Faqat Litresda o'qing

Kitobni fayl sifatida yuklab bo'lmaydi, lekin bizning ilovamizda yoki veb-saytda onlayn o'qilishi mumkin.

Kitobni o'qish: «Сойиб Хўжаев ҳангомалари»

Shrift:

(Сўзбоши ўрнида)

Ўзбек халқининг яқин ўтмишдаги ажойиб қизиқчилари эл орасида катта шуҳрат қозонганликлари ибратли ҳикоя бўлиб юради. Улар ижро этган латифа, интермедия, аския, қизиқчилик ҳолатлари халқимизнинг оғзаки дурдоналарига айланиб кетиб, секин-аста ёзма адабиётга, радио-телевидение кўрсатув ва эшиттиришларига кўчиб, адабий-бадиий тарихга айланиб бораётганлиги қувончли ҳолдир. Уларнинг табаррук номлари ҳурмат билан зикр этилади. Масалан, Юсуфжон қизиқ, Ака Бухор, Сойибжон қизиқ, Муҳиддин Дарвешов, Абдулхай Махсум, Абулқосим ака ва ҳоказо. Ҳақли равишда: ”Нега буларни “палончи қизиқ” деб аташади”, – деган савол туғилади. Бунинг сабаби, менимча, қизиқчилар ўзларининг зукко ва донишмандликлари, ҳозиржавобликлари билан қизиқ воқеаларни ижод қиладилар. Энди: ”Комик актёрлар ҳам қизиқчими?” – деган саволга шундай жавоб бериш мумкин: комик актёрлар ёзувчи ёзиб берган асарни ижро этади. Ўзи тўқимайди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжаевни халқимиз Сойибжон қиpиқ деб ҳам билишининг сабабини унга тангри таоло икки томондан иқтидор ато этганлигида кўрамиз. Сойиб Хўжаев комик ролларни ниҳоятда қойилмақом қилиб ижро этган. Шу билан бир қаторда, ҳар бир ўйнаган роли сўзларининг 60-70 фоизини асосан ўзи тўқиб қўшган. Шу боис образлар жонли ва жозибали чиққан.

Энди Сойиб Хўжаев халқ ўртасида қизиқчилик қилиб айтган сўзлари, хатти-ҳаракатлари, ҳазил-мутойибалари ҳамкасблари, дўстлари, мухлислари ва шогирдлари томонидан, телекўрсатув, радиоэшиттириш, матбуот саҳифаларида, байрам сайиллари, тантанали маросимларда ижро этилиб, халқимизга маънавий озуқа бермоқда, маънавиятимизни бойитмоқда. Шунинг ўзи Сойибжон қизиқ нақадар катта истеъдодли ижодкор-санъаткор бўлганлигига далил ҳужжатдир. Президентимиз И.А.Каримов ҳам Сойиб Хўжаевнинг муборак номларини ўз нутқларида эслаб ўтиб, кулгисевар халқимизни беҳад қувонтирган эдилар.

Муҳтарам ўқувчилар, қўлингиздаги “Сойиб Хўжаев ҳангомалари” ни шогирдлари Ҳусан Шарипов, Бахтиёр Ихтиёров, рафиқалари Файзихон ойимдан ва бошқа одамлардан эшитиб, ўз тафаккуримдан қайта ўтказиб ёздим. Бу воқеаларни менга Муқимий театрининг артистлари Фароғат Раҳматова, Суръат Пўлатов, Марям Ихтиёрова, Файзулла Аҳмедов ва бошқалар айтиб беришган. Шунингдек, халқ артисти Зикир Муҳаммаджоновнинг “Ишонч” газетасида босилган айрим лавҳаларини олдим. Шу билан бир қаторда Ҳамза театри ходимлари Комил Насриддинов, Обид Юнусов (Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусов эмас) кабилардан ҳам эшитганимни қоғозга туширдим.

