Kitobni o'qish: «ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ»
Чингиз Абдуллаев– 1959 йил 7 апрелда Боку шаҳрида туғилган.
Ҳуқушунослик фанлари доктори.
Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси котиби,
ПЕН-клубнинг вице-президенти,
Халқаро адабиёт фондининг ҳамраиси,
Халқаро ёзувчилар уюшмалари Кенгаши ижроия комитети аъзоси.
Асарлари МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари, АҚШ, Франция, Швеция, Норвегия, Туркия, Руминия. Исроил, Болгария, Сербия ҳамда бошқа хорижий мамлакатларда ўн саккиз тилда чоп этилган. Умумий тиражи йигирма миллиондан ошади. Адибнинг асарлари асосида ўнта бадиий фильм ва иккита сериал суратга олинган.
ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ
Анонс
Бирданига афсонавий меросга – уч миллиард “кўки”га эга бўлишни бечораҳол журналист Ринат Шарипов тушида ҳам, ўнгида ҳам хаёлига келтирган эмасди. Ҳаёти эртаклардагидек ўзгариб кетди: қимматбаҳо машина, ҳашаматли ресторанлардаги тушликлар, ҳоли-жонига қўймайдиган беҳисоб соҳибжамоллар… Афсуски, текин пишлоқ, фақат, қопқондагина бўлади. Бошига кутилмаганда ёғилган бойликнинг Ренат ҳақини эса тўлаши керак… Қўрқув билан. Кимдир унга ўқ ҳам узиб кўрди, ҳозирча бу - фақат қўлидан яраланиш билан тугади. Ким унинг пайига тушган? Унга ҳаддан зиёд бойликни мерос қолган олигарх амакисининг вертолётини портлатган кимсалар эмасмикин? Бу саволнинг жавоби чекига тушган бойликдан ҳам кўпроқ гаранг қилишини Ренат ҳали билмайди.
КИРИШ
Ушбу вилла Антибдан беш чақиримлар узоқликда – юксак оқ деворлар ортида жойлашган эди. Илгари девор анчагина паст эди, янги хўжайин эса уни қайта қуриб, баландлигини тўрт метрга етказди. Ҳамма томонга чақирилмаган меҳмонларни кузатадиган камералар ўрнатилди. Эндиликда бошқа виллаларда яшайдиган қўшниларнинг кўзи аҳён-аҳёнда дарвоза олдида кўринадиган қўриқчиларгагина тушиб қолиши мумкин эди. Чунки қўриқчилар деворни ташқи томонидан айланиб, чор атрофни диққат билан кўздан кечиришарди. Аммо бу ердаги қўшнилар унчалик синчиков эмасди. Вилла ҳовлисида махсус жиҳозланган қўниш майдончаси борлигини, Ниццадаги аэропортдан тез-тез вертолётлар келиб туришини, бу эса вилла соҳибларини автомобилда саёҳат қилишдек ғалвадан халос қилишини кўпчилик биларди.
Ўша куни вертолёт эрталабки соат ўнда учиб келди. Унгача соқчилар ўтирган икки машина виллани тарк этиб, Ницца томонга жўнаб кетган, бу ерда эса хўжайиннинг ўзи, рафиқаси, ўғли ва унинг оиласи билан бирга учиши лозим бўлган соқчилар бошлиғи қолганди. Ҳамма нарса жўнаб кетишга шай қилиб қўйилганди.
Вертолётда ўтирган учувчи хўжайиннинг ўғли билан хотини машинасига яқинлашаётганини кўриб туради. Саккиз ёшлардаги малла соч бола уларни олиб кетишга келган вертолётга ҳеч бир қизиқишсиз боқар, бунақа транспорт воситаларига ўрганиб кетгани учун уни ғайри табиий нарса сифатида қабул қилмасди. Болакайнинг онаси – ўттиз ёшлардаги чиройли чеҳрасида норозилик ифодаси балқиган аёл ўриндиққа ўғли билан ёнма-ён жойлашди. Учувчи ўзи хизмат қиладиган виллаларда бунақа қўллари бежирим, оёқлари узун ва келишимли аёлларнинг кўпини кўрганди. Бунақалар одатдаги собиқ мода юлдузлари ёки Ложувард қирғоқдадаги ҳашаматли “истироҳатгоҳ”ларнинг эгаси бўлмиш бойларга эрга чиққан ёки жазмани бўлмиш актрисалардан иборат эди.
Ичкаридан соқчилар бошлиғи оғир жомадонни кўтариб чиқди. Афтидан, унинг ичига хўжайин бошқа қўриқчиларга ишонмайдиган пул ёки бошқа қимматбаҳо нарсалар жойланган эди. Қўриқчилар бошлиғи вилла хўжайинини кутмасданоқ вертолётга чиқиб олди. Аёл афтини норозилик билан бужмайтирди: у кимлигидан қатъий назар, бирор кишини, ҳатто ўз эрини ҳам кутишни ёқтирмасди.
Ниҳоят вилла хўжайинининг ўзи кўринди, учувчи Антиб ҳудудидаги антиқа кошона соҳиби бўлмиш инсонга ғайриихтиёрий ҳурмат билан боқди. Хўжайин ёрқин рангдаги костюм кийган, қора кўзойнак ва оқ шляпада енгилтак олифталарга ўхшаб кетарди. Бойлар ўзига хос ғалати феълли инсонлар балади-да, ўйлади учувчи. Вертолётни чақиришнинг ўзи икки минг доллар турса-да, бунақа ҳашаматда яшайдиганлар учун бу пул ҳисобланмасди. Хўжайин вертолёт кабинасига тезгина чиқиб олгандан сўнг, соқчилар бошлиғи учувчига ишора қилди. Машина ҳавога кўтарилди.
