Kitobni o'qish: «Дил меҳроби»
ТУЙҒУЛАРНИНГ ИНЖА ТАСВИРИ
Бугунги ўзбек поэзиясида хилма-хил ва ўзига хос шоир ҳамда шеърлар кўп. Бу турфалик жанрдаги ўзгачаликлар, ифода оригиналлиги, образлар тизими миқёси, олам ҳодисалари ва руҳий ҳолатларни кўришдаги бетакрорлик каби бир қатор жиҳатларда намоён бўлади. Қўлингиздаги китоб муаллифи шоир Ҳабиб Абдуназар ҳам ана шундай ўзига хос ижодкорлардан бири ҳисобланади.
У ўз шеърларида одамнинг хаёл илғамас сезимлари манзарасини акс эттиради. Унинг поэтик тасвир йўсини инсон хаёли ва кечинмалари каби тинимсиз ўзгариб туради. Ҳ. Абдуназарнинг шеърларини руҳий калейдоскопга менгзаш мумкин. Калейдоскопнинг моҳияти адоқсиз турланишда бўлгани каби, шоир шеърларида ҳам тинимсиз поэтик ўзгаришлардан ўзга ўзгармас нарса йўқ. Шоирнинг бирорта шеъри бирор мавзуга бағишланмаган. Уларда асосан синчков кўз, парвоздаги хаёл ва безовта кўнгилнинг таъсир доирасига тушган нарсалардан қолган таассуротлар ва ана шу таассуротдан уйғонган ҳиссиёт манзаралари акс этади. Шу сабаб алоҳида ҳеч нарсага бағишланмагандай туюлгувчи шеърий битикларда, аслида, ҳамма нарса ҳақида гап кетаётган бўлади. Шоирнинг кўпчилик битикларига сарлавҳа қўймаслиги боиси ҳам, эҳтимол, шундандир. Чунки сарлавҳа бир, ошиб борса, бир неча маънони ифода этиши мумкин, Ҳабибнинг шеърларида эса қамров кенг, акс этган поэтик объектлар миқдори кўламли.
Ҳабиб аксар битикларида ўзликка хиёнат қилмай, кўнгилни сақлай билиш нафақат одам, балки олам моҳиятини ўзгартириб юбориши мумкинлигини куйлайди. Очун яхшиланиши ва яшилланиши учун одам, бирламчи, ўз кўнгил мулкини омон сақлаши, оламга кўнгил кўзи билан қараб, унга эзгуликлар бахш этишга уриниши керак. Шунда инсон ҳаётига ҳам, атроф-жавонибга ҳам маъно киради:
Ердан чиқиб қолган тошдек илдизга
Танғисанг кўнгилнинг чайир ипини.
Севги чирқилласа, тун – қора илон
Ёйиб юборса гар зулмат тўпини.
Нигоҳинг осилиб тушса юракдан,
Бир ҳовуч нур отсанг кундузга.
Гурр этиб тўкилса дарахт барглари,
Поклансанг, чўмилсанг заъфарон кузга.
Шоир бошқа бир шеърида тонг отиб, хаёлкаш тундан кундузга ўтиш ҳолати ва бунинг ижодкор руҳиятида қолдирган изини "Индамайин кирди тунга, Кундуз шомларга ботиб. Овчимиди тун кўзи-ла Қўйди хаёлни отиб?" тарзидаги кутилмаган савол воситасида ифода этади. Шоирнинг назарида, хаёлдан айрилиш ҳаётдан айрилишдай аламли ва аччиқ. Лирик қаҳрамоннинг сезимлари чигал руҳий ҳолатининг Ҳабиб Абдуназар томонидан: "Энди юрсак юмшоқ ҳаво, Толиқтирар юрак ҳам. Дилни эса тарк этмади Чеҳралари очиқ ғам" шаклида ифодаланиши шоир поэтик назарининг ўзига хослигини кўрсатади. Ғамнинг очиқ чеҳрали экани ўқирманда некбин кайфият уйғотиб, унда “асл одам учун ғамсизликнинг ўзи – ғам” – деган қаноат пайдо бўлишига олиб келади.