Сойиб Хўжаев ўзбек халқининг Насриддин афандисидек қизиқчи донишманд фарзанди. Насридцин афанди узоқ ўтмишдан келаётган севимли халқ қаҳрамони бўлса, Сойиб Хўжаев 1910 йилда туғилиб, ўзининг 72 йиллик умри давомида юксак санъати билан халқнинг ардоқли фарзандига айланган шахс.

Тўғри, китобчадаги воқеалар ўша ҳодиса устида бўлган кишиларнинг хотираларига айнан тўғри келмаслиги ҳам мумкин. Бу табиий ҳол. Чунки мен баъзи оғиздан-оғизга ўтганларини ёзганман. Оғиздан-оғизга ўтиш ва қоғозга тушиш вақти воқеалардан қай бир ҳолатлар тушиб қолади ёки қай бирларига қўшиб айтилади. Натижада воқеаларнинг хабардор кишининг ёдидагига менинг ёзганим тўғри келмай қолса, олдиндан узр сўрайман.

Ўн бир ёшида отадан етим қолган Сойибжонни тақдир сўқмоқлари Қўқон болалар уйига олиб келади. 1927 йилда Қўқон театрининг раҳбарлари “Ҳалима” спектакли учун оммавий саҳналарга йигит-қизлар танлаш учун болалар уйига келишади. Бир неча йигит-қизларни таклиф қилишади. Шуларнинг орасида 17 ёшга тўлар-тўлмас шўх, тийрак, қизиқчиликка мойил Сойибжон ҳам бор эди. Бу улуғ санъат арбоби, қизиқчилик юлдузининг туғилиши эди.

Сойибжон Қўқон театрида роллар ўйнаб, тезда халқ назарига тушади. Унинг довруғи Тошкентга етиб келиб, 1937 йилда пойтахтга таклиф қилинади ва Муқимий театри ташкил бўлгач, унга ўтиб, то умрининг охиригача шу санъат даргоҳининг абадий актёри бўлиб қолади.

Сойиб Хўжаев ажойиб инсон, истеъдодли актёр, самимий дўст, меҳрибон устоз бўлганлиги учун борган сари хотира юлдузи чарақлаб, сўзлари халқ ҳикматига айланиб бормоқда.

Олтин соат қолиб кетибди

Бир куни Муқимий театри артистларидан бир гуруҳини машҳур боғбон Ризамат ота боғига бир тадбирда хизмат қилиш учун чақиришади. Катга банкет-базмда қўшиқ айтиб, ўйнаб хизмат қилишади. Лекин ҳеч ким қистир-қистир қилмайди. Охирида совға-салом ҳам беришмай қуруқ хайрлашишади. Улар енгил машинада боришган бўлишади. Машинага чиқиб ўтирамиз дейишса, оёқ қўядиган жойлар узумга тўлиб кетибди. Бу гуруҳга Сойиб Хўжаев бош бўлиб борган экан. Амаллаб ўтириб йўлга тушишибди. Йўлда Сойиб Хўжаев бу узумларни ким келтириб қўйди, деб ўтирганлардан сўрайди. Боя базм қизиган вақтда бир учарроқ артист “Мен чекиб келай”, деб чиқиб кетган экан. У: “Мен тўлдириб қўйдим. Мезбонларнинг муомаласидан қуруқ кетадиганга ўхшаймиз. Боя келаётганда бир шиғил узумли ишкомни кўз остига олиб қўйгандим. Сўрасам, тажриба учун олиб қўйганмиз дейишганди. Бордим-да, ҳаммасини узиб, машинага жойладим”, – деди мақтаниб, қойил қилдимми, дегандек.

– Яхши, энди буни нима қиламиз? – деб Сойиб Хужаев сўрайди.

– Бўлишиб олиб еймиз, – дейди у.