У бир ярим дақиқадан сўнг денгиз устидан учаётганда портлади. Пляжда чўмилаётган минглаб чўмилувчиларнинг кўз олдида фожиали ва эсдан чиқмайдиган манзара рўй берди. Вертолёт худди ракета теккандек бирданига парчаланди. Унинг увадалари дам олувчиларнинг ваҳимали қийқириқлари остида денгиз узра ёғилди.
1 боб
Боши чидаб бўлмас даражада оғрирди. Уйига эрталаб соат бешларда келганди чамаси. Ичишни сал ҳаддидан ошириб юборипти. У чўнтагидан чиққан ғижимланган қоғоз пулларга қараб турди-да, столча устига қўйди. Пул деган лаънати доимо ҳалокатли тарзда етишмасди. У тўшакдан қўзғолиб, бор пулларини қайта санади. Саккиз минг рубл. Тахминан уч юз доллар. Сўнгги иккита мақоласи учун журналдан олган қалам ҳақидан қолгани шу эди. У хўмрайди. Журнал ҳийла машҳур бўлиб, унга икки минг доллар тўлаганди. Қанчалар тез ва аҳмоқона сарфлапти-я. Бунча катта пулни нимага харж қилиш мумкин? Дўстлари билан кечаги учрашувда икки юз доллардан кўпроқ кетди. Унча катта бўлмаган кафеда ўтириш унча қиммат эмас – ҳисоб-китоб варақасига кўра тўрт жўранинг маишати олти минг сўмдан кўпроққа тушганди. Афтидан уч шиша ароқ ичилганди ёки тўрттадир. Аниқ эслайолмайди.
Қолган пуллар қани? У кароватга қайтди. Мана янги кўйлак, янги пойабзали. Москвада нарх баландлигига қарамасдан, унга яхши ботинка керак эди, икки юз долларнинг баҳридан ўтишга тўғри келди. Майда қарзларини узди. Қайдандир пайдо бўлганиб қолган Лиза қизига куртка олиш баҳонасида бир лаҳзада тўрт юз долларини шилиб кетди.
У кароватда ўтирган кўйи хўрсинди. Улар бир неча йиллар муқаддам ажрашиб кетган бўлишса-да, Лиза ички бир сезги билан унинг қўлига пул тушгани пайтни аниқ сезарди. Ким билсин, савқи табиийнинг бунга ҳеч қанақа дахли бўлмаслиги ҳам мумкин. Лизанинг ҳам касби журналист – телевидениеда ишларди. У ерда маошни анча яхши ва мунтазам тўлашарди. Айнан шунинг учун ҳам ажраб кетишганди. Топадиган пулининг баракаси йўқлиги хусусидаги Лизанинг танбеҳ ва киноялари жонидан тўйдирганди. Ренат ўзини эркин ижодкор ҳисоблар, Москвага келганидан бери шунақа турмуш тарзига кўникиб кетганди. Бу эса Лизага ёқмасди. Унинг матбуотда эълон қилган янги мақолаларини кўрибоқ, қўлига қачон пул тушишини аниқлаш Лизага чўт эмасди. Лиза дарҳол унинг арзимас миқдордаги алиментни ҳам ўз вақтида тўлай олмаганини эслаб қоларди. Ҳолбуки, қонунга кўра у қизини боқишга мажбур бўлиб, бундан ҳеч қачон бўйин товлаган эмасди. Лекин гап олти ёшли қизининг тақдири ҳақида кетаётган бўлса-да, хотинининг доимий таъмагирлиги жонига тега бошлаганди.
Қизи эсга тушгач, беихтиёр жилмайди. Қизининг исмини марҳум онаси шарафига Катя деб қўйишганди. У невараси туғилишидан бир йил олдин, Лиза билан тўйлари ўтгандан сўнг роппа-роса бир ойдан сўнг дунёдан ўтганди. Қизи Ринатда бўлгани каби томиридаги татар ва славян қони ажиб тарзда қоришиб, чинакам соҳибжамол бўлиб ўсаётганди. Отаси Равил Шарипов етмишинчи йиллар бошида Киевда ўқиб юрган кезларида украин қизи Екатерина Полищукка уйланганди. Етмиш олтинчи йилда Ринат туғилди. Онаси қанақа бахтиёр яшаганларини доими эслаб турарди. Афсуски, бу бахтнинг умри қисқа экан, Ренат тўрт ёшга кирганда отаси тасодифий автоҳалокатдан ҳалок бўлди. Ўғли отасини суратлари ва болаликдан қолган ғира-шира хотиралари орқали биларди. Гоҳо, отаси тушларига аниқ-таниқ ва эсда қоладиган қиёфада кирарди. Улар ҳатто ўзаро суҳбат ҳам қуришар, аммо ҳар сафар уйғонганда, бу туш бўлиб чиқарди.