Ҳабиб сўзларни ўз маъносидагина ишлатиш билан кифояланмай, ҳар бир сўзга ўзи истаган маънони юклашга уринади. Унинг шеърларида қўлланган тимсолу ташбиҳлар доимий ҳаракат ва ўзгаришлар оғушида бўлади. Шоир азобнинг ҳидини сезади, эшикнинг хазон бўлгани, устуннинг айрилиқдан қорайиб титраганини кўради, туннинг алдоқчи ва жодугарлигини туяди. Бинобарин, шеърлардаги сўзлар ҳам бундай ғайритабиий ҳолатларни ифодалашга мос келадиган қилиб қўлланилади:
Ҳиди келар сендан азобнинг,
Кўзларингда севилмаган тун.
Хазон бўлиб тўкилган эшик,
Қораймоқда титраган устун.
Сен йиғлайсан, тун ташлар жоду,
Қучоғингда қийналар руҳим.
Яшил шудринг томган болишда,
Гуллаяпти яшил тушларим.
Шунча негатив ҳолат тасвири ҳам лирик қаҳрамон – шоирни умидсизликка туширолмайди. У – умид кишиси. Умиди мустаҳкамлиги сабаб унинг болишга шудрингдай томаётган кўзёшлари яшил ва шу болишда кўраётган тушлари ҳам яшил гуллайди. Маълумки, яшиллик – тириклик, яшариш белгиси. Демак, бу яшил тушлар бир пайт келиб эзгулик мевасини тугади.
Поэтик тасаввур қамрови кенглиги шоирга: "Руҳимнинг кўз ёшлари – Юлдуз томар сизилиб", – дейиш имконини беради. Зеро, унинг микроолами ташқаридаги макрооламдан салмоқли ва чўнгроқ. Чин шоирона назарга атроф олам жонли кўринади. Жонли назар учун очунда ҳаракатсиз, турғун нарсанинг ўзи йўқ. Шу боис атроф-оламдаги барча нарса жонланган, ҳаракату амалда: "Кўнгил бедор тутар осмон қароғин, Тун кўзида қолар уйқунинг гарди. Баҳор очаётир хушбахт қучоғин". Шу шеърнинг кейинги бандида нарса-ҳодисалар ҳаракати янада фаоллашади, бу ҳолат ифодасини бериш баҳонасида шоир жонлантириш билан биргаликда ташхис санъатидан ҳам фойдаланади:
Оппоқ қорлар босиб, қиш адоғида,
Юракка етади орзунинг тили.
Кавушларин ечиб чопар лайлак қор,
Сенга ҳавас қилар –
Бойчечак Гули.
Чинакам шеърда мантиқдан кўра туйғу устуворлик қилади. Бундай битикда мантиқ изчиллиги эмас, ҳиссиёт ва кайфият мунтазамлиги акс этган бўлади. Шоир олам ҳодисаларининг барча одам илғай оладиган реал кўринишини эмас, балки фақат уларнинг ўз руҳиятида қолдирган манзарасини чизади:
Тун уфурган баркамол ғамда,
Чувалади хастаҳол йўллар.
Ой хириллаб олади нафас,
Қор туёғин қоқади тўриқ.
Йиқилади чинқирган қоя,
Тутаб ётар қўшоғиз милтиқ
Ушбу тасвирнинг энг сўнгги мисрасидагина ҳаётий ҳақиқат акс этган. Олдинги беш қаторда эса ўша биргина мисрада акс этган реалликнинг шоир руҳиятидаги чигал излари ифода этилган. Унчалик ҳам назарга илинмайдиган сабаб даҳшатли оқибатларни келтириб чиқаргани формал мантиқ мунтазамлигига терс ҳолда ғоят ўзига хос тасвирини топган. Бу сатрларга мусиқийлик, қофия сингари ташқи унсурлар эмас, кайфият яхлитлиги муҳрланган.
