Kitobni o'qish: «Икки жаҳон оворалари»
ИККИ ЖАҲОН ОВОРАЛАРИ
Сўз боши ўрнида
Абдужаббор Обидовнинг янги ёзиб битирган, бир неча йиллик машаққатли ижодий меҳнати, изланишларининг маҳсули бўлган анча йирик ҳажмдаги романини ўқишга жазм қилдиму, муаллиф ва унинг қаҳрамонлари билан бирга ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги ҳаёт тарзига, унинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, руҳоний (диний)-психологик ёзилган-ёзилмаган қонуниятлари билан чамбарчас боғланган можаролар, ҳангомалар, савдолар денгизига шўнғиб кетдим. Барча катта-кичик ишлар тугал хуфия энг асосийси, буйруқвозлик, ҳарбий-коммунизмча усулнинг идорада юритиладиган ҳамда шул усул ҳоким идоралар (ташкилотлар), корхоналар, санаторийлар, касалхоналарга худди ўша замонлардек кирдим, аэропланлар заҳматкаш деҳқонлар устидан заҳарли бутифослар сепиб ўтадиган, серғалва, серталваса далаларда ўша замон авлодлари билан пахталар тердим. Ёмғир-қорларда қолдим, лойларда бўкдим, инсон ҳақ-ҳуқуқлари батамом топталгани, инсон сохтадан сохта “совет кишиси” деган манқуртнамо схемага айлантирила борганлигига яна карра-карра гувоҳ бўлдим. Абдужаббор ўз ёшлиги ўтган давр воқеаларини бўямай-безамай, ҳаққоний қаламга олиб, бадиий баён қилибди. Бу ажабтовур одамлар, ажабтовур воқеалар менга – томир-томирларигача мос, ўша даврлар тарихига тамомила сингиб ётган ХХ аср одамига ҳужайра-ҳужайрасигача таниш туюлди.
Муаллиф ижтимоий-иқтисодий, мафкуравий, маънавий талафотлар оқимида ўша даврнинг хос ишқий можароларини ранг-баранг кўринишларда кузатади, воқеалар ва қаҳрамонларни дам Масковга, дам Кавказга, дам Украина, дам Қора денгизнинг курорт шаҳарларига кўчиради, “соф курорт романи” воқеаларини кўп миллатли “совет персонажлари” иштирокида жуда қизиқарли ва таъсирчан гавдалантиради. Воқеалар барча чигал коллизиялари билан Қалдирғоч, Оловиддин, Қуддус, Гулсина, Акобир сингари ўз замонига хос қаҳрамонлари атрофида айланади. Булар эса бари Қалдирғоч атрофида, унинг мислсиз гўзаллиги, жозибаси теварагида ҳаракат қиладилар. Роман бошдан-оёқ шу гўзалдан ҳайратланиш асосига қурилган. Муаллиф уни романтик қаҳрамон каби талқин қилади. Ва барча персонажлар ҳам унга шундай қарайдилар.
Агар “роман” деган тушунчани шу асар бадиий материали асосида “сериал” деган тушунча билан алмаштириш мумкин бўлсайди, бу асарни романдан кўра бадиий “сериал” деб аташ тўғрироқ, ўринлироқ бўлар, зеро, унинг қаҳрамонлари сериалча қаҳрамонлардир. Эҳтимол ўзгараётган дунёдаги тинимсиз янгиланаётган бадиий роман модификацияларидан бири, дейишга асос ҳам беради.
Иброҳим Ғафуров,Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Давлат мукофоти лауреати11 декабрь 2021 й.
БИРИНЧИ ҚИСМ
1. ШЎХ ОЛОВИДДИН
Маҳамат эси киргач, ўзига тўқ деҳқон оиласида дунёга келганини, унинг учта опаси борлигини билди. Вақти-соати келиб Ҳасанбойга яқин ерлардаги уч-тўрт гектарлик боғ-роғ, уй-жой, улоқ, қўй-қўзи, қорамол отаси вафотидан сўнг унга ўтди. Аммо, коллективлаштириш даври – ўтган асрнинг ўттизинчи йиллар охирида кўп молидан, еридан ажраб, атиги қирқ сотихча боғини амаллаб асраб қолди. Уйланди, бола-чақа қилди, отасига тортиб, уч қиз, бир ўғил кўрди. Фарзандига Оловиддин деб исм қўйди.
Ўғли ўзидек тик бўлмаса-да, гавдаси пишиқ, ғайратли чиқди. 1949 йил айни қовун пишиғида таваллуд топган. Қозон атрофидан, ўттизинчи йиллардаги очарчилик вақтларда келиб қолган Алфия дояликни эпларкан, киндигини рўзғорда ишлатиладиган катта қайчида кесди. Онаси, эвазига бир пақир шафтоли берган экан. Алфия ён қўшниларининг уйида ижарага туриб, аравакашлар артелида буюртма қабул қилувчи бўлиб ишларди. У ҳам русчада, ҳам ўзбек тилида бехато сўзлашишни ўрнига қўядиган бўлганидан унга дарров иш топилганди. Яна уни аёллик малоҳатини ишга солиб, бошлиқлар билан тез тил топишиб кетади, дейишарди.
Отаси Маҳамат Иккинчи жаҳон урушидан ногирон келганлиги касрига уч йил ўтар-ўтмай қазо қилди. Боғ-роғга қараб туриш катта тоғасининг зиммасига тушди. Оловиддинни меҳнатга солган, касб-ҳунарга ўргатган ҳам ўша.
