириб олиб келамиз. Уй, иш, таъминоти, хавфсизлиги бизнинг зиммамизда. Рафиқангга сени ўта муҳим топшириқ билан муддатсиз командировкага кетганлигингни ҳам тушунтириб қўямиз.
Бу – республика Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғининг ўринбосари, генерал-лейтенант Азим Умаровичнинг гап тамом, энди ишга қаттиқ кириш, дегани эди.
– Ишга қачон киришаман? – деб сўради Раҳмонали, генерал-лейтенант Азим Умаровичдан.
– Ишни бошладим, деб ҳисоблайвер. Эрталаб пул, бошқа паспорт қўлингда бўлади. Ёдингда тут, индинга тонгги рейс билан самолётда Тошкентга Москвадан учиб келган бўласан. Қўлингга билетларингни эртага Мансуржон… Мансуржон Раҳимов беради. Операциянинг боришини ҳам Мансуржон кузатиб, менга шахсан ахборот бериб туради. Боғланиш йўлларини билиб олдинг, а? Сену биз бошлаган иш ўта махфийлиги сабаб, бу сирдан сен, мен ва Мансуржон хабардор, холос. Сен билан Мансуржон орқали боғланиб тураман, топшириқларни ҳам ундан оласан. Бошқа тирик жон билмаслиги керак… Индинга эрталаб Фарғонада бўласан. Ундан уёғига Наманган… Ҳа, яна тўданинг ичига кириб олишингдаги энг катта қуролинг, ҳали айтганимдек, Фарғонадаги “Болалар уйи”да бирга тарбияланган ўртоқларинг. Уларнинг иккиси Наманганда Бўтанинг ёнида юришибди. Сен учун Бўтага яхшигина тавсиянома беришларига ишонаман, – Азим Умарович шундай деб, аста мийиғида маъноли кулиб қўйди. – Фарғонадаги Толик, яъни Толибни топиб, Наманганга бошлаб бор. Ундан уёғи сенинг талантингга боғлиқ. Ўқишда нималарни ўзлаштирган, ўзингга сингдирган бўлсанг, Сурхондарёдаги ишда орттирган тажрибаларинг қўл келишига ишонаман. Аммо, билиб қўй, бир оғиз ножўя гап, ноўрин хатти-ҳаракат сенинг ҳаётингга нуқта қўйиши, операцияни барбод қилиши мумкин. Сен энди бўри қиёфасига киришинг керак, ўғлим!
Ҳа, Раҳмонали, генерал-лейтенант Азим Умарович айтганидек, аллақачон бўри қиёфасига кирган эди.
* * *
Фарғона заминига самолёт трапидан тушганида, ўзига таниш ва ёқимли ҳаводан симириб енгил тортди Раҳмонали. Бардам қадамлар билан мўъжазгина аэропорт биноси томон одимлар экан, тонгги хушбўй ҳаво димоғига атиргуллар исидек хуш ёқар, тобора кучғайратга тўлиб бораётганини дақиқа сайин сезиб борарди. Ўзига таниш кўчага чиқиб, марказга элтувчи биринчи автобусга ирғиб чиқди. Автобус жойидан жилди. Ана, механика заводи, ундан сўнг стадион, манави йўл бўйида ДОСААФ мактаби… Раҳмонали автобус ойнасидан атрофга назар ташлар экан, хаёлан ўзи билган бино, иншоотларни бир-бир хаёлидан ўтказган кўйи, Оқ ариқ қишлоғи томондан оқиб келувчи ариқдан ўтганларидан сўнг, азим чинорлар савлат тўкиб турган шаҳар кўчасига кирганида, беихтиёр энтикди. Намхуш ҳаво юзкўзларини ёқимли силаётганди. Юраги хапқириб, таниш кўчага меҳр билан боқди. Йўлакларда одамлар уёқданбу ёққа ўтиб боришар, ҳаммаси ишга, ўқишга шошар, автобус ҳар бир бекатда тўхтаб, кимлардир тушиб, кимлардир чиқаётганди. «Нурхон» кинотеатри рўпарасига боргунича, автобус йўловчиларга тамомила тирбанд бўлди. Йўловчилар Раҳмоналини ҳарёқдан сиқиб қўйишди. Аммо у парво қилмас, хурсанд эди. Ана, “Нурхон” кинотеатри, биринчи муштлашув, биринчи муҳаббати билан боғлиқ воқеалар!.. Ёшликдаги ўша кечмишларни эслаб, аста мийиғида кулимсиб қўйди. Ғўр бўлган экан. Бўлмаса, курсдош қизини етаклаб кино кўргани келган студент йигит билан ҳам муштлашадими? Йигитнинг ўртоқлари кўпайиб, аранг қочиб қутилган эди. Биринчи муҳаббати-чи? Бу шунчаки ўткинчи бир ҳавас эди, холос. Қизча, ҳаҳ, оти нимайди-я, Лола, кинотеатр ёнбошидаги «дом»да яшарди. Ўша «дом»нинг атрофидан кетолмайдиган бўлиб қолганди-да. Қизча тушмагур, энди билса, Раҳмоналини роса айлантирган экан…
Автобус шаҳар марказига етиб борганида, Тошкентдаёқ кўнглига тугиб қўйган бозор ёнидаги «Чимён» чойхонасига кириб, нонушта қилишни режалаб, ўша томонга юрди. Бозор томон кетган йўл эрталабдан тирбанд. Аксар қишлоқ одамлари турли томонлардан келиб тўхтаган автобуслардан туша солиб, гуррос-гуррос бозор томон шошилишмоқда. Кўпларининг қўлларида турли юк, тоғора дейсизми, қути, қоп…
Шифтларига бедана-қовоқлар осиғлиқ таниш чойхонага кирди. Шундоқ айвондаги сўрилардан бирига ўтирди. Хизматчи аёл келди. Чой буюргач, калла гўшти билан бир дона иссиқ, седанали нон келтирди. Ана кейин ўз хаёлларига ғарқ бўлиб, чамаси бир соатдан зиёд ўтирди. Тез-тез кафтлари билан бошини силай-силай, келгусидаги ишларини режалади. Толибни-ку топиши қийин эмас, бозорга шундоқ бир кириб чиқса, бас. Кис савур йигитларнинг ўзлари топиб беришади уни. Чунки, адашмаса, Фарғона бозорида ўралашиб юргувчи аксар киссавурларни Раҳмонали яхши танийди, Раҳмоналини ҳам улар яхши билишади. Ҳар тугул, эски «коллега»да. Шунақа хаёллар билан у хонтахта тепасидаги кирлаган патнисга бир сўмликни аста қўйиб, ўрнидан турди. Ички чўнтагидан бир дона қизил ўн сўмлик пулни ажратиб, шимининг ўнг чўнтагига пулнинг қизарган учини кўринар-кўринмас қилиб солиб қўйди.