Ҳабибнинг кўпчилик шеърлари хаёлоти ғоят юксак парвозларга мойил, руҳият олами чегарасиз, кайфияти симобдай беқарор шахс кўнгил ҳолатининг ифодасидир. Улар борлиқнинг нусхаси эмас, балки ўз ҳолича мустақил бир борлиқдир. Адабиёт фалсафасининг улкан билимдони Ортегай-Гассетнинг: "…танасининг оғирлиги туфайли худди тешилган ҳаво шари каби кўтарилолмай, гоҳ ерда судралиб, гоҳ дарахтларга илашиб, гоҳ томларга урилиб ётган шеъриятни ортиқча юкдан халос этиш керак эди… Эндиликда одамлар ҳаёт бир нарса, поэзия эса тамомила бошқа нарса эканини билишяпти, билишмаса-да, сезишяпти. Бу икки нарсани бир-бирига аралаштирмаган маъқул. Айнан одам тугаган жойдан шоир бошланади. Бирининг тақдири – ўзининг "инсоний" йўлидан юриш, иккинчисининг миссияси эса йўқ нарсани яратишдир. Шоир дунёни бойитади, ўз-ўзича мавжуд бўлган реал борлиққа, ўзининг янги ирреал қитъасини қўшиб, оламни кенгайтиради", – деган қаноатини айнан Ҳ. Абдуназарга ўхшаш ижодкорларнинг шеърларига татбиқ этиш мумкин.
Шундай қилинсагина шоирнинг кутилмаган мажозларга бой шеъриятидаги "Осмон – улкан қабр, Кўмаман руҳимни. Ой – устига қўйилган Синиқ бир коса" сингари ташбиҳларнинг руҳоний жиҳатдан нақадар ҳаққоний эканини илғаш ва бу тасвирлардан таъсирланиш мумкин. Шундагина: "Ёғарди ёмғир! Оёқларинг судраб келар эди заминни" сатрлари замиридаги формал мантиққа сиғмайдиган маъноларнинг зил юкини туйиш имкони юзага келади. Асл бадиият мантиқий тафаккур тугаган жойдан бошланганига имон келтирган ўқирмангина "Майсалардек ундим юрак дарзларидан" ёки "Ажал улғайтирар, яшнатар ўлим" каби сатрлар замиридаги яширин мантиқни туя олади.
Умуман, бадиий ижодда, хусусан, шеъриятда "майда нарса" деган тушунча бўлмайди. Шеърни майда нарсанинг йириклигини, улкан нарсанинг қанчалик майдалигини туйдириш омили дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам Ҳабибнинг:
Ҳеч нарса айтма менга
Сирларингни сақлайдиган
ҳеч нарсам йўқ
сўзларидангина иборат учлигига шунчаки сўз ўйини тарзида қараб бўлмайди. "Ҳеч нарса"ни қўйиб қўйгудек, "ҳеч нарса"си бўлмаган одамга "ҳеч нарса айтма"ган маъқуллиги акс этган тасвир замирида зилдай юк борлигини бир қадар туйиш ҳар қандай одамнинг маънавий оламини бойитади, уни эзгу фазилатларни илғаш сари йўллайди.
Азиз ўқирман! Ҳабиб Абдуназарнинг "Дил меҳроби" номли шеърий китобидаги битиклар билан танишиш кўнглингиздаги кўзга кўринмайдиган, қўлга илинмайдиган, қулоққа эшитилмайдиган фақат кўнгил торларигагина уринадиган исмсиз дардларни куйдек, ноладек қўзғатиб, руҳингизни безовта қилади ва сизни тирикчиликнинг кирларидан фориғ этади, деган умиддамиз. Кўнгилнинг шеърий оламига қиладиган сайрингиз хайрли бўлсин!
Қозоқбой Йўлдош,2013 йил 10 октябр
СЕВИЛМАГАН ТУН
(1990-1994)
1. Яшил шудринг томган болишда,
Гуллаяпти яшил тушларим.
«Инжиқ шамол ҳасратларидан…»
Инжиқ шамол ҳасратларидан,
Пўст ташлайди толиққан гужум.
Шохларида гуллаган анжум.
Олиб кетса йиғиларимни –
Оққан ирмоқ – бу эмас, ҳижрон,
Юрагимга қуйилган забон…
Уватларга ёйилган йўллар,
Шудрингли тун, тутамлаб ёлғиз –
Ой нурларин ўради бир қиз…
Шундай кечар умри соғинчнинг,
Асли шудир мен кутган чирой:
Туёқлари ойга ботган той.