Тоғасининг ёнига кириб, катта бўлди, боғ-роғ ишларига ёшлигидан меҳр қўйди. Аммо ўқишга ортиқча қунти йўқ. билимини оширишни ўйламас, бўш қолди дегунча, тоғасининг ҳунарини – дурадгорчилик касбини ҳам эгаллашга интилди. Чунки тоғасига уйнинг пойдеворидан то томигача девор кўтариш, ёғочдан қалам, қош териш, том ёпиш чўт эмас эди. У меҳнаткаш, ишдан қочмас, аммо ўт-олов бола. Кўчада, мактабда уришмаган куни йўқ. Ўқитувчилар билимига уч-тўрт баҳони тортишмай қўйишарди, аммо табелга “ахлоқдан қониқарсиз” деган ёзув тушган пайтлари кўп бўларди. Ҳатто мактабдан ҳайдаш масаласи ҳам кун тартибига қўйилганда, Тўхтамурод тоғасининг зўри, савлати ва касб-ҳунарининг ҳурмати юзидан ўта олишмади.
Тоғаси танбеҳ берардию, мийиғида кулиб қўярди. Чунки, ўзи ҳам чапани, дўпписи ерга тушиб кетса, пул бериб олдирадиганлар тоифасидан. Дўлвори табиат, маҳалланинг ном чиқарган зўрларидан эди.
Оловиддин билакда кучи йиғилиб, елкалари туртиб чиққанида, ўн бешдан сал ошган, ўнг мушти билан бир урса гап талашганни ё йиқитар, ё оғзи-бурни қонга тўларди, зарби кучли эди.
Қизларга илакишишни ҳам шу ёшида бошлаб юборган, чиройлиларини кўриб, аввал хўрсиниб юрган ўсмир, энди хилватроқ жой топса, хиралик қилишга ўтиб олди.
Учрашувга чиққан қизни ҳе йўқ, бе йўқ, ўпиб олишни ҳеч нарса бўлмаган ҳисобларди. Қизлар унинг бебош шўхлигидан безиб, учрашувга чиқиш у ёқда турсин, ҳатто гап отишига юзларини буриб, бир чақирим наридан ўтиб кетадиган бўлишди. Айниқса, синфдошлари Гулсара воқеаси сабаб бўлганди.
Оловиддин бир-икки марта портфелида Гулсарага нок ташиб, кўнглини олди. Уни боғга нокхўрликка таклиф этди. Бошқа синфдошлар ҳам бўлади, деб ишонтирди.
Гулсара унинг сўзини рост билиб борса, “дугоналарингни иши чиқиб қолибди, ҳозиргина кетишди, кир, ана ноклар пишган”, деб ичкарига бошлади. Катта нок боғнинг ўртасида, қуюқ соя ҳосил қилган. Тагида супача. Кўрпача тўшалган.
Қиз аввалига қаршилик қилди, анча типирчилади, лекин йигит унинг орига дахл қилмади. Қизнинг ўзи ҳам илк туйғуларга асир бўлди чоғи, индамай қўйди.
Қизариб қолган жойлари учун ойиси роса таъзирини берди, уриб, калтаклади. Алам зўридан Гулсара йигит билан гаплашмай қўйди, қизларга Оловиддинни ёмонлашни ҳам унутмади.
Йигит ёшига етиб, техникумга кирди. Токарликни яхши ўзлаштирди. Ҳозир ишлаётган заводида амалиётини ўтади. Унинг ишга лаёқатини кўрган, украин миллатига мансуб Жиждик фамилияли цех мастери ишга оладиган бўлди. “Ўзбекдан токар кам чиқади. Тузук, зеҳнинг ўткир экан”, деди у ишга қабул қилиш тўғрисидаги аризага қўл қўяркан, аммо, қизлардан нарироқ юр, деб тайинлади. Бу гапларни ҳазиллашиб айтса-да, бир нимани билиб сўйлаганди, чунки заводнинг ётоқхонаси яқин, икки юз метрлар нарида жойлашган бўлиб, четдан келган ёлғиз қиз-жувонлар кўп эди. Шундай бўлгач, кўзи ўйнаб турган қизлар учраса, шўхлик қилишдан тийилиш йигит ёшида қийин. Буни уста шунчаки айтмаганди. Аммо Оловиддинга инсоф бериб, у анча жиддий тортган, тоғасининг насиҳатлари, даккилари кор қилибми, хаёлини касб ўрганишга қаратганди.
Сўнг заводга ишга кирдиям, ҳарбий хизматга чақирилди. Армия мактабини ўтади. Тартиб, қоида, устав – ҳаммасига амал қилишни ўрганди. Хизматга борган йигит тез улғаяди. Мусофирчилик, янги одамлар, тенгқурлар. Турли феълли йигитлар. Айниқса, бошқа давлатда хизмат ўтаса. У Украинада бўлган, командирлари русчани бенуқсон гапиришидан, асосийси буйруқларни вақтида ва тўғри бажаришидан, навбатчиликларни ишончли ўташидан, постда ухлаб қолмасликларини ҳисобга олиб, бир неча бор мақтов қоғозлари беришди. Шунинг учун яхши ном билан оила бағрига қўшилди.