У кароватдан турди-да, яна пул ҳақида эслади. Ҳали қанча муаммолар бор. Аллақачон буюртма қилинган навбатдаги мақола ҳақида ҳам ўйлаб кўриш вақти ҳам етди. Муҳаррир Рублевкада яшовчиларнинг маънавий қиёфаси ҳақида ёзишни сўраганди. Ҳозир бу мавзу кимлардадир ашаддий қизиқиш уйғотганди. Бир томондан бутун ҳаётларини уддабуронлик билан ўзгартириб юборган олигархларга ҳавас билан қарашса, бошқа тарафдан ҳамма мафиядан, амалдорлардан, солиқ назоратчиларидан, текширувчилардан, рақобатчиларидан, ҳамкорларидан қўрқиб яшайдиган мамлакатда миллиардер бўлиш қанақа азоблигини кўриб туришарди. Ренат бу мавзуда ёзишни кўпдан ўйлаб юрарди. Аммо қораламалари муҳаррирга унча манзур бўлмади. Чунки уларда янги олигархларнинг ҳавойи сарф-харажатлари ҳақидаги бемаъни миш-мишлар кўпроқ ўрин олганди. Таҳририятга эса аниқ далиллар керак эди. Итларнинг жунини тарашлагичлар, “олтиюзлик” ”Мерседес”лар, яхталар, виллалар, Филиппиндан олиб келинган энгалар ҳақида эса барча газеталар ёзиб улгуришганди.
Ренат ғижимланган галстугини топиб, юзини бужмайтирганча, бўйнига илар экан, ажралишдан кейин ижарага олган бир хонали квартирасига назар солди. Олдинги учхонали квартирасини ажрашган кезларида Лиза билан қизига қолдирганди. У ҳатто собиқ хотинига шунча қийинчилик билан олган уйни бўлишишни таклиф этишни хаёлига ҳам келтирмади. Чунки хотини унинг қизи билан қолаётганди. Бу уйни саксон саккизинчи йилда рўй берган ва бутун Россияни эсанкиратган пулнинг қадрсизланишидан сал ўтгач сотиб олишганди. Умуман, ўша инқироз ўзларига жуда қўл келган бўлса-да, бу ҳақда у ўйламаган экан. Ўша йили онаси қазо қилди. У оғир ётган бўлса-да, бутун кучини жамлаб, ўғлининг тўйида қатнашишга ваъда берганди. Кейинчалик у онасининг тўйидан олти ой олдин ўлиб кетиши мумкинлигини билди. Лекин кампир врачларга ва ҳамма нарса қасдма-қасд тарзда унинг тўйигача яшашга ўзида куч топганди. У жуда ёш пайтида бева қолганига қарамасдан, бошқа эрга тегишни хаёлига ҳам келтирмади. Фақат битта нарсанинг – ўғлининг тўйини кўриш орзуси билан яшади.
Тўй мартда бўлиб ўтди, онаси эса апрелда қазо қилди. У ўша ойни Киевда – қўлида жон бераётган онаси ёнида ўтказди. Кейин яна Киевда бир неча кун қолиб, онасини дафн этди ва квартирасини сотди. Онасининг ўлимидан сўнг ўша уйга бориш ҳаддан ташқари азобли эди. Квартира уч хоналик, каттагина, ёрқин болалик хотираларига тўлган Крещатикдан унча узоқ эмасди. Уй уларга бобоси – онасининг отаси, совет армияси генералидан мерос қолганди. Уни Ренат қирқ минг долларга пуллашга муваффақ бўлди. Бу ўша кезларда Украинада катта пул ҳисоблангани боис савдолашиб ўтирмади. Москвада эса бу пулга марказдан четроқдаги шинамроқ уйдан бир хонали квартира олиш мумкин эди, холос. Тўқсон саккизинчи йилнинг августидаги ўша машҳур дефольт туфайли нархлар тўрт баравар тушиб кетди. Унинг қўлида эса ўттиз саккиз минг доллардан кўпроқ сармоя бор эди.
Худди шу кезда Королев кўчасидан уч хоналик уй олди. У уйни тарк этаётган пайтида Лизага квартира ўзининг пулига келганини эслатиб ўтирмади. Расман квартира биргаликда топилган ва бўлиниши шарт бўлган мулк ҳисобланарди. Ренат эса бўлиб ўтиришни хоҳламади. Шунинг учун ҳам ҳозир Красной Преснедаги ижара уйда яшаяпти. Лизага қолдирган квартираси эса эндиликда юз саксон минг доллар турар ва йил сайин қимматлашиб борарди.
Ренат ақлини йиғиб олиш кераклигини ўйлади. Доимий иш топиш ва яхши турар-жой сотиб олиш учун пул жамғариш лозим. Бу ерга таниш қизларни бошлаб келиб бўлмасди. Ҳар сафар тасодифий учраган қизларни турли хил баҳоналар билан чалғитишга, баъзи бирларини бошлаб бориш учун танишлардан бирортасининг уйини вақтинча сўраб туришга тўғри келарди. Лиза унинг доимий оила қуришга бўлган иштиёқини сўндириб қўйганди. Кейинги пайтларда Оксанани топган бўлса-да, иккаласи ҳам онда-сонда тўғри келадиган учрашувлар билан кифояланишар, бундан эса бараварига ҳам озор чекишар, лекин бир-бирисиз қолишдан кўра, кўпроқ ҳафсалалари келмаганидан орани узишга эринишарди.
Эшик қўнғироғи жиринглади. Ренат афтини бужмайтирди. Бунақа пайтда Оксанадан бошқа бировнинг пайдо бўлиши эҳтимолдан узоқ эди. Одатда эса қиз аввал огоҳлантириб, кейин келар, бу ерда бошқа аёл бўлиши ҳам мумкинлигини тушунарди. Дима ҳам бўлиши мумкин-у, лекин ҳеч қачон бунақа барвақт келмасди.