Ана, у бозор оралаб юрибди. Билади, энг тиқилинч жойда бозор киссавурларидан бири сўзсиз унинг ўнг чўнтагига қўл солади. Раҳмонали атайин гавжум жойга қараб юрди ва ўртадан ўтиб бораётганида, ортидан келаётган кимдир чўнтагидаги ўн сўмликнинг учидан аста тортқилаётганини сезди-ю, шап этказиб ўғрининг қўлини ушлади. Тўғри қилган экан. Ўгирилиб қараганди, ўн беш ёш чамали ўспиринни кафтидаги пул билан маҳкам тутибди. Раҳмонали унга қараб жилжайди, ўспирин ҳам, ҳеч нарса бўлмагандек, ноилож тиржайди. Боланинг қўлини қўйиб юбормай, четга судради. Ўспирин кар-соқов экан. Ўнг қўлини Раҳмоналининг қўлидан суғириб олиш илинжида тортқилай-тортқилай, чап қўли билан нималарнидир имо-ишора қила бошлади. Раҳмонали парво қилмади.
– Толикни биласанми? – деб сўради унинг қўлини қўйиб юбормай, имо-ишора билан. – Менга Толикни топиб бер. Мана шу ўн сўм сеники бўлади. Тушундингми?
Ўспирин йигитча, нотаниш одамнинг лаб қимирлатишидан нима демоқчи эканини тушунди шекилли, қўйиб юборилган кафтидаги пулни ўз чўнтагига аста солар экан: «Нега керак?» дегандек саволомуз қаради.
– Толик менинг ўртоғим, билдингми? – деб жавоб берганидан сўнг эса ўғри бола бошини хиёл чайқаб, «юр» дегандек имлади ва олдинда чаққон бозор оралаб кетди.
Бозордан чиқишиб, тор кўчага киришди. Юз метрлар юрганларидан сўнг, ланг очиқ темир дарвоза ёнида ўспирин тўхтади ва ҳовлини имлаб кўрсатди. Раҳмонали ўғри боланинг елкасига аста кафти билан қоқиб, миннатдорлик билдириб қўйди.
Ҳовли тўрисидаги сўрида уч-тўрт киши ўтиришибди. Раҳмонали ўша томон дадил кириб бораверди. Чоғроқ сўрида ўтирганларнинг бири «детдом»даги ўртоғи Толиб эди. Аввалига ким экан бу келаётган, деб саволомуз тикилиб турганлар орасидан бирдан Толиб сапчиб ўрнидан турди ва: «Рома!» деб қийқирворди. Қолганлар ҳам ўринларидан туришди. Толиб оёқ кийимини ҳам киймай, пайпоқчан намиққан ерга ирғиб тушди ва қучоқларини ёзиб Раҳмонали томон юрди.
– Рома, бормисан оғайни? Қайси шамоллар учирди?
– Сенинг шамолинг, Толик, сени шамолинг! Фарғонани соғиндим ахир!.. – Икки ўртоқ қучоқлашиб кўришди. Қолганлар бир сафга тизилишди.
– Оғайнилар, бу – ўртоғим Рома, яъни Раҳмонали. Мен сизларга кўп гапирганман-у, ўша йигит!.. Вей сеней, қаерларда эдинг, қани ўтир. Болалар, дарров, а, ул-бул топиштиринглар? Бундақанги кун ҳар куни ҳам бўлавермайди ахир!.. Энг қадрдон оғайним келди-я!..
Эрталабки учрашув пивохўрликдан бошланиб, кечки пайт «Фарғона» ресторанида тугади.
Ярим тунда Толибнинг дабдабали квартирасига кириб боришди. Иккиси ҳам ширакайф эди. «Фарғона» ресторанидаги ўтиришда қизу йигитлар, бир сўз билан айтганда, Толиб томонидан 90-йиллар бошида «Фарғонанинг жиноят олами гуллари» билан серҳашам базми-жамшид уюштирилган эди.