Ҳарбий хизматдан сўнг май ойларида заводига қайтган бўлса, октябрда Оловиддинни пахтага жўнатишди. Узоққамас, Тошкент вилоятининг бир туманига, “Порлоқ келажак” совхозига заводдан борган ҳашарчиларнинг ҳар тўртта-бештасига совхоз хонадонларидан жой ажратди. Яшаши, ётиб туриши учун шароит қилиб берган. Оловиддин уч шериги: дядя Толик, Ринат, Яша билан Акобир деган ёш агрономнинг уйига тақсимланди.
Совхоздаги уйлар бир хил лойиҳа билан қурилган. Кираверишда дарвозахона, ундан юриб, чапга қайрилиб, ромли айвонга кирасан, ичкарида иккита уй: биринчиси меҳмонхона, ундан ёндаги эшикдан ётоқхонага ўтилади. Итальян русумидаги деразалар кўчага қараган. Ромли айвондан ўнг ёндаги эшикда яна бир хонага кирилади. Бу хонада онахон − кампир туради. Ҳовли тарафга дераза бор. Шу уй тарафда очиқ айвон, ошхона, ҳаммом, заруратхона кетган. Бу қатор давомида яна сомонхона ва молхона мавжуд. Сомонхона пастида мол-хол емаклари, кепак, шелуха турса, тепада сомон, хашак сақланадиган жой. Молхона каттагина, лекин унда атиги иккита говмиш ва битта буқача боқиларди.
Дарвозахонанинг бир қисмини Акобир минадиган “Москвич” автомашинаси бандлаган, зина билан кўтариладиган болохонада турли майда-чуйдалар: бузилган радиола, эски мис тоғора, сопол хум, чинни идишлар, кўрпа-тўшак дегандек, бўхчаларда келинининг ва ўғлининг эски кийимлари. Курси, хонтахта ҳам кўринади. Ирим қилиб эски бешиккача сақлаб қўйилган.
Бироқ мана тўй бўлганига неча йил ўтди, аммо, ҳануз бу хонадондан чақалоқ йиғиси эшитилмайди. Шунга келин бир-икки ота уйимга кетаман деб гапирганида, эри унамади. Кампир ялинди: сабр қилинг, зора худо раҳми келиб, марҳамат қилса. Баъзилар бир умр кутади, Сизга нима нари борса беш йил ҳам бўлмади, – деб аврашга тушади.
Келини жуда мағрур бўлса-да, камгаплиги, ишларни билиб-билиб қилиши, озода, саришта юришини қайнанаси хуш кўради. Қўли бўшади, уйларни ярқиратиб тозалайди. Бунга эринмайди. Қошига ўсма қўйиб, сочини қирқ кокил қилиб ўришни ёқтирмайди. У замонавий. Яна ўзи кўркам, истараси иссиқ. Қоматлари ҳам мутаносиб. Келишган, ёқимли даражада дўмбоқ. Ҳамма-ҳаммаси кампирга хуш келадию, битта ёқмайдиган сифати юрган-турганида кўкси бироз селкиллайди. Чунки шу билан меҳмон-икром, бегона назарига тушиб, улар келинидан кўз узолмай қолган пайтларни кўп сезган. Бир-икки дакки берди: айланай келин, ўтингизни қимирлатманг. Бўлмади. Қўшни аёллар: “Келинингизни бадани бунча шўх”, деб қочирим ҳам қилишди. Охири, келини кўчага чиқса кенг кўйлакда юришини тайинлади. Келини яхши, гап қайтармайди. Чизган чизиғидан чиқмайди. Қайнанаси айтганча қилди. Нима қилсин!? Қалдирғочнинг қомати ёш қизлигидан чиройли, тик, белдан юқори қисми, калласигача сал силкиниб юришга мойил.
Молхонадан кейин яна бир очиқ бостирма, ундан кейин ҳужра бор. Ҳужра пахта мавсумида уйга айлантирилиб, тўртта темир кроват қўйилиб, ҳашарчиларни қабул қилади. У вақтда, хусусий мулкка урғу берилмаган даврда, ҳашарчиларни уйга киритмаслик катта хато ҳисобланар, керак бўлса, танбеҳ, дашном ўз йўлига, иши колхоз правлениясида кўрилиши мумкин эди.
Уйга яқинроқ жойга иккитадан оқ шафтоли ва кузги олма экилган. Кўча тарафга олинган девор қаторидаги уйлардан ташқари, дарвозадан яна ўн қадамча қўшилиб, эни – жами йигирма қадамга ва узунлигига эллик қадамча чўзилган. Тепа қисмига макка ва пастки томорқа бўлагига асосан картошка ва сабзавотлар экилган. Бу ҳовли кўчанинг охирига тўғри келиб, уйга кираверишдан сўлда, ўн метрча ёндан ҳовлини ярим доира шаклида айланиб сой оқиб ўтади. Шунинг учун пастки тарафдан яна ўн қадамча полизбоп ер Акобир томорқасига қўшилиб кетган.
Ҳовли ўртасидан кўндалангига ариқ қазилган, бироқ у сувсиз қовжираб ётибди. Мазмунан чиллада, ёзда сув келса керак. Аммо ариқ бўйининг маълум қисмида оқ ва қизил гуллар экилган бўлиб, улар барқ уриб очилган.
У йиллар макка кўп экиларди. Донни эзғилаб, тегирмонда ёки ўғирда майдаланиб ун қилинар, зоғора нонлар ёпиларди. Чунки, ўттизинчи, қирқинчи йиллардаги очарчилик, етмишинчи йиллардаги буғдой тақчиллиги таъсиридан халқ макка донини ҳам кенг истеъмол қиларди. Яна, Хрушчевнинг бу сиёсати туфайли бутун Иттифоқ қанча жабр кўрди. У мансабдан четлашгач, макка экиладиган майдонлар яна ўзининг ҳақиқий эгаси – ғаллага қайтарилди.