Қўнғироқ қайта жиринглади. Ренат кўрпани итқитиб ташлаб, эшик сари йўналди ва “кўзча”дан мўралади. Бу Дима эди. Бунақа эрта туриб, ўн бирда бировни йўқлаш учун одам ақлдан озган бўлиши керак! Чунки Дима одатда кундуз куни соат икки ёки учларда уйғонар, рассомчилик қилганидан, тонг олди ётишга ўрганганди. Бугун эса кутилмаган вақтда келиб турипти.
У эшикни очди. Дима отилиб кириб, хона томон чопди. У миқтидан келган, хўппа семиз, қизил ёноқли, хушчақчақ йигит бўлиб, бўйни сезилмас, шунинг учун каттакон калласи тўппадан-тўғри гавдаси устига қўндирилгандек туюларди. Доимо хуш кайфиятда юрар, ашаддий майхўрликдан сўнг ҳам оёқда тура олиши унинг фазилатларидан бири саналарди.
– Саҳар-мардонда нима қилиб юрибсан? – сўради Ринат.
Ўзи эса юзини силаб, соқолини олмаганини сезди, аслида эса бунақа тиканак башара билан юриш кўпдан одатига айланганди. Шунинг учун уни юзига уч кунлаб тиғ тегизмасликни русумга киритган Гергиевнинг ёшлигига ўхшатишарди. Ринат Шариповнинг ҳам уч кунда бир марта соқол қириши мода ортидан қувишнинг эмас, дангасалигининг касри эди. Бундан ташқари, анчагина суртма кўпик ҳам тежаларди. Чунки териси нозик бўлганидан ҳар хил тошмалар тошмаслиги учун кўпроқ қимматбаҳо суртмалардан фойдаланишга тўғри келарди-да.
– Сени қандайдир хорижликлар шаҳар бўйлаб излаб юрганмиш, –тантантанали тарзда ғўлдиради Дима. – Менимча, ё французлар, ё бельгияликлар. Улар менинг кўргазмамга ҳам келишганди. Кеча кечгача қўл телефонингга қўнғироқ қилиб тушаолмадим. Неча ўчириб қўйилган?
– Қуввати тугапти, – деди Ренат қўл телефонига кўз ташлаб. – Кеча болалар билан роса отибмиз, телефон ёдимдан ҳам чиқиб кетипти. Кейин қарасам, аккумлятори ўтириб қопти. Ҳозир буни тўғрилаймиз.
– Сен ҳеч нарсани тушунмадинг, – қўлини жазавали силкиди Дима. Унинг эгнида ечишга улгурмаган курткаси, чийбахмал шими ва малла ранг пуловер бор эди. – Сени бутун шаҳар бўйлаб аллақандай хорижликлар қидиришаяпти. Афтидан, муҳим ишлари бор кўринади. Балки, мақолаларинг ёқиб қолиб, ўз газеталарининг махсус мухбирлигига таклиф қилишмоқчидир.
– Мен француз тилини билмайман, – тумтайди Ренат.
– Ҳечқиси йўқ, инглиз тилинг жойида-ку.
– Инглиз тилидаги билимим мақола ёзадиган даражада эмас. Фақат, гаплаша оламан. Умуман, улар мени нега ишга олмоқчи бўлаётганини тушунмаяпман. Балки, ўтган йили москвалик фоҳишалар ҳақида мақола ёзганимдаги каби тумшуғимга яхшилаб тушириш учун излашаётгандир. Хорижликлар ўртасида ҳам аламзада ўқувчиларим пайдо бўлган бўлса ажаб эмас.
– Улар сени бутун шаҳар бўйлаб тумшуғингга тушириш учун қидиришаётгани йўқ. Ўзингнинг нархингни ошираверма. Улар, ҳатто, Оксанага ҳам қўнғироқ қилишипти. Нима, эрталаб сенга айтмадими?
Ринат шаҳар телефонига қаради, гўшагини кўтариб кўрди. Ишлаяпти. Демак, қиз қўнғироқ қилмаган. Каллаи саҳардан уни йўқлаш зарил кептими? Қандайдир чет эллик саҳармардондан қўнғироқ қилиб, Ренат Шариповни сўраганда, унинг қанақа қаҳри келганини тасаввур қилиш қийин эмас. Чунки, йигит қизникида ҳеч қачон тунаб қолмаган-да. Аслида қолса ҳам бўларди-ю, лекин, ижарага олган уйи икки хонали бўлса-да, Оксана ўз эркинлигини мардонавор муҳофаза этар, остонасига ҳеч кимни, ҳатто Ринатни ҳам қўймасди. Қўнғироқ қилишганда телефон гўшагини отиворган бўлиши ҳам мумкин. У соат ўнда ишга бориш керак, унинг учун Ринатга қўнғироқ қилиб қўйишни хаёлига ҳам келтирмаган. Шуни ўйлаб Ринат елкасини қисди, ҳаммаси тўғри, ораларидаги муносабат узилай-узилай деб турипти. Йигит ўзига боп аёлни топа олмагани, қиз ҳам кўнглига мос эркакка дуч келмаётганидан, ноилож ойига бир-икки бор учрашиб туришади.
– У қўнғироқ қилмаган, – қўлини сермади Ринат. – Хўш, уларга нима керак экан ўзи? Нега мени излашаяпти?