«Меникидир сирли шу эртак…»
Меникидир сирли шу эртак,
Сирли тароқ, сеҳрли кўзгу
Ва кўзадан тошаётган ой –
Тилла қошиқ – ичилган оғу.
Меникидир кўнгил майидан,
Кўк тоқида чайқалган майдон –
Тилла қошли эгар пойида
Тўзиб ётган зангори осмон.
Меникидир, меники яна…
Хотиралар асраган бу туш.
Ҳамон учиб келаверади,
Тумшуғида гул тутган оққуш.
Меникидир ёлғиз шу матлаб…
«Ҳиди келар сендан азобнинг…»
…сен ҳақингда
Ҳиди келар сендан азобнинг,
Кўзларингда севилмаган тун.
Хазон бўлиб тўкилган эшик,
Қораймоқда титраган устун.
Қонталашдир захлаган яра,
Тугамаган юрак саботи.
Кечаларнинг хоинлигини,
Сўзлаб ўтар турна қаноти.
Сен йиғлайсан, тун ташлар жоду,
Қучоғингда қийналар руҳим.
Яшил шудринг томган болишда,
Гуллаяпти яшил тушларим.
«Ёриш осмон –…»
Ёриш осмон –
Осмоним,
Тар новдалар букилди.
Ҳазин, тунги боғларда
Алп юрагим сиқилди.
Ёриш кўнглим –
Кўнглима,
Тинди қушлар сайроғи.
Кўкнинг нурсиз кўзидан
Келар тунлар фарёди.
Ёриш тупроқ –
Тупроғим,
Таним кетди бузилиб.
Руҳимнинг кўз ёшлари –
Юлдуз томар сизилиб.
«Куйлайди ёввойи теракзор…»
Куйлайди ёввойи теракзор,
Ўйнар дил – барглари йўлимда.
Тупроқ йўл судралар имраниб,
Чанглари – дардлари кўзимда.
Майсалар букилар иболи
Поданинг ойботар изига –
Осилиб чиқади чумоли –
Қувончнинг нур сизган юзига.
Жонимга ҳузурлар тўшайди,
Отқулоқ баргидан далалар.
Гулафзо, гулзорлар хушлайди,
Ишқики унади кўнглимда.
МЕЗОН
Дала.
Қуёш – тошқудуқ
Нурларин симирар
Иссиқ шамоллар.
Кўчаларни чангитиб
Кўчиб борар далаларга
Лойсувоқ уйлар…
Ортидан одимлар
бир маромда кун.
Йўрғалар эшак –
Хуржунининг бир кўзида нон,
Бирида тош, кесак…
Ёнида ҳаллослаб
Борар қора ит.
Парвозлар тусаган к ўнглимни
қўйвормайди –
Қаттиққўл мезон.
«Кетар карвон…»
Кетар карвон,
Келар карвон,
Ўртанурга бир жисми жон:
Ишқи ҳайрон йўқдир, гуло,
Ишқи осмон надур, гуло?
Қароли тун,
Яроли тун,
Кўзларида нолаи ун:
Нетур ғамандўз чоҳида.
Йиғлар кўнгилки гоҳида.
Сийласа дил,
Куйласа дил,
Тонгларга бош қўяди гул:
Солиб сурон, сочлар қуюн,
Бузиб кетар кўнгил уйин.
Ёнар кеча,
Ёнар дардим,
Неки борин мен ҳам айтдим.
У ҳам сўзлар илоҳий Сўз –
Саҳро ғамин куйлар қўбиз…
«Юрагимга чўкди бу оғир титроқ…»
Юрагимга чўкди бу оғир титроқ,
Недин ўйлаяпман сени-да, кўпроқ,
– Ай, одами тупроқ.
Фаришта сочида типирчилар моҳ,
Қаршимда тебраниб турар бир боргоҳ,
Азизам, бу ғамдан эт мени огоҳ!
Кўлмакда сукунат тўқир қармоғим,
Илон тилларида ўчган туғёним,
Гулёдим, имдодим, фарёдим…
Руҳим даштларида увлайди бўрон,
Ёлғиз кетиб борар саҳро ва тўфон,
– Ай, одами урён.
Bepul matn qismi tugad.