2. ҲАШАРЧИЛАР КЕЛИШДИ
Оловиддин эрталаб сут ёки қаймоқ бўлмаса, ўзини нонушта қилмаган ҳисоблайди. У саҳарлаб, ўзлари жойлашган хонадон ҳовлисида ивирсиб юрган кампирга юзланди:
− Сут топиладими?
Кампир ўгирилиб қаради. У олтмиш ёшлардан ошган, жиккаккина, ҳаракатчан, сиёсатлилиги юзидан билиниб турган, зардали аёл эди. Ҳозир у йигитга салом йўқ, исташ йўқ дегандек сал қаҳрли қаради. Оловиддин ҳушёрлик билан хатосини тузатди: салом берди. Кампир чеҳраси сал очилиб алик оларкан, “Ўзингами?” деб сўради.
− Ҳа.
− Ана, ҳовури чиқиб турибди, ошхонада. Ҳозир келинимни чақирай, − шундай деб, кампир овозини кўтарди. − Қалдирғоч.
Қайнанасининг овози ўткир эди, келини дарров югуриб чиқди. Бошига момиқгул расми туширилган қора дуррача ўраган, сириб нимча кийган, узун сарғиш кўйлагининг олд томони липпасига қистирилиб, кўйлак остидаги почаси бўғиқ, кўк сатин чолвори яққол кўриниб турган кўйда, қўллари сут юқидаги жувон кўринди. У кампирнинг келини – Қалдирғоч эди. Кампир Оловуддинга:
− Бор, ичкарига кира қол. Келин бир коса қуйиб берсин, – деди.
Оловиддин янга узатган косани қўлига оларкан, секин шимириб ичди. «Келин офатижон экан», деб суқланганча унга бош-оёқ разм солди. Ноқулайлик, хижолатпазликдан чиқиш учун, «ошхонангиз шинам, озода-саришта-ку», деб мақтади. Чиндан ошхонадаги бор ортиқча буюмлар шкафларга терилган, катта стол устидаги челак, тоғоралар усти докалар билан ёпилган, фақат қозон ўчоқ атрофидаги, мўрига чиққунча атроф тутундан қорайиб кетганини айтмаса, кираверишдаги, идиш-товоқлар қисмидаги оқланган девор ранги синиқмаган эди. Йигит «Раҳмат янга», деганича ташқарига йўналди. Янга ҳам нимадир деди. Фақат унинг сўзини Оловиддин англамади. У паст овозда сўзлаганди.
Оловиддин кампирга танга узатди:
− Мана пулини олинг!
Кампир, тумтайиб, жеркиди:
− Уйимда турган ҳашарчидан пул оламанми? Эсинг борми, сен шаҳарликни.
− Ҳа, энди хафа бўлмайсиз. Йўлига…
Сўнг, индамай кетсам, муомалани ҳам билмас экан деб ўйламасин деган хаёлда:
− Ўзимда ҳам қорамол бор, уни меҳнатини биламан, − деди.
− Шунақами?
Кампир йигитга зимдан тикилиб, белини кўтарди.
− Сигирингиз кўп сут берадими, зоти қанақа?
− Зотини ким билади. Иккитаси йигирма литрча сут беради.
− Ўҳў, яхши-ку!
− Акобир ишга кетаётганида фермага топшириб ўтади.
− А-а-а. Шунақами? Кўрсам майлими?
Кампир индамай молхона томонга бошлади.
− Молга ўзим қарайман. Ўғлимни вақти кам.
Оловиддин йиғилиб қолган гўнглар кўплигидан ва улар устида ётган ола-чипор молни аҳволига ачиниб кетди.
− Мана бунисини йўқотиш керак. Бефаросат экан. Молнинг ҳам озодаси бўлади. Иложи бўлса алмаштириш ёки кунда тагини икки-уч марта тозалаб турмаса, баданидаги ахлатга чидаш қийин. Ўзи ҳам бетоқат бўлиб, пашша ёғилади.
− Раҳматли хўжайиним борида ёғ тушса ялагудек эди. Келинга бу иш маъқулмас. Уни мажбурлай олмасам. Ўзим ҳафсалам келганда тагини қиртишлайман.
− Яхши, пахтадан вақтли келсам, бир йиғиштириб берай. Гўнгни ташишга чуқур бордир.
− Бор, томорқанинг охирида, − деб кампир йигитнинг ваъдасига ишониш, ишонмасликни билмай, олдиндан ташаккурини билдирди: − Шундоқ деганингни ўзига катта раҳмат, болам.
− Замбилғалтак ҳам топиладими?
− Ҳа, ана бостирма ичида. Акобир ясаттирган. Нима, нима, асбоблар бадастур. Бунисига ўғлим ҳафсалалик.
Ҳашарчилар режадаги теримни бажарса-да, пахта майдонидан чиқишга рухсат тегмас эди. Оловиддин юз эллик кило пахта териб бўлганида ҳали соат уч ҳам бўлмаганди, у бригадиридан рухсат сўради. Катталари, Оловиддин нормасини бажарганини ҳисобчидан билгандан сўнггина, унга жавоб бераркан, шунда ҳам катта кўчадан юрмай, пахтазор бўйлаб боришни тайинлади.
Оловиддин кампирга берган ваъдасини бажаришга шошса-да, пахта майдони ичра йўлга тушди.
Шериклари уни кечки овқатга чақирганда ҳам у ҳали ишни тугалламаган эди. Кечаси ойдин бўлганига яна бир соатлардан кейингина у охирги тўп гўнгни томорқа четидаги чуқурга ағдарди ва кўнгли тинчиди. Ўзи одати шунақа, тоғаси айтганидек: ё одам ўлсин, ё иш ўлсин.
Сўнг, ҳўл бўлиб кетган қалин кўйлагини ечиб, ювинишни бошлаганда, янга сув қуйиб турди. Кампир келинига: «Қоронғуда, совуқ кунда тимирскиланиб юрмасин, ҳаммомни чироғи бузилганини ўзингиз биласиз, ҳовлида сув қуйиб туринг», деб буюрганди.
Бир-икки совунлаб йигит қўлини чўзиб елкасига етмади, шунда: «янга, ишқалаб қўйинг», − деди бироз эркалик қилиб.
Қалдирғоч, аввалига ҳайрон, унга тикилиб қолди, сўнг унинг жиддий оҳангда сўраганидан, хафа бўлдими, қўлидаги бор сувни йигит устидан ағдариб, нари кетди.
Кампир бу ҳолатни кузатиб турган экан, «болам тез хонангга югур, ичларинггача сув ўтиб кетгандир», деб кулди.
Тонг отди.
Оловиддин ҳовлига чиқиб аланглади. Кампир кўринмасди. Ошхонага бош суқди. Янга сутни оқ докадан ўтказарди.
− Холам қанилар? Менга ким сут беради?
Янга индамай амалида давом этди. Йигит энди йўталди. Барибир унга эътибор бўлмади.
Ниҳоят, янга ишини якунлаб, қўли бўшагач, косага сут қуйиб қайрилмай узатди.
Бу манзират Оловиддиннинг иззат-нафсига тегиб, у сутга ҳам қайрилмай, жаҳл қилиб нари кетди. Тандирда ёпган нонини, ҳамсоя ҳақи деб, қўшнисиникига ташлаб чиқаётган кампир, ҳовлиққан йигитни кўриб, тўхтатди:
− Ҳай, ҳай Оловиддин, нима бўлди? Сут беришмадими?
Оловиддин индамади. Кампир:
– Мен ҳозир, сен кетмай тур, − деди.
Бир зум ўтмай, Оловиддин кампир узатган косадаги сутни аста-секин ҳўплаб ичаркан, кампир қуюқ дуо қилди. Бошқа кунлар ҳам, пахтазордан вақтли қайтган дамларда, кампир айтса-айтмаса, Оловиддин у ёқ-бу ёқни тозалаб, молларга қараб қўядиган бўлди.
Кампир эса, уни эрталаб нонуштага чақирадиган одат чиқарди.
Оловиддин юқорида, ёнидаги кўрпачада кампир, тўғрисида, қуйида, янга ўтираркан, йигитнинг нигоҳи беихтиёр унинг юз тузилишига тушганда қош-кўзларини қиёслаб, «бекорга Қалдирғоч деб номлашмаган экан», деб ўйларди. Янганинг қошлари узун, кўзлари қора, лекин у ортиқча чўғланмай, сипо боқарди.
Бироқ унинг бу ҳолати йигитнинг ғурурига тегиб, негадир янганинг у билан очилиб гаплашишини, ҳазил-ҳузул гапларига қўшилиши, дилдан суҳбат қуришини кун ўтган сари истаб борар, меҳрини қозонишни, мақтов ёки олқишини эшитиш, хайрихоҳлигини уйғотиш учун бу ҳовлидаги эркаклар қиладиган барча майда-чуйда ишларни бажаришга тайёр эди. Чунки бир гал бирга тамадди қилишаётганда, янганинг «ойи, ҳовлига сув сеполмаяпман, ариққа қачон сув келади? Ўғлингизга айтмайсизми», деган сўзи қулоғига кирди. У эртасиёқ ариқнинг боши тарафга юриб, юз эллик метрлар нарида ариқ тўсилиб қолиб, бор сув ўша ердаги қўшни уйидан сойга оқиб ётганини билди. Бир соатлар ҳаракат қилиб, бир неча арава тупроқ аралаш тошни суриб, ариқни сув оқадиган қилиб очди. Лойқаланиб оққан сувдан кейин тоза, зилол сув тонгга яқин яна ҳовлиларидан оқаркан, янга челак-челак сув олиб, ҳовлининг тупроғи билқиллаган жойларига сепганда ва ювингани чиққан Оловиддинга биринчи бор миннатдор қараб қўйганда, кўнгли янада унга суст кетди.
Нонушта вақтида кампир дуода раҳматини қайта-қайта айтаркан, сўз орасида, «бу шерикларинг ичида электрга тушунадигани йўқми? Бўлмаса Акобир, ўқиган-у, лекин ток деса бир чақиримга қочади, юраги бу ишга дов бермайди», деди.
− Ўзим тушунаман. Нима қилиш керак? − деб сўради Оловиддин.
− Молхонани, ҳаммомни чироғи ёнмайди.
− Ҳозироқ кўриб қўйишим мумкин, фақат инструмент топиладими, − деди йигит кўз қирини янгага ташлаб.
− Ертўлада бор. Ана, келин кўрсатади.
− Юринг, бошланг-чи, − деб Оловиддин янгани шоширди.
Ертўла унчалик чуқурмас, деворларининг пастки қисми ердан иборат, бир метрлар баландлик бўйлаб сўл, ўнг ва тепа тарафда туртиб чиққан ер токча вазифасини ўтарди. Пастгина эшикдан кираверишдан, ҳовли тарафга, ўнгда кичик дарча очилган бўлсада, қоронғироқ. Оловиддин кириш билан эшикни қўйиб юборган эди, бандига боғланган, чўзиладиган тасма қисқариб, эшик юзига ёпилдию ертўланинг бу қисми бутунлай зимистонда қолди. Оловиддин, аввалига қоронғуликка ўрганмай, кўзини юмиб бир-икки қадам қўйганди, янганинг мана топдим, деган овозидан ўгирилди. Шу тобдаёқ биқинига қадалган отверткани учини сезди. У чўзилиб отверткали қўлни ушлаб олди, четга суриш ўрнига, нияти бузилиб, янгани биқинига қўл юбориб, ўзига тортди. Янганинг яқиндан нафаси келиб турганди, энди тамоман бағрига урилди. Оловиддиннинг йигитлик завқи қўзғалганди. У янгани қучоқлаб, бўйни, сочларидан ўпишга тушди. Йигитни янаям завқи тошиб бағрида йўқ бўлиб кетгандек, титраётган баданга янада қаттиқроқ ёпишди. Кейин бир нарса тақ этиб ерга тушди.
Бу отвертка эди.
− Эшикни очинг, − деди янга тўлғониб.
Оловиддин уни қучоғидан қўйишни ўйламасди. Шунда, росмана силтаниб, унинг қўлларидан чиққан янга, ташқарига отилди. Оловиддин ертўладан чироқ ёққичларни ҳам топиб чиқди-ю, кампирга қараб, ҳамма нарса бор экан, бирпасда тузатаман деб кериларкан, унинг кайфияти чоғ эди.
Кампир: шундай қил болам, деди. Унинг хаёли келинида: нега отилиб чиққанини, йигит унинг атрофида гирдикапалак бўлаётганини фаҳмлаган, лекин, Қалдирғоч ўзига пишиқ, бу шаҳарликка йўл бўлсин, деб ўзини тинчлантирди.
Оловиддин иккала ёққични ўрнатиб, бир-икки бор босиб, ўчириб текширди-да, яқин атрофда юрган янгани чақирди:
− Келинг, қабул қилиб олинг. Энди ҳаммомга истаган пайтингизда кира оласиз.
Янга унинг бебошлигидан аччиғи келганини билдирганча, кўз қирини ташламади ҳам, бир бор бўлсада у ёққа ўгирилмай, ҳовлини супириб-сидиришда давом этди. Кравотда кўзи кетган кампир кўзини очиб, йигитга бошини силкиганча: «Барака топ, чироғим», деди қувониб.
Кечки пайт, ромли айвонда шўрвани мақтаб-мақтаб ичаркан, кампир: янгангни қўли ширин, тўғрими? деб гап қўшиб ўтирарди. Чордона қуриб ўтирган Оловиддин бу мақтовга қўшилганча, янгага тикилди-да, «чиндан ҳам мазали, қуйқали шўрва бўлибди. Ўзи шунақа қуюқроқ шўрвани ёқтираман, янга, қўлингиз дард кўрмасин», деди.
Қалдирғоч эса ўз хаёллари билан банд, улар суҳбатига на ҳа, на йўқ деб, ўзини йўқдек билишларини истаб, сўзсиз чойини хўплаб қўярди.
Кампир йигитни жиддий суҳбатга тортди.
− Сен институтга кирсанг бўлмайдими? Миянг бутун экан.
− Техникумни битирганман. Етади. Ўқишга хушим йўқ.
− Ундоқ дема, кечкида ёки сиртқида бўлса ҳам беш-олти йил ўқисанг дипломли бўласан.
− Сиз нима дейсиз? Ўқишга кирайми? − дея Оловиддин янгага мурожаат қилди.
Кампир ҳам нима деб жавоб бераркин деб қизиқиб келинига қаради.
Келини елкасини қисди.
− Айтақолинг янга. Сизнинг фикрингиз менга муҳим, − деди, йигит қисталанг қилиб.
− Ҳа, қизим, бир нима де, ё ўқимаса ҳам бўладими?
− Ҳа, ҳа айтинг. Ё ўқимай қўяқолайми? – яна сўроқлади Оловиддин.
Янга беихтиёр кўксига ўнг қўлини босди, чунки боя, ертўлада, йигит уни қаттиқ бағрига босгандан бери, сийналарига бир нима бўлди. Ачишяптими, оғрияптими? Англай олмаётган Қалдирғоч аста, лекин дона-дона қилиб:
– Халқда: «эшакка тўқим, одамга билим», деган гап бор, − деди.
Гарчи мақол бироз бузиб айтилган бўлса-да, кампир ҳи-ҳилаб кулиб юборди.
− Баракалла, келин! Мот қилдингиз!
Оловиддинни, изза бўлиб, боши эгилди.
Шу воқеадан кейин унинг бу хонадон келинига нисбатан фикри тамоман ўзгарди. Аввалига янгани чиройли, ҳар тарафидан томоша қиладиган, фақат боссагина овоз чиқарадиган ўйинчоқ деб қабул қилган, эрмакталаблик билан вақт ўтказишга ярайдиган жисм ўрнида кўрган бўлса, ақлу фаросати ва бир оғиз сўз билан мот қилгани учун тегиниш, хиралик тугул, оддий сўзлашишда ҳам ўйлаб гапирадиган бўлди.
− Энди дазмолниям тузатиб берсанг, энг катта раҳматни олардинг, − деди кампир бир куни Оловиддинга илтижоли боқиб. − Ҳар бир кийимига дазмол босмай у кийишни ёқтирмайди. Ўшанга чироқни ҳам энг кўп пулини биз тўлаган бўлардик, ҳалигидака, ҳисоблагичи бўлса. Сиз томонларда, бу матаҳ ҳар бир хонадонларда бор экан-ку!? Тўғрими? Холамнинг қизи шаҳарлик бўлиб кетган. Қошчилик деган жойда туради. Сизларга бу жой яқинми? Яқин дегин. Дазмолимиз куйиб қолган. Ўн беш кунлар бўлди. Ўғлимга айтиб чарчадим. Бу кишининг хотинни кўнглига қарашга вақтлари йўқ. Отаси нима десам, тезда муҳайё қиларди, бу кимга ўхшади, билмадим. Қўлингдан келадими? Уриниб кўрасанми. Шундай қил. Зора, тузалса. Келинимга сюрприз бўларди. Бекитиб тузатиш бўлса, кечаси хонамда кўраман дейсанми? Яхши. Бирпасдан кейин келгин, келиндан яширинча дазмолни чиқариб бераман.
Эртаси нонушта пайтида негадир қайнанаси унга тез-тез қараб қўйишидан, келин соч турмаклари, дуррачасини ушлаб, тўғрилаб ҳайрон ўтирарди. Йигит ҳам, одатдагидан кўпроқ, ер остидан кўз ташлайди.
Ўшангами, у ҳам «ойи чой берайми, йўқса, булар ичармиканлар» деб қайнанасидан сўрарди. Ниҳоят, нонушта охирлаганда, кампир хонтахта остига қўлини узатиб, дазмол чиқарди:
− Келин, дазмол тузалди. Қаранг!
− Вой, ростданми?
Келин хурсандлигидан оғзи очилиб, чап қўли билан уни тўсишга уринарди. Бирор зумни ўтказиб, қайнанаси: текшириб кўрмайсизми? – деб дазмолни унга узатди. Келини зиппиллаб ромли айвонга ўтиб кетди. Оловиддин янганинг бунчалик тез ҳаракатини энди кўриши, кўзини ундан узолмай қолди.
Сўнг янганинг «ойи, ишлаяпти», деган шодон овози келди ва бир зум ўтмай очиқ деразада гулгун чеҳраси кўринди.
Кейин қизиқ воқеа бўлди.
Янга қўлида каттагина термос кўтариб чиқди. Юқорироқ қисмида даста ишланган қизил, кўк, сариқ ранглар қоришиғидаги гулзор, боғ-роғ ичида товус расми туширилган.
Оловиддиннинг кўзи ўйнади, аммо сир бой бермас, кампир, «қилган хизматларингга бу кам, лекин кўп ўрнида кўр, олгин», – деб қўлига тутди.
Йигит қабул қилмади.
Аммо, қайнана-келин ҳам бўш келмас, Оловиддин йўқ деган сари янга, «ойи, нега унақалар, бизни хафа қилмоқчиларми?» деса, кампир, «мозор босиб келган, хитойники, бундан келинда кўп. Отаси завмаг, олавер», деб қистарди. Шериклари чақириб қолмаганида, бу манзиратни чеки бўлмасмиди?
Оёқларида бири этик, бошқалари қалин ботинка кийган, эгнида пахтанинг қуриган шохлари титиб юбормайдиган қалин ишчи халат, шимлар кийиб, бўйнига пахта терадиган фартук осиб олган шериклари айвон олдидан ўтарканлар, дядя Толик: «спасибо за чай и кашу», деди.
Янга қўли кўксида бошини бироз тушириб таъзим қилди. Унинг ўрнига кампир: «на здоровья, на здоровья», деб қўйди.
Оловиддин шошиб дуо ўқиганча, ўрнидан тура солиб ҳужрага югурди. Шериклари унинг ортидан: «Сам догонишь», деб ташқарига йўл олишди. Кампир келинига юзланиб:
– Боринг, иссиғида термосни бериб келинг. Йўқ дейишига қўйманг, – деди.
Янга, қўлида термос, оёғи ерга тегар-тегмас ҳаракатлар билан ҳужрага кетма-кет етиб бориб, эшикни тақиллатди. Ичкаридан ҳа деган овоз ва бир зум ўтмай Оловиддин кўринди. У майкачан эди. Янга кўзини олиб қочганча, бошини қуйи тушириб:
– Термосни олинг, одамни овора қилавермай…, – деб уни ерга қўйганча нари кетди.
Оловиддинга бу овоз юмшоқ ва шу билан бирга ҳукмли англашилди. Йигит кўнди. Ғурурини четга суриб, биринчи марта унга янга шунақа истиғноли сўз айтди. Таъсир қилди. Ораларидаги мавҳумликни йитиб, вазият қадрдон қилиб қўйгандек туюлди.
Янга пилдираганча қайнанаси томон кетаркан, таманноли юришлари эсдан чиққандек эди.
Шаҳардан келган юзга яқин ҳашарчиларнинг ўн кунлик якуни йиғилишида касаба уюшма вакиллари илғорларни мақтаган, пул мукофотлари топширганлар ичида Оловиддин ҳам бор эди. Унга яхши пахта терими учун олтмиш сўм мукофот беришди. Ҳарна. Ишхонадаги маоши ўз йўлига кетаверади. Яна унинг номига биринчилар қаторида мақтов қоғози ёзилди.
Акобир кечки дастурхон атрофида бу хабарни айтганида ёнида онаси ва хотини бор эди.
− Пахтани ҳам худди колхозчидек теради. Ҳатто маҳаллий теримчиларга бас келаяпти, правленияда ҳам унинг тиришқоқлигини тан олишди, − деганча онасига қаради.
− Меҳнатда тоғаси роса тоблаган. Ўзиям чаққон, ўт, олов-а, − деб четга бошини буриб, гап қўшди онаси: − ўғил деган шундай бўлишини орзу қилгандим. Акобир оғзидаги луқмани зўрға ютиб, аччиқланиб онасига қаради:
− Ойи, сизга нима етишмайди? Нолиманг.
Қалдирғоч уларнинг суҳбатларига қўшилмас, жим ўтиришни одат қилган. Бундай гина, дашномли норозиликка хос иддаоларни қайнанаси кўп қилади. Лекин ўғлини яхши кўради. Ишдан сал кеч қолса, егани ичига тушмайди. Ўзи ухлаб қолиши мумкин, лекин қайнанаси тиқ этса эшикка қараб, гоҳо тонггача кўз юммай илҳақ.
У қайнанасининг бу йигит ҳақидаги «роса чиниққан экан-да, нима иш қилса чиппа ёпишади», деган мақтовларига бироз қулоқ бердию, яна бепарволикка изн берди, унга ўз хаёллари оғуши маъқул. Қалдирғоч ўзи қизлигидан ўй суришга мойил. Чиройли жойлар, кўркам дала, тоғ-қирларда очилган лолаларми, гулларни териб чамбарак ясаб бошига қўндириб олса, ёнидан оқ, новвотранг отлар югурласа, югурганда майсаларни эзғиламай, худди сув остида сузган бегемотлар каби ҳаракатланса, туёқлари тупроқни тўзғитмай учсалар.
Шундай ўйлардан сўнг, отларнинг қанотлари пайдо бўлсаю, Қалдирғоч оппоқ отда қип-қизил кийимда, янада хушрўй, юзларида қувонч ва шодлик барқ уриб турган давридагидек сийратда бўларди. Шамолда енгсиз халат остидан кийган ҳарир, юпқа кўйлаги ҳилпирайди. Сочлари шамолда ёйилиб, кетма-кет юзларига урилади. Бир қўли от юганида, бир қўли билан сочларини юзидан суриб, кўзларини очади. Узоқларда тенгсиз чиройли манзаралар, яшил боғроғлар, фақат улардаги мевалар ҳеч қаерда учратмаган ранг, шаклу шамойилга эга. Уларни қўл узатиб узиб олишга чоғланса, мевалар чиройли қизчаларга айланиб қолади. Шунда у янада шошади....
Бундай ўйлар неча бор хаёлидан ўтган, балки тушида кўргандир. Охири тушу ўй қўшилиб у анча хаёлпарастликка юз тутинди. Уй-жойдаги бир хил муҳит, бир хил иш, турмуш касри урди. Бир томони кечаю кундуз Яратганга қилган илтижолари инобатсиз колганидан, сўраган ниятлари амалга ошмай, фарзандсизлик номи унинг дийдасини қотириб, унча-мунча нарсага ҳайратланмаслик, кулмаслик, чеҳрани очмасликни ўзига қоида қилиб олган. Бу кеча она-бола ўртасида бошланган норозилик саҳарлаб давом этиб, қаттиқ айтишувга айланди.
Оловиддин бақириқ-чақириқдан уйғониб кетди. Деразадан бўйнини чўзиб қулоқ солса, кампир ўғлига дашном бераяпти. Бўйнига сочиқ ташлаб, сойга йўл олди. Қайтиб келса, ҳамон кампирни жағи тинмаганди. Уларнинг қошига беихтиёр юрди.
Унинг қулоғига: «Мунча лоқайд бўлмасанг, бултур ҳам ҳосил ерда қолиб, чириб кетди. Икки тоннача картошка тешиб чиқадими? Ҳеч бўлмаса, уволидан қўрқ», деган важ етиб келди.
Бу кампирнинг сўзи эди.
Акобир пиёладаги чойни тез-тез ҳўпларкан:
− Вақти келса қазилади, − деди онасининг аччиғига парво қилмай. Мазмунан у онасининг аччиқ-қуруқ гапларига ўрганган.
− Ҳар йили шу аҳвол. Аканг бўлмаса, уканг бўлмаса. Бу қишлоқда қариндош-уруғимиз йўқ, яқинда кўчиб келган бўлсак. Кимдан мадад кутяпсан?
− Ўзим эплайман. Пахта планини тўлдириб олайлик, – Акобир шундай деб пиёлани дастурхонга қўйди.
Хотини яна чой қуяй деганига бошини чайқаб, «ишим кўп, кейин», деб ўрнидан қўзғалди.
Кампир дарвозахонада ҳам жаврашга тушди:
− Бу ёқда маккани ўриш керак. Мол-ҳолга тайёр ем. Ёмғир бошланса, намиқиб, қорайиб кетади. Сен лоқайд, қанақа эркак бўлдинг.