– Мен қайдан билай, нима ҳоҳлашганини менга айтишмайди-ку. Машиналари “еттилик” “БМВ”, шунга қараганда анча жиддий одамлар. Тасаввур қилаяпсанми?
– Нима бўпти, хорижлик пулдорлар Москвада тўлиб-тошиб ётипти. Мен нега ҳовлиқаётганингни тушунмаяпман, яна барвақт туриб опсан. Агар мен керак бўлсам топишади. Нега уйимга қўнғироқ қилишмапти?
– Бунинг учун телефонингни ишлатиб қўй-да, – Дима қувватлантириш учун қўйилган матоҳга ишора қилди.
Шарипов унинг гапини маъқулаб, телефонини ёқди. Кўп куттирмай жиринглаган телефонга кўз ташлаб, қўнғироқ қилувчининг рақами нотаниш эканини кўрди.
– Мен сенга айтгандим-ку, – деди Дима қувониб.
– Эшитаман, – гўшакни кўтарди Ринат.
– Жаноб Шарипов, биз “Деловой мир” журналидан қўнғироқ қилаяпмиз. Ўтган ойда олган бўнагингиз эвазига буюрилган мақолани аллақачон қўлимизда бўлиши керак эди, шундай эмасми? – деди асабийлашган аёл овози.
– Шундай, – маъқуллади Ренат эсанкираб, – мақолани албатта келгуси ҳафтада топширман. Йигирманчи кунга.
– Кечикманг-а, – кескин оҳангда тайинлади аёл.
– Шунақа гаплар, – деди Ринат телефонни йиғиштираркан, – бўнагини тўлаб қўйишган мақолани сўрашаяпти. Сенинг хорижликларинг ҳам менинг одатдаги қарздорларимдан бўлса керак-да ёки шунга ўхшашроқ. Сен бўлсанг ҳовлиқиб юрибсан.
– Биласанми, сенинг кўнглингни топиш қийин, -жаҳлланди Дима, – мен ҳеч қачон миннатдор бўлмайдиган тўнғизни топиш ва нега қўл телефони ишламаганини аниқлаш учун эмас, сени хурсанд қилиш учун атайлаб барвақт туриб олибман-а.
– Оддий телефондан қўнғироқ қилсанг ҳам бўларди.
– Кеча кечқурундан то тунги соат учгача қўнғироқ қилдим, аммо жавоб бермадинг, кейин билсам, йигитлар билан қалам ҳақингни ювиб, маишат қилиб юрган экансан. Мени чақирмабсан ҳам, айтаяпман-ку, яхшиликни билмайдиган тўнғизсан.
– Сен билан алоҳида ювмоқчийдим,– ўзини оқлашга уринди Ринат. Дима ҳақ, уни таклиф қилиш керак эди, яхши иш бўлмапти.
– Чет элликлар янги манзилингни ва телефонингни сўрашди, – Дима ҳамон ўзини босиб ололмасди, – сени топиша олмасликлари учун, атайлаб шаҳар телефонингни бермадим. Улар билан учрашиш керак ёки керак эмаслигингни ўзинг ҳал қилишинг учун, фақат қўл телефонингни айтдим Аксинча, қанақа ижара уйда яшаётганингни аллақачон билган бўлишарди. Қолаверса, сени огоҳлантириб қўймоқчи бўлдим.
У сўзини тугатишга улгурмади, уяли телефон жиринглади.
– Мистер Ринат Шариповми?
– Ҳа.
–Жуда яхши. Биз сизни уч ойдан бери қидириб юрипмиз.
2 боб
Бу гапни эшитиб Ринат беихтиёр хўмрайди. Нега нотаниш кимсалар уни шунча пайтдан бери излашаётган экан? Ёки бу қидирувлар ҳам ўтган сафарги мақоласи билан боғлиқмикин?
– Сизга нима керак ўзи?
– Зудлик билан сиз билан кўришишимиз керак. Афсуски, янги телефонингизнинг рақамини аниқлаш имкони бўлмади, собиқ хотинингиз эса биз билан гаплашишни ҳам ҳоҳламади.
– Бунақа қилиш унинг қўлидан келади,– тўнғиллади Ринат.– Мени нега излаётганингизни унга айтмаган бўлсаларинг керак, албатта?
– Бунақа маълумотларни ошкор қилишга ҳаққимиз йўқ. Сиз Иосиф Плавникнинг адвокатлик идорасига кела оласизми? Биз Остоженки районидамиз, манзилни айтиб юбораман.
– Қачон?
– Иложи борича тезроқ. Айтдимки, биз сизни жуда кўпдан бери ахтараяпмиз. Қачон кела олишингиз мумкин?
У аввал Димага, кейин соатига қаради.
– Шунчалик шошилинчми?
– Ҳа. Фақат бир нарсани аниқлаб олай, Киевда туғилган онангиз Катерина Полищук генерал Петр Полищукнинг қизи бўлгани тўғрими?
– Тўғри-ю, лекин, бобомнинг нима алоқаси борлигини тушунмадим?
– Келаверинг, – таклиф қилди аёл, – ҳар қалай пушаймон бўлмайсиз. Фақат тезроқ келинг.
– Яхши. Ўттиз- қирқ дақиқаларда етиб бораман. Лекин, ёлғиз эмасман. Мен билан… вакилим ҳам бирга бўлади.
– Адвокатингизми? Демак, нега излаётганимизни билар экансиз-да?
– Ҳа.
У Димага аллақандай умидсиз нигоҳ ташлади, дўсти телевизорда кўрсатиладиган серсавлат адвокатларга унчаям ўхшамасди-ю, лекин бундан бошқасини қайдан топади?
– Бу менинг ҳуқуқшунос маслаҳатчим, -деди ва Дима Сизовнинг ботинкасига таассуф билан қараб қўйди.
– Ундай бўлса, сизларни қирқ дақиқадан сўнг кутамиз, манзил ва телефон рақамини ёзиб олинг.
Ринат ручкани олди. Бесабр Дима савол беришни бошлаганда уларнинг суҳбати тугаганди.
– Айтишдими, нега излашаётган экан?
– Йўқ, фақат тезроқ адвокат Плавникнинг идорасига етиб келишни сўрашди. Негадир бобомни суриштиришди. Французлар уруш қаҳрамонлари ҳақида китоб ёзишаётганмикин?
– О, худойим, бу машҳур адвокат-ку. У одатда турли хилдаги шартномаларни расмийлаштиришда қатнашади, йирик компанияларнинг манфаатини ҳимоя қилади. Яқинда “Московские новости” газетасида ҳам у ҳақда ёзишганди. Нима дейишаяпти уларинг?
– Ҳеч нарса дейишмаяпти. Айтишларича, мени уч ойдан бери излашаётганмиш. Нега экани тушунарсиз. Лизага қўнғироқ қилишса, мени қандай топиш мумкинлигини айтмапти. Шаллақи. Гаплашиб ҳам ўтирмаган бўлса керак, номимни эшитиши билан гўшакни илиб қўйган. Ҳали ҳам ажрашилишимизда мени айбдор, деб билади. Мен бўлсам унга уйимни бериб ўтирибман-а…
– Бориб турган шаллақи,– тасдиқлади Дима, унинг ўзи ашаддий бўйдоқлардан бўлиб, оилани ижодкор шахс учун ортиқча даҳмаза ҳисобларди.
–Ўша адвокатга биргаликда борамиз, – деди Ринат, – уларнинг ишини тезликда тугатиб, биргаликда нонушта қиламиз.
– Бу яхши гап, -деди хўппасемиз Дима, – пулдан қолдими ўзи?
– Озроқ бор. Яхши нонуштага етади, кечки овқатга эса йўқ.
– Қурумсоқлигинг азалдан маълум. Бўл тезроқ, кетдик. Телефонингни оливол. Сеники ҳам меникига ўхшаш “Нокиа”нинг эски русумдагиси-ку, машинада қувватлантириб оласан.
– Сен ўзингнинг тойчоғингдамисан?
Диманинг эски “саккизлик” ВАЗ машинаси бўлиб, шаҳар бўйлаб учириб юрарди. Бу машинани тўрт ой олдин сотиб олганди.
– Агар анавунақа тиқинлар бўлмаса манзилингга йигирма дақиқада етказиб бораман,– ваъда қилди у. – Ҳайронман, шаҳар ҳокимиятдилар қаёққа қарашаяпти? Аҳвол шу тарзда кетаверса, яқинда кунимиз велосипедга қолади, шекилли.
Йигирма дақиқада етиб боришга улгуришмади-ю, ўттиз дақиқадан сўнг Дима Плавникнинг адвокатлик идораси қаршисида тўхташди. Ёнма- ён тизилган “БМВ” ва “Мерседес” сингари ҳайбатли машиналар ёнида Диманики ўйинчоққа ўхшаб қолди. Ҳашаматли идоранинг қабулхонасида уларни ўттиз ёшлардаги баланд бўйли, соч турмаклари ва пардозлари бежирим аёл кутиб олди. Унинг узун оёқлари шу даражада хушбичим эдики, ҳозирнинг ўзидаёқ бемалол гўзаллар кўригига чиқарса бўлаверарди. Бунинг устига юбкаси ҳам тиззасидан анча баландда эди. Эгнига тим қўнғир рангли ишбоп костюми кийган, сочи калта қирқилган, лабларига ёрқин рангли буёқ сурилган, чиройли сузилган қора кўзлар соҳибаси бўлмиш бунақа хонимлар ҳар қандай муссасанинг бебаҳо безаги саналади.
– Жаноб Шарипов, – аёл сўроқ эмас, тасдиқ маъносида мурожаат қилди.
– Шундай, бу менинг вакилим жаноб Сизов, – у сал довдираб турган Димани туртиб қўйди.
– Мен билан юринглар, – таклиф қилди аёл баланд пошнали туфлисида чаққонлик билан бурилиб, – Иосиф Борисович сизларни кутаяпти.
– Қандай гўзал-а, – хўрсинди Дима. У аёлнинг елкасидан келар, Ринат эса бўй борасида баравар эди.
Улар иккинчи қаватга кўтарилишди. Қабулхонада яна бир ёқимтойгина ёшгина аёл ва келувчиларга синчиковлик билан тикилиб қарайдиган ёш йигит бор эди. Сўнгра ўзларини кутишаётган хонага – адвокатнинг улкан иш бўлмасига киришди. Бу ерда идора соҳибидан ташқари яна икки нотаниш кимса ҳам бор эди. Иосиф Борисович Плавник ўрта бўйли, тепакал, ҳаракатчан юзли, ингичка қошли киши бўлиб, калта кузалган соқол ва мўйлови туфайли қиёфаси ёдда тез қоларди. У ингичка йўлли қора-кулранг костюм кийган, қўлини силкитганда бриллиантли тақма тугмалари ярқиллаб кўринди.
Қолган икки киши, чет элликлар бўлишса, бир- бирига ўхшаб кетарди. Бири – узун бўйли, қотмадан келган, қисқа тарашланган сочларига оқ оралай бошлаган, нафис ва қимматбаҳо кўзойнк таққан бўлса, иккинчиси – бўйи сал пастроқ, сочи ва кўзлари очиқ рангда, чап ёноғида чандиғи бор киши эди.
– Келинглар, келинглар, – ўрнидан сапчиб турди адвокат.
У меҳмонлар қошига чопиб бориб, қўлларини қисди ва доира стол атрофига таклиф қилди ҳамда меҳмонлар билан таништирди:
– Мистер Дрюмо – бу баланд бўйли, кўзойнаклиси, – мистер Лекларк – буниси чандиқли киши эди
Сўнг келувчиларни таништирди:
– Жаноб Шарипов. – у Ринатни кўрсатди, – Ва жаноб…
– Сизов,– деди Плавникнинг уларни бошлаб кирган ходимаси.
–Ва жаноб Сизов, – адвокат бошини ирғаб, аёлга кетишга рухсат бергач, ҳаммани стол атрофига таклиф қилди.
– Жаноб Шарипов, – сал тантанавор оҳангда гап бошлади адвокат, – суҳбатимизни бошлашдан олдин, оилангизга оид айрим далилларни аниқлаб олсак…
– Оиламнинг нима аҳамияти бор бу ерда? – норозилик билан сўради Ринат. У ҳозир гап Лиза ҳақида боради, деб ўйлади. Наҳотки, алимент масаласида судга беришга жазм қилган бўлса? Ҳолбуки, боягина булар “Лиза биз билан гаплашини ҳам ҳоҳламади”, дейишганди-ку.
– Гап бобонгиз ҳақида кетаяпти, – тушунтирди адвокат
– Бобом ҳақида? – янада ҳайратланди Ринат. – Аллақачон ўлиб кетган-ку. Бу ерга нима дахли бор?
Дима бу ҳашаматлар ичида ўзини қандай тутишни, қўлларини қаёққа қўйишни билмай, довдираган кўйи ўзининг курткаси ва ботинкасидан хижолат чекиб ўтирарди.
– Бир бошидан бошлайлик, – таклиф қилди адвокат. – Сиз Равил Шарипов билан Екатерина Полищукнинг ўғлисиз? Тўғрими?
– Ҳозирча шундай.
– Онангиз саксон саккизинчи йилда Киевда вафот этган собиқ совет армияси генерали Петр Григорьевич Полищукнинг қизи бўлган. Тўғрими?
– Тўғри. У учувчи эди. Лекин, собиқ генерал эмас, истеъфодаги генерал-лейтеант мақомида вафот этди. Саккизта орден билан мукофотланган, Совет Иттифоқи Қаҳрамони эди, – у бобоси билан доимо фахрланарди.
– Ҳаммаси тўғри. Онангизнинг онаси тўқсон иккинчи йилда вафот этган Анна Александровна Романенко унинг хотини бўлган,
– Оиламизнинг таржимаи ҳолини яхши билар экансиз, ҳаммаси тўғри.
– Онангиз оилада ёлғиз фарзанд бўлган-а?
– Ҳа. Бувимнинг бошқа болалари бўлиши мумкин эмасди, онамдан тўрт йил олдин бир ўғил туққан, аммо бола икки ойлигида ўлган. Бувим туғиши мумкин эмаслигини билса-да, таваккал қилиб эллик еттинчи йилда онамни туққан. Бобом ўша пайтда қирқ ёшларда бўлган, кейин бошқа фарзандлари бўлмаган.
Чет элликлар бир-бирларига қараб олишди. Лекларк француз тилида ниманидир секингина тушунтирди. Афтидан, у шеригидан кўра рус тилини яхшироқ биларди. Улар гўдаклигида ўлган бола ҳақида эшитишмаган экан. Плавник тасдиқлаш маъносида бош силкиди:
– Онангиз ҳеч қачон отангизнинг бошқа оиласи борлиги ҳақида оғиз очмаганми?
– Бобомнингми?– ажабланди Ринат. У бобосини қатъиятли ва қаттиққўл инсон сифатида яхши биларди.
– Уруш йилларида унинг “жанговар дугонаси” бўлган, – тушунтирди Плавник, – уруш бошланганда бобонгиз йигирма олти ёшли йигит бўлган бўлса, қирқ бешинчи йилда эса ўттиз кирган. Аввал эскадрильяга, сўнг полкка, уруш охирида қирувчилар дивизиясига қўмондонлик қилган. Шу даражадаги юксак лавозимида ўзига ғамхўрлик қиладиган… “дугона” орттириш ҳуқуқига бўлган.
–Бўлиши мумкин. Уруш пайтида ҳамма нарса бошқачароқ кечган. Бунинг оиламга нима дахли бор?
–Гап шундаки уруш пайтида бобонгизнинг Оксана Смолич деган хотини бўлган. У билан қирқ учинчи йилдан қирқ еттинчи йилгача бирга яшаган.
– Ким дедингиз?
– Тақдирнинг такрорланишин қаранг-а! Бобоси ҳам Оксана деган аёл билан учрашган экан. Орадан олтмиш йил ўтиб Ринатга ҳам шунақа исмли қиз дуч келди. Бу тақдирнинг иноятими ё оддий тасодифми?
– Мен ўша Оксана учун хурсандман, лекин оиламга нима алоқаси борлигига ҳеч тушуна олмаяпман.
– Уларнинг Марина Смолич исмли қизи бўлган, Дрезденда қирқ олтинчи йилда туғилган. Бобонгизнинг двизияси ўша ерда жойлашган экан. Бу ҳақда билармидингиз.?
– Умримда эшитмаганман. Менимча бундан онамнинг ҳам хабари бўлмаган, аксинча менга айтган бўларди. Демак, менинг холам бор экан-да, яъни онамнинг опаси.
– Холангиздан бошқа қариндошларингиз ҳам бўлган. Яъни, эллик олтинчи йилда дивизия Узоқ Шарққа кўчирилган, Бироқ Оксана дадангиз билан кетмаган. Эллик тўққизинчи йилгача Германияда қолган. Таъминот хизмати майори Аркадий Глущенкога турмушга чиққан.
– Муҳаббат дегани шунақа ўзи, – ҳафсаласи пир бўлиб ғудурлади Ринат Димага қараб. – Аввалига жанговор генерални севади, кейин таъминотчи билан турмуш қуради. Аёл зотига ишониб бўлмас экан-да…
– Нима дедингиз? – сўради Плавник.
– Ҳеч гап. Аёлнинг Германияда қолгани чатоқ бўлган экан-да, Балки, бу буёқдаги шароит Узоқ Шарқдагига қараганда яхши бўлгандир?
–Эҳтимол, – қўшилди адвокат. – Шундай қилиб, Германияда бобонгизнинг қизи Марина Петровна Смолич ёки бобонгизнинг фамилияси билан айтганда Марина Петровна Полищук қолган. Улар онангиз билан туғишган опа-сингил бўлиб чиқади. Бобонгиз эса қариндошларини кўргани келганда бувингиз билан Киевда танишган ва тўрт кундан сўнг турмуш қуришни таклиф қилган.
– Уч кундан сўнг, –тўғрилади Ринат. –Улар бу билан жуда ғурурланишарди. Кейин Узоқ Шарққа бирга кетишган. Онам эса Киевда туғилган, яъни, бувим бир йилдан сўнг уни туғиш учун қайтиб келган.
– Тўғри. Аммо, Оксана Смоличнинг бобонгиздан ўғли ҳам бўлган.
– Қизиғ-а! Полищукларнинг бутун бир сулоласи бор экан, – мулойимлик билан таъкидлади Ринат. Бу беъмани суҳбат унинг жонига тега бошлаганди. Ярим аср муқаддам дунёдан ўтган қариндошларини қидириш бу хорижликларга нега зарур бўлиб қолди экан?
– Бобонгиздан эллик олтинчи йилда Оксана Смоличдан яна бир ўғил кўрган. Бу Владимир Петрович Полищук эди, у ҳам онангизга туғишган ука бўлади.
– Жа, қизиқ, онам бечоранинг опаси ва акаси, яъни менинг холам ва тоғам борлигидан бехабар яшагани ачинарли ҳол, албатта.
– Бу ҳақда ҳеч ким билмаган. Аммо, Марина Смоличнинг Монреалда қолдирган васиятномаси орқали укаси Владимир ҳам бобонгизнинг фарзанди эканини аниқладик.
– Тушунарли. Афтидан, бунақаларни илгари тутинган ака-укалар, опа- сингиллар дейишарди, шекилли.
– Йўқ, – чидам билан тушунтирди адвокат, – тутинган опа-укалар, деб бир оилага жам бўлган турли ота-оталарнинг болаларига айтилади. Туғишганлар, деб эса эса бир отадан туғилган ёки бир онанинг қурсоғидан чиққанларни айтишади.
– Тушунарли, – Ринат сездирмасдан соатига қаради. Ҳеч кимга кераксиз, бемаъни суҳбат. Бекорга келишган экан. Аммо адвокат сезгирлик билан меҳмоннинг соатга қараганини пайқаб жилмайди.
– Гап шундаки, икки йил муқаддам сиз танимаган холангиз Канадада қазо қилган, -тушунтирди у.
– Афсус. Демак, қариндошларимдан, фақат, Владимир Полищук қоптида. У ҳам элликдан ошган бўлса керак.
Бу гапдан сўнг меҳмонлар яна бир-бирларига қараб олишди.
– Афсуски, амакингиз ҳам дунёдан ўтган, – деди Леклерк.
– Демак, ғирт етим бўлиб қопман-да, – кулгусини аранг тийди Ринат.– У ҳам Канадада ўлган бўлса керак.
– У тахминан ярим йил муқаддам оиласини олиб кетишга келган вертолётда ҳалок бўлган. У билан хотини ва ўғли ҳам ўлган.
–Аянчли тақдир, – тўнғиллади Ринат.
У ниҳоят нега таклиф қилишгани англагандек бўлди.
– Демак, уларнинг бирдан бир яқин қариндоши мен эканман-да,– аниқлик киритди у. – Уларнинг катта миқдорда қарзи бормикин? Ёки қандайдир мерос қолдиришганми? Бобомнинг эски планшети ёки бувимнинг сандиғига ўхшаш. Хуллас, нега чақирдинглар мени?
Адвокат яна жилмайди. Леклерк ҳамкасбига нимадир деди. Учаласи олдиларига ўтирган Ринатга худди музейнинг ноёб экспонатига тикилгандек қизиқиш билан қарашди. У хўмрайди. Чўзилган сукунат асабига тега бошлади. Шу лаҳза Иосиф Борисович ўрнидан труди