– Сени ҳали бола-чақанг йўқ, шунча узумни яримтага алишиб ичиб, спектаклларга келмай қўясан. Менинг болаларим кўп, мен уйга олиб кетаман, – депти Сойиб Хўжаев. Ҳеч ким индамапти. Машина анча жойга борганда:

– Вой, қўлимдаги олтин соатим қолиб кетибди. Машинани қайтар, ўша ерга бориб келамиз, – депти Сойиб Хўжаев. Артистлар: “Қўйинг энди, Сойибжон ака. Битта соат деб яна шунча жойга қайтиб борамизми?” – дейишипти.

– Эй, биласизларми, у соатни энг каттакон одам совға қилиб, қўлимга тақиб қўйган. Мени чақирганда ёки олдига борганимда соат юряптими деса, йўқотиб қўйганман, дейманми. Эй, эсинг қурсин, демайдими, каттакон одам. Унда мен нима деган одам бўламан. Йўқ, қайтар, – деб туриб олипти. Ниҳоят, машина орқага қайтибди. Боғнинг олдига борганда:

– Энди узумларни туширинглар! У ерга узум билан борсак бўлмайди, – деб туриб олибди. Охири узумни боғнинг олдига туширишибди. Энди кетдик дейишибди. Машинага ўтиришиб, банкет-базм бўлган тарафга кетишаётганда: “Қайтар изингга, олтин соатим чўнтагимда экан. Лекин виждонимизни эсдан чиқариб қолдирган эканмиз. Энди уйга кетдик”, – деган экан Сойиб Хўжаев.

МАШҲУР ҚЎШИҚЧИ АЗИМ МУЛЛАХОНОВ КАСАЛ БЎЛГАНДА

Машҳур эстрада қўшиқчиси Азим Муллахонов Ўзбекистон халқ артисти Фароғат Раҳматованинг ўғли эканлигини кўпчилик билмаса керак. Азимжон гўдаклик вақтида Муқимий театрида ишлайдиган онаси Каттақўрғон шаҳрига гастролга олиб боради. У вақтда оналарга боласи 4 ой бўлгунча тарбия учун вақт бериладиган қонун бор эди. Ҳозиргидек уч йил эмас. Шунда гўдак иситмалаб, қаттиқ касал бўлиб қолади. Кимдир шу ерда Қавс мозори борлиги, унга гўдакни олиб бориб зиёрат қилдирса, дарров тузук бўлишини айтади. Фароғат опа Сойиб Хўжаев билан Қавс мозорига Азимжонни олиб боришади. Фароғат опа болани қабрдан ўнгга қараб айлантириш керак деса, Сойиб ака, йўқ, чапга қараб айлантириш керак дейди. Хуллас, Фароғат опа билганича дуо ўқиб, ихлос билан икки марта ўнгга, икки марта Сойиб Хўжаев айтгандек, чапга айлантиради. Шунда Сойиб ака:

– Порогсердца (Фароғат опани ҳазиллашаб шундай деб чақирар экан), ўғлинг тузук бўлса, эртага чойхонада ош қилиб берасан, келадиган одамларни ўзим айтаман, – дейди.

–Сойибжон ака, ош сиздан айлансин, ўғлим тузук бўлса бўлди, ошдан қочирасизми? – дейди Фароғат опа.

Ўғли тезда тузук бўлади. Эртаси 5-6 кишига чойхонада Фароғат опа ош буюради. Сойиб Хўжаев ўзи таклиф қилган ҳамкасблари келади. Маза қилиб ош еб бўлишгандан кейин улфатларига:

– Бу ошни Порогсердца қилди. Энди беш-бешдан ташлаб қўясанлар. Хотин кишининг ошини текин еб бўлмайди, – дейди. Улар Сойиб Хўжаевнинг айтганини қилишиб, 5 сўмдан ташлашади. Уларни йиғиб Фароғат опага беради.

Bepul matn qismi tugad.

Janrlar va teglar
Yosh cheklamasi:
0+
Litresda chiqarilgan sana:
03 noyabr 2023
ISBN:
5-635-01833-5
Mualliflik huquqi egasi:
Kitobxon

Ushbu kitob bilan o'